Очерк

…Эрталабдан бери чеҳраси очилиб-очилмай турган ҳаво чошгоҳга бориб бутунлай тундлашиб олди. Худди ўпкаси тўлиб, йиғлашга баҳона излаётган аразчи аёлдай… Сал ўтмай самонинг аллақаерида “қасир-қусур” булутлар жанги бошланди… Тамом… Энди ёғмай қўймайди. Ўт босган эгатга эгилиб олганича чопиққа зўр ­бераётган Пардахол шабадада енгил тебраниб турган ғўза баргларига ёмғир томчилай бошлагач, ҳаракатни янада жадаллаштирди. “Улгуришим керак… Ёмғир тезлашгунича шу эгатни охирига етказишим керак…” У катта ўқариқ бошига етиб келганида бутун уст-боши жиққа ҳўл бўлган, кетмон дастасини шу қадар қаттиқ ушлаганидан кафтлари чўғдай қизариб кетган эди….Эрталабдан бери чеҳраси очилиб-очилмай турган ҳаво чошгоҳга бориб бутунлай тундлашиб олди. Худди ўпкаси тўлиб, йиғлашга баҳона излаётган аразчи аёлдай… Сал ўтмай самонинг аллақаерида “қасир-қусур” булутлар жанги бошланди… Тамом… Энди ёғмай қўймайди. Ўт босган эгатга эгилиб олганича чопиққа зўр ­бераётган Пардахол шабадада енгил тебраниб турган ғўза баргларига ёмғир томчилай бошлагач, ҳаракатни янада жадаллаштирди. “Улгуришим керак… Ёмғир тезлашгунича шу эгатни охирига етказишим керак…” У катта ўқариқ бошига етиб келганида бутун уст-боши жиққа ҳўл бўлган, кетмон дастасини шу қадар қаттиқ ушлаганидан кафтлари чўғдай қизариб кетган эди.У кеч тушмай туриб ишни тўхтатишга мажбур бўлаётганидан афсусланиб, кетмонини елкасига ташлади-да, илдам юриб, канал бўйлаб кетган тупроқ йўлга чиқиб олди. Ҳавонинг авзойи бузуқлигидан кўпчилик чопиқчилар аллақачон далани тарк этишган, атрофда на бирор арава, на бир йўловчи машина кўринади… Пардахол рутубатли осмонга қараб, ёғингарчиликдан кейин пахта майдонларидаги бегона ўтлар яна авж олишини ўйлаб юраги сиқилди: “…Ёмғир ҳали-бери тўхтамаса  эртага тонг  саҳардан далага келишнинг ҳожати йўқ. Иш яна чўзилади… Ахир бунақа бўлаверса, ўзига бириктирилган  ерни қачон чопиқдан чиқаради-ю, қачон яганани тугатишади. Болалари ҳам эрталаб мактабга, тушдан кейин далага бўзчининг мокисидай қатнайвериб қийналиб кетишди… Начора, бошимизда шу кунлар ҳам бор экан-да…” – Ие, раиснинг хотинига кетмон за-а-ап ярашибдими?!– Эри пахтанинг орқасидан топган-тутганини қаерга кўмиб кетганини айтмаган бўлса керак-да… Ёки атайлаб… шуйтиб… а?!..Пардахол хаёл билан бўлиб, ортида пайдо бўлган узун-қисқа икки шарпани сезмай ҳам қолибди. Ўзи тўғрисида атайлаб эшиттириб  айтилаётган гаплардан эти музлаб, кўзлари тиниб кетди. Лекин орқасига ўгирилиб қарашга кучи етмади. Улар ўзларининг луқмаларидан ўзлари завқланиб, ҳиринглаб кулганича аёлнинг ёнгинасидан илгарилаб ўтиб кетишди. Пардахол бу икки ширакайф одамнинг вужудидан анқиётган қўланса ҳидга ҳам, уларнинг тутуруқсиз сўзларига ҳам эътибор бермасликка уриниб, қадамини тезлаштирди. Лекин оёқлари лой тупроққа зил-замбил ботиб қолаётгандек ўзига бўйсунмас, киприклари орасидан сизиб чиқаётган кўз ёшлари юзларини куйдирар, муштга айланган қўллари эса уларни бурдалаб ташлашга тайёр эди.– Болаларимнинг дадаси бегуноҳ! – дея аламли пичирлади унинг лаблари. – Туну-кун меҳнат қилиб, охир-оқибат  туҳматга учради у! Агар бирор нарса орттирган бўлганида, олти болам билан бир сўм пулга зор бўлиб, қақшаб қолармидик?! “Пахта иши”миш… Уйинг куйгур Гдлян билан Иванов деганларининг шум ҳийласи бу!… Манаман деган хўжалик раисларини турли баҳоналар билан  бирин-кетин қамоққа тиқишаяпти. Уларнинг айби нима? Заҳар-заққум ютиб, миллион-миллион тонналаб пахта етиштириб бераётганими? Ахир ўзбекнинг пахта экмаган фақат томи қолди-ку… Уларга шуям етмаяпти энди… Болаларим оч қолмасин, бошқалардан кам бўлмасин деб гектар олиб, чопиққа чиқсам нима бўпти? Раиснинг хотини ишласа таҳқирлаш керакми? Пардахол кўча муюлишида катта қизи Кларанинг олди-кетига қарамай югургилаб келаётганини кўриб, хаёли бўлинди. Кўз ёшларини кафтлари билан сидириб, жилмайишга уринди:– Ҳа, қизим, шу ёмғирда шошиб қаёққа кетаяпсан?!– Сиз келавермаганингизга хавотир олиб, далага кетаётувдим. Ивиб кетганингизни қаранг, ойижон… Уйда сизни бобом кутаяптилар. Қандайдир муҳим гаплари борга ўхшайди. Дадамдан бирор хабар топиб келдилармикин-а?..– Қанийди шундай бўлса, қизалоғим…Пардахол дарвозадан кириши билан айвонда хаёлчан ўтирган тўқсон  ёшли Исроил бобо келинини койишга тушди:– Бунақа эмас-да, болам. Ўзингни бунчаям ўтга-чўққа урмасанг… Шу ҳавода ишлаб бўладими, ахир?..– Далани ўт босган, ота… Тезроқ тугатмасак бўлмайди. Шунга…– Диққат бўлаверма, қизим. Кун очилиб кетса, болаларинг ёрдам беришади, қайниларингга ҳам айтаман… Кўплашиб тугатасизлар чопиқни… Ҳа, айтганча… менга пенсия пулини олиб келишган экан. Шуни олиб қўй, қизим, бирор каму-кўстингга яраб қолар… Пардахол нима деярини билмай, рўмолининг учини юзларига босди-ю, энди росманасига йиғлаб юборди.