БИРИНЧИ ҚИСМ

Қизилқумдаги воқеа

Қисса

Кун қизиб кетган эди.
Саҳро аллақачон жонланган, майда жонзотлар қум ва кесаклар аро ризқ илинжида чопишар, суғурлар инларидан чиқиб, қаққайиб туришар, катта бир тошбақа қумни силжита-силжита имиллаб, сал наридаги янтоқ соясига етиб олишга уринарди.
Хиёл нарида, ёлғиз гужум яқинида ёш бир жайрон сувсизликдан ҳолдан тойиб, туёқлари дир-дир титраб турарди.
Саҳро жонзотлари унинг мажоли қуриганини, тез орада ажали етишини сезишди. Кулранг баргларга бурканган қирмизи юлғун шохига ўралиб олган илон аста судралиб, у томон ўрмалай бошлади, аҳён-аҳёнда тилини чиқариб, ўлжа жойини аниқлаб оларди. Юксакларда учиб юрган бургут ҳолдан тойган жайронни ўша баландликдан пайқади, айлана-айлана қанот қоқиб яқин орага келиб қўнди-да, сариқ кўзларини тикиб тураверди. Қачонлардир сел ҳосил қилган қурғоқ жарликдан ёввойи дашт мушуги чиқиб келди, вазиятни дарҳол чамалаб, чўлтикан ортида тек қотди.
Нарироқда эса бир нечта жайрон ер тепиниб, не қиларини билмасдан туришарди. Бири аҳён-аҳёнда титраётган боласига яқинлашиб искаб кўрар, тақдир ёзуғига чора тополмаслигини сезгандай ортига қайтар, унинг шу ҳаракатида сезилар-сезилмас айланаётган чархи давворанинг баҳайбат иродаси бордай туюларди.
Яқинлашиб келаётган ажал шарпасини саҳронинг бошқа жонзотлари ҳам пайқашган бўлса эҳтимол. Аммо табиат буни дафъатан сездирақолмайди, сабаби, ҳашароту ҳайвонлар кўрганларини тафаккур қилиш иноятидан маҳрумдирлар. Воқеа-ҳодисалар саҳронинг ҳар жонзоти ҳофизасида муҳрланиб қолади, лекин идрок қилинмайди. Шу сабабли, теградаги жон эгалари ажал шарпаси қаршисида бамайлихотир турганга ўхшайди.
Айни маҳалда, қум узра олов ланғиллаб турган паллада узун яшил тўн кийиб олган бир киши шу тарафга қараб шошилмай юриб келмоқда эди.
Ҳар томони бир неча кунлик йўл бўлган сариқ саҳро бағрида у одамнинг нима иши бор?
Бургут унга қинғайиб қаради. Келаётган жон эгасининг ўлжа ёхуд емиш эмаслигини савқи табиий ила сезгани учун ҳам жойидан қимир этмади. Шунингдек, бошқа жонзотлар ҳам унинг йўлидан четланишди.
Буларнинг бари ҳаётнинг мангу қонуниятларига мутлақ бўйсуниш аро рўй берди. Саҳрода бир тўп гужум ўсган эди, яшил тўнли одам ўша гужум олдига келиб, бир дам тин олди.
Бу тур дарахтлар нами буғланиб кетмаслиги учун жазирама вақтида баргларини қуёш нури тушмайдиган қилиб тиккалаб олишади. Гужумнинг камбар япроқлари шу сабабли соя бермайди.
Гужум-ку ўз ҳолига, янада ғаройиби шундаки, келаётган бу одамнинг ҳам сояси йўқ эди!
Ўзи нурдан иборат бўлса, нега соя берсин, ахир? Нур қўл билан ушлаб бўлмайдиган нарса-ку? У ҳолда, Тангри таоло ирода этган юмушларини қандай бажаради? Масалан, ҳаво ҳам кўзга кўринмайди, лекин қанча ишларни бажаряпти! Шуни-ки оқувчан қилиб қўйган зот, яна бир қувватини юрувчан қилиб қўёлмайдими?
Бироқ, кўрганлар уни одам сифатида талқин қиладилар. Айтадиларки, тахминан олтмиш-етмиш ёшлар орасидаги тик қадли бир чол экан. Чол бўлса, бу ғалати саҳрода кезиб юришга қайдан куч-қувват топақолди? Яна айтадиларки, гоҳ кўзга кўриниб, гоҳ кўринмасмиш. Инсонлар кўзига кўриниб-кўринмай юришидан кўз­ланган мақсад не экани ҳам сирлигича қолаверди.
У одам кафтини қумга тутган эди, салдан кейин тўсатдан ўша жойдан митти булоқ қайнаб чиқди. Иссиқ, қурғоқ қум зилолни дарҳол шимиб олди.
Сув!
Саҳрода пайдо бўлган нажот иси ҳар ёққа ёйилди. Бироқ, жон эгалари яқин келишга журъат қилолмай турардилар. Нарида қушлар, юмронлар, шоқоллар ва кийик­лар гоҳ-гоҳ ер тепиниб, унинг кетишини кутишарди.
Ҳаёт!
Ҳаёт манбаи бўлмиш сув ингичка жилға ҳосил қилиб, қум бағрига сингиб кетмоқда эди.
У киши кафтига сув олиб, ҳолсиз жайрон боласи ёнига келди. Жонивор ундан ҳайиқмади, балки ҳовучдаги зилол оч-пушти дудоқларига теккани он жонланиб, ютоқиб-ютоқиб ичиб олди. Сўнг сургала-сургала булоқ ёнигача келди.
Киши узоқлашиб кетар экан, жайрон боласи оёққа турган, янги пайдо бўлган булоқ теграсига қурту қушлар тўпланиб олган эди.
Жайрон боласига ёрдам берган номаълум кишидан шу воқеа қолди, холос. Орадан йил ўтиб-ўтмай, ҳар саҳар чўл адоғидан сариқ қуёш ловуллаб кўтарила бошлаган маҳалда турли-туман жонзотлар сув ичгани келадиган жойга кишилар Жайронбулоқ деб ном беришди. Бора-бора, халқ тилида у Жарабулоқ бўлиб кетди.

Дашту туз

Шоймардон чол тулки овлаши билан донг таратган тажрибали овчилардан эди. Ҳозир у ўтови олдида теваракни кузатиб турарди. Чўл қуёши кўтарилиб улгурди. Ғумайлару кавраклар иссиқда тек қотди.
Шоймардон чол тулки тутишнинг ўзига хос усулини ўйлаб топган кишилардан бири эди. Кеча невараси билан ошқовоқни тулки боши сиғадиган даражада қирқиб, ичини тозалаб, янги ивиган қатиқдан қуйиб қўйди. Шундай тузоқлар ҳозир чўл бағридаги беш-олтита жойга ярмигача қумга кўмилиб турар, айёр тулки келиб қатиқ ичгиси келганида бошини қовоққа тиққач, чиқаролмай ирғишлаб-ирғишлаб, ниҳоят тақдирга тан бериб ҳорғин чўзилиб қолишини кўп кўрган эди.
Тулкининг сут-қатиқ ичиши бор гап. Гоҳида ўтлаб юрган сигирлару эчкиларни эмиб кетганини кўрганлар бор.
Невараси чақирганида, Шоймардон чол уйига қайтиб кетмоқчи бўлиб турувди. Салдан кейин отига миниб бориб қарашса, тулкининг боши қовоққа тиқилиб қолган, ғалати ҳаракатлар билан ундан қутулишга уриниб ирғишлар, бироқ қулоқлари халал бергани учун чиқаролмай, яна ирғишлашга тушарди.
Бу – ўн тўққизинчи тулки эди.
– Ҳа-ҳа! – деб қувонч кулгиси ва ғалаба ҳайқириғи аралаш бақирди Шоймардон чол. – Ўн тўққизинчи! Ҳа-ҳа!
Кейин қум сочиб, тузоққа тушган ҳайвон сари чопди.
Бу усулнинг афзаллиги шунда эдики, дашт айёрининг товланувчан чиройли териси бус-бутунлигича қолаверади. Уни сотса, нархиям баланд бўлиши турган гап.
Ҳар ҳолда нима рўй бергани аниқ эмас, аммо шу маҳал бархан ортидан узун яшил тўн кийган бир чол чиқиб келиб, тулкининг бошини қовоқдан чиқараётганини икковлон ҳам кўришди.
– Ҳой аҳмоқ чол! Нима қиляпсан? – деб қичқирди Шоймардон чол, ўша томонга қум сочиб югуриб. – У меники!
Чол эса бу томонга қараб ҳам қўймади. Бир маромда оҳиста қадам ташлаб, йўлида давом этаверди. Ёнида тулки ҳам унга эргашиб борарди. Яна бироз вақтдан кейин улар бархан ортига ўтиб кўздан ғойиб бўлишди. Шоймардон чол ўша чопишида “тулки барибирам қочиб кетди” деб афсус билан ўйлар ҳамда ўлжасидан жудо қилган чолдан аламини олгиси келиб турарди. Буталар орасидан чопа-чопа ҳарсиллаб бархан устига чиқиб қараганида теварак бўм-бўш, жон зоти кўринмади.
Чўл кишиси теварагидаги жонзотларнинг феълини беш қўлдай билади. Бўлмаса тулкидай ҳайвонни ҳийла ишлатиб тузоққа туширармиди? Сарғайган ўт-ўланлар тугаб қум бошлангач, Шоймардон чол қараса, тулкининг фақат изи қолибди. Анави чол эса ерга кирганми, осмонга чиққанми, ҳеч қаерда йўқ…
Шоймардон чол из бўйлаб бораверибди. Ўзи қотма, илдам эди-да. Боравериб-боравериб, тулкининг инини топибди. Барибирам қўлимга тушасан-ку деб хас-чўп ёқиб, тутун ҳайдабди. Бир маҳал қараса, иннинг нариги томонидан ўша тулки чиқиб келибди. Ортида тўртта боласи ҳам бор эмиш. Шоймардон чолга қарай-қарай, узоқлашиб кетганмиш.
– Мен уни ўғри деб ўйлабман, – деди кейинчалик Шоймардон чол даврадагиларга. – Тузоқ меники бўлгач, унга тушган ўлжа ҳам меники-да! Шум чол келиб, тайёр ўлжани олди-кетди, дебман!
– Болалари бор экан-да, – дер эди Шоймардон чол, бошини чайқаб. – Агар терисига қизиқиб сотворсам, тўртта боласи тиришиб ўлиб кетар экан.
– Аниқ биламан, ўша чол Хизр бува эди, – дерди кейин. Шу воқеа сабаб ўзгариб қолган, тақводор, художўй кишига айланган эди. – Қаранг-а, сал бўлмаса тулкичаларни уволига қолар эканман.
Шоймардон чолнинг уруғлари кўп, қай бир ҳалқада ҳаммамиз бир-биримизга чатишиб кетганмиз, дейишни хуш кўришарди. Шуларнинг бари Шоймардон чолнинг Хизрга рўпара келганига ишонишарди. Чолнинг обрўси ошди, Хизрни кўрган киши дея маросимларда тўрга чиқарар бўлишди. Лекин рўзғорига сира барака кирмади, қандай бўлса ўшандайлигича қолаверди.
Шоймардон чол узоқ яшади. Умри охирида тунда уйқуси қочиб, юлдузларга термилиб ўтирадиган одат чиқарди. Невараларига гоҳо “Ўша келган Хизр эди” деб гапиришни хуш кўрар, бироқ ҳар гапирганида ич-ичидан эзилиб, афсус тутуни қалбини қоплаб олгани сезиларди.
– Қаранг-а, Хизрни кўрибман-у, ҳеч нима сўрамабман, – дер эди ўксиниб. – Овимни ўғирлаб олишни кўзлаган бир бетавфиқ деб хаёл қилибман. Роса қоним қайнаган чоғим эди-да, ов иштиёқи жўш урарди. Қилган ишимнинг нимасидир Худога ёқмабдики, Хизр келибди. Йўқса, модомики тулкини қутқаришни лозим кўрибди, кўзимни кўрмайдиган, қўл-оёғимни ишламайдиган қилиб қўйсаям бўларди-ку? Эҳ, аттанг…
Шунингдек, ўша воқеадан кейин онгида рўй берган бир учқун ёлқини ҳақида ҳам гапириб берарди.
– Ўшанда миямнинг ичида бир нима чирс этди, – дер эди. – Кейин, ҳар нарсада ҳикмат кўрадиган бўлиб қолдим. Қай бирини айтай? Масалан, устингиздаги кўйлак туфайли отангиз билан қанча жанжал қилгандирсиз? Аммо, Худойим тулкига қандай ажойиб либос кийдириб, ясатиб қўйганини кўрмайсизми?
Болалар қариб-қартайиб қолган чолнинг гапларига кулишар, ёлғон деб ўйлашарди.
…Умрининг охирида Шоймардон бува воқеа юз берган жойга амал-тақал қилиб бориб, бир неча кун ўша ерда ўтирди. Кароматли чол яна кўриниб қолармикин деган илинжда эди. Йўқ, ҳар қанча синчиклаб термилса ҳам теваракда Хизр зуҳур этмади. Учинчи куни тўсатдан совуқ шамол турди, куз нафасидан дарак бериб, қора булутларни ҳайдаб келди. Умр кузи ҳам яқинлашиб қолган, тақдир шамоли ажал булутларини қисмат осмонига шу тарз ҳайдаб келаётганини сезарди чолнинг қалби. Бир амаллаб ўша жойда лойдан мақбара ясади, қадимгилардан қолган усулни қўллаб, узун бир таёққа ҳўкиз думини осиб қўйди.
Шоймардон чолдан шу гап-сўзлару ўша мақбара қолди. Хизр кўринган ерни халқ “Ҳазрати Хизр мозори” деб атай бошлади…
Шундай. Бир инсон умрини яшаб, ошини ошаб ўтди-кетди. Ундан бор-йўғи шу воқеа қолди…

