Ҳикоя

Адҳам энди беш ёшдан ошди. Бугун негадир онасининг кўнгли ғаш; юриш-туриши ҳам, гаплари ҳам бошқа.
– А-я! – деб қичқирувди, онасининг жаҳли чиқди.
– Жим бўл, бақираверма!
Адҳамнинг дўндиққина гавдасида ҳайрат аломати зоҳир бўлди. Лекин онасининг “Зилола, укангни кўчада ўйнатиб кел!” – деганидан қувониб кетди.
– Хўп, аяжон… Адҳамжон, мен ҳозир… – ичкари уйдан опасининг жарангдор овози эшитилди.
Бир неча дақиқадан сўнг опаси зинадан секин-секин қадам ташлаб, унинг ёнида чўнқайди-да “Тупроқ ўйнамайсан, устингни кир қилмайсан”, деб кўйлагининг этагидан тортиб-тортиб, тугмасини ўтқазиб қўйди. Опасининг соч, бўйнидан уфурган антиқа ҳид унинг димоғига урилди.
– Опа, нима сепдингиз?
– Жим… – опа жилмайиб бармоғини уканинг қорнига нуқди.
– Ҳа, айтинг…
– Тек тургин…
Кўпинча жеркиб ташлайдиган опаси бу гал ўзгарганга ўхшарди: овози майин, ёқимли, эгнидаги мовий ранг кўйлаги ўзига ярашган; орқасига ташлаган битта йўғон сочи ерга тегади. Унинг бахтиёр, шодон чеҳраси – ҳаммаси Адҳамга жуда ҳам хуш кўринар эди.
Дарвозага яқинлашганда:
– Айтганларим эсингдами, ҳар томонга чопмайсан-а? – деди опа.
Адҳам ҳовлидан чиқса, бас, у ёғи – барибир: нима қилади, нимани кўради… э-ҳе, шундай ажойиботлар кўпки, қайсига қарашни билмайди, лекин опаси ғалати-да, уни эркин ҳаракат қилишга қўймайди, тергагани тергаган.
Қўшнининг дарвозаси олдида очилган ранг-баранг гулларга ҳаваси келди, бориб олмоқчи эди:
– Қаёққа? – деб қайтарди опаси.
Хиёбоннинг қалин соясида икки аёл суҳбатлашарди. Уларнинг олдида безан­ган аравачада жажжи қизча ўйинчоқлари билан ўйнаб ўтирар, ўзича қиқир-қиқир қиларди. Адҳам опаси билан унинг ёнидан ўтаркан, индамасдан қизчанинг ўйинчоқларига қўл узатди.
– Тегинма! Нега ундай қиласан? – деб унинг қўлини силтади опаси.
Улар юрган йўлкада негадир одам сийрак. Адҳам сариқ, кўк, қизғиш рангда бўялган ўриндиқ томон югурди.
– Адҳам, чопма, йиқиласан!..
Шу пайт уларнинг қаршисида баланд бўйли, оқ юзли, қирра бурун, кўзлари чақноқ йигит (уни Адҳам аввал ҳам кўрувди) пайдо бўлди. Опаси унинг кўзларига хумор кўзлари билан қаради ва олмадек силлиқ юзида қизиллик зоҳир бўлди. Шу тобда боланинг кўзига опаси ҳаммадан чиройли кўринди. Йигитнинг қорамтир шими ва оч кўк чизиқли кўйлаги ҳам Адҳамга жуда ажойиб туюлар, унинг ҳаракат­ларидан, қўнғир сочларини дам-бадам силаб қўйишидан ҳайратланарди. Йигитнинг қалинроқ лабларида ёқимли жилмайиш нозир бўлди-да, Зилолага кўзини қисиб:
– Опаси, Адҳамжонни уришманг, у шўхлик қилмайди, – деб боланинг қўлига ялтироқ қоғозга ўралган музқаймоқни тутқазди.
