Бадиий асарни тушуниш, англаш, ҳис этиш, унинг гўзаллигини сезиш, таъсирини туйиш, бошқаларга юқтириш, ёлғизликда эслаш – ҳар бир инсонда кечадиган индивидуал руҳий ҳолат, албатта. Бироқ англанган, тушунилган, хаёл уфқида акс этган гўзалликни тушунтириш, унинг беғуборлиги ва таъсир қувватини англатиш, завқ-шавқ илдизини муҳокама қилиш осон эмас. Ҳар қандай гўзал бадиий ҳодисанинг қайсидир қирраси сирлилигича, қайсидир жиҳати очиқлигича қолиб кетади. Бадиий сўзнинг сеҳри, поэзиянинг қуввати, шеър ҳикмати ҳам мана шунда…
Бугунги адабий, ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир жуда фаол, ўз овозига эга забардаст, қалами ўткир ва ҳозиржавоб шоир­лардан биридир. Маҳмуд Тоир шеъриятининг умумконцептуал пафосини эзгулик тараннуми ташкил қилади. Шоирнинг ҳозиргача босилган шеърий тўпламлари ва достонлари адабиёт ихлосмандларининг маънавий мулкига айланди. Маҳмуд Тоир шеъриятининг мавзу кўлами кенг ва анъанавий. Зотан, бадиий ижодда абадиятга оид мавзулар бармоқ билан санарлидир. Барча шоирлар учун муҳаббат, Ватан, ота-она, дўсти содиқ мавзулари бирдек табаррук. Аммо Маҳмуд Тоир ижодида бу мавзулар муаллиф биографиясига мос сифатлар билан орзу-истаклари, дарду армонлари эркин ва халқона йўсинда талқин этилади. “Яшаш яхши, бир ғунчанинг Гул бўлганини кўриб турсанг” – чўнг орзу. Бошқа саҳифада ўқиймиз:

Булут кўкда, сув сойдадур,
Қаро тунда кўз ойдадур,
Жоним онам, жон қайдадур,
Яшадингми ўзинг учун?

Йўл-йўриқсиз, бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос услубсиз ижодкор адабий қиёфага эга бўлмайди. Маҳмуд Тоирнинг самимий, содда, жарангли, шиддатли, энг муҳими, дилининг рангига мос услуби – сўзи, сози ва овози бор. Унинг шеърий овозидан ўктамлик, жўшқинлик, ўз сўзига ишонч туйғуси сезилиб туради. Шоир дилининг рангин ҳолатлари ва манзараларини ўз мухлисларига тақдим этади. Шунинг учун кўркам дилини авайлаб қўрчилайди. Шоир “ҳар дилда бир янги калом бор”лигини билади.

Майсаларга инимсан, дегин,
Бинафшага ширинсан, дегин,
Лолазорлар қошига келгин,
Баҳор берар биз кутган бахтни.

Ҳа, Маҳмуд Тоир табиатга яқин шоир. Шунга монанд унинг шеърларида шиддатли шамоллар гувуллаб тоғ даралари аро кезиб юради. Унинг шеърларида дарё тўлқинлари саманга айланади. Атиргул илдизи ошиқ юрагидан сув ичади. Райҳон ифори чор атрофга таралади.
Шоирларнинг дурдона шеърлари – истеъдодининг тотли мевалари. Шеърни қойилмақом қилиб ўқиш, яъни ижро ҳам ўзига хос санъат саналади. Айниқса, Маҳмуд Тоир нутқ сўзласа, халқ бахши-оқинлари услубига хос равишда наср билан назмни аралаш қўллайди; тингловчи аудиториясини забт этади ва бир лаҳза ҳам улар диққати чалғимайди. Шоир қатнашган адабий учрашув ва анжуманлар ўзгача жўшқинлик, файзу тароват касб этади. Тўғриси, шеърият шайдоларининг бутун вужуди билан Маҳмуд шоирни тинглаган вазиятларга кўп гувоҳ бўлганман.
Ҳар нарсани билиб турган шоир баъзан гўё ҳеч нарсани билмагандек шеър ўқийди:

Мен тошларнинг тилиман,
Мен кўнгилнинг гулиман,
Бу дунёнинг гилиман,
Мендан мени сўрама.

