Оқтовда чўққилар уйғонар ҳар тонг

Назм

Бухоро фасллари

Шоир Тошпўлат Аҳмадга

Бухорони севар баҳор, куз, қишлар.
Кўнгилни узатиб, кўнгилга тўлгин.
Бу манзилни кезсанг – синар ташвишлар,
Бухорога келиб, Бухоро бўлгин.

Бухорони севар баҳор куз, қишлар,
Орингни кўтарган минорларга боқ.
Бухорога келиб-кетган яхшилар –
Меҳрин минорларга қадагай узоқ.

Кўнглингни узатиб, кўнгилга тўлгин,
Сиғиниб қўл чўзгин, сен дала-тузга.
Ияриб чопгувчи маҳрами бўлгин –
Минорлар чўмилса Лаби Ҳовузга.

Бухорони кезсанг тинар ташвишлар,
Бу манзилга қору ёмғирлар кўнгай.
Бухорони кўриб, бўлсанг гар ришта –
Лайлаклари келиб бошингга қўнгай.

Бухорога келиб, бўлгин Бухоро,
Юзингни босавер ҳар бир ғиштига.
Шомларни эмизган саҳарлар аро
Юрагингни топшир, бу қадим ишққа…

* * *

Сеҳргар куз улкан боғларни кезгай,
Сарғаяди сархуш дарахтлар барги.
Таъбинг совуқ ҳаводан безгай,
Куз эса қозонин чаппа тўнкарди.

Тўкила бошлади барглар шовуллаб,
Шамолга ияриб роса тўзгайдир.
Куз бу гал олисдан булутни овлаб
Осмондаги дорга аста тизгайдир.

Гоҳида ёмғирлар қуяр томчилаб,
Кузги хашакларни томга қўйдирди.
Сени изғиринлар ўтар чимчилаб,
Эгнингга иссиқроқ кийим кийдирди.

Сарғайган гулзордан қочар капалак,
Ўрилмаган поя етимдек қақшар.
Сеҳргар бу кузнинг парвойи палак –
Хазонлар шамолни ўйнаб талашар.

Оламни маст этар кузнинг товуши –
Хазонларни санаб, асло толмайсан.
Қарғалар гоҳида солишар шовқин,
Қотган барг ёзувин ўқий олмайсан.

Барглар йиртилади парча ва парча,
Йўлакни талашиб ерга оқади.
Боғнинг четидаги чайла дарчадан,
Дамин ичга ютиб ҳайрон боқади.

Сойдан қочиб келган ариқча хафа –
Чорбоғдан ортига қайтиши гумон.
Ариқчага шўнғир уч-тўрт қурбақа,
Чирик меваларни судрайди сичқон.

Қуёшнинг тафти ҳам қолаётир кам,
Яланғоч новдалар кўкка етмайди.
Хазонларга боқиб қурийди тинкам –
Сеҳргар куз эса боғдан кетмайди.

Икки чумчуқ ўйнар новдада, ё Раб,
Кузга суйкалай деб, шамол елади.
Қувлашаётган икки чумчуққа қараб,
Яшасин муҳаббат, дегинг келади.

* * *

Ҳаёт ойна десанг, расминг кўрарсан,
Кимдир шодланади бўй-басти билан.
Арпа эксанг, бир кун арпа ўрарсан,
Шоли тегирмонда кечар пўстидан.

Сой тошса ёмғирдан, сел аталгайдир,
Бир-бирин суяшган, эл аталгайдир,
Суяшни билмаслар чарчаб, толгайдир,
Селлар босиб ўтар унинг устидан.

Дунёнинг макрига бўлмагин ҳайрон,
Макрни сотарлар гоҳ қиммат, арзон,
Макрдан маст бўлган, воҳ, битта нодон –
Суриниб йиқилса, кўрар дўстидан.

Инсоф сотилмайди, эҳсон қилинмас,
Инсофсиз дўст топмас, дўстга илинмас,
Гар тошни тишласанг: синмас, бўлинмас,
Тоғлар қум бўлгайдир шамол дастидан.

Ватандан яхши ёр бўлмагай, эй дўст,
Ватан – мангу дарахт, сўлмагай, эй дўст,
Рост сўзла, ростгўйлар ўлмагай, эй дўст,
Номардлар ўлгайдир сўзнинг ростидан.

Тақдир шаробини банда ичгайдир,
Ўнг томон ҳамиша чапдан қочгайдир,
Олманинг тагига олма тушгайдир –
Шафтоли термайсан жийда остидан.

Оқтов

Оқтовда чўққилар уйғонар ҳар тонг,
Офтоб нурин санчади тикка.
Сойдаги майсалар шамоллар билан
Кураш тушар бунда яккама-якка.

Бу ернинг қирлари тоққа суянар,
Мошинларни эмас, тулпорни суйгай.
Бу элнинг одами Ҳаққа сиғинар –
Кўнглини иймонга очиблар қўйгай.

Бу элда тулпорлар осмонга сакрар,
Пойга кўрса, ерга ётиб олмайди.
Селлару лойларни кесиб, сачратар,
Тўртбурчак мошиндай ботиб қолмайди.
Бу даштда қўриқчи содда чўпондир,
Ҳар кун қирни кезар қўйлари билан.
Келсанг гар, мартабанг сенинг – меҳмондир,
Кутиб олишарлар тўйлари билан.

Бу ернинг боласи полвондир, билсанг,
Давраларга тушгай кафтига туфлаб.
Кўтариб қўяди, агар йиқилсанг –
Кийиминг чангини қоқади пуфлаб.

Яратганни алқар яхши одамлар,
Оқтовга булоқлар бергани учун.
Оқтовни ҳам алқар бахши одамлар –
Осмонни кўтариб тургани учун.

Дунёни пойга дер, бу ернинг халқи,
Пойгада ҳеч ортда қолишмайдилар.
Дунёни суяган чўққилар ҳаққи –
Оқтовни дунёга алишмайдилар.

Баҳриддин
САДРИДДИНОВ