Новелла

1

Ой – мунгли сайёра.
Муаллиф

Дераза рафида ойнинг нимранг шуъласи. Нимранг: на мовий, на сариқ, ва на оқ. Шундай ҳолатни нимранг деса тўғри бўлармикин? Бу оқшом унинг ёруғида жуда кўп ранглар бордай. Тўлишган ой нурига хос рангни тополмади Ойнисо. “Сутдай ойдин”, – шивирлади унинг лаблари. Дарҳақиқат, ҳовли сутдай ойдин. Шу таърифга мойиллик бор қизнинг шуурида. Бошқа бирор таъриф ёки тавсиф мос эмас. Аслида бу момосидан қолган гап. Ой ойдин кечалар деразадан қараб “сутдай ойдин” деб қўярди ва оғир-оғир хўрсинарди кампир. Шундай дерди, хўрсинарди хаёлчан тарзда ва гўё иситмоқчи бўлгандек ой шуъласига тутиб турарди қуришган бармоқларини. Шунда кампирнинг исмсиз бармоғидаги мис узукнинг кўзида парчаланиб кетиб хирагина милтирарди самовий шуъла. Дераза рафини силаётгандай ёки унинг ғуборини артаётгандай оҳиста ҳаракатланарди унинг узукли бармоқлари. Энди кампир йўқ, ой шуъласи эса ҳамон ўша-ўша. Сокин, хаёлчан ва мунгли. Нимадандир ўксинаётгандай ва нималарнидир сўзлаб бермоқчидай ва яна қандайдир сирдан – инсон зотига маълум бўлмаган, унинг тасаввурига сиғмайдиган сирдан огоҳ этмоқчидай… Дераза токчасида, хонтахта четида ва хона деворидаги йўл-йўл чизиқлар ҳам худди аввалгидек. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ойнисо учун бу жуда антиқа манзара. Унда қандайдир сир-синоат бор. Момосининг култапўшогини бошига кийиб оларди-да, бу синоатнинг нималигини англашга ҳаракат қиларди қиз. Оддий нақшлар эмас улар. Йўқ, улар оддий нақшлар эмас. Бу нақшлар дераза шишасининг вужуди. Ҳар қандай вужудда эса сир-синоат яширин.

2

Ой тўлиша бошлаган кечалар чироқни ўчириб қўйиб хона деворидан кўз узмай ёлғиз ўтирган қизни тасаввур қилинг энди. Бошида ўша, йўл-йўл кандирдан тикилган ва мисқолгарди деган матоҳдан астар қўйиб қавилган култапўшок. Унда Ойдиной момонинг оппоқ сочлари қолдирган ажабтовур, қўнғирсиқ ҳид бор. Қизнинг нигоҳида аллақандай хавотир, Ойнинг соҳир шуъласида эса кўз илғамас ҳаракат. Бу ҳаракатда енгиб бўлмас бир куч ва муқаррарлик ва айни пайтда сокинлик ва майинлик ва маҳзунлик, ва яна аллақандай мунг бор. Аслида ҳам Ой – мунгли сайёра. Бирон бир жонзотга, ҳеч бўлмаганда бир тупгина гулга ҳам эга эмас. Қани энди унинг кулранг тупроғида бир тупгина ток ўсса, ток новдасида бир бош қора кишмиш ёки нимранг тойиби бўлса ёки бир бутагина райҳон ҳид таратиб турса! Балки шунинг орзусида соҳир нурлари билан ерни пайпаслар, гиёҳларни, денгиз ва дарё сувларини ўзига тортар… Модомики шундай экан, ер юзидаги одамларни ҳам, бинолар ва дарахтларни ҳам, ҳаттоки қабристонни ва улар қаторида Субҳоннинг қабрини ҳам интиқ бир куч билан ўзига тортаётгани тайин.
Ҳовлида, супа тагида бир туп садарайҳон бор. Агар гул кўп бўлса, биридан бошқасига, ундан яна бошқасига сакрайди нигоҳинг. Нимадир йўқолади, нимадир сусаяда. Қайбирига меҳр қўйиш керак? Кўп гул бу – гулзор, гулзор эса бамисли оломон. Якка ўсган бир туп гул ёлғизлиги билан ва яна танҳолиги билан, Субҳонга ўхшаши билан қизнинг дилига яқин, оломондан эса узоқ.
Тунда ой нурига чўмиб ухлаётган қабристонга қараш… Фақат бир мартагина бунга журъат этганди Ойнисо. Кейин кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ва ниҳоят, Субҳон айтиб берган воқеа такрорланди. Дарахт ғўласи устида ёнма-ён ўтиришди улар кунлардан бир кун. Ёз фасли. “Тирч-тирч” этиб сайрайди қорачигирткалар. Узун, қора дирижёрлик либосида улар. “Худди шундай ёз оқшоми эди, – дейди Субҳон. – Ой ойдин, сутдай. Етти… йўқ, тўрт-беш ёшларда эдим чамаси… (Субҳоннинг овозини эшитиши билан машғулотини таққа тўхтатади шу яқин ўртада мусиқа асбобини жўр қилаётган қорачигиртка. Инсон овозига қулоқ тутиб қолади, афтидан) ҳа, б…б-беш ёшларда. Хонанинг ўртасида ётардилар онам. Оқ кўйлакда. Мен қўрқмадим аввал. Онамни қучоқлаб йиғладим. Ўлим ҳақида унчалик тасаввурга эга эмасдим. Хона қоронғи. Ҳар доим бирор нарса устида хархаша қилганимда бошимни силайдиган қўллар беҳаракат. Нега бундай? Нега меҳрибон онам ҳамма нарсага бефарқ? Ҳеч нарсага тушунмай, шу ҳолатда ухлаб қолибман…”

