Адабиётшунос Бахтиёр НАЗАРОВ билан файласуф
Убайдулла РОЗУҚУЛОВнинг шоира Фарида Афрўз ижоди ҳақида суҳбати

Убайдулла РОЗУҚУЛОВ: – Фарида Афрўзни бугунги адабиётимиз ихлосмандлари яхши биладилар. Ҳеч муболағасиз, у ҳозирги шеъриятимизда ўзининг мустақил ўрнига эга шоираларимиздан бири. Шеъриятнинг нозик адоларини яхши англаб, ҳис этадиган киши Фариданинг ёзганларини бошқа муаллифларнинг назм намуналаридан фарқлай олади.
Деярли, қирқ йилдан буён ижод этиб келаётган шоира ўндан зиёд шеърий тўпламлар эълон қилди. “Қирқкокиллигим”, “Изтироб кўйлаги”, “Тунлар исёни”, “Кўзим маним…”, “Ўзимдан ўзимгача”,“Ушшоқ”, “Тасбеҳ”,“Ўша кун – бугундир” сингари китоблари ва улардан ўрин олган асарлар, жаҳон адабиётидан яхшигина хабардор, бугунги талабчан шеърият ихлосмандларимиз томонидан алоҳида эътибор билан кутиб олинди. Бунинг асосий сабаби нимада? Фарида Афрўз шеъриятининг етакчи хусусиятлари нимада, деб ўйлайсиз?
Бахтиёр НАЗАРОВ: – Ижодий ўсиш, ижодий такомил деган ҳодисани бугунги шоирларимиз ичида ўзига наҳоятда талабчанлиги билан ажралиб турувчи шоира Фарида Афрўз асарлари мисолида жуда аниқ кузатиш мумкин. Унинг ўттиз йил аввал нашр этилган “Қирқкокиллигим” тўплами билан “Ўша кун – бугундир” деб номланган сайланмасидаги шеърларни таққосласангиз, буни яққол пайқай оласиз. Бу вақт мобайнида авваламбор Фариданинг сажияси, дунёқараши, изланишларида жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Шунга мувофиқ ижодида ҳам ўсиш, теранлашув рўй берди.
Дастлабки тўплам номи гўзал ва дилбар бўлса-да, ундаги шеърларга келганда теранлик ўрнини ёшликка хос бўлган бирмунча фикрий тарқоқлик эгаллагани сезилиб қолади.
Секин-аста унинг шеърларида қаламга олинаётган масаланинг юзаки ҳолатидан кўра, моҳиятини акс эттириш томон силжиш, поэтик вазминлик, айниқса, лирик қаҳрамондаги иккиланишлар ўрнини ўзига ишонч эгаллай борди. Лирик қаҳрамондаги “Ўзгалар нима дейди?” қабилидаги ҳадиксираш ўрнида қатъият, журъат кўриниш бера бошлади. Бу хусусиятлар йилдан-йилга шоир сифатида Фариданинг ўзига ҳам, ёзган шеърларига ҳам шеърхондаги ишонч ва эътиборнинг мустаҳкамлана боришига сабаб бўлди.
Сўнгги тўплами “Ўша кун – бугундир”даги шеърларининг асосий қисмида “Қирқкокиллигим” ва кейинги тўпламларида кўрилган тарқоқлик, парокандалик, ортиқча ийманишлар ва ўринсиз ҳадиксирашлар кўзга ташланмайди. Бу китобда энди ўзига қатъий ишонган, кўтараётган ва ёритаётган муаммоларини чуқур ҳис ва идрок этаётган ҳамда уларни ўқувчига етказишнинг аниқ, ихчам ва таъсирчан йўлларини топа олаётган шоира гавладаланади.
– Фарида Афрўз изланувчан, ўз йўлини қидираётган ва топаётган шоира. Инсон ҳаётга ўзлигини англаш учун келади. Ватанни фарзанддек асраб-авайлаш, ўз муҳаббати ва ўзгалар меҳрини қадрлаш, ноҳақлик, виждонсизлик билан беаёв кураш учун келади. Сен шундай яшагинки, бу ишларни худди шу бугун амалга ошир, эртага қолдирма, ўз шаънингни бугун авайла, эртага қўйма, ҳар бир кунинг шундай ўтсин, демоқчи бўлади, шоира. Бугуннинг қадрига етмоқлик, умуман, ҳаётнинг қадрига етмоқ тарзида тараннум этилади.
Шоира янги шеърий шакллар устида ҳам жиддий изланишлар олиб боради. Унинг шу йўналишдаги изланишлари ҳақида сиз нима дея оласиз?
– Фикрингизга қўшиламан. Фарида поэтик мазмун ва дилбар поэтик образлар билан бир қаторда шакл масаласида ҳам бугунги шеъриятимизда жиддий изланишлар олиб бораётган шоираларимиздан бири. Бироқ баъзида шаклий изланишлар маъно-моҳиятни ифодалаш жиҳатидан ўзини оқламайди. Яъни, ўша мисралар оддий шаклда ёзилса ҳам ҳеч нарса йўқотмайди ёки бу тарзда ёзилгани билан ҳам ҳеч нарса ютмайди. Фариданинг қатор шеърларида учрайдиган яна бир жиҳатга эътиборингизни тортсам.
Матндаги баъзи бир сўзлар, иборалар бошқаларидан ажратилиб, катта ҳарфлар билан ёзилади. Тушунаман, шоира бу сўз ибораларга урғу бермоқчи, уларга алоҳида таъсир юкини юкламоқчи. Айрим ҳолларда бунга муваффақ бўлади, яъни бу тарз ўзини оқлайди, лекин ҳар уч-тўрт шеърнинг бирида бундай усулнинг такрорланавериши шеърхоннинг ғашига тегади. Ҳолбуки, бу сўз ва иборалар катта ҳарф билан ёзилмаган тақдирда ҳам зукко шеърхон улардаги таъсир кучини ҳис этиб керагича англаши мумкин. Бунинг учун уларни алоҳида катта ҳарфлар билан ёзиш шарт эмас. Баъзи шеърлардаги мисра ниҳоясида бир эмас, икки-учталаб қўйилувчи ундов белгилари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Шакл дегани бу ундов белгилари-ю сўз ва ибораларнинг катта ё кичик ҳарфда терилиши, ёхуд мисраларнинг ўнг ёки терс зинапоя кўринишида ёзилишигина эмас, ахир. Шеърда шакл, энг аввало, фикр ва ҳиссиётни, характер ёки лирик қаҳрамон сажиясини, муаллиф мақсади ва ниятини онг таъсирида аниқ, гўзал қурилиш ва тузилишида ифодаланиши ҳамда уларни теран йўсинларда ташкиллаштиришга айтилади. Шакл поэтик ҳиссий мазмуннинг маъно моҳиятига мутаносиб равишда кўрина олишидир.
Бунга мисол қилиб Фарида ижодидан муваффақиятли чиққан кўплаб шеърларни кўрсатиш мумкин. Бир икки мисрасини мисол келтира қолай. “Дунё сенсиз…” деган шеъридаги ушбу мисраларга эътибор беринг:

