* * *

Юрак чақнар яшиндек,
Садо берар гулдурак.
Сўзлар қуйилар селдек,
Шеърга айланар юрак.

Чақнаб тургин юрагим,
Сендан шуни сўрайман.
Билки, сени борингча
Лолазорга ўрайман.

                 Иқрор

Тошни ёриб чиқди қонли муҳаббат,
Бир оташ қўйнига билмай кирибман.
Лолажон, ўзингдан сўрайман шафқат,
Осмондек бошимни эгиб турибман.

Баҳорда кийганим қизил либоссан,
Кўксимга ўйилган минг бир нолалар.
Мен каби мунглисан, дилимга моссан,
Кўнглимдан ранг олган ўтлуғ лолалар.

Барисин унутдим, тоғларга кетдим,
Чўққилар шиддатин олмасам бўлмас.
Қояга чиқдиму сўнг англаб етдим,
Лаҳза умрим учун ёнмасам бўлмас.

Тожмаҳал

Сени тинглаб, сен томон, мен ҳам бир бор юзландим,
Ҳинд холингга муносиб сўз топай деб изландим,
Бобурийлар қалбидан олгандирсан андоза.

О, Ҳиндистон, дунёнинг мўъжизаси бағрингда,
Пешонангда буюклар муҳрин босган бир зарҳал.
Мафтун бўлиб тургандим, меҳмон бўлиб шаҳрингда,
Юрагимда сен учун қурдим янги Тожмаҳал!

 Онажон

Баҳор келди. Қабрингизда гул,
Қабристон ҳам уйғонар буткул,
Дийдорингиз соғинган кўнгил,
Жон киритиб танга ногаҳон,
Тушларимга киринг, онажон!

Эртак айтинг ё куйланг алла,
Соғинч ҳисси жўш урган палла,
У дунёдан таралсин ялла,
Бола бўлиб қолай бир замон,
Тушларимга киринг, онажон!

Тўй ҳам қилиб ўтиринг, майли,
Қизларимнинг сочларин ўринг,
Уйғонмайин шу бахт туфайли,
Тунга сиғсин мен кўрган жаҳон,
Тушларимга киринг, онажон!

Энди, юриб бўлмайди ортга,
Армонларни сурай бир четга,
Ўзим тушиб қолганман ўтга,
Ўзим гулхан, ўзим ҳаяжон,
Тушларимга киринг, онажон!

Учраштирар бизни хаёлот,
Жоним ичра кезар буюк зот,
Сизни қайта топгандек, ҳайҳот,
Дуогўйим бўлиб ҳар қачон,
Тушларимга киринг, онажон!

Дил чандиғи ўша айрилиқ,
Болалигим олис мозийдан,
Маъюс боқар ортга қайрилиб,
Шод бўлсин деб бир бор болажон,
Тушларимга киринг, онажон!

                     “Бу боғлар”

“Бу боғлар, бир боғлар бўлади ҳали”,
Яшил дарахтларга бурканар шаҳар.
Унинг тароватин, ҳуснин кўргали,
Ой ҳам кетолмасдан қоларкан саҳар.

Уялиб қоларкан куз ҳам сарғайиб,
Яшил либосини ечиб афсусдан.
Меваси тўкилган дарахт қартайиб,
Қайта ёшаришни сўрар кеч куздан.

     * * *

Юрагингни кенг қил, азизам
Тор айласанг, қийин ўзингга,
Сен дунёни борича севсанг,
Ой, қуёшни сиғдир кўзингга.

Сиғдиради дарё, уммонни,
Ўхшар гўё чексиз йўлакка.
Сиғдирса-да, бутун осмонни
Баъзан қил ҳам сиғмас юракка.

Юрак ўзи турфа бир ҳолат,
Ўзгарувчан инсон наслида.
Тор келганда қилгаймиз тоқат,
Чексизлик ҳам юрак аслида.

Кўтаролмас гоҳида гапни,
Ҳар ишгаки, қодир, керагим.
Тоғдайин зил улкан бир дардни
Кўтармоқда муштдек юрагим.

Янги кошона

Ой етаклаб юлдузларини
Ерга қўнди, эмас афсона.
Ердан топди илдизларини,
Қутлуғ бўлсин янги кошона.

Юксаклик ҳам англади пойин,
Илму адаб шундан нишона.
Ой, юлдузлар топди ўз жойин,
Қутлуғ бўлсин янги кошона!

 

Таржимонга

Ҳар кимнинг ўз дарди ўзига аён,
Бировнинг ичида биров чин ёнмас.
Ўз дардин ўзидек этолмас баён,
Навоий тилида сўзлаш осонмас.

Тилингни топдиму қийнар муаммо,
Кўнглинг чизгиларин била олмадим.
Тилингни тилимга ўгирдим, аммо
Кўнглингни таржима қила олмадим.

Ношуд таржимонман, балки шундайдир,
Митти машқларимдан топмадим жаранг.
Одатий сўзлар ҳам баъзан қийнайдир,
Ўзбекча йиғлолмас олмону фаранг.

Ажаб саодатдир тилни ўргансак,
Ўзбекча сўзлайди хорижлик шоввоз.
Дунё санамларин васфин ўгирсак,
Ўзбекча Мадонна чиқса, қандай соз.

Тил – миллат кўзгуси, десангиз ҳақсиз,
Навоий тилига боқмангиз ҳайрон.
Ўзбекча гапирар Шекспир шаксиз,
Ўзбекча шеър ўқир Гейнею Байрон.

Қўлимга олдиму ўшанда сездим,
Буюк муҳаббатни ва сўзнинг кучин.
Кўнглинг тўғри бўлсин, аввало, дўстим,
Кўнгилни кўнгилга ўгирмоқ учун.

* * *

Хатоларга қизил қалам урилади,
Қизил билан кўрсатишар хатоларни.
Қизил ёнса, қадам тўхтаб турилади,
Тингланг тўғри юрмоқ учун садоларни.

Бир қавм бор, савоб ундан узилмайди,
Ҳар қадамда ўзи қилгай сўроқларни.
Виждон хато кетса қалам чизилмайди,
Қони бирла ювар экан гуноҳларни…

Ашурали БОЙМУРОД

 

Саҳифа 21 марта ўқилган.