Жавобсиз қолган “дўстлик” таклифи

Шарқ юлдузи/ Noyabr 21, 2017/ Адабий жараён

Аксарият замондошлар каби камина ҳам facebookда вақтни беҳуда ўтказиш касалига дучор бўлганман. Лекин бошқалардан кўра устунроқ бир жиҳатим бор – халқимизнинг кўзга кўринган, қалам тебратиб, бир нималар қоралаган вакилларига дўстлик таклифи жўнатиб қўяман. Улар билан гаплашмасам, танишмасам ҳам, фаолиятидаги янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Шу денг, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамга ҳам дўстлик таклифи жўнатиб қўйибман. Орадан ойлар ўтса ҳам, қабул қилмадилар. Одатда, ижодкорлар шеърларини, қиссаю ҳикояларини ўқувчиларга улашиб, мухлис кўпайтиради. Эркин Аъзамга мухлиснинг кераги йўқ, бу босқичдан ўтиб кетганлар. Ёки шунчаки, фейсбукка киришга вақтлари йўқ, балки, “трнет-прнет” деганларини, умуман, тушунмайдилар. Хуллас, дўстлик таклифим жавобсиз қолди.
Тўғри-да, бизга ўхшаган ўзини туппа-тузук “профессионал журналист” санаб юрган йигитча қаёқда-ю, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам қаёқда?!
Адабиётшунослар оиласида туғилиб ўсганман. Шунинг учун, эсимни танибманки, уйда ёзувчи-шоирларнинг исм-шарифи тилга олинади, ёзган мақоласию кимнидир “урган-сурган”и муҳокама қилинади. Болалигимда: “Фалонча пистончини боплаб “урибди”, дейишса, чинакамига дўппослабди, деб тушунар эдим. Кейин билсам, матбуотда мақола билан “урилиш”дан, росмана калтак еган маъқул экан. Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Азим Суюн, Усмон Азим, Маҳмуд Саъдийларнинг ўзини танимасам ҳам исм-шарифини ёддан билардим. Дадам укам иккимизни шаҳар айлантиришга олиб чиқиб, ўзлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида соатларча қолиб кетардилар. Биз эса Маҳмуд Саъдий деган бир “қора шахс”ни ёмон кўриб, ташқарида кутиб ўтирардик. Куни келиб, ўзим ҳам шу ажойиб устозга шогирд тушдим. Битирув малакавий ишимга илмий раҳбарлик қилдилар, кейин магистрлик ишимда ҳам маслаҳатлар олдим. Соатлаб ёнларида ўтирдим.
Хуллас, Эркин Аъзам ҳам қулоғимизга сингиб кетган шахслардан. “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири, ихчам қоматли, бошқаларга ўхшамайдиган йўғон овозли бир инсон эканликларини болаликда билардим. Телевизорда интервьюларини эшитганман, баъзида овозларининг йўғонлигидан микрофон яхши ёзолмаганини ҳам сезганман. Лекин у киши билан ҳақиқий танишиш “Эрталабки хаёллар” деган китоблари қўлимга тушганидан кейин бошланди.