Улар йўлка бўйлаб секин юриб, ўнгга қайрилиб кетган томонга ўтиб, бир текисда қирқилган буталар орасида кўринар-кўринмас ўриндиққа ўтирди. Адҳам музқаймоғини еб тугатгунча опаси билан йигит ёнида турди.
Бу ер тинч, осойишта… Дарахт япроқларининг шитирлашидан майин шабада эсаётгандай туюлади. Қушларнинг сайраши боланинг кўнглига ёқади. У дарахтнинг шохлари, қалин барглари орасидан сайроқи қушларни кўргиси келди, қизиқиб нигоҳлари билан излади. У баъзан йигит билан опаси томонга ҳам қарайди. Уларнинг бир-бирига майин, ёқимли жилмайиб, паст овозда, аммо хурсанд ҳолатда гапираётганидан Адҳамнинг ҳам митти юрагида қандайдир севинч порлагандай бўлди. Қизиқ: улар учрашганда бўлар-бўлмас тергаш ўрнига кўнгилга илиқ сўзлар эшитишни билиб олди. “Адҳамжон, узоққа борма!”, “Адҳамжон, қаердасан?” Баъзан, негадир, опасининг овозига у йигитнинг овози ҳам қўшиларди…
Тоза ҳаво, ям-яшил майсазор. Адҳам ётиб олиб, дам ёнбошга, дам чалқанча чўзилади; атрофга завқланиб қарайди: дарахт шохлари мовий осмонни тўсгандай кўринади; шох, барглар орасидан ярқираган қуёш нурлари кўзларини қамаштирарди. Аллақандай ўт-ўлан, майсаларнинг исидан тўйиб-тўйиб нафас олар, бундай ёқимли исданми ё ҳавонинг мусаффолигиданми ўзини енгил ҳис қиларди. Адҳам иягини қўллари орасига қўйиб, тирсагини юмшоқ майсага тираганича катта-кичик дарахт таналари, ер узра гиламдай ёзилган яшил майсазор ва узоқроқда йўлка бўйлаб тизилган турфа гулларни мириқиб томоша қиларди. Шу пайт ўнг томондан иккита кучук қулоғини диккайтириб, думини ликиллатиб, Адҳам томон чопиб келди. Унинг ортидан қўлида тасма ушлаган аёл:
– Қўрқма, қўрқма!.. Тишламайди… – дея шу томон келарди.
Иккита пакана кучук: бири – узун тумшуқ, сариқ ранг; иккинчиси – бети-ю, танасини оқ ва қора жун босган, тумшуғи зўрға кўринади. Иккови тилини осилтирганича Адҳамнинг яқинида айлана бошлади.
Шу пайт бояги аёл уларнинг қаватига шошиб келди-ю уларга қараб:
– Йўқ, хавотир бўлмангиз… Булар злая эмас, ўйнар… – деди татар тилида.
– Адҳамжон, эҳтиёт бўл, – деди опаси.
– Итларим болани яхши кўрар, ўйнар…
– Опа, айтиб бўлмайди-да, – деди йигит хавотирланиб.
– Ишан, ишан, ҳеч нарса этмас…
Икки кучук ҳам бу гапларни тушунгандек, қулоқларини диккайтириб, бир-бирига тикилганича қимир этмай турарди… Адҳам қўлини узатиб, ола-була сержун кучукни қўлига олмоқчи бўлди, лекин қўлига итнинг нозик тили тегиб кетганда боланинг эти жимирлади, ўзини ғалати сезиб, беихтиёр кулгиси қистади. Пахмоқ ит унинг қўлини ҳидлади, ялади; узун тумшуқлиси эса қулоқларини дам шалпайтириб, дам диккайтириб боланинг атрофида у ёқдан, бу ёққа сакрар, бир-бирини қувиб, чир айланар, бири акилласа, иккинчиси ундан баландроқ овозда акилларди. Бола ҳам, икки ит ҳам қисқа фурсатда бир-бирларини билиб олгандек, иноқлашиб бирга ўйнай бошладилар…
Итлар соҳибаси – ўрта бўйли, сариқ жингалак сочлари оқ бўйнини ўраган, семиздан келган татар аёл йўғон қўлида Адҳамга юмшоқ нон тутқазди. Бола худди у кўрсатгандек кафтига нон бўлакчаларини қўйиб, итларга қўлини яқинлаштирди. Улар олд оёқларини чўзиб, бошларини эгиб, нон бўлакчаларини бирин-кетин эҳтиётлик билан оҳиста тишлаб оларди. Бола кафтига итнинг тили текканида яна ўзини ғалати сезар, вужудида сесканишни ҳис қилар, аммо бу ҳолатдан завқланарди.