3

Энди Ойниса хонада ёлғиз. Оҳиста ҳаракатланаётган нур оқими гўё девор сиртидан ниманидир қидираётгандай. Девор сирти лимон рангида, ўртада дафтар катталигида қуроқ кашта. Кашта ўртасида Субҳоннинг сурати. Суратга томон оқади нур. Субҳон эса тобора яқинлашиб келаётган ой шуъласидан кўз узмай бундан уч йил аввал сўзлашни бошлаган қўрқинчли ҳикоясини ҳамон давом эттираётгандай. Онасининг ўлими, тунда беш ёшли боланинг жасад ёнида ёлғиз қолиши, ой оҳиста силжиб келиб оқ кўйлакда ётган жасадни ёритиши… Онанинг кўкрагидан бўйнига томон, ундан иягига, лабларига томон сирғалиб ўтаётган оқ илонга ўхшаш ингичка ва узун ой нури. Жасаднинг кўзлари ҳайратлангандай очиқ. “Ой сутдай ойдин кечалардан ҳозир ҳам қўрқаман. Ой нури кафанни эслатади”. Сурат томон тобора яқинлашиб бораётган ой нурига қараб тураркан, Субҳоннинг гапларини эслади ва бутун вужуди билан титраб кетди Ойнисо. Ва ойга қаради, унинг суратга томон бетиним ҳаракатланаётган шуъласидан кўз узиб. Қизиқ бир нарсани – ҳали дунёда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган нарсани кашф этди шунда. Ой юзидаги доғ – осмон малаги Исрофил! Ё парвардигор, нега бир ожиз бандангнинг хаёлига бундай нарсаларни соласан?! Бир оёғини олдинга қўйиб, иккинчи оёғига таянганча бироз ортга чалқайган кўйи турарди малоика Исрофил. Оғзида қиёмат куни чалинадиган карнай. Исрофил сур тортадиган карнайнинг беҳад катталигини ва бу карнай ҳамма нарсани, ҳатто ер куррасини ҳам ютиб юбориши мумкинлигини эшитганди Ойнисо момосидан. “Исрофил сур тортса қиёмат бўлади”. Шундай дер эди момо. Аммо ойнинг бетидаги доғнинг фаришта Исрофилга ўхшашини ҳеч ким айтмаган. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бу кашфиёт.
Бора-бора жиддий машғулотга айланди Ойнисонинг ой билан мулоқоти. Балки бу ёлғизликнинг оддий эрмагидан бошқа нарса эмас, дерсиз? Унда нима сабабдан ой нури чизган тасвирларга лупа орқали қарайди қизгина ва дафтарга нималарни ёзиб қўяди? Қўлига паргар ва чизғич олиб само ёритгичидан тўкилаётган ёрқин ва хира нур йўлакчалар оралиғини ўлчайди… Рақамлар билан белгиланган дафтар варақларида улар. Бетартиб бир тарзда сочиб ташланган ҳарфлар, турли кўринишдаги белгилар бор.
Кейинчалик – орадан бир неча йил ўтиб, Ойнисо бедарак йўқолгандан кейин унинг эгасиз қолган уйига кўчиб ўтдим. Ва Ойшунос қизнинг тадқиқотларини жиддий тадқиқ этишга киришдим. Ва айтиш мумкинки, сочиб ташланган ҳарфларда ҳамда шаклларда узвийлик борлигини аниқладим. Қадимги дунёнинг улуғ рассоми Леонардо да Винчи ҳеч ким ўқий олмасин деб хатни тескарисига ёзар ва зарурат туғилганда уни ойнага тутиб ўқирди. Ойна барча ўнг нарсаларни чаппасига, ва аксинча тескари нарсаларни ўнггариб кўрсатади. Ана шундай қайсар ва сирли “жонзот” ойна деганлари. Хуллас, шу воқеа ёдимга тушиб дераза жомларидан иккитасини ўрнидан кўчириб олдим, бор ҳунаримни ишга солиб шиша жом сиртига кумуш эритмаси суртдим ва аввал кулранг бўёқ билан, сўнгра қизил бўёқ билан бўядим. Шишанинг шаффоф вужуди ўзлигидан кечиб тиниқлашди ва ойнага айланди. Ойналарни бир-бирига қаратиб қўйдим. Шунда чексизлик ҳосил бўлди. Дафтарнинг биринчи варағини ўзимга тескари турган ойна сиртига ёпиштирдим, натижада ҳарфлар, белгилар ва шакллару чизгилар чексиз даражада такрорий тасвир зуҳур этди. Аммо бу тажриба кутилган натижани бермади. Дафтар варағидаги барча белгилар ойна сиртида тескари бўлиб кўринарди, холос. Худди шу усулда ой тасвирини ойнага тушириб чексиз даражада ой ҳосил қилишдан ҳам қониқмадим. Алламаҳалгача кўзимга уйқу илинмади. Ухламоқчи ҳам эмасман. Ўйларим чувалашган, уларнинг ҳаммаси бир томонга қараб оқим ҳосил қилган. Бу оқимда ҳаттоки ўзим ҳам сузиб бораётгандайман. Оқим Ойнисога ва унинг ой нури билан ўтказган тажрибаларига бориб урилади. Ва мен болалигимда юз берган бир воқеани эслайман ҳар сафар. Ташқарида, ҳовлининг ўртасида ётардик биз, яъни онам иккаламиз. Супасиз, деворсиз бир чети қишлоқ марказидаги подахонага туташиб кетган ҳовли. Ёз оқшоми, ҳовли сутдай ойдин. Нақ пешонамнинг устида парпираб турган ой гўё шу харобгина қишлоқни ва шу қишлоқнинг харобгина ҳовлисида ётган қўрқоқ бир вужудни, яъни мени қўрқитиш учун кўкка кўтарилгандай. Юрагим тўла ваҳм. Ваҳм вужудимни шу қадар исканжасига олганки, бошимни буришга ва ёнимда ухлаб ётган онамга қарашга ва умуман, қилт этиб қимирлашга қўрқаман. Гўё бутун дунёни қўрқув ўз исканжасига олган. Онамга яқинроқ сурилишни ўйлайман, қўлим билан онамнинг қўлларини ушласам озгина бўлса ҳам юрагимни тўлдирган ваҳмдан қутулардим балки. Афсуски, бундай қилолмайман, бирор туким қилт этса қўрқув мени кўриб қоладигандай. Ана шундай ҳолатда ётарканман, подахонанинг нариги четида, Ўтаган аканинг уйи ортида катта қора тўрт бурчакка кўзим тушди. Шу қора тўртбурчакнинг ўртасида – балки унинг бир четроғидадир – ўша қоронғиликдан ҳам қорароқ бир нарса ҳаракатланарди. Антиқа бир тарзда – худди рақс тушаётгандай – ҳаракатланарди ўша қора нарса.

