* * *

Кун ортидан кунлар кетиб борадир,
Оҳ, йил ўтар не-не баҳор, ёз билан.
Ҳатто хазон фасли кетиб борадир,
Кўпдан бери кўришмадик сиз билан.

Қўзи-улоқ боқиб юрган қизгина,
Ул кезларга қайтиб бўлмас сўз билан.
Бойғалчалар тақиб юрган қизгина
Кўпдан бери кўришмадик сиз билан.

Кўз ўнгимдан қандай ўчсин ул дамлар,
Кўрмагандай ўтардингиз ноз билан.
Гапирмасин, дермидингиз, одамлар,
Кўпдан бери кўришмадик сиз билан.

Айтолмайин юрагимда боримни
Кеча-кундуз ҳамдам эдим соз билан.
Ўтар бўлдим овунч этиб торимни,
Кўпдан бери кўришмадик сиз билан.

Висол чоғин кута-кута адоман,
Жиндай умид, қилча илинж биз билан.
Куйганларнинг фарёдиман, гадоман,
Кўпдан бери кўришмадик сиз билан.

На иложки, гуноҳкормиз, бандамиз,
Ҳамон хаёл ўша гўзал қиз билан.
Ул манзилга етолмай армондамиз
Қай маконда кўришгаймиз сиз билан?
* * *

Сочларим қайтадан қорайса,
Юздаги чизиқлар торайса.
Мен шуни Худодан сўрардим,
Чунки сен жилмайиб қарайсан.

Фарзандлар камолга етсалар,
Тўй кўрсак, дўст-ёрон бўлса жам,
Қалбларда қолмаса ҳеч алам,
Бахтимиз бағрида яйрайсан.

Ортда қолса нохуш, хуш дамим,
Ҳилолдай қайрилса тик таним.
Илинжим бир томчи сув маним,
Шу кезда кунимга ярайсан.

Ўзимча айтмадим мен фақат,
Ким шунга эришса, caодaт,
Ҳаётинг сўнггида, эй Асад,
Тангридан бу бахтни тилайсан.

Манзара

Қиш ётарди писиб ой-ойлаб,
Бир кун босиб тушди бирдан пайт пойлаб.

Қиру тоғда, боғу роғда қизғин жанг,
Куз жилворди, бўлиб қолгач ҳоли танг.

Оқ момиққа ўраб олди ўлжасин,
Қор босибди ҳатто шаҳар кўчасин.

Зафар завқи қишни мағрур этган чоғ,
Тўрт томонга кучи тарқаб кетган чоғ,

Пистирмадан чиқди баҳор лашкари –
Исиб кетди хона, ҳатто ташқари.

Увададек қора булут елади,
Кўз очирмай қорни саваб келади.

Кўклам отлиғ баҳодирдан тап тортиб,
Қочиб қолди қиш ҳам кўчини ортиб.

* * *

Мен сени эркалай, эркам, умрбод,
Кафтимда кўтариб тоғлардан ўтай.
Амрингга шунчалар тайёрми ҳеч зот,
Тила тилагингни, садағанг кетай?

Мен сени қошимдан силжитмасман ҳеч,
Минг йил шундай кечсин, кечган каби дард.
Қошу қабоғингга боқиб эрта-кеч,
Гулдек баданингга юқтирмайин гард.

Мен сенинг ёнингдан кетмасман нари,
Куну тун тегрангда парвонанг бўлай.
Ўзимдан ўргансин ошиқлар бари,
Зорланиб юрмасин сира, ўргилай.

Мен сени… айта қол, не тилайсан, ёр?
Сиз ҳам сўранг, дединг, битта илтимос?
Жоним, деб шивирла, кейин яса дор,
Сочинг сиртмоқ айлаб, ўша дорга ос!

Асад АСИЛ

Саҳифа 22 марта ўқилган.