ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ ТЎЛҚИНИ

Публицистика

Ўзбек халқи азалдан ўзининг бунёдкорлиги, яратувчанлиги, илму маърифатга чанқоқ­лиги билан алоҳида ажралиб турган. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳам, унинг невараси, шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек, шоир Бобур Мирзо ҳам ўз даврида халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган иншоотлар, мадрасалар қурдирганлар. Уларнинг бетакрор намуналарини Ер юзининг сайқали дея эътироф этилган Самарқандда, Ислом динининг қуввати бўлмиш Бухорода, очиқ осмон остидаги жавоҳиримиз Хивада кўришимиз мумкин. Навоий вилояти ҳам Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган кўҳна макон бўлганидан Карманадаги Маликработ ва Сардоба қадамжолари, Мавлоно Ориф Деггароний зиёратгоҳи, Мир Саид Баҳром мақбараси, Қосим Шайх Азизон меъморий мажмуаси каби кўплаб тарихий обидалар ҳамон бу заминнинг ўтмишидан сўзлаб турибди.
Юртбошимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Навоий вилоятининг Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасини комплекс реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори миллий қадриятларимизнинг асраб-авайланаётганлигига яна бир далилдир. Айни дамда Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий анжуманларда Ватанимизни, Истиқлолимизни, халқимизни тараннум этувчи шеърлар ва ўланлар янграмоқда, дўмбира оҳанглари достонларга уланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга кенг йўл очаётгани янада қувонарлидир. Бу борада вилоятимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Зиё­лилар ва ижодкорларимиз иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчи ёшлар қалбида китобга муҳаббат туйғусини уйғотмоқда.
Энг аввало, амалга оширилаётган ишлар жойларда замонавий китоб дўконлари қуриш ва моддий-техник базани яратиб олишга қаратилиши баробарида, аҳолининг, айниқса ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасида ҳам кенг тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда. Вилоятда қисқа муддатларда иккита “Китоб олами” савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” вилоят газеталари таҳририяти давлат корхонаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа қиймати қарийб икки миллиард сўм бўлган китоб савдосига мўлжалланган замонавий кўринишдаги икки қаватли мажмуа ишга туширилиши китобсевар ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди.
Мазкур савдо мажмуаси беш минг китоб сиғимига мўлжалланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида юздан ортиқ китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шунингдек, мажмуада мижозлар учун замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ўқув зали ва бошқа қулайликлар мавжуд. Ушбу мажмуанинг ишга туширилиши орқали ўнта янги иш ўрни яратилди.
Навоий шаҳри марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига қарашли умумий қиймати қарийб 400 миллион сўм бўлган замонавий китоб дўкони фаолияти йўлга қўйилди. Бугун ушбу даргоҳ ёшлар билан энг гавжум масканга айланган.
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида эса Кармана тумани “Талқоқ” маҳалласида вилоят Маънавият тарғибот бўлими маблағлари ҳисобидан қиймати 1,1 миллиард сўмга тенг бўлган яна бир замонавий “Китоб олами” дўкони фойдаланишга топширилди.
Бахшичилик мактаби асрлар давомида маънавиятимизни бойитувчи, халқи­мизнинг кучига куч қўшувчи манба ҳисобланади. Вилоятимизнинг Навбаҳор туманида Қоражон номли қишлоқ бор. Унинг тарихи бир неча асрга боғланиб кетган. Айнан бу қишлоқнинг номи “Алпомиш” достонидаги персонаж номи билан аталганини эшитган ҳар қандай кишининг юрагидан ҳайратлар тўкилиши ­табиий, албатта. Истиқлолимиз шарофати билан бугунги кунда дунё маданияти бойликлари қаторидан жой олган бу ўлмас достонни қайта-қайта ўқиб, ёхуд уни ёд олмаган киши топилмаса керак. Шу ўринда бир умр ўзбек бахшичилиги тарихи билан шуғулланиб келаётган адиб Раҳим Қодиров ўтган йили атоқли халқ бахшиси Муҳаммад ­Жомурод ўғли Пўлкан ҳақида замондошларимизнинг хотира ҳикояларини тўплаб “Пўлкан шоир ибрати” номи остида чоп эттирганини тилга олиш жоиз. Ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод этган Умарқул Пўлкан, Қурбон жиров, Очил шоир, Эргаш Асабоев каби бахши-шоирлар ҳам халқимизнинг орзу-умидлари ҳақида достонлару термалар яратиб, келажак авлод учун бой ижодий мерос қолдиргани қувонарлидир. Ўтган аср ҳақида гап кетар экан, биринчи галда иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида оғир меҳнатга жалб этилган ўсмирлар ва қариялар ҳамда аёлларнинг оғир меҳнати ҳақида сўз айтмасликнинг сира иложи йўқ. Худди шу каби воқелар таниқли ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамдам Эшонқулов томонидан яқинда ёзиб тугатилган янги асарга мавзу бўлди.
Ўлкамиздаги янгиланишлар жараёни шу замин дилбандлари бўлган Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова, таниқли шоир ва адиблар Одил Ҳотамов, ­Менглибой Муродов, Бибисора Туробова, Ҳалима Аҳмедова, Фахриёр, Салима Умарова, Вафо Файзулло, Азиз Саид, Ислом Ҳамро, Бектемир Пирнафасов, Фарҳод Арзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев каби адабиётимизда дадиллик билан ўз сўзини айтаётган ижодкорларимиз битаётган сатрларда акс этаётгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган “Биринчи китобим” лойиҳасида иштирок этган ҳамда китоблари нашр этилган истеъдодли ёшлар Дилноза Абдуҳамидова ва Ифтихор Хонхўжаев сингари навоийлик ёш ижодкорлар кўнглимизда ифтихор уйғотади. Вилоятимиздаги қатор таълим мас­канларида бўлиб ўтган китоб тақдимотларида ушбу ёш шоирлар иштирок этишиб, тенгдошлари билан мулоқотда бўлишди, ёш ижодкорларга яратиб берилаётган шароитлар ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилишди.