4

Ўшанда гарчи беш-олти ёшларда бўлсамда, бу рақснинг беўхшовлигини ва шу беўхшовлиги билан ғайришуурийлигини англадим. Гоҳ ёйилар, гоҳида йиғилиб бир жойда қўюқ қора бўёқ ҳосил қилар ва гоҳида юқорига томон ўсиб бораётган каби ғайритабиий шаклга кирарди ўша қора нарса. Ой тўлишган ва борлиқ сутдай ойдин бўлса ҳам ёрита олмасди ўша қоронғиликни. Том бўғоти остидан, девор соя­сидан паноҳ топганди ўша қора раққоса. Рақс тушаётган қора туманлик – балки қора қурум десам тўғри келар – назаримда мендан кўзини ўзмаган ҳолда ҳаракат қилар, даҳшатдан бир бўлак кесакка, дарахтнинг кесиб ташланган ғўлачасига айланиб қолган менинг вужудимни ҳам рақсга чорларди, афтидан. Имларди мени… ўшанда бу ўлим рақси эканлигини англамаганман. Аммо мубҳам бир ваҳима шарпаси оғир қанотлари билан ерга киргизиб юбормоқчидек, ёки ётган жойимда маҳв этмоқчидек куч билан босиб турарди мени. Инсон танаси – жон учун қамоқхона. Коинотнинг узоқ бир ҳудудидаги сайёрада яшайдиган жонлар ҳам гуноҳ қиладилар. Шунда гуноҳининг нечоғлиқ оғирлигига қараб бир неча дақиқадан бир неча йил муддатга зиндон жазосига маҳкум этилади жон. Ва муддат тугаши билан вобаста қилинган занжирларни узиб инсон танасини тарк этади ва учиб кетади ўз сайёраси томон. Занжирларни узиб ташларкан, рақс кўринишида намоён бўлади бу жараён. Ана шу жараён эди мен кўриб турган ҳолат.
Ҳаммаси маълум бўлди эрталаб. Одамлар тўпланишди саҳарданоқ. Тушириб олишди том бўғоти остида осилганча оҳиста тебраниб турган жасадини.. Ўн етти ёшли бу қиз нима сабабдан осди ўзини? Турли фикрлар айтишарди одамлар, аммо мен ҳали уларнинг фикрини тушуниш даражасида эмасдим, ёш эдим. Тунда бўлган мудҳиш воқеани кўрганлигимни ҳам айтолмадим. Одамлардан, жасаддан ва бошқа ҳамма нарсадан қўрқиб турардим. Ойнисанинг дафтаридаги ёзувлар, шакллар ва белгилар кўпроқ ўзига тортарди мени шу воқеани эсласам. Дафтардаги тилсим сирини очишга уринишларим ҳеч қандай самара бермаётган бўлсада, бу машғулотни ташлаб кетишга ўзимда куч тополмадим. Ва унинг хонасида ўтириб ойни кузатар, унинг ҳар бир фазасида рўй берадиган шаклий ўзгаришларни қоғозга туширардим.