– Қўй, болам, йиғлама, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, – деди ота келинини юпатиб. – Туҳмат балосига учраган биргина Убайдулла эмас. Боя эшитиб қолдим, Оққўрғоннинг ўзидан юзга яқин раҳбарларни, пахтачилик соҳасига алоқадор мутахассисларни “пахта иши” бўйича сўроқ қилишаётганмиш. Меҳнатда тобланган ўнлаб асл раҳбарлар Убайдуллага ўхшаб қамоқда сақланаяпти… Лекин энанг иккаламиз болаларимизни ҳалол, виждонли ва мард инсонлар қилиб тарбиялаганмиз, қизим. Убайдуллажоннинг айбсиз эканлигига, бир куни албатта оқланиб, фарзандлари ёнига қайтишига ишонаман. Ўшангача оиланинг суянчиғи энди сенсан. Бардам бўл, болам…– Хўп, отажон… Лекин баъзан бировларнинг тушуниб-тушунмай гапирадиган гаплари одамни эзиб қўяркан… Мен ҳаммасига чидайман, ота. Ахир ёнимда сиз борсиз, энам борлар…– Баракалла! Мен хукумат раҳбарлари номига бир ариза тайёрлаб қўйдим. Эртага қайинаканг билан Тошкентга тушиб келаман. Олий Совет раиси Рафиқ Нишоновнинг қабулига ёзилганман. Қани кўрайлик-чи, бирор наф бўлиб қолар…Пардахол шу куни кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Тонг ёришар паллада қўлига қоғоз-қалам олиб хат ёзишга тутинди:“Ассалому-алайкум, азизим… Соғ-саломат юрибсизми? Биздан кўнглингиз тўқ бўлсин. Болаларингиз сизни хурсанд бўлсин деб фақат “тўрт” ва “беш” баҳоларга ўқишаяпти. Қизингиз Шоира сизга атаб шеърлар ёза бошлади. Унинг хатини ва шеърини ўтган куни почта орқали жўнатдик. Яқин кунларда бориб қолса керак… Отам, энам сизнинг айбсиз эканлигингизга қаттиқ ишонишади. Эсон-омон бағримизга қайтишингизни Оллоҳдан тилаб ўтиришибди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг… Яна тонг отди. Узилди тун беланчаги,Оқ нурга эшик очди ой – само келинчаги.Сиз – ҳаётим осмони, қалбимнинг хуш чечаги –Азизим, сизни соғиндим…”
ТУІМАТ ИСКАНЖАСИ
1985 йил…“Пахта иши”, “Пилла иши”, “Ўзбеклар иши” номи билан  “қама-қама”лар авж олган, меҳнаткаш ўзбек халқи бошига  туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирилган мусибатли кунларнинг бирида Оққўрғон туманидаги Навоий номли хўжалик раиси Убайдулла Исроиловни туман прокуратурасига чақиртиришди.Убайдулла Исроилов ушбу ширкат хўжалигига салкам тўққиз йилдан бери раҳбарлик қилар, унинг тиришқоқлиги, тиниб-тинчимаслиги туфайли энг қолоқ хўжалик йилдан йилга ривожланиб, пахтакорларнинг дастурхонига қут-барака кириб қолган эди. Шу йиллари раиснинг саъй-ҳаракатлари билан 75 гектар майдонда боғ ва узумзор, 45 гектар майдонда балиқчилик учун махсус  кўллар ташкил этилди. Иссиқхона барпо этилиб, лимон, апельсин каби цитрус мевалар етиштирила бошланди. Қисқа вақт ичида хўжаликдаги барча хонадонларни тўлиқ газлаштиришга киришилди. Сув қувурлари ётқизилиб, маҳаллалар юз фоиз ичимлик суви билан таъминланди. Шундай рентабелли хўжалик раҳбарининг прокуратурага чақирилиши…Йўқ, бу англашилмовчилик эмас эди. Ўша куни Убайдулла Исроиловга нисбатан  “Пахта иши” бўйича жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. “Хўжаликни ҳалол бошқардим, аҳолини рози қилишга интилдим, мени қамашларига арзийдиган  иш қилмаганман, сўраб-суриштириб қўйиб юборишса керак” деб ўйлаб юрган раис устидан терговчи  юз бетдан ортиқ айблов материалларини тўплади. Сўроқ пайтидаги дўқ-пўписалар, қийноқлар туфайли  бир қатор пахтачилик бригадаси бошлиқлари Исроиловни қўшиб ёзишда, ҳақ тўлашда қалбаки ведомостлардан фойдаланганликда  айбдор қилиб терговчи айтиб туриб ёздирган бошдан оёқ туҳматдан иборат кўрсатмаларга қўл қўйиб бердилар… 1986 йилнинг 7 февраль куни терговчи  тўплаган “ҳужжатлар” ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида Исроилов Оққўрғон тумани ички ишлар бўлими томонидан қамоққа олинди.– Ўшанда тергов материаллари билан танишиб чиққан  туман прокурори М.Муҳамедов қамоққа олишга розилик бермаган эди, – дея хотирлайди Убайдулла ака. – Лекин терговчи бошқа туман прокурори орқали санкция олишга эришди. Ҳа, шу билан айни камолот палласидаги 45 ёшли фидойи раҳбарнинг умр дафтарига қора саҳифалар очилди… Узоқ давом этган суд жараёнлари нафақат Убайдулла Исроиловнинг, балки ўнлаб, юзлаб фидойи инсонларнинг пешонасига “жиноятчи” деган ноҳақ тамғани босди. Биргина Оққўрғон туманининг ўзидан “Пахта иши” билан 44 киши қамоққа олинди, 105 киши суд жараёнларига жалб этилди, уларнинг 16 нафарига узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланди. Ҳибсга олинганлар оғир қийноқлар остида тергов қилинар, қилмаган айбларига иқрор қилдириш  учун шафқатсиз азоблаш усуллари ўйлаб топиларди. Оқибатда туман бош пиллахонаси директори Абдуқаюм Кузанбоев, Олимкент пахта тозалаш заводи қошидаги пахта қабул қилиш пункти тарозибони Қаҳрамон Соатов, Пскент тумани партия комитети биринчи секретари бўлиб ишлаган Учқун Яҳёев, “Коммунизм” хўжалиги раиси Насрулло Мадаминовлар ноҳақлик ва тергов қийноқларини кўтара олмай, оламдан кўз юмдилар.Қамоқхоналардаги ҳаёт бундан-да оғирроқ эди. “Пахта иши” билан келтирилганларни одам боласи чидаши қийин бўлган хўрланишлар кутиб турарди бу ерда. Эргаш Ўзбекхўжаев, Тирков Каримов, Босим Худойбердиев, Ҳабибулло Эгамбердиевлар қамоқхона ҳаётидан кейин кўп яшамадилар. Абдумажид Холиқов ва Рус­там Болтабоевлар бир умрга ногирон бўлиб қолишди…Қамоқда ушлаб турилганининг еттинчи ойида – 1986 йилнинг 7 августида  Тошкент шаҳар суди Убайдулла Исроиловга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқарди. У ўзига нисбатан қўйилган айб­ловларга иқрор эмас эди. Ҳукмдан норози бўлиб, Олий Суднинг жиноий ишлар бўйича судлов коллегиясига кассацион шикоят ёзди. Бу уриниш ҳам, яқинларининг хукумат раҳбарларига қилган мурожаатлари ҳам, Москвадаги юқори идораларга адолат истаб борган акаси Ҳикматилла Исроиловнинг сарсон-саргардонликлари ҳам самара бермади. Бригада бошлиқларининг кўрсатмалари сохта ва бўҳтондан иборат эканлиги бандма-банд таҳлил қилиб ёзилган салкам ўн варақли шикоят хатига бор-йўғи тўртта сўздан иборат жавоб келди: “Ҳукм ўз кучида қолдирилди!”
