ЧАВАНДОЗ ҚАМЧИСИДАН ЧАҚНАГАН ҚИССА

Адабий жараён

Cўз санъати ўзини бадиий образлар орқали намоён қилади. Бадиий образ эса кўзгуга қараб ўз аксимизни кўрганимиз каби ижодкор руҳиятидаги бизнинг аксимизга ижодкор томонидан берилган холис қарашдир. Бадиий образда характер ёки борлиқнинг яхлит тасвири тўлалигича ва бор мураккабликлари билан ижодкор онги орқали асарга кўчиб ўтади. Бу жараёнда у инсон ва оламнинг қуруқ тасвири бўлиб қолмай, ижодкорнинг дунёқараши орқали онгида кашф этилган инсон ва оламни акс эттиради. Бу ёзувчининг инсон ва ҳаётга берган эстетик баҳоси саналади. Шунингдек, мазкур ҳодиса ёзувчининг мақсадига боғлиқ ҳолда амалга ошади. “Бадиий асарда озми-кўпми тафсилот билан тасвир этилган персонаж – образ ёки характер деб аталади. Образ инсоннинг типиклаштирилган ва индивидуаллаштирилган тасвиридир… Характер (образ) муаллиф эстетик идеалини ташувчидир”. Образ маълум бир муҳитда ҳаракат этиш натижасида намоён бўлади ва шаклланади.
Борлиқда азалий қарама-қарши унсурлар: сув ва олов, ибтидо ва интиҳо, эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик ва зулмат, ҳиссизлик ва ҳаяжон сингари антонимик қарашлар мавжуд. Бу ҳол инсонлар онги ва тафаккурида ҳам акс этади. Инсоният яратилибдики, жамият ва инсон ўртасида айро жиҳатлар мавжуд бўлган, ана ўша даврлардан рамзийлик адабиётнинг муҳим омилига айланган. Ижодкор ҳислари рамзларда акс этган. Рамз – кўчма маъно касб этувчи образлилик тури. Муаллиф қарашларини бадиий образ зоҳирий акслантирса, рамзий образ эса ботиний ифодалайди.
Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасида манфур ижтимоий муҳит таъсири сезилса-да, муаллиф ўз қарашларини очиқ баён эта олган. Муаллиф кеч кузда туғилиб ўсган юрти – Сурхон воҳасига йўл олгани, Саттор чавандоз билан тил топишиб, чавандоз унга от топиб берганлигини айтади ва “Мен… отландим” дейди. Бу унинг адабиётимизга яна бир асарини туҳфа қилмоқчи бўлиб, номини абадийлаштиришга отланганини англатади. “Узун қиш кўпкарихона – иш жойим бўлди, чавандозлар – ҳамхонам бўлди, отлар – биродарим бўлди. Ниҳоят, кўкламда “От кишнаган оқшом” номли иккинчи қиссамни журналга кўтариб келдим” деб айтади. Адабиётшунослар эътирофидан фарзанди камолини кўрган отадек қувонган ёзувчи “Мен” номли мақоласида “Қисса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳисобот йиғилишида йилнинг энг яхши қиссаси дея баҳоланди” деб ёзади. Ёзувчининг маҳорати унинг ҳаётий билимлари, кўпкарининг қонун-қоидаларини мукаммал тушуниб, кўрган-кечиргани ва чопган улоқлари гази билан ўлчанади. Ана шундай етук асарни ёзиш учун муаллиф бир-неча марталаб чавандозлардан қамчи еб, отдан йиқилиб, ҳақоратли сўзлар билан таҳқирланган. Асарда ўзбек фольклори ва дунё адабиётининг таъсири ҳам беқиёс. Адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев Азим Рўзиев билан “Тоғай Мурод чизган суратлар” суҳбат-мақоласида шундай дейди: “Зиёдулла образи орқали инсоннинг нозик кечинмалари, зиддиятлари очиб берилади. У кал бўлса-да, кўнглининг шу қадар нозиклиги, ғурури шу даражада баландлиги, эркинлиги ва атрофини ўраб турган кишиларнинг нақадар қаллоблиги, сотқинлиги-ю қўрқоқлиги қандай ифодаланганлигини кўринг-а. “От кишнаган оқшом” қиссаси дунёдаги адолат ва адолатсизлик ҳақидаги гўзал ҳамда даҳшатли асар. Бу қисса адибнинг бошқа асарлари