5

Август ойининг сўнгги ўн кунлиги. Ой аста-секин тўлишиб бормоқда. Кундузи ҳам кўрдим уни. Нурсиз, бир томони қурт егандай ёки уқувсизлик билан ушатиб олинган нондай. Тикилиб қарагандим шаффофланиб, гўё ортидан кўкимтир тусда кўрингандай бўлди осмон. Ой тўғрисида тадқиқотлар кўп фанда. Бир томони юз даражадан иссиқ, иккинчи бети бир юз ўн даража совуқ. Сирти кулсимон модда билан қопланган, сув ва ҳаво йўқ. Аниқроғи, мутлақо ҳаёт асари кўринмайди. Ерда юз кило тош босадиган одам ойда… аниғини билмайман, етмиш ва балки олтмиш кило чиқса керак. Бу сайёра айтишларича, ердан кўринганидай нурафшон эмас, балки қорамтир бир сиртга эга, нурни эса қуёшдан олади… Ана шундай тадқиқотлар бор. Америкаликларнинг ойга боргани ва унинг устида ўз оёқлари билан юргани ҳақида ҳам анчагина гаплар бўлгани эсимда, аммо кейинчалик мутлақо ҳаёт асари йўқ бу сайёрадан ерлик тадқиқотчиларнинг кўнгли совигандай. Энди бизни Марс сайёраси қизиқтирмоқда. Қизил сайёра деб ном олган бу осмон ёритгичига унчалик қизиқиш билдирмасди Ойнисо. Қани унинг ўзи? Қани унинг деразам рапини ёритиб турган қизил нури? деди бир оқшом иккаламиз ёлғиз ўтирганимизда. Биз ташқарига чиқиб осмонга қарадик ва Қизил сайёрани қидирдик. Бизда на телескоп, на бошқа бирон кузатув асбоби бор. Ҳатто оддий дурбин ҳам йўқ. Ҳеч нарсага аниқлик кирита олмадик. Ой ҳали батамом тўлишган бўлмаса-да, парпираб нур сочар ва осмонни кузатишга монелик қиларди. Ўшанда билмасдим бу қизнинг ой нуридан қўрқишини ва айни пайтда унга қизиқишини. Ўша оқшом унинг Ойшунослигига доир баъзи бир белгилар намоён бўлди. Улардан айримларини мен кейинчалик кузатув дафтаримга ёзиб қўйдим. Биз супа четида ёнма-ён ўтирардик. Осмон ёритгичлари тўғрисида билганларимни унга сўзлаб берарканман, анчадан бери унинг сукут сақлаб тургани ва менинг гапларимни умуман эшитмаётганини пайқаб қолдим. Ойга қараганча қотиб турарди у. Ихтиёри ўзида эмас, хаёли ҳам. Бироз энгашиб унинг кўзларига қарадим. Кейин рўпарасига ўтиб ерда чўнқайдим. Унинг ҳолати ўзгармади. Мени унутганди афтидан. Кўкси тез-тез кўтарилиб тушаётганига қараб нафас олиши тезлашгани ва юраги ҳам қафасдаги кабутардай патирлаётганини англадим. Ва яна кўзларига тикилдим. Унинг нигоҳида қотиб қолганди ой шуъласи. Кўзлари атрофида оппоқ Ҳалқа. Кейин ҳаракатга келди ҳалқа ва унинг пастки чети томчи шаклини олди-да, қизнинг кўзларидан оқиб туша бошлади. Қўрқинчли эди бу ҳолат. Ногоҳ болалигимдаги ўша воқеа, том бўғотига ўзини осган қиз билан боғлиқ манзаралар, соялар ўйини ва ўлим рақси кўз ўнгимга келди-ю, қизнинг елкасидан тутиб: “Ойнисо! Ойнисо!” деганча силкилай бошладим. Албатта дарҳол ўзига келди қиз ва оғир хўрсинди. Биз хайрлашдик, аммо уни ташлаб кетгим келмасди. Мана шу супада ётишимни билдирдим. Қаршилик кўрсатмади ва супа устига жой солиб берди. Табиийки, уйқу келмайди бундай паллада. Осмонга тикилганча ётавердим. Ҳа, дарвоқе, кейин билсам, ўша ҳолатда у ой сиртидаги доғни яна такрор малоика Исрофилга ўхшатган ва ўзининг бу кашфиётидан қўрқиб кетган экан. Аммо айтмади буни менга орадан кўп йиллар ўтса ҳам. Қаттиқ сир тутди нима сабабдандир. Балки унинг кашфиёти муқаддас динимизга бориб тақалганини ўйлаб сир сақлашга қарор қилгандир. Унинг тадқиқотлар дафтари бўлмаганда билмаган бўлардим мен ҳам бу сирни.
Ойдиной бедарак йўқолгандан кейин унинг тадқиқотларини ўрганишга киришиб эришган илк муваффақиятим – шу. Аммо осонликча эришмадим бунга. Шартли белгилар воситасида ёзган эди қизгина бу сўзни. Ой ва кун саналаригина ўз ҳолича эди фақат. Худди ўша кунни топдим дафтардан. Мана, 13 август. Йили кўрсатилмаган. Бир йил кутдим. Ва ниҳоят, 13 август кечаси дераза рапига қулайроқ ўрнашиб ўтирганча ишга жиддий киришдим. Олдимда: паргар, жазбар, дафтар ва соат. Лупа ҳам бор албатта. Ой осмонда муаллақ, батамом тўлишган, ярқираб, балқиб, тиниқ тортиб турибди. Деразадан тушиб турган чизиқлар ва улар орасидаги ҳошиялар, ҳошиялардаги оқликдан кўкимтир рангларга томон уйғунлашиб ўтаётган нур дас­талари… Дасталар орасидаги қисқа чизиқлар ва нуқталар… Дераза вужудидан тушаётган нурли чизиқлар тагига дафтар варағини тўғрилаб қўйиб секинлик билан шарқдан ғарбга ва ғарбдан шарққа томон ҳаракатлантира бошладим. Ва ногоҳ нур ҳошияси қатида “И” ҳарфи ҳосил бўлганини аниқ кўрдим! Деразанинг ғарб томондаги учинчи кўзида тариқ донаси катталигида нуқта борлигини аввал ҳам кўп марта кўрган ва шу нуқта орқали ҳовлига қараб қизиқ-қизиқ ўйинлар қилгандим. Баайни мўъжизанинг ўзи бу нуқтача. Дарахт танасида ҳаракатланиб турадиган улкан кавак ҳосил қила олади. Девор сиртида қават-қават чизиқлардан иборат доира чизади. Ерга тўғрилаб қарасам ер худди аталадай суюлиб менинг бош ҳаракатимга мос айланаверади ўша доиралар. Худди қуюқ аталани қошиқ билан аралаштираётгандай. Шу нуқтача менга иккинчи ҳарфни берди. Дафтарга нуқтанинг ярим ҳолатини туширгандим “С” ҳарфи ҳосил бўлди. Энди менга Ойнисонинг узоқ йиллар давомида олиб борган кузатувлари ва кашфиётлари ўз сирини очмоқда! Ва мен қизнинг ички дунёсига томон кириб бормоқдаман. “Исрофил” деган шу сўзни ёзиб қўйиш учун шунчалик машаққат чекиш зарурмиди дея ажабланишингиз табиий. Аввало, шуни айтишим керакки, шу биргина сўз эмас, бир дунё сўз ва жумлалар, яхлит тузилган гаплар, бутун бошли манба ва матлалар бор унинг дафтарларида. Инсон ҳиссиётларининг ранги, шакли ва оҳанглари туширилган сирли белгилар ҳар қандай одамни жозиб куч билан ўзига тортиши табиий. Уларни ўрганишни мен шу сўздан бошладим холос. Чунки, ўтган йили худди шу кечада – яъни 13 август тунида – супа четида ўтириб тўлин ойни кузатишимиз ва қизнинг ғайритабиий ҳолатга тушиб қолиши… тўғрисини айтсам мени бефарқ қолдиролмасди. Унга бўлган муҳаббатим бутун умримни ва ҳаётимни шу қизнинг бахти учун қурбон қилишга даъват этарди. Демакки, унинг ички дунёсини билиш ва шу йўл билан уни англаш мен учун ҳаётий зарур. Ойдинойнинг бедарак йўқолиши-чи!? Эрталаб туриб қарасам Ойдиной уйда йўқ. Ва ҳозиргача бедарак. Қидирув органлари кўп ҳаракатлар қилишди, эълонлар берилди, қизнинг сурати ва бор ташқи қиёфаси ёзилган қоғозлар тарқатилди. Натижа йўқ. Мен эса ҳамма гап унинг ташқи белгиларида эмас, балки ички дунёсида деган фикрдаман. Ҳаттоки Ойнисо ўз ички дунёси ичига кириб яшириниб олган деган фикр ҳам миямга урилиб мени безовта қилади, гоҳи гоҳида. Мана, бир йилдирки, ўзи ёзган белгилар шакллар, чизгилар қатидан излайман уни. Ўша 13 август оқшомидаги ҳолат тилсим калитини қўлимга тутқазган эди. Тўғри, гоҳида узун тунлар уриниб бирор натижага эриша олмаганимда, кузатувларим натижа бермаганда Ойнисонинг дафтарларини бир неча кун давомида қўлга олмаганман ва ҳатто бу кераксиз машғулот деган хулосага келган пайтларим ҳам бўлган. Шундай пайтлар Миср эҳромлари, Тутмос, Тутанхамон, Нефиртити саркофагларидаги ёзувларни ўрганишга бутун умрини ва бор бойлигини сарфлаган олимлар нинг машаққатли меҳнати тасаввуримга келган ва янада куч ва ғайрат билан ишга шўнғиганман.

