(“Рамаяна” эпоси мотивлари асосида)

Учинчи парда

11-кўриниш

Ланка яқинидаги ўрмон. Тепаликдаги Раманинг ўрдугоҳи. Раманинг беадад қў­ши­ни ўрмонни тутиб кетган, атрофдан турли тарафдан аскарларнинг шовқин-сурон­лари, маймунлар чинқириғи, айиқлар наъраси эшитилиб туради. Рама, Лакш­ман, Сугрива, Ҳанумон. Вибхишон ҳам шу ерда.

Рама

(ўнг томонга, жанг майдонига қараб)

Равананинг лашкари селдай босиб келмакда,
Тоғни ҳам қўпоргудай кўп чираниб елмакда.
Сарлашкарлар таърифин айтиб бер-чи, Вибхишон!

Вибхишон

(майдонга қараб)

Келаётган девсифат, ҳов анов марди майдон,
Минган фили бошини тебратиб бормоқда-ку,
Ўзи ҳам офтобдай нур таратиб бормоқда-ку,
Акомпана ўшадир.
Изма-из борар ботир,
Тутиб олган туғида шер расми балқиб ётир,
Аробада еларкан, қўлида ёй барқ урар,
Мисли Раъдвор қўлида камалакдай ярқирар!
Тағин филнинг дандонин икки тарафга кермиш,
Ғойиб бўлмоқ инъомин Бароҳим унга бермиш.
Бу – Равана ўғлидир, сўйлоқтиш Индражит…

Рама

Ҳов баттол тирандоз-чи, Маҳендра, Астра тахлит
Баҳайбат қаддин тутиб аробада турибди,
Улкан ёйин таранглаб душман сари бурибди?

Вибхишон

Бу – машҳур Атикойа. Бундан азамати йўқ.
Қўрқмас, мискўз паҳлавон, кўзлари ёнар чўғ-чўғ.
Қўнғироқли асов фил миниб олганга қара, –
Шу-да, довруғи чиққан довюрак Маҳодара!
Саботу матонатда номи чиққан, наъракор,
Чорпахилу гирдиғум, каттакон қурсоғи бор,
Жангларда омади ёр, барқдан ҳам тез учган-чи,
Остида зар абзалли от ўйнатган ўша-чи,
Шиддатли суворийни элда дерлар – Пишача…

Рама

Манови ким – ясанган кимхоб либос ичра ғарқ,
Ой мугузли буқани миниб йўртгувчи тарақ?
Қўлида ўтмас найза, зарҳали қилар ярқ-ярқ,
Қарамай кетаётган орқа-олдига бефарқ?

Вибхишон

Ҳов ановми? Дунёни хор этган худобезор,
Ҳар қайда уни дерлар Тришира ҳукмдор.
Михлари чиқиб турган олмос нақшли чўқмор
Ўйнатиб бош устида келмоқда-ку ғазабкор,
Бу – Никумбҳа, довруғи тилларда достон эрур,
Тутаб ёнар, десангиз, қўлда чўқмори тушкур!
Энди, кўзлари ёнган анов Ўнбошни кўринг,
Худоларга беомон, ракшасга бошни кўринг,
Ланка подшосидир бу, беги шаҳар шу эрур,
Ўшал қаттол Равана, муртад, қайсар шул эрур!

Рама

Рўзи азал битилмиш, қисматда бор – яъни мен
Ўз кўзим-ла кўргумдир қаттол Раванани мен!
Одил қаҳримга учрар, таъзирин ер уввало,
Ситани олиб қочган ўшал ножинс, ҳўл бало!

Барча Рамани олқишлайди.
Саҳна айланади.
Тепаликдаги Равана қароргоҳи. Равана лашкарбошилари билан жанг майдонини кузатмоқда. Жанг шовқин-сурони эшитилиб туради.

Равана

(чап томонга, жанг майдонига қараб, саркардаларидан бирига)

Майдонни кўриб келдинг, айтиб бергин-чи қани,
Қандай таъриф қилурсан, лашкарни-ю Рамани?
Кимдир лашкар бошига Сугриванинг қўйгани,
Ки, биз билан сўғишмоқ истаб кўкрак ургани?
Саркарда

Ҳов анови шавкатли қўшинбоши Ниладир,
Сугрива ҳам Нилани бисёр эъзоз қиладир.
Ана, унда бир маймун Ланка сари боқадир,
Ғазабидан эснаб гоҳ ўрдай оғзин очадир.
Заъфар юнгли Ангада – эшитгансиз уни, а?
Савашмоққа чақирар сиздай шаҳриёрни, ҳа!
Гавдаси ҳам баҳайбат, ташлабон вазмин қадам,
Думи билан ғазабкор урар ерни дам-бадам,
Ҳанумон Рама ёрин бунда кўриб кетганмиш,
Дерлар, шунда Ангада катта хизмат этганмиш.