сингари эзгуликка даъват этади. Эзгулик ва разолатнинг мангу курашидан баҳс этади. Тоғай Мурод асарлари миллатимиз юксалишига, маънавияти баландроқ, кўнгли тозароқ бўлишига хизмат қилади” дейди. Бу ва шунга ўхшаш фикрлар “Мен қайтиб келаман” номли хотиралар китобида кўплаб учрайди. Муаллиф мазкур асарни ёзиб, ўзбек миллий колоритини ўзида мужассам этган кўпкари (улоқ) йўқолиб кетиш арафасида турган бир пайтда уни оммага қайтариш учун ўзида куч топа олган эди. Кал катта Зиёдулланинг отини олиб кетиш учун келганида у “…Отам бечора совет тузумини деб қурбон бўлди. Отга келсам, от йигитнинг йўлдоши, катта. Қолаберса, от билан кўпкари чопамиз…” деб аждодлардан ўтиб келаётган бу спорт турининг бардавомлиги ҳақида сўзлайди. Лекин кал катта унга “Кўпкари – эскилик сарқити! Кўпкари – ёввойилар ўйини” деб танбеҳ беради. Муаллиф эса Зиёдулла образи орқали бу фикрларга тиш-тирноғи билан қарши туриб, ҳам маънан, ҳам жисмонан кучли бўлган халқ вакилларининг ўйини эканлигини айтади.
Асарда бош образ Зиёдулла Қурбонов. Асар унинг тилидан ҳикоя қилинади. Ровий нутқидаги “таътил қилдим” (овқатландим), “дўмбирамни сайратдим” (дўмбирамни чалдим), “чўнқайибман” (энгашмоқ), “чинингни айт” (ростини айт), “зуваласи пишиқ”, “бўлимли” (бақувват), “сағир” (етим), “бурнини жийириб” (назарга илмай) каби шева сўзларнинг истеъмолга кириб келиши адабий тил учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Тоғай Мурод насрининг ифода тарзи ҳақида профессор Баҳодир Саримсоқов: “Адиб ўзбек бадиий насридаги баён поэтикасини бутунлай янги ўзанга буриб юборди. Эпик баённинг бу шакли ҳозирги ўзбек насрида мутлақо янги бадиий ҳодиса бўлди. Мен бу ҳодисани квантий баён шакли, деб номлагим келади ва эпик баённинг ушбу шамойили ҳақида, умр насиб этса, махсус бир тадқиқот қилиш ниятим йўқ эмас”, деб ёзади. Муаллиф сўзга хасислик қилмасдан баён этикасига амал қилиб, ўзининг шундай услубини яратади. У такрорий сўзларни кўп қўллайди. Такрорлар унинг ифода тарзи орқали улкан маъно касб этади.
Кўпкари эл-юрт ори учун курашиб келган довюрак чавандозларнинг мардлиги ва ҳалоллиги билан йўғрилгани боис эътиборга лойиқ. Унда ҳалоллик қанча кўкка кўтарилса, ғирромлик шунча ерга урилади. Фикримизнинг далили сифатида кўпкарининг асосий шартлари замиридаги инсоний маъно ва ахлоқий мезонларига эътибор қилайлик: “Баковул… қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди: “Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да эшитиб ол! Чилвир солмайсан – бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма – икки! Қамчи солма – уч! Йиқилган чавандоз устига от солма – тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер – беш!” Бу ҳукмдек янграган сўзлар тилданмас юракдан чиқади. Кўпкарида фақат ҳалол ишгина ўзини оқлайди. Бу ҳақда адабиётшунос Усмон Қосимов: “Халқимизнинг миллий ғурури бўлган олийҳиммат чавандозларнинг мард ва ҳалоллиги қанчалар юксак тақдирланиши ва аксинча, кўпкарида ноҳақлик қилган пасткаш баковул ва қитмир улоқчиларнинг эл қарғиш, нафратига дучор бўлиши китобхон қалбидаги пок инсоний туйғуларни жўш урдириб, унинг ҳақиқат ва эзгуликка бўлган умид, ишончини орттириши табиийдир”, деб ёзади. Қиссадаги кураш қаҳрамонлар иштироки орқали мантиқий исботини топган ва ғамли бадиий талқинлари ҳам чуқур фалсафий асосга эга.
