Ҳикоя

Эрта тонг эди. Эндигина кўтарилган офтобнинг илиқ нурлари деразаларга тушиб, уйларни ёрита бошлаган эди. Ишга вақтлироқ бориш, тўғрироғи, олтин куз ҳавосидан тўйиб нафас олиш иштиёқида уйдан чиқдим. Бироз этни жунжитадиган шабада эсарди. Кечаси ёмғир ёғиб ўтибди шекилли, асфальт йўлка нам.
Муюлишдан ўтиб катта кўчага чиққанимда кўк дарвоза олдида турган бир болага кўзим тушиб қолди. Оёғида, дадасиники бўлса керак: катта калиш. Бир томонга қийшайиб кўзларига тушиб турган қалпоқ ҳам ўзиники эмас эди. Яқинроқ бордим. Бола кўзларини кўчага тикканча, иштаҳа билан қарс-қурс қилиб алланарса ерди. Ҳавасим келиб кетди.
– Нима еяпсан, ошна! – дедим ёнига яқинлашиб.
– Узум, – деди бола қалпоқ остидан кўзларини менга тикиб. Кейин қўйнидан бир нима олди. Бу – етилиб турган катта бир бош қора чарос эди. – Олинг.
У шундай деди-да, оғзини катта очиб илжайди. Совуқданми ё узумнинг рангиданми лаблари кўм-кўк кўкариб кетган эди.
– Олинг, – деди бола яна. Лекин ўзи жавобимни кутмасдан бир ғужум узумни оғзига ташлади-ю, бир-икки карсиллатиб ютиб юборди.
Тамшаниб қўйдим. Йўлга тушдим. Аммо, йўлнинг ярмига етганимда боланинг қўлидаги чаросдан, шунақа етилган тим қора чаросдан бирам егим келиб кетди! Қани энди бир боши бўлса-ю, худди шу боладек карс-курс сувини сачратиб есанг?!
Болалигимизда кўпинча шундай қилардик. Бизнинг қишлоқ боғ қишлоқ эди. Каттабоғ деб бекорга аташмаган. Қишлоқнинг орқа томонида, эс-эс биламан, катта узумзор бор эди. Атрофи пастак пахса девор билан ўралган бу узумзорнинг юз хил рангдаги узумлари ҳамманинг ҳавасини келтирар, ўтган ҳам, кетган ҳам суқ билан қарамай иложи йўқ эди. Биз, болалар учун эса, узумзор сирли бир дунё эди. Ҳаммамизнинг уйимизда ҳусайними, бувакими ё бошқа хил узум исталганча бўлса ҳам, шу боғдаги узумлардан кўзимизни узолмасдик. Ҳамманикида узумдан кўп барг бўлса, бу боғнинг ишкомларида барг деярли йўқ эди. Пўсти шилинган оппоқ тол пояларига оқ, қизил, сариқ, қора маржонлар гўё ғуж-ғуж қилиб осиб қўйилгандек эди.
Бир куни ўқишдан қайтаётиб, болалардан беш-олтита шўхроғимиз бир жойга йиғилдик-да, ўғирлик қилишга қарор қилдик. Икки киши соқчилик қиладиган, қолганларимиз боққа тушадиган бўлдик.
Китоб-дафтарларни кичик болалардан бериб юбориб, пойлай бошладик. Кўчада ҳеч ким қолмади. Ҳамма ёқ жим-жит. Секин деворга яқинлашдик-да, битта-битта боққа тушдик. Узум! Оғзимиз очилиб колди. Бир чеккадан узиб кетавердик. Бир қўл билан юлиб қўйнимизга соламиз, бир кўл билан оғзимизга. Бирпасда қўйнимиз тўлиб кетди. Кимдир чўнтакларига, дўпписига ҳам солиб олди. Энди кетамиз деб турган эдик, узокдан:
– Ҳў-ҳў-ҳўй! Ким бор? – деган овозни эшитиб қолдик-ку!
Шерикларим тапира-тупурига олиб қочиб қолишди. Мен бўлсам узумни кўп еб қўйганимданми, ё қаттиқ қўрқиб кетганимданми, қимирлолмай қолдим. Нима қилишимни билмай кўзимни чирт юмдим-да, жойимда туравердим. Қанча турдим, билмайман. Кўзимни очсам, рўпарамда қизил этик, оқ яктак кийиб, устидан кўк қийиқни боғлаб олган баланд бўйли бир чол жилмайиб турибди. Қалтираб кетдим.
– Қўрқма, қўрқма, болам, – деди у майин товуш билан. – Узум керак экан, айтмайсанми, ўзим узиб берардим.