Уларнинг ўйини анча вақт давом этди. Кейин кучуклар эгасининг ишораси билан пилдираб йўлга тушди. Кетар экан, иккови ҳам дам-бадам ортига қараб қўяр, Адҳам ҳам уларга қўл силкирди. Вақтини шундай ёқимтой кучукчалар билан ўтказган Адҳам жуда хушнуд эди.
Яшил буталар тўсган ўриндиқдан опаси ва йигит ўринларидан қўзғалди.
– Юр, кетдик! – деб чақирди опаси.
– Қаёққа? – сўради боргиси келмай бола.
– Уй-га, – жавоб берди опа чўзиб.
– Яна озгина ўйнай…
– Бўлди! Шунча ўйнаганинг етар, бас! – деб опаси унинг қўлидан ушлаб етак­лади.
Улар қалин буталар тизилган йўлак бўйлаб юриб, тўғри ва кенгроқ йўлакка чиқишди. Шу ерда йигит билан Зилола яна озгина гаплашди-да, йигит ер депсиниб турган Адҳамнинг лўппигина юзини бармоғи билан силаб сўради:
– Кучуклардан қўрқмадингми?
– Йўқ.
– Ана шундай ҳеч қўрқма, болакай! Ботир, довюрак бўл!
– Амаки, кимсиз?
– Мен дўхтирман, болалар шўхлик қилса, укол қиламан.
– Мен уколдан қўрқмайман.
– Обба, сени-е, тилинг мунча бурро…
Йигит Адҳамнинг бошини силади, унинг лўппи лунжини икки бармоғи билан оғритмай, секин чўзиб қўйди. Сўнг Зилолага маъноли қараб, чуқур нафас олди-да, “Кетдим”, деди. Опаси эса мулойим, хумор кўзи билан қаради. Улар шу алфозда бир муддат бир-бирига тикилиб қолди. Ва иккови ҳам энтикиш, хўрсиниш билан ажралди.
Орадан оз фурсат ўтгач, Адҳам опасининг этагидан тортқилаб, илжайиб сўради:
– Ким у?
– Мактабда бирга ўқиганмиз.
– Яхши амаки экан.
– Яхшими, сенга ёқдими?
– Ҳа, чиройли.
– Нимаси чиройли?
– Кийимлари чиройли.
– Ўзи-чи?
– Ўзиям.
– Ақлли укажонимдан айланай!
Зилола укасининг нозик бўйни, елкасидан маҳкам ушлаб олганича ўзига томон тортиб, бағрига босди-да, пешонасидан ўпди. Опасининг юз, бўйнидан анқиган ёқимли ҳидга қандайдир ҳидлар аралашиб, бола димоғига янада ўткир хушбўй ис таралганини ҳис қилди. Бундан Адҳамнинг юз-кўзларида ҳайрат порлади:
– Опа, ҳимм… – у бурни билан ҳавони ҳидлади. – Опа, яна сепдингизми? Буниси бошқача экан-а?!.
– Ҳа!
– Ҳа, менга ҳам озгина сепинг…
– Кичкиналарга духи-атир мумкин эмас! – деб қатъий жавоб берди опа. Аммо укасига кўз қирида қараб, бошини сарак-сарак қилиб, ўз-ўзидан куларди. Бундан бола таажжубда эди.

Раҳим ҚОДИР

Саҳифа 37 марта ўқилган.