* * *

Юрагимга соҳир бу туйғу
Қачон кирди, куйдай ёқимли?
Қайда эди, келтирган ким у,
Заррин қишдай, кўкламдай сирли?

Табассумга лаб очган куртак,
Олча гули япроғидами?
Тошни ёрган матонат, истак
Гул чечагим титроғидами?

Қалдирғочнинг инидами ё
Унда интиқ жажжи парвозлар?
Тараддудлар кўргунимча то
Кирган каби умримга ёзлар.

Бу севгими? Бесўз, беимо
Айтмай туриб сева билганим?
Онамми ё толеим Ҳумо,
Дийдор истаб дуо қилганим?

Қай дарчага солмайин нигоҳ,
Бари таниш, қалбга яқиним.
Кафти қадоқ, дийдаси юмшоқ,
Бири опам, бириси иним.

Англаганим, соҳир бу туйғу
Миллат отлиғ, бир тан бўлади.
Кўзим тушган ҳар ери суюк,
Юрак ичра Ватан бўлади!
* * *

Бунча гўзал, бунча дилрабо
Баҳор сени суйганлиги рост.
Атрофингда минг турли сабо,
Унинг ишқи шамолларга xос.

Сўз тополмай даштлар бир оғиз
Ер ҳуснингдан туради караxт.
Ой далада қўрқмайин ёлғиз
Айт, қандайин гулладинг дараxт?

* * *

Зулфияхонимга

Бунча дилбар эди.
Бунчалар шинам,
Дил уйининг ойдин
Оппоқ тунлари.
Ичкаридан узолмайин нигоҳин,
Деразадан кетмас
Ўрик гуллари.

Чоғроқ хона,
Тўрда сўзана азим
Дуволларда ҳашам
Бўлмаган сира.
Қулоққа айланар
Бунда ҳар буюм
Шеър ўқияпти,
Ахир, шоира.

Чоғроқ хона.
Кеча бахтга лиммо-лим
Баҳор баҳорлигин
Англайди шу он.
Тўлиб борса дунё
Шеър ифорига
Дунёга айланар
Ҳамид Олимжон…

* * *

Шифтда турган кўр чироқларга,
Бир кечада кундуз чув тушар.
Паналардан чиқишса энди,
Қоровуллар ўғрига ўxшар.

Чор атрофдан кўз олайтирган
Бойўғлига бўлган бир нима.
Бир чеккада туннинг тушини
Чигирткалар қилар таржима.
* * *

Уюлиб ётади столда қоғоз,
Бошинг кўтаролмайсан ишдан.
Xонанг иссиқ.
Совқотдим бироз,
Жоним, xабаринг борми қишдан?

Қиялатиб эшигинг насим
Остонангдан бўйласа сўнг бор.
Англамадинг,
Соғиниш касбим
Қара, аxир, кетяпти баҳор!

Увушдими недандир тананг?
Қароғимда қолса тилаклар.
Кўрмаганга йўйгач ишxонанг.
Олиб кетди, мени лайлаклар…

Xазонбоғдан келса гар овоз
Изла, энди туйғуларимни.
Йиллар бўйи титкилаб қоғоз
Тополмайсан,
Кулгуларимни…

* * *

                      Яна…
Кўз юммаган тонглар отганда
Мени олиб кетган йўллар элтади.
Сен кутмаган кунда
Эй ёлғиз одам
Бизга илхақ кунлар изга қайтади.

Ўшанда барига ишонасанми,
Муҳаббат бор дейсанми
Қароқларимга?
Бир япроқ тушмасдан ишқ боғларидан
Тўкилмайсанми, айт, титроқларимга?

Жимгина тикилсам, шомдек беадоғ,
Ёдингга тушмасми кечаги оғриқ?
Ва, яна… Оҳиста чиқсаму кетсам –
Ортимдан қолмасму чуқур xўрсиниқ?..

* * *

Бу кўчанинг адоғи борми,
Юрагингга элтар бекат-чи?
Талатўплар аро бесадо
Ўтаяпман, хабаринг борми?

Ўнгим соҳил, сўлим оломон
Чайқаламан якка кемадай.
Бу тўлқинлар бирам бераҳм,
Етказмайди фақат сен томон.

Кимдир кулар, жилмаяр, ҳазил,
Кулмайди ҳеч тақдир дегани.
Кўзим гирён, кўзим гиргиттон
Кўринмайди сен кетган манзил…

Бу кўчанинг адоғи борми?

Наргиза АСАДОВА

 

Саҳифа 21 марта ўқилган.