ТОНГ ОТМАГАН КЕЧАЛАР…
“Товоқсой” – Убайдулла аканинг юрагидаги ўла-ўлгунча оғриб турадиган яра жой… У қамоқхонадаги нотаниш тартиб-қоидаларга, зах ва совуқ камералардаги  рутубатли ҳаёт тарзига кўникиб улгурмасидан  Коммунистик районининг (ҳозирги Юқоричирчиқ тумани) биринчи секретари, дўсти Уммат Мирзақуловнинг  “Пахта иши” билан қамалганини эшитди. Эшитди-ю, бўғзига бор аламлари йиғилиб, ич-ичидан  бир фарёд отилди: “Минг лаънат! Агар шундай моҳир раҳбарни, билимдон ва ташкилотчи мутахассисни, кечаю кундуз одамлар дарди билан яшайдиган фидойи инсонни ҳам қамашган бўлса бундай қутурган тузумга минг лаънат!  Аслида,  “Оқ олтин”ни олтин қўллар яратади” деб амалда бажариш мушкул бўлган олти миллион тонналик режа билан ким “сийлаган” эди  бу халқни? Ўзбекнинг ҳовлисигача пахта эктириб, чигитининг қора пўчоғини ҳам қолдирмай юртига ташиб кетганлар кимлар эди? Мажбуриятни бажариш учун “қўшиб ёзиш” балосини расм қилганлар ҳам нафси ҳакалак отган “катталар”нинг ўзлари эмасмиди? Оддий деҳқонда нима гуноҳ? Туну кун пахта даласида бир коса ёвғонга кўниб, ҳосил етиштирган пахтакорда нима айб? Гўдагини шийпондаги тол бешикда қолдириб, кун тиғида кетмон чопган эмизикли аёлларнинг ёзиғи нима эди? Шуларнинг бири икки бўлсин, меҳнатининг роҳатини кўрсин деб эзгу ишларга бош бўлаётган Умматжондек етакчиларни қамаш кимга керак ўзи? Ноинсофлар!!!”Убайдулла ака руҳан эзилиб, ўзини қўярга жой тополмай юрган ана шу кунларда унга қадрдонларидан бир йўла иккита мактуб келди. У ташналик билан конвертларни очди. Бири акаси Ҳикматилладан, иккинчиси ўғли Улуғбекдан эди.“Азиз жигарим, соғ-саломатмисан. Сендан бугун хат олдим-у, дарров жавоб ёзаяпман, – дебди акаси. – Нодира билан Маликани чуқурлаштирилган фанлар ўқитиладиган синфларга бериш тўғрисида қайғурибсан.  Бу масалани эртагаёқ ҳал қиламан. Қизларни Ломоносов номидаги янги мактабга жойлаштирамиз. Бундан кўнглинг тўқ бўлсин! Жигарим, сендан сабр-тоқатни, бардошни илтимос қиламан. Ҳар нарсага сиқилаверма. Беҳуда жанжал, талашиб-тортишиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди! Ўзингни эҳтиёт қил!”Ё тавба! Акаси унинг ҳозирги ҳолатини худди кўриб тургандай-а?!. “Хўп, ака” деди синиқ жилмайиб, сўнг Улуғбекнинг хатини ўқишга тутинди. “Дадажон, яхши юрибсизми? Биздан хавотир олманг. Ойижоним, опаларим, энам-отам – ҳаммамиз яхшимиз. Ҳозир томорқамиздаги картошка пишган. Иккита қўйимизни укам Отабек иккаламиз яхшилаб боқаяпмиз. Хайр, тезроқ уйимизга қайтишингизни кутамиз, дада”.  Эндигина 5-синфда ўқиётган ўғлининг рўзғорни ўйлайдиган йигит бўлиб қолганини ҳис қилган Убайдулла ака “Худога шукр” деб қўйди. Унинг  кўнгли ёришиб, бошининг ичида тинимсиз ғувуллаётган шовқинлар бироз чекингандай эди. Мактубнинг сўнггидаги “Салом билан ўғлингиз Улуғбек” деган сатрларни кўзларига суртиб, меҳр билан ўпди… Шу куниёқ вақт топиб Улуғбекка навбатдаги жавоб хатини ёзди: “Улуғбек, сенинг ҳаракатчан, сокин, ақл-идрокли бўлиб ўсаётганингни кўриб хурсанд бўлдим. Дадангнинг, вақтинча бўлса ҳам, уйда йўқлигини билдирмаслигингга ишонч ҳосил қилдим. Сен мактабда, уйда, кўчада укаларинг ва опаларинг олдида ҳамма фанлардан ва ҳамма хизматлардан фақат “4” ва “5” баҳолар олишинг шарт! Бу сенинг йигитлик ўлчовинг бўлади! Энди келгуси хатга жавоб учун савол: биринчиси, халқимизда “Иши кўпнинг вақти кўп” деган нақл бор. Шунинг маъносини изоҳлаб бер. Иккинчиси, нима учун сенинг исминг Улуғбек? Бу номга муносиб бўлиш тўғрисида ўйлашнинг вақти етди. Жавобларингни кутаман”.У хатни конвертга жойлаштириб бўлгач, болаларининг бўй-бастини тасаввурида кўриш, улар билан хаёлан суҳбатлашиш учун кўзларини оҳиста юмди. Назарида қизлари  Клара, Шоира, Нодира, Малика, ўғиллари Улуғбек ва Отабеклар “Дадажон, сизни соғиндик” дея бир-бирларига гал бермай, худди учрашувга келган кезларидагидек, унинг бўйнига осилишаяпти… Пардахол эса жилмайганча бир чеккада  кутиб турибди… Бу манзара унга таниш ва қадрдон… Бироқ ҳозир улар нима қилишаётган экан-а?! Қиш яқинлашиб қолди. Ўтин-кўмир, картошка-пиёз дегандай… Пардахол ҳам, болалар ҳам уйдаги кам-кўстни менга сира билдиришмайди. Ишқилиб, қишдан эсон-омон ўтиб олишсин-да…
* * *