Лирик “мен” ўзини турли нарсаларга қиёслайди. Шеърнинг ҳар бир бандида ўзидан олдин келадиган уч қатордаги тезисни “мендан мени сўрама” деган тўртинчи мисра антитезиси тажоҳили орифона йўсинида тасдиқлайди.
Ҳар қандай ижодкорнинг маънавий, адабий, ижтимоий қиёфасини сўзининг фасоҳати, балоғати, асарларининг умрбоқийлиги белгилайди. Шу эътибордан Маҳмуд Тоир шеърларининг кўпчилиги шеърият муҳиблари қалбида яшаётгани сир эмас. Шоир кўнгил йўриғига юрадиган инсон. Одамлар юрагига қулоқ тутиб, садонинг акс-садосини қоғозга туширади. Чин шоир ва чин инсоннинг юрак деворини Ер юзи харитаси, эл-юрт дарди, баланд тоғлар маҳобати безайди. Ҳақ сўзни жонининг жаранги, шеърни дилининг ранги ўлароқ тавсифлаган Маҳмуд Тоир шеърларида “Элнинг эъзозидан баландроқ тоғ йўқ”, “Қувонч – юрак чертган бахт қўнғироғи”, “Дилпора дилларга дилдошсан, лола” каби жуда нафис шоирона топилдиқлар кўп учрайди. Бошқа ўринда “Бир майсага илдиз бўлиб кўр” мисраси диққатимни тортди. Хўш, буни қандай изоҳлаш мумкин? Майса – жуда майда, ингичка, унинг илдизи ундан нозик – қилдай. Одам ўзини шу митти ўсимлик илдиз ўрнига қўйсин ва унинг вазифасини ўйласин. Ё бўлмаса, майсанинг ёнида тиз чўккан, чумолидан узр сўраётган инсон ҳолини тасаввур қилинг.

Майсаларинг шивирлашди, тизлар чўкиб, қулоқ бердим,
Билмай босиб чумолини гуноҳимга сўроқ бердим,
Ватан не деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим,
Менга Ватан сийратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.

Шоир тасаввури ва тасвири энг митти майса билан чумолию бир кафт тупроқдан тортиб бепоён Ватан ва Момо ер манзараларигача бир лаҳзада қамраб олади. Оралиқда эса инсон восита бўлиб турибди. Шоир лозим топса, “қизғалодоқнинг армонини қўшиқ” қилади, кулиб турган бойчечак табассумига боғланади. У борлиқ овозини тинг­лайди; сўзини тоғу тошларга тинглатади. Маҳмуд шоир турфа гуллар – лола, ялпиз, райҳону бойчечаклар, юқорида таъкидланганидек, ҳатто майсаларнинг илдизлари билан тиллашади. Шоир шамоллар, дарахтлар, япроқлар куйига жўр бўлиб қўшилади. Гоҳо – сўз ортиқча бўлган фурсатда – яшил барглар ўзаро шитирлаб сўйлашганида шоир “дилини хушлаб”, “тилини тишлаб” ҳам туради. Табиатдаги гўзалликдан лол қолган маҳалларда, табиийки, сўз ортиқчалик, қалам ожизлик қилади.

Капалакка узатгандим қўл,
Қанотларин ёзди дуога.

Капалакнинг қўшқаноти дуога очилган қўлни эслатади. Поэтик деталлараро бундай метафорик яқинлик-қаринани фақатгина шоирнинг тафаккур кўзи кўра олади. Умумий бир кузатишимча, офтоб, ой, шамол, булут, ёмғир; майса, ялпиз, бойчечак, райҳон, куртак, капалак, қалдирғоч – буларнинг барчаси шоир шеърларининг образлилик палласига юк босадиган табиат унсурларидир. “Қалдирғоч” шеърида шу беғубор қушга қараб ёзади:

Кўклам кўрки қалдирғоч,
Айвонимга хуш келдинг.
Қайдан келдинг, дилинг оч,
Осмонимга хуш келдинг.
Кел, куртаклар кўзидан
Кулгу териб оламиз
Саболарнинг сўзидан
Туйғу териб оламиз.

Баҳорда яшнаган борлиқ инсон қалбини нақадар яшнатадиган бўлса, кўкламойнинг элчилари бўлган қалдирғочлар шоирларга шу қадар илҳом беради. Метафорик тарафдан қалдирғочнинг қўшқаноти ёр қошига кўчади. Қанот қоқиб шамолдек елаётган қушга қўшилиб шоир хаёли учади. Шунда шамоллар сўзлайди. Саболар тилидан ҳис-туйғулар териб олиш ва уларни шеърга солиш фақат шоирларгина уддалайдиган иш.