Равана

(қўли билан кўрсатиб)

Ким экан ул, жангари маймунларга бўлиб бош,
“Ур-ҳо!” деб келаётган Ланкага отмоққа тош?

Саркарда

О, подшоҳим, ўшани илғадингиз, пурвиқор,
Ки, ортидан ғанимлар келар пахмоқ, қуйруқдор
Рамбҳа деган сараскар ёвуз ҳам серитобдир,
Зердастида турфа тус маймунлар беҳисобдир.
Қулоқлари диккайган, эсноқ босган анов-чи,
Ўлимга ҳам тик боқиб, шон-шарафга ундовчи,
Қуйруғини ўйнатиб чўқмор каби беомон,
Маймун тиржаяр ёмон, бу – Шарабҳа паҳлавон!

Равана

Тўхта! Ким ул сарлашкар даврасида сервиқор
Кибр ила кезиб юрган Индрадек улуғвор?

Саркарда

Париятра тоғининг соҳиби ул – Панаса,
Қалдироқсас, ўкирак маймунлар раҳнамоси.
Сиз билан синашмоққа Кротҳана талабгор,
Қўл остида силжийди ҳадсиз қўшин беқарор.
Оқибатин ўйламай Гавайя-чи мағрур, дов,
Ёндамалаб келмоқда ғазабдан ёниб лов-лов…

Саҳна айланади.
Раманинг ўрдугоҳи. Саҳнада ҳеч ким йўқ. Жанг суронлари эшитилиб туради. ­­“Чап қанот олдинга ўтсин!”, “Олға! Олға!”, “Ёвга ўлим! Ёвга ўлим!” деган ҳайқи­риқлар янграйди. Бироздан кейин ўнг томондан ҳансираган Рама кириб келади.

Рама

(ёлғиз)

Оҳ, кўрдим узоқдан… укам Лакшман
Писанд қилгани йўқ Индражитни!
Маккор Индражит чидай олмасдан
Лакшманга отди заҳарли найза!
Ва… укам чинордай ерга қулади!
Унгамас, нақ менга тегди-да найза!..
Елиб борай десам, бандман бу ерда,
Равана иниси Кумбҳакорна нақ –
Филдай келганида босиб, қўрқувдан
Титраб қолишибди ҳатто сардорлар!
Аскарлар жон сақлаб қочишиб ҳар ён,
Бўлмиш тумтарақай майдон ичинда.
Икки қўлин уздим икки ўқ билан,
Учинчи ўқ тегди нақ кўкрагига,
Тоғдай қулаб тушди Кумбҳакорна,
Ланка заминига солиб зилзила!

Ҳанумон югуриб киради.

Ҳанумон

(ҳаяжонда)

Лакшман соғайди, у сафда яна!
Қидириб-қидириб зўр табиб топдим,
Тоғда яшайдиган кучли табибни!
Ҳаётбахш гиёҳдан дорулар қилди,
Лакшман шифо топиб, турди оёққа,
Яна кириб кетди жангларга шоввоз!
Индражит ўқидан олган жароҳат –
Ариди! Шодланинг, эй Буюк Рама!

Рама

Яхши хабар учун сенга офарин!
Агар ҳалок бўлса Лакшман тамом
Шаънимга доғ бўлар эди бир умр!
Яъни, қутқарай деб жуфти ҳалолин,
Уканинг умрига зомин бўлди деб,
Иснод гап юрарди элнинг оғзида.
Қандай қайтар эдим Айўдҳияга,
Сумитра кўзига қандай қарардим?..
Қандай бош кўтариб юрардим элда,
Ҳайҳот, нима деган одам бўлардим?..

Лакшман

(кириб келади, ака-ука қучоқлашиб кўришадилар)

Индражит ўқи кўп сирли экан,
Учида бор экан заҳри қотили.
Тегди-ю ўзимни билмай қолибман.
Ўлди, деб ўйлабди мени душманлар…

Рама

Қандай хурсанд этдинг, укажонгинам!
Бошимни кўкларга етказдинг рости!