Ўзбекчани соғинганда ўқилган китоб

Пешонада бор экан, хорижда илмий тадқиқот қиляпман. Бошқа тил, бошқа тушунчалар, бошқача дунёқарашга-ку анча мослашиб қолдим. Аммо ўзимизнинг халқона ҳазиллару қоғозга ўраб айтиладиган пичинг гапларга, ҳангомалару афандинамо латифаларга нима етсин?! Ўзга тилни қанча ўзлаштирманг, барибир, ўзбекча ўқилгандаги мароқни топиш қийин. Она тилида ўқишнинг “ютум”и яхши бўларкан, энди билсам. Айниқса, ёнингизда китобдан бошқа ҳеч ким ўзбекча “гапирмаса”, у энг яқин дўстингизу ҳамроҳингизга айланар экан.
Хуллас, “Эрталабки хаёллар”ни эрталаб ҳам, кундузи ҳам, фарзандлару ота-онани соғиниб, уйқу келмаган кечалари ҳам ўқишга одатландим. Бошқача айтадиган бўлсам, хаёл товлаган ҳар маҳалда Эркин Аъзамнинг хаёллари билан суҳбат қурдим. Нақ уч ойлик мутолаа бўлди ўзиям. Баъзи жойларни қайта-қайта ўқидим. Алалоқибат, китоб анчагина эскирди, пахтадай оппоқ саҳифалари жиндай сарғайди, баъзи жойларига қалам ҳам тегди. Муаллифга айтадиган узрим бор!
Муаллиф бу китобларини дадамга: “Азизим Султон Мурод! Бул китобда Сизнинг-да улушингиз бор. Шугина билан қарзимни узолмасман, рози бўлгайсиз. Эркин. 29.03.16”, деган дастхат ёзиб, совға қилганлар. Бу чизганларим учун ҳали дадамдан кечирим сўрашга тўғри келар. Майли-да.
Келинг, энди китобнинг баъзи жойларига хат тортганим, эртага давомини ўқирман, деган ниятда буклаб қўйганим ва ҳоказо “айб”ларимни ювай – кузатувларимни сиз билан ўртоқлашай.
Ишни, аввало, китобнинг дизайни, сифатидан бошласак. Китоб “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида 2015 йили икки минг нусхада нашрдан чиққан. ­Бунинг ўзи кўп нарсадан дарак беради.
“Эрталабки хаёллар”нинг варақлари оппоқ, ҳеч қаерида бўёқлар суркалиб кетмаган, саҳифалар баъзи китоблардаги каби тескари тушиб қолмаган. Харидорга қимматроқ келар, аммо йилда бир дафъа бўлса ҳамки, китобнинг сифатлисини олган яхши, фикримча. Аммо бу асосий масала эмас: гап – ўша оппоқ варақларга тушган босмада, битилган фикрларда. “Эрталабки хаёллар” китоби – “Тафаккур” журналини оёққа қўйиб, унинг мамлакатимиздаги энг тоши оғир, нуфузли нашрга айланишига 23 йилдан буён бош-қош бўлиб келаётган бош муҳаррирнинг, дип­ломли, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, айни пайтда Ўзбекистон халқ ёзувчисининг публицистик асарлари тўплами, десак ҳам бўлар. Унга муаллифнинг асосан, мустақиллигимиз илк йилларидан то яқин кунларгача ёзилиб, матбуотда эълон қилинган ёки босилмай қолган мақолалари жо бўлган.

Саранжомлик

Китоб киройи саранжомлик билан тартиб берилган.
Ундан, “Гапни ўзимдан бошласам…” сарлавҳали беш саҳифали сарсухандан ташқари, 136 асар ўрин олган. “Асар” деганимга эътироз қилиб ўтирманг: гарчи тўпламга журналистик-публицистик материалларгина киритилган бўлса ҳам, адиб уларнинг ҳар бирини худди ҳикоя ёки қисса ёзаётгандек юксак маҳорат билан битган.
Материаллар жанри ва йўналишига кўра, беш бўлимга ажратилган.
Тажрибасизроқ қаламкаш жанрларнинг ўзинигина сарлавҳага чиқариб қўя қолиши ҳам мумкин эди. Бироқ атоқли адибнинг маҳорати шундаки, у буни қавсга олади-да, ҳар бир бўлимга исми жисмига мос гўзал, таъсирчан, жозиб сарлавҳалар топади: “Сиёсату саёҳат (Мақола ва сафарномалар)”, “Шап-шап дегунча… (Фиқралар)”, “Йўл-йўлакай (Адабий қайдлар)”, “Ёндошлар, замондошлар (Портрет ва хотиралар)”, “Менимча… менимча… (Суҳбатлар)”.