Кўнгил-ла гурунглашиб,
Юрган битта шоирман.

Шоир учун хаёл муҳим; шоир учун дил ободлигию кўнгил поклиги, кўнгил ранг­лари ва гурунглари азиз; шоир бир лаҳза ичида оламнинг олти тарафида, кўнгил мулкининг бешта фаслида истиқомат қилади.
“Жонимда бир чашма бор,Унга қанча ташна бор. Бу дунё бозорида Мен вафога харидор”, “Ирмоқларнинг тушига, Дарё кирса не ажаб”, “Тавба – яратгандан сўрар гуноҳим” – Маҳмуд Тоир шеърларига ана шундай қуйма, оҳангли, ҳикматли, доно ва ҳаётий фалсафа хос. “Сени сийлаганни сенлама ахир” каби мисрасини очқилаш – таҳлил этиш учун ҳурмат, эҳтиром, иззат-икром, шарқона одоб-ахлоқ ва яна бир қанча файзли тушунчаларни қўллаш мумкин.
Шоир баҳорнинг келишини ўз ифода услубига мослаб образли қилиб ёзади:

Сувлар сепгин ҳовлингга,
Эшигингни катта оч.
Уйингга совчиликка
Кетаяпти қалдирғоч.
Бир эътибор беринг: “Савоб асли самодан тушмас”, “Маҳмуд, савоб билан изларинг тўлсин” каби бошқа кўплаб мисраларида Маҳмуд Тоир савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон, ҳалол ва ҳаром, ҳурлик ва қуллик каби ахлоқий-дидактик тушунчаларни муҳокама қилади. Унинг лирик қаҳрамони ўз нафсига ҳисоб беради. Қилган гуноҳи учун тавба этади, савоб ишидан ортиқча керилиб манмансирамайди, мақтанмайди, эзгу иши учун ичдан шукрона айтади. Аммо Маҳмуд аканинг “Билсангиз ишқ аҳлининг гул унмиш гуноҳидан” мисрасида мантиқ бузилгандек кўринди.
Маълумки, мумтоз шарқ адабиёти, хусусан, ғазал жанри мақтаъсига шоирлар ўз тахаллуси – имзосини муҳрлайди. Шу анъанадан улгу олган Маҳмуд Тоир замонавий шеъриятнинг бармоқ вазнида ёзган шеърлари туганч бандининг бирор мисрасига “Қошингда Маҳмуднинг хуш дами бу кун”, “Маҳмудга сиз жонсиз, жононсиз”, “Сизга, эй дўст, Маҳмуд каби дилдош бор”, “Агарчи ҳасаддан йироқ бўлмайсан, Маҳмуд, ҳеч бир дилга чироқ бўлмайсан”, “Аё Маҳмуд, майсаларнинг тили борга ўхшайди”, “Маҳмудга шу тупроқ қучоғи Ватан”, “Шу кўҳна ҳақиқатни Маҳмуд такрорлар мудом” тарзида ўз исмини қўшиб қўяди. Замонамизнинг бошқа шоирларидан фарқли ўлароқ бундай тутум ҳам Маҳмуд Тоир шеърларига хос муҳим бир хусусият, ўзига ярашиб тушган услубий янгилик саналади.
Маҳмуд Тоирнинг ошиқона шеърлари тошларни эритадиган даражада самимий, чин. Чунки дили куйиб, маъшуқа висоли учун “ҳар тонг гул” дасталайдиган чин ошиқ, куйиб-куйиб дили минг пора бўлган ошиқ “куйган дил қўридан куй басталайди”. Бундай куй оҳанглари дилни ўртайди.

Ошиқ дилда армон кўп,
Ишқсиз дилда ёлғон кўп.