* * *

Юрт ҳудудларида Ҳазрати Хизр мозори бир нечта. Ҳаммасида ҳам узун ёғочга туғ қадаб қўйилган. Сабабини биров билмайди, аммо мозор туғсиз бўлишини тасаввур қилиш қийин. Одамлар гурос-гурос бўлиб зиёратга келишади, кимдир хўроз, кимдир курка, кимдир қўй опкелиб сўйиб, қурбонлик қилади, ҳожати раво бўлишини сўрайди. Мавсум шамоли бултурги қуруқ хазонларни учириб одамлар оёқ остига олиб келиб уради, бошига катта дастор ўраган киши қалин овозда дўриллаб “…ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Оллоҳнинг динига кираётганларини кўрсангиз…” дея қироат қилади, келгувчиларнинг аксарияти унинг маъноларидан бехабар, сўйилган қурбонлик гўштларини пишириб, еб-ичиб ўтиришади. Томларда лолақизғалдоқлар чайқалади, қушлар учиб-қўнади, юпун, уст-боши афтодаҳол, кўзларида ҳаёт чарчоқлари қотиб қолган саноқсиз ёшу қари оломони дарёдай бўлиб мақбаралар сари оқаверади.
– Тавба! Хизр ўлганмидики, мозори бўлса?
– Хабаримиз йўқ. Лекин, тахминан мана шу ерда бир мўъжиза кўрсатган. Ўшанинг ҳаққи-ҳурмати, дахма бино қилинган.
– Ким бино қилган? Нима мўъжиза кўрсатган?
– Билмадик… Аммо кимнингдир мушкулини осон қилиб ўтиб кетган.
Қайдан келган? Қайга ўтиб кетган?
Умуман, муттасил айланиб турган шу ёруғ оламда ақл бовар қилмас мўъжизалар кўп. Уларнинг мантиқий исботини топишга ақл ожиз. Гўё теваракда кўзга кўринмас беҳисоб яратиқлар инсонларнинг айтар сўзига, фикру ўйига, дарду изтиробига шоҳид бўлиб туришгандай. Мисол учун, кетма-кет қиз кўрган киши ўғил орзусида, супрақоқди қизалоғига Ўғилой деб исм қўяди, қарабсизки, кейинги фарзанди ўғил бўлиб туғилади. Бет-қўлида холи билан туғилган боласини Холдор деб атайди, шу билан у хол тек туради, дарду балога айланмайди. Шунга ўхшаш, нажотбахш мозорлару мақбаралар юрт бўйлаб сочилиб кетган, ҳар бири қандайдир мушкулни осон қилишига кўпчилик қаттиқ ишонади. Илмли кишилар имон бобида ваъзлар ўқишади, ботил эътиқод хавфидан огоҳлантиришади. Бироқ, одамлар шу каби мозорларга ихлосини сира канда қилишмайди. Катта-кичик қишлоқлару қасабалар кишилари дарё-дарё бўлиб оқиб келаверишади. Авлиё зотлардан ҳожатларини раво қилишини ўтиниб-ўтиниб сўрашади…

Тоғлар орасидаги воқеа

Тиёншоннинг кўк музларию оқ қорларини тўзғитиб сарсари шамол эсарди.
Кимсасиз кенгликлардан эсгани учун ёввойи туюларди. У баҳорнинг илиқ нафасини олиб келди, арчаю сарвларнинг эски шохларини синдирди, омонат харсангларни юмалатди. Шу илиқлик остида муз ёрилди. Унинг қарсиллаган овози ҳайвонларни чўчитиб юборди, тоғ тепаларида ўтлаб юрган кийик галаси жон ҳолатда пастга қараб энди.
Шамол арчаларни синдириб ўтди, шохларни бир-бирига қарсиллатиб урди, забти остида жонлию жонсиз ўз ҳолича нола қилмоққа, сас чиқармоққа бошлади.
Ағанаб тушган арча кийик боласининг оёғини босиб қолган, она кийик зурёди ёнидан кетолмасди. Сал нарида эса қўнғир пахмоқ юнгли айиқполвон ўлжа топилганига ишониб-ишонқирамай, олдинги икки панжаси билан ағанаб тушган бошқа бир дарахтни қучоқлаб, шу ёққа қараб турарди. Ҳар ҳолда, кийик боласининг ажали етишини кутаётгани аён.
Шу талотўп орасидан яшил тўн кийган узун бўйли бир чол чиқиб келди. Яна ўша ҳолат рўй берди: ҳайвонлар ундан ҳайиқишмас, бироқ итоат ила четланиб йўл беришарди.
Чол эгилиб, арча остидаги кийик боласини тутқунликдан озод қилди. Кийик боласи оқсоқлана-оқсоқлана чолнинг ёнига келиб, кафтига бўйнини ишқаб, титраб турарди. Ҳатто қўлларига нозик, чиройли юнглари ёпишиб қолди.
Чол унинг туёғига диққат билан қаради. Эт эзилганини, аммо суяк бутунлигини кўргач, ўша жойга кафтини қўйган эди, тўсатдан оқсоқланиши ғойиб бўлди. Шодон сакраб-ўйноқлаб, онаси ёнига интилди.
Ҳар икковлон йўлсиз ўнгирлардан пастга, уюр томонга елиб кетишди.
Шамол қаҳ-қаҳ уриб эсарди. Чолнинг соқолларини юлқилар, гоҳ самога кўтарилар, гоҳ ҳайбат ила ёйилар, теваракни зуғумига оларди.
Кимсасиз тоғ ораларида шу ҳодиса рўй берди.
Ниятига етолмаган айиқполвон ўзича ғўлдираб, ўлжа қўлдан кетганига афсусланиб дарахтлардан бирининг танасини тимдалаб, сакрай бошлади. Улкан бу қайрағоч тепасида ёввойи асалари уяси борлигини биларди. Уя тепада бўлгани учун чиқолмаслигига кўзи етса-да, асал иси димоғига урилиб, нафсини қитиқларди.
Яшил тўнли чол бу манзарани тек кузатди. Сўнг яна йўлида давом этди.