Хаёллар етагида

Гапни “Сиёсату саёҳат (Мақола ва сафарномалар)” қисмидан бошласам. Бу бўлимга жами 19 мақола киритилган. Илк мақола “Ватан масъулияти” сарлавҳаси билан берилган. Муаллиф бу ерда ўзининг ўзгаришлар даврига гувоҳ бўлаётганидан, қарийб бир аср ҳукмронлик қилган пуч ғоялардан воз кечилишининг бевосита иштирокчиси эканидан хурсандлигини намоён қилади. Тўқсонинчи йилларнинг азобу уқубатлари, кескин ўзгаришлар, муаммолар, ечимини кутаётган масалалар илҳоми ёхуд алами биланми ёзилган мақола биз тенгилар учун ўша даврни яхшироқ тушунишга, замонни бошидан ўтказганлар учун яна бир ёдга олиб: “Шукр!..” дейишга ундайди.
“Танқиддан мақсад – танқид, ўч олиш, ер билан яксон қилиш, бадном этиш эмас, ҳақиқий манзарани очиб бериш, камчиликларни баралла айтиш, ишни яхшилашга оид йўл-йўриқлар кўрсатиш, оқилона, фойдали хулосалар ясашдан иборат бўлмоғи керак”. Бу жумлаларни муаллиф 1997 йил ёзган экан. Матбуотимиз таҳлили асосида сўз юритилган бу мақолада журналистларнинг танқиддан қўрқиши-ю танқидий мақоладан кейин бош муҳаррирга келадиган акс таъсирлар қаламга олинган.
Материалнинг ёзилганига нақ 20 йил тўлибди. Бу муддат ичида, публицистик мақолалар у ёқда турсин, каттакон илмий китоблару не-не тадқиқот натижалари ҳам кераксиз бўлиб қоляпти. Лекин айни бу мавзу ҳали ҳам долзарблигини йўқотмади. Энди-энди биздаги оммавий ахборот воситаларида танқид чинакамига жамиятни ривожлантириш йўлида хизмат қила бошлади. Давлат ҳам, халқ ҳам журналистлардан ҳаёт таҳлили асосидаги танқидий муносабатни талаб қиляпти, шу йўл билан хатолар тузалишига умид билдиряпти. Журналистнинг вазифаси фақат ва фақат “ура-ура” қилиш, олам мунавварликларини намоён этишдан иборат эмаслигини тушуниб етишимиз учун чорак аср вақтимиз кетди-я…
Яқинда Лондон шаҳрига янги ҳоким (майор) сайланди. Қачонлардир Покистондан кўчиб келган оиланинг фарзанди экан. Лекин Англияда туғилиб ўсган, бир қарашда, инг­лиздир у, балки. Хуллас, Содиқ Хон жанобларининг мусулмон экани, сиёсий-ижтимоий қарашлари, ҳамма-ҳаммасини бутун дунё эринмай муҳокама қилди-да ўзиям. “Мана, демократия, инглизлар диёрида покистонлик ҳоким сайланди, биз тарафларда ҳам демок­ратиянинг бу босқичларига эришилса эди”, дея фикрловчилар орасида камина ҳам бор эди. Тўғриси-да, ҳокимлар бизда ҳам сайланса нима қилар экан? Ҳар қандай ҳокимликка даъвогар сайловда қатнашса, ўз дастурини ишлаб чиқиб, халққа тақдим этса…
