Шафақланган уфқ ловуллар

Шарқ юлдузи/ Noyabr 23, 2017/ Жаҳон адабиёти

* * *

Ёғилади тилло баркашдан
Кўз олгувчи ял-ял шарора,
Қуйилгани сайин тобора
Мунавварлик тўлар кўнгулга.

Гўё қудуқ тубидан зилол
Чашма сизиб чиққан сингари,
Талпинади осойиш билмай
Ёғду, ташна она ер сари.

Гул ва юлдуз шундай ёнма-ён,
Эсиб турар ҳузурбахш сабун.
Бахт тўкилиб қолган бу жойда
Мовий дунё ётар ястаниб.

* * *

Мени унутмагин,
Кутилмаган қувонч!
Ишончларим чилпарчин бўлган,
Узоқ кутганларим унутилган!
Аммо, сен беқарор, кутилмаган қувонч
Унутмагин мени!
Унутмайсанми?

* * *

…Мен ҳам кетарман.
Аввал қандай сайраган бўлса,
Қушлар шундай сайрайверади,
Боғ қолади боғлигича,
Боғдаги дарахтлар ҳам,
Қудуқнинг тубида эркаланар ой.
Қўнғироқлар жаранглаб хушҳол,
Пориллаган кун оғушида,
Мен ҳақимда эслар эҳтимол.
Уфқ бир дам сақлагай сукут.
Ўзгаради йўллар, сўқмоқлар,
Ўтар бир-бир суйганларим ҳам.
Боғимдаги сокин ўтлоқнинг
Оғушида зерикар соям.
Мен кетаман, ҳаммаси қолар –
Дарахтлар, тонгги шудринглар,
Ойни қучоғида эркалаган
Қудуғим ҳам қолар, шубҳасиз.
Аввал қандай сайраган бўлса,
Қушлар шундай сайрайверади.

* * *

Келди умр каби ўткинчи,
Хўшлашмоқнинг сокин оқшоми.
Сўнгги туғишганим, алвидо,
Мен истайман мангу яшашни!

Шафақланган уфқ ловуллар,
Мажруҳ қилар қонталаш япроқ.
Орзуларга тўлиқдир дилим,
Мен истайман мангу яшашни!

Қандай гўзал бу турфа олам,
Сўниб қолма пирпираган шамъ.
Мен, албатта, мангу яшайман,
Сен ҳам мангу қолақол, оқшом!

* * *

Оқшомда йўл етаклади
Зулмат қучган тун бағрига.
Кўнглим сени излаб борар,
Йўл топмайман нарёғига.

Кўнглим сени излаб борар,
Олисдасан шуъла каби.
Шамолларнинг саси каби,
Чечакларнинг иси каби.
* * *

Бир кун кўнгил очиб шунчаки,
Десам, менинг ёлғиз тилагим –
Ёрим баҳор яшнаган чоғда
Кийиб юрса ҳарир кўйлагин.

Пирпиратиб мовий кўзларин
Умидла у боқди ирғаниб,
Шу дам ғунча лабидан маъюс
Табассуми кетди сирғалиб.

Шундан буён май оқшомлари
Тақдир бизни дуч қилиб турар –
Кўчасининг бошида у қиз
Оппоқ кўйлак кийиб ўлтирар.

* * *

Ана улар келди, чортоқ арава…
Қайрағочлар айтди, шамоллар айтди.
Акс-садо келди ойдан шивирлаб,
Мўридан бурқсиган тутундан қайтди.
Чортоқ аравалар келар ғичирлаб,
Оқшомда қуёшга йўлдош, йўл тортиб.
Чортоқ аравалар келар пичирлаб,
Ўрмондан дарахтлар танасин ортиб.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғанар,
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!
Юлдузлари рангсиз осмон остида
Ҳолсиз корандалар суради хаёл –
Ҳили балқиб турган ёзнинг келишин
Ва иссиқ бошпана, бир қучоқ похол.
Арава ортидан йўлин тусмоллаб
Қоқшол елкасида чўпон таёғи,
Кўзларига чўккан туннинг зулмати.
Подабоқар келар судраб оёғин.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғанар.
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!
Ортда қолар сайҳон, дарахт лошлари,
Юракларга эса мероснинг бори –
Пайраҳа ҳидию яхдай ҳаволар,
Ушалмаган орзу – дилнинг озори.
Олис-олислардан, қишлоқ буржидан,
Шомги қўнғироқнинг зори таралар.
Шипшийдами чиққан сайҳонлик узра
Пайраҳалар ҳиди. Қалбда яралар.
Аравалар… ночор, ҳорғин ирғалар,
Пуэбло Нуэвонинг йўлида улар!
* * *

Булут талвасавор тўсар осмонни
Тонгми? Оқшоммиди? Йўқдир дараги.
Ҳув, унда мақсадсиз айланар беҳол
Шамол тегирмоннинг чўлтоқ парраги.

Ғира-шира туман, қўйлар суруви
Водий қўриқчиси қоялар – посбон.
Кўзга ташланади мунғайган шарпа –
Таёққа суяниб мудраган чўпон.

Гўё фақат тошдан қурилган қўрғон,
Бир тутам гиёҳ йўқ, чечак, на-да қуш.
Кимсасизлигидан тонг дили хира,
Ялтираб ётибди бурганлар беҳуш.

* * *

Нимадандир асли сенинг булбулга хос наволаринг –
Чашмаданми, атиргулдан ёки юлдуз жарангидан?
Эслагина, қанотлари тилло сувга чайилгандай,
Ҳумоданми, парвоз этса парларидан нур ёғилган?

Сеникими мовий осмон, камалаклари товланган,
Ким эди у сенсиз бўзлаб, юваётган қалб доғини?
Эслолмасанг керак чоғи, кўл бўйида баҳор фасли
Олиб қочганмидинг ёки булбулларнинг сайроғини?

Хуан Рамон ХИМЕНЕС

Рус тилидан Ўктам МИРЗАЁР таржимаси