6

Етти йил ўтди орадан. Энди менга кўп нарса маълум. Энг муҳими, Ойдинойнинг қаердалигини биламан! Токи унинг дарагини топгунимга қадар, аввал унинг мақсадини топдим, яъни нималарга интилганини аниқладим:

Маҳшар гуни гўрам дерам ул сарви қомати,
Шул гуниям гўрунмаса гел гўр қиёмати…

Дафтар муқовасидаги икки мисра шеърни бир неча бор ўқиган бўлсам-да, қилаётган тадқиқотларимга дахлдор эмас деб ўйлагандим. Бир кун оқшом каравотда чалқанча ётиб шу икки мисрани бот-бот такрорлардим. Ой шом еган, яъни у осмонга кеч кўтарилади. “Ой шом еган” дейишади бизнинг Мираки томонларда ойнинг бу фазасини. Салгина ғалатироқ, аммо ифода аниқ. Ой шомни емайди бундай қараганда, аммо бирор жиҳатини ҳисобга олгандирки, халқ шундай деган. Хуллас, ой ҳали кўтарилганича йўқ. Хона қоронғи. Мен одатда шам ёки чироқ ёқмай ётишни хуш кўраман. Қоронғида яхши фикрлайман. Мана унинг яна бир натижаси. “Маҳшар гуни…” дедиму нафасим ичимга тушиб кетди. Маҳшар куни нима бўлади? Ҳар бир муслим биладики, маҳшар, яъни қиёмат куни барча ўликлар тирилади. Шунда оға-инилар, ота-она-ю бола-чақалар, севишганлару бу дунёда учрашганлар ва хуллас ҳамма бир-бирини кўришга сазовор бўлади. Модомики шундай экан, Ойнисо ҳам Субҳонни кўради! О, бу қизнинг зукколигини қаранг! Қаранг унинг кичкина косани катта коса тагига яширишини! Нега мен бу мисраларни неча бор такрорлашим ва ҳатто хиргойи қилиб юришимга қарамай, “гўрам дарам” деган сўзлар моҳиятини англамадим. Қиёмат куни уни кўраман деб аниқ айтяпти-ку қизгина. Қувонч ва ўкинчлар аралашиб кетди дилимда. “Ул сарви қомати” деган сўзлар тизими айнан Субҳонга қаратилган. Сирихдай сипта, қад-қомати ғоят хушбичим эди Субҳоннинг. Кўкраклари кенг. Умровли… шунга қарамай рангпар эди унинг юзи… хаёлчан эди кўзлари. Кулишга, ҳеч бўлмаганда жилмайишга мажбурларди ўзини гоҳида. Туғма шал эди бир қўли… Ва у ҳамиша ғамгин воқеаларни сўзлашга мойиллик билдирарди. Олди-қочди гаплар билан қизнинг кайфиятини кўтаришни ўйламасди афтидан. Ва афтидан, у анчагина кучли психолог эдики, қизнинг қандай суҳбатларга мойиллигини ва бундай суҳбатлар унга нима учун кераклигини тушунарди.

