Сўз санъатининг қадимий тур ва жанрлари қоришиқ ҳолда инсон нутқи шакл­ланиши биланоқ унинг қалб истаклари сабабли юзага келган. Халқ оғзаки ижоди халқ томонидан яратилиб, даврлар оша яшаб келаётган турли кўринишдаги бадиият намуналаридир. Халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида эртак, достон, қўшиқ, лапар, масал, мақол, топишмоқ, нақл, латифа, ривоят ва шу кабилар яратилган, оғиздан-оғизга ўтиб, сайқалланиб, такомиллашиб келган. Уларда халқнинг орзу-умидлари, армонлари, дард-изтироблари, меҳр-муҳаббати кабилар акс этган.
Халқ қўшиқлари ўзининг жозибали оҳанглари ва бийрон сўзлари билан хотирага тез муҳрланади. Кўпчилигимизнинг эътиборимизда халқ қўшиқларининг шеърлари ёзма адабиётимиздаги муаллифи маълум шеърлар матнига қараганда мазмунан саёз, йўл-йўлакай хиргойи учун қофиялаб ижро этилгандек. Чиндан ҳам айрим халқ қўшиқларининг матни одатда, қофия талаби билан умумий матннинг мазмунига алоқаси бўлмаган сатрлар билан бошланади. Лекин кўпинча бошланма сатрлар оҳангдорлик, ўйноқиликни бошлаб беради, эътиборни жамлайди, тингловчини моҳиятга халқона содда тушунчалар билан олиб киради. Баъзан унда бош қаҳрамон ҳолатига нисбатан, бошқа, унга алоқаси бўлмаган тушунчани ўхшатишга асосланган ҳолда келтирилади. Жумладан:

Тоғда тойчоқ кишнайди,
От бўлдим деб ёр-ёр.
Уйда келин йиғлайди,
Ёт бўлдим деб ёр-ёр.

Бу мисраларда халқимиз вақтнинг шошқинлиги, кечаги тойлар бугун от, кечаги қизалоқлар бугун келин эканига ишора қилаётир.
Айрим халқ қўшиқларида халқимиз нима ҳақида сўз юритаётганини бир қараш­да англаш мушкул:

Читтигул ҳо читтигул
Этагингга гул босай.
Ҳа-ю читтигул,
Ҳа-ю читтигул.
Қўлинг қўлбоғда бўлсин,
Белинг белбоғда бўлсин.
Ҳа-ю читтигул,
Ҳа-ю читтигул.

Худди шу каби “Бойчечак” қўшиғи сўзларининг ҳам аслида қандай мазмунга эгалигини бир-икки ўқишда англаш осон эмас.
Халқимиз яратган қўшиқлар орасида “Бойчечак” қўшиғи ўзгача оҳангга эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг сўзларини ёд билмаган ўзбек кишиси бўлмаса керак. Бироқ бу қўшиқ мазмуни ҳаммага ҳам аён эмас. Аввало унинг матни билан тўлиқ танишиш лозим:

Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди,
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Бойчечагим ҳуллоли,
Ҳамён-ҳамён тиллоли.
Ҳамма бозор – бир бозор,
Атрофлари лолазор.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Ҳар қандай илмий тадқиқотдан мақсад фан, тарихга оид ҳақиқатларни таҳқиқ этиш ва уни ёш авлодга етказишдан иборат бўлади. Кўпгина адабиётларда бу қўшиқнинг болалар баҳорда куйлайдиган қўшиқ экани эътироф этилади. Баҳорда куйланишини бойчечакнинг янгиланиш фаслидаги биринчи гул эканлиги билан изоҳланади. Бундай тушунчанинг пайдо бўлишига қўшиқнинг нақаротидаги бойчечакнинг қаттиқ ва юмшоқ ердан чиқиши тўғрисидаги сатрлар сабаб бўлган. Кейинчалик бу оҳангдор, ўйноқи қўшиқ кўпчилик томонидан баҳорда куйлангани ёки куйланмаса ҳам, унинг бойчечак номли гул ҳақида экани тўғрисидаги фикрдан нарига ўтмаслик ҳам асл моҳиятдан кишининг чалғишига олиб келган. Бир нарсани унутмаслик лозимки, кўплаб халқ қўшиқларининг мазмуни тўғрисидаги фикрларнинг барчаси тахминларга таянади. Жумладан, “Бойчечак” қўшиғи тўғрисидаги ҳозирги адабиётшунослигимизда мавжуд маълумотлар ҳам.
Бутун республиканинг мактабларида амалда бўлган адабиёт дарсликларида ҳам “Бойчечак” қўшиғига оид маълумотлар нотўғри талқин этилган кўринади. Жумладан, 6-синф адабиёт дарслигининг (муаллифлар: С.Аҳмедов, Р.Қўчқор, Ш.Ризаев) 2-қисмида шундай сўзлар бор: “Бойчечак”, одатда, баҳорда куйга солиб айтилган. Қишлоқ болалари ушбу гулни кўтариб уйма-уй қўшиқ билан суюнчи сўраб боришган. Бойчечакни кўрган кексалар кўзларига суртишган. Қўшиқ болаларга хос содда, самимий, ҳазил-мутойиба тарзидаги мисралар билан бошланади…”
Интернет тармоғига жойлаштирилган adabiyot/uz сайтидаги саҳифада: “Олимлар болалар фольклорини кимлар яратади, деган саволга жавоб беришга уринганлар. Ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зарифов билан бир куни илмий суҳбатда нима учун болалар фольклори ҳақида мақола ёзмаганларини сўрадик. Шунда устоз бу оғзаки ижод намуналари ўта сирли ва мураккаб эканини айтдилар ва мазкур асарлар ҳақида мақола ёзишга журъат этмасликларини тушунтирдилар. Уларнинг фикрича, айрим қўшиқлардаги сирли ифодани изоҳлаш жуда мушкул экан”, дейилади. Дарҳақиқат, халқ оғзаки ижодининг қадимий намуналаридан бири бўлган қўшиқ матнидаги сўзларнинг қандай мазмун англатиш мақсадида қўлланганини изоҳлаш мушкул. Халқ қўшиқлари ҳам, фольклорнинг бошқа жанрлари сингари, даставвал бир ижодкор томонидан яралганлиги, йиллар ўтган сари бу яхлит асарлар дастлабки кўринишларига қараганда сайқалланиб, мазмунан ва ҳажман тўлдириб борилганлигини англаш қийин эмас.
adabiyot/uz сайти саҳифаларида, шунингдек, қуйидагича маълумотлар берилган:
“Бойчечак”, “Офтоб чиқди оламга”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Читтигул”, “Лайлак келди, ёз бўлди”, “Ёмғир ёғалоқ” каби ўнлаб қўшиқлар болалар ижроси репертуарини ташкил этади. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг деярли ҳаммаси йил фасллари билан боғлиқдир. Улар мазмунига кўра баҳор ва ёз кунлари айтилади. Хусусан, “Бойчечак” қиш бўйи оқ қор остида қора совуқдан зериккан ернинг қуёш нурларидан баҳра олиб бағридан чиқарган биринчи чечакка бағишланади. Уни битта яккахон қўшиқчи бошлайди, болалар нақаротга қўшиладилар…”
Худди шу сайтнинг халқ оғзаки ижоди жанрлари саҳифасида шундай фикрлар келтирилган: “Одатда, қўшиқларнинг дастлабки мисралари, кўпинча, тингловчини чалғитиш ёки ниманидир ифодалаш мақсадида тўқилади. Асосий мақсад охирги мисрада, баъзан 3-4-мисраларда ифодаланади”.
Бизнингча, кўпчилик сўзини яхши биладиган “Бойчечак” қўшиғида бойчечак сўзи гул маъносида эмас, фарзанд, янги туғилган гўдак маъносида келаётир. Бу ҳақда кексалар суҳбатида улар ҳали ёш келин эканида бу қўшиқни баҳорда эмас, янги туғилган чақалоқни биринчи бор бешикка боғлаш маросимида айтилганини эшитган эдик. (Эргашева Равзажон – 1918-2011; Ниёзбадалова Ризвонбу – 1908-2004. Наманган вилояти Чуст тумани Ғова қишлоғи).
Яна тегишли сайт саҳифаларига мурожаат қиламиз:
“Айтмоқчимизки, болалар фольклори матнини ижод қилишда бевосита ёшларнинг ўзи иштирок этиши инкор қилинмайди. Лекин болалар фольклорининг салмоқли қисми асосан катталар томонидан яратилади…”
Чиндан ҳам, болалар фольклори асарларини болаларча содда, тушунарли, ўйноқи кўринишда дея қабул қилиш билан биз аслиятдан чалғиб кетамиз. Халқимиз фарзанднинг ҳаёт чироғи, умр меҳвари эканлигини чуқур англаган, энг болажон халқ эканлигини яхши биламиз. Болани бешикка боғлаш жараёнлари миллатимиз вакиллари яшайдиган ҳамма жойда деярли бир хил маросимлар билан амалга оширилиши ҳам маълум.
Шу ўринда бойчечак сўзининг келиб чиқишига ҳам эътибор қилиш зарур. Зукко халқимиз бойчечак сўзининг туб маъносига ёндашиб, уни бойнинг боласи, яъни чақалоқ сифатида эътироф қилган. Қўшиқнинг бирор сатри шунчаки, қофия учун эмас. Ундаги бирор сўз вазн учун, шеърнинг ўйноқилигини таъминлаш учун қўлланмаган. Бойчечак сўзида инсоннинг бор бойлиги фарзанд экани, фарзанд дунёга келиши билан ота-онасига бебаҳо давлат ато этиши мужассам бўлган. Халқимиз тўй-маросимларда шу маросим руҳига муносиб оҳанг ва сўзлардан фойдаланиб, бетакрор қўшиқлар яратган. Яна таъкидлаш лозимки, бизнинг андишали халқимиз ҳар қандай сўзни, фикрни очиқ сўзлашдан, баъзи ҳолатлар тўғрисида очиқ-ойдин гапиришдан ҳаё қилади. Бироқ инсон фикратида, айниқса, бизнинг болажон халқимиз назарида, инсонни дунёга келтириш инсонийликни адо этишдаги энг улуғ бурч, шундай бурчки, унинг ичида меҳр, олижаноблик, зурриёт қолдириш истаги ва яна номларини келтириш мушкул бўлган кўп тушунчалар мужассам.
Шеърда шундай сатрлар тизилганки, ижро этилганда тинглагувчи мушоҳада ва эътибор қилиб кўрса, бу қўшиқда Инсондек олий хилқатни дунёга келтириш қийин бир жараён эканига зимдан ишора қилинганини англайди. Инсонни дунёга келтириш истаги бу – шунчаки истак эмас, унинг аввалида муҳаббат, ишонч, қалблар боғлиқлиги кабилар кафил бўлади, бу истак аждодлар ўзлигини бир даврдан бошқа даврга елкада олиб ўтиш масъулияти билан йўғрилган, ўзидан зурриёт қолдиришдек буюк орзу билан суғорилган тоза қалб истагидир .
Энди қўшиқнинг ҳар бир сатрида яширинган маъно тўғрисида тўхталамиз:

