Эссе

Ҳали ўн-ўн бир ёшлардаги ғўр бола эдим. Хуфтон пайти ёвондан ҳориб келган энам остонага ўтирди-ю қон туфлади. Қўрқиб кетдим. Онам шўрлик оҳистагина кўзларини юмиб, “отангни чақир”, дея зўрға пичирлади…
Бу пайтда отам Оқ жангал деган далада чигит экишга ер очаётганди. Гужумлар ва оқ жангал ўсиб ётган ташландиқ ерни одамлар авлиё жой деб баъзан зиёрат қилишга келишарди. Биз у томонларга боришга қўрқардик. Тонг саҳарда отам бир алфозда уйга кириб келди. Энамнинг аҳволини билиб, дўхтирга олиб кетди. Дори сепилган далада ишлаган энамнинг жигари заҳарланган экан.
Жуда узоқ даволанди, биз тўққиз нафар болага қишлоғимизнинг энагаси, етти фарзандини тупроққа қўйиб ёлғиз қолган Тожихол момо қаради. Отамнинг қачон туриб, қачон уйга келишини билмасдик. Ердан қор кўтарилиб, тупроқнинг бағрига илиқлик югургандан то янаги қоргача даладан келмасди ҳисоб.
Отамнинг кўнглига яқин жўралари кўп эди. 70–80-йилларда донг таратган, қаҳрамонликдан бошқа ҳамма нишонларни олган Жаббор ака билан жуда яқин эди. Отам у кишидан ёш бўлса-да, сенлашиб гаплашишарди. Жаббор Турдиев уста деҳқон эди, ўша йиллари бригадаси 600 тоннага яқин пахта берарди. Асли тракторчиликдан чиққан, тиқилинч пайтлари ўзиям тракторни миниб кетаверарди.
– Жаббор, бу йил пахтанинг аҳволи оғирми дейман, ҳеч мўлжални ололмаяпмиз, пландан чиқолмасмиз-ов, – деди отам очилиб, сувсизликдан қотиб қолган кўсакни юлиб оларкан.
– Мендаям аҳвол яхши эмас, 600 тонна айтар оғизга осон, катта пайкалдан териб олишнинг ўзи бўлмайди. Бор бўлса-ку, хўби хўп, лекин ҳосил ҳар йилгидек эмас-да сабил.
– Чаноқлар қотиб қуриб қолган, ҳадеганда пахтани қўйиб юбормайди. Теримчиларам зада бўп қолди. Чаноқларнинг найзадек учлари бармоқларини тешиб юборди.
– Вақтида сув ичмагандан кейин ғўзанинг аҳволи шу-да, вақтида намарза экмай шудгор суви олганимизда бугун буйтиб ўтирмасдик.
– Энди нима дейсан, арбоб-арбоб-да, умрида пахтани кўрмаган ўрис вакил сенга, менга ўхшаган деҳқонга ақл ўргатгандан кейин кимга дод дейсан?
Отам тушкун кайфиятда уйга эмас, яна далага қайтди. Қуёш бутун борлиқни жазиллатиб турган бўлса-да, жиққа терга ботган отам чидаёлмасдан Қозоқ мозордан бошлаб Олти гектар, Оқ жангал, Масжид қарта, Соявон, Ҳўкиз тили (ҳар бир даланинг номи бор эди) ёвонларини эринмай айланиб чиқди. Тизза бўйи бўлган ғўзалар сувсизликдан “ҳансираб” нафас оларди. Тиржайиб қолган кўсаклардаги пахталар чиртакка айланган.
Кузнинг биринчи кунлари бошланиши билан яна ўша “пахтачиликнинг ҳадисини олган” вакиллар пайдо бўлишди. “Теримга туш”, “Бойлигимизни нобуд қилмай йиғиштириб олайлик”, “Пахта – қудратли давлатнинг стратегик таянчи”, дея айюҳаннос солдилар.