…1987 йилнинг қиши анча эрта  келди. Куз охирлаб-охирламай далаларга қиров тушди. Тўсатдан бошланган  изғиринли совуқ ўт-ўланларни, ҳали йиғиштириб улгурилмаган  кечки ҳосилни бир кечада қорайтириб кетди. Пардахол ҳали қиш учун кўмир ғамлаб улгурмаган эди. Болаларнинг усти ҳам юпун. Нима қилсин, амал-тақал қилиб топгани рўзғордан ортмаяпти… У бундай пайтларда бор дардини ичига ютар, ҳол-аҳвол сўраганларга  “Шукр, камчилигимиз йўқ” деб қўя қоларди.Бир куни кечки пайт дарвоза тақиллаб қўшнилари Мусбоқ ака билан Олой ака аёлларини ёнларига олиб, икки челак, икки челакдан  кўмир кўтариб кириб келишди.– Бир йўқлаб қўяйлик, десак шу қора кўмирдан бошқа нарса қўлимизга илинмади, – дея болаларни кулдиришди.Аслида, улар кечалари ҳаво зах ва совуқ бўлаётган бўлса-да, жўжабирдай жон бўлган Пардахолнинг мўрисидан тутун чиқмаётганини  аллақачон пайқашган эди.– Яхшиликларингизни ҳеч қачон унутмайман, – деди Пардахол миннатдорлик билан. – Худойим сизлардек инсонларга қўшни қилганининг ўзи биз  учун бахт.– Э, қўшни, аслида Убайдулла аканинг маҳалла аҳлига қилган яхшиликлари олдида бу нима деган гап? – деди Мусбоқ ака. – Кўчаларимиз обод,  сувимиз бор, йўлларимиз текис… Кўпчилик шу хўжаликка кўчиб келиб, уй-жой қилсам деб орзу қилиб юрибди-ю… – Раиснинг ўзига яраша салобатиям бор эди-да, – гапга қўшилди  Жаннат опа. – Ғўлабирдай йигитларнинг бекор юришини ёмон кўрарди. Анави нариги маҳалладаги Шокирмиди, Зокирмиди, ҳай исми аниқ ёдимда йўқ, ўша ўнинчини битиргандан кейин араққа берилиб, ота-онасини қийнаб юрган вақтида Убайдулла ака билиб қолиб, қулоғидан бураб военкоматга олиб бориб армияга жўнатворганини ўзим кўрганман. Биб-бинойидай бола бўлиб қайтиб келди. Ҳозир колхозда  мошина ҳайдаётганмиш. Шу болани куёв қиламан деганлар сон мингта…Пардахолнинг имоси билан қизларнинг бири айвонга кўрпача тўшади, бири дас­турхон ёзиб, бири чой қўйди. Бир пиёла иссиқ чой устидаги суҳбат айни авжига чиққан паллада қия очиқ турган дарвоза олдига “Ҳой, ким бор?” дегандек бир-икки қисқа сигнал чалиб таниш “УАЗ” келиб тўхтади. Ҳалигина дарс тайёрлаш учун уйга кириб кетган Отабек ҳовлига отилиб чиқди:– Файзулла амаким келдилар, ура-а!..Убайдулла аканинг шогирди Файзулла Мўминов бу хонадонга имкон топиб келиб турар, оила бирор нарсадан қийналиб қолган кезлари ёрдамини аямасди. У қаршисига пешвоз чиққан Отабек билан худди бир-бирини соғинган қадрдон дўстлардек қучоқ очиб кўришди. Сўнг болакайнинг сочларини тўзғитиб, ҳазиллашди:– Шу кичкина қўлларинг катта ишларниям қила оладими? – Ҳм-м..– Бўлмаса акангни чақир. Дарвозанинг олдига икки боғ беда пичанини тушириб қўйдим. Ичкарига олиб киринглар. Анави қўзичоқларингизга берасизлар.– Қўзичоқ эмас, қўй…– Қўй бўлса нега кичкина?– Кичкина эмас… Қўй ўзи шунақа бўлади!Суҳбатни кузатиб турган қўшни меҳмонлар ҳам кулиб юборишди.Файзулла бугун болаларни икки боғ пичан билан хурсанд қилиш учун эмас, балки жиддий масала билан келган эди. Шунинг учун  меҳмонлар билан сўрашиб бўлгач, шошиб турганини айтиб, дарвоза томон йўналди. Кузатиб чиққан Пардахолга мақсадини тушунтирди:– Сизга қийинлигини биламан, келинойи, – деди у. – Анчадан бери болаларнинг бирортасини ишга жойлаштиришни ўйлаб юрган эдим. Шу масала ҳал бўлди… Клара билан Шоирани уруғчилик лабораториясига фаррош қилиб ишга қўямиз. Опа-сингил биргалашиб, дарсдан кейин бориб келаверишади. Душанба куни раҳбарга учрашасизлар… – Клара ўнинчи синфда, Шоира саккизинчи синфга ўтди… Мустақил ишлашга ҳали ёшлик қилишмасмикин? Яна гектар олсам, аҳволимиз яхшиланиб қолар…Отабекка қарашвориш учун дарвоза олдига чиққан Шоира бу суҳбатни беихтиёр­ эшитиб, Файзулла аканинг ёнига югуриб келди:– Йўқ, ойимга айтинг, бизнинг ишлашимизга рухсат берсинлар. Опам иккаламиз сиз айтган идорага борамиз. Фақат нима иш қилишимизни кўрсатиб қўйишса бўлди…– Меҳнатнинг айби йўқ, – деди у қизнинг дадиллигидан хурсанд бўлиб. – Дадангиз қайтгунича онангизга кўмакчи бўлинг. Сизларга бажарган ишларингиз учун маош тўлашади. Лекин ишлаяпмиз, деб ўқишни бўшаштириб юбормаслигингиз керак. Хўпми? – Хўп!..Файзулла Мўминов кетгач, Пардахол Шоиранинг елкаларидан қучиб “Раҳмат, қизим” деди ва болаларининг болалиги жуда эрта тугаб қолаётганидан юраги алланечук бўлиб меҳмонлар ўтирган айвон томон юрди…
ТИНЧЛИКНИНГ РАНГИ
Бойчечакнинг очилиши – кўкламнинг бошланиши, дейдилар. Тўғри, лекин қишлоқ жойларда табиатнинг уйғонишини биринчи бўлиб болалар сезишади. Ҳеч эътибор берганмисиз, кўклам яқинлашиши билан, болаларни  боғлаб қўйсангиз  ҳам уйда ўтиришмайди.  Айниқса кечки пайт…  Бирор кенгроқ майдончани танлаб олишиб, ҳар куни шу ерда йиғилишади. Бир қарасанг ким ўзарга варрак учиришган, бир қарасанг иккита тошдан “дарвоза”  ясаб  футбол  ўйнашган, яна бир қарасанг  “оқ теракми, кўк терак” мусобақаси. Худди қор бағрини ёриб чиққан бойчечаклар каби қишдан зериккан болакайлар шўх-шодон “қий-чув”лари билан  бутун қишлоқни уйғотишади…Шаҳарга тушиб иши битмай қайтган Исроил бобо ўғли: “Чарчадингиз ота,  уйга бориб дам олинг”, десаям қулоқ солмай Убайдулласининг кўчаси бошида машинадан тушиб қолди.