Эркин Аъзам бу ҳақда чапанича, ҳамма тушунадиган бир мисол билан жавоб ёзган эканлар. “Масалан, вилоят ҳокими лавозимига келиб чиқиши ҳар жойдан бўлган уч кишининг, дейлик, бойсунлик, шерободлик ва шўрчиликнинг номзоди қўйилди. Сайлов чоғи, ишонаверинг, бойсунлик депутатлар – бойсунлик номзодга, шерободлик – шерободликка, шўрчилик эса, албатта, шўрчиликка ён босади, ўшанга овоз беради. Натижада вилоятга эмас, Бойсунга, Шерободга ёки Шўрчигагина ҳоким сайланган бўлиб қолади. Элнинг ораси бузилади, тарафкашлик, маҳаллийчилик баттар авж олади. Демак, ҳозирча сабр қилиб турган маъқул”.
Сизни билмадим-у, камина саёҳатнинг шайдосиман. Йиллар олдин: “Пас­портимда юртдан чиққанлигим ҳақида муҳр йўқ”, деб, қанчалар ич-этимни еб юрганимни айтмайсизми?! Дўстларни аэропортда кузатар эканман, ичимдан қириндилар ўтганини-ку, асти сўраманг! Хуллас, йўлчилик, гаштак, деса, жонимга жон киради. Эркин аканинг бу борадаги қарашлари қандай эканини тўлиқ била олмадим-у, Эрон, АҚШ, Германияга қилган саёҳатларини мириқиб ўқидим. Чет элга чиққан юртдошимиз кам эканми, бир-икки ҳафталик саёҳат тугул, Парижу Лондонни худди ўзининг маҳалласидек, кўчама-кўча биладиган баъзи ватандошларимизни танийман. Шу жиҳатдан қараганда, Эркин аканинг сафарлари ҳеч гап эмасдек. Лекин масаланинг бир жиҳатини унутмайлик, бу саёҳатлар тўқсонинчи йилларнинг бошларида, ҳали Ўзбекистонни, кўп давлатларда қизил байроқ остида бирлашган бепоён даланинг бир парчаси, деб биладиган пайтларда амалга оширилган. Устига-устак, инглизчани билмай қилинган саргузаштнинг, иллоки, бир ишкали бўлади, чув туширган ҳолатлари, гарчи айтилмаса ҳам, бордир, албатта. Қолаверса, ёзувчининг кўзи билан кўрилган манзара, оғзимизни американча қилиб талаффуз қиладиганимиз HD (эйч ди) камера объективларидан ҳам мукаммалроқ тасвирланади.
Муаллиф Эрондаги қора рангга бурканган уст-бошларга-ю бир неча кунда тубдан ўзгарган Эрон жамиятига эътибор қаратади. Бадиа жуда таъсирчан жумлалар билан тугатилган. Исфаҳондаги “Шоҳ Аббос” мусофирхонасига кираверишда муаллифнинг кўзи “баланд, тик зинапоянинг қоқ тепасидаги девор бурчагида бир қора ҳайкалдек қотиб тур”ган “сим-сиёҳ либосга бурканган ёшгина қиз”га тушади. “Навбатчи бўлса керак. Девор – оппоқ, қиз – қоп-қора!” Кейин ўзини ғафлатда қолдириб, уни суратга олганини айтиб, хулоса қилади: “Негатив тасвирда тескари чиқди: девор – қоп-қора, қиз эса – оппоқ. Бамисоли кабутар, оппоқ кабутар. Худо ҳақи, шуниси кўнгилга яқиндек…”