Буғдойзор воқеаси

Айтишадики, эндигина пишиб етилаёзган буғдойзор ёнида кўришибди уни. Сап-сариқ олтин бошоқлар эгилиб ётган чиройли дала узра гуриллаб учган қушлар галасини томоша қилиб турганмиш.
Буғдойзор қоровули ўтлар бўлиқроқ ўсган жойга сигирини бойлаб қўйган экан. Хабар олай деб келса, сигир аллақачон арқонини узиб, ариқ бўйига етиб олибди. Бўйнини чўзиб, “ғўлқ-ғўлқ” сув ичаётганмиш. Сал нарида эса баланд бўйли, яшил тўнли бир киши турганмиш. Буғдойзор қоровули уни танимабди.
Нотаниш киши буғдойзорни қоқ ўртасидан пайҳон қилиб кесиб ўтаётган одамга қарата:
– Буғдойзорни пайҳон қилган одамга лаънат бўлсин! Буғдойзорни кесиб ўтган одамга лаънат бўлсин! – дея хитоб қилармиш.
Қоровул унинг нега бундай деганини, ўзи кимлигини сўрамоқчи бўлиб ўша томон юрай деса, сигир қўлидан чиқиб яна сувга интилибди. Бойлаб бўлиб қараса, чол аллақачон олислашиб кетибди. Ҳа аттанг, сўролмадим-а, деб ўз ишига машғул бўлибди, кейин одамлар орасида, бир куни эсига тушиб, шу воқеани айтиб берибди.
– Ҳа-а, уни қаранг-а, – дейишди буни эшитганлар бир ҳикматни англагандай бўлиб. – Хизр бувага дуч келган бўлманг тағин?
– Йўғ-э, у сираям чол эмас, кучга тўлган бақувват киши эди.
– Балки сизга ўшандай қиёфада кўрингандир? Қандай истаса ўшандай кўринади дейишади…
– Қайдам… Хизр бўлиб бирон мўъжиза кўрсатмади-ку? Бор-йўғи “Буғдойзорни пайҳон қилиб ўтган одамга лаънат бўлсин” деди, холос.
– Ҳа, бирон йўловчи бўлса бордир… Нимага унақа деди экан-а?
– Буғдой бошоғи ризқ-ку? Сиз бошоқ нима дейишини эшитганмисиз?
– Нима дер экан?
– Мени ердан кўкартириб, ўзимдан кўпайтирдинг, битта эдим, юзта қилдинг. Бандаларингни ризқини ҳам шунақа кўпайтиргин, дер экан!
– Ў-ў, ҳикматни қаранг!
– Ия, шошманг. Машраб бобо эсингиздами?
– Девона Машрабми? Ҳа, эсимизда.
– “Бир дона эрдим, минг дона бўлдим” деганида бошоқни назарда тутганмикин?
– Йўғ-э, одам қайда-ю, бошоқ қайда?
Ҳа, тупроқдан бош кўтариб чиққан гиёҳни, яъни бир жон эгасини нобуд қилиш инсон боласига мувофиқ иш эмас. Инсоният оламда Хизр аталмиш бир банда борлигидан Ҳазрати Муҳаммад туфайли хабар топди. Ваҳоланки, хабар келганидан, яъни Хизр ва Мусо воқеаси рўй берганидан сўнг минг йилдан зиёд вақт ўтган эди. Яратганнинг у икки буюк бандасининг учрашуви ҳақида одамлар шунча асрлардан сўнг хабар топишганига қараганда, яна бир қанча ақл бовар қилмас сирлар махфий турган бўлиши мумкин-ку?
Кўникилган нарсалар низомининг бузилиши одамни ўзига жалб қилади. Мисол учун, “Фалончи ариқ сувини тескари оқизди” дейдилар. Содда кишилар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади. Фалончи эса сув бетида худди ердагидай қадам ташлаб юрар эмиш! Яна бири шомни Самарқандда, хуфтонни Маккада ўқиганини кўрганлар бор.
Ҳа, одамлар кўз ўнгида рўй бериб турган, ўлимни ва йўқликни рад этиб барқ урган минглаб мўъжизаларга ҳайратланмайдилар-у олам низомини кимдир бузса, оғизларини очиб анграйиб қоладилар.
Аммо, у воқеаларнинг бари тарихда экани ғалати. Ҳаёт давом этади, шодликлару қайғулар алмашаверади, кўзга кўринмай эсувчи қисмат шамоллари инсонларни бола-чақа севинчи, ризқ шодлиги аро мағрибдан машриққа узлуксиз тортқилайди, воқеа-ҳодисалар ҳикматларга айланиб онгларга қуйилади, шуларнинг бари бир куни, худди бир гилос мева бергани, бир қурт пилладан капалак бўлиб учиб чиққани каби, ҳаёт хулосаларига айланади, етилиб келаётган ёш авлодга неларнидир хитоб қилади ва бетиним оқувчи умр дарёси уларни ҳам аста-секин кунботар тарафларга оқизиб кетади.
– Кунботарда нима борки, қайта-қайта айтилмоқда? – деб сўрашади улар, бу гапнинг маънисига тушунолмасдан.
– Қибла, – деб жавоб беришади кўпни кўрганлар. – Эсингиздан чиқарманг, қибла кунботардадир.

Юнус халфа қиссаси

Юнус бува барваста, соч-соқоли мошгуруч қария эди. Айтишадики, бир маҳаллар ёшлигида, демакки, бундан эллик-олтмиш йил бурун бир муллага шогирд тушган, сабоқни тузукроқ эплай олмагани учун халфаликдан ҳайдалган экан. У гапни одамлар ўзлари тўқиб чиқарган бўлса керак, чунки нима бўлганида ҳам Юнус халфа анча-мунча илми бор одам сифатида обрў-эътиборга сазовор эди.
Биладиганроқлар Юнус халфадан масала сўрашар, бироқ, сўровчиларнинг ўзлари ҳам илмда ортиқроқ эмас эдилар. Мисол учун:
– Дунё махлуқми, махлуқ эмасми?
Бу ҳийлакорона савол аслида арабчани биладиган кишидан сўралади. “Махлуқ” арабчада “яратиқ” маъносини беради. Арабча билган киши “Ҳа, албатта махлуқдир” деб айтади, чунки яратилишига разм солади. Билмас киши эса жони бор нарсаларни, янада жоҳилроғи фақат ҳайвонни махлуқ деб ўйлайди ва кўзини бақрайтириб: “Ия! Дунё қанақасига махлуқ бўлсин?” деб ҳайратланади.
Юнус халфа бундай саволлар ортида ҳийла яширинганини билар, жоҳилроқлар олдида шу каби саволларни ўртага ташлаб, ўзини илмли қилиб кўрсатишни хуш кўрарди.
Умрининг охирида ибодатга жуда берилиб кетди. Қачон кирсам ё айвонда, ё кулбасида ўтирганини кўрардим. Барваста, етмишдан ошса ҳам соч-соқолида оқидан қораси кўп, кулимсираб турадиган беозор киши эди.
Аслида кишилар қилар ишларини қила-қила, қартайишганида художўй бўлиб қолишса-да, Юнус бувадан сабабини сўраганим эсимда.
– Бир воқеанинг мазмунини тушуниб қолдим-у, қўрқиб кетдим, – деб жавоб қилди Юнус бува.
– Нима ривоят экан?
– Ҳазрати Юнусни эшитганмисиз?
– Ким экан у?
– Улуғ пайғамбарлардан бири. Уни бир куни каттакон балиқ ютиб юборади. Балиқ қорнида бир неча кун қолиб кетади. Ўша қоронғиликдан туриб Худога тинимсиз ёлворадики, мени бу зулматдан қутқар дея. Ниҳоят, Худо муножотини ижобат қилади, балиқ уни соҳилга чиқариб ташлайди.
– Ҳа-а…
– У маҳал Юнус алайҳиссалом ҳушдан кетган эди. Худонинг иноятини кўрингки, қоқ ердан бир қовоқ униб чиқади. Қовоқ тез ўсишини яхши биласиз. Салдан кейин яшил баргларини ёйиб, Юнус устига соя солади. Шундан кейин ўзига келиб қовоқ мўъжизасини кўргач, яна илтижо қилади…
– Хўш, нима бўпти шунга?
– Ана! Англамадингизми? Одамнинг калласида бир нима ярқ этиши керак-да. Ярқ этмаса қийин…
– Нима экан?
– Эй воҳ! Дунё деган балиқ қорнида етмиш йил яшабману бирон марта бу зулматдан мени қутқар деб илтижо қилмабман, – деди у соқоли титраб. – Мана, энди ажал кўрина бошлаганида титраб-қақшайман-у эрта бир кун қиёмат кунида Худо­йим ҳеч бўлмаса тепамда битта қовоқ ўстириб қўярмикин деб қўрқаман…
Юнус бува етмиш уч ёшида оламдан ўтди.
Бу гаплар ҳамманинг эсида эди. Баҳор маҳали борганлар қабр устида бир дона қовоқ барг ёзганини кўришгач, тонг қолишди. Лекин, ҳеч ким “Ҳа энди, бир сабаб бўлиб уруғи тушиб қолгандир-да” демади. Ҳамма Юнус буванинг гапларини эслар эди. “Авлиё даражасига етиб қолган экан-у, билмай қопмиз. Қаранг, Худойим қабри устида қиёматда соя солсин дея қовоқ ўстириб қўйди!” Хуллас, бирданига ҳамма Юнус бува ҳақида яхши гаплар айтадиган бўлиб қолди.
Ўйлаб кетасиз: дунёда нечта Юнус бор? Ҳаммаси ўша саодатли Юнус бўлаверармиди? Бири ундоқ, бошқаси мундоқ. Нима бўлсаям ошини ошаб, умрини яшаб борадиган жойига бориб турибди. Лекин азбаройи ўша униб чиққан қовоқ ҳаққи, одамлар бориб қабрини суваб, гувалакдан кичик бир сағана ҳам кўтариб қўйишди. Фариштадай киши эди, фариштадай кетди дея.
У қабр ҳалиям бор. Ёмғирларда, шамолларда сувоқлари кўчган кичкина қабрча. Қишлоқнинг оламдан кетган кўркам, барваста кишилари қатори, Юнус бува ҳам ниҳоятда сокин, ғалати сукунат ичида ётибди.
Жойи жаннатда бўлсин!..