Бойчечагим бойланди.

Чақалоқ бешикка боғланди.

Қозон тўла айронди.

Бунда боланинг ризқи, онанинг сутига ишора қилинаётир.

Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.

Одатда, илк бор бешикка боғланган гўдак ҳамма ёқни остин-устун қилиб, чинқириб йиғлайди. Бешикка ҳозиргина боғланган чақалоққа онаси дарҳол сут бериши керак. Юқоридаги сатрларда шунга ишора бор.

Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак.

Бу сатрларда инсоннинг дунёга келтирилишига ишора қилинади. Она танасида қаттиқ суяклар бор, лекин бола туғилишда қаталоқлаб (ўқалоқлаб) чиқади. “Қаталаб” сўзининг мазмунига эътибор қиламиз: Бу сўз аслида ҳайвон терисидаги сўнанинг қурт чиқаришини англатади. Қаталоқлаш – бу ўқалоқлаш, яъни қурт чиқариш деганидир (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Т., 2008. 5-қисм. 188-бет). Қаталоқлаш – ўқалоқлаш демакдир (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Т., 2008. 5-қисм. 259-бет).

Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Бунда боланинг она қорнида бир марта юмалаб олиб, кейин дунёга келишига ишора қилинади.

Бойчечакни тутдилар.

Момоларимиз болани бешикка белашдан олдин унинг кураги ёпишиб қолмаслиги учун билаги аралаш елкасидан тутиб, бир неча марта силкиб оладилар.
Тут ёғочга осдилар.

Болани тут ёғочидан ясалган бешикка ётқизилишига ишора қилинади.

Қилич билан чопдилар.

Бунда эса боланинг қўл-оёғини маҳкам ушлаб туриш учун махсус тикилган қўлпеч ва оёқпечлари билан боғланганида бола тепадан қараганда бўлинган каби (қилич билан чопилган каби) кўринишига ишора.

Бахмал билан ёпдилар.

Бешик устига ёпиладиган махсус ёпқичнинг бахмалдан тикилишига ишора.

Бойчечагим ҳуллоли.