Ошиқликда девоналигу султонлик, бедорлигу беморлик бор. Шоир шу дардга малҳам излайди ва: “Бир малҳам бормикин суюб қолганга” дея бўзлайди. Бу саволнинг жавоби эса, мумтоз шоирларимиз эътирофича, “Табиб айтурки: эй нодон бу дардни бедаво дерлар” (Машраб), азизлар.
Шоир ўзига дарддош, маслакдош, фикрдош ошиқларга қараб:

Бир оҳида минг бир алам,
Бир розида юз минг малҳам,
Тили кўркам, дили кўркам
Аҳли муҳаббат, қайдасиз,

тарзида мурожаат этади. Шоир яхши бир китобини “Аҳли муҳаббат, қайдасиз” деб номлаган. Юқоридаги шеърий мисолларни асосан шу тўпламдан олдим. Ундаги шеърларни ўқиганимда бир таклиф пайдо бўлди. Китобдаги бирорта шеър охирига сана, жой номи қўйилмабди. Эҳтимол, атай шундай тутум тутилгандир. Аммо шеърнинг туғилган куни ва жойи, шеърнинг таржимаи ҳоли баъзан адабиётшунослар талқини учун зарур бўлади. Чўлпон шеърларидаги шундай қайдлар воситасида адабиётчи олимлар шоир юрган йўлларнинг адабий-жуғрофий харитасини чизгани маълум. Бу каби арзимас кўринган унсурлардан Шарл Сент-Бёв, Андре Моруадек дунё адабиётшунослигининг таниқли намояндалари ўзларининг адабий-биографик талқин усулларида жуда унумли фойдаланишган.
Маҳмуд Тоир шарқ донишмандларга хос ихчам ҳикматларни шеърларида, таркибида ҳам, алоҳида тўртлик ё иккиликларида ҳам кўп ёзади.

Дилингни ўртаса гуноҳинг ҳар он,
Демак, вужудингда уйғоқдир иймон.
Бу ердаги ҳикмат тавба тўғрисида. Инсон қалбини нимадир ўрташи, яралаши, ўз ишларидан қониқмаслиги, кимгадир заррача етказиб қўйган озоридан ўксиниши мумкин. Дили уйғоқ, виждони саломат, юраги покиза одам шундай ҳолга тушади. Бундай руҳий-психологик ҳолатдаги кишининг тийнатида иймондан нишон бўлади. Эътибор берилса, бутун шеър шу икки қатордан иборат. Баъзан узундан-узоқ шаклан шеърдек тизилган тизмалардан маъни уқилмаганда, кўнгил завқ топмаган бир паллада Маҳмуд Тоир ёзган иккиликларни ўқиб, ўқувчи сергак тортади. Шоирнинг чинакам ҳикмат эгаси эканининг исботи шудир.

Олам гўзаллиги гулнинг рангида,
Тилнинг гўзаллиги дилнинг рангида.

Ёки:

Деманг, қайдан Маҳмуднинг байти,
Шеър – кўнглимнинг гуллаган пайти.

Мен Маҳмуд Тоир шу иккиликларини бир неча бандлар мазмунига жойлаб каттагина шеър ёзиши мумкин эди, шу иш қўлидан келадиган шоир, деб ўйладим. Аслида, узун шеърлар баъзан битта сўз учун, бир сўз бирикмаси ёки бир мисра учун ёзилади. Битта шойиста сўз потенциалидан шеър бунёд бўлади. Биргина мисра ассоциациясидан матн кенгаяди, бандлар бандга уланади; баъзан муқаддима ва туганч ҳисобига кўламдорлик касб этади. Тўғриси, мен кам сўз билан кўп маъно ифодасини қадрлайман; узун маърузаларда, кўп гапда маъно оз бўлиши фасоҳатсизлик саналади. Менга фикр, ўй, ҳис-туйғу, ижтимоий ва индивидуал-руҳий ҳодисаларнинг ҳаётий хулосаси сифатида туғилган Маҳмуд Тоирнинг “Иккилик”лари ростданам маъқул келди.
Шу билан гапни тугатишни ўйладим. Аммо Маҳмуд Тоирнинг “Армон туни” деган кичкина бир китоби тақдимотида қатнашган, аммо кўнгилдаги айрим гапларни айтиш имконини топа олмаган эдим. Шу ўринда баъзи фикрлар билдирсам.
Маҳмуд Тоирнинг “Армон туни”да армонли нола, аламли бир нидо бор. Чунки унда онанинг бу ёруғ оламни тарк этгани, боқий йўлга кетгани билан боғлиқ бир дунё туйғулар ифодаланди.
Достонни ўқиган ҳар ким ундан ўзи учун сабоқ олади. “Ўйлаб кўрсам, одамзод ниятидаги ёруғликни, гўзалликни, меҳру оқибатни она табиатидан олар экан”. Ҳақ гап ҳам шудир.