Иккинчи қисм

Узлуксиз оқиб турган, оламда Тангри таоло қудратидан дарак бериб турадиган тирик­лик ҳаёти аро бундай ривоятлар ер юзининг деярли барча халқларида турлича зуҳур этган.
Ҳозиргина Тангри таолонинг балиқ қорнида туриб йиғлаган Юнус деган бандасини зикр этдиг-а? Уни масиҳийлар Иона деб аташади. Масиҳийлар талқини ҳам бизнинг қишлоқдаги талқинга мос: Тангри таоло иродасига бўйсунмагани учун уни денгизда балиқ ютиб юборибди. Барча мусулмон ўлкаларидаги ривоятлар эса айнан бир хил. Ёки ҳазрати Мусо билан суҳбат қурган билимли бандани Хидреллез дейишади, бу исм ҳам бизнинг қишлоқлардаги Хизри Илёсга ўхшаб кетади. Теварак яшилликларга бурканган маҳал, экин-тикин юмушлари бошланишидан аввал ўша халқлар Хидреллез байрамини нишонлашади.
Юнус ибн Матто эса… бирданига уч қават зулмат орасида қолди, дейишади билгичлар. Тун зулмати, денгиз зулмати ҳамда балиқ қорнидаги зулмат… Тангри истаса, бир неча қат зулматлар орасига тиқиб юбориши ҳеч гап эмас. У воқеа қандай рўй берганининг тафсилотлари эса турли-туман. Шулардан ҳақиқатга яқини барибирам мусулмон ривоятларидир.
“Юнус ибн Матто имон чорловларидан чарчаб: “Бу халқ сира инсофга келмас экан-да” дея тун қоронғисида бош олиб кетганини эсланг”, дейилади асотирларда. “Ҳамда жўнаб кетишга чоғланаётган бир кема олдига келиб, нариги соҳилга ўтказиб қўйишни илтимос қилганини эсланг. Қаранг, мисли кўрилмаган ҳодиса юз бермоқда: Оламлар Парвардигорининг элчиси ўз вазифасидан юз ўгириб кетмоқда. Шунингдек, денгизда тўфон кўтарилганини ҳам, уйдай тўлқинлар кемани хасдай ўйнатганини-ю кишилар унинг чорловларини эслашиб: “Парвардигорингга нола қил, тўфонни тўхтат” дейишганини ҳам ёдга олинг. Шунда Юнус қуръа ташлашни таклиф қилди. Қуръа уч маротаба ҳам Юнусга чиққач, кемадагилар афсус ва надомат ила уни денгизга отдилар. Кема остида то соҳилдан бери сузиб келаётган баҳайбат балиқ уни ўша заҳоти ютиб юборди. Бу воқеанинг ҳайбатига разм солинг. Тўфон шундан сўнг тина бошлагач, кемадагилар “Юнуснинг гаплари ҳақ экан-ку” дея бари бирдай имон келтиришганини ҳам эсланг.
Дунё махлуқдир. Ундаги ҳою ҳавас балиғи сизни омонсиз ютиб юборишидан қўрқмаяпсизми?
Эсланг, шундан бошқа нажотингиз йўқ ахир. Бу воқеа оламда имон ва виждон ҳайқириғи каби, ортида яна ўнлаб-юзлаб маъноларни жам қилиб турмоқда”.
Воқеанинг қисқача таърифи шу. Бироқ, масиҳий уламолари ундан бизнинг Юнус бувамиз каби хулоса чиқаришганми-йўқми, номаълум. Юнус халфанинг оддий хулосаси эса одамни қизиқтиради, дунё ройишига теранроқ назар ташлашга ундайди. Касаллик туфайли бир жойда ётиб қолган, ишлари юришмаган, кун кечиришга қийналган юзлаб-минглаб кишилар онгида шунга ўхшаш: “дунё зулматида умрим ўтди” дегандай ўйларни ҳосил қилади.
Бир-биридан гўзал, ажойиб товланувчи манзаралар, суратлар, лаззатлар, таъмлар, фасллар, ҳаволар, ҳидлар, тоғу тош аро барқ урган мўъжизаларнинг пашша қанотичалик қадри йўқ эса, бунчалар ажойиб санъатга не ҳожат? Мисол учун, ўрдак боласи дунёни бошқача кўради, унинг ранг ва ис тушунчаси инсондан тамомила фарқли, ризқи бор-йўғи бир қанча дон-дун ҳамда ҳашаротдан иборат. Ҳатто тиканники кўзни қувнатиб гул очадиган қилибди, саҳро маликаси ҳисобланмиш юлғунгаки кулранг баргу қизил тана ила чиройли қиёфа бахш этибди, бу ёруғ оламни балиқ қорнидай тор-у танг, ундан тезроқ қутулиб қолақолиш маъқул деб ҳукм қилиш ўринлими?
Олимлар мана шулар устида баҳслашишади. Буларнинг бари инсон боласида ҳис пайдо бўлсин учун яралган деб уқтиришади. Денгиз ҳайбатини кўриб ақли шошсин, оламни сув энлаган маҳалдаги Нуҳ деган бандасининг ҳолини тасаввур этсин. Ичиб бўлмайдиган шўр сув аро ташналик не эканини туйсин-у мана шу муҳит аро турли-туман ҳаётни барқ урдириб қўйганини, истаса тошлар орасидан ҳам турфа хил ризқлар чиқаришини идрок қилсин… Юнус халфа-ку саводсиз киши эди, қачонлардир ўрганиб олган муқаддас оятларни бузиб-ямлаб талаффуз қиларди. Ажабо, саводлиларнинг ҳоли не?
Лекин агар инсон боласи кунлик ризқига итоат қилиб, яна бир ривоятда таъкидлангани каби, дунёда юз йил яшайманми-йўқми дея ўзига тузукроқ уй ҳам қурмаган бўлса, теваракдаги бу турли-туман ақл шошадиган санъатлардан кўзланган мақсад нима?
Бу рангу таъмлардан, лаззатлардан, кўзни қувнатадиган нарсалардан биронтасини олиб кетолмаса, у ҳолда, олиб кетадиган нарсаси не?

* * *

Оламда Хизр нечта?
Баъзилар айтадиларки, саноғини Худодан ўзга ҳеч ким билмайди. Одамзод унинг биттасидангина хабар топди. Бошқалар айтадиларки, йўқ, у ягона эди.
Одам боласи бўлса, қайда, кимдан дунёга келган эди? Ота-онаси, қавму қарин­доши ким, наслу насаби не?
Ғайб билимлари ато этилган у буюк зот ҳақидаги саволлар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди. Қачондан бери ер юзини кезади? Мусо пайғамбарга дуч келган Хизр не учун кейинчалик коинот сарвари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом қошига келмади? Демак, ўша пайтдаёқ ёруғ оламни тарк этиб, Ҳақ раҳматига қовушақолдими?
Ер юзи турли-туман. Бир жойида инсонни мумдай эритиб юборадиган жазирама ҳукм сурса, абадий музликлар диёрларида қор бўронлари тинмайди. Улкан муз тоғлари қарсиллаб ёрилади. Ўша сувларда ҳам денгиз жонзотларию оқ айиқлар Худо берган ризққа шукрона аро ҳаёт кечиришади. Шунингдек, ёмғирлар тинмайдиган ёки узлуксиз шамоллар эсадиган жойлар ҳам бор, уларнинг кўпида инсон изларини кўрмайсиз. Ёввойи, ибтидоий табиат ғалати бир мувозанат ичра ҳаёт кечиради. Хизри аъзам ўша жойларни ҳам кезармикин, деган ўй келади. Ҳеч кимга кераксиз бир тулкини қутқарибди, бир кийик боласига ёрдам берибди… Хўш, нима бўпти?
“Сиз Хизрга эмас, тулкига диққат қилинг” дейишади билганлар. Хизр аслида имон йўлларини очиб юрган бир банда эмасми? Сиз бошқа тафсилотларга эътибор қаратинг. Бой-бадавлат кимсаларнинг кийган кийимларига, еган емишларига разм солинг. Оламда қундузу қўйнинг либосига ҳавас қилиб, терисини шилиб олиб киядиган, жайрону кийикнинг гўзаллигига маҳлиё бўла-бўла ўтда қовуриб ейдиганлар бор. Ахир, “ақл юритмайсизларми” деб бежиз қайта-қайта айтилмагандир?

* * *

Авлиёнинг бири сув бетида қадам ташлаб юра олар эди.
Бу ҳоли одамларга маълум бўлгач, ҳамма ҳайрон қолиб, у сари оқиб кела бошлашди. Бироқ, авлиё одамлар билан кўришишни сира истамасди.
Ниҳоят, сиру синоат ҳақида бир мартагина гапиришга рози бўлди.
Одамлар сўрашди:
– Қандай қилиб сув бетида юра оласиз?
– Худди сиз қуруқликда юрганингиз каби, – деб жавоб қилди авлиё.
– У ҳолда нега юрмайсиз?
– Қўрқаман.
– Нимадан қўрқасиз?
– Ҳар қадам қўйганимда “Ё Эгам” деб қадам босаман. Сув бетида жуда юпқа бир парда бор, “Ё Эгам” деганим учун ўша мени кўтариб туради. Сал чалғисам ғарқ бўлиб кетишимдан шунчалар қўрқаманки, аъзойи баданимни қора тер босади, наинки дунё, балки ўзимнинг кимлигим ҳам эсимдан чиқиб кетади, бутун фикру зикрим қирғоққа етиб олиш бўлади.
Одамлар бу изоҳга бир нима дея олмадилар.
– Э, мўъжизанинг бу тарафи ҳам бор экан-ку? – деб ҳайратланишди. – Худойим берган кароматларининг юки оғир бўлар экан-да?
– Сиз англаёлмадингиз, – деди авлиё ота. – Тепангизда кўк осмон, остингизда қаттиқ ер турганига алданманг. Ҳаммангиз сув бетида қадам ташлаб бораётган одам мисолисиз. У истагани он парда йиртилиб, тубсизликка ғарқ бўлиб кетишдан қўрқмайсизми?
Кўринмас ота деган авлиё бор эди, истаган маҳалида истаган ерида ҳозиру нозир бўла оларди, дейдилар.
Илон ота деган бирига Оламлар Парвардигори яратиб қўйган судралувчан жон эгалари сўзсиз бўйсунишарди.
Сўгалли ота деган зот бир сийпаса, одам аъзойи баданига тошган тушунарсиз ғуддалар – сўгаллар бир кечада ўз-ўзидан уваланиб тўкилиб тушарди.
Бундай зотларнинг яна бири – Арслон ота эса ҳайбати одамни қўрқитадиган ваҳший арслонларни эшак қилиб миниб юрарди.
Яна бири шамоллару фасллар қанотида келадиган марҳамату фалокатларни аниқ биларди. Шу сабабли, сочлари барвақт оқариб кетган, тинмай йиғларди.
– Тавба, – дейишарди одамлар. – Шунчалик қудратга эга қилиб қўйибди-ю, бу одамнинг йиғлашини кўр.
Ҳатто қўлсиз бир авлиё сават тўқиб кун кечирганини, уни қандай тўқишига қизиққан кишилар келиб кулбасига мўралашганида, Худо унга ғойибдан қўл ато этганини ёки яна бири кўзсиз кўра олганини ҳам айтадилар. Сўқир киши шундай эканки, олисдаги тоғ тошига қўниб ўтирган турнанинг кўзигача кўриб турар экан. Яна, шу ҳолларида, қўлсиз тўқийдиган, кўзсиз кўрадиган қилиб қўйгани учун Танг­рига ёлвориб, марҳаматидан жудо қилмаслигини ўтинишар экан.
Кишилар у зотлардан яна нималарни сўрашганини-ю нима жавоб қилишганини айтишнинг ҳожати йўқ. Билганлар сукут сақлайдилар. Билмаганлар эса турли тахминларини айтишса-да, уларнинг сўзлари кўпинча ҳақиқатдан йироқ бўлади.

