Қисса

1

Ўшанда Толибжон ўн етти-ўн саккиз ёшларда эди. Мурти сабза уриб, йигит бўлиб қолган пайтлари. Шаҳардаги билим юртида ўқирди. Ҳар шанба уйига келиб, якшанбада қайтади.
Қаҳратон қиш оламга совуқ нафасини уфуради. Осмон қовоғи солиқ одамдек тунд. Қават-қават ёққан қор музлаган. Кўчалар ойнадек ялтирайди. Уйдан чиқиб нафас олишинг билан бурун катаклари бир-бирига ёпишиб, музлаб қолаётгандек туюлади. Бу совуқда ташқарида узоқ чидаш мушкул. Онаси “кеч бўлди, эртага кетарсан”, дейишига қарамасдан, Толибжон шаҳарга отланди.
Катта йўлга чиқиб, интизор-интизор бўлиб йўловчи автобусни кута бошлади. Аксига олиб, автобус келавермади. Ўтаётган юк машиналарига қўлини кўтара-кўтара совуқда анча қолиб кетди. Нимагадир улардан ҳам бирортаси тўхтамасди. Изғирин аъзойи баданидан ўтди.
Шу пайт йўл четига қаймоқранг “Москвич” келиб тўхтади. Ундан бошига қалпоқ кийган, кенг-мўл қора тўнига ўраниб олган бир одам тушди-да, ўнг-сўлига қарамасдан қишлоқ томонга тез-тез юриб кетди.
Ҳайдовчи Толибжонни олдига чақирди. У шаҳарга енгил машинада қайтмаганди. Йўл ҳақи қиммат-да. Иккиланиб, машинага яқинлашди. “Ўтир, ука, совқотиб қолибсан, автобус нархини берарсан”, деди ҳайдовчи лаблари совуқдан қўкарган қорақош йигитчага ачиниш билан қараб. Толибжон суюниб кетди. Шошиб ўзини машинага урди, олдиндаги, ҳозиргина бўшаган ўриндиққа ўтириб олди.
Машинада тўрт йўловчи эдилар. Ҳайдовчи – ўрта ёшлардаги, тўладан келган йигит иситгични ишлатиб қўйган. Кабинадаги илиқ, рутубатли ҳаво кишини элитади. Орқа ўриндиқдагилардан кимдир хаёл суриб, кимдир мудраб, ҳар ким ўз ҳолича бормоқда. Ҳамма йўловчилар қўпол қишлик кийимларига бурканиб олишган. Толибжон ғира-ширада шерикларига разм солиб қарамади. У тезроқ шаҳарга, ётоқхонасига етиб олишни ўйларди.
Кун кеч бўлган сари совуқ забтига олиб, музламада машинанинг юриши қийинлаша бошлади. Ҳайдовчи эски “Москвич”ни гоҳ тезлатиб, гоҳ секинлатади. Ғилдираклар қияликларда сирпанганида кабинада ўтирганларнинг юраклари шувуллайди. Мудраётган йўловчилар ҳушёр тортиб, кўзларини катта-катта очиб олишди. Толибжон онасининг маслаҳатига қулоқ солмаганига афсусланди; уйида яна бир кеча ётиб, шаҳарга саҳарлаб жўнаса ҳам бўларди-ку!
Кўчада машиналар борган сари сийраклашарди. Иложсиз йўлга чиққан ҳайдовчилар ҳам бор чироқларини ёқиб, машиналарини юрак ҳовучлаб, эҳтиётлик билан бошқаришарди.
Манзилнинг ярмига етганларида чорраҳадан баҳайбат юк машинаси чиқиб, йўлни тўсиб қолди. Йўловчиларнинг нафаслари ичларига тушиб кетди. Олдинда ўтирган Толибжон беихтиёр эшик тутқичига ёпишди. Иложсиз қолган ҳайдовчи жон-жаҳди билан тормозни босди. Тезлигини камайтириб улгурмаган машина тўхташ ўрнига музламада чирпирак бўлиб айлана бошлади. Толибжоннинг томоғи қақради. Ичидаги таранг тортилиб турган бир ип узилиб кетди гўё. На овози чиқади, на қимирлай олади. Кўз олдида онасининг мулойим чеҳраси пайдо бўлди. Қишлоғи, мактаби, ўртоқлари, билим юрти хаёлидан ўта бошлади. Машина эса ҳамон чархпалакдек айланарди. Ўлим ҳиссини уйғотадиган бу даҳшатли гирдоб қўйиб юборай демасди. Ҳаммаси туйқусдан, бир лаҳзада юз берди. Толибжон шу лаҳзанинг ўзида бутун ҳаётини қайта яшади. Бу қандай юз бериши мумкинлигини кейинчалик ҳам ақлига сиғдиролмади.
Машина ҳамон музламада шамолга тутилган пирпиракдек айланиб, сувнинг оқимига дош беролмаган балиқдек номаълум томонга сирғалиб борарди. Бир маҳал тўхташ ўрнига бирдан йўл четидаги симёғочга зарб билан урилди. Толибжон қаршисидаги ойнада симёғоч пайдо бўлганини кўришга улгурди, кўзидан ўт чиқди. Кейин қарсиллаган овоз эшитилди, оёғида чидаб бўлмайдиган қаттиқ оғриқ туриб, кўнгли айниди… Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди…
Ҳушига келганида ҳануз томоғи қақрарди. “Ҳали тугамабди, йўлдамиз, – дея ўйлади. – Хайрият, оёғидаги оғриқ босилди. Нимадир қисиб қолган бўлса, қўйиб юборган… Бир қултум сув бўлсайди, сув-в…”.
– Ҳозир, ҳозир ўғлим, тойчоғим, ҳозир… Мана, сув!
“Ахир, бу онасининг овози-ку?!”.
Толибжон оғзида сув таъмини сезди. Сувнинг ҳам таъми бўларкан. Шу пайтгача билмабди-да? Худди қаймоққа ўхшайди!
У ютиниб кўзини очди. Туманли бўшлиқда ўзига тикилиб турган онасини кўрди. Муслима опа хира оқ парда ортида ўтирганга ўхшарди. Юзлари оппоқ, бошидаги рўмоли ҳам. Эгнигаям оқ кўйлак, йўқ, халат кийиб олибди. “У қаерда ўзи?!”

* * *

– Ой-йи-и? – ҳолсиз ингради у.
Кўз олдидаги парда секин-аста эриган қор томчисидек ҳавога сингиб кета бошлади. Энди, оппоқ халатдаги ўзига термилиб ўтирган онасини аниқ кўрди.
– Ойи, мен қаердаман? – деди эркаланиб хаста ва титроқ овозда.
– Касалхонадасан, болажоним! Сени Худо асради… Жонинг омон қолди, шунгаям шукр қиламан!
Онаси ҳиқиллаб йиғлади. Мўйлаби сабза ура бошлаган ўғлининг сўлғин юзига беадоғ меҳр ва куйинчаклик билан тикилди. Бироз ўзини тутиб ўтирди-да, ичидан вулқондек отилиб келаётган йиғини босиш учун иккала кафтини юзига босди.
– Мен яхшиман, оёғим ҳам оғримаяпти, – Толибжон онасини овутмоқчи бўлди.
Бунинг чинлигини исботлаш учун оёғини кўтаришга уринди. Чап оёғи қимирлади. Нимагадир ўнг оёғи… Ўнг оёғи унга бўйсунмади. Юрагида безовталик, қўрқув пайдо бўлди.
– Ойи?! – у онасига мўлтираб қаради.
– Бир оёғингдан ажралдинг, болам! – Изтироб ўтида куйиб-ёниб ўтирган онаси лабини қонатиб юборгудек қаттиқ тишлади, ёшли кўзларини алам билан юмди. Муслима опа бошини сарак-сарак қилиб, ботинидан отилиб келаётган фарёдни босишга беҳуда уринарди, аччиқ ўкирик билан йиғлаб юборди.