Бисмиллоҳ бўлгай сўзим аввали,
Онамдир қалбимнинг тоза гавҳари.
Ўзи осмонимдир, ўзи заминим,
Жонидан жон берган, жоним заргари.

Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад китобчадаги бир жумлага ишора қилди: “Соғинч – бу аслида кўнглимиз кўзидаги ёш”. Шу саҳифада “Онани йўқотиш кўнгилни қон йиғлатади” деган гап ҳам бор. Кўнгли қон йиғлаган фарзанд фарёдига ўхшайди бу достон.

Мен онамдан тупроқ билан
Тиллашишни ўрганганман.
Райҳон билан, япроқ билан
Сирлашишни ўрганганман.

Собир муаллим ва унинг урушда вафот этган ўғли воқеасини шунчаки – бефарқ ўқиб бўлмайди. Афғон уруши дилбандидан ажралган ҳар бир ота-она қалбидаги нолаю фиғон урушидир. Тинчлик – муҳим. “Аслида, тинчлик – дунё оналарининг олам аҳлига саломи” – Ассалому алайкум моҳиятида тинчлик мазмуни бор. “Онасиз яшасанг кўнглинг тўлмайди”. Шундай армонли, ўткинчи, келиб-кетишли бекат бу дунё.
Фарзанд ўзини ҳар вақт онасидан қарздор сезади:

Азал дунё, гўзал дунё,
Қодир Худо, қодир Худо,
Ғойиблардан бер бир садо,
Мен онамдан узай қарзим!

Баъзи саҳифалари аввал ёзилган шеърлар композицияси асосига қурилган бу асар моҳиятига кўра мулоқот достонидир. Шоир унда ўз яқинлари, табиат, борлиқ, асосан, ота-онаси билан мулоқотга киришади. Отасини эрта йўқотган шоир падари бузруквори руҳидан ҳамиша мадад олади. “Болам, отанг ўлган дема, мен ўзингда яшайман, Дилинг, тилинг бир бўлса гар мен сўзингда яшайман”. Шоир отаси билан бир умр ғойибдан суҳбатлар қуради:

Кўзларимнинг ёши не даркор,
Кимга керак бу кўз-кўз нолам.
Гўё отам руҳи бўзларди,
– Оҳ, йўғимни билдирдинг, болам!

Охирги мисра ҳар ким юрагини бир титратади.
Достон ҳаётнинг давом этиши, ойдин туйғулар билан умидли якунланади. Шоир ёзади: “Она, бу достонга мен кўзимда ёш билан нуқта қўймоқчи эмасман. Сиз эр кишининг нолиганини хуш кўрмас эдингиз…
Майли, армон тунининг оғриқлари – бу менинг дилимдаги хун, тилимдаги дод”. Муаллиф таъкидлашича, умр тонгининг офтоби онадир.
Ҳар тонг тоғлар ортидан бош кўтараётган қуёш ҳаётни олқишлайди, одамлар қалбини ёритади. Сабрга, шукрга, фикру зикрга ўргатади. Маҳмуд Тоир достони ҳам шундай – онани эъзозлашга, тинч ва осуда ойдин ҳаётни қадрлашга чорловдек таассурот қолдиради…
Шундай асарлар бўладики, жаранглаб туради; юракни ларзага солади, дилни яшнатади, кўзни ёшлатади. Адабиётшунос шу завқли лаҳзанинг сабабини, шеър­ни гўзаллаштирган бадиият унсурларини ўзича топиб, уларга ном бера бошлайди. Бу завқли жараёнда талқинчи-адабиётшунос шеърий асарлар жиловини, парвозини, кенглигини илмий истилоҳлар қўрғони ичига олиб киради. Қолипга сиғмаган шеърлар янги назарияларга асос бўлади. Бундай талқинлар одамда шеър ўқиш истаги пайдо қилса – нақадар хуш. Бироқ шеърлар талқини мажбурлаб ясама қолипга солинса, улардан бадиий тароват кетади. Илмий-назарий жиҳатдан бундай бир ёқлама тушунтиришдан кўра шеърларнинг ўзи ўқилгани маъқул…
Тўғриси, давримизнинг ажойиб шоири Маҳмуд Тоир шеърларини таҳлил қилиш, ўзим англаган ҳақиқатни баён этиш жараёнида шундай андишали мулоҳазаларга ҳам бордим.

Баҳодир КАРИМ

Саҳифа 24 марта ўқилган.