Ёзувчимиз Америкага борганида Вашингтондаги байроқбозликка, янада батафсилроқ айтсак, ҳамон-ҳамон ҳар бинонинг (ҳатто, қурилиши энди бошланган иншоотнинг ҳам) томига қадалган байроқларга, давлатбошидан тортиб, кўчадаги оддий йўловчигача кузатиш мумкин бўлган ҳеч бир маъносиз табассумларга… тўхталади. Олмон юртида эса, ҳар дақиқасини бир неча кун аввал режалаштириб яшайдиган немисларнинг нақ бир ярим соат миллий қўшиқларимизни қимирламай тинглаганини ғурур билан тилга олади.
Яқин ўтмишда ёшроқ бир ҳамкасбимиз раҳбарликка тайинланибди. Биринчи кундан мажлис йиғиб: “Мени “Фалончи ака”, “Фалончижон”, “Фалончибек” деб ўтирманглар, менга фақатгина “Фалончи Пистончиевич”, деб мурожаат қиласизлар”, деб туриб олибди. Яна бир ҳолат, яқинда оилавий кинога тушдик. Хусусий бир корхонанинг ёшроқ раҳбарига отаси тенги одам келиб: “Фалончи Пистончиевич!” деб мурожаат қиляпти. Хўш, энди, айтинг, биринчи ҳолатдаги ҳамкасбимиз кинолардан ўрганиб, шундай талаб қўйганми ёхуд киночилар у ҳамкасбимиздан ўрганиб, сценарийга шундай диалогни қўшишганми? Аслида, сабаби – жуда оддий. “Товарищ Александр Тимофеевич!” деб юрган пайтларимиздан қолган анъана бу. Олдин нима бўлса, бўлибди, энди ўзгаришимиз керак эмасми мабодо?! Аввало, паспортлардан “-ов”, “-ович”ларни улоқтиришимиз керак эмасмикин?! Ҳай, майли, ҳужжатда “-ов”, “-ович” бўлиб қолсак, қолибмиз, зарари йўқ, оддий бир расмиятчилик. Лекин ўзаро суҳбатлашганда “Фалончи Пистончиевич” деб юришимизга нима бор?! Йўқ, чамамда раҳбарларимизга (асосан, тоза теккан, ёш раҳбарчаларимизга) оддийгина “ака” ёки “Фалончижон”, “Фалончибек” бўлиш хуш келмайди. Эркин Аъзамнинг 2006 йили ёзилган “-Ов”, “-ов”… “-вич”, “-вич”…” сарлавҳали фиқраларида ҳам шу ҳақда сўз юритилади. “Истиқлолимизга пешвоз чиққан дастлабки қонун давлат тили ҳақида эди. Унга ҳам ўн етти йил бўлди (1989–2006). Лекин камина ҳамон -овман! Нега? (Албатта, гап мен ҳақимдагина бораётгани йўқ.) Ўша тарихий ҳужжатда исм-шарифимизни миллий-анъанавий шаклда ёзишга изн берилган-ку!”
Қозоғистонлик бир дўстимдан уларда бу ҳолат қандайлигини сўрадим. Айтишича, қозоқ тилида мурожаат учун исм ёнига қўшиладиган сўзнинг етишмаслиги туфайли дарров “-ов”, “-ович” қилиб юрилар эмиш. “Байке (бой ака)” бор-ку”, десам: “У – жуда халқона-да, раҳбарларга бундай мурожаат қилинмайди”, дейди. Аҳвол бир хил, ишқилиб…
“-Ов”, “-ович”чиликнинг бир фойдаси бор. Чет элда, хусусан, “-ов”чилар яшамайдиган ерда бирор “-ов” фамилиясини эшитиб қолсангиз, дарров қандайдир бир яқинлик ҳис этасиз. “Нима бўлса ҳам, ўзимиз тарафлардан-да”, деб қўясиз. Мабодо, гаплашишга тўғри келиб қолса, деб, хаёлан shift+alt тугмаларини босиш орқали миянгизни рус тилига ўтказиб қўясиз.