Зиёдулла чавандознинг асар бошидаги кал бўлиб қолиш ҳолати уни қанчалик ўкситмасин, аҳдида собит туриб, айтганини бажарадиган, фикридан қайтмайдиган инсонга айланади. Тўғри, у ҳам одам – хато қилади, аммо адолат ҳақида гап кетса, бошини кундага қўйиб бера олади. У отнинг ўсиб-улғайиши ҳақида “Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от чавандоз қалб қўридан бино бўлади!.. Қандай қилиб тарбияладим? Айтмайман, бировлар билиб қолади, айтмайман…” деб ўзининг дунёқарашини фош қилиб қўяди. Бу эса унинг очиқкўнгиллиги ва самимиятидан далолат беради. У ана шундай гапларни эркалаш оҳангида айтади. Яна бир гап, Зиёдулла от билан бутун шахс ва бир бутунликни ташкил этади. У чавандоз бўлиб, диққатимизни тортди ва бизнинг севимли қаҳрамонимизга айланди. Зиёдулла чавандознинг отга, айниқса, Тарлонга меҳри бўлакча. У “Отнинг сараси менда, қулинг ўргилсин менда!” дея ўзини отининг ҳақиқий эгаси санайди. У халқ достонларини дўмбира жўрлигида айтади. Асарни ўқирканмиз гўёки достон эшитгандек бўламиз. Одатда, халқ достонларида довюрак, мард, ботир алплар отга миниб юрт ори ва эл шаъни учун ўзининг эзгу амаллари ва жасоратларини кўрсатганлар. Ҳақиқатан, достонларга кўра, отга ҳар томонлама мукаммал, ўлканинг кўзга кўринган инсонлари, қийинчиликларни сабот билан енггувчи алпкелбат, ҳуснда ҳам анча кўркли йигитлари ярашадики, Тоғай Мурод ана шуни юракдан ҳис қилиб, жамият кирдикорларини очишда иқтисодий қийинчиликдан безган ва соғлом муҳит ҳамда ҳақиқат тарафдори бўлган Зиёдулла образи орқали бу муаммони ечишга ҳаракат қилади. Ёзувчи Алпомиш, Авазхон, Равшанхон, Кунтуғмишлар каби ҳар томонлама етук, шунга қарамай бошида сочи йўқ бўлган Зиёдулла кални “отга миндириб” ўзининг парадоксал қарашларини кўрсатади. Ёзувчи маҳорати, одатда, алплар миниши керак бўлган отга оддий халқ вакили Зиёдуллани лойиқ кўришида. Шундай алп баҳодирлар қаердан етишиб чиққан? Халқ орасидан-да. Шу боис Зиёдулла қоришиқ образ бўлиб, у ўзида халқ фольклори анъаналарини ҳам мужассам этади.
Чавандозлик сирларини мукаммал эгаллаши, туш мотиви, гўзал бир ҳурлиқони тушида кўриб қанча маломатлар билан бўлса ҳам унга уйланиши халқ достонларида ҳам бор. Бир қарашда комик талқин устувор бўлган бу қиссада ижтимоиятнинг бадииятга кўчиши акс этган. Бунда жамиятнинг қусурларини ўзида намоён этадиган бир дард ётибди. Юқорида айтиб ўтилган Алпомиш, Авазхон, Равшанхон, Кунтуғмишлар султонлар авлодидан. Улар элнинг обрўли инсонлари фарзанди бўлиб гавдаланадилар. Шу йўсинда ўзларининг ғайрат-шижоатларини ишга солиб қаҳрамонликлар кўрсатиб, халқнинг обрўли инсонларига айланадилар. Эътибор қилинг, уларнинг кўриниши ҳам нуқсонсиз. Бизнинг Зиёдулла чавандоз эса, аксинча оддий халқ вакили. Дунёқараши ҳам ўзига хос. У моҳир чавандоз. Ўзбекларга хос аҳдига содиқ, ўзига ишончи баланд, адолатни севгувчи, фақат ўзини ўйламасдан, ўзгалар ғами билан ёнгувчи образ. Ўзбекларга хос тантилик, ғайрат акс этган тасвирга эътибор беринг: “…тағин узалди… улоқ жунини эти билан қўшиб ушладим, ғижимлаб ушладим. Бор кучим билан силтаб кўтардим, эгар қошига ўнгариб олдим! Кўкрагим остига босдим, билакларим билан босдим!
