Изларим

Одимлаб бораман билмасдан тиним,
Олис чўққиларда ҳар вақт кўзларим.
Ортимда қолади узундан-узун,
Гоҳ ёмғир, гоҳ дўлда босган изларим.

Изларим сира ҳам топмайди завол,
Барчанинг кўзида бўлар намоён.
Учириб кетолмас уларни шамол,
Қуюн, тўфонда хам қолади омон.

Изларим осмонга талпиниб мудом,
Парвозга интиқдек кўкка шайланар.
Мен юриб бораман, сергак, беором,
Изларим оҳиста қушга айланар.

Бири бойқуш бўлиб айтса магар роз,
Танҳо забунликни алқаб дамодам.
Бири булбул бўлиб сайрар хушовоз,
Ошиқ юракларга қўяди малҳам.

Фақат битта жумбоқ қийнайди мани,
Булбуллари кўпроқ бўлсайди, қани?

Кўз очдим

Яшнасам нур эмган гиёҳдек сара,
Рангларим бўлмасин сиёҳдек қора,
Бўлмасин йўқликдан жигарим пора,
Кўз очдим тонгимдан умидвор бўлиб.

Гўдак кўзларида жаҳон кулсайди,
Оналар меҳрига дунё тўлсайди,
Хиёнат абадий маҳв бўлсайди,
Кўз очдим тонгимдан умидвор бўлиб.

Яхшига яхшилик ёғилсин мудом,
Ёмоннинг бўғзида қотсин ҳар калом,
Қуёшга қўр берсин самимий салом,
Кўз очдим тонгимдан умидвор бўлиб.

Темур, ширин гапинг нон-тузинг бўлсин,
Поклик баҳор бўлсин, гул юзинг бўлсин,
Бугуним умримнинг юлдузи бўлсин,
Кўз очдим тонгимдан умидвор бўлиб.

   Иссиқ нон

Йўқлаб меҳмон келса, тузаб дастурхон,
Иссиқ нон ушатиб қўямиз дарҳол.
Шодланақолсин дея, бўлиб чин мезбон,
Сидқидилдан унга тилаймиз иқбол.

Қадимдир, дўстларим бу эзгу одат,
Наслдан-наслга келар бир қасам.
Дўст деб, ҳар тилакни этдик ижобат,
Нондек азиз турар бизда дўст – одам.

Сабабки, бир тишлам нонни Худойим,
Ажр этмиш садоқат, дийдор белгиси.
Ўзбек аёлидан, не ажаб, доим,
Уфурса тандиру иссиқ нон иси.

Дўст одам қаердан келса ҳам агар,
Суюб тотинади иссиқ нонидан.
Тўксон беш чойидан мириқиб ҳўплар,
Роҳатлар туяди жони-жонидан.

Топгани буюрган ҳамиша тўйга,
Ўзбегим, таъзимим сенгадир ҳар он.
Ўзинг сиғмасанг ҳам ижара уйга,
Қувониб-қувониб кутасан меҳмон.

Азизлар, иссиқ нон халқимнинг қалби,
Қўш-қўллаб тутади дўстга доимо.
Иссиқ нон қўлимда боболар каби,
Менга дўст керакдир, келинг, марҳабо!

           Она тилим

Гулшандаги гуллардан аъло,
Оҳанглари жаннатул маъво,
Ҳар сўзида минг битта маъно,
Дилга қувват, малҳам доимо,
Яшар жисмим аро жон бўлиб,
Она тилим, чин дармон бўлиб!

Душман этмоқ бўлди сени хор.
Ўтлар аро ёндинг неча бор,
Тупроқларга кўмганда ағёр,
Самандардек тирилдинг такрор,
Ўтдан чиқдинг ёнмас жон бўлиб,
Она тилим, чин полвон бўлиб!

Қошғарийнинг “Девони”да – сен,
Фаробийнинг армонида – сен,
Берунийнинг имконида – сен,
Бободеҳқон ош-нонида – сен,
Зар терасан, Кўрагон бўлиб,
Она тилим, китобхон бўлиб!

Синодайин синчи табибим,
Навоийдек доно ҳабибим,
Сароймулкдек гўзал – Хонбибим,
Жон томирим, ўзинг жон ипим,
Шундоқ яшар давр-даврон бўлиб,
Она тилим чин иймон бўлиб!

“Хамса”ларни булбулдек куйлаб,
Имконингни эл аро сўйлаб,
Истиқлолни яшайсан бўйлаб,
Ҳар йил сени суйиб, тўй-тўйлаб,
Айтсам, мадҳинг бир жаҳон бўлиб,
Она тилим, чин мезбон бўлиб!

Етиб келди файзиёб онлар,
Мақом олдинг, олдинг нишонлар,
Мангу ёрдир сенга имконлар,
Истиқлолга шарафлар, шонлар,
Деймиз ёниб, дил хушхон бўлиб,
Она тилим, бир жаҳон бўлиб.

Гуллар мисол яшнаб тургайсан,
Яшнагайсан, қулф ургайсан,
Мудом хушбахт замон кўргайсан,
Ўзбек ила бирга юргайсан,
Балқ, озод Ўзбекистон бўлиб,
Она тилим, чин достон бўлиб!

Темур УБАЙДУЛЛО

Саҳифа 25 марта ўқилган.