Ҳулла сўзи нозик, нафис мато ҳамда шу матодан тикилган кийим (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” Т., 2008 5-қисм. 561-бет), тўсиқ, парда ва шу кабиларни англатади. Бола халқимизда алоҳида, ўзгача эъзозда. Бешикнинг ёпқичи устидан ҳарир матодан безама тикилган. Бу устлик ёки ёз фаслларида ёпқич вазифасини ҳам бажарган.

Ҳамён-ҳамён тиллоли.

Бу мисранинг сўзлари эса ҳаммасидан ҳам ўтадиган ажойиб топилма. Биламизки, бешикда боланинг безовталанмай, қуруқ ётиши учун махсус ёғоч мослама ва сопол тувак ишлатилади. Халқимиз бу ўринда ўзининг буюк кашфиёти бўлмиш бешикнинг оддий сўзда айтилавермайдиган, лекин барчага бирдек маъқул бўлган хусусиятларига ишора қилади. Яъни ҳамён – бу бешикдаги тувакдир. Халқимизда ёшлар катталар олдида ўз фарзандларини ўта суйиб, эркалаб, “ўғлим” ё “қизим” дейишдан ҳам тийиладилар. Бундай қилиш катта ёшлиларга нисбатан ҳурматсизлик саналган. Ёши катта одамлар

Ҳамма бозор – бир бозор,

Бозор сўзи бешикнинг ўзидир. Қўшиқ сўзларида ҳеч бир тимсол ўз номи билан келмаган. Бу эса халқимизнинг нозик диди, ҳаёю имонидан дарак беради.

Атрофлари лолазор.

Бу сатрда эса бешикнинг ёғочлари, қабзаси гул ва лолалар тасвири билан беза­тилишини англатади.
Хулосага яқинлашар эканмиз, шу нарсага диққатни қаратмоқчимиз. “Бойчечак” қўшиғи аввал-қадим яралишида болаларнинг баҳорда айтадиган илк қўшиғи бўлмаган. Бироқ бойчечакни кўтариб уйма-уй юриш удумларининг пайдо бўлиши ҳам бежиз эмас. Халқ тоза ниятларни қалби пок, беғубор болалар айтишларини истаган. Оилани оила қиладиган буюк неъмат сифатида фарзанд кўриш билан боғлиқ тилаклар ижобатини кўпнинг дуосида кўрган халқимиз бойчечак қўшиғини уйма-уй айтиб юриш билан шу қўшиқ айтиб кирилган остонага ёки ўз оиласига, яқинларига фарзанд тиланишини мақсад қилган. Бойчечак эса баҳорда очилади. Вақтлар ўтиб бойчечак баҳорда болалар айтадиган қўшиқ кўринишини олган.
Бугунги кунда фольклор асарлари моҳиятини тўғри тушунтириш биз адабиётшуносларнинг вазифаларимиздан биридир. Агар “Бойчечак” қўшиғини баҳорда куйланган қўшиқ дебгина қаралса, шунингдек, дарсликларда ҳам шундай изоҳлаб ўтилса, бу бетакрор қўшиқ сўзларининг таъсири сусаяди, жозибаси хиралашади. Фарзандларимиз халқимизнинг яратган инсонга берган олий иноят – қудратли сўзга таяниб, ижтимоий ва тарихий аҳамият касб эта оладиган, нақадар гўзал асарлар яратганини билмоғи, халқ қўшиқларида халқнинг амалий фаолияти, яшаш тарзи, покиза орзу-умидлари, умуман олганда, инсон руҳиятининг нозик кечинмалари усталик билан акс эттирганини англамоғи лозим.
Бугунги кун дарсликларига “Бойчечак” фольклор намунасининг мавсум қўшиғи эмас, маросим қўшиғи эканлигини қайд этиш жоиз деб ҳисоблаймиз.

Резюме

Мақола муаллифи халқимиз томонидан узоқ йиллардан бери куйланиб келган “Бойчечак” қўшиғининг мазмун-моҳиятига, унинг сатрларида берилган ички маъноларга эътибор қаратган. Мазкур қўшиқда, муаллифнинг фикрича, анча чуқур маъно яширинган. Бойчечакнинг пайдо бўлиши янги ҳаётнинг туғилиши, халқимизнинг фарзанд билан боғлиқ удумларини ифодалагани боис, мавсум қўшиғи эмас, маросим қўшиғи сифатида тадқиқ этилиши лозим.

Маъмура ЗОҲИДОВА

 

Саҳифа 122 марта ўқилган.