Толибжон гарангсиб қолди. Онасининг айтган гапи онгига тўлиқ етиб бормади. Ўнг оёғининг учларини қимирлатиб кўрди, бармоқлари қимирлагандек бўлди. Бироқ қандайдир даҳшатли воқеа юз берганини тушунди. Бошидан ўтган фожиани эслашга ҳаракат қилди… Кўз олдида симёғоч пайдо бўлди. Қарсиллаган овоз машинанинг қаттиқ силкиниши билан қўшилиб кетди… Оёғида чидаб бўлмайдиган, жуда-жуда қаттиқ оғриқ турди. Қумли саҳродаги жазирамада қолиб кетган одамдек томоғи қақради…
– Сув-в, – деди яна.
– Ҳозир, мана, ич болам, – ҳамон ҳиқиллаб ўтирган онаси титроқ қўллари билан қошиқда сув тутди.
– Ойи, ўнг оёғим… йўқми?! – Толибжон ёш боладек йиғламсиради.
Онаси уни боши аралаш қучоқлаб, юз-кўзларидан чўлп-чўлп ўпа бошлади. Бир ўпар, бир нималардир дея пичирларди:
– Сен қўрқма, болам, мен ёнингдаман! Ҳеч кимга хафа қилдириб қўймайман… Дўмбоғим, тойчоғим!
Онаси болалигида доим “дўмбоғим, тойчоғим”, деб эркаларди. Анчадан буён бундай эркалашини эшитмаганди, унутаёзибди…
Толибжоннинг бир текис майсадек киприклар тўсиб турган кўзларидан ёш қуйилди. У ўзига нима бўлганини фаҳмлай бошлаганди: энди бир оёғи йўқ! Нега оғримаяпти? Ҳеч нарса сезмайдиям. Фақат, боши тошдек оғир, уйқуси келади…Толибжон кўзида ёш билан яна ухлаб қолди…
Қанча ухлаганини билмайди: беш дақиқами ёки беш кунми? Дорилар таъсирида ухлар, уйғонганида дўхтирлар яна игна санчишарди. Ҳар сафар ҳуши ўзига келганда онаси билан бир-икки оғиз гаплашади. Нимадандир зорланади, олдидан жилмаётган онаси уни овутади. Ниҳоят, бир куни тиниқиб уйғонди. Кўз олди равшанлашди. Қаршисида ҳамон ранглари оқариб, оқ мармар ҳайкалдек қимирламай ўтирган онасини кўрди.
– Ойи, бошқалар соғми, машинадагилар? – деди ўзиникига ўхшамаган заиф овозда.
– Соғ, ҳаммалари соғ. Сен ўтирган томон симёғочга урилган.
– Энди мен нима қиламан? Оёқсиз…
– Сенга оёқ ясаб беришади, дўхтир айтди, – алам билан пичирлади онаси.
Толибжон индамади. Даҳшатли ҳукм юрагига ўқдек санчилди. Ичу ташида титроқ туриб, яна ҳушидан кетаёзди. Бироқ қўрқинчли тушдек туюлаётган тақдирига тан беришдан ўзга иложи қолмаганди.
Бу тақдир уни шу пайтгача яшаган оддий ҳаётидан мосуво қилди. Йигитликнинг тотли, ёниқ хаёлларидан айирди. Заъфарон, мискин ўйлар гирдобига тушиб қолди. Ота­си келиб, олдида узоқ-узоқ ўтириб кетарди. Ўртоқлари ҳолидан хабар олиб туришди, кўнглини кўтаришга уринишди. Тез орада уларни ҳам йўқотганини тушунди. Энди улар юрган йўллардан юролмайди, улар борган жойларга сира-сира боролмайди…
Уни руҳий азобнинг кўзга кўринмас омбурдек бешафқат қўллари борган сари қаттиқроқ исканжасига оларди. Қайтиб билим юртига ҳам боролмаслигини тушунди.

2

Толибжоннинг чек-чегарасиз изтиробга тўла, азобли кунлари бошланди. Тез орада ҳол сўрагали келиб-кетувчиларнинг қадамлари ҳам анча тортилиб қолди. Фақат онаси доим ёнида бўлди. Отаси геологлар билан ишлайди, уни тоғу тошларидан қайтганда кўради. Тўғри, отаси ҳам ёлғиз ўғли учун қаттиқ қайғурди. Аммо у эркак киши, дарди ботинида. Толибжон буни тушунади. Ойиси билан дадасининг азоб чекаётганларини кўриб ўзини айбдордек ҳис қилади. Лекин на илож, унинг пешонасида шу кўргиликлар бор экан. Осмон йироқ, ер қаттиқ…
Кунлар ўтиб борар, у ҳамон тўшакда ётарди. Ўйлаш учун вақти кўп, хаёлан ўзи билган ҳаётнинг минг бир кўчаларига кириб чиқди. Инсон ёшликда дарахтнинг янги новдасидек эгилувчан бўларкан, вақт ўтиб ёлғизликка кўника бошлади. Ўзининг ўй-хаёллардан иборат ғалати олами пайдо бўлди. Ўринда ётиб хаёл суради. Ўн саккиз ёшида бир оёғидан ажралиб қолганини ўйлайди. Ўйлардан иборат бу тезоқар дарё қаърига янаям чуқурроқ тушиб боради. Моҳир ғаввосдек ўзи сезмаган ҳолда алланималарни излай бошлайди, яна тушкун ўйлар гирдобида ўртанади. Айрим пайтларда хаёлида ҳеч қандай ўпирилиш юз бермагандек, эрта-индин ҳаёти яна аввалгича давом этаверадигандек туюлади. Баъзан эса энди ҳеч қачон бошқа одамлардек юролмаслигини ўйлаб, бирдан тубсиз жарликка тушиб кетаётгандек бўлади…
Оёғидаги чандиқлар бита бошлади. Лекин ҳамон ўнг оёғи бордек туюлаверар, ҳаттоки бармоқларининг симиллаб оғришини сезарди. Касалхонада бир ой ётди. Шундан кейин жавоб беришди.
Толибжон уйларига келган куни ўзини ғалати ҳис қилди, қайта дунёга келгандек эди. Дарвозадан икки ғилдиракли аравачада олиб киришди. У ҳали яхши ўрганолмаган ногиронлар аравачасида ўтириб, ҳовлидаги ўрикка тикилиб қолди. Новдалари яланғоч дарахт ҳам унинг дардига шерик бўлгандек мунғаяди. Болалигида шу ўрикка чиқиб довча терганларини эслади… Ҳали баҳор кирмаган, лекин кунлар илиб, қор кетган, ҳовлининг у ер-бу ерида яшил майсалар ниш урибди. Тиниқ осмонда ўша-ўша қуёш кулиб турибди. Буларга қараб кўнгли яйради. Юрагини ғижимлаётган ёлғизлик қуёш нурига дош беролмаган булутлардек бироз тарқади. Муслима опа ўғлининг забун ҳолатини сезиб, аравачанинг ёнида жим турарди.
– Ойи, мен юришни ўрганаман! – бирдан Толибжоннинг чеҳраси очилди.
Муслима опанинг юраги бир қалқиб тушди. Шукроналик билан қўлини кўксига қўйиб, ўғлига юзланди:
– Албатта ўрганасан, болажоним! Қанийди, иложи бўлганида ўзимнинг оёғимни берардим сенга!
– Ундай деманг, ойи, – Толибжон қовоғини уйди. – Ўзи… сизни кўп қийнадим.
– Сираям қийнаганинг йўқ-да… Ҳали сени болаларингниям боқаман.
Толибжон ялт этиб ойисига қаради. Кейин кўзини олиб қочди. Она-бола бироз жимиб қолишди.