Кейинги даврда мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддаткор янгиланишлар Навоий вилоятида ҳам ёрқин бўй кўрсатмоқда. Вилоят аҳлининг турмуш тарзи яхшиланиб, фаровонлиги, эртанги кунга ишончи тобора ошмоқда. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуси асосида ишлаб чиқилиб, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вилоят аҳлини янги-янги марралар сари илҳомлантирмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори халқимизнинг онгу шуурига теранроқ кириб бормоқда. Мустақиллик берган неъматлар – тинчлик ва ҳурриятни англаб етган халқимиз янги ва юксак марралар сари бел боғлагани рост. Бу ўзгаришлар мамлакатни модернизация қилишда ҳам, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ҳам, давлат бошқаруви тизимининг сифат ва самарасини оширишда ҳам яққол кўзга ташланяпти.
2017–2018 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган ҳудудий лойиҳалардан импорт ўрнини босувчи экспортбоп 40 та лойиҳа таклифи саралаб олиниб, тегишли вазирликларга лойиҳа паспорти автоматлаштирилган тизим орқали киритиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу лойиҳалардан 15 тасининг паспортлари тегишли вазирликларга тақдим этилди.
Тадбиркорлик иқтисодиётнинг локомотивига айланиб бораяпти. Бугунги кунда вилоятимизда 7559 та кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 26,5 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса мазкур тармоқнинг имкониятлари нақадар кенглигидан далолат беради. Энг эътиборлиси, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида аҳолининг 248,1 минг нафари иш билан банд.
Вилоятимиз ҳали ўз экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдалангани йўқ. Саноат соҳасида етарли тажрибага эга бўлсак-да, мева-сабзавот экспорти бўйича эндигина харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқдамиз. Бу эса натижаларда ёрқин намоён бўлмоқда. Вилоят бўйича белгиланган йиллик экспорт режаси 62,9 миллион доллар бўлиб, саноат маҳсулотлари режаси эса 29,2 миллион долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари режаси эса 33,7 миллион долларни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, шундай катта саноат салоҳиятига эга бўлган вилоятда, ундан-да кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти мавжуд.
Биз улардан унумли фойдаланган ҳолда биринчи ярим йиллик якуни билан вилоят бўйича 12,6 миллион долларлик саноат маҳсулотлари ва 8,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширдик.
Сўнгги йилларда вилоятимиз маркази – Навоий шаҳри ҳам ўзгача қиёфа касб этиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳисобига кун сайин кўркамлашиб бормоқда. Бу уйларни қуришда замон талабларига катта эътибор қаратилмоқда. Уларни бунёд этишда ижтимоий инфратузилма ва бошқа барча қулайликлар эъти­борга олинмоқда. Шаҳарларда арзон кўп хонадонли уйларни қуриш дастурига асосан 2017–2020 йилларда Навоий шаҳрида 840 хонадонли 20 та турар жой бинолари қурилиши белгиланган. Навоий шаҳар ҳудудида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 126 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 35 та кўп қаватли уйлар қурилиши олиб борилаётгани аҳолининг уй-жой билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилаяпти. Мазкур уйлар қуриб битказилиши натижасида 1 минг 548 та оила замонавий ва шинам уй-жойларга эга бўлади.
Бундан ташқари, жорий йил давомида қишлоқ жойларда 1185 та арзон уй-жойларнинг қурилаётгани аҳолининг ҳаётий зарурат бўлган орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. 2017–2018 йилларда профилактика инспекторлари учун шаҳарларда 49 та хизмат квартираси ҳамда қишлоқ жойларда 121 та 2 сотихли, 3 хонали уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.
Келажагимиз эгалари бўлмиш болаларимизнинг жисмоний соғлом ўсишлари йўлида амалга оширилаётган ишларимиз қаторида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган 2003–2016 йиллар давомида вилоятда 95 та болалар спорт иншооти қуриб битказилганини айтиб ўтиш лозим. Жорий йилда тасдиқланган манзилли дастур асосида Нурота туманида 3285,3 миллион сўмлик ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилиб битказилди.
Яратиб берилган бундай шароитлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз ёшлари бир қатор нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, кўплаб совринли ўринларни қўлга киритдилар. Жумладан, жаҳон чемпионатлари ва кубокларида 2 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза, Осиё чемпионати ва кубокларида 2 та олтин, 2 та кумуш, 10 та бронза, халқаро турнирларда 51 та олтин, 29 та кумуш, 69 та бронза, Республика чемпионатлари ва кубокларида эса 285 та олтин, 302 та кумуш ва 353 та бронза медалларининг соҳиби бўлдилар.
Жорий йилда Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод” спорт мусобақала­рида вилоятимиздан иштирок этган 52 нафар ёш спортчи спортнинг 14 тури бўйича 50 та, яъни 17 та олтин, 16 та кумуш, 17 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Давлатимиз раҳбарининг “Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда” дея айтган сўзлари барчамизни янгидан-янги парвозлар сари бошламоқда. Бугун барчамиз ана шундай эзгу ишларга ҳисса қўшаётганимиздан янада руҳланиб, бутун куч-қувватимизни она Ватан равнақига сарфлаётганимиздан ғурурлансак арзийди.

Қобилжон
ТУРСУНОВ