Бундай муомалани мен сира кутмагандим, йиғлаб юбордим. Кўзимдан оққан ёшни артиш учун қўлимни кўтарган эдим, кўйлагим иштонбоғимдан чиқиб кетиб, қўйнимдаги узум ер билан битта бўлди. Аммо, чол эътибор бермади. Кўрган бўлса ҳам ўзини кўрмаганликка солиб мени юпата бошлади.
– Йиғлама, нега йиғлайсан, тентак, – деди у бошимни силаб. – Бир бош олибсанлар, икки бош олибсанлар, нима бўпти? Камайиб қоладими? Қара, бу узумларни! Қанча ахир. Ҳаммага етади. Қани, бу ёққа юр!
Чол қўлимдан ушлаб етаклаб кетди. Боғнинг ўртасидаги ишкомга кирдим. Ишком тўла ёнғоқдан-ёнғоқдек келадиган қора чарос эди.
– Тузукми? – деди чол менга қараб ва кулиб қўйди. Кўкрагига тушиб турган қалин оппоқ соқоли силкиниб кетди. – Тузук бўлса, шундан узиб бераман.
У қийиғига осиб қўйган пичоғини қинидан суғуриб узум уза бошлади. Бирпасда яктагининг иккала бари тўлиб кетди.
– Мана, болам, ол. Ўртоқларингга ҳам олиб бор.
Мен апил-тапил узумни қўйнимга солиб, кўчага югурдим. Раҳмат айтиш ҳам эсимдан чиқибди. Эшик тагига етганимда орқамга бир қараб қўйдим. Чол менга тикилганича жилмайиб турарди.
Шу-шу, деярли ҳар куни боққа чарос егани кириб турадиган бўлиб қолдим. Аммо бу узоққа бормади. Шаҳарга кўчиб кетдик.
Мана, шундан бери қанча йил ўтиб кетди. Ҳозир қишлоқ қалай экан? Ўша машҳур узумзор-чи? Бормикан ҳали ҳам? Боғбон чол-чи? Бу хаёллар менга тинч­лик бермай қолди.
Орадан икки-уч кун ўтмай, Каттабоққа қараб йўл олдим. Эски қишлоқ ўз ўрнида эди. Аммо ўзгариб кетибди. Чиройли уйлар, янги кўчалар тушибди. Анҳор ёқалаб, қишлоқнинг орқа томонига ўтдиму севиниб кетдим. Узумзор, ўша қадим узумзор, аввалгидай яшнаб турарди. Девор ҳам ўша девор, фақат текис қилиб суваб қўйилибди. Тагида уч-тўртта бола ёнғоқ ўйнаб ўтирибди. Боққа қарадим. Юз хил рангдаги узумлар оппоқ тол пояларига атайин териб қўйилгандек ғуж-ғуж эди.
– Ошна, – дедим, болалардан биттасини чақириб. – Менга қара, бу узумчи ота шу ердамиканлар ҳозир, билмайсанми?
Бола ғалати назар билан қаради-да, дўқ аралаш сўради:
– Сиз кимлари бўласиз?
– Ҳеч кимлари. Ўзим шундай кўрай деб келдим.
– Узумчи бувам йўқлар. Бултур ўлганлар.
Сесканиб кетдим. Бутун вужудимни титроқ босди. Менга ҳайрон бўлиб тикилиб қолган болаларга эътибор бермай, секин орқамга қайта бошладим. Лекин юролмадим, тўхтаб колдим. Қанча турдим, билмайман, бир маҳал орқамдан:
– Қани, ҳой болалар! Болалар-ов! – деган овоз эшитилди.
Шартта узумзор томонга ўгирилдим. Деворнинг орқасида оппоқ яктагининг этагига тўлатиб узум солиб олган бир йигит жилмайиб турарди. Мен то ўзимни ўнглаб олгунимча болалар этакни бўшатишди, йигит узумзор ичида ғойиб бўлди.
– Ким бу? – сўрадим ҳалиги боладан боққа ишора қилиб.
– Узумчи бувамнинг ўғиллари.
Юрагим ўйнаб кетди. Боғ томонга югурдим. Деворга етганимда чақирмоқчи бўлиб оғиз жуфтладиму, лекин дарров айнадим. Оёғига қизил этик, яктак устидан кўк қийиқ боғлаб олган баланд бўй йигит ишкомлар орасидан битта-битта қадам ташлаб борарди. Унга тикилар эканман, ёшлигимнинг ширин хотираси – узумчи бобони кўргандек бўлиб кетдим.

Ўлмас УМАРБЕКОВ

Саҳифа 256 марта ўқилган.