– Сени беш ойдан кейин шаҳарга, катта касалхонага олиб борамиз, – Муслима опа бу гапни биров эшитиб қоладигандек паст овозда айтди.
– Нега? Мен… яхшиман-ку?
– У ерда ёғоч оёқ ясаб беришади, дўхтир шундай деди.
Бу гап Толибжонга игна санчгандек таъсир қилди, чўчиб тушди. Кесилган оёғининг чандиғи сирқираб оғриди. Кўз олдига ёғоч оёқли одамлар келди: “Наҳотки у ҳам ёғоч оёқ тақади… Ўртоқлари устидан кулишмайдими? Ёғоч оёқ… Бироқ, бошқа иложи ҳам йўқ-ку? Нима бўлгандаям юриши керак!”
– Ойи! – У Муслима опага дадил қаради. – Ўша касалхонага бораман! Унгача қўлтиқтаёқда юриб тураман.

* * *

Толибжон ёзнинг ўрталаригача асабийлашиб юрди, амал-тақал қилиб вақт ўтказди. Янги ҳаётга кўникиши жуда-жуда қийин кечди. Баъзан нима қиларини билмасдан ўзини ўзи еб қўярди. Шундай пайтларда яна онаси сабр-тоқат билан уни овутишга тушарди. Жуссаси жиккаккина Муслима опанинг бардоши филча экан, ёлғиз ўғлининг ҳамма инжиқликларига чидаб, қийналаётганини ҳеч кимга билдирмай юраверди.
Пишиқчилик бошланганда уларнинг уйларига ҳам мўл-кўлчиликнинг хотиржам палласи кириб келгандек бўлди. Ойиси ҳар куни тарвуз ё бўлмаса иштаҳани қитиқлайдиган бўйи таралиб турган ғарқ пишган қовун кўтариб келарди. Шундай кунларнинг бирида шаҳардаги, ўша, ойиси айтган касалхонага боришди. Қуюқ дарахтзор қуршовидаги бу касалхона ўзи ўқиган билим юртига яқин жойда экан. Ойиси шу ўртадан ижара уй олиб, ўғлига ўзи қараб турмоқчи эди. Толибжон бунга рози бўлмади. Бир амаллаб Муслима опани қишлоққа қайтариб юборди.
Касалхонада биринчи кунданоқ оёғининг ўлчовларини олишди. Уни “протез” оёқ кийишга тайёрлай бошлашди. Бу ерда ўзига ўхшаган ногирон йигитлар, қизлар билан танишди. Энди хаёлида йироқ бир нурли қоя пайдо бўлди. Тафаккури яратган қоянинг чўққисида ўзи излаган нимадир борлигига чин дилдан ишонар, кўнглида илинж билан ўша маъвога интиларди.
Тез орада Толибжоннинг кесилган ўнг оёғи ўрнига “оёқ” ясаб беришди. “Ёғоч оёқ”қа ўрганиши жуда қийин кечди. Ҳар қадам босганида танасига минглаб игналар санчилаётгандек бўларди. Терлаб-пишиб кетади, лабларини тишлаб қонатади. Юрагини суғуриб олгудек даҳшатли оғриқлардан қийналиб инграйди. Хаёлида ёғоч оёғи баҳайбат тош бўлиб туюлди. Қўлтиқтаёққа суяниб қадам босай деса, ўша “тош” бутун гавдасини оҳанрабодек пастга тортади. Кесилган жойига чарм қайиш теккандаги азоблар ҳаммасидан ўтиб тушди. Худди кимдир бигиз санчиб қийнаётгандек! Бу оғриқ миясигача етиб борарди.
Касалхонада ётганида тан оғриғидан дил оғриғи ёмон бўлишини ҳам шу ерда тушунди. У билан бир хонага ёши каттароқ йигитни жойлаштиришди.
– Мен Бадриддинман, – деб ўзини таништирди у. – Сен бечора қандай қилиб оёқсиз қолдинг, ёш экансан?
Унинг шанғиллаган овози Толибжонга ёқмади. Баркашдек юзига ярашмаган қип-қизил бурнига кўзи тушиб, ҳафсаласи пир бўлди. Дабдурустдан берган саволи оғир ботди.
– Машинада бўлган, – деб қўя қолди.
– Жа-а камгап экансан, – у бурнини тортди. – Шофёрни ушладингми? Харажатларни тўладими?
– Унинг айби билан бўлмаган.
– Э-э, чатоқ, мана мениям машина туртиб юборди. Баннисага обориб, қўлимни билакдан қирқиб ташлашди. Ҳамма расходларни ўша сўтакни бўйнига илдим. “Ўзингиз кайп экансиз”, дейди-я, мараз! Нима, кайп бўлсам машинасида уриб кетаверадими? Сен биратўласи ногирон бўпқопсан, ука, қаттиқроқ ушла уни!
Толибжон индамади. Шу кундан Бадриддин билан гаплашишдан ўзини олиб қоча бошлади. Ҳатто унинг қаерданлиги, нима иш қилишини ҳам суриштирмади. Бадриддин кун бўйи аллақаёқларда санғиб юрар, ҳамширалар излашганда тополмай хуноб бўлишарди. Бахтига дўхтир – сочи тап-тақир қилиб олинган, калласи катта, миқтигина Низом ака жудаям хушфеъл одам чиқиб қолди. Биринчи кўришишганидаёқ Толибжонга гаплари қаймоқдек ёқди.
– Мен ортопед-травматологман, “синиқчи” ҳам дейишади. Синган суякларни бутлайман-да, – у оппоқ тишларини ялтиратиб кулди. Кейин ҳамшира узатган плёнкани ёруққа солиб кўра бошлади. – Рентгенограмманг жуда яхши, суяк ўсмабди. Хм-м, аслида суяклар йигирма беш ёшгача ўсади. Сени кесилган оёғингдаги суяк ўсишдан тўхтаган.
– Бу ёмонми?!
Дўхтир ҳаяжондан кўзларини катта-катта очиб олган Толибжонга ажабланиб қаради:
– Аксинча, жуда яхши. Ўсаверганида протезлаш қийин кечарди.
– Мен… юра оламанми?
Низом ака жилмайди:
– Албатта юрасан, ука, протез ўзингни оёғингдек бўлиб кетади. Ҳали ёшсан, ҳаётинг олдинда. Сенга ўхшаган йигитлардан жуда-а кўпи қўлимдан ўтган. Иккитаси университетни битириб, олим бўлди. У ёғини сўрасанг, худди сенинг ёшингда бир оёғидан айрилган андижонлик йигит дўхтирликка ўқиди.
– Йўғ-э, мумкинми?
– Хоҳиш бўлса ҳаммаси мумкин. Масалан, сен ким бўлмоқчисан?
Толибжон ўйланиб турди. Билим юртига қайтиб бормаганини эслади.
– Суратчиликка қизиққанман, – деб қўя қолди.
Унинг жавоби Низом акани ажаблантирмади.
– Ҳали шундай суратчи бўлгинки, – деди шифтга тикилиб. – Ҳамма қойил қолсин!
– Бир оёқ билан суратчи бўлолмайди, – тўнғиллади қўшни каравотда ётган Бад­риддин.
– Бўлади, сўзсиз бўлади! Сиз вино ичишни бас қилинг, – жеркиб ташлади Низом ака.
Толибжон дўхтирнинг яна бироз қолишини истарди. Низом ака унга самимий бир назар ташлаб, чиқиб кетди.
Дўхтир билан суҳбатлари Толибжонга қаттиқ таъсир қилди. Бадриддиннинг гапларига эътибор бермай қўйди. Бахтига икки кундан кейин Бадриддинга жавоб беришди. У ясама “қўл”ини кўрсатиб мақтанди-да, хайрлашиб чиқиб кетди. Шу-шу уни бошқа кўрмади. Бардошини йиғиб, дўхтир айтган машқларни бажаришга киришди. Оёғини деворга тираб кўтариб ётар, букиб-тўғирлаб мушакларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиларди. Қўлтиқтаёқ билан бўлса ҳам ёғоч оёқда юришни ўрганишга киришди.
