Шоирлик

 Равшан ФАЙЗ хотирасига

Кўзингиз олдида ўсди бу бола,
Тонг отса – уйғонди, кеч тушса – ётди.
Бир қишлоқ боласи каби даштларнинг
Неки бор иссиғу совуғин тотди.

Туппа-тузук ўсди, қомат – расида.
Қишда телпак кийди, ёзда-чи дўппи.
Ошини олдириб қўйган йўқ, яна
Бирор қўй оғзидан олмади чўпни.

Озни оз демади, кўпни эса кўп,
Берганди ўзига лойиқ эс-ҳушни.
Ва бирдан… Э, Худо, бола пақирнинг
Бошига, ким билсин, нима кун тушди?

Қачон? Қайда? Нечун? Нима чораси?
Ҳайрат кўпнинг тилин қўйди тамғалаб.
Ёру дўсти тугул, ота-онасин
Қилибди-я қаранг, кўзин шамғалат.

Бола-чи, барига бепарво, бефарқ
Яшарди илҳомдан имдодлар тилаб.
Оқ қоғоз қошига эгилган бошин
Ўтарди еллармас, фаришта силаб.

Дунёга ётда-ю қисмати зотан
Ҳар икир-чикирга доирлик эди…
…“Бошига тушган кун” – шоирлик эди,
Бедорлиги эди сўзига – Ватан!

             Йў ллар

Йўллар бор – сўнгида кимдир интизор,
Йўллар бор – сўнгида йўқловчи йўқдир.
Одам боласига, эй онаизор,
Сен каби кўнглини тўқловчи йўқдир.

Онажон – Ватаннинг бағридан ўтар
Ким илдам йўл босиб, кимдир – сустқадам.
Ҳорғин йўлчиларни манзиллар кутар,
Файзга тўлар агар қўйса дўст қадам.

Дўстлар келаверсин яқин-йироқдан.
Бизнинг Ўзбекистон – кошонамизга.
Толе муҳрланмиш туғилган чоғдан
Она бўсаси-ла пешонамизга.

               Меҳмондир

                                                                  Кўз нури ҳам кўрар кўзга меҳмондир.

                                                                                                                                        Маҳтумқули

Меҳмон эрур асли дунёда бари –
Ҳусну чирой тўрт кун юзга меҳмондир.
Кўнгилга меҳмондир ишқи дилбарнинг,
Кўз нури ҳам кўрар кўзга меҳмондир.

Соғлом танга келиб-кетар дард меҳмон,
Қўйганингдан юзин бурмас мард меҳмон,
Мард йигитнинг қиличига гард меҳмон,
Тиззангдаги мадор тизга меҳмондир.

Ёш юракка ишқдан яхши меҳмон йўқ,
Эр билакка ишдан яхши меҳмон йўқ,
Кузакдан сўнг қишдан яхши меҳмон йўқ,
Қарға-зоғлар келиб, кузга меҳмондир.

Қадрин билмай, сўнг қилмагин аттангни,
Тўрига қўй сен доимо хонангнинг,
Боғлаб қўйган эмас ота-онангни,
Ота-она ўғил-қизга меҳмондир.

Меҳмондирмиз бу дунёда баримиз,
Бугун бери бўлсак, эрта – наримиз,
Қолиб кетар йиққан молу заримиз,
Бугунча – биз, эрта – ўзга меҳмондир.

Дунё, сендан тилаб тоқат-тўзимни,
Оловингда куйиб, суйдим музингни,
Майли, қўйма, олдимга нон-тузингни,
Оллоёр чин, ширин сўзга меҳмондир.

    Дудуқмомо

Ёлғиз эди Дудуқмомо,
Кенг ҳовлида бир ўзи.
Ёлғизликдан, кексаликдан
Хира тортганди кўзи.

Узумлари қаровсиз ҳам
Шиғил ҳосил қиларди.
Момо эса қўриқлашнинг
Зўр йўлини биларди.

Биздек бола-бақраларни
Ҳовлисига чорларди.
Биз келганда хира кўзи
Чироқдайин порларди.

Ҳар кун эрта-саҳар бизни
Кутар эди момомиз,
Қўлимизга қанду новвот
Тутар эди момомиз.

То кечгача ишком ости
Бизга ўйин жой эди.
Яқинлашмас бирор чумчуқ,
Дарров ҳойу-ҳой эди.

Ёз ўтарди, куз ўтарди,
Қиш келарди қаҳрли.
Қўйни-қўнжи қорга тўла,

  Аёзлари заҳрли.

Лекин одат канда бўлмай
Келар эдик қанчамиз.
Момо эса чўғ солганча
Гуллатарди танчамиз.

Бизни гапга солиб қўйиб,
Дардимизни биларди.
Орамизда етим бўлса,
Бошгинасин силарди.

Онамизга айтолмаган
Сирни унга айтардик.
Хуллас, пастак бу кулбадан
Катта бўлиб қайтардик!..

…Қолиб кетди ортда ёшлик,
Момо ҳам йўқ оламда.
Кеча ўзим бола эдим,
Бугун кўнглим боламда.

Маҳаллада болалар кўп,
Турлик нашъу наъмоси.
Афсуски, бу болаларнинг
Йўқдир Дудуқмомоси.

Она экан момо бизга,
Маёқдайин порлаган.
Боримизни айлаган бол,
Йўғимизни борлаган.

Маҳаллага она экан,
Муштдайгина бўлса ҳам.
Кўргим келар яна уни
Тушдагина бўлса ҳам…

Оллоёр БЕГАЛИЕВ

 

Саҳифа 23 марта ўқилган.