– Сен боравер, Ҳикмат, – деди у. – Мен укангнинг болаларини бир кўриб кетай. Озгина пиёда юрмоқчиман. Баҳонада оёғимнинг чигили ёзилади. Онангга кечроқ боришимни айт, хавотир олмасин…– Сизни ўзим келиб олиб кетаман. Келгунимча кетиб қолманг, хўпми?– Майли…Бобо бироз ичкарилагач, муюлишдаги  омонатгина  ўриндиққа нафас ростлаш учун ўтирди. Сал нарида ўн-ўн беш чоғли болакай тарвақайлаган катта тут остида давра олиб, қандайдир ўйинни ўйнашмоқда. Қизиқиб кузатди.Ўйинбоши бола савол айтар, уни қуршаб олган болакайлар эса ўйин шартига кўра худди тез айтиш каби чаққонлик билан жавоб қайтаришарди. Саволга нотўғри жавоб берган иштирокчи ўйиндан чиқариб юбориларкан… – Осмоннинг ранги? – сўради ўйинбоши.– Мовий… – чуғурлашди болалар.– Сомоннинг ранги?– Сариқ…– Сувнинг ранги?– Шаффоф…– Олманинг ранги?– Қизил…Иштирокчиларнинг ичида кимдир “кўк” деб юборди. Шунда ўйинбоши “Адҳам, сен нотўғри жавоб бердинг, ўйиндан чиқасан” деди.– Нега экан? Олма пишмасдан олдин кўк бўлади-ку?!– Мен пишган олма ҳақида сўраган эдим.– Унда сен “Пишган олманинг ранги?” деб айтишинг керак эди. Бундан ташқари ҳамма олмалар ҳам қизил бўлмайди! Мен хато айтмадим. Чиқмайман ўйиндан!– Майли, кейинги гал чалкаштирсанг, ўзингдан хафа бўл! Саволни давом эттираман. Нафас олмасдан тез жавоб беринглар.– Қора ипнинг ранги?– Қора!…– Тинчликнинг ранги?– Яшил! – деди беихтиёр жингалак сочли бир қизалоқ. Қараса бошқалар жим турибди. Кейин ҳамма бараварига кулиб юборди. – Тинчлик – бу сўз-ку, жинни! Унинг қанақа ранги бўлиши мумкин? – билағон болалардан бири уни мазах қилиб қотиб-қотиб куларди.Қизча йиғламоқдан бери бўлиб ютқазганлар ёнига бориб ўтирди. Шунда боядан бери ўйинни берилиб томоша қилаётган Исроил бобо ўрнидан туриб кетди:– Ҳой шошма, – деди савол тўқиётган болага. – Бу қароринг адолатдан эмас, чироғим!Болалар ялт этиб оппоқ соқолли  бобога қарашди.– Ўйинларинг қизиқ экан. Хотирани чархлайди. Ақлни пешлайди. Лекин ёшим тўқсон бирга кириб, тинчликнинг ранги тўғрисида ўйлаб кўрмаган эканман. Бу рангни мен бугун топдим! У яшил! Сизлар ўйиндан чиқариб юборган қизим топиб берди уни! Энди саволни сизларга мен берай:– Қурғоқчилик кўп бўладиган сувсиз ерларда экин битадими? Унақа жойларнинг ранги қандай бўлади?– Сариқ, – деди оҳиста болалар.– Уруш бўлиб, осмондан бомбалар ёғилиб турган жойларда-чи?– Ҳамма нарса ёниб, қорайиб  кетса керак, – деди кимдир.– Ана шундай нотинч жойда яшайдиган одамларнинг ранги-чи?– Болалар бу саволга жавоб излаб бир муддат тўхтаб қолишди.– Билмайсизлар! – деди бобо. – Чунки у кунларни сизлар кўрмагансизлар! Илоҳим кўрманг! Лекин мен кўрганман! Бундай жойларда одамларнинг юзлари заҳил, чеҳралари очилмайдиган, кўзлари чақнамайдиган бўлади, болаларим! Уруш бор жойда, офат бор жойда ҳамма ранг бўлиши мумкин. Куюнди тимсолида қора ранг, бегуноҳ оққан қонлар тимсолида қизил ранг, қуриган ўт-ўлан ва дарахтлар мисолида сариқ ранг… Табиатдаги яшил ранг эса фақат тинчлик бор жойда бўлади!  Худога минг қатла шукр, биз шундай юртда яшаяпмиз. Буни топган қизалоғимни ўйинга қайтар, болам. У ютди!Исроил бобо ўйинни янгитдан бошлаётган болаларни дуо қилганча, яна йўлга ҳозирланди. Шу кўчадаги ўн-ўн беш хонадон нарида жойлашган ўғлининг уйига етгунича. “Тинчликнинг ранги” масаласи хаёлидан кетмади….Ўчоқ бошида куймаланаётган Пардахол дарвоза олдида томоқ қириб  овоз берган бобони кўриб, хурсанд бўлиб кетди.– Ассалому-алайкум, ота. Уйга болаларни юборган эдим: “Шаҳарга кетишибди”, деб келишди, – деди у илдам юрганча бобонинг қаршисига пешвоз чиқиб. – Яхши бориб келдингизми?– Ҳа, аканг билан бориб келдик. Лекин хатимизга ҳали тайинли жавоб йўқ. Ўзинг нега излатгандинг, қизим. Тинчликми, ишқилиб?– Отам билан энамни меҳмонга чақирайлик, соғиндик, деб қизларингиз қўйишмади. Маош олишган экан. Оғзингизга ёқадиган бирор тансиқ таом қилайлик девдим, – деди Пардахол отани мева-чева билан тузатилган дастурхон ёзиғлиқ хонага бошларкан.– Бизни ўйлама, деб неча айтдим, болам. Мана шу олти болани яхши парвариш қилсанг, бизга шу кифоя…– Ота, телевизорда Ислом Каримов деган янги раҳбар Ўзбекистон Компартиясининг Бош котиби этиб сайланганини айтишди, – деди Пардахол. – Эшитиб, ўзимга сиғмаяпман. Зора, шу инсоннинг қадамлари қутлуғ келиб, адолатсизликлар барҳам топса…  — Ҳа, ҳозир ҳамма жойда фақат шу гап. Эрталаб шаҳарда аризамнинг жавобини олиш учун кирган идорада бир-иккита биладиганлардан эшитиб қолдим. У ниҳоятда оқил, халқни ўйлайдиган, билими ўткир инсон экан. Буям бўлса Яратганнинг марҳамати, қизим. Ишим битган-битмаганига қарамай, шаҳардан тўғри сизларникига келаверганимнинг сабабиям шу. Дарвоқе, Убайдулладан янги хат-хабар борми?– Менга ёзган жавоб хатларида енгилроқ ишга ўтказишганини айтибдилар. Оилавий учрашувга рухсат беришибди. Наврўз байрами куни борадиган бўлиб турибмиз…– Оллоҳга шукр! Етказганига шукр!…..Шу куни Исроил бобо ўғлини олиб кетишган кундан буён биринчи марта ярим коса овқатни иштаҳа билан еди. Убайдулласининг ишидаги ўзгаришларни, янги ҳукумат раҳбари тўғрисидаги илиқ гапларни  эшитиб, юрагини тоғдек босиб ётган музликлар кўча бошлагандек ўзини енгил ҳис қилди… Сўнг бироз мизғиб олиш учун неваралари  қўйиб берган юмшоқ парёстиқларга  ёнбошлади…ОМОНМИСАН, ОЗОДЛИК…