Ҳолбуки, ўша йили чигит кеч, боз устига намарза ерга экилган, пахта ҳали тўлиқ очилмаганди. Жаббор ака ва отамга ўхшаган бир-икки бригадир эътироз билдиришганди, икки-уч кун олиб бориб-олиб келдилар. Ҳатто райком бюросида (отам гарчи партия аъзоси бўлмаса-да) муҳокама қилишди. Партиядан ўчганлар ҳам бўлди. Ҳа, зўравон ўша тузумнинг сиёсати инсон қадр-қиммати, шаъни билан ҳисоблашмасди.
Шу куни отамни олти ой ичида биринчи марта уйимизда кўрдик. Қандай кўзи қийиб ёвонни ташлаб келибди, деб ҳаммамиз ҳайрон. Яқинда оёққа турган энам керогазга чой қўйишга тутинди. Дастурхон ёзди, уч-тўрт бўлак чақмоқ қанд ташлади, биз болаларнинг нигоҳимиз қандларга қадалди.
– Жўраларингиз икки-уч сўрашди, Масжид қартага сув олиш керакмишми, – энам чойни қайтара туриб отамга қаради.
– Энди нимасига сув қўямиз, пахта куйиб-қақшаб бўлди-ку, яна теримга туш деб бўғзимиздан олиб турибди, – зарда қилди отам аламини кимдан олишни билмай.
Йўқ, чидолмади, чойини ҳам чала-ярим ичди-ю, даҳлизга чиқиб оёғига қотиб кетган пайтавасини ўрай бошлади. Илвираб кетган чопонини қўлига олди-да, ёвонга отланди. Бўсағадан чиқаётиб, отам сўкинди. Кимни, нима учун, тушунмадик…
Эртаси куни эшитсак, бутун умри далада ўтган, ҳеч қандай мансаб, унвон, мукофот талашмаган партиясиз отам райком бюросида ҳайфсан олган экан…
1991 йилнинг 31 августи. 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги куни сифатида тарихга битилди.
Мустақиллик кунининг айнан 1 сентябрь – билимлар кунига тўғри келишида миллатимизга хос бўлган жуда катта рамзий маъно бор эди. Чунки дунё ҳамжамиятида эндигина тан олинган мамлакат бамисоли янги туғилган бола бўлса, уни катта ҳаётга – қудратли давлатлар сафига киритиш шу куни мактаб партасига ўтирган фарзандларимиз қўлига ишониб топширилаётган эди. Оталар мустақил давлат барпо қилсалар, келажак авлод уни вояга етказиб, асраб-авайлайди.
1991 йилнинг 1 сентябрь тонги халқимиз қалбига озодлик насимини олиб кирди. Орзулар ушалди, вужудларни тарк этган армонлар ўрнини ғалаба нашъаси, шук­роналик эгаллади.
Шундай фарахбахш кунлар шукуҳи билан юрган дамларимда Юнус бувамдан ҳол сўрашга ўтиб қолдим. Узоқ-яқиндан танийдиганлар у кишини Юнус Турсун бува деб айтишарди. Билимли, мулоҳазали инсон эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида душман асирларини айтилган манзилга кузатиб юрган. Урушнинг сўнгги кунигача хизмат қилган. Лекин уруш қатнашчиси деган бирорта ҳужжати ҳам, мукофоти ҳам йўқ эди ва сўраб ҳам бормаган. Урушдан кейин узоқ йиллар жамоа хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлади. Нафақага чиққач, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланди. Ҳовлиси файзли, мевали дарахтларнинг қарийб ҳамма туридан бор эди, томорқаси йил ўн икки ой банд турарди. Ҳафтада бир марта бўладиган Хўжақул эшон бозоридан эгаллаган жойида албатта, ёнғоқ, олма, шолғом, картошка, ловия, мош бўларди. Юнус бувам Ойражаб момом иккисидан ортган, бизларга тарқатганидан қолган маҳсулотларини ­бозорга олиб чиқарди. Ҳеч қачон нархи устида тортишмасди, “Томорқадан деҳқончилик-да, кўнгилдан чиқариб бирор нима берарсиз-да”, деярди. Бувам газета, бадиий китоб ўқиб турарди. Меҳмонхонасининг токчасида Мухтор Авезовнинг “Абай” романини, Абдулла Қаҳҳор асарларини, Ян қаламига мансуб “Чингизхон” романининг биринчи нашрлари ва бошқа кўплаб китоблар териб қўйилганди. 5-6-синф­ларда ўқиб юрганимда ана шу асарларни, гарчи унчалик ақлим етмаса-да, варақлаб чиққанман. Кейинчалик олий маълумот олиб, ишлай бошлаганимда ҳам ­уйига борсам, бу китобларни уйимга бериб юбормасди, ўша ерда ўқишимга рухсат берарди. Ёши саксондан ўтиб қолгач, авайлаб-асраб келган барча китобларини менга совға қилганди.