Тилни кимдан ўрганамиз?

Яқинда адабиётимизнинг йирик намояндаси Ғафур Ғуломнинг 1924–1925 йилларда ёзилган ҳикояларини турк тилига таржима қилишга тўғри келди. “Ие, ҳикоя экан-ку, бор-йўғи 3-4 бетлик нарса, “шест секундда ўгириб ташлайман”, деб, ишга ўтирдим. Ҳар жумладан, десам, ёлғон бўлар, ҳар уч гапдан бирида бугунги замондошимиз аниқ изоҳлаб беролмайдиган сўз чиқди-ёв. Ўтган асрнинг 20-йилларидан то ҳозиргача тилимиз, қаранг, қанча ўзгаришларни бошдан кечирибди. Янги тушунчалар, нарса-ашёлар дегандай, охир-оқибат, бор-йўғи юз йиллик тарихга эга матнларимизни тушунишга қийналадиган аҳволга келиб қолибмиз. Яна бир савол: шўро даврида ёзилган мақолами, илмий рисолами ўқиганмисиз? Бир қарашда ўзбекча ёзилган, лекин у бугунги биз билган ўзбекча ҳам эмас-да! Яна битта ҳолатни айтай, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида юртимиздан бошқа ўлкаларга кетганларнинг ўзбекчасини эшитсангиз, яна бошқача. Энди 18-20 ёшлардаги йигит-қизларнинг телевизорлардаги бурро-бурро интервьюсини бир тингланг. “Айни мана шундай”, “такомиллаштириш”, “баландроқ кўтариш”, “демак”… каби сўзлардан тўхтовсиз жумлалар қуриб кетаверади-ю, ўз атрофида айланиб қолади. Нега? Сўз бойлигида муаммо бор. Тили – камбағал.
Балки, ошириб юбораётгандирмиз, эҳтимол, янглишдир, лекин Эркин Аъзамнинг “Эрталабки хаёллар”ини ўқир экансиз, муаллиф сизни замонлар оша у ёқдан, бу ёққа судраётганга ўхшайди. Бир қарасангиз, Навоийлар қўллаган калималардан, бир қарасангиз, янада қадимлардан келаётган эски туркий сўзлардан ўрнаклар кўрасиз. Энг қизиғи, ҳаммамиз билган сўзларнинг янада халқона ишлатилиши кишини матн­ни беихтиёр кулимсираб ўқишга ундайди. Масалан, милиция идораси – “мелисахона”, Европа – “Оврупа”, айтгувчи – “ойтқич”, ҳамроҳ – “эш”, яхшироқ – “беҳроқ”, ўрганиш учун – “ўргамчик”, капитал – “ётирим”. Буларни биз ҳам биламиз-ку, деган фикр хаёлингиздан ўтиши табиий. Лекин, айтинг, қайси биримиз ва қаерда қўллаймиз бу сўзларни? Миллатдошларимизнинг кўпи ҳозирча бу сўзларни тушунади, улар баъзи шеваларимизда, эҳтимол, ҳали ҳам фаол истеъмолдадир. Аммо яқин орада бутунлай унутилиши – турган гап. Тилимизни унутаётганимиз йўқ, қайтангга янада яхшироқ гапиряпмиз, адабий тилимизда сўзлайдиганлар ҳам сон-саноқсиз. Муаммо шуки, момо-боболардан қолган калима, ибора, мақоллар, ҳа борингки, оддий жумлаларнинг кўпи фаол эмас, биламизу ишлатмаймиз, ўқиймизу ёзмаймиз.
“Ўзбекчани Эркин Аъзамдан ўрганиш керак!” Бу ерда муаллифни ёлғиз бир инсон деб тушунманг. Буни Эркин Аъзам ва унинг замондошлари, дея қабул қилинг. Бу авлод – ўзбекчанинг бобо-момолар, ота-оналардан қолган тийнатини, ака-ука, опа-сингиллардан келаётган танбеҳу тазйиқона сўзларни, дунё ҳамжамиятидан олинган халқаро тушунчаларни ўзида жо қилган авлод. Бу қаламкашлар, ҳатто, ўша ўтган асрнинг 20-йилларида ишлатилган, юқорида қайд этганимиз Ғафур Ғуломлар ёзган, биздан анчагина йироқлашган она тилимизнинг тирик ташувчилари, десак ҳам бўлади. Шундай экан, Эркин Аъзам ва замондошларидан ўзбекчанинг бой меросини ўзлаштиришимиз лозим, фикри ожизимча.