Ҳанумон

Жуда оғир кечди жанглар майдонда…
Саркарда, аскарлар ҳалок бўлдилар.
Равана ўқига учдилар, афсус.
Рамбҳа-ю Швета, Чанда ва Нила…
Аммо Равана ҳам ўғилсиз қолди,
Лакшман нобуд этди Индражитни!

Рама

(Лакшманга)

Қасос олибдурсан, сенга тасанно!

Лакшман

Кўриб Индражит сўрди ҳайратда:
“Ўлганинг йўқмиди?” Дедим: “Ўлмадим!”
“Боргил, жароҳатинг давола аввал,
Жонингга жабр этма, ўнгла ўзингни!”
Дедим: “Билмасмусен, ярадор йўлбарс
Ғазабдан даҳшатли бўлар баттарроқ!..”
“Кўрдинг-ку, менга тенг кела олмайсан,
Яхшиси, оғангни қошимга юбор,
Кўшаланинг хушбахт шаҳзодасини!
Ўшал мақтанчоқни бир кўриб қўяй!..”
“…Шаҳзода тукига арзимайсан ҳам!
Аввал ука билан ҳисоб-китоб қил!..”
Сўнгра қилич билан уздим бошини,
Шафқат қилмадим ҳеч кўз ёшларига!..

Лакшманни олқишлайдилар.
Саҳна айланади.
Равана қароргоҳи. Саҳнада ҳеч ким йўқ. Жанг суронлари эшитилиб туради. Бироздан кейин чап томондан дарғазаб Равана киради.

Равана

(ёлғиз)

Ҳайҳот, ўлди укам Кумбҳакорна,
Ҳатто яздонлар ҳам қўрқарди ундан!
Ишонган тоғимдан айрилиб қолдим!
Энди Индражит – паҳлавон ўғлим,
Ҳайиқиб турарди Индра ҳатто –
Ўттизта яздоннинг соҳиб фармони,
Ўғлим ҳам жувонмарг бўлди майдонда,
Лакшман қиличига беролмади чап,
Мағрур боши оёқ остига тушди!..
О, жасур ўғлимсиз жаҳон менга тор!

(инграйди)

Саркардалардан бири шошилганча кириб келади.

Саркарда

Олампаноҳ рожа! Аҳволимиз танг,
Чап қанот батамом патарот топди,
Ўнг қанот ер билан бўлди чилпарчин,
Босиб келаётир душман аёвсиз,
Уммондай ёприлар, учи-кети йўқ!..
Олдинроқ, Сарана ер тишлаб қолди,
Дунёдан кўз юмди Тришира ҳам…
Маҳодара оғир ярадор эмиш,
Никумбҳа ётармиш ўлар ҳолатда…
Вирупакша бўлса қочиб қолибди…

Равана

(дарғазаб у ёқдан-бу ёққа юриб)

Бас!!! Бас! Оғзингни ёп! Латта қўрқоқлар!
Қочишдан бошқани билмас олчоқлар,
Номардлар, пасткашлар, разил аблаҳлар!
Ҳали лашкаримнинг аҳволи шулми?..
Ўзим душманларнинг додин берурман,
Майдонга тушурман, титратиб ерни,
Ер тишлар шубҳасиз Рама, Лакшман!
Кулларин кўкларга совуражакман!
(тўхтаб, ўйланиб)
Битта хотинни деб, юрт хавф остида,
Ажралиб турибман хонумонимдан…
Ўғлим, укам ўлди, не-не саркарда
Нариги дунёга бўлди равона…
Ҳақоратга қолди муштипар синглим…
Бу бадбахт аёлни ўлдира қолай,
Барига, барига – Сита сабабчи!
Ҳозир бораману бошин оламан,
Раҳм-шафқат қилиб ўлтирмайман ҳеч!
Ялиниб ёлворса қарамайман ҳам!

Қилич тутган Равана шиддат билан чиқа бошлайди. Шошилиб келаётган иккин­чи саркарда унга рўбарў бўлади.