Секин-аста оёққа туриши юрагига ин қуриб олган ёлғизликни пароканда булутлардек тарқатганини ўзи ҳам сезмай қолди. Олам яна кўзига тароватли кўрина бошлади. Уни эркалаётгандек майин нур сочиб кўтарилган тонгги қуёшнинг тилларанг нурларига чўмилган ҳовлиларини соғинди.
Толибжон касалхонада икки ҳафта ётди. Шундан кейин уйига жавоб беришди. Қишлоққа чеҳраси очилиб қайтди. Муслима опа ундаги ўзгаришни дарров сезди. Ўғлига гирдикапалак бўлиб кўнглини олишга уринаркан сира нолимасди.
Толибжон энди уйда ўтиролмай қолди. Аста-секин, атак-чечак қилаётган боладек кўчага чиқди, ўтган-кетганлар билан кулиб саломлашадиган бўлди. Ҳатто одамлар севиб, роҳатланиб, баъзан қийналиб яшаётган оламдан ўзига сув-ҳаводек жуда-жуда зарур ниманидир излаб қолди. Қўлтиқтаёқда бўлса ҳам ёғоч оёғини авайлаб босиб қишлоқ кўчаларини бемалол кезиб юрар, қўшниларникига чиқиб чақчақлашиб ўтириб келарди. Қадоқланиб қолган кесилган оёғида аввалги қаттиқ оғриқлар унчалик сезилмасди.
Шундай кунларнинг бирида туман марказидаги катта бозорга борди. Бозорга кираётиб тумонат одамларнинг орасида шовқин-сурондан боши айланиб кетди. Илгари сира бунақа бўлмасди. “Энди ҳаммаси бошқача, – дея ўйлади. – Янги ҳаётимга ўрганишим шунчалик қийинми? Лекин бошқа иложим ҳам йўқ-да”. Чўнтагидаги ногиронлик нафақасини ушлаб қўйди. Ҳали бу пулга нима сотиб олишниям ўйлаб кўрмаганди. Шунчаки, расталарни айланиб, томоша қила бошлади. Бозорда эски-туски, минг турли буюмларни сотувчилар кўп эди. Уларни томоша қилиб айланиб юраркан, алланимани бағрига босиб, деворга суяниб ўтирган қоқ суяк кампир эъти­борини тортди. Беихтиёр унинг қўлидаги фотоаппарат кўзига чўғдек кўринди. Бу “Фотокор” русумли, урушдан аввал чиққан пластинкали камера эди. Билим юртида шу аппаратни ўрганганди, шуни эслаб ҳаяжонланиб кетди. Ўшанда ўзининг ҳам ана шундай фотоаппарати бўлишини орзу қилганини эслади. Ҳозир ўша истак-орзуси жунбишга келди. Беихтиёр тўхтаб, фотоаппаратдан кўзини узолмай тикилиб қолди. Кампир буни дарров пайқади, ўзи ҳам шуни кутиб тургандек, қўли билан имо қилиб олдига чақирди. Толибжон оқсоқланиб кампирнинг олдига келди. Кампир фотоаппаратни чақалоғини авайлаган онадек бағридан “юлиб”, нимагадир қовоғини уйганича титраб-қақшаб узатди:
– Ма, кўр-чи, – деди синиқ овозда.
Толибжон, аввал ўнг – ёғоч оёғини четга суриб, жойида мустаҳкам туриб олди. Кейин эгилиб, кампирнинг қўлидан фотоаппаратни олди. У ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди-да, очиш тугмасини босди. “Ширқ” этган товуш эшитилиб, камеранинг олдинги қисми очилди. У машғулотига чунонам берилиб кетганидан ўзига маъюс термилаётган кампирни унутиб, равшанликка созлаш кремальерасини бурай бошлади. Қора мех чўзилиб, объектив олдинга сурилди. Фотоаппаратга жон кирди гўё. Бундан завқланиб, тепки ричагини босди, диафрагмани тўғирлаган бўлди. Уни диққат билан кузатаётган кампир яна тилга кирди:
– Сен… буни тушунасанми?
Кампирнинг овози Толибжонни ҳушига келтирди. Бозорда тургани, қўлидаги фотоаппарат қаршисидаги бир бурда бўлиб қолган қоқсуяк кампирга тегишли эканини шундагина эслади.
– Тушунаман, – деди оғзи қулоғига етиб. – Билим юртида ўрганганман.
– Ўғлимники эди, – ўкиниб гапирди кампир. Унинг овози узоқ-узоқлардан келаётгандек ғалати эшитилди. – Урушдан қайтмади… Асраб юргандим… Сотмасидим… Неварамга пул керак.
Кампирнинг озғин, ёноқ суяклари туртиб чиққан серажин юзига ёш қуйилди.
– Сен яхши йигитга ўхшайсан, ол! – У ўтирган кўйи орқасига ўгирилиб, деворга суяб қўйилган уч оёқли штативни ҳам олиб, Толибжонга узатди.
Толибжон кампирга ачиниб кетди, чўнтагидаги бор пулини чиқариб унга тутқазди:
– Шу ҳаммаси, – деди илтижоли термилиб.
Кампир бир даста пулни олди.
– Авайлаб тут, – деди-да, иҳраб-сиҳраб, қўлини деворга тираб ўрнидан турди. Ортига ўгирилмай, бозор дарвозаси томонга юриб кетди.
Толибжон штативни ерга қўйиб, фотоаппаратни елкасидаги халтага авайлаб жойлади. Бармоқлари титраётганини сезди. Бу ноёб буюм бутунлай ўзиники эканига ҳануз ишонолмасди. “Умрида биринчи марта мана шундай қимматбаҳо буюмни ўзининг пулига сотиб олди, ахир! Майли, ногиронлик нафақаси бўлсаям ўзининг пули-да. Уни хоҳлаганича сарфлаши мумкин. Ойиси шундай деган. У фотоаппарат сотиб олди. Бу ёмон эмас-ку?” Толибжон штативни қўлтиқлаб бозордан чиқди. Юрагида ширин бир энтикиш бор эди. Шошилмасдан автобус бекатига келди. Қишлоққа қатнайдиган автобусига чиққанида ҳамма бирдан унга тикилди. У олиб кирган штатив синчков йўловчиларнинг диққатини тортганди. Улар оқсоқланаётган йигитнинг ғалати буюмига қараб-қараб қўйишарди. Толибжон орқароқдаги бўш ўриндиққа ўтириб, штативни оёқлари орасига тик қилиб қўйиб олди. Атрофдагиларга эътибор бермай, хаёлга чўмди. Қора чарми титилиб кетган ўриндиқда ўтираркан, юкхалтасидаги фотоаппарат кўз олдидан кетмади.
Автобусдан тушиб, уйига етиб келганида чеҳраси кулиб турарди. Сўнгги кунлардаги изтироблари тонгда дарё бўйини қоплаган туманни қўёш нурлари эритгандек тарқаб кетди. Шу лаҳзада ногиронлигини ҳам унутди. Югургилаб уйга киргиси, ойисини қучоқлаб, фотоаппаратини кўрсатиб мақтангиси келди. Ўғлининг юз-кўзи қувончдан порлаётганини кўриб Муслима опа ҳайрон бўлди. Қўлтиғидаги ғалати буюмга ажабланиб қаради:
– Бу нима, ўғлим? – деди.
– Штатив, ойи. Халтамда фотоаппарат ҳам бор. Сурат олмоқчиман.
