* * *

Бу ҳаётда ҳамма ғанимат,
Ҳеч ким бўлмас дунёга устун.
Гар мол-мулки бир пулга қиммат,
Жонинг сабил тириклик учун.

Рўзғор – ғорнинг чувалган тўри,
Ўраб ташлар оёқ-қўлингни.
Гоҳ тулкисан, гоҳида бўри,
Йўқотасан юрар йўлингни.

Қўлларингда сайраган торинг
Чертилмаса тоб ташлар, тинар.
Чўққиларда чарх урган соринг
Ўлжа қувиб қаноти синар.

Тун кечалар сукунатидан
Тополмайсан сеҳрли эртак.
Зим-зиёлик кўзинг оларкан,
Юлдузлар ҳам овутмас андак.

Қучоғингда ойдай тўлганлар –
Фарзандларинг осмондай йироқ.
Болаликда ёққан гулханлар
Оловида бўлма исинмоқ.

Жунжикасан, бўм-бўш бағрингда
Бурқсиб ётар куз хазонлари.
Иншо битар сенинг тўғрингда
Хаттот кузнинг зар мезонлари.

Иншоларнинг хулосасида
Бахтми ёки ранжу аламдир…
Мен ўқийман куз нафасида:
Тириклик бу тансиқ байрамдир!

* * *

Дарахтлар бир қучоқ заррин калава,
Тиллолар сочади тагидан ўтсанг.
Жиловдор куз қўшган олтин арава
Қишнинг саройига чопар қисталанг.

Қамчисин босади шамол чавандоз,
Ғознинг укпаридай титраб турар жон.
Ярим йўлда тушиб қоларми бехос,
Кўклам боғларига етарми омон –
Йўловчи инсон!

* * *

Қоғоз, қўнғироқлар вақтнинг эгови,
Пайраха мисоли учади умринг.
Ўчиб колмаганми қўринг, оловинг,
Эй маним юрагим, сайроқи қумрим?

Чақмоқлар тушади сенга юз бора,
Сўзлар найзасидан бўласан пора,
Шиддатли тўфонлар, бўронлар ора
Тинмай дукуллайсан юрак бечора!

Чақмоқ чаққанида кўкка солар дарз,
Остин-устун бўлар бу курраи Арз,
Сен тоқат бобида кимдан олдинг дарс,
Ловуллаб яшайсан еру кўк ора?

Сокин денгизларда туғилар бўрон,
Қайсар довулларга бешикдир уммон.
Вулқону қасирға бағрингда пинҳон
Мўътадил яшайсан, кўксингда ёра!

Минг битта торинг-ла ҳаётга банда,
Оҳу зоринг ила нажотга банда,
Туғилган дамданоқ ёнган гулханда –
Юракда жон билан ўрнашган ишқинг
Сени олиб ўтар зулматлар ора
Эй сирли машъала,
Мангу машъала!
* * *

Кун чарақлаб ётади.
Қиров тушган тунука
Том ярақлаб ётади.
Бир тутам кун шошилар.
Осмонни опичлаган
Уфқ ерга қўшилар.
Беқасам тўн арчалар
Чаккасида кузги гул,
Мағрурман деб жар солар.
Паға булут ўрмалар
Кўкда.
Намозшом қўяр
Тун кўзига сурмалар.
Йўллар қолар ҳувуллаб.
Уй-уйга, тепа-тўйга.
Ўчоқларда ловуллаб
Чарсиллаб ўт ёнади.
Кўнгилларда офтобдай
Орзулар уйғонади.

* * *

Кирар-чиқар кийикчадай қиз.
Оёғини ўпар остона.
Орқасидан юрар изма-из
Ўйинқароқ шамол дугона.

Қизнинг нозик ҳовучларида
Гул кулади қиқиру қиқир.
Юзидаги кулгичларида
Шуъла берар икки тутам нур.

Осмон тиниқ кўзгусин тутиб,
Кутиб турар қизни йўлакда.
Маст қилади оламни тутиб,
Райҳон иси хазончинакда.

* * *

Неки ўтди – жонингдан ўтди,
Жонмас, устихонингдан ўтди.

Етай-етай деганингда бахт
Тутқич бермай ёнингдан ўтди.

Дашт шамоли хасдек учирди,
Кун тиғи қарвонингдан ўтди.

Ёруғ ёзда туриб қорбўрон,
Титратиб осмонингдан ўтди.

Чумолидай эзғилаб гоҳ ғам,
Юрагингдан, қонингдан ўтди.

Сабр таги сариқ олтин деб,
Юрсангда имконингда ўтди.

Оҳ десанг, оташлар сачради,
Умрингдан, хирмонингдан ўтди.

Қизил гулдай кўкка чирмашган
Яшнаган бўстонингдан ўтди.

Кўклам кетди. Кузги рутубат
Чароғон остонингдан ўтди.

Тоқат-бардош эди қалқонинг,
Бу савдо қалқонингдан ўтди.

* * *

Ё Худо, офтоб бунчалар порлоқ
Кун ботар чоғида, завол онида!
Симирсанг нурлари мисоли қаймоқ,
Қувватга айланар одам жонида.

Хушу хушвақт кунлар, ғамгузор кунлар,
Ёмғир шивалаган, қалин қор кунлар,
Ёзги боғлар каби хуш ифор кунлар,
Офтоб хамиртуруш одам жонида.

Эй қуёш, Тангримнинг азал тафтисан,
Ғумбагига кирган ипак қуртисан,
Эй, сен пари қизлар юртисан,
Жаннатдай абадий ҳур маконида.

Тунларнинг сир тўла ҳикоятида,
Заминнинг вулқоний ҳароратида,
Илоҳий тушларнинг башоратида
Офтобдан зувола кўриб яшайсан.

Бешикка ошиққан гўдакдай гоҳи,
Қафасига сиғмас юракдай гоҳи,
Кўкни қамчилаган гулдуракдай гоҳи
Офтобдан бир тола териб яшайсан.

* * *

Ялтираб ётибди кузнинг гуллари,
Ҳали изиллатар қишлар олдинда.
Саҳар қировлари, аёз еллари,
Эркалаб хурмолар ёнар олтиндай.

Дала ҳовлиларнинг бўм-бўш боғида,
Ўйинқароқ шамол мезбонлик қилар.
Мевалари туршак шотут шохида
Олақанот қушлар хушхонлик қилар.

Нозанин атиргул сўнгги хандаси
Ақиқ ғунчалари бўлар очилиб.
Арча этагида нур алангаси –
Ғужгон гунафшалар ётар сочилиб.

Букри тиргаклар ҳам вазмин ёнбошлар,
Дуварак олмалар пилла мисоли.
Булутлар чувалиб пойгасин бошлар,
Ўртада тоғ билан осмон висоли.

Кузги буғдойпоя – зангори денгиз,
Ям-яшил барқутдай товланар ҳай-ҳай!
Одам изин қўмсаб ангору андиз
Қамишлар тилида сайратади най.

Баҳордан ёрқинрок кузнинг палаги,
Сарпо саватида ипаклари кўп.
Кўксингда ёниқми ошиқ юраги,
Тиз чўк, зебо кузнинг этакларин ўп!

Ойдин ҲОЖИЕВА

Саҳифа 65 марта ўқилган.