Яхшиликнинг ҳикмати чексиз

Назм

   Мўъжиза эрур ҳаёт

Мўъжиза эрур ҳаёт теранроқ солсанг назар,
Айланган ер куррамиз ва булутли осмонни,
Ўткинчи вақт карвони, ақлин олиб ҳар сафар,
Ҳайратга солиб турар донишманд бу инсонни.

Кишини сеҳрловчи кечалар, оқ кечалар,
Шабнамлар гиёҳларнинг бўйнида дур ўзгача.
Ўтганда ёмғир ювиб, тоғларга боқсанг агар,
Камалак ранларида ўйнаган нур ўзгача.

Сомон йўли аталмиш, қумшакардай тўкилган,
Беҳисоб юлдузларнинг сирлари кимга аён.
Кун бўйи булбулларни куйлатиб қўйган чаман,
Гулларнинг тилларини ким берар айлаб баён.

Ҳайратга солар ҳали сир бермайин коинот,
Чексизлик, вақту замон тинмаган бу одамни.
Очилур инсон ақли олдида кўп тилсимот,
Йўлга солмоқчи бўлар ақл бирла оламни.

Тўхтамасдан

Тўхтамасдан эсади ғиз-ғиз
Шафқати йўқ вақт шамоли.
Яхшиликнинг ҳикмати чексиз,
Беғаразлик инсон камоли.

Қисматимни айта олар ким,
Ишонмайман фолнинг барига.
Аммо, учар ўксик хаёлим
Поёни йўқ бўшлик қаърига.

  Тун чўкди

Тун чўкди қишлоқда, ёмғир ҳам тинмас,
Ҳеч нарса кўринмас. Совуқ, зимистон.
Нечундур бўғзимга тиқилиб нафас,
Қалбимда ингранар қандайдир армон.

Турибман, атрофга қулоқ солиб жим,
Дов-дарахт, тоғларни ювмоқда ёмғир.
Сен ҳақда ўйлайман, ёшлик ва севгим,
Биламан, қайтмайди ўтган кун, ахир.

    Армон бўлиб

Алвон рангга бўяб оламни
Чўкди осмон тубига қуёш.
Ёшликдаги бир дарду ғамни
Унутмоққа излайман бардош.

Жийда гулин ёқимли иси
Боғ оралаб урар димоққа.
Очилмайин кўнглим наргиси,
Хаёл олиб қочар йироққа.

Изҳори дил этганди дилбар,
Ойдек тўлиб баҳор кезлари.
Армон бўлиб қолди у кунлар,
Севги, ҳислар бўрони бари.

Алвон рангга бўяб оламни
Чўкди осмон тубига қуёш…

У йилларга қайтгум

Ёришарди кўнглум, сен кулсанг,
Ёғилгандай қуёш зарлари.
Ёшликдаги ўшал қиёфанг
Кўз ўнгимдан кетмайди нари.

Меҳмон эди ой – ойдин тунлар,
Қувнаб-қувнаб кутардик, эркам.
Сувдек оқиб ўтди у кунлар,
Дилга қўймай ғашлик ва алам.

Ёшлигимиз қолмиш узоқда
Тоғлардаги жўшқин сойсимон.
Сен ёдимга тушганинг чоқда
У йилларга қайтгум бегумон.

  Айтишга осон

Теракзор шивирлар бир иш бўлгандай,
Сарғайган баргларда аламли фиғон.
Бир тўда қуш учиб ерга қўнгандай,
Оҳиста узилиб, тўкилар хазон.

Гўёки тўкилар олам баридан
Ёшини яшаган табаррук инсон.
Воз кечиб оламнинг йўғу боридан,
Ҳаётни тарк этиш айтишга осон.

Олам ҳаракатида

Олам ҳаракатда,
Тўхтамайди ҳеч.
Тонг отади,
Тонг…
Кириб келар кеч…
Чуқурроқ назар қил,
Ўтмоқда умринг.
Бефойда ўтса у,
Бефойда ўкинч.
Олам ҳаракатда,
Тўхтамайди ҳеч!

Тушларимда кўраман сени

Тушларимда кўраман сени,
Боғларда гул териб юрасан.
Ёки анҳор бўйида мени
Маъюсгина кутиб турасан.

Гоҳо бўлиб тенгсиз бир чаман,
Лолалардан гулхан ёқасан.
Хира кўнглим ёритиб бирдан
Тўлин ойдек кулиб боқасан.

Қушдай учиб тубсиз самога,
Зуҳро бўлиб порлайсан, эркам.
Ва айланиб сирли оламга
Қайларгадир чорлайсан, эркам.

Хаёлимдан кетмайсан нари,
Кўринасан: гўзал ва маъсум.
Гўё чўкиб ҳижрон тоғлари,
Куйлаб олам айлар табассум.

Тушларимда кўраман сени.

         Қор ёғар

Ювар ёмғир, чаманларга
Фалакдан чанг, ғубор ёғса.
Мисли ёмғир илиқ сўзлар,
Майли, лайлу наҳор ёғса.

Совутма ҳеч сўзларингни.
Баланд тоғлар муз – қоридай.
Эриб кетмас экан, дўстлар,
Агар кўнгилга қор ёғса…

Тоғларим менинг

Тоғларим бағрида муаттар еллар
Эсаркан булбуллар хонишин олиб.
Ранглар жилосидан қувнайди диллар,
Ловиллар узоқдан лолалар ёниб.

Пистаю бодомлар гулини кўринг,
Уларда қуёшнинг нурлари порлар.
Бошида оқ салла тоғларим менинг
Меҳмондўст отадек бағрига чорлар.

Жилғалар қўшиғи айлайди асир,
Тинглайман сеҳридан кўзларимда нам.
Ё нодон тошюрак ёки тошбағир,
Ундан завқ олмайин яшаган одам…

Сирли сукунат

Мовий осмон,
Шовуллайди сой,
Жўшқин чашма қайнар беғубор.
Тоғ бағрида нурли бир чирой,
Сепин ёймиш келинчак баҳор.

Қоя узра айланар бургут,
Ял-ял ёнар лолалар пастда.
Ташвишларим бўлгандай унут,
Термиламан атрофга аста.

Ёдга тушар ёшлик йилларим
Ва дилимни ёққан муҳаббат.
Термиламан атрофимга жим,
Ел шивирлаб, куйлар табиат.

Ориф ОДИЛХОН