У елкасидаги заъфарон ранг брезент халтани онасига узатди. Муслима опа халтадан авайлаб “ғалати буюм”ни олди. У ёқ-бу ёғини айлантириб кўриб, ҳамон қаршисида турган Толибжонга узатди. У фотоаппаратни олиб, уч оёқли штативга маҳкамлай бошлади. Бу ишни тажрибали суратчилардек чаққонлик билан бажарди. Камерани очиб, кремальерасини бурадида, равшанликка созлади.
– Энди сурат оламан! – деди у мамнун жилмайиб.
Муслима опа бу ғалати матоҳнинг қийматини тушунмаса-да, ўғлининг юз-кўзлари кулиб турганидан кўнгли кўтарилди. Толибжон шундагина сурат олиш учун фотопластинка кераклигини эслаб, бирдан қиёфаси жиддийлашди. Кампирдан фотопластинкалар бор-йўқлигини сўрамаганди…
– Ойи, мен сурат олишни биламан, – деди бўшашиб. – Билим юртида ўрганган­ман. Лекин фотопластинкалар йўқ?
– У нима, қаерда бўлади? – деди Муслима опа рўмолини тўғирларкан. – Мен олиб келаман, ўғлим.
Толибжон кулиб қўйди. Айни чоғда онасининг ўзи учун тоғни ҳам қўпоришга тайёрлигидан кўнгли бузилди. Ундаги беҳад куйинчаклик юрагини эзди:
– Ойи, фотопластинка фақат шаҳарда бўлади. Кейинги нафақамдан сотиб оламан. Сиз буни ўйламанг. Унгача қиладиган ишларим бор.
Толибжоннинг хаёлидан автобусда келаётиб тузган режаси кетмаётганди: “Келаси ойдаги нафақасига фотопластинка, очиргич дорилар, фотоқоғоз сотиб олади. Унгача нусха кўчиргич қути ясайди. Буни албатта эплайди!”.
Шу кундан бошлаб уни таниб бўлмай қолди. Муслима опа, “боламга эрмак топилди”, деб хурсанд эди. Бу “эрмак” Толибжон учун ҳаёт-мамот жангига айланди. Ботинан ўзи билан ўзи олишарди. Ногирон, аммо аниқ мақсади бор Толибжон аввалги, кўнгли бўш, бир оёғидан айрилиб чўкиб қолган Толибжонни енгишга уринарди гўё.
Толибжоннинг кўз олдида юксак-юксакларга бўй чўзган қорли тоғ пайдо бўлди. Юраги қоялар орасига яширилган аллақандай сирли хазинага талпинарди. Ниҳоят хазинани топди. Буни ўзи бозорда учратган, урушда шаҳид бўлган ўғлининг фотоаппаратини қучоқлаб ўтирган кампирнинг мунгли кўзлари айтиб кетди. Унинг қарашларида чарчоқ, шунинг билан бирга, яшаш керак, деган қатъият бор эди. Кампирдан сотиб олган фотоаппарати йўлга бошловчи белги эмасми? Энди, бу – унинг фотоаппарати! Билим юртида ўқиётганида сураткашликни жон-дили билан ўрганарди. Қоронғи хонада, алвон чироқнинг сирли шуъласида тасвир пайдо бўлишини ҳайрат билан кузатиш олам-олам завқ бағишларди. Мана энди ўзининг фотоаппарати бор. Негатив фотопластинка, кимёвий дориларни шаҳардан олиб келади. Сурат ишлаш учун контакт қутиси ясаса бас. Лекин қишлоқда ҳали электр йўқ. Майли, ҳозирча табиий ёруғлик ёки чироқдан фойдаланса ҳам бўлади.
Толибжон шу куни контакт қутиси тархини қоғозга туширди. Ўлчамларини бир неча марта қайта ўзгартирди. Бу иш ўзига олам-олам завқ бағишлади. Фотография жараёнларини хотирасида сақлаб қолгани, бемалол амалда қўллаётганидан хурсанд эди. Ниҳоят чизма тайёр бўлди. Оқ варақдаги тархга анча пайт тикилиб ўтирди. Чизмаларни хаёлан қайта ҳисоб-китоб қилди. Шундан сўнг ясашга киришди. Бунинг учун бўшаган чой яшигидан фойдаланди. Яшикнинг бир томонига эшикча ўрнатди. Тепа қисмига юпқа тахтачалар қоқиб, фотопластинка катталигида тирқиш қолдирди. Бу тирқишга хиралаштирилган ойнани жойлаштирди. Очиқ қолган жойларга қора қоғоз елимлаб чиқди. Қоронғи хонада яшик ичига керосинли чироқни ёқиб, текшириб кўрди. Чироқнинг ёруғи юқоридаги негатив ўрнига бир текисда тушди.
Бу негативдан “контакт” усулида, яъни негатив билан фотоқоғозни бир-бирига жипслаштириш йўли билан сурат ишланадиган энг оддий “дастгоҳ” эди. Сурат олиш ва ишлаш учун жиҳозлари тахт бўлди. Толибжон бунга талай вақтини сарфлади.
Энди у кейинги нафақасини сабрсизлик билан кута бошлади. Бир ой муддат жуда узоқ туюлди. Хаёлида вақт ниҳоятда имиллаб ўтарди. Баъзи кунлари юраги сиқилиб кетади. Ўзини қўйишга жой тополмасдан, ойисига билдирмай “уф” тортади. Шундай пайтларда фотоаппаратини штативга ўрнатиб, ҳовлига чиқади-да, сурат олган бўлади. Бу машғулот овунчоғига айланди. Бир куни дарё бўйига борди. Тўрт-беш ёшлигида бу ерга дадаси, ойиси билан тез-тез келиб туришарди. Сабаби – Толибжон болалигида янги чиққан майсадек нимжон бўлиб ўсди, елвизакдан ўтса ҳам шамоллаб қолаверди. Дўхтир дарё бўйида, очиқ ҳавода кўпроқ бўлишни маслаҳат берди. Бу болани чиниқтирар экан. Дадаси билан ойиси уни ҳар куни дарё бўйига олиб чиқа бошлашди. Соҳилдаги ўтлоқда дам олишар, Толибжон ўт-ўланларни юлиб ўйнарди. Бора-бора бунга ўрганиб қолди. Дарё бўйига бормай қолишса хархаша қиладиган бўлди. Очиқ ҳаво, майсазор, дарёдан келаётган намхушҳаво соғлиғига яхши таъсир қилди. Иштаҳаси очилиб, тез қувватга кира бошлади. Шундан кейин дадаси билан ойиси дарё бўйига келишни баҳордан кузгача канда қилишмади…
Толибжон дарё қирғоғига чиқиб ана шу хушбахт дамларини эслади. Камерани ўрнатиб, қора мовут остига кирди. Хиралаштирилган ойнадан қараб, йироқларда қолган беғам болалигини излаётгандек яшил соҳил манзарасига мафтун бўлди. Камерада тасвир тескари кўринарди. Майсазор осмонга чиқиб қолгандек… Нимагадир боши айланди. Мувозанатини сақлолмай, гавдаси чайқалди. Ёғоч оёғи ғижирлаб, кайфияти бузилди. Қора мовутни камера устига сурди-да, қўлини белига тираб, қаддини ростлади. Шунда ўзини – штативга ўрнатилган камера олдида мағрур турган Толибжонни кўрди. “Суратчи!”. Миясидан шу фикр чақмоқдек чақнаб ўтди. Ҳа, у суратчи бўлади! Ҳаётни мангуга муҳрлайдиган сеҳргарга айланади!
Толибжон баногоҳ вужудини титратган туйғудан маст эди. Айни пайтдаги масрурлигини сурат олишгагина боғлаб бўлмасди. Ўзи учун оламнинг гўзаллигини, ундан завқланиб яшаши мумкинлигини кашф этганди. Бу истак юрагида гулхан бўлиб ёнди!