7

Дарвоқе, чалғиб кетибман бироз. 13 август тунида юз берган ҳолат ҳам шу икки мисрада мужассам экан аслида. Малоика Исрофил суратини ой сиртида кўрган Ойнисо, ва балки ўша оқшом тезроқ сур тортишини ва қиёмат қойим бўлишини сўраган ундан. Қизнинг кўзларида ой нурига қоришган илтижо, кўксининг тўлқинланиши, юрак уришидаги кескин ўзгариш ва ёнида мен ўтирганимни ҳам унутиб қўйганлиги фақат елкаларидан тутиб силкилаганим ва отини айтиб овоз берганимдан кейингина ўзига келиши… Субҳонни кўришга бўлган илинж, иштиёқ, тийиқсиз куч… Малоика Исрофил сур тортса, қиёмат юз берса ва ҳамма тирилса ва субҳонни кўрса!.. Бирозгина малол чўкди менинг ярадор дилимга. Мен ҳам севардим бу қизни ахир! Ёнгинасида ўтирган эдим мен. Бирдан бошимни қаттиқ силкиб ўзимга келдим. Ойнисога нисбатан ҳатто хаёлимда ҳам барча туйғулар ойдин ва риёдан холи бўлиши керак. Шу ҳақда андаккина шама қилгандим бир куни унга.
Иккаламиз хиёбон бўйлаб борардик ўша антиқа лаҳзаларда. Бу қиз билан ёнма-ён юришдан бироз фахрланардим. Хиёбоннинг ҳар иккала томонида оқ танли баҳайбат чинорлар. Ҳаммаёқ оппоқ. Учрашиб қолганимизда соат ўн бирга яқинлашиб қолган эди. Мана энди ўн икки ярим. Қор ёғмоқда ҳамон. Чинорлардан сўрайман хаёлан: “Шундай қизни кўрганмисиз ҳеч”. Улар жим. Фақат оёқ остида майингина ғижирлайди қор. Унинг киприкларига қўнади қор парчалари… Туйғуларнинг оқлиги тўғрисида бошланган шамадан бошқа фикрлар устунлик қилди ва сўрадим.
– Ўзи мавжуд бўлмаган нарсани севиши мумкинми инсон?
– Мумкин. Бордан йўқ бўлмайди ҳеч нарса. Агар сен Субҳоннинг бедарак йўқолганига шама қилаётган бўлсанг, шуни айтаманки, у бор эди.
– Нотўғри тушундинг, Ойнисо, кўзингни юм, оч, хаёллардан қоч, ва мавжуд борлиққа қайт. Инсон ниманингдир хаёли билан яшай олмайди. Биз тирик одамлармиз… гапдан тўхтадим. Бироз нотўғри ва мантиққа зид гапираётганимни англаб тилимни тишлаб қолдим. Ёнимда бошқа бирор қиз бўлганда мумкин эди шундай давом эттиришим, аммо Ойнисо… Суҳбатлашиш қийинроқ у билан. Умуман, қиз боланинг ва умуман аёл зотининг ўта ақллиси ва бунинг устига ўта хаёлчани биз эркакларга унчалик ҳам маъқул кўринмайди. Шундай бўлишига қарамасдан Ойнисонинг хаёли билан яшардим мен. Қандайдир мубҳам ва кўзга кўринмас куч таъсирига тушиб қолгандим афтидан. Назаримда ўзга сайёрадан, борингки, ойдан тушган эди бу қиз. Шу гаплардан кейин ишонч билан айтаманки, тадқиқотлар туфайли эришган энг катта натижам уни топганим бўлди. Ойнисо ўз ички дунёсининг ичида! Унинг ички дунёси эса узоқ йиллар давомида олиб борган тадқиқотлари ичида! Тадқиқотлар эса мана шу хонада, дераза рапида ва дафтар ичида.