– Болам, мана уйлар қурилганига ярим асрдан ошди, тўкилиб қолди, момонг иккимизга яраша иккита хона тиклаб олиш ниятим бор, савил шу шифери муаммо бўп турибди-да, – деб қолди бир келганимда.
– Бува, уруш қатнашчисисиз, ҳақиқий жангда бўлгансиз, ижроқўмга бир хат қилсак-чи, – деб ўзимча маслаҳат берган бўлдим.
– Ўша идораларга бош уриб боргим келмайди, худди урушга борганимни миннат қилгандай туюлади.
– Борганингиз рост, ҳужжатларингиз бўлмасаям, қанча жароҳат олгансиз, ахир тирик инсоннинг қоғозча қадри йўқми?
– Йўқ-да, бу тузумда қора қилинган қоғоз ҳамма нарсани ҳал қилади. Пенсиядан йиғиб қўйганимиз бор, етади, топилса бўлди.
– Ўзи қанча пенсия оласизлар? – қизиқдим мен.
– Меники эллик сўмга яқин-ов. Момонгники ўттиз атрофида.
– Бу билан рўзғор тебратасизми, пул жамғарасизми? Наҳотки хизмати сингган, бегона юртларда жангларда бўлган одамга шу пенсияни беришса?
– Дўкондан йилда бир-икки марта кийим олмасак, ҳаммаси ҳовлидан чиқса, оз берсаям ортиқча пулимиз йиғилади-да. Кўнглим сезаяпти, яқин орада биз орзу қилган кунлар келади.
Мустақиллик эълон қилинган куннинг эртасига бувамникига бордим. Катта ёнғоқ тагига ўрнатилган сўрида чордана қуриб ўтирган бувам (бувамни бирор марта ёнбошлаганини кўрмаганман) китоб варақларди. Ўша пайтлар эски уйларини бузиб, янги иморатига эндигина кўчиб кирганди.
– Энди бемалол, ҳеч нарсадан, ҳеч кимдан ҳайиқмай гердайиб яшашимизга ишонч бор. Фақат бундай дориломон кунлар қадрига етиб, мустақиллигимизни асраб-авайлашимиз керак, – деди у.
Юнус Турсун бувам тўқсонни қоралаб омонатини топширди. Истиқлол йилларида бунёдкор халқимиз амалга оширган ишларнинг гувоҳи бўлди.
Мустақиллик бешигида ётиб, ўзбек онасининг алласини тинглаб вояга етган фарзандларимиз бугун ҳар соҳада ўзларининг билимлари, иқтидорлари билан жаҳонни лол қолдираётгани рост. Дунё санъат аҳлини ром этган, спорт майдонларини ларзага солган, билим чўққиларини забт этган фарзандларимиз билан фахрланмай бўладими? Ҳар қадамда дуч келаётган улкан бунёдкорлик ишларида ўзбекнинг ҳалол ва фидойи меҳнати, тантилиги мужассам.
Тонг ота бошлади. Куз неъматларини халққа тутиб, энди қувват тиклаб олиш учун қиш уйқусига тайёрланаётган далалар саҳарда оқариб, янада жозибали кўринади. Бу далада отамнинг, Жаббор Турдиев, Юнус бува каби меҳнаткаш, кетмонга суянган одамларнинг ҳиди қолган. Шафақни тўлдириб келаётган қуёш нурларининг тафти ҳам, меҳри ҳам бугун ўзгача.

Исроил
ХОЛБОЕВ

Саҳифа 161 марта ўқилган.