“Эрталабки хаёллар”нинг хулосалари

Эрталаб тинглаган мусиқангиз кун бўйи кайфиятингизга таъсир қилиб турар экан. Америка фильмларида қаҳрамонларнинг эрталабдан қулоғига гўшакни тақиб олиб югуриши бежиз эмас, шекилли. Эрталабки ўй-хаёллар куни билан жиғибийрон қилиши ҳам – рост. Афсуски, бошдан кечган хаёлларни амалга ошириш “битс-битс” мусиқа остида югуриш каби осон кечмайди-да. Режалар доим пучга чиқиши, вақтнинг беҳуда ўтиши эҳтимолдан холи эмас. Муаллифнинг бу китобдаги фикрлари ҳам эрталаблари, сумкани қўлтиқлаб ишга кетар чоғи пишган бўлса, ажаб эмас. Лекин буларнинг барини ўқувчига етказа олиш учун неча саҳару қанча мулоҳаза лозим бўлди экан? Ҳар ҳолда, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзилган мақолалардан тортиб то китобни босишга имзо чеккунга қадар ўтган ҳар тонг ана шу “Эрталабки хаёллар”ни четлаб ўтмагандир-ов.
Шуни баралла айтиш мумкинки, мазкур китоб – ўқувчининг кўплаб тонгу тунларига татигулик, ўйлантиргулик. Нашр биз – китобхонларга етиб келди. Лекин бу ёғи тамом-вассалом билан битмайди. Муаллиф энди “Эрталабки хаёллар” ҳақидаги хаёллар билан овора. Бу – аниқ. Бундай ҳолат ҳақида ўзлари ҳам бир ерда айтиб ўтибдилар: “Китобинг чиқди, ҳар ким ҳар хил фикр айтди: биров мақтади, биров аямай ерга урди. Аммо унинг ҳақиқатда қандай эканини ёлғиз ўзинг биласан; қувонадиган ҳам ўзинг, куйинадиган ҳам ўзинг, ёлғиз ўзинг! Биласан, ўйланасан, қийналасан”.
Ғафур Ғуломнинг Шум боласига ўхшаб, бошида: “Менинг бир айбим бор”, деб айтган эдим. Фейсбукда кўп вақтимни беҳуда ўтказаман. Кузатганимни сўйлай, кўпчилик ўз саҳифасига Цицерон, Конфуций, Умар Хайём ва яна аллакимларнинг фикрларидан иқтибослар келтириб, статус қилиб қўйишади. “Қишда ҳаво совуқ бўлади”, “Ёз ёмғири ноёбдир” каби “доно” фикрлар… Эркин Аъзамдан чинакамига статусбоп жумлалар тўплами чиқарса бўлади. Қуйидаги жумлани, ҳозиргина статус қилиб қўйдиму мақолага якун ясадим:
“Ватан муҳаббати шумикан? Билмадим. Ҳар ҳолда, шу юртсиз, шу элсиз менинг ҳеч ким, ҳеч нима эмаслигим – ҳақиқат. Ватанга муҳаббат шумикан?..”
P. S.
Бу сатрларни ўқиб, сезиб турибманки, сизнинг ҳам шу китобни мутолаа қилгингиз келиб қолди. Ишингизни осон қилиб, аввал-бошдан айтиб қўя қолай: бу – каттагина китоб. Нақд 30,66 шартли босма табоқ! 584 бет!
Лекин чарчамайсиз. Муаллиф сизни зериктирмайди.
Китоб ҳам фарзандга ўхшайди. Бир марта туғилади. Шундай экан, ҳар қандай нашр ҳадди аълосида бекаму кўст бўлиши керак. Нуқтаси, вергулигача.
Бу ҳам – тилга ҳурматдан.
Ахир, тилга ҳурмат халққа ҳурмат эмасми?!

Шоҳрухбек ОЛИМ