3

Толибжон шу кунларда қўлтиқтаёқсиз юришни ҳам машқ қилаётганди. Бу осон кечмади. Кесилган ўнг оёғида аввалгидек жон олувчи оғриқлар бўлмасаям, қўлтиқтаёқсиз юриб кўрмаганди. Ясама оёғини босганида биттадан тишини суғуриб олаётгандек азобланарди. У бор иродасини ишга солиб, чидам билан тақдирга басма-бас машқини давом эттираверди. Бутун баданидан тер қуйилиб, иҳраб-сиҳраб ҳовлида у ёқдан-бу ёққа маст одамдек гандираклаб юргани-юрган. Неча-неча марта йиқилиб, билаклари шилинди. Ойиси: “Бас, бўлди қил, жонинг керакмасми?”, – дея ачинар, куйиниб койирди. Толибжон кўзларидан тирқираб ёш чиқиб, додлаб юборган пайтларидаям машқини тўхтатмади. Ҳаёт-мамот жангига кирган аскардек қадам-бақадам даҳшатли оғриқларни енгиб бораверди. Бора-бора ёғоч оёқда қўлтиқтаёқсиз юришга анча ўрганди.
Ёзнинг оловли қуёши еру осмонни аямай қиздиради. Полизда қовун-тарвузлар ғарқ пишди. Боғлар шарбатга тўлган олтинранг, қирмизи олмаларни кўз-кўз қилади. Қишлоқ болалари кун бўйи сувдан чиқишмайди, дарё соҳилидаги қумлоқда думалаб ётиб роҳатланишади. Шундай кунларнинг бирида почтачи Толибжоннинг нафақасини олиб келди. Бу кун унинг учун катта байрамга айланди. Қўлида бир даста пул, қувонганидан кўзлари чақнаб, дераза олдида игна билан ниманидир тикиб-чатиб ўтирган Муслима опанинг олдига келди:
– Ойи! Мана, нафақамни олдим! – деди бир даста пулни кўрсатиб.
– Эртага саҳарда поездга ўтирамиз, – деди Муслима опа хотиржам.
– Ойи, сиз ҳам бормоқчимисиз? – Толибжон ажабланди.
– Ўзинг қийналиб қоласан. Ёнингда бўлай, дейман-да.
Толибжон кулди. Ойиси уни ҳалиям ёш бола деб ўйлайди. Бунга аччиғи келади, баъзан меҳрдан шамдек эрийди. Ҳозир ҳам шундай бўлди.
– Қийналмайман, ойи, ўзим эплайман, – деди миннатдорлик билан.
Муслима опа эътироз билдирмади:
– Майли, эҳтиёт бўл, шаҳарда ҳар хил одам бор.
Толибжон тунда анча пайт ухлолмай ётди. Хаёлига минг хил ўй қуюндай ёпирилиб келарди. Шаҳарда ўқиган даврлари ёдига тушди. Билим юртини эслади. Икки қаватли, оч зарғалдоқ бино, қадрдон ўртоқлари кўз олдида жонланди: самарқандлик Ҳусан, Баҳром, ётоқхонадаги ҳамхонаси Убайдулла, қўқонлик Мухторали ака… Тўғри, Толибжон истаган пайтида ўқишга бориши мумкин; домлалари шундай дейишган. Бироқ энди билим юртига қайтмасликка қарор қилди. Ҳамма унга ачиниб қарашини истамайди, кимдир “чўлоқ”, деб кулар ҳам… Унда кўнгли юз, минг карра чўкади. Аслида, ўзи тушиб қолган зимистонда эндигина бир чимдим ёруғлик кўринди. Бу илинжини йўқотмаслиги керак. Эртага шаҳарга боради… Шундай хаёл билан ухлаб қолди.
Саҳарда онаси уйғотди:
– Тур, болажоним, вақтинг бўлди, – деди меҳр билан бошини силаб.
Толибжон сакраб ўрнидан турмоқчи бўлди. Бир оёғи йўқлиги, ёғоч оёғини ечиб қўйгани ёдига тушди. Буни бировдан яширмоқчи бўлгандек беихтиёр кўрпани устига тортди.
Ойиси уни тушунди, чамаси, индамасдан чиқиб кетди. Толибжон ҳар кунги одатича жигарранг қайишларни тортиб боғлади. “Худди отнинг айилини тортаётгандек, – деган ўй келди хаёлига. – Бунга ҳам ўрганиб қолдим”.
У ювиниб келди-да, нонушта қилишга ўтирди. Дастурхон устида онаси кўп ­гапирмади.
– Ойи, ўйланманг, мен зўр суратчи бўламан! – деди пиёладаги чойни ҳўплаётиб.
Муслима опа унга тикилиб турди-да, кўзидан қуйилаётган ёшни рўмолининг учи билан артди. Толибжон пиёладаги чойини шошилиб ичиб, ойисига қаради. Муслима опа қўлини фотиҳага очиб, дуо қилди. Толибжон дарвозадан чиқаётиб ойисига кулиб қаради:
– Хавотир олманг, кечроқ қайтаман, – деди.
Тонгги мусаффо ҳаво ёқимли эди, танига хуш ёқди. Чуқур-чуқур нафас олиб, бир лаҳза атрофга аланглаб турди, кейин аста-секин темир йўл бекати томонга юрди.
Бекатга келганида шаҳар атрофига қатнайдиган поезднинг келишига бироз вақт бор эди. У чипта олиб, ташқарига чиқди. Бўш харракка ўтириб, пўлат излар ортидаги уйларга тикилди: “Бу уйларда турфа тақдирли одамлар яшашади. Ҳар бирларининг ўз ташвишлари бор. Унинг ҳам муаммоси ўзига етарли. Ҳамма ўз ташвишини ўзи кўтаради…”
Темир йўл навбатчиси юк поездини кузатгани чиқди. Узундан-узоқ қизил вагонлар тизими шовқин-сурон билан ўтди. Навбатчи қўлидаги “жезл” таёқчасини ўйнатиб бекат биносига кириб кетди. У ёқдан-бу ёққа ўтаётган йўловчилар Толибжонга эътибор беришмасди. Хаёлида вақт жуда имиллаб ўтарди. Қани эди, қанот чиқариб учса-ю, бир зумда шаҳарга етиб олса.
Узоқдан йўлбарсдек пишқириб келаётган поезд нафасини ростлаб олмоқчидек қишлоқ бекатида тўхтади. Қопчиқ, алюмин сут идиши, тўрхалта кўтарган эркак-аёллар издиҳоми вагонларга тирмаша кетди. Толибжон зинадан кўтарилаётиб қийналди. Унга ўрта ёшлардаги бир йигит ёрдамлашди. У раҳмат айтиб, вагонга кирди. Жигарранг чарм қопланган ўриндиққа бемалол ўтириб олди. Поезд жойидан қўзғалди. Ойнадан кўриниб турган бекат ортда қола бошлади. Бироздан кейин дарё кўприги бошланди. Поезд кўприкдан тарақа-туруқ қилиб ўтиб бораркан, дарёнинг мовий тасмадек уфққа томон ингичкалашиб кетган ўзани ортда қолди. Пахта далалари, қишлоқнинг четан деворли уйлари бошланди. Бироздан кейин вагон хизматчиси қалайи тутқичли стаканда чой, оқ қанд олиб кирди. У қоғозга ўралган оққандни очиб, чойга солди, қошиқча билан эринмай аралаштирди. Чой бироз совигач, оз-оздан ҳўплаб, вагон ойнасидан лип-лип этиб ўтаётган манзараларни томоша қилиб борди.
Поезд ҳар бир бекатда тўхтаб, борган сари шаҳарга яқинлашарди. “Зартопган” деб ёзилган навбатдаги темир йўл бекати эътиборини тортди. Бекатнинг қизил ғиштли биноси икки тарафдан қуюқ дарахтзор билан қуршалган. Азамат чинор, сада қайрағочлар кўҳна бинонинг қўриқчиларидек сирли кўринарди.