Абар ўғри қиссаси

Саҳролари даштларга, даштлари водийларга, водийлари тоғларга қўшилиб кетган шу қадим ҳудудлардаги сон-саноқсиз қишлоқ ўрамларидан бирида Абар деган ўғри яшаган, дейишади.
Абар шунчалик шум, баттол эканки, кишиларнинг кўзини шамғалат қилиб, шундоқ бурнининг тагидан қўй-молини етаклаб кетаверар экан.
Биронта қишлоқда яшамас экан. Қачонлардир ота-онаси бағридаги шўхгина болакай эди, ота-она ўтгач, туғилиб ўсган маконини тарк этиб, дашту саҳрога бош олиб кетган, дейишади.
Ўша теваракдаги Гувалдак деган бир қишлоқ аҳолиси бир куни пешин маҳали узоқдан бир киши келаётганини кўришибди. Қўлларини кўзларига соябон қилиб қараб туришса, Абар экан.
Қишлоқ оқсоқоли бақирибди:
– Бу Абар-ку! Ушланглар ўғрини!
Ажабки, Абар киприк қоқмай қараб тураверибди.
– Ия? – деб ҳайрон бўлишибди одамлар. – Сен ўғри эмасмидинг? Нимага қочмасдан, тек турибсан?
– Одамлар Худога ишониб, савобдан умид қилиб, бола-чақасининг ризқидан қийиб топган-тутганини опкелишса, уни туя қилган сен ўғрими ё битта-иккита мол ўғирлаган менми? – дебди Абар, киприксиз кўзлари юмилмай, безрайиб.
– Оқсоқол ниҳоятда ҳурматли киши, беадаблик қилма! – дейишибди кишилар.
– Мен битта-иккита мол-қўйни очлигимдан, қорнимни тўйдиргани ўғирлаб кетардим, – дебди Абар. – Сен рўза-ниёз деб халқни қанча молини единг? Мен ҳар ўғирлик қилганимда Худо деб борардим. У раҳм қилгани учун одамлар ўғирлигимни пайқамай қолишарди. Сен эса Худо номини сотиб бойиб кетдинг. Қани айт-чи, қайси биримиз беадаб?
Одамлар нима деярини билмай қолишибди.
Ниҳоят ақллироқ бири:
– Муни ўғри деган номи бўлсаям, биронтангиз ўғирлик устида қўлга туширдингизми? Далил-исботингиз борми? – деб сўрабди.
– Йўқ, – дейишибди кишилар. – Аммо ўзи тан олиб турибди-ку?
– Гапидан қайтса-чи? – деб сўрабди фаросатли киши.
Шунақа баттол ўғри эди-да Абар.
– У ҳолда бир бандага жавр бўлмасин, – дебди ҳалиги киши. – Хўш, нима учун келдинг халқ орасига?
Шунда Абар даштда рўй берган воқеани гапириб берибди.
– Чайламда ётувдим, – депти у. – Бир маҳал шарпа эшитилди. Чиқиб қарасам, бир чол бир арслонни эшак қилиб миниб келаётган экан.
Чолни қўятуринг-у арслонни ваҳшатини кўрсангиз эди! Баҳайбат, ҳар панжаси ходадай, ёллари силкиниб-силкиниб, попилтириқли думини силкитиб-силкитиб келяпти.
“Ия” деб тилим калимага келмай серрайиб қолдим.
– Ҳа, Абар? – деди чол, менга. – Миррих пастлаб қолди, ётаверасанми?
Феълим терс-ку, “Миррихинг нималигини билмайман-у пастлаганидан гапирасан”, дедим.
– Пастласа-ю бошингга йиқилса, сенга нажот берадиган биров бўлмайди, – деди чол. – Тагида чумолидай эзилиб, абжағинг чиқиб ҳалок бўлиб кетасан.
Шундай деб халачўпини бир силкиган эди, юзлаб махлуқлар пайдо бўлди. Орасида тимсоҳлару мен билмайдиган қўрқинчли ваҳшийлар бор эди. Бари тишларини иржайтириб ваҳшат қиларди.
– Э тавба, – дедим. – Ҳой чол, ўзинг кимсану булар нима?
– Булар гуноҳларинг, – деди чол. – Ҳар битта қилмишинг бир ваҳшийга айланиб сени кутиб турибди.
– Ҳозир Гувалдак деган қишлоққа борасан, – деди кейин. – У ерда эски бир мачит бор. Ўшанинг нураб тушган деворини тузатасан, кейин одамларнинг хизматини қиласан. Эвазига ҳақ олмайсан, халқ нима берса шуни ейсан. Шояд гуноҳларинг афв бўлса. Шу тариқа арслонини миниб, тепага ўрлаб кетди. Мен эса бу ёққа келавердим.
Одамлар Абарнинг гапларига ишонишмабди. Гарчи Абардай саводсиз бунақа гапларни қайдан олганига ҳайратланишсаям, барибирам ҳайдашибди. Бироқ, Абар уришса ҳам, сўкишса ҳам кетмасмиш.
– Шошманг, ахир, – дермиш. – Сиз у арслонларни кўрсайдингиз! Одам боласини омон қолдирмайди. Мен сиздан ош-нон сўраётганим йўқ. Шу мачитда сув-пув ташиб, супуриб-нетиб юрсам, бас. Хизматингизни қилай, ахир.
– Хизматингни бизга кераги йўқ, – дейишибди одамлар. – Шу пайтгача ўзимиз эплаб келяпмиз.
– Мен ахир, қўрқяпман, – дебди Абар. – Нималигини сизга таъриф қилиб беролмайман, аммо жудаям қўрқяпман.
– Гуноҳни ўзинг қилдинг, тавбасиниям эпларсан.
Абар шу кетганича кетибди. Уни биров қайтиб кўрмабди. Нима бўлганини ҳеч ким билмади-ю орадан йил ўтиб, баҳор чоғида оқсоқол тилдан қолди.
Нега тилдан қолгани ҳеч кимга аён эмас. Ҳол сўрагани кирган кишилар ўзларини бардам тутиб, кўнгил кўтариш учун жилмайишиб ҳол сўрасалар, деворни кўрсатиб кўзларини ола-кула қилармиш. Ҳар ҳолда ўша ерда жуда қўрқинчли бир нимани кўрганини билдирмоқчи бўларди, шекилли. “Э тавба, Худо бериб қўйган неъматларнинг қадрига етмаймиз-а? – дейишарди одамлар, чиқишгач. – Қара-я, тил деганлари бор-йўғи бир парча эт, қушдаям, ҳайвондаям бор, шуни опқўйса, одамнинг аҳволига боқ!”
Ўша йили оқсоқол ўзига келмай вафот эди.
Шундан кейин Абарнинг дараги чиқди.
Даштга чиққанлар саҳро қўйнида бир дахма кўришибди. Кичкина булоқ жилдираб оқар, дахма олдида соч-соқоли ўсиб кетган Абар ўтирган экан.
Уни таниб бўлмасмиш. Авваллари шиддати ичига сиғмайдиган, қора кўзлари ўйнаб турадиган серҳаракат йигит эди. Бу эса кўзлари жавдираган бир бечора. Агар Абар бўлса Худо инсоф берибди, дейишибди кишилар.
– Бу Арслон ота дахмаси, – дебди Абар. – Уни шу ерда кўрувдим. Ҳаққи-ҳурматига дахма қурдим.
– Бирон бир жонзот йўқ жойда дахмангдан нима фойда?
– Жон эгаси бор-йўқлигини сиз қайдан ҳам билардингиз? – депти Абар. – Ҳар тонгда юзлаб қурту қуш тўпланиб келади. Шуларга дон-дун териб келиб сепаман.
Абар афсонаси шу тариқа пайдо бўлди.
У мақбара ҳозир ҳам бор. Даштдан тоғларга қараб ярим кун юрсангиз, яккам-дуккам ўсган бурганлару чўл янтоқлари орасида устида туғи осилиб туради. Уни халқ Арслон ота дахмаси деб атайди.
Абар унутилиб кетди. Уни биров эсламади. Фақат бир кишининг тушига кирибди. Ортида уйдай-уйдай баҳайбат ўргимчаклар, том бўйи чаёнлар бормиш.
– Булардан қандай қутулишимни билмайман, – дермиш Абар зор-зор йиғлаб. – Бир зум тўхтолмайман. Тўхтасам, анавилар мени еб юборишади.
Шундай деб ўтиб кетармиш.
У туш ростмиди, ёлғонмиди? Ҳар ҳолда рост бўлсаям, ёлғон бўлсаям бировга нафи тегмаслиги турган гап. Умр давом этмоқда, кишилар ҳар куни ҳар хил тушлар кўришади, ҳар бирига диққат қилинаверса, ҳаётнинг таъми қолармиди?
Абардан шу гап қолди, холос.