Ўргатдилар, аввал баҳор, сўнг қиш келар деб,Айни гуллаш фасли эди… нечун ёғди қор?Алдасалар ишондингми ай-й, бола кўнглим,Қишдан кейин келади-ку аслида Баҳор!…
Яхши сўзнинг қаноти бўлади, деганлари рост экан.  “Пахта иши” тугатилармиш, деган гап-сўзлар оққўрғонликларнинг ҳам қаддини кўтарди. Ўша кунлари  республика газеталарида эълон қилинган  “Вақти-соати етди”, “Қонунийлик – инсонийлик демакдир”, “Ҳукм”, “Қоралов ва оқлов” каби ноҳақ қамалганларнинг тақдири билан боғлиқ  ўнлаб мақолалар қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Одамлар “Инсон – пахта учун эмас, пахта – инсон учун” деган ғоя ёқимли шабададек юрт оралаб қолганини кундан-кунга ҳис қилишар, Иванов ва Гдлянлар бошлаган машъум “Пахта иши”  ҳадемай  барҳам топишига, ўзбек халқининг ҳақ-хуқуқи ва қадриятлари тикланишига чин дилдан ишонишарди…Орадан кўп вақт ўтмай, Амнистия эълон қилиниб, “Пахта иши” билан қамалган юзлаб юртдошларимиз озодликка чиқарилдилар. Қамоқхоналарда ноҳақ азоб чекиб ётган инсонларнинг қисматидаги кулфат тугунлари бирин-кетин ечила бошланди…1988 йилнинг 11 октябри… Учрашувга келган Соатилла акаси билан эндигина хайрлашган Убайдуллани отряд бошлиғи чақиртирди.Суҳбат қисқа бўлди:– Маҳбус Исроилов! Афв этилганингиз билан табриклайман. Барча ҳужжатлар расмийлаштириб бўлинганидан кейин ҳудуддан чиқиб кетишингизга рухсат этилади.Қамоққа олинган уч йилдан кўпроқ вақт давомида ўзининг беайб эканини исботлаш учун тинмай курашган, юқори идораларга адолат ва ҳақиқат истаб хатлар ёзган, қийноқ ва азобларга бўйин эгмаган Убайдулла Исроилов “афв этилдингиз” деган сўзни эшитган замон худди карахт одамдек оёқ-қўли бўшашиб, тили сўзга айланмай қолди.У озодликка чиқадиган куним ҳаётимдаги энг қувончли кун бўлади, деб ўйлаб юрарди. Лекин у бошлиқнинг хонасидан чиқди-ю, худди бўшлиқда муаллақ сузиб юрган булутдек вазмин тортиб қолди. Бошқаларга ўхшаб на йиғлар, на қувонарди… Қамоқхонада ўтган кунларнинг алами бўғзига чўғ бўлиб тиқилди гўё…“Акамнинг юраги сезган экан… Йўл узоқ, қайтақолинг, десам ҳам  ёниб турган ишим йўқ, деб кетгиси келмаганди. Бекорга шошилтирибман…”, дея ўзига ўзи пичирлади у.Акасини қайтариб юборганига афсусланиб, йўл тараддудини кўраётган  пайтида жияни Турғунбой машинасида келиб қолди. У ўзига яқин бўлиб қолган биродарлари билан хайрлашиб чиқди-ю, Турғунбойни шитобга олди:– Ҳайда, жиян, ҳайда. Бунақа жойларни энди елкамнинг чуқури кўрсин!…Машина бир маромда тўхтамай бораяпти. Яқинлар даврасидаги учрашувни ўйлаб, ўз хаёллари билан андармон бўлиб қолган Убайдулла акани  Турғунбой  ортиқча безовта қилмай, ўз ҳолига қўйиб берди.– Жиян, бунча секин  кетаяпмиз. Қаерга етдик ўзи?–  Секин юрмадик ака, – деди Турғунбой кулиб. – Хаёл билан бўлиб андак кўзингиз илинди. – Қаранг, Оққўрғондамиз-ку. “Навоий”га етиб қолдик. Ҳадемай уйингизда бўламиз..– Шошма, аввал “Охунбобоев”га юр. Ота-онамни кўрайлик…Исроил ота  дабдурустдан эшикдан кириб келган ўғлини кўриб аввал кўзларига ишонмади. Кейин кўришиш ўрнига нуқул “Онаси, ҳой онаси, қаердасан?” дея Зулфия онани излай бошлади. Убайдулла ака отасининг анча нозик тортиб қолган елкаларидан қучди. Унинг оппоқ соқолларига сизиб тушаётган кўз ёшларини қўллари билан силаб артди:– Омонмисиз, дада… Дадажон!..Зулфия онанинг биргина “Келдингми, болажоним!” деган ҳайқириғи ҳовлини ларзага солди. Бир зумда уй қўни-қўшниларга тўлди. Ота дуога қўл  очди:“Кўрган-билганинг шу бўлсин, туҳмат балосини икки дунё кўрма энди болам, фарзандларингга ўзинг бош бўл. Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!”У акасига ота-онасини олиб ортларидан боришларини тайинлаб, Турғунбой билан ўз уйига қараб йўл олди. Воажаб, дарвоза кенг очилган. Фарзандлари,  ёр-биродарлари уни худди байрамдагидек кутиб туришарди. Убайдулла ака Турғунбойга қаради:– Ҳеч кимга хабар бермагандик-ку?– Қишлоқда гап ётармиди, ака…Машинадан тушиши билан қизлари Клара, Шоира, Нодира, Малика, ўғиллари Улуғбек, Отабек уни қуршаб олишиб, бир-бирларига гал бермай бўйнига осилишар, “Сизни соғиндик дадажон”, дея синиққан юзларини силашарди… Бир чеккада кўзлари жиққа ёш Пардахол жилмайиб, сўрашиш учун навбат кутиб турибди… Нақадар таниш манзара… Фақат бу энди тасаввур эмас, кўз ўнгида рўй бераётган ҳақиқий саодат лаҳзалари эди.