Иккинчи саркарда

(ҳаприқиб)

Буюк рожа! Рожа! Эй, олампаноҳ!
Бошларга ёғилди балойи офат!
Беадад жангари лашкарни бошлаб,
Бостириб келмоқда Раманинг ўзи!
“Равана! Равана! Майдонга туш!” дер,
Забардаст овози дунёни тутмиш,
Ана, сурони ҳам етди қулоққа,
Ҳали замон келиб қолар бу ёққа!..

Равана

(бақириб)

Нима?.. Келаётир Раманинг ўзи?..
Хо-хо-хо! Келаётир ажали бошлаб!
Келар ўлимига ўзи юзма-юз!
Ака-укаларнинг жазосини берай,
Иккисин жўнатай нарги дунёга!
Кейин ўлдираман Ситани бўлса!
Эҳ-ей, саркардалар! Аробам шайланг!
Найза, қиличимни белимга бойланг!
Қўлимга тутқазинг зилдай чўқморим,
Ёвни ер тишлатиб, ёзай хуморим!

Тез чиқиб кетадилар.
Саҳна айланади.
Жанг майдони. Суронлар кўкни қоплайди. Чап томондан бир неча саркардалар кузатувида мағрур Равана кириб келади. Ўнг томонда Рама пайдо бўлади. Лакшман, Ҳанумон, Сугрива, Вибхишонлар кириб келадилар.

Равана

(қаҳ-қаҳ отиб)

Хо-хо! Келди рақибим! Бошқалар четда турсин!
Равананинг жангини ўз кўзи ила кўрсин!
Хо-хо-хо-хо! Ўтмагай вақт кўз очиб юмгунча,
Олмос нечоғлиқ тиғли, қуролим кескир шунча,
О, Рама, уканг билан ўлгунг, керилма мунча!
Найзамда пинҳон эрур қудрати барқ пойидор,
Тақдирингга тан бергил, бошингда бир ўлим бор!

Рама

(хотиржам)

Тақдирингга сен тан бер, бир бошга бир ўлим бор,
Адолат деб кирдим мен бу майдонга талабгор!
Иккимизни кутадир, билиб қўй, икки қисмат,
Ўлимданмас, қўрқаман бадном бўлмоқдан фақат!

Равана

(мақтаниб)

Ажалга қўлдош бу ўқ ўт пуркаб елган онда,
Мурдалар билан боқар калхатларни майдонда!
Гурзи-ю таёқ, тўқмоқ, болға-ю табар бунда,
Қиррали қоя тош, қир, тоғ – зеру забар бунда…

Рама

Уч оламни олсин деб Рама, тангри Бароҳим
Яратмишдир бу кескир олов нусха яроғим!
Отсам, қўлингдан тушар найза-ю камонинг ҳам,
Кўзларинг дўлайганча айлагай тарк жонинг ҳам!
Қабоҳатга юз бурдинг, бил, бошингда ажал бор!
Адолат йўлин тутдим, шаксиз зафар менга ёр!

Рама билан Равана хезланиб бир-бирининг атрофида айланадилар. Кейин қилич­боз­­­­­лик­ка­ киришадилар. Қиличлар жаранги, “Аҳ!”, “Уҳ!”, “Ҳаҳ!”, “Тўхта!”, “Эҳ!” деган овоз­­­­лар. Даставвал Равана Рамани суриб четга олиб боради. Жанг тенглашади. Энди Рама Рава­нани қисиб саҳнанинг четига олиб боради ва қиличбозлик қилганча саҳнадан чиқиб кета­­­дилар. Барча уларни кузатиб туради. Қиличлар жарангги йироқлардан эшитилиб туради.

Вибхишон

(кўз узмай)

Заҳри қотил ўқларни ёғдириб ёв устина,
Барқли булутдек Рама ташланар дов устина,
Чақин бўлиб бостириб келар олов устина!

Лакшман

(ҳаяжонда)

Равана ўзин отар оғзидан пуркаб олов,
Рамани тоғдай бўлиб босиб келар беаёв!
Эҳ, ана, ярқиллаган олтин ўқлар отар ул,
Ўқлар заҳарли морга айланмоқда йўлма-йўл!..

Сугрива

(мамнун)

Билгандек Равананинг бу турфа “қийлу қол”ин,
Шаҳзода асраб қўймиш Супарнанинг қуролин!
Унинг зарпат ўқлари жилодор ўқ сингари,
Ана, олтин бургутга айланди қолди бари,
Товланиб зар парлари учдилар морлар сари!