Кўз илашмай қолди!
Қолган иш Тарлон иши бўлди! Тарлон тулкидай чопди!
Кўпкари охири менда кетди. Мен зафар қозондим!
Биродарлар, ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар, зўр келади!” кўпкарилардан бирида бўлаётган ноҳақлик ва бахилликлардан азият чеккан кўп катта чавандозлар бир тўда пасткашларга зарда қилиб, тўйни ҳам, улоқни ҳам ташлаб кетадилар. У бошқа узанги йўлдошлари сингари осон йўлни танламайди. Ёлғиз ўзи ўша кўпкаридаги ноҳақлик ва адолатсизликка қарши курашади. Зиёдулла чавандоздаги инсоф, диё­нат, атрофдаги одамларга меҳр-оқибат ва кўз ўнгида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ғаразсиз муносабат уни доимо адолат ва эзгуликни ҳимоя қилишга ундайди. Унинг табиатига кўриб-кўрмасликка олиш, ўзини билмаганга солиш бегона.
Бу образни яратишдан асосий мақсад: мустамлака тузумининг қонли жароҳа­тидан озор чеккан халқнинг ички ғалаёнларини акс эттириш эди. Тоғай Мурод ўша жамиятдаги ноҳақликларга Зиёдулла чавандоз образини қалқон қилиб кўрсатади. Муаллиф қалбида бир дард бор эдики, у ҳам бўлса, халқ манфаати, инсон эрки, жамият фаровонлиги, эл-юрт маънавияти билан боғлиқ эди. Академик Бахтиёр Назаров билан Фаррух Жабборовнинг “Давралари давом этади” номли суҳбат-мақоласида шундай жумлалар бор: “От кишнаган оқшом” қиссаси қаҳрамони Зиёдулланинг адолатсизлик билан, ҳақсизлик билан сира чиқиша олмаслигини ёдга олинг. Кўпкарилардаги баъзи ғирромликлардан тутаб кетишини айтмайсизми? Гўё чавандозларнимас ўзини ҳимоя қилаётгандек ўртаниб ёзади Тоғай Мурод. У ҳаётда ҳам мана шундай бўлганини таниган-билганлар яхши эслашади. Тоғай гапни исроф қилиб чувалаштириб ўтирмай, кези келганда, муштни ишга солишдан ҳам тап тортмасди. Баъзан бунга ўзим гувоҳ бўлганман”. У мардлик ва жасоратни шундай қаттиқ ҳимоя қиладики, унинг тахайюл олами билан реал ҳаётни чоғиштириб юборасан киши.
Бир қарашда, парадоксал тарзда комик талқин этилган Зиёдулла чавандоз образи жамиятнинг хўрланган, таҳқирланган бир вакили. Муаллиф ХХ асрнинг 70–80 йилларидаги халқнинг аҳволини рамз сифатида “кал”га юклайди. Муаллиф жамият нуқсонларини боши кал инсон кўринишига менгзайди ва бу образни болалигидан кал қилиб кўрсатади. Инсон тана аъзоларидан кўзга ташланадигани ва эътиборни тортадигани – бош қисм. У ўзини қийнаган армонларини шу бош орқали кўрсатиб беради.