БУ БОЈЛАР БИР БОЈ БЎЛСИНКИ…
Убайдулла ака Охунбобоев номли ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Мирзакарим аканинг сўраттираётганини эшитиб, таклиф этилган куни барвақт идорага келди.– Уч-тўрт ойлаб дам олиш сизга кўплик қилмадими? – ҳазиллашиб қарши олди раис. – Бу ёқда қанча ишлар эгасини кутиб ётибди.– Ёрдам беришга ҳар доим тайёрман, – деди Убайдулла ака раиснинг самимийлигидан хурсанд бўлиб.– Хуллас, сизни хўжалигимизга участка бошлиғи вазифасига ишга таклиф қилмоқчиман. 20 гектар ташландиқ ер бор. Шу ерда боғ яратиб берсангиз… Хўжаликни иқтисодий томондан ривожлантиришда қийналаяпмиз. Сизнинг бу борада тажрибангиз катта, Убайдулла Исроилович! Ободонлаштириш лозим бўлган ҳудудларимиз ҳам кўп. Одамларга янги уй-жой қуришлари учун ер майдони ажратаяпмиз. Уларга кредит олишда кўмаклашсангиз… Яқинда пенсияга кетаман. Мендан кейин эслаб юришга арзийдиган ишлар қолса дейман.Убайдулла ака ерни, меҳнатни жуда соғинганди. Эртасиданоқ ишга тушиб кетди. Ташландиқ майдоннинг ҳолатини синчиклаб ўрганди. Қандай мевалар экса самарали бўлишини пухта таҳлил қилди. Сўнг кекса ишчи Эшпўлат Тоғаевни ёнига олиб, кўчат учун ерларни тайёрлашга киришди. Тошкент боғдорчилик илмий-тадқиқот институтидан сара кўчатлар келтирилиб, белгиланган схема асосида экилди ва тўлиқ кўкартириб олинди. Унинг далага жуда барвақт келиши, ҳар бир масалада таҳлилларга асосланиб иш кўриши, бугунги натижани эмас, эртанги оқибатни кўпроқ ҳисобга олиши  одамларнинг унга нисбатан ишончини оширди.1990 йилнинг бошларида раис нафақага чиқиб, ишдан кетди. Иқтисодий жиҳатдан анча ночор аҳволга келиб қолган хўжаликни ўнглаш учун тажрибали, меҳнаткаш ва уддабурон раҳбар керак эди. Бошқарув раислигига шу ҳудуд аҳолиси яхши танийдиган, асл касби педагог бўлган Беркин Бердиқулов ва қамоқдан кейин эндигина меҳнатга қайтган Убайдулла Исроиловларнинг номзоди тавсия қилинди. Сайлов куни бўлиб ўтган воқеани унда иштирок этган кишилар ҳалигача эслашади.“Ўшанда яширин овоз бериш йўли билан ўтган сайловда вилоят вакили Сайфулла Сайдуллаев (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) иштирок этган эдилар, – дейди тумандаги “Бойғул” МФЙ раиси Эшдулат ака Тошпўлатов. – Ўшанда бундай муқобил сайловни биринчи марта кўриб туришимиз эди.  Убайдулла аканинг тажрибасига, хўжаликни инқироздан олиб чиқиб кета олишига кўпчиликнинг кўзи етиб турган бўлса-да, сайлаш жараёнида кутилмаган баҳсли ҳолатлар юзага келишини кутмаган эдик… Сайлов тугагач, саноқ комиссияси раиси Исроиловнинг номзоди кўпчилик овоз билан ёқланганини маълум қилди. Залда ғала-ғовур бошланиб, кимдир “бўлиши мумкин эмас, сайлов очиқ усулда бошқатдан ўтказилсин” деб қолди. Шунда Сайфулла Даурович муаммони ҳал қилиш учун залдагиларга мурожаат  қилди:– Сайлов барчанинг кўз ўнгида қоидага мувофиқ ташкил этилди ва ғолиб аниқланди. Бироқ бундан қониқмаган тараф сайлов очиқ усулда бошқатдан ўтказилишини сўраяпти. Нима дейсизлар?– Розимиз!– Ундай бўлса, биринчи номзодга овоз берганлар залнинг ўнг томонига, иккинчи номзод учун овоз берганлар чап томонга ўтинглар!Овоз бериш якунига етгач, саноқ комиссияси раиси қоидага кўра, тўпланган овозлар тўғрисида маълумот берди:– Жами 250 нафар вакилдан 181 нафари Убайдулла Исроиловнинг номзодини қўллаб-қувватлади. Бу аввалги ёпиқ усулда ўтказилган сайлов натижасининг тўғрилигини тасдиқлайди!Саноқ комиссияси раисининг қолган маълумотларини залдагиларнинг шовқини ва олқишлари босиб кетди.– Ҳалол ютдинг, Убайдулла, табриклаймиз!Сайфулла Сайдуллаев Убайдулла акани бошқарув раиси деб эълон қилди ва бағрига босди.1990 йилнинг февраль ойидан Убайдулла Исроилов учун яна уйқусиз, машаққатли, югур-югур онлар бошланди. У қийинчиликларга парво қилмас, одамларнинг ишончини қозониш ва  хўжаликни тумандаги  иқтисодий бақувват хўжаликлардан бирига айлантириш учун бор вуджуди билан ишга кўмилиб кетган эди. Қисқа давр ичида ҳудудда 560 ўринли янги мактаб, 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, чойхона, нонвойхона ва бошқа ижтимоий муҳим объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Кўчаларга электр чироқлари ўрнатилди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳал этилди. Техникалар янгиланди, эскилари тўлиқ таъмирланди. Убайдулла Исроилов мамлакатимиз Мустақил деб эълон қилинган тарихий кунни ана шундай қайноқ меҳнат фаолияти билан қарши олди!1995 йили уни туман агросаноат бўлими раҳбари лавозимига ўтказишди. Бу ерда  ҳам ташкилотчилик кўрсатиб, кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратгани туфайли туманда тарбияланган салоҳиятли ёш кадрлар вилоят миқёсида ҳам ўзларини кўрсата бошладилар.– Сизга бундан ҳам муҳимроқ бошқа бир вазифа бор, – деди бир куни туман ҳокими Нодир Бердиқулов ҳузурига чақиртириб. – Ғалладан гектарига бор-йўғи 16 центнер, пахтадан 17 центнер ҳосил олиб, туманни орқага тортаётган ночор ва қарзга ботиб ётган бир хўжаликни тиклашимиз керак!– Акмал Икромов номли ширкат хўжалигиними?– Ие, ана ўзингиз ҳам яхши биларкансиз.– Қайдам… Хўжалик барча техникасини бир пайтлар МТПга топшириб юборган. Ҳозирги кунда ўзининг бирорта тузукроқ техникаси йўқ. Қолоқлигининг бир жиҳати мана шунда. Бунақа шароитда хўжаликни оёққа турғазиш қийин.– Ёрдам берамиз.– Агар янги техникалар сотиб олишга кўмаклашсангизлар борганим бўлсин!Убайдулла Исроилов ўша кундан эътиборан ҳаловатдан кечиб, хўжаликдаги муаммоларни бартараф этишга киришиб кетди. Атрофига софдил, ишнинг кўзини биладиган ишчи ва мутахассисларни тўплади. Сочилиб ётган эски техникаларни бошида туриб таъмирлатди. Барчадан қатъий интизом, сифатли иш талаб қилинди. Оқибатда энг қолоқ хўжалик унинг раҳбарлигида биринчи йили қарзлардан тўлиқ қутулди. Иккинчи йили  ғалла ҳосилдорлиги гектарига  ўртача 45-50 центнерданга, пахта эса 27,6 центнерданга етказилди. Деҳқонларнинг ҳам, хўжаликда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳам турмушига файз, дастурхонига барака кирди,– “Пахта иши” туфайли бошига тушган кулфатларни, ўтган кунларнинг азобли хотираларини меҳнат билан енгишга интилган Убайдулла ака “Куч-қувват борида ишлаш ва эзгулик боғини яратишга улгуриш керак” деган қоидага амал қилиб яшади, – дейди ўша оғир йиллари “Пахта иши” билан бир неча йил қамоқда ушланган, айни пайтда тумандаги таниқли фермерлардан бири бўлган Жуманиёз Аннаев. – Меҳнати орқасидан етук раҳбар, тажрибали мутахассис, талабчан ва ғамхўр устоз,  ибратли оила бошлиғи сифатида элга танилди. Бундайларнинг ҳаёти ҳозирги ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби бўла олади… Барча фарзандларини олий маълумотли бўлишга ундаган  Убайдулла Исроиловнинг ер илмига лаёқатини пайқаб, олим-агроном бўлиб етишишига рағбатлантирган, оғир кунларида  оиласини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб далда бўлган Исроил бобо Жиянов ўғлининг кейинги йиллардаги эзгу ишларини ўз кўзлари билан кўрди ва умрининг охиригача дуода бўлди.  У 1997 йили 102 ёшида дунёдан ўтди. Акаси Ҳикматилла Исроилов эса академик-олим сифатида жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда…Кечагина дадасига кичкина қўлчалари билан хатлар ёзиб, руҳий мадад бериб турган фарзандлар ҳам бугун эл хизматида. Бири ўқитувчи, бири агроном, бири банк ходими, бири тадбиркор… Пардахол опа эса ҳамон ўшандай куюнчак, ўшандай меҳрибон…Ҳа, эзгу ниятлар билан барпо этилган мўъжазгина оила боғи ҳаётнинг кутилмаган аччиқ синовларидан, ногаҳон ёққан дўлу қорларидан омон чиқа олди. Кўпни кўрган кишилар айтадилар: “Илдизини ерга маҳкам қадаган дарахт йиқилмайди, ўткинчи шамоллар қанча хуруж қилмасин, гуллайди, ҳосил беради,  улкан боғга айланади!”