Саркарда

(қувониб)

О, пурқудрат Равана, беги шаҳар ўқ отмиш,
Рама тулпорларига ул ўқ санчилиб ботмиш!
Оҳ-оҳ, жангда Рамадан юз бурсин омад, иқбол,
Маъбудлару гандҳарвлар, асурлар ҳам қолсин лол!

Ҳанумон

(ҳаприқиб)

Рама қаҳрига чек йўқ, қоврилса мумкин олам,
Чўққидан токи қуйи титрайди дарахтлар ҳам!

Иккинчи саркарда

(мақтаниб)

Ана, сирли найзасин Равана шарт отди-да!
Билтанг-билтанг чақмоқдек излар қолди ортида!
Бироқ бу найза йўлин тўсолди Рама шунқор,
Моҳирлик билан ёйдан ўқ отиб ҳазор-ҳазор!
Бироқ ўқлар ёғдуга интилгандек парвона,
Равана найзасига тегару лов-лов ёнар!..
Вибхишон

Икки паҳлавон, ҳай-ҳай, икки ёқдан от сурар,
Учқур аробаларда майдон узра чарх урар.
Мана, ёй тортди Рама, эй душман, ажрингни ол!
Ўқ паррон учиб кетди ёғду тараб бемисол!

Саркарда

Чорпахил, чайир билак Равана тортиб камон
Кўшала шаҳзодасин ўққа кўммоқда ёмон…

Лакшман

Келар кўкда тўқнашган сонсиз ўқлар жаранги,
Оҳ, даҳшатли кечмакда Рама – Равана жанги!

Ҳанумон

(қичқириб юборади)

Оҳ-оҳ, Рама ниҳоят заҳри қотил ёй тортди:
Ланканинг ул бадахлоқ ҳукмдорига отди!
Беомон ўқ тегди-ю Равана кўкрагига,
Индра ўқидек нақ санчилди юрагига!..

Кўкрагига найза санчилган Равана Рамадан қочиб, гандираклаб саҳнага кириб келади. Алаҳсирай-алаҳсирай гурсиллаб ерга йиқилади. Саркардалар кўздан ғойиб бўладилар. Шодиёна овозлар эшитилади.

Парда

Эпилог

(Парда олдида)

1-ҳудайчи

(ўнг томондан кириб келади)

Одамлару одамлар,
Боғда битган бодомлар!
Эшитмадим деманглар,
Сира ҳам кам бўлманглар!
Бугун тантанадир Айўдҳияда!
Ўн тўрт йил қувғинда бўлган шаҳзода,
Кўшала вориси, марғуб паҳлавон,
Буюк ва муқтадир, ботир, пурқудрат,
Подшо Дашаратҳа забардаст ўғли,
Малика Ковшаля жигарпораси
Рама қайтиб келди! Рама, шаҳзода!

2-ҳудайчи

(чап томондан чиқиб келади)

Одамлару одамлар,
Боғда битган бодомлар!
Эшитмадим деманглар,
Сира ҳам кам бўлманглар!
Улуғ Ҳиндистоннинг гул маликаси,
Садоқат кўргизиб шаҳзодасига
Сарсону саргардон, ўрмонма-ўрмон,
Кўлма-кўл, тоғма-тоғ, уммонма-уммон,
Чўлма-чўл кезишдан толмаган малак,
Асира бўлса-да Ланка юртида
Қўл етмас офтобдек, софу мусаффо
Пок қолган беғубор тозагул рухсор,
Соҳибжамол Сита, Рама дилдори,
Бугун Кўшалага қўяди қадам!

1-ҳудайчи

Оғанинг изидан қолмаган ўғлон,
Садоқат бобида машҳури замон,
Раманинг сўзини икки қилмаган,
Душманлар додини берган аёвсиз,
Лакшман, ардоқли оқибатли дўст
Юз бурди бу дамда она шаҳрига!

2-ҳудайчи

Бугун юртга қайтар танти Бҳарат,
Оғамнинг тожи деб киймади тожни,
Жулдурвоқиларни кийди малолсиз,
Зоҳиддай яшади олис қишлоқда,
Тахт пойига қўйиб Рама шиппагин –
Давлатни бошқарди оға номидан,
Бошқарди, ўн тўрт йил собитлик ила!

1-ҳудайчи

Бугун қадимий юрт Айўдҳияга
Улуғ меҳмонларнинг етди қадами:
Ланка шаҳзодаси доно Вибхишон,
Нишодлар подшоси паҳлавон Гуҳа!..