Асардаги Зиёдулла образи мавжуд тузумга исён сифатида гавдаланади. Уни бир илмсиз, маърифатсиз инсон сифатида ҳам айблаб бўлмайди. “…Сиёҳдонни олиб, муаллимнинг юзига отдим. Тегмади. Кейин ташқари отилдим… Яна қайтиб мактабга оёғимни босмадим… онамиз алдаб-авради, барибир мактабга бормадим”. Нега бормайди? Чунки у қаттиқ уялади. “Уят ўлимдан қаттиқ” дейдилар-ку! Унинг ўзига бўлган ишончи ўзи хоҳлагандек одам бўлишида асқатади. Ундаги уят ўша жамиятга бўлган исённи келтириб чиқаради. У асар бошиданоқ жамиятнинг трагик ҳолатини оча бошлайди. Уни томирида оқаётган тоза қон, аждодлардан қолган ғурур ва эртанги кунга ишонч бошқаради. У ҳамма нарсага эътибор беравермайди. Ғурури, моли, ори, жонига тегадиган ишларгагина қарши боради. “…чақалоқли уйни қаради… катталар қилиғи ҳамиятимга тегди. Тишимни тишимга зўрға босиб турдим” деб эркаклик шаъни топталганини ҳис этади. Яна бир ўринда Кал катта оғзини тиёлмай қолади:
“– Ўчир-э…
– Катта, энамни сўкманг… сизга бундайин бепошна гаплар эп бўлмайди…
– Ўчир дейман-э…
– Эса мен ҳам сизнинг…
Кал катта ўз шашти билан, ўз забти билан супадан учиб кетди. Чуқурга бориб тушди. Раисимиз довдираб қолди”.
Бу воқеанинг юзага келишига бир сабаб бор, у ҳам бўлса: биргина мансаб иштиёқида ёнган кимсанинг “каттакон”ларга яхши кўриниш учун қилган иши. Ўша жараёнда раис ҳам мансаб илинжида Кал каттанинг қилмишларини оқлаб, ўзини яхши кўрсатишга уринади. Ички ишлар ходимларининг олдида ҳам ёлғон гувоҳлик беради. Одатда, халқнинг эзилиши орқали бирор мансабга эришилмайди. Инсон ўз истеъдоди, меҳнати ва эзгу амаллари эвазига эътибор қозонади ва элнинг оғзига тушади. Мансаб, эътибор тортиб ёки сотиб олинмайди – қозонилади. Элнинг қарғиши Кал каттани шундай аҳволга олиб келадики, охир-оқибатда хор бўлади. Зиёдулла эса ўзининг ғайрати ва шижоати билан элнинг орини олади, узанги йўлдошлари ҳеч қандай соврин олиб қайтолмаган тўйдан ҳам у зот билан қайтади, ҳақини “айириб” қайтади. “– Қалай, қуруқ қайтмадиларингми, ишқилиб?.. Мен олдимдаги серка жунини оғритиб-оғритиб тортдим. Серка узиб-узиб маъради” дейди. Шунда у фақат ўзинингмас узанги йўлдошларини ҳам уятдан сақлайди. “– Ана шундай овозли жонлилардан баримизда бор! Хуржундаги қат-қат тўнларни айтмасак-да бўлади!” дея шерикларини трагик вазиятдан олиб чиқади. У тўйлардан бирида Жўра бобонинг Саман отини миниб кўпкарида от суради. У синалмаган отга минмайди, лекин Жўра бобонинг кўнглига қарайди. Унинг кўнглига қарайман деб “қон ютади” ва ўзининг “Биродарлар, оғзинг қора қон бўлса-да, ғаниминг олдида тупурма” концепциясига амал қилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Зиёдулла образи орқали инсониятнинг қабиҳ қилмишлари қаршисидаги ғолиб шахс ва оддий ҳайвон, отнинг меҳри олдидаги ожиз қалб ва сел бўлган юракни, одамлар меҳридан тониб, ҳайвонлар меҳрига зор кимса руҳиятидаги ғалаёнларни илғаймиз. Бу образ бизнинг ерга кўмилаётган урф-одатларимиз ва унутилаёзган расм-русумларимизнинг қайтиши ва давомийлигини таъминлашга хизмат қилган, деб ишонч билан айта оламиз.

Завқиддин СУВОНОВ