8

Ана шундай фикр билан ўзимни овутиб юрган кунларнинг бирида дераза токчасида бир туп ёронгул пайдо бўлди. Алвондай қизил. Эшик-дераза берк эди, шу туфайли алғов-далғов бўлди кўнглим. Уйнинг калити чўнтагимдалигини ва мен шу калит билан қулфни очиб кирганлигимни аниқ билсам-да, дам қулфга, дам калитга қарар ва ҳатто чўнтагимни ҳам пайпаслаб қўярдим. Гулга қарайман, дераза токчасида, сопол гултувак ичида яшнаб турибди. Барглари худди қалдирғочкулчаникига ўхшаш. Четлари яшил, ўртасида қўнғиртоб парраксимон ҳошия. Унга яқинроқ боришга журъатим етмай, хона ўртасида туриб қолдим.
– Чиройлими?..
Чўчиб ўзимни эшикка урдим. Ва остона ҳатлаётиб ортимга қарашга улгурдим. Хона бурчагида мутлақо бегона бир аёл! Нигоҳларимиз тўқнашди.
– Қўрқма, Султон Остон, сенга зиён еткизмайман.
– Кимсиз? – сўрадим овозим титраб унинг оппоқ сочларига қарарканман.
– Дўстингман.
– Исмингиз ким? Сизни танимаяпман.
– Ойшуносман.
– Ойшунос?!
Лабининг бир четгинаси билан жилмайди аёл ва гўё сочларининг оқлигига ишора қилгандек қўллари билан чеккасидаги толаларни силаб қўйди. Ўз ҳаракатимдан ўзим хижолат чекиб ичкарига кирдим.
– Олиб келдим ниҳоят шу гулни.
Нима сабабдан “ниҳоят” деётганига ақлим етмади. Ҳамма жойда борку ахир ёронгуллар. Ойдан олиб тушмагандир уни. Менга қолса, ёронгулларга нисбатан цикламинлар жозибадор ва камёб… Савол назари билан қараб турарди аёл шу боис ёндош фикрлардан чекиниб хотиржам тортдим ва сўрадим:
– Ойшунос… бу исмингизми ёки касбингизми?
– Исмим ҳам, касбим ҳам, – унинг овозидаги айрим товушлар танишдай туюлиб яна сўрадим:
– Сиз Ойнисо деган қизни танимасмидингиз мабодо?
Ниманидир эслашга уринаётгандай бироз жим қолди аёл. Тикилиб турди кўзларимга бир муддат. Агар бу аёл Ойнисонинг ўзи бўлса, унинг ёши ҳозир йигирма тўққизда бўлиши керак. Шундай бўлгач сочлари… Аёл яна бармоқларини чеккасига қўйди. Кафти билан сочларининг оқини бекитмоқчидек туюлди менга. Ва шу ҳолатини ўзгартирмаган кўйи боши билан дераза томонга ишора қилди.
– Шу гулни олиб келдим…
– Миннатдорман. Жуда чиройли экан.
– Менга шу гулнинг сурати керак. Фақат қоғозга чизма, мана бунга чиз. Аёлнинг қўлида дераза шишасига ўхшаш аллақандай нарса турарди. Сира кўрмагандим бундай антиқа матони.
– Қачонга керак? – сўрадим кўзимни унинг қўлидаги нарсадан узмай.
– Фурсатингга қара, мен уч кундан кейин қайтаман.
– Дарвоқе, мен уйда бўлмасамчи ўша куни? Бу саволни беришдан мақсадим унинг уйга қандай кирганини аниқлаш эди.
– Менда уйнинг калити бор, деди аёл хотиржам тарзда.
– Ойнисо берганмиди сизга? Ҳамон унинг шахсини аниқлашга уринаётганимни тушунди аёл.
– Ўша қиз сени севарди, – деди бироз маҳзун тортиб. Ва яна гулга ишора қилди. Аммо ҳеч нарса демасдан хона деворларига кўз югуртириб чиқди-да, токчада турган култапўшокни қўлига олди.
– Баъзан сиз буни кийиб ўтирардингиз, – дедим таваккал қилиб.
Оғир хўрсинди аёл. Култапушокнинг сиртини силади бармоқлари билан. Юзига яқин олиб борди. Менимча, ҳидлаб кўрмоқчи бўлди. Балки ҳидлагандир ҳам… Ке­йин у шарпасиз қадамлар билан эшик томон юрди. Қўлида култапўшок. Журъатим етмади бирор нарса дейишга. Эшик ёпилди.