Эна ҳикояси

Болам, турмуш оғир, ҳаёт машаққатли эди.
Мен янги келин бўлиб тушган хонадон ўзим катта бўлган ҳовлидан унча фарқ қилмас, ўша-ўша заҳматлару меҳнатлар бу ерда ҳам давом этса-да, ўзимнинг рўзғорим деб қувонардим. Ҳар ҳолда, қизбола бўй етар экан, кун келиб ўз уйим-рўзғорим бўлсин деб орзу қилади. Уйга кирсам, янги тўшакларимнинг исига суюнардим.
Қайдам, ўша пайтларнинг энг қувонтирадиган нарсаси янги кўрпа-болишлар, сўзанаю пардалар бўлганмикин? Латта-путталаримга қараб ҳам севинаверардим, ахир, ўн олти яшар қизалоқ эдим-да.
Жамалаксоч қизчалар менга қараб ҳавасланишса, ўзимни еттинчи осмонда сезардим. Худди катта бўлиб қолгандай, қадру қийматим ортиб қолгандай туюларди-да. Ким кўрса ўзингдан кўпайгин, ризқинг буғдойдай сочилсин, деб дуо қиларди. Билсанг, қизлар турмушга чиққанида энг катта орзу-ҳаваси – фарзанд бўлади. “Ўзимнинг болам” деган ёқимли ўй бахтдан дарак бериб этини жимирлатади, кўзининг оқу қорасини бағрига босишни жуда-жуда истайди. Мен ҳам бир этак ўғил-қизларим бўлишини хоҳлардим.
Орадан йил ўтди, Худойим фарзанд беравермади. Кўнглимга ваҳима оралай бошлади. Етти пуштим соғ, нимага бермас экан, ўзим билмай биронта гуноҳ қилиб қўйдимми, деб қўрқдим.
Ўшанда момонг айтдики, ҳар жума нон ёпиб, етти қўшнига чиқараверасан. То бўйингда бўлмагунга қадар, ҳар чиқарганинг савобини Хизр бувага атайверасан. Баъзан пешанангга ёзилмаган нарсалар улуғлар дуоси билан насиб қилади. Хизр шундай зотки, чақирсанг эшитмайди, чорласанг келмайди, аммо унинг учун бир нима қилсанг дарров билади. Ёруғ дунёда биров менга савоб бағишламасди, бу банда ким экан, деб дунёни нариги чеккасидан ҳам етиб келади.
Шуни билки, савоб ниҳоятда улуғ нарса. Одам боласидан бошқа биронта яратиқ савоб ҳосил қила олмайди, ўзгага бағишлашини-ку қўявер! Хизрки шунга зор экан, ҳикматини ўзинг билиб олавер.
Яна, ҳар саҳар турганингда дарвозанг эшигини албатта қия очиб қўй. Одамлар уйқудан уйғониб-уйғонмаган маҳал Хизр бува тоза, саришта хонадонларга ризқ улашиб ўтади, бетартиб, қаровсиз уйларга эса қараб ҳам қўймайди…
Айтганини қилдим. Ҳар жума етти патир пишириб етти қўшнига чиқаравердим. Қўни-қўшни ҳаққимга дуо қилаверди.
Йил ўтгач, хўрлигим келди. Бостирмада молга ўт солаётган эдим. Сигир туққан эди. Жонивор, бузоқчасига шунақанги меҳрга тўлиб-тўлиб қарайдики! Бузоқча эса шаталоқ отиб, орқа оёқларини кўтариб-кўтариб ирғишлаб ўйнайди. Бир айланиб онасининг ёнига қайтиб келса, бўйнини чўзиб ғадир-будур тили билан ялайди, шунда бузоқ юнгида тарам-тарам ҳўл излар қолади.
“Эй Бори Худоё, шу ҳайвонгаки зурёд бердинг, менга бермайсанми” деб йиғладим.
Ана, энг ҳақир чумчуқларгача бола очди. Чумолилар болалари билан ўрмалаб хирмон ёйишди.
Пақирни кўтариб, кўчага сувга чиқдим. Кун иссиқ, жазирама. Шунда йўл четидан бир чол келаверди.
Бир қарасам, танишга ўхшайди. Яна бир қарасам, мутлақо нотаниш. Аммо юз-кўзидан нур ёғилиб турибди.
Келиб айтдики:
– Қизим, бир коса сув берсанг, жуда чанқадим.
“Хўп” деб сув опчиқиб бердим. Чол мириқиб ичди-да, кулимсираб:
– Уйингда ҳамма дарахтдан бор экану гилос йўқ экан-да? – деди.
Ҳовлида ростдан ҳам гилосимиз йўқ эди.
– Ҳа, шунақа, – дедим.
– Ҳозир айни вақти, – деди. – Бостирма олдидаги анор қуриб қолган жой бор-ку, ўша жойга эринмасдан бир туп гилос қадаб қўй, бўптими? Янаги йил гуллаганида ўзинг суюниб, мевасидан ейсан.
Кейин қибла тарафга ўгирилди-да:
– Илоҳо, омин! Шундай бўлсин! – деб дуо қилди.
Уйимга қайтиб кирдим, косани жойига қўйдим, молга сувини охиригача бермаган эдим, бостирмага қараб кетаётиб, бирданига тўхтаб қолдим.
Ёпирай, у чол уйимда гилос йўқлигини қайдан билақолди?
Бостирма олдида ростдан ҳам анори қуриб қолган жой бор эди, ўша ерга бир нима эксамми деб мўлжаллаб юрардим. Унақа жой борлигини қайдан билди?
Юрагим ҳаприқиб, чопиб изимга қайтдим. Кўчага чиқиб қарасам, ҳеч ким йўқ. Иссиқда тупроқдан ҳовур кўтариляпти, холос.
Ичимга чироқ ёққандай бўлди. Эртасига бобонгга айтиб гилос кўчати опкелтирдим. Иккаламиз қададик, ҳар кетмон урганида, ҳар сув қуйганимда “Худо” деб турдим. Гилос тутиб кетди, ўша йилиёқ барг ёзди, бироқ гул очмади.
Куз келганида тўшаклар билан авайлаб ўрадим. Ҳар куни хабар олавердим.
Яна баҳор келди. Дов-дарахт яшилга бурканди. Гилосим гуррос гул очди. Гулларига қараб, силаб-силаб “Сен-ку гул очдинг, мен-чи?” деб ўксиндим.
Отам барвақт ўтиб кетган эди. Шу кеча тушимга кирибди. Оппоқ яхтакларни кийиб, янги белбоғларни бойлаб олган эмиш. “Қизим, рўзғорингда пичоғинг йўқ экан, янгисини опкелдим” деб, тиғи ярақлаб турган пичоқни олиб сўрига қўярмиш-да, “Бу жуда ўткир, эт-суякни бирдай кесади, эҳтиёт бўлиб ишлатгин” дермиш…
Тавба! Тушда узук ё тақинчоқ кўрсанг қиздан, пичоқ ёки ханжар кўрсанг ўғилдан дарак, дейишмасмиди? Суюниб турсам, ўқчиқ келди. Сира тўхтай демайди. Ёмон бир нима еб қўйдиммикин? Чопиб бориб сув ичдим, сал босилди. Аммо бироз ўтиб-ўтмай, яна бошлади. Энанг раҳматли тирик эди, олма тагида ўқчиётганимни кўриб:
– Ана, – деди қувониб. – Худо беради демаганмидим? Ўзи, бетингни сепкили кўпайиб, холинг қорайиб қолганидан билувдим… Илоё умри-ю ризқи билан берган бўлсин!
– Вой?
Тўсатдан келган бахт шунақа бўлар эканми?
– Ростданмикин? – дейман-у шарақлаб кулгим келади, ичимга сиғмайман.
Ҳамма ёқ шу туфайли ўзгариб кетди. Рўзғорим нурга тўлгандай туюларди. Ажо­йиб тушлар кўрардим, яшил ўрмонлар оралаб чопиб юрган кийиклар, йўғон дарахт танасига тирмашиб чиқишга уринаётган айиқполвонлар, ердан қайнаб чиқаётган булоқлар тушимга кирарди. Жайронларни бўйнини силаб ўтирган бўлардим…
Буларнинг ҳаммаси ўша чолни дуоси туфайлимиди? Қайдам… У авлиёмиди, деб ҳам ўйлайман. Бир қарасанг унақага ўхшамайди. Яна бир қарасанг, ростдай. Ўшандан кейин тўққиз ой ўтиб отанг, кейин аммаларинг дунёга келишди. Гилос йил сайин бўй чўзиб, оламжаҳон гул очаверди, мевасини қурту қуш чўқиб кетаверди. Мен эса тўққизта болали бўлдим. Ахийри ёшим улғайиб туғмас бўлганимда, гилос ҳам қуриди-қолди.
– У чол ким экан?
– Хизр бува эди, – деди энам ишонч билан. – Қайларнидир кезиб юрганида, ҳар жума мен қўшнига берган патирларимни савоби бораверганига ҳайрон бўлиб, излаб келган-да. Ким билсин, кўзимга кўринмай рўзғоримгаям назар солгандир? Қараса, фарзанд илинжида куйган бир шўрлик… Раҳми келиб, дуо қилгану кетган.
– Бошқа иши йўқмиди? Сизни патирингизни деб келармиди?
– Бекор айтибсан, – деди энам. – Худо уни бекорга яратибдими? Майда-чуйда қурту ҳашаротники бир юмуши бор, Хизрники бўлмасинми? Одамларни мушкулини осон қилиб юрадиган кароматли зот у. Эҳ-ҳе, ер юзида қанча одам бор? Шулар орасида юра-юра, ҳеч кимга билдирмай бир нималарни тўғрилаб қўяди-да. Кейин ҳаётингга барака кела бошлайди, қайдан келаётганига ақлинг шошади. Ич-ичингдан сезиб турасан-у кўзинг билан кўриб, қўлинг билан ушлаб ололмайсан. Энг муҳими, рўзғоринг бахтга тўлиб қолади. Кирсанг ҳам, чиқсанг ҳам сезиб тураверасан. Мана, битта бахтим сенсан, – шундай деб юз-кўзимдан ўпиб-ўпиб олди энам. – Бир мўмин-мусулмонга яна нимаям керак бўларди? Рўзғорим бут, болаларим тўкин, шу-да бахт…
– Кейин кўринмадими?
– Йўқ, сира кўрмадим, – деди энам. – Отанг туғилганидан кейин яна етти ой Хизр бувага атаб нон ёпдим. Ҳар сафар миннатдор бўлиб, раҳмат айтиб ёпавердим. Нон увоқларини қушлар олдига қоқсам ҳам савобини унга атайвердим. Хизр рўпара келмади-ю, аммо тушимга кирди.
Қарасам, ўша чол, кулимсираб турибди. Ортида қайгадир кетиб бораётган одамлар оломони…
– Тожинисо қизим, – деди.
“Ия, отимниям билар экан-да”, деб ҳайрон бўламан.
– Бўлди энди, етар, – деди. – Ота-онанг савобга зор бўлиб ётишибди. Шунча қилдинг, бас. Мен ҳам Худони сенга ўхшаган бандасиман. Умрингни қолган қисмида ота-онангга савоб қилақол, сендан розиман, деб ўша ғалати оломон ичига кириб кетди. Шундан кейин у ишни бас қилдим. Энди неки яхши иш қилсам, савобини ҳалигача ота-онамга бағишлайман. Уларни соғинаман, ичимда ҳалиям кичкина қизалоқдайман… – хўрсинди. – Сизларнинг кўзингизга эса мункиллаб қолган қари кампир бўлиб кўринаман…
Эл орасида яна юзлаб шундай ривоятлар бор.
Бироқ, нима учундир у кароматгўй зот бугун ҳеч кимга кўринмайди. Тарих кишилари содда бўлишган десак, бугуннинг уддабурон одамлари ҳам у зотга дуч келишни орзулашади. Аммо, у йўқ, йўқ, йўқ! Шамоллар елади, теракларнинг учларини эгиб-эгиб, ёмғирга ҳомила булутларни суриб келади, жалалар қуяди, ҳаволар ўзгаради, наботот барқ уриб, яна йўқликка жўнайди, чорва туғилади, ҳалок бўлади… Ҳаёт бир хилда давом этса-да, бирон ерда бирор киши Ҳазрати Хизрни кўрдим демайди… Гўёки Мусою Юнус алайҳиссалом ёки бошқа муборак кишилар каби вафот этиб кетган, ёди тарих қатларидагина қолган… Улар-ку Тангри таолонинг танлаб олган улуғ зотлари эдилар, эл аро авлиёларни ҳам кўрмайсиз. Ҳаммаси тарихда, ақлу нигоҳ етиши мушкул зулматлар орасида, ўзлари етишган билимлари бағрида мангу оромга чўмишгандай…
Билимли киши ва девона Єиссаси

Яккам-дуккам буталар ўсган дашту саҳро оралаб икки киши кетиб борарди.
Бири – бўйнида дор ипи, оппоқ кафанига чулғанган озғин, сочлари ўсиқ, иккинчиси – яшил тўн кийган, узун бўйли, барваста одам бўлиб, улар ортидан бир кучук ҳам эргашиб борарди.
Бир жойга етганларида, яшил тўнли киши сўради:
– Дор оғочини арралаётган пайтим мени нега тўхтатдинг?
– Тақдир ёй, ажал ўқ, отгувчи Ўзи бўлса, қайга қочардинг? – деб жавоб қилди шериги.
– Тўғри айтасан, – деди яшил тўнли киши ўйланиб. – Ўзидан бошқа манзил йўқ. Энди ҳар нарса ниҳоясига етди. Сафаринг хайрли бўлсин…
– Нима дейсан, кўриш насиб қилармикин? – илинж ила сўради дор ипи бўйнида бўлган киши. – Дунё сари келиб, бир лаҳзада кетгандайман. Жамолини бир кўрай деб бутун умр ўртангандайман. Ҳар нарсадан кечиб, бошимни остонасига қўйгандайман-у… Жонимни тараддуд ёқмоқда, ишқилиб, кўрармикинман?
– Остонадан ўтиб бўлдинг, – деди яшил тўнли зот. – Бундан у ёғига мен бора олмайман. Ҳар не дардинг бўлса, Ўзига айтарсан.
– Айтганинг келсин, – деди шериги. Сўнг тараддудланиб, бирданига юз-кўзи ёришиб, шундай деди: – Яна қайта кўришиш насиб қиладими-йўқми, сен ҳам, мен ҳам билмаймиз. У ҳолда… мендан рози бўлгил! Алвидо!
– Сен ҳам рози бўл. Алвидо! – деди яшил тўнли киши.
Бўйнида дор ипи бўлган киши ўз йўлига кетар экан, теваракни саҳро иссиғи каби чулғаб бир нидо таралди. У худди жони бордай, эгасининг ортидан қувларди. Қуюнга айланиб, қумларни тўзғитиб сочар, гоҳ олдинга ўтар, гоҳ ортида қолиб эргашиб борарди:

Ҳар кишини дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида.

Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб, йиғлаб турармен ушбу дам дор олдида.

Ҳар киши бир жўрае нўш айласа бу бодадин,
Ул қиёматда қилур арзини Жаббор олдида.

Телба Машраб, қилмағил сиррингни зоҳидга аён,
Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи зор олдида.

Икки зот шу тариқа бир-бирларидан айрилишди.

УЧИНЧИ ҚИСМ

Кун қизиб кетди.
Миллий университетнинг фалсафа факультети талабалари навбатдаги дарсга сира ошиқишмасди. Узундан-узоқ тарих воқеалари, тахминлару мулоҳазалар, қарама-қаршиликлар уларни шоён зериктириб бўлган эди. Ахир, инсон ақли тўлишиб, ҳаёт воқеаларини кўра-кўра кўзи пишиб, ўрганган билимларини тажрибаси билан чоғиштирганидан сўнггина фалсафага эҳтиёж сезади. Эндигина балоғат остонасини ҳатлаган ёш йигит-қизларга эзма чолларнинг узундан-узоқ, қайдан бошланиб қайда тугашини билиб бўлмайдиган хулосалари ҳаётдан узоқ, кераксиздай туюлиши ҳам бор гап.
Кенг-мўл йўлакнинг эълонлар тахтасига катта эълон осилган, унда бугун Мисрдан келган машҳур олим дарс ўтиши билдирилган эди. Ҳатто шу эълон ҳам талабаларни қизиқтира олмади, факультет деканининг дўқ-пўписаларидан кейингина болалар иш жиддийлигини сезишиб, ҳозир ўша аудиторияга боришга ва орқароқдаги ўриндиқларни эгаллаб олишга шошмоқда эдилар.
Мавзу ҳам ажойиб эди: “Халқ ривоятлари ва замонавий фан”.
Ҳар турли воқеаларни мулоҳаза қилган, ҳатто илмий кашфиётлардан ҳам фалсафий хулосалар чиқаришни севадиган бу фан энди кишилар оғзидаги ривоятлар негизида ҳам умумий ҳамда ғоятда ақлли хулосалар чиқаришга бел боғлагани аён.
Роппа-роса айтилган маҳалда аудиторияга Дониш домла кириб келди. Паст бўйи, пилдираб юриши, тепакаллиги ва насиҳатни яхши кўриши билан шу лақабга сазовор бўлган эди. Ёнидаги узун бўйли, қотмадан келган, замонавий кийиниб, ҳатто кўкрак чўнтагига бўйинбоғи рангида яшил рўмолча тақиб олган кишини эҳтиром билан тўрга чиқаргач, Дониш домла завқ-шавқ билан эълон қилди:
– Шарқ фалсафаси академиясининг ҳақиқий аъзоси, бир қанча олий даргоҳларнинг фахрий профессори бугун бизнинг меҳмонимиз! Ҳурматли олим бизларга халқ оғзида ҳануз кезиб юрган ривоятларнинг ҳақиқий талқинини аён қилиш учун ташриф буюрдилар.
Талабалар орасидан узуқ-юлуқ қарсаклар эшитилди. Дониш домла ўтирганларни жилмайиб кўздан кечирар экан, нигоҳи дераза рафидаги қуриб қолган қовоқ поя­сини ҳамда қорайиб турган ўлик чивинни илғади. “Оббо, биров эътибор бермабди. Меҳмоннинг кўзи тушса шарманда бўламиз-ку” деб ўйлади норозилик билан. Бироқ энди вақт ўтиб бўлган, камчиликни тўғрилашнинг иложи йўқ эди.
– Ҳурматли талабалар! – деди Дониш домла, янада шодон овозда. – Рухсатингиз билан, мен бироз кириш нутқи ирод этмоқчиман. Бугун сизлар билан бир қанча асрлардан бери оғиздан-оғизга ўтиб келаётган мўъжизалар ҳақида суҳбатлашамиз. Оддий кишилар ўтган замонларда турли-туман хаёлий кучларга эътиқод қўйиб келишганидан хабари­н­гиз бор, албатта. Ундай ривоятлар бугунги кунимизда ҳам гоҳо учраб туради. Тўғрими?
– Тўғри, – узуқ-юлуқ жавоб келди аудиториядан.
– Инсон вужудининг имкониятлари беқиёс, бизлар унинг фақат икки фоизинигина ишлата оламиз. Халқ орасида шу сингари эътиқодлар турли-туман. Мисол учун, Юнус деган пайғамбарни бир балиқ ютиб юборгани айтилади. Ёки дашту чўлларни кезиб юрадиган, мушкулларни осон қиладиган Ҳазрати Хизрдан ривоят қилинади. Хабарингиз бор-а?
– Ҳа.
– У ривоятларда ихтилоф шу қадар кўпки, ақл бовар қилмайди, – деди Дониш домла. – Одам ютишга ҳамда уни ошқозонида бир неча кун олиб юришга қодир махлуқ нима экан? Ундай улкан балиқлар уч турли, холос, яъни, юнусбалиқ, кашалот ҳамда акула. Юнусбалиқ ниҳоятда баҳайбат жонзот, лекин одам тугул, оддий балиқларни ҳам ютолмайди, сабаби, томоғида тароғи бўлади. Кашалот ҳақиқатан ҳам одамни ютишга қодир, аммо нима учундир инсон зотига сира яқинлашмайди, сезгани заҳоти етти чақиримга қочиб кетади. Акулага келсак… баъзи халқлар уни кўппакбалиқ деб аташади, чунки ўлжасига қутурган итдай ташланиб, гўштларини юлқилаб узиб-узиб ейди, яъни, ютмайди. Ёки Ҳазрати Хизрни олайлик. Уни кишилар шарти кетиб, парти қолган бир чол деб тасаввур қилишади. Тавба, чол бўлса, дашту саҳрони кезиб юргани қайдан куч-қувват топақолди? Чўлни кўргансиз, тикану янтоқдан бошқа бир нима ўсмайди, қайдан егулик топди, қайдан сув ичди? Лекин, деярли ҳар қишлоқда кимгадир дуч келгани айтилади. Айтинг-чи, у ҳолда нима учун шу кунларда ҳеч кимни балиқ ютмайди ёки ўша айтилган Хизр ҳеч кимга кўринмайди?
Жавоб бўлмагач, Дониш домла ниҳоятда ҳаққоний шу саволидан ўзи завқланиб, давом этди:
– Ютгани ёки кўрингани билан… Хўш, кимга фойдаси бор?
– Ҳеч кимга! – деб жавоб берди ўзи, сўнг мулоҳазаларини баён қила кетди: – Яқин замонларда ҳам ота-боболаримиз ниҳоятда қашшоқ ҳаёт кечиришган. У қашшоқликдан қутулиш имкони йўқлигини билишган, албатта. Шу сабабдан турли-туман хаёлий зотларни яратиб олишган. Қадим ривоятларнинг барчаси худди дос­тонлару эртаклар каби, инсон орзу-хаёлларидан баҳс этади. Мисол учун, Сулаймон пайғамбарни шамол кўтариб учган дейдилар. Яна бири ўтда ёнмаган, бошқасини эса балиқ ютиб юборганмиш. Эътибор қилсангиз, инсон боласи юз йилдан буён ўзи шамол ҳосил қилиб самоларда учиб юрганидан ташқари, фазога парвоз қилиб, Ойга ҳам бориб келди. Ўтда ёнмаслик масаласига келсак, ўт ўчирувчиларимизни яхши биласиз, уларнинг махсус кийимлари олов бағрига бемалол кириб-чиқишларига имкон беради… – Дониш домла бироз ўйланиб қолди-да, давом этди: – Ҳаво! – деди шодланиб. – Ахир, олов ёнганида ҳавони сўриб олади-ку? Шу сабабли ўт ўчирувчиларнинг скафандрида ҳаво ёстиқчалари бўлади… Хуллас, замонавий илм биронта мўъжизага ўрин қолдирмади. Бугун инсоннинг ўзи Хизрга, Сулаймонга, Иброҳимга айланиб бўлди. Балиқ қорнидаги одамга келсак… фазо зулмати олдида у нима бўпти? Инсон боласи аллақачон космик кема қорнида туриб, совуқ зулматларга-ю юлдузларга назар солди, бироқ, зулматдан қўрқиб “Мени қутқар!” дея нидо қилмади, балки она Заминда ўзини кузатиб турган инсонларга қарата жилмайиб қўл силкитди… Мўъжизалар ҳозир рўй бермаслигининг сабаби мана шу! – деди у. – Энди сўзни ҳурматли олимимизга берсак-да, ижозатингиз билан, оламда ундай кароматли зотлар билимсиз, жоҳил кишиларнинг хаёлоти туфайли ўйлаб топилганини исботлаб берсалар!
Олим аудиторияни бироз кузатиб тургач, сўз бошлади. Овози сокин, босиқ, бироқ аудиториянинг охиригача бирдай етиб борарди. Бу овоз ҳаммани ўзига маҳлиё қилиб қўйди.
– Кун тиккага келган, икки денгиз суви бир-бири билан аралашиб кетмасдан, оҳиста долғаланарди, – деди олим, гўё бу оҳанг билан ҳаммани олис диёрларга, бир тарафида саҳро қуми денгиз каби тўлқинланган, бошқа тарафида эса денгиз суви саҳродагидай долға урган диёрларга олиб кетмоқчидай оҳангда. – Мана шу ғалати чегара кесишган жойда, кимсасиз соҳилда бир киши ва унинг хизматкори кетиб бормоқда эди.
Олдиндаги кишининг исми Мусо, ортидаги сават кўтариб олган хизматкорнинг исми эса Исо Навин эди.