ХОТИМА ЎРНИДА
Ҳурлик – тиғ учида лаб ёрган ғунча,      Англадик, жон тикмай унга етмак йўқ! Ватан, энди қаддинг кўтармагунча Дунёга келмак бор ва лек кетмак йўқ!
…“Адолат кечикиши мумкин, лекин албатта келади!!!”  Сарғая бошлаган ўттиз йиллик кундалик дафтар қатидаги бу ёзувлар Убайдулла аканинг хаёлий умидлари эмас, балки ўтган умри давомида англаб етган ҳаёт фалсафаси эди. “Менинг назаримда эркинлик – бу гуллаётган дарахт, шарқираб оқаётган сув, тумшуғида лой ташиб айвонга ин қураётган қалдирғоч, – дейилади яна бир жумлада. – Бироқ, буни ҳис қилиш учун инсон руҳияти ҳам ҳур бўлмоғи керак!”– “Пахта иши”даги ноҳақлик ва қийноқлар оқибатида кўплаб етук мутахассисларимиз қамоқхоналарда ҳаётдан кўз юмдилар. Кўплари майиб-мажруҳ бўлиб қолишди, – дейди Убайдулла Исроилов. – Бошқарув тизими собиқ иттифоқ қўлида бўлган ана шу оғир ва мураккаб дамларда республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзбек халқининг бошидан ёғдирилган “Пахта иши”, “Пилла иши”, “Ўзбеклар иши” каби уйдирма ва бўҳтонларга чек қўйишга киришди. Эсимда, бу жасорат ноҳақ жазога тортилган минг-минглаб юртдошларимизнинг оилаларига қувонч, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуларини ҳадя этган эди. Асоссиз айбловлар билан хибсга олинганларнинг бири сифатида мен ҳам афв этилдим ва қадрдон оилам бағрига қайтдим.  Бундай инсонпарварлик сиёсати тугаб бораётган тузумнинг қора булутларини покиза нур каби тўзғитиб юборди. Қандайдир ўзгаришлар даври яқинлашаётганини ҳис қилиб турардик… 1991 йил 31 август… Халқимизнинг неча асрлик орзу-умидлари силсиласида дунё­га келган Янги Кун янги бурилиш даврини бошлаб берган қутлуғ кун сифатида тарихга муҳрланди! Ҳурлик туфайли ҳаётимизга тинчлик-хотиржамлик, ободлик, файзу барака кириб келди. Мана, йигирма олти йилдирки, Ўзбекистон тараққий этаётган давлатлар қаторида  жаҳонга юз тутмоқда. Инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар шу юртда яшаётган кўпмиллатли халқнинг нафақат қаддини, балки қадрини ҳам юксалтирмоқда. Одамларнинг тилида дуо, дилида шукроналик… Айни пайтда 76 ёшни қаршилаб, фарзандлари ва набиралари ардоғида яшаётган  Убайдулла Исроилов бундай тараққиётнинг ортида жуда катта меҳнат ва матонат ётганини яхши англайди. Дарҳақиқат, Ватанимизнинг Мустақил бўлиши ва йигирма олти йиллик тарихан қисқа муддатда ривожланиб бораётган давлатлар қаторига қўшилиши – шунчаки бехосдан юз берган ҳодиса эмас. У бир неча минг йиллик тарихий тажриба, буюк анъана, юксак маънавиятга асосланган, муҳтарам юртбошимиз бошчилигида халқимизнинг ўз кучи ва меҳнати билан эришилган юксак чўққидир! Энди бу кунларнинг қадрига етмоқ, асраб-авайламоқ керак…Ҳа, Убайдулла ака ўсиб келаётган шижоатли ёшларга бу борада ибрат  кўрсатиш катта авлод вакилларининг бурчи эканлиги тўғрисида   куюниб сўзлайди. Катта йўлга чиққан одамнинг аниқ мақсади ва атрофида ташлаётган қадамининг тўғри-нотўғрилигини англатиб турадиган тажрибали инсонларнинг бўлиши жуда муҳим эканлигини очиқ эътироф этади. – Бошингизга тушган оғир кунларни енгишда сизга кимлар суянч бўлди? – деб сўрадик ундан  ана шундай суҳбатларнинг бирида.– Оилам, яқинларим, турмуш ўртоғим… – деди-да, у бироз сукутга чўмди. Сўнг икки букланган бир варақ қоғозни ҳужжатлар орасидан ажратиб олди, ҳаммаси шу ерда ёзилган… Кейин кўриб чиқарсиз…….Убайдулла ака қачонлардан буён асраб юрган бу қоғозда оддийгина бир шеър бор эди.  Аммо унинг ҳар бир сатрида ўтмиш ва бугун оралиғида ўз ҳақиқатини топган инсоннинг қалб ҳайқириғи жаранг бериб турарди…
Равон кўчаларга интилдим тинмай,Юлдузли онларни қўмсаб, энтикиб.Меҳнат-ла бахт топдим, иродам синмай.Маломат тошларин елкамга ортиб.
Сароб эмас экан мен кутган Ҳурлик,Орзулар ушалди. Ушалар яна.Фарзандлар теграмда ой, қуёш нурли,Энди мудом қилар Шодлик тантана!
Гоҳ равон, гоҳ чалкаш умр йўллари,Қанча чалғитмасин, адашмам бироқ.Боқий порлаб турсин Юртбошим ёққанИстиқлол машъали – қалбдаги маёқ!..

Зарифа ЭРАЛИЕВА

Саҳифа 23 марта ўқилган.