2-ҳудайчи

Кишкиндҳа подшоси Сугрива ботир,
Шамол худосининг ўғли Ҳанумон!..

1-ҳудайчи

Бугун Буюк Рама тахтга минади!
Ғаним-душманларнинг шахти синади!

2-ҳудайчи

Бугун Буюк Рама тахтга минади,
Хўрланган адолат топади қарор!

Иккиси

Бугун Буюк Рама тахтга минади!
Хўрланган адолат топади қарор!
Икки ёққа чиқиб кетадилар. Парда очилади.
Айўдҳия шаҳри. Подшо саройи олдидаги майдон. Одамлар билан гавжум. Ўртада Кўшала мамлакатининг заррин тахти, тахтда ярақлаган тож. Атрофда мусиқа садолари, ноғора садолари, шодиёна куйлар жаранглайди. Маликалар Ковшаля хоним, Кайкейи хоним, Сумитра хонимлар меҳмонларни кутишмоқда. Чап томондан юпун кийимда Ҳанумон кузатувида буғу терисига ўраниб олган ялангоёқ Бҳарат қўлларида Раманинг шиппагини тутганча кириб келади. Бҳарат маликалар билан кўришиб чиқади. Ўнг томондан Рама, Лакшман, Ситахоним, Жонак подшо, Сугрива, Вибхишон, Гуҳалар кириб келишади. Ҳамма ҳаяжонда. Рама, Ситахоним ва Лакшман онаси Ковшаля хоним ва бошқа маликаларга таъзим бажо келтиради. Маликалар Сита хоним билан кўришар эканлар: “Худога шукр!”, “Вой келиним-а!”, “Кўрар кун ҳам бор экан-а!” каби сўзларни айтишади. Масъуд дамлар. Кўзларда қувонч ёшлари.

Рама

(онасининг оёқларига йиқилиб)

Ассалом, волидам! Онаизорим!
Кўзимга тўтиё пойингизни гарди!
Отам ҳам дунёдан ўтиб кетибди,
Ҳайҳот, ёнларида бўлолмадим мен!
Сизни-чи, онажон, қолдирдим ёлғиз,
Азоб-уқубатлар чоҳига отдим,
Хизмат қилиб, дуо олмоқ чоғида
Йироқ-йироқларда юрдим саргардон!
Бутун Ҳиндистонга бўлдим шарманда,
Мен ҳам фарзандманми, ҳаққим борми ҳеч
Ўзимни одам деб ҳисоб қилмоққа?

Ковшаля хоним

(Рамани оёқларидан зўрға узиб, кўзларида ёш)

Йўқ, ўғлим! Чинакам фарзандлик қилдинг,
Ерда қолдирмадинг отанг сўзини!
Фарзандлик бурчингни адо айладинг,
Чин инсон мақоми сенга муносиб!
У дунё-бу дунё розиман сендан!
Ҳамиша шу тилим бўлғай дуода!

Рама

(Бҳаратга қараб, ачиниб)

Бҳарат, укажон! Озиб кетибсан,
Чулғаниб олибсан жулдур кийимга.
Кўшала подшоси шунчалар фақир!
Тахтда қоим ўлтир, дегандим ахир!

Бҳарат

(Рама оёқларига йиқилиб қучоқлаб олади)

Оғажон, тахт, давлат сизнинг ҳаққингиз,
Асло ҳаққингизга қилмам хиёнат!
Азият чекдингиз, онам туфайли,
Шундоқ ювмоқ бўлдим онам гуноҳин!
Рама

(Бҳаратни зўрға ердан узиб, турғизиб)

Офарин, укажон! Ювдинг гуноҳни!
Ҳақиқий инсоннинг тутумин қилдинг!
Садоқат ҳам сенда, инсоф ҳам сенда,
Адолат ҳам сенда, одоб ҳам сенда!..

Барча ака-укаларни олқишлайди.

Сита хоним

(Ковшаля хонимга таъзим қилиб)

Тангриларнинг раҳми келди, минг шукр,
Насиб этди ўлмай сизни кўрмоқлик…

Ковшаля хоним

(бағрига олиб)

Барно келингинам, кўзимнинг нури,
Соғиниб яшадик дийдорингизни!..

Шу палла нуроний Браҳман пайдо бўлади.

