* * *

…Хотиралар, рақамлар, йиллар,
Қиёфага айланар гоҳи.
Қай бирида райҳон, жамбиллар,
Қай бирида отам нигоҳи.

…Уфқларга сингади сароб,
Йўлларидан адашар карвон.
Туйғуларнинг аҳволи хароб,
Юраклардан кетади дармон.

…Қай биридан ёғар ёмғир, дўл,
Яшнаб кетар дала, қир-адир.
Қай биридан очилади йўл,
Мени қайга бошлайди тақдир?..

* * *

Унсиз янграр боғларда баёт,
Хазонбарглар – мактуб бир энлик.
Ғанимат ва муждабахш нажот –
Қаршилайди кузги тенг кунлик.

Тортиб кетар қушлар қаноти,
Илиқ, сархуш кундуз боридан.
Ёруғ тортар боғлар ҳаёти,
Мезонларнинг қўшиқларидан.

* * *

Урилади ойнангга ҳар тун
Сояларнинг сассиз зарбаси.
Балки, бўлган тушингга мафтун,
Атиргулнинг ҳорғин шарпаси.

Кундан ортган ғамларни ича,
Бахт тўлишар яна ҳам майин.
Шуъладан маст қартавоз кеча,
Тақдирингга фол очар тайин.

* * *

Вужудингда яшар оламлар,
Юрагингда ўзинг – биттасан.
Айтганидан қайтмас одамлар,
Ким тўнғиган, сен-чи, ўтдасан.

Олов меҳр хўп сева-сева,
Туйғуларинг қуёш сийлагай.
Бир қиз бордир – азалий шева –
Иши билан қалбинг нишлагай.

Сенингсиз – бу бири кам дунё,
Сенингсиз – бу ерни босар ғам.
Ой, юлдузсиз тунлар сим-сиё,
Кунлар шаробида йўқдир таъм.

…Қари дунё тортар ҳомуза,
Яшамаган умрини ранглар.
Майин ҳаво оҳорли, тоза,
Йўлларингдан кетади чанглар.

Тоғларни ҳам кўтарасан даст,
Вужуд – уммон,
кўнглинг – нилуфар.
Кўзинг гулга бунчалар пайваст,
Фаришталар қўлингдан тортар.

Вужуд билан дил ўртасига
Рўзғор юки ҳали тушмаган.
Қулоқ тутмай сирлар сасига,
Хаёлларинг бўйдоқ – пишмаган.

Зариф сўзлар аллалар оқшом,
Шариф сўзлар уйғотар тонгда.
Тириклик – бу курашдан пайғом,
Ўзинг билан тушасан жангга.

Вужудингда яшар оламлар…
* * *

Нуржаҳонбегимга

Минг бир хил гиёҳлар ифоридан маст,
Уммондай чайқалган сиғмай уфққа –
Қир-адирлар улкан тиғларга пайваст,
Табиат бу тонгда камалак туққан.

Оний бир суврати абадиятнинг,
Минг бир тус шуълалар – қушлар чолғуси.
Заминни минг бир хил бало, офатдан,
Оҳанглар ва ранглар асраб қолгуси.

* * *

Ниманидир излайман ҳамон,
Топганимдан тўлмайди кўнгил.
Андуҳ, шодлик сийлайди ҳар он,
Туйғуларим майлига кўн, гул.

Шубҳа, гумон, олқиш тавозе,
Кўзёшларга силтагайман қўл.
Тасаввурга сиғмаган мозий –
Китобларга кўрсатади йўл.

* * *

Чечакларга келмагай малол,
Чўққиларда оҳу, алқорлар.
Қир-адирда ўтлар бемалол,
Булут каби оппоқ тулпорлар.

Мусаввирлар лола сайлига,
Келаверсин, дил берар нидо.
Чавандозлар келсин, майлига,
Кўпкаридан келади садо…

* * *

Уфқларда ичиккан руҳни,
Аллалайди балки шафақ, шом.
Жой излаган ғамни, андуҳни,
Рақсга чорлар ҳилол – олтин жом.

Чўққиларда учқун – ўксинган,
Оҳуларнинг кўз ёши – қайғу.
Уйғонади чоллар кўксида,
Армонларни қаритган орзу.

* * *

Мезонлар бу сирли хилқатнинг,
Донишмандлар хаёлларидир.
Баргихазон хуш табиатнинг,
Одамларга саволларидир.

Ҳаволарга сингар сўз, хаёл,
Вақт умиднинг содиқ ҳаммоли.
Ният, иймон топмагай завол,
Ризқин терар ҳамон чумоли.

…Тун қуёши зар сочиб сим-сим,
Сукунатга тутар кўлкани.
Кўтарилар борлиги тилсим –
Боғлар аро еллар елкани.

* * *

Сабрим косасининг синиқларидан,
Тикланган иморат –
кўнгил уйи –
шеър.
Хаёл чашмасининг тиниқ бағридан,
Балиқдай сузади
ишқ қароли –
сир.

Юрак зарбларининг акс садоси
Ва ё осмон тўла чулдироқ қушлар.
Оқ қоғоз –
ҳайратнинг оппоқ нидоси,
Сассиз сирин сочар нилуфар тушлар.

…Тарих карвонлари келар пешма-пеш,
Минг йиллик қудуқлар сувин тутади.
Хиёнатдан холи,
диёнатга эш –
Хокисор сўзларим сизни кутади.

Одил ҲОТАМОВ

Саҳифа 59 марта ўқилган.