Қизил денгиз бўйидаги воқеа

Исо Навин художўй киши эди. Бола-чақаси бормиди, асли зоти кимлардан эди, булар ҳақида биров бир нима билмайди. Мусо алайҳиссаломга шоён меҳр қўйганидан унга хизматга ёлланган эди.
Ҳозир Тангрининг пайғамбари олдинда кетиб борар, шу туришида оддий кишилардан сира фарқ қилмас, чориғидан қолаётган излар ҳам оддийгина. Очқасак ермиз деган мақсадда тузланган балиқни саватга солиб, Навин уни елкасига осиб олган эди.
Навин бу соҳилга нима учун келишганидан бехабар эди. Икки денгиз бирлашган жойда, теваракда жон асари кўринмасди. Жуда кўп воқеаларга гувоҳ мангу қоятошлар иссиқда чатнаб-ёрилиб кетибди. Жазирама кучайгани маҳал майда жонзотлар ўша ёриқларга кириб жон сақлашади. Денгизнинг кўпикли сувлари соҳилга бош уриб, шовуллаб ортга қайтарди. У кўпиклар нима сабабдан ҳосил бўлишини Навин яхши биларди. Шўр сув ўзига тушган нарсаларни кўпикка айлантириб юборади, шу боисдан суви доимо тоза бўлади.
Орадан бироз вақт ўтгач, қуёш найза бўйи кўтарилди. Теварак иссиқнинг зўридан мовий пардаларга ўраниб кўрина бошлади. Шу маҳал Навин елкасидаги саватда тушунарсиз ҳаракат сезди.
Бу ғалати ҳаракат эди. Эчкемар боласи кириб олдимикин, деб ўйлади Навин, ҳамда ёнига эгилиб, саватни елкасидан туширди-да, устидаги ёпқични очган эди, тузланган балиққа тўсатдан жон кирганини кўрди. Ўлик балиқ типирчилаб, ўзини ташқарига отди. Соҳилнинг сариқ қуми устига тушгач, яна бир-икки билтанглаган маҳали тўлқин етиб келиб, уни ўз бағрига олди.
Навин рўй берган ҳодисага ақли етмай қараб турарди. Бу ғайриоддий воқеа шуурини карахт қилиб қўйди, ҳатто тили калимага келмади.
Шундан сўнг ундан ҳам ғаройиби рўй берди. Тузланган балиққа жон кириб, сувда сузиб кетди. Аммо сузиб ўтган йўли қандоқ бўлса шундоқлигича қолаверди. У ҳозир балиқ гавдасига мос, денгиз тубига қараб чўзилиб кетган ингичка қувурни эслатарди.
– Ия! Ия! – дерди Навин, ҳангу манг бўлиб.
Шу маҳал сал нарида ажойиб бир соҳибжамол пайдо бўлиб, Навинга қараб илжайиб, нозик бармоғини лабига босиб “Жим бўл!” ишорасини қилди, унга қараб Навин серрайиб қолди, ғайришуурий равишда саватини елкасига осди. Салдан ке­йин яна қайтиб қараганида, соҳилда ҳеч ким йўқ эди.
“Иссиқда кўзимга шундай кўриндимикин”, деб ўйлади у пешанасидаги терини артиб. Ҳа, иссиқ зўрайди, ғалати хаёлотлар кўрина бошлади.
Ҳамда ўзига келиб, ҳозир хаёлида бино бўлганлар кулгили ва бемаъни туюлиб, хожасининг ортидан эргашди.

* * *

Қуёш янада кўтарилганида Мусо баландроқ бир қоятошнинг соясига келиб тўхтади-да, юз-кўзидаги терни артиб, ҳорғин товушда:
– Ҳой Навин! Кун тиккага келиб қолди, тушлик қилиб олсак бўлар? – деди.
Навин бош ирғаб, сояга саватини қўйди. Унда балиқдан ташқари, бир кўза сув ҳам бор эди. Қумларни нари-бери суриб, ўтиргани жой тайёрлади. Хожаси учун сал наридан япасқи бир тошни кўтариб келди. Кейин сават устидаги мовий ёпинчиқни очди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди.
– Ия! Ия! – деб такрорлади яна, тили калимага келмай.
– Ҳолимга вой! Менинг ҳолимга вой бўлсин! – деб бошига иссиқ тупроқни соча бошлади.
– Нима бўлди, эй Навин?
– Балиқ сувга тушиб сузиб кетди! Балиқ сувга тушиб сузиб кетди! – такрорларди у. – Шўрим қурсин! Анави соҳибжамол қиз уни унуттирди.
Ҳозир хожасининг койишини кутиб, елкасини қисиб олган эди. Бироқ Мусо:
– Биз излаган нарса мана шу, – деди бирданига руҳланиб. – Юрақол, ортга қайтамиз. Сен у жойни эслаб қолдингми?
– Ҳа, сузиб кетган жойда изи қолувди, – деди Навин ҳалиям ҳангу манг ҳолича. – Э тавба, сувдаям из қоладими? Шундай ишниям унутадими одам?
Хожа ва хизматкор ортга қайтишди.
Бу қайтишнинг яна бир ғалати тарафи шунда эдики, келиш вақтида енгил кўчган йўл энди бирданига мушкуллашиб кетди. Теп-текис соҳилда юриш ҳам машаққатга айланди. Хожа ҳам, хизматкор ҳам қора терга ботиб йўл босишарди.
Хийла вақтдан сўнг Навин айтган жойга етиб келишганида, ўша ерда яшил либосга ўранган бир чолни кўришди. У тўнининг бир тарафини бошига қўйиб, қолган қисми билан устини ўраб соҳилда тин олиб ётган экан.
– Ассалому алайкум, эй Тангримнинг билимли бандаси, – деб саломлашди Мусо у билан.
Чол қаддини ростлаб, Мусога қараб:
– Жаннат аҳли бир-бирига айтадиган бу саломни сен қайдан биласан?
Навин четроқда уларга қараб тек турарди. Бу қурғоқда усти боши топ-тоза, ўзи бардам чолни кўриш бошқа ўйларни келтириб чиқарди. Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизакорлиги ҳаммага аён, ҳозир яна бир мўъжиза юз бермоқдами? Улар гаплашиб туришаркан, Навин юраги ичига сиғмай типирчиларди. Энди нима бўлади?
– Сен кимсан? – деб сўради у зот.
– Мусоман, – деган жавоб бўлди.
– Миср ерларида сувдан чиқариб олинган Мусомисан?
Шу маҳал бир қуш учиб келди. Жимитгина бўлиб соҳилга қўнди-да, гоҳ тумшуғини денгизга солиб, гоҳ бошини тепага кўтариб сув ичди. Сўнг пирр этиб яна ҳавога кўтарилиб кетди.
– Хўш, эй Мусо, менда нима ишинг бор? – деб сўради чол.
– Билганларингни билдиришингни сўрамоқчиман, – деди Мусо.
– Мен у раво кўрганидан ортиғини билмайман, – деди чол. – Унинг илми шу қадар кенгки, сену менинг билганларимиз шу қуш ичган сувчалик эмас. Бироқ, мен билганларимга сен тоқат қилолмайсан, сен билганларни эса мен билолмайман. Шунинг ўзи кифоя эмасми?
– Йўқ, – деди Мусо. – Ер юзидаги энг билимли одам ўзимман деб ўйлар эдим. У эса ғайбидан хабардор яна бир бандасидан хабар берди. Энди, билдирмагунингча сира тинчимайман.
…Навин қиссаси шу ерда ниҳоя топади. Шундан сўнг уни ҳеч ким эсламайди. Мусо ва кароматли чол ўз йўлларига равона бўлишади. Навин эса бўм-бўш сават, ярим кўза сув билан қолиб кетади. Унинг ўй-хаёлларидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Ахир, қаторасига учта мўъжиза рўй берди. Ўликка жон кирди, кўзга кўринмас банда зуҳур этди, сувда балиқ изи қолди… Анави соҳибжамол-чи, ростдан ҳам мавжудмиди? Демак, ер юзидаги тирик одамлар кўзидан ниҳон, сон-саноғи бемисл ўзга яратиқлар Унинг мутлақ ҳукмларини адо этиб, ҳаёт мувозанатини таъминлаб туришар экан-да?
Сиз қавмларга назар солинг, дейилади асотирларда. Кўзга кўринадиганининг ўзиниёқ ақлингиз қамраб ололмайди. Баҳор маҳали сон минг сув яратиқлари увилдириқ ташлаш учун уммонларни сузиб ўтиб, ўзга маконларга кўчишади. Бениҳоя кўп қушларга ҳукми илоҳий келгани боис чирқиллаб қитъалар узра учиб ўтишади. Узлуксиз айланиб турган чархи даввора аро одам ақли бовар қилмайдиган минглаб ҳодисотлар рўй беради. Кўрганингиз каммидики, кўринмаганидан баҳс этасиз?
Сувга тушиб кетган балиқ ҳақида ҳам биров гапирмайди. У ахир, тузланган балиқ эди. Ўша ҳолича яшаб қолдими ёки асрлар оралиғидаги мана шу буюк учрашувдан сўнг, ўз-ўзидан ғойиб бўлиб, кўпикка айланиб кетдими? Баъзилар, Мусо то Билимли киши тин олиб ётган ерга келгунига қадар унинг изи сувда тураверган, дейишади. У ҳолда, Билимли киши ҳам балиқнинг изини кўргач, оламлар Парвардигорининг бир бандаси билан шу ерда учрашишидан хабар топганмикин?
Билганимиз – маълуму машҳур икки буюк банда қиссасидир. Навин воқеаси шу ергача давом этиб келади ҳамда тарих зулматлари аро ҳодисалару қисматлар қаърига чўмиб кетади. Ровийларга кўра, Навин у ҳудудлардан ўз масканига эсон-омон қайтиб келади ҳамда Мусо алайҳиссалом номаълум бир чол билан сафарга жўнагани билан бир қаторда, содир бўлган барча воқеаларни айтиб беради. Бошқа маҳал бўлганида одамлар ишонмаган бўлишарди, аммо Мусо алайҳиссаломнинг ҳаёти то таваллудидан бери турли-туман мўъжизалару сир-синоатларга бойлиги учун имон келтиришади. Ҳатто бир нечтаси Навиндан у ерни суриштириб, бориб ҳам келишади, ўз-ўзидан аёнки, ҳеч нима топишолмайди. На сувга тушиб сузиб кетган ўлик балиқ, на иссиқ ҳовур аро пайдо бўлган соҳибжамол, на Тангри таолонинг икки буюк бандасининг излари…

Исажон СУЛТОН

Давоми бор

Саҳифа 205 марта ўқилган.