Браҳман

(“Ригведа” гимнларидан ўқийди)

У паллалар борлиқ йўқ, йўқлик ўзи йўқ эди,
На бўшлиқ ҳаво, на-да осмону кўк, йўқ эди.
У паллалар ўлим йўқ, мангу умр йўқ эди,
На зимистон тун, на-да кундузу нур, йўқ эди…
Бунинг сирин ким билар? Ким сўйлар, қандай бунёд –
Бўлди бу жумла жаҳон, коиноту мавжудот?
Яралдими бу дунё ўз-ўзича, жамулжам?
Буни билгай ягона аршда нозири олам…
Қурбонлик келтирингиз, маросимни бошлангиз!
Хуррамлик они етди, зор кўзларни ёшлангиз!
Рагҳу авлоди шаъни, авомуннос бахтига,
Буюк Рама ўлтирсин Кўшаланинг тахтига!

Барча

(ҳайқириб)

Буюк Рама ўлтирсин Кўшаланинг тахтига!
Буюк Рама ўлтирсин Кўшаланинг тахтига!..
Рагҳу авлоди шаъни, фуқаронинг бахтига!..
Кўшаланинг тахтига!
Фуқаронинг бахтига!..

Яна ноғоралар чалинади. Браҳман Раманинг пешонасига ёғ суртиб, шоҳона белги қилади. Рама билан Ситахонимлар шоҳона заррин тахтга ўлтирадилар. Вибхи­­шон товус патларидан бўлган катта елпиғич билан уларни елпиб туради, Ҳанумон тахт тепасида соябон тутиб олади. Сарой аҳли туҳфа-инъомлар бериша­ди. Рама билан Сита бошидан гуллар сочадилар, тангалар нисор этадилар. Бҳарат қувонганидан барчага совғалар улашиб чиқади. “Омон бўлсин, Бҳарат!”, “Таҳсинлар бўлсин!”, “Кам бўлмасин Бҳарат!”деган овозлар таралади.

Рама

(тантанали)

Аҳли Айўдҳия, қулоқ берингиз!
Эй аҳли садоқат, сизларга таъзим!
Ҳеч ким зўравонлик этмас бу юртда,
Ожиз-нотавонга қилмаслар зулм,
Бурни қонамагай бирор ўксизнинг,
Асло ўксимагай кимсанинг кўнгли!..
Кўшала юртининг зебу зийнати,
Барахман, кшатрий, вайшё, шудралар,
Сарватманд, зангинлар, бой-бадавлатлар,
Бева-бечоралар, етим-есирлар,
Фақиру мискинлар, турфа фуқаро –
Барчангизга шоҳмас, қуллик қилурмен!

Шодиёна қийқириқ садолари янграйди.

Браҳман

(сукутга чўмади, кейин жамоатга қараб)

Буюк Рама! Уйқуга кўз юмсанг гар баногоҳ,
Еру осмон ухлайди, ухлар қиру дала, тоғ!
Борлиқ олам уйғонар сен уйғонган чоғингда,
Қуёш порлар, тириклик яшнайди қароғингдан!
Вишнумонанд эрурсан, Нажоткор тангри мисол,
Брихаспати сингари ақлинг қилур элни лол.
Саботу матонатда тенгинг Ҳимолай тоғ-да!
Нақ Бароҳим шахти бор юрт идора қилмоқда!
Сен енгилмас, тақводор, одил, меҳрибон бир зот,
Ишқ, бойлигу шон-шуҳрат сенга ҳамроҳ умрбод!
Ҳиндистон маликасин асло йўқдир қиёси!
Ҳиндистон шаҳзодаси ул париваш адоси!
Минг йилларни ёритгай ишқ-муҳаббат зиёси,
Рама ила Ситанинг пок севгиси, вафоси!..

Барча

Минг йилларни ёритгай ишқ-муҳаббат зиёси,
Рама ила Ситанинг пок севгиси, вафоси!..
Садоқатга шон-шараф!
Шараф бўлсин вафога!
Рама-а-а!.. Сита-а-а!..

Мусиқа овозлари янграйди. Ноғоралар чалинади. Майдондаги одамлар: “Рама!”, “Рама! Сита!”, “Ували-жували бўлингиз!”, “Улуғ рожага шон-шарафлар!” деган хитоблар борлиқни тутади.

Парда

Муҳаммад АЛИ

Тамом

Саҳифа 25 марта ўқилган.