“Устозга мактублар”
туркумидан

1

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

“Чиноз. Янги маҳалла”.
Оёғинг тегмай ерга
Уч, укажон, ғирилла:
“Шахсан Абдулла Шерга!”

“Бу мужда Қўрғончадан”,
Шогирд исмин хатлади.
Озғинроқ дарёчада
Чопар дарё ҳатлади.

Қизлар толбаргак тақсин,
Шафтоли шохин эгсин:
– Нима бўлса ҳам, тақсир,
Хат эгасига тегсин!

“Ассалому алайкум!”
Устоз, соғ-омонмикин?
Ҳақсўз, шеърсуяр мардум
Дардига дармонмикин?

Қуйи Чирчиқдан салом,
Дарё, бозоримиз бир.
Йўл, кўл, хулласи калом:
Масжид, мозоримиз бир.

2

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

Ҳа, Чиноз кўп қадим юрт,
“Лой жангги”н шоҳиди ул.
Энди кўп ғамлар унут,
Шодланар гоҳида ул.

Ёшига ёш қўшилиб,
Бири икки бўлди, ҳай!
Буни қўш дарё билиб,
Балиқларга тўлди, ҳай!

Қўшилишар ноз билан
Икки дарди бир дарё.
Фахр этар Чиноз билан
Чирчиқ ила Сирдарё.

Дарёлар – бағри ярим –
Бўйида бозор бўлди.
Бозор бўлди дардларим,
Бир ёр харидор бўлди.

3

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

Чиноз бир эмас, икки,
Тарихи сал ноаён.
Эртами-индин, балки,
Сирлар этилгай баён.

Жуда қадим, аслида,
Кунчиқардаги қўш кент:
Янгиланиш фаслида –
Олмазор, эски Тошкент.
Бири-биридан улуғ
Яна иккита робот:
Қавму қариндош уруғ −
Йўлтушкан, Эшонобод.

Булар − хўжа овуллар,
Диёнати дастида.
Қоқиб келгай довуллар −
Улар ҳақ дин қасдида.

4

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

Чиноз сўзин луғавий
Маъносини эл билар.
Чатиқ, ахир, арабий,
Туркий, форсий белгилар.

Соҳибқиронга боғлиқ
Бир яшиқ тарқаб кетмиш.
Гўё, хон вақтичоғлиқ
Қилмоқ ихтиёр этмиш.

У ёғи ёзгуликмас,
Бир маишат “таҳлил”и.
Хунрезлик, ёвузликмас,
Фаҳшу ваҳшат тафсили.

Бу ҳангома бир қадар
Эл кўнглини доғламиш.
Кент номин қай оқпадар,
Шул “базм”га боғламиш.

Тўқиган бирор дайди,
Ҳақ гапми у ёлғонми?
Айтгали тил бормайди,
Қиз сабабми, ҳоқонми?

Орин сақлаган ғару,
Сотган покдомон гўё.
Билмаганлар вайсару,
Билганлар соқовму ё?

Айтсада қай бечора,
Ғоя қизиқ бағоят.
Юрт номига ишора,
Эрса-да ул ривоят.
Ким ҳақдир, ким ноҳақдир,
Бу кейинги масала.
Тарих – қисматми, тақдир,
Ўзи айлар “ҳалала”.

Биз учун сухандоннинг
Самимийлиги муҳим.
Бул улус, бул маконнинг
Қадимийлиги муҳим.

5

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

Гоҳ савдо одамларин
Феъли тор, ҳамёни кенг.
Таъриф этолмам барин,
Хуллас, келинг, балиқ енг.

Сизни сийлар чинозлик,
Солиб қат-қат кўрпача.
Аммо, меҳмоннавозлик
Давом этар “тўрт”гача.

“Тўрт” бўлар-бўлмас, эсиз,
Тугайди “шерикчилик”.
Айбга буюрмайсиз,
Бу ёғи тирикчилик.

Эрталабки савдода
Барака бор, биламиз.
Ночор бир иддаода
Хайр-маъзур қиламиз…

6

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

“Буюк ипак йўли”да
Қўр тиккан бу қўрғонга –
Гул тутганча қўлида
Шошар мардум меҳмонга.
Боис, улар қиш ғамин
Ёзда еган аслардир.
Яшнаса она замин,
Созда, деган каслардир.

Қаратгулик этмасин
Бахил одам қўлига.
Ғашга тегиб кетмасин,
Бу гаплар ўз йўлига.

Омон бўлсин қарию
Навқирон ўғлонлари.
Элнинг улуғларию
Валломат инсонлари.

7

Хушманзара жойлари,
Сойлари кўп бу юртнинг.
Қўл етмас ҳумойлари,
Бойлари кўп бу юртнинг.

Довруғи мисли Римча
Шу қадим юрт ҳақида –
Мен ҳам эплаганимча
Ўзим этгум бахшида.

Қолиб кетса-да, магар,
Қатор соҳа, кўп тармоқ…
…Мақсад маълум, ҳамюртлар
Кўнглини сал кўтармоқ.

Мингинчи марта такрор
Этгандай “Ҳафтияк”ни;
Санай олмай баякбор,
Кафтга тираб иякни…

…Қалам сермадим бироз,
Дилда минг истиҳола.
Маъзур тутгайсиз, устоз,
Ағи Сизга ҳавола.

Яҳё ТОҒА

Саҳифа 20 марта ўқилган.