Поезд жойидан жилди. Бўш стакан қалайи тутқичга тегиб қитирлай бошлади. Толибжоннинг хаёлига ўша бекатда кўрганлари ўрнашиб қолганди: қизил ғиштдан қурилган кўҳна бино, азамат чинор, сада қайрағочлар кўз ўнгида гавдаланди. Поезд тезлашиб борарди. Энди вагон ойнасидан меваси мўллигидан шохлари эгилган олма дарахтлари кўринди. Олмазор боғ шундай дилтортар эдики, поезддан тушгиси, шу боққа киргиси келди. Тўғри, у авваллари ҳам поездда ёки машинада шаҳарга қатнаган, шу ерлардан ўтган. Бироқ ўша пайтларда бу мафтункор боғларга эътибор бермаган экан. Энди, ногирон бўлиб қолганида, узоқ пайт уйда ўтиравериб зерикканиданми буларнинг ҳаммаси азиз, қадрли бўлиб кўринмоқда эди.
Поезд шаҳарга етиб келганида Толибжоннинг кайфияти кўтаринки эди. Шаҳарни субҳи содиқ қучоғига олган. Хобгоҳидан кўтарилаётган қуёш кўп қаватли биноларнинг пештоқига олтин упа сепиб улгурган. Дўконлар очилишига ҳали бироз вақт бор экан. У нима қиларини билмасдан вокзал биносига кирди. Катта зал қатор-қатор ўриндиқлар билан тўла. Ҳар-ҳар жойда поездини кутаётган йўловчилар суҳбатлашиб ўтиришибди. Айримлари тунда вокзалда қолишган чамаси, ўтирган ўринларида мудрашмоқда. Кўпчилик тугун ёки сумкасини тиззасига қўйиб олган. Иккита ўрта ёшлардаги аёл куйиб-пишиб бир-бирларига гап уқтиришади. Бурчакдаги қаримсиқ, малласоч хотин оғзини очиб баралла хуррак отмоқда. Исқирт ки­йимлар солинган тўрхалтаси оёғи остида ўралашиб ётибди. Ёнида олти-етти ёшлардаги қизча. У атрофга бесаранжом аланглайди…
Залнинг ўнг томонидаги бурчакни очиқ қаҳвахона эгаллаган. Пештахталари сомса, пишириқлар билан тўла. Хўрандалар баланд доира столларда тик турган ҳолда қаҳва ичиб, ликопчада берилган сомса ёки пишириқларини ейишмоқда. Мармар аралаштириб ишлов берилган полда, хўрандаларнинг оёғи остида юзи шишинқираган, соқол-мўйлови ўсиқ исқирт ногирон кўринди. Икки оёғининг сонидан пасти йўқ. У золдир ғилдиракли пастак қўлбола аравачага ўтириб олган. Бир қўлида пачоқланган алюмин кружка, иккинчи қўлида сомса. Ҳеч кимга эътибор бермасдан ютоқиб кавшанмоқда. Ҳар замонда кружкасидан чой ҳўплаб қўяди. “Урушда ногирон бўлганмикин? – ўйлади Толибжон. – Кўзлари қизарган, саҳарлаб ичиб олганми? Ўзича нималарнидир ғўлдираяпти. Аммо уни ҳеч ким эшитмайди. Атрофдагилар жирканиб, узоқроқ туришга ҳаракат қилишади”.
Толибжон ногиронга бироз қараб турди-да, кескин бурилиб, ғала-ғовур залдан шошилиб чиқиб кетди. Судралиб юрган ногироннинг аянчли кўриниши кайфиятини бузди. Қаҳвахонадан узоқлашган сари ўша тўртта золдир ғилдиракли аравача, икки оёғи кесилган ногирон кўз олдига келаверди. Танасида совуқ титроқ турди. Юраги дукиллаб тез ура бошлади. Ташқарига чиқиб, тоза ҳаводан чуқур-чуқур нафас олди. Автомат қуйгичдан муздек сув ичди. У очилишини кутаётган дўкон вокзалнинг қарши тарафида эди. Бу ҳарбийлар универмаги бўлиб, каттагина фото анжомлар бўлими борлигини биларди. Билим юртида ўқиётганида бир неча марта келган. Нохуш хаёллардан чалғиш учун ўша томонга юрди. Универмагга етай деганида қирмизи ранг қўш тавақали баҳайбат эшик очилди. У савдо залига биринчи бўлиб кирди. Ўзига ажабсиниб тикилган сотувчи қизга эътибор бермай, фотография бўлимига ўтиб кетди. Бўлимнинг ойнаванд пештахталари минг хил фото асбоб-анжомлари-ю, кимёвий дориларга тўла эди. Толибжон пештахтадан кўзини узолмай қолди. Шу пайт олдига ўрта ёш, дўппи кийган қотма сотувчи келди. Толибжон салом берди. Дафъатан нима деярини билмай, хаёлига келган савол билан мурожаат қилди:
– Ака, фотопластинканинг муддати ўтмаганми?
– Окоси, бизда эскирган товар бўмийди, – деди сотувчи.
Толибжон хижолат бўлди. Шошиб ўзига керакли кимёвий дориларни айта бошлади. Ҳаммасидан бор экан. Пули етганича фотопластинка, фотоқоғоз, кимёвий дорилардан сотиб олди.
Яна вокзалга қайтиб келди. Бир соатча ўриндиқлар қўйилган майдончада дам олиб ўтирди. Шундан кейин шаҳар атрофига қатнайдиган поездга чиқди.

4

Толибжон ўша куни шаҳардан қайтганида руҳида ёқимли бир енгиллик ҳис этди. Орзу-умидлари мустажоб бўлганини ягона ҳамрози – ойисига тезроқ айтгиси келарди. Муслима опа ошхонада кечки овқатга уннаётган экан, ўғлини одатдагидек беозор жилмайиб қарши олди:
– Келдингми, болам?
– Ойи! – Толибжон елкасига осиб олган юкхалтасига ишора қилди. – Ҳаммасини олиб келдим!
Толибжоннинг кўзлари қувончдан порлаб, йўлда чарчаганига қарамасдан жилмайиб турарди. Муслима опа ўғлини кўпдан буён бундай ҳолатда кўрмаганди.
– Ишинг битдими, ахийри? – деди қўлидаги капгирни қозонга қўйиб.
– Битди, ойи, эртага сизни суратга тушираман. Энди фотопластинкаларим бор.
– Раҳмат, болам.
Толибжон орзулар қанотида парвоз қиларди гўё, ботиний ҳаяжони босилай демасди. Ҳозир, шу дамда иш бошламоқчидек, шошилиб хонасига кирди. Фотопластинка, фотоқоғоз, кимёвий дориларни ўзи ясаган токчаларга тахлади. Хаёлан эртанги кун режасини туза бошлади. Муслима опа “овқатингни еб ол, болам”, деб чақирмагунича хонасидан чиқмади.
Қоронғи тушганда ойисининг ҳай-ҳайлашига қарамасдан яна ичкарига кириб кетди. Бир нечта фотопластинкани кассеталарга жойлаб, камерани ишга тайёрлади. Сўнгра чарчоқ енгиб, эрта ўринга ётди.
Тонгда деразадан тушган офтоб нурлари унинг буғдойранг юзи, тим қора қалин қошларини сийпалаб уйғотди. Ўрнидан туриб, тунда ечган ёғоч оёғининг қайишларини маҳкам тортиб боғлади. Деразага яқин келиб, ҳовлига қаради; қўлида супурги билан онаси куйманиб юрарди. Ёз тонги серишва бўлади. Қуёшнинг олтинранг нурлари ҳовли ўртасидаги бир туп ўрик япроқларини эркаламоқда. Молхонадан сигирнинг чўзиқ ноласи, унга жавобан бузоқчанинг сурнай овозидек зорланиши эшитилди. Толибжон кийиниб, ташқарига чиқди. Ўрик остидаги қумғондан сув қуйиб, тик турганича тез-тез ювинди.
– Ойи, сурат олишга борамиз, – деди артинаётиб.
– Қаёққа? – Муслима опа ажабланди.
– Дарё бўйига. Сизни ўша ерда суратга тушираман.
Муслима опа тўхтаб, қўлидаги супургини ерга қўйди. У якка-ёлғиз ўғлининг кўнглига қарарди. Айниқса, Толибжон бир оёғидан ажралганидан кейин “йўқ” деган сўзни бутунлай унутди.
– Хўп, болам, чойингни ичиб олмайсанми?
– Кейин ичаман. Саҳарда ёки кун оғаётганда ёруғлик ёнбошда бўлади, шундай пайтларда суратга туширсам яхши чиқади.
Ўғлининг ақлли гаплари онасига ёқди:
– Шошма, мен кийиниб чиқай, – деди.
Толибжон хонасига кириб, фотоаппарат билан штативини олди. Ҳовлига чиққанида онаси тайёр бўлиб уни кутиб турарди. Эгнида мовий гулли, тўй-маъракаларга киядиган кўйлаги, бошида янги дурра.
– Ойи, шу кўйлагингиз жуда ярашади.
Муслима опа ўғлининг гапига жилмайиб, дарвоза томонга одимлади:
– Юр, ўғлим, борсак борақолайлик.
Улар кўчага чиқиб, зарҳал баркашдек фалакка кўтарилаётган қуёшга пешвоз юришди. Дарё уйларига яқин эди. Бироздан кейин кумушранг тасма мисоли товланаётган сув кўринди. Узоқда дарёни кесиб ўтган темир йўл кўпригининг металл конструкциялари кўзга ташланади. Соҳилга етиб келганларида дарёдан эсаётган шабада Толибжоннинг сочларини тўзғитиб ўйнай бошлади. Унга қараб Муслима опанинг меҳри товланиб кетди.
– Болалигингда сени шу ерга олиб келардик, – деди дарёга ўйчан қараб.
– Биламан, ойи, мени дадам кўтариб олардилар.
– Эсингдами?
– Эсимда, – деди штативга фотоаппаратини маҳкамлаётган Толибжон.
У нафақа кутиб ўтказган бир ой вақт давомида бу машғулотни қайта-қайта так­рорлайвериб, уста суратчилардек ишлашни ўрганиб олганди. Бир зумда “Фотокор” сурат олишга тайёр бўлди.
– Қуёш сизни ёритиши керак. Ойи, бу ерда туринг! – деди Толибжон сувга яқинроқ жойни кўрсатиб. – Шундай… Мана энди дарё ҳам кўринади. Ўзиям зўр сурат чиқади-да!
– Ноқулай бўляпти, ўғлим…
– Ойи, суратга тушишдан қўрқяпсизми? – Толибжон кулди. – Йўқ, озгина ёнбошлаб туринг… Бўлмади! Ойи, яхшиси, қўлингизни пешонангизга соябон қилиб, дарёга қаранг. Ҳа, мана шундай! Энди бошингизни озгина кўтаринг!
Толибжон машғулотига шунчалар берилиб кетгандики, онаси кейинги пайтда инжиқ, хаёлчан бўлиб қолган ўғлини ҳозир таниёлмай қолди. У қора мовут остига бошини суқиб, объективни равшанликка созлади. Камерага фотопластинкали кассета ўрнатиб, қопқоғини кўтарди. Тепки тасмасини босаётганида ҳаяжондан юзлари қизариб кетганди.
– Бўлди, ойи, – деди Толибжон эҳтиёткорлик билан кассета қопқоғини ёпаркан.
– Осон экан-ку! – Муслима опа ажабланди. – Кўрсат-чи, қандай тушибман?
Штативни йиғиштираётган Толибжон ишидан тўхтаб, ойисига қаради. Онасининг нимани сўраётганини тушуниб, кулди. Муслима опа ҳамон унга жиддий тикилиб турарди.
– Ойи, ҳозир фақат суратга туширдим. Энди негативни очириш, қуритиш керак. Шундан кейин сурат ишлайман. Юринг, уйга қайтамиз.
Ҳовлиларига кириб келишганда кун ёйилиб қолганди. Ойиси уйга кириб кўйлагини алмаштириб чиқди. Ҳамон ҳовлида каловланиб турган ўғлига бир қараб қўйди-да, ошхонага бориб тандирга ўт қалай бошлади. Толибжон фотоаппарати билан штативни хонасига олиб кирди. У фотоаппаратида биринчи марта сурат олгани учун безовта эди. Ўзини босиб олмоқчи бўлиб, ҳовлига қайтиб чиқди. Атрофни мақсадсиз бир-икки айланди. Бостирма остидаги эски этикка кўзи тушиб, отасини эслади. Отаси ўзи ишлайдиган геология-қидирув идорасидан қаерга юборишса, ўн беш-йигирма кун, баъзан ойлаб ўша ерда қолади. “Дадам уйда бўлганларида суратга туширардим, – дея ўйлади. – Майли, фотопластинкалар етарли, ҳали дадамниям суратга оламан!”
– Ўғлим, чойингни ичиб ол, сен яхши кўрадиган патир нон ёпдим.
Муслима опанинг овози уни ўзига келтирди. Қўлини ювиб, айвондаги хонтахта ёнига келиб ўтирди. Ойиси олдига қўйган иссиқ патирни синдириб “уф-уф”лаб тез-тез ея бошлади.
– Шошилмай е, ўғлим, – деди Муслима опа.
– Шошмасам бўлмайди, ойи. Ҳозир суратингизни ишлайман!
– Майли, ишларсан ҳали.
– Ойи, мен тўйдим.
Толибжон ўзига фотиҳа қилиб, ўрнидан турди. Муслима опа “чойингни ич”, деганича қолди.
У деразасига қават-қават қора мато тутиб қоронғилаштирилган хонасига кирди. Эшикни очиқ қолдириб, қўнғир рангли идишчаларга керакли эритмаларни қуйди. Шундан кейин эшикни ёпди. Хона қоп-қоронғи эди. Пайпаслаб ўзи стол устига қўйган кассетани топди. Деразага орқасини ўгириб, кассета қопқоғини очди. Ундан шиша пластинкани авайлаб олиб, очиргич эритмага ботирди. Қоронғида кўринадиган фосфорли соати йўқ эди. Вақтни белгилаш учун пичирлаб санай бошлади. Жуда узоқ санагандек туюлди. Аслида бор-йўғи икки дақиқа вақт ўтганди. Фотопластинкани тоза сувда чайқаб, қотиргич эритмага ботирди.
Толибжон эшикни минг хил ўйда очди: “Негатив чиқдимикан? Хатога йўл қўймадимми? Ойимнинг олдиларида уялиб қолмасам бўлди-да. Мақтанаверибман, мақтанаверибман… Лекин ҳаммасини тўғри қилдим”.
У иштибоҳ билан негатив фотопластинкани эшикдан тушган ёруққа тутди: “Воажаб! Мана онаси, орқада дарё! Ҳаммаси тиниқ! Ахир бу ўзининг фотоаппаратида олган биринчи сурати! Бундай сифатли негативни фотоқоғозга туширса бўлади”.
Толибжон шиша фотопластинкани тоза сувда қайта-қайта чайди. Қуритиш учун тик қилиб қўйди-да, ҳовлига чиқди.
– Ойи! – у қувонганидан бақириб юборди.
Олдига ҳовлиққанича Муслима опа келди:
– Нима бўлди, болам?!
– Ойи! Суратингиз чиқади! Зўр чиқади! Ҳозир, негатив қурисин…
– Вой болам-а, юрагимни ёриб юбординг-