9

Агар эътибор қилган бўлсангиз, мамлакатнинг энг номдор ресторанлари ва бообрў корхоналарининг фойелари ва залларини безаб турибди мен чизган портретлар ва натюрмортлар. Ёронгулни чизишга ҳам ишонч ва иштиёқ билан киришдим. Ван Гог услубида танладим рангларни. Фикр ва туйғуларимни эркин қўйдим, эркин қўйдим қўл ва оёқларимни. Қўлимга мўйқаламни оларканман, инсон ва коинотнинг, микро ва макро оламнинг бир бутунлиги тўғрисида улуғ Винсент синглисига ёзган хатини эсладим. Ва айни пайтда бу улуғ рассомнинг “Дунёга келаркансан, сен биргасан осмон билан, қуёш билан, ой билан ва учаётган булутлар билан” дея хиргойи қилганча ўзининг машҳур асари “Ток навдаси”ни чизаётган ҳолатига киришга ҳаракат қилдим. Ўзига хос бундай имитация жуда зарур эди менинг айни дамдаги руҳиятимга. Неча йилдирки, сурат чизишни ташлаб қўйган бўлсам-да, (тадқиқотлар туфайли) ёронгул кўнгилдагидек чиқди. Қийин бўлди албатта нималиги номаълум холстда сурат чизиш. Аслида уни холст деб ҳам бўлмасди, мен шартли равишда шундай номлаяпман. Матоҳ сирти худди кўкимтир кукун сепилгандай бироз дағал аммо зеҳн солиб қарасангиз шу дағаллик остида бошқа бир қават борлигини ва бу қават нурга, аниқроғи ой шуъласига ўхшашини пайқайсиз. Худди сувдай килкиб турганга ўхшайди бу нур деганим. Унинг остида яна бир қават бўлиб, бу қават осмон рангини эслатади. Хуллас, “Ёронгул” тайёр. Мўйқаламни латта билан артиб шиша идишдаги суюқликка солиб қўяётиб остонада Ойшунос турганини кўрдим. Бу пайтда қорамтир қанотларини секинлик билан ёймоқда эди куз оқшоми ва деразамда уфқ шафағининг ёқтиси титраб турарди ҳали. Титроқ шафақ ёронгул япроқларини сиртдан ёритар ва назаримда гулбарглар чўғдек яшнамоқда ва кўзга кўринмас нур эпкини таъсирида титраб ҳам турарди бирозгина. Чироқни ёқишга шошилдим. “Ёқманг”. Энди аёл мени сизлар ва аввалгидан майинроқ муомала қиларди.
– Ёқманг, бу лаҳза узоққа чўзилмайди, мен ёронгулнинг шу ҳолатини кўриб қолмоқчиман.
– Хоҳишингиз…
– Кейин уни эгасига топширамиз.
Унинг сирли гаплари бироз меъдамга теккани сабабли эътироз билдирмадим ва гулнинг эгаси кимлигини ҳам сўрамадим. Унинг имоси билан дераза тагига тўшаб қўйилган кўрпачага ёнма-ён ўтирдик. Худди бундан етти йил муқаддам 13 август оқшоми тўлин ойга қараб ўтирганимиздай. Кейин у катта лаганда намакопли сув келтиришимни сўради. Лаганни дераза токчасига жойлаштирди-да, суратни сув устига қўйди. “Жоду қилишга ҳозирлик кўраётган сеҳргарнинг ҳаракатлари…” Шундай фикр ўтди хаёлимдан. Кейин биз ташқарига чиқиб эшикни қулфладик ва тунги чироқлари парпираб турган шаҳар томон йўл олдик. Унинг истаги билан бўлди буларнинг ҳаммаси. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирига етганимизда емакхонага таклиф этдим уни. Бу таклифга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Индамай кетаверди. Мен ҳам эргашдим ортидан. Ҳадемай ой нурига чўлғаниб ётган кенг адир намоён бўлди рўпарамизда.
– Шу ерда хайрлашамиз…
Оғир, жуда оғир бир мунг ва ҳорғинлик бор эди унинг овозида. Узоқ уфқдан узмасди нигоҳини.
– Сурат-чи? – дедим ранжиган қиёфада.
– Сурат эгасига топширилди…
Хайрлашув олдидан менга қарар ва яна бирор сўз айтар деб ўйлаган эдим. Йўқ нигоҳини уфқдан узмаган кўйи ерга тўшалиб ётган ой нури устига оҳиса қадам қўйди. Биз юриб келган йўллар ҳам ой нурлари билан чароғон эди аслида, аммо бу ерда унинг ҳаракатлари қандайдир бошқачароқ тус олди. Худди автобус зинасидан чиқаётгандай, ёки платформадан метро поездига ўтаётгандай кескин бир интилиш билан адир четига қадам қўйди. Нимагадир қоқиниб кетди деган хаёлга бориб, уни йиқилишдан сақлаб қолмоқчи бўлгандек беихтиёр қўлларимни чўзидим. Ҳавода муаллақ осилиб қолди менинг қўлларим. Шунда ажабтовур бир ҳолат рўй берди менинг кўз ўнгимда. Аёлнинг эгнидаги оқ шоҳи кўйлаги оппоқ сочлари устига беҳисоб нур толалари ёғилаётганини, бошқа бир бўлак ингичка ва нозик нурлар оқими эса унинг атрофидан айланиб ва гоҳида юқоридан пастга ва пастдан юқорига томон ҳаракатланиб тобора қалинлашиб ва қуюқлашиб бораётганини, нурларнинг бу антиқа ҳаракатидан қандайдир сутранг матоҳ тўқилаётганини кўриб турардим. Кўзга кўринмас моҳир тўқувчи ишга солмоқда эди бор санъатини. Гўёки Арахнанинг ўзи тўқимоқда эди бу матоҳни. Ниҳоят, енги, этаги ва ёқаси йўқ бир либос ичида қолди Ойшунос. Кўзларимга ишонмас ва наҳотки шу кўриб турганларим ҳақиқат бўлса дея сирли манзара кашф этган бепоён адирдан ва Ойшунос атрофида тобора қуюқлашиб, уни ўраб-чирмаб олганча, борган сари узоқлашиб кетаётган нурлар оқимидан кўз узолмай турардим. Ой нурларига қўшилиб, унинг соҳир қаватларига сингиб тобора узоқлашиб борарди бу шаффоф издиҳом.
Ғира-шира тонг ота бошлаганди уйга қайтганимда. Кучли бир ҳорғинлик бутун вужудимни тўшакка томон тортаётган бўлса-да, дераза олдига бориб ерга чўккаладим ва сув килкиб турган лаганга қарадим. Эвоҳ, ҳалиги холст ҳам, мен чизган сурат ҳам йўқ эди унинг ичида! Фақат бироз қуюқлашибди сув. Унинг сиртида эса турли рангдаги бўёқларнинг билинар-билинмас излари…
Ерга мук тушганча Ойнисонинг дафтарларини титкилай кетдим. Мана, муқовасига макрокосм белгиси чизилган дафтар. Мана, дафтарнинг энг сўнгги саҳифаси, ва мана ўша мен излаган ёзув:
“Ой – мунгли сайёра. Туни билан ерни ёритади ой, силаб-сийпалайди уни нурлари билан, ниманидир излайди ва нималарнидир сўрайди. Ўзига тортади ҳамма нарсани: дарахтларни, гулларни, одамларни, денгизу дарёларни ва ҳаттоки қабрларни ҳам… Қани энди шу мунгли сайёрага бир тупгина ёронгул совға қилсам!..”

Неъмат АРСЛОН

 

Саҳифа 19 марта ўқилган.