Қизларнинг лабида кулади лола

Назм

Ватаним

Йиқилганда суядинг мени,
Кафтим тутиб сенга таяндим.
Сен ҳаётим бўлдинг мазмуни,
Ғам, қувончга шерик Ватаним!

Қоқ бағрингдан очиб бердинг йўл,
Нурли манзил бўлди масканим.
Дунёларга узатганда қўл,
Бўла олдинг кўприк, Ватаним!

Кўз тегмасин деб она диёр,
Бўйларингга тумор қададим.
Ҳеч бир ерда топмас сеҳри бор,
Қалбда ўчмас битик Ватаним!

* * *

Шахмат
донасига ўхшайди умр:
ким отда-ю
ким пиёда юрар.
Тахтанинг
оқ,
қора йўлларини кўр.
Кимдир шод ютади,
кимдир мот турар.

Мўъжиза

Бир мўъжиза рўй берар аниқ,
Навоийни эслаган ондан.
Туйғуларга лиммо-лим тўлиқ,
Руҳи келар афғон томондан.

Бир мўъжиза рўй берар аниқ,
Арш аълога етар ғазали.
Теграмизда айланар кўҳлик,
Навоийнинг етти гўзали.

Бир мўъжиза рўй берар аниқ,
Булбул, қумри куйлаб тўймайди.
Бир авлодлар келар кўнглим тўқ,
“Хамса”сини қўлдан қўймайди.

Бир мўъжиза рўй берар аниқ,
Ҳазрат каби қурар работлар.
Бир бу дунё лол қолмайди йўқ,
Лол қолади қадим Ҳиротлар…

Бир мўъжиза рўй берар аниқ…

* * *

Зардоли гуллари бир ҳовуч тилак,
Қизларнинг лабида кулади лола.
Кўкка кўтарилса ўйноқи варрак,
Қийқириб-қийқириб чопади бола.

Момом чорсисида гуллайди баҳор,
Бобом димоғини қитиқлар ялпиз.
Қалдирғоч кирган уй хосияти бор,
Бойчечак ҳадикма, бўйларингни чўз.

Кўнглим осмонида турналар қатор,
Руҳим суратини чизар самога.
Баҳорим келдингми,
келдингми такрор,
Илтижом етдими, Момо Ҳавога?..

* * *
Уммон чўкиб ғаввос маржонга етди,
Чин дилдан истаган иймонга етди.
Синовли дунёнинг кўринг бозорин,
Висол истаганлар ҳижронга етди.

* * *

Хиёбон…
Таралади барглар шивири,
Йўл қарайсан.
Аён қалб сири.
Дарахтлар…
Узо-оқ ёрин кутган ошиқлар,
Висол истар.
Умидвор улар.
Қушлар…
Менинг қўшиғимни айтади,
Севгим баҳор бўлиб қайтади.

Адоқсиз йўл…
Менинг хаёлларимдек узун,
Бизни яқин қилади бир кун.

Хотира сўқмоғи

Туркманқишлоқ…
Атрофи дашт, чўл,
Ўт-ўланли катта узун йўл
Ариқ ёқалаган жийдалар,
Ҳайратларга сиғмас дийдалар.
Ҳовлимизга суянган балхтут,
Чўкирида осилган қурут.
Бир ёнида илиқ қумғонлар,
Бўз халтада яхна айронлар.
Дарвозамиз гужумли, бўртган,
Доим очиқ, кимнидир кутган.
Айвон ичи қалдирғоч уя,
Боғда қушлар қилар қофия.
Зордолию ҳожиолмалар,
Офтоб шимиб юзга ранг олар.
Момиқ титар Мукаррам момом,
Урчуғида айланар олам…
…Варракларга кўчар орзулар,
Болалигим – учқур оҳулар…
…Уйғонади ширин хотира,
Бир-биридан асл бокира…

* * *

Дарахтман.
Баргларим тўкилиб кетган.
Пойимда ғамларнинг уюми.
Бағримни аёвсиз
шамоллар титган,
Дардкашим куз –
қисматим шуми?

Шойим
ШЕРНАЗАР