Дунё,
Сенсиз,
Дастасиз кетмон,
Ер тишлайди,
Занглар ютади.
Боши хамдир,
Унутган деҳқон,
Боши ғамдир,
Умр ўтади…

Гап ҳабиб ёки маҳбуба ҳақида бораётгандир, ёки қадрдон инсон тўғрисидадир. Муаллиф шеърхон тахайюлини ҳам ишга солади. Шу мисралар ва умуман шеър ўқувчини бефарқ қолдирмайди, уни ўйлашга ундайди, қалбига огоҳлик уруғини сепади.
– Фарида Афрўз мана ўн беш-йигирма йилдан буён шеърнинг учлик шаклида баракали ижод қилиб келмоқда. Бундай шеърлардан ташкил топган “Тасбеҳ” номли тўплами босилиб чиққанига ҳам ўн йилдан ошди. Бу шеър­лари жамланиб, рус ва инглиз тилларида чоп этилди. Улар ҳақида муайян мулоҳазалар билдирилган бўлса-да, афсуски, янглишмасам, ҳанузгача танқидчилигимизда салмоқлироқ фикр айтилгани йўқ. Ҳолбуки, улар ҳам шакл, ҳам мазмун нуқтаи назаридан шеъриятимиздаги ўзига хос янгиликлар эди. Бир-икки мисол келтирсам:

* * *

Мени кечир,
Сен учун яшагим келди,
Ўзим учун яшай билмадим.

* * *

У дарахтлар кесилиб кетди…
Ҳосилини териб бўлди куз.
Сен жуда ҳам кечикиб келдинг.

* * *

Умрдан бир кун қолса-да,
Абадиятдек туюлади.
Абадият – энг буюк ёлғон!

Умуман, Фариданинг учликлари ҳақида турли фикрлар юради. Кимдир уларга ишонч билан юқори баҳо берса, кимдир қатъий танқидий фикрларни айтмоқчи бўлади.
Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
– Фариданинг ижодидаги шаклий ранг-баранглик ҳақида гап борар экан, унинг шеърларидаги миллий мумтоз аруздан тортиб, ўзимизнинг бармоқ, японларнинг хокку ва танкаси, Европанинг рондо ва ренделига яқин шаклий тажрибаларни кузатиш мумкин. Сиз айтаётган 333 учликдан ташкил топган “Тасбеҳ” китоби шоиранинг бу йўланишдаги чуқур ва жиддий изланишларини истифода этади. Бу тўпламга профессор Қозоқбой Йўлдошев жуда чиройли ва мазмунли сўзбоши ёзган. Бу учликларнинг аксари ёки деярли барчасида мақсад модерн йўсинида ифодаланади. Шахсан менга эса ўзимизга тушунарли ифода усулида битилганлари ёқади.

Масалан:
Бармоғимга узук эмас,
Кишан тақдим, деб ўйлади,
У – ўзича.

Ёки

Бунча у қудратли
Бунча ёқимли
Айтмаган сўзинг.

– Лекин бизнинг миллий бадиий тафаккуримиздан бирмунча олисроқ йўсинда ифодаланган фикрини мен яхши тушунмайман.

Масалан:
Ялпиз искаб юрар сигирлар,
Шохларида қоқи, зарпечак –
Маъшуқалар – сигирлар

каби. Маълумки, бизда хокку шаклини, шунингдек, модерн шеъриятини жуда қадрловчи ва юқори баҳоловчилар ҳам, унга англанишига қараб ёндашувчилар ҳам ва умуман салбий муносабатда бўлувчилар ҳам бор.
Фариданинг учликларига айрим муносабатлар билдирилган бўлса-да, афсуски, мутахассислар у ҳақда атрофлича фикр айтганлари йўқ. Бу масалада сиз ҳақсиз, Убайдулла ака. Ҳолбуки, хокку жаҳон адабиётида алоҳида эътироф этилган жанр ва шакл. Унинг ўзбек адабиётидаги муваффақиятли намуналари ўз баҳосини олишга мунтазир. Муваффақиятсиз намуналар ҳам юз-хотирсиз ўзининг муносиб баҳосини олмоғи керак. Умуман эса унинг шеъриятимизга кириб келиши ўзбек адабиётидаги ижобий ҳодиса. Ўзбек адабиёти жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўрганаётганидан жонли бир муждадир. Бу борада Фарида Афрўз, Жаббор Эшонқул сингари шоирларимиз япон адабиёти классиклари М. Басё, Ё. Бусон, К. Иссе, М. Сики, Тайсигу, Оникуралар ижодидаги хокку намуналарини ўзбек тилига меҳр билан ўгириб келаётганини таъкидлаш ўринлидир.
– Булардан ташқари, Фарида турк шеъриятидан Ҳусайн Ниҳол Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал асарларидан айрим намуналарни, ҳозирги замон форс адибаларидан Судоба, Соя Кабирий, Заҳро Абдул Ҳусайнийларнинг баъзи шеърларини ўзбек тилига ўгирди.
Айтмоқчиманки, Фарида Афрўз жаҳон адабиёти билан ўзбек адабиётининг алоқаларини қўлдан келганча ривожлантиришга уринаётган ва бинобарин, жаҳон адабиётининг илғор тамойилларидан ўрганишга ҳаракат қилаётган фаол ижодкорларимиздан биридир.
Суҳбатимизда биз унинг асосан шеърларига, таржималарига эътибор қарат­дик. Ҳолбуки, у катта жанрда ҳам қаламини синаб кўришга ҳаракат қилмоқда.
Чунончи, “Қурбонжон додхоҳ” номли тарихий драматик достони катта жанрдаги шундай тажрибаларидан биридир. Мен бу асарга уч нуқтаи назардан муносабатимни билдирмоқчиман:
Биринчидан, асарда тарихимизнинг шу вақтгача деярли ёритилмаган ёки жуда оз ёритилган воқеалар бадиий акс эттирилади. Қурбонжон додхоҳ тўғрисида кўп эшитганмиз, лекин у ҳақда аниқ бир тасаввурга эга эмасмиз. Фариданинг бу асари биринчилардан бўлиб, Қурбонжон додхоҳ, унинг даври, у курашган муҳит, қолаверса, қаҳрамоннинг феъл-атвори, тарихимизда қолдирган ёрқин изи ҳақида чуқур бадиий тасаввур беради.
Иккинчидан, асарда эрк, озодлик, адолат учун курашган аждодларимиз жасорати кўрсатилиб, бугунги мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ғоялари илгари сурилади.
Учинчидан, бу достондаги курашчан, жасур аёл қиёфасида, маълум маънода, Фарида Афрўзнинг ўз қалби мужассам бўлгандек туюлади, менга.
Умуман, Фарида Афрўз ижоди, шеърлари марказида аёл образи, унинг лирик қаҳрамони жавҳарида шоиранинг ўз қиёфаси туради. Шу маънода унинг асарларида акс этаётган аёл образи, бу образдаги ўзига хосликлар ҳақида нималар дея оласиз.
– Агар Фарида шеърларидаги марказий лирик қаҳрамон аёл қиёфаси ҳамда бу аёлларнинг бадиий таҳлил ва тасвир этилаётгани Фариданинг ўз табиатига хос муштарак жиҳатлари нималардан иборат, деб, сўрасангиз, мен тўрт хусусиятни алоҳида таъкидлаб кўрсатган бўлар эдим. Булар: кечиримлилик, андиша, ёлғизлик ва туғён…
Кечиримлилик Фариданинг ҳаёти ва бинобарин, лирик қаҳрамонининг деярли, шиори даражасида ифодаланади. Аёл ҳатто хиёнатни ҳам кечириши шарт, дейди у. Бундай фикрни бошқа ўзбек шоираси айтганми, йўқми, билмайман, лекин бу билан шоира: аёл ҳар қандай хиёнатга чидайвериши керак, қўлимдан бошқа нима келарди, тарзида аёлнинг қисмати шу-да, деб, неки бошга тушса курашмай-нетмай қабул қилавериш керак, демоқчи эмас, мутлақо. Аксинча, Фариданинг қаҳрамонлари ниҳоятда курашчан, интилувчан, бахтини қўлдан бермаслик, уни сақлаш ва тиклаш йўлида ҳатто, ўзни қурбон қилишдан тоймайдиган қалби олов кишилар. Кечиримлилик эса унинг шеърларида, қарашларида, шарқона оқилалик, ҳаёт ўчоғидаги оловни сўндирмаслик ва ўчирмаслик маъноларини англатади ва исломий улуғ фалсафа томирларидаги нуқталар билан туташиб кетади. Шунинг учун ҳам кечиримлилик Фарида Афрўз шеърларидаги лирик қаҳрамон аёл табиати гўзаллигининг энг сўнмас ва нурли қирраларидан бири сифатида зуҳур топади.
Кечиримлилик шоира талқинида ҳаёт ҳақиқатининг, баъзи ҳолларда аччиқ ҳақиқатнинг ифодаси ҳамдир. Унинг қаҳрамони нима учун ҳатто, “хиёнат”ни кечиришга рози бўлмаслиги мумкин эмас. Шунинг учунки, танганинг бошқа томони ҳам бор. “Аёл, аёл бўлгани билан у ҳам камчиликсиз эмас. Кечирмаслиги мумкин бўлган “хиёнат”га балки, ўзинг сабабчидирсан?” дейди у. Бу эса аччиқ ҳақиқатдир. Фарида шеърларида ҳам, қарашларида ҳам аччиқ ҳақиқатларга чап бермасликка интилади. Кези келганда ўзи ҳам, лирик қаҳрамони ҳам бундай аччиқ ҳақиқатларга тик қарай олади ва буни эътироф этишни ўзига ор деб билмайди. Унинг марказий лирик қаҳрамони сажиясининг зуваласи мардлик ва кечиримлилик тупроғидан қорилган.
– Фарида Афрўзнинг баъзи тўпламлари Москвада рус тилида, Истамбулда турк тилида чоп этилган. Қатор шеърлари инглиз, немис, француз, корейс, уйғур, форс, гоговус, қозоқ тилларига ҳам ўгирилди. Асарлари аста-секин кенг миқёсда танилиб бораётир. Лекин унинг ижодига ўзимизнинг танқидчиларимиз атрофлича ёки муносиб даражада эътибор бермаётганга ўхшайди… Бир сония диққатингизни бошқа нарсага қаратсам. Ана, радиода янграётган қўшиқни эшитяпсизми? Қўшиқ матнининг муаллифини танияпсизми?
– Йўқ, таниёлмадим. Лекин қулоғимга ҳам, юрагимга ҳам яқин туюляпти. Севимли хонандамиз ижро этяпти. Сўз ҳам, куй ва ижро ҳам уйғун, мутаносиб. Яхлит туғённи кўринг.
Кел, дединг, эй ишқталаб, бўстонингда адашдим,
Ёз, дединг кўнглим ғамин, достонингда адашдим.

Уч, дединг, боғла қанот, кўкда малойиклар билан,
Оҳ, дедим, оввора бўлдим, осмонингда адашдим…

– Бу қўшиқни таниқли хонанда Ҳилола Ҳамидова ижро этмоқда. Фарида Афрўзнинг икки юзга яқин куй басталанган шеърлари элликдан ортиқ хонандалар томонидан ижро этилмоқда. Унинг “Оқ билак ойим”, “Дилимдагилар”, “Бойландилар”, “Эй дил”, “Ватан”, “Фаридам”, “Эй дўст”, “Аёлни сев”, “Кечиргайму”, “Она” каби қўшиқлари халқ ичида машҳур бўлиб кетганига кўп йиллар бўлди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, унинг қўшиқлари деярли ҳар бир тўй ва тадбирларда, расмий тантаналарда, юқори савиядаги концертларда жаранглаб туради. Ҳаваскор мусиқачилардан тортиб, атоқли бастакорларгача унинг шеърларини куйга солмоқдалар. Улар Камолиддин Раҳимов, Ғуломжон Ёқубов, Муножот Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, Замира Суюнова, Маҳмуд Намозов, Муяссар Раззоқова, Илҳом Иброҳимов, Дилдора Ниёзова, Сардор Мамадалиев, Ботир Қодиров каби машҳур хонандаларимиз репертуарларидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Фарида қаламидан тўкилиб, қўшиқ бўлган шеърларнинг ихлосмандлари бисёр. Шу жиҳатдан олиб қараганда Фарида Афрўзни элимиз шоира сифатида яхшироқ биладими ёки қўшиқчи шоира сифатидами, ўйлаб қоласан киши.
– Фарида – қўшиқчи шоирами, жиддий шеър ёзувчи шоирами? Қайси йўналишда машҳурроқ, гап бунда эмас, албатта. Асосийси, ҳар иккала йўналишда ҳам асарлари мухлислар қалбига чўғ, олов бўлиб туташа олишида, эл-юртга наф келтира билишида.
Юқоридаги фикрингизга қараганда, Убайдулла ака, Фарида шеърлари билан айтиладиган қўшиқларнинг мухлислари шу қадар кўпки, ҳайрон қоласиз. Бунда хонанда ва бастакорнинг хизмати катта, албатта. Лекин қўшиқ матнидаги қалбни жунбушга келтирадиган фикр ва туйғу уйғунлигидаги беқиёс куч энг асосийси. Шунга қарамай, мен Фарида Афрўзни жиддий шоира деб биламан. Шоира бўлганда ҳам, бақувват, кучли ва нозик, ўзига хос шоира. Унинг шеърларини дилафрўз шеър­лар, унинг ўзини дилафрўз шоира дегим келади. Менимча, у қўшиқ ёзмайди, шеър ёзади. Улар бастакор ва хонандалар томонидан қўшиққа айлантирилади. Бу ҳар бир шоир ижодида ҳам рўй бераверадиган жараён эмас. Ҳар қалай, ажойиб қўшиқ бўладиган шеър камёб учрайдиган ҳодисадир. Шеърда қўшиқнинг қудрат касб этажак руҳи, сўзларида эса жозиба ва қалбга ўқдек санчилгувчи ҳиссиётлар, андуҳ, қувонч, нурли дардлар бўлгандагина, уни куйламаслик, ижро этмаслик, бир вақтнинг ўзида унинг таъсирида яшамаслик мумкин бўлмай қолади. Ана шунда шеър қўшиққа айланади. Қўшиқда шеърнинг янгиланган умри давом этади. Бу умрга умр қўшувчи энди бастакор ва хонандадир.
Фарида шеърлари асосидаги аксар қўшиқларда мен шундай хусусиятларни кўраман. Лекин кейинги йилларда Фариданинг шеърлари асосида яратилаётган ўртамиёна қўшиқлар ҳам учраб турибди. Бунда Фарида Афрўзнинг ўз ихтиёри борми, йўқми, менга қоронғи. Лекин ажойиб, кўнгилга ўрнашган, кучли қўшиқлардан сўнг бундай ўртамиёна қўшиқларнинг эфирга узатилишини мен олқишламаган бўлардим.
Муаллиф номи элда машҳурлашган сари унинг шеърларини қўшиқ қилишга иштиёқманд хонандалар, бастакорлар кўпайиб қолади. Фарида буни назар-эътиборидан қочирмаслиги керак, деб ўйлайман.
– Кейинги йилларда Фарида Афрўз шеърлари ва қўшиқларидан ташкил топган “Дилимдагилар”, “Кел, бугунни байрам қилайлик”, “Қирқ қўшиқ”, “Энг янги шеърлар” номли дисклар мухлисларга ҳавола этилди. Кўпгина давра, йиғин, хонадонларда шу дисклардаги асарлар янграётганини эшитиб, қувонаман. Бу қўшиқлардан дилим яйрайди. Ҳаёт янада қадрлироқ туюлади. Бундай қўшиқлар йилдан-йилга оммалашиб бораётганининг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
– Бу қўшиқларни севмаслик, қўллаб-қувватламаслик мумкин эмас. Чунки улар инсон қалбидаги жуда нозик туйғулар – нафосат, шодлик, дард ва аламлар билан уйғунликда янги-янги талқинларда, янги шаклларда ифодаланяпти.
Шу ўринда эътиборингизни янги бир фикрга қаратсам. Китоб шубҳасиз, наинки, маъно моҳияти, балки шаклан ҳам ҳеч қачон қимматини йўқотмайдиган қадриятдир. Лекин замон ўзгариб боряпти. Китоб шаклидаги бадиий асарни интернет тармоқлари орқали ҳам оммалаштириш имкониятлари пайдо бўлди.
Интернет орқали қўлимиздаги телефонда юзлаб романларни, шеърий тўпламларини сақлаш, ўқиш, уларга мурожаат этиш имкониятига эгамиз. Деярли бир кутубхона шундоққина қўл остимизда деяверинг. Демоқчиманки, ўзини ҳурмат қилган, асарларининг қадр-қиммати кўпларнинг эътиборини тортишига ишонган замон тараққиётидан орқада қолишни истамаган ва бунга имконияти бўлган ижодкорларимиз ўз асарларини интернет саҳифалари орқали оммалаштиришга, интернетда ўз сайтларини очишга эътиборни кучайтиришлари зарур. Бунинг айрим дастлабки намуналарини кўряпмиз, лекин жадаллик сезилмаяпти.
Фарида асарларидаги муваффақиятлар билан бир қаторда, бундай масалаларда ҳам бошқаларга ўрнак десам, янглишмайман.
Масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. “Оммавий маданият” деган номатлуб ҳодисалар тўрт тарафдан бостириб келмоқчи бўлаётган, дискларда турли-туман олди-қочди оҳанг ва қўшиқлар авж пардаларига кўтарилаётган бир шароитда Фариданинг Ватанимизни, халқимизни улуғлаш оҳангларига йўғрилган, ўзлигимизни мустаҳкамлаш ва унинг қадрига етишга чорловчи руҳ билан суғорилган шеър, қўшиқлари замонавий дискларда янграб турар экан, бу жараёнга фақат шеър, қўшиқларини тарғиб қилишгина эмас, муҳим тарбиявий аҳамиятга молик мақсад сифатида қараш ҳам тўғри бўлади.
– Фарида Афрўзни айримлар фақат лирик ижодкор муҳаббат, ҳижрон дардинигина куйловчи шоира сифатида эътироф этмоқчи бўладилар. Нима, унинг асарларида ижтимоий мотивлар кўринмайдими?
– Мен бу фикрга қўшилмайман. Умуман, бадиий асарни ижтимоий-ноижтимоийга ажратиб қараш менимча, кўп ҳам тўғри эмас. Ҳар қандай лирик ва ҳатто, интим шеър бағрида бир эмас, кўпларнинг ҳам дарди жо бўлар экан, инсон жамиятдан айри яшаши мумкин эмас экан, лирик шоир ҳужайралари ҳам улар билан боғлиқ бўлади. Ижтимоий деб атайдиганимиз шеър ҳам алоҳида кишиларнинг дунёқараши, андуҳ, қувонч, идеалларидан ташқарида бўлолмайди.
Фарида Афрўзга келсак, унинг ижодида ижтимоий деб, баҳолана олувчи шундай теран шеърлар борки, уларнинг айримлари бу йўналишдаги ҳозирги шеъриятимизнинг сара намуналари қаторида тура олади. Масалан, биргина “Ватан ҳақида баёт” номли қасидага эътибор берайлик.
Ватан ҳақидаги бундай ижтимоий шеърларда ҳам Фарида тўғри сўз, юрагини ҳалол тўкиб соладиган ва орзулари билан бир қаторда ҳатто, айрим кемтикликларини, дейлик, лирик қаҳрамони табиатидаги баъзи камчиликларини яширмайди.

Ватан,
Байроғинг бир бора ўполганим йўқ,
Мадҳингни ёд билмам, уқолганим йўқ,
Кўнглимни, меҳримни тўколганим йўқ,
Ва лекин,
Ва лекин,
ва лекин, аммо,
Жонимсан, жонимда бир оҳсан, Ватан!

Дастлабки, икки мисрага “чўчиб”роқ муносабатда бўлишга шошилманг. Шоира унинг лирик қаҳрамони шундай бўлолмаганидан афсусланяпти. Ва лекин ўз камчилигини хаспўшлашга уринаётгани ҳам йўқ. Бироқ бу қаҳрамон қалби, кўнглида Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат, фидойилик шу қадар кучлики, унга бу туйғуларини тўкис ифодалай олмагани учун андишада.
Ватанни шунчаки севиш, унга меҳрини шунчаки баён қилишнинг ўзи етарли эмас, деб, тушунади шоира. Ҳақиқий ватанпарвар бўлсанг, уни яшнат, гуллат, наинки, керак бўлса, унинг ҳимояси учун қўлга ҳатто, ханжар ола бил, фақат, туллаклик қилма:

…Келдик, бир ниҳолни жуфт айладикми?
Ё ханжар, ё қалам, тиғ қайрадикми?
Рост узра ёлғонни ямламадикми?
Сен бунга кафилсан, сўроқсан, Ватан!..

Қасида мазмун-моҳияти билангина эмас, балки унга ниҳоятда мутаносиб ва мос топилган шакл билан ҳам гўзал. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа қатор шоирларимизнинг Ватанга бағишланган қасидаларни яхши биламиз. Улар шаклда ҳам, мазмунда ҳам, бир-бирларини такрорламайдилар. Фарида ҳам шунга ҳаракат қилади ва назаримда мақсадига эришади. Шаклда ҳам, мазмунда ҳам уларни такрорламайди. Айниқса, шаклда, дадил бир янги қадам ташлайди. Асарда достон оҳангларию мумтоз шеъриятимизда бешлик, олтилик тажрибаларини мухаммас боғлашдаги йўл уйғунлигию замонавий бармоқ шаклининг оташин нидолари муштараклигини кўришимиз мумкин.
Бу пала-партишлик шаклидаги конгломерот эмас. Онгли равишда ўйлаб, асар мазмуни ва мақсадида кечувчи хатти-ҳаракатига монанд амалга оширилган шак­лий уйғунликдир.
Асосийси, шеър гўзал ва янги бадиий образлари билан эътиборимизни тортади. Заминни, замонни ким кукунга ўхшатибди? Фарида ўхшатади, дадил ва журъат билан. Замину замон шунинг учун бир кукунки, у шоира куйлаётган замон ва Ватан туфайлигина бутун бўла олади. Асосийси, бу шунчаки, бор, мавжуд Ватан эмас, бутун замин замонга огоҳ бўлиб турган Ватандир. Бу айни вақтда шоиранинг Ватанни шундай бўлмоқликка даъвати, чақириғидир.
– Фарида шеъри асосидаги қўшиқ радиода янграб қолганидан сўнг, суҳбатимиз бироз ўзгариш олгандек, жонлангандек бўлди. Унинг ижодига танқидчилик бирмунча сустроқ қараётгандек туюлади, деган фикрни айтаётгандим. Сизга балки бундай туюлмас. Чунки унинг асарлари ҳар қалай беэътибор қолаётгани йўқ, дерсиз. Ҳаваскор журналистлару мунаққидлардан ташқари айрим таниқли танқидчиларгача Фариданинг шеърлари, тўпламларига, шунингдек, умуман ижодига муносабат билдириб туришибди. Атоқли олимамиз Фозила Сулаймонова, таниқли адабиётшунос Нўъмон Раҳимжонов, боя сиз ҳурмат билан тилга олган Қозоқбой Йўлдошев, фарғоналик фан доктори Йўлдош Солижонов, шоиралар Малика Мирзаева, Шарифа Салимова, Зулфия Мўминова, Ҳалима Аҳмад ва бошқаларнинг матбуотдаги илиқ фикрлари, тақриз ва мақолалари бунга далил.
Янглишмасам, бундан тўрт-беш йил чамаси аввал ижоди ҳақидаги мақолалар тўпланган “Шамолда шам кўтариб…” деб номланган алоҳида китоб ҳам босилиб чиқди. Лекин барибир Фарида Афрўз шеърлари танқидчиликда етарлича таҳлил этилмаётганга ўхшаб туюлаверади менга.
– Юқорида келтирганингиз мисолларнинг ўзиёқ, Фарида Афрўз ижодига эъти­бор оз эмаслигига далил бўла олади. Айни пайтда унинг ижоди бундан ҳам чуқурроқ, кенгроқ ёритилишга, ўрганилишга муносибми, десангиз, бу бошқа гап ва шу маънода фикрингиз қўллаб-қувватланишга лойиқ.
Мен Фарида ижодига муносабатда бир масалада етишмовчилик бор, деб, ўйлайман. У нима, десангиз, баҳс деб жавоб берган бўлардим. Унинг шеърлари атрофида баҳс йўқ, баҳс сезилмайди. Ҳолбуки, бу ижод жиддий баҳсларга ҳам, турли нуқтаи назарларга ҳам муносиб. Уларда турлича баҳоларга арзийдиган қарашларнинг, туғёнли ифодалар ва бадиий изланишларнинг мустақил услубга айланиш жараёнлари кечмоқда, шу маънода, шоира ижодида жиддий ижобий баҳолардан тортиб, ийманмай, юз-хотир қилмай айтганда, танқидга сазовор шеърлар ҳам оз эмас.
Фариданинг юқорида эслаганимдек, андиша, кечиримлилик, ёлғизлик, туғён, армон, ҳаётнинг ҳеч қачон қайтиб келмайдиган аччиқ ва тотли лаҳзалари ҳақида шундай шеърлари борки, кўзингизга суртиб ўқисангиз арзийди. Руҳий ва ҳиссий, абадий муаммолар ҳақида ёзилаётган ажойиб миллий шеърларимиз оз эмас. Лекин, Фариданинг шеърлари улардан ажралиб туради. У аччиқ ҳақиқатларни айтишдан, туйғуларини намоён этишдан қўрқмайди, чарчамайди, лекин андиша қилади. Шеър­ларини андиша билан айтади. Шу андишалар ичра қувонади. Ҳаётнинг ўзи улардан айро бўлолмагандек, шеърларини ҳам ҳаётнинг ана шу муаммоларидан мосуво қилмайди. Уларни кимдир қабул қилар, кимдир қабул қила олмас, лекин, асосийси, уларга бепарво қарай олмайди. Бундан ташқари, унинг шеърларидаги юқорида айтилган айрим хислатлар ёнига исломий ахлоқ, исломий фалсафа уйғунлигини қўшган бўлардим.
Нола деганда фақат, андуҳ ва ҳасратни тушунмаслик керак. Қувонч ҳам нолавор бўлиши мумкин. Нола нуқталари бўлмаган бирорта ажойиб куйни биласизми? Шунга ўхшаб, Фарида ижодида нолавор оҳанг ва тўлқинлар бўлмаган шеър йўқ, ҳисоби.
Ҳаёт шу қадар азиз, шу қадар ширинки, унинг ўтиб кетаётгани шоирани ҳам, унинг қаҳрамонини ҳам чексиз аламларга солади. Лекин бу нолалар сизни ҳаётдан бездирмайди, аксинча, ҳаётга, одамларга – улардаги чексиз, адоқсиз норасолик­ларни кўриб, сезиб турганингиз ҳолда – меҳр, муҳаббат уйғотади. Нега, қандай қилиб?! Шундай қилиб ва шунинг учунки, шоира бу йўналишда қаламга олган ҳар бир конкрет ҳолатдаги туйғулар ва уларнинг хоссаларидаги хатти-ҳаракат ҳамда сабаб натижаларини мустақил равишда (“ўша кун – бугундир” нуқтаи назардан келиб чиқиб) бадиий таҳлил эта олади. Бадиий хулоса чиқармаган тақдирда ҳам улар юзасидан ўзининг мустақил қарашлари, тушунчалари, ҳиссиётлари йўналишини кўра билади. Уларга гоҳ жавоб топгандек, ўзини бахтиёр сезади, гоҳ жавоб топа олмай азоблар ичида тавалло қилади, қийналади.
– Фарида Афрўз ижодида исломий фалсафа, исломий ахлоқнинг ўрни кучли деган фикрни айтдингиз. Бу нималарда кўринади? Бир-икки мисоллар билан қисқача шарҳлаб бера олмайсизми?
– Бунга бир-икки шарҳ билан эришиш қийинроқ. Лекин, айрим мисралар асосида муносабат билдириб ўтиш мумкиндир. Зеро, Фарида ижодидаги бу йўналиш таҳлилига алоҳида бир суҳбатни ажратиш ёки алоҳида бир мақола ёзиш мумкин, деб ҳисоблайман.
Юқорида қисқача мулоҳаза юритган “Кел, дединг, эй ишқталаб” шеърида эътироф этилган мисралардан бирига яна эътибор қаратайлик:

Оҳ, дедим, оввора бўлдим, осмонингда адашдим.

Шеър, аслида, муҳаббат адолари, ишқ таманнолари ҳақида. Шеърни ўқиган ёки у асос бўлган қўшиқни тинглаган кўпчилик, асарда умуман, ишқ-муҳаббат ҳақида гап кетяпти, деб қўя қолиши мумкин. Аслида шундай ҳам. Лекин асарга чуқурроқ эътибор берсак, юқоридаги мисра замирида яна бошқа бир чуқурроқ маънони идрок этгандек бўламиз. Бу биргина образ замирига шоира бутун шўро давридаги дину диёнатимизга нисбатан дилпора талотўмларни сингдирмаяптимикин, деган хаёлга ҳам борамиз. Мисрада бир томондан лирик қаҳрамоннинг ишқий изтироб­лари берилмоқда, айни вақтда, шу лирик қаҳрамонга ўхшаганларнинг мафкуравий тазйиқлар, динсизликка мажбурлашлар остидаги адашувлари ҳам ўз ифодасини топадигандек. Қаранг, битта сўзнинг айни ўз ўрнида маҳорат билан қўлланиши шеърга кучли маъно бера олмоқда.

Сўз билан тавалло қилар набий ҳам,
Сўз билан зикр этар авлиёуллоҳ.
Худонинг даргоҳи сўздан мунаввар,
Фақат сўз мангудир, фақат сўз уйғоқ!

дейди Фарида Афрўз яна бир шеърида. Тўпламларидан бирига шоира “Тасбеҳ”, яна бирига “Ўзимдан ўзимгача” деб ном қўйиши бежиз эмас. Кейингиси буюк Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир”, деган асари номини ёдингизга сол­яптими? Ёки Назар Эшонқулнинг ҳам янги китобларидан бири “Мендан менгача” деб аталиши бежиз эмасдек туюлмаяптими сизга? “Ўзимдан ўзимгача” ҳам, “Мендан менгача” ҳам китоблар моҳияти билан чамбарчас алоқадорликдан ташқари, уларни қўлга олган китобхон қалби, руҳиятидаги потенциал имкониятларни ҳам ишга тушира олиши билан аҳамиятлидир.
Фариданинг аксар туғёнпарвар шеърларидаги шукроналик зикрлари баъзан ҳаётдан, ўзидан, муҳитдан, яқинларидан қаноатланмаслик, уларни янада комилроқ кўриш истакларидан сув ичади; қаноатланмаслик туйғулари эса, шукроналик оловларида тобланади. Қаҳрамонларнинг қувонч ва изтироблари кўпинча, ана шу икки ўртада, уларнинг курашлари, зиддиятлари аро зардобланади. Шунинг учун Фариданинг ўзи ҳам, лирик қаҳрамони ҳам ғафлатни ниҳоятда ёмон кўради, ғафлатни ўзига душман деб билади.
Яна бир мисол келтирсам:

…Кел, ёнимга, эй Шайхи Санъон,
Ҳали узоқ яшаймиз бирга…

дейди шоира шеърларидан бирида.
Бу мисраларнинг шеърдаги бадиий ўрнини билиш учун, авваламбор Шайх Санъоннинг ким эканлигини билиш керак бўлади. Унинг ким бўлгани қадим ривоятлар ва адабиётлардан яхши маълум, шу боис шарҳлаб ўтирмай, шеърда унга юкланган бадиий мақсад ҳақида икки оғиз гапириш билан кифоялансам.
Шайх Санъон ҳаётнинг буткул неъматларидан ва ҳатто эътиқодидан(!) воз кечиб (кейин бунинг сабаблари, дунёқараши, фалсафаси замиридан маълум бўлади), жамики азоб-уқубат ва хўрликларга бардош бериш натижасида ўз ниятига етган қаҳрамон (аслида, унинг нияти замирида Яратган дийдорига етиш мақсади етакчи эди).
Фарида Афрўз ўз шеърида бу образга мурожаат этар экан, эътиқодидан кечган тақдирда ҳам, ишқида собит ва содиқ қоладиган киши бўлишни орзу қилади. Лирик қаҳрамони ана шундай вафодорликни ўз идеали деб билади. Бундай бўлиши мумкин эмаслигини шоира билмайди эмас, билади, лекин инсоният юксак идеалларга умид қилиб, ишониб яшаб келадики, худди ана шу нозик туйғу ҳолатларини шоира юқоридаги мисраларга жо этади. Қудратли ислом мотивлари, ғояларини бугунги қаҳрамонлари туйғулари билан туташтирмоқчи бўлади. Ҳатто, диний амаллардан воз кечган (бу Яратганга етиш учун эди) Шайх Санъон образининг бугунги адабиётимизга олиб кирилиши ҳам Фарида Афрўзнинг қатъий журъати натижасидир.
– Мен учрашувларда, суҳбатларда, шеърият ихлосмандлари билан мулоқот­ларда, талабаларга дарс бераётганимда Фарида Афрўз ҳам Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин, Зулфияларнинг анъаналарини муносиб давом эттиришга интилаётган бугунги навқирон авлод вакилларидан бири деган гапларни эшитаман. Бу тўғри. Булардан ташқари, Фарида ижодига яна кимларнинг таъсирини сезасиз? Бу таъсир, ўрганиш доим ҳам самаралими ёки натижаларидан кўнглингиз тўлмаган ҳолатлар ҳам борми?
– Фарида, шубҳасиз, устоз шоираларнинг муносиб вориси, улардан кўп нарса ўрганган, уларнинг ўзига бамисоли маёқ деб билса, ажаб эмас. Лекин бундай ворислик деганда, бир нозик масалани ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Фарида юқорида айтганингиз Нодира, Увайсий, Анбар Отин, Зулфиядан кўп нарса ўрганиши керак, ҳавас қилиши керак, аммо, бундан қатъи назар, улардек бўлмаслиги ҳам керак. Чунки улар ва ҳатто, кечаги замондошимиз Зулфия опа ҳам, ўз даврининг шоиралари. Фарида Афрўз эса янги замоннинг, янги Ватаннинг, янгича тафаккур ва туйғулар жумбушида тобланаётган, қайралаётган, изланаётган, шодланаётган шоира. У ана шуларни ёзиши керак ва ёзмоқда ҳам. У ана шу фазилатлари билан эътиборли ва аҳамиятли. У лирик қаҳрамони табиати, сажиясидаги юқоридаги устозлари томонидан қўлланмаган хислатлардаги туйғули ҳолатларни, янги замонда етилган изтиробларни мустақиллик шарофатларини янги ва азиз Ватанни янги йўсинларда, янги шакллар ва янги бадиий образларда акс эттиришга ҳаракат қилмоқда. Ёлғизлик Нодирада ҳам, Зулфияда ҳам бўлган. Бироқ, Афрўз ёлғизлиги, унинг лирик қаҳрамони туғёнларидаги ёлғизлик сабаблари ҳам, натижалари ҳам, бадиий ифодалари ҳам бошқачароқ.
“Ёлғизликни катта шаҳарлардан излаш керак”, деган экан бир вақтлар файласуф Декарт. Бу фикрнинг моҳиятини чуқурроқ англашга ҳаракат қилиб кўринг-а. Файласуф гўё, шоира қалбидаги бугунги ёлғизликни айтаётгандек. Фарида Афрўз шеър­ларидаги ёлғизликни фақат этимологик маънодагина тушунмаслик керак. Унинг шеърлари, лирик қаҳрамони табиати, алам, умид, армонларидаги ёлғизлик, худди ҳаётнинг ўзидаги ёлғизлик каби сермаъно, турфа, сероҳанг, нозик ва бесабр. Бу муттасил сабр изловчи бесабрликдир. Орзу ва умидга етиш йўлидаги бесабрлик.
Фаридага ўзимизнинг мумтоз шоираларимиздан бошқа ижодкорларнинг таъсири қандай, дедингиз.
Бу махсус ўрганиладиган ва кўплаб ижобий мисолларни айтиш мумкин бўлган масала. Лекин, мен таъсир борасида Фарида шеърларида кўриниб қолувчи кўп ҳам ижобий бўлмаган далилларга эътиборингизни тортмоқчиман. Фариданинг “Ичимдан” деб бошланадига шеъри бор.
Бу шеър унинг “Ўша кун бугундир” тўпламига ҳам киритилган. Ўн икки банддан ташкил топган шеърнинг ҳар сўнгги мисраси:

Шеър келяпти, пўшт-пўшт!
Йўлдан қочинг, пўшт-пўшт!
деб якунланади. Бу байт шеър давомида беш марта такрорланади. Бунинг устига “шеър” ҳамда “пўшт-пўшт” сўзлари катта ҳарфлар билан ёзилади. Ҳар икки мисра охирига ундов белгилари қўйилади. Тушунаман, шеърга жуда катта поэтик маъно, қудрат юкламоқчи. Лекин барибир, шеърнинг ўзи ҳам ундаги “пўшт-пўшт”лар ҳам ўзбек бадиий тасаввурига сингишмаётгандек кўринади менга. Бундан ташқари, шу шеърда “одамзор” сингари зўраки сўзларга ҳам дуч келамиз.
Фарида ижодида модернистик образли тафаккурнинг чиройли намуналари бор. Бироқ, юқоридаги каби бизга кўпам сингишмаётган тажрибалар ҳам учраб туради.
Буни Фаридага Ғарбнингми, Европанингми модерн, авангард деб аталувчи йўналишларининг кўп ҳам ижобий бўлмаган таъсири натижаси деб биламан. Бундай мисоллар бир-иккитагина бўлса, балки эътибор бермаслик мумкин эди. Модерндаги тушунчамизга сингиши мушкулроқ бўлган бўш мисралар, образлар Фариданинг шеърларида ўқтин-ўқтин учраб туриши боис уларга эътиборингизни қаратяпман.
Фарида ижодида Анна Ахматова ва Марина Цветаеваларнинг яхшигина таъсирини сезгандек бўламан. Фарида Афрўз ҳам аёл қалбини айрим ҳоллардаги чексиз аламлари, нолаларини, адолатсизликка қарши туғёнларини қаламга олади. Лекин нечоғлиқ, аламли ва изтиробли бўлмасин, ҳиссиётнинг авра-астаригача ағдармайди, азобли ва аламли туйғуларини, дейлик, деярлик Нодира, Увайсий, Зулфияга нисбатан янги мураккабликлари ва зиддиятларининг намоён бўлишини тасвирлаши мумкин, лекин ўзбек аёли учун хос бўлмаган даражада куйламайди. Фарида ўзбек аёлининг андишасини доимо сақлашга интилади.
Лекин ижодкор муваффақитини нуқул кимларнингдир таъсири туфайли, деб қарамаслик керак. Ижодкорнинг ҳар қандай ютуғи авваламбор, ўз изланишлари самарасидир. Шу нуқтаи назардан қарасак, Фарида Афрўз ижодида кўплаб муваффақиятларни кузата оламиз. Биргина, “Менга тегмай тургин” шеъридаги мана бу образлар шодасининг гўзаллигига эътибор берайлик. “Юрак – жовдираган минг кўзли ғалвир”, “Тегсанг, тўкилади қизғалдоқ – кўнглим”, “Муҳаббат – умрга қадалган ханжар”, “Сандиққа қулфлолмас ҳеч ким қисматни” ва ҳоказо.
– Шундай, нозик дидли, серзаҳмат, фидойи ижодкор ихлосмандларининг ҳам, ҳукуматимизнинг ҳам ардоғида. Келинг, уларга янги-янги муваффақиятлар тилаб қолайлик.
– Фарида ўлкамиздаги мухлислари бисёр шоирлардан бири. Эл-юрт, ҳукумати­миз ҳам унинг меҳнатларини, ижодини баҳолаб келяпти. Шоира “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилгани бежиз эмас. (Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан шоира “Дўстлик” орденига сазовор бўлди – таҳририят). Зеро, тиниб-тинчимас, ўтли, оловли, шиддат ва туғёнларга ҳамшира шоиранинг ижоди йилдан-йилга ўсиб, ривожланиб бормоқда. Мукофот яхши, албатта, лекин ҳақиқий ижодкор учун энг азиз мукофот китобхонларнинг, ихлосмандларнинг меҳр-муҳаббатидир. Фарида Афрўз суҳбатларидан бирида: “Мен учун ижод ибодатдир”, деб бежиз айтмаган. Шоирага яхши ниятлар билан бундан ҳам самаралироқ ижод тилаб қоламиз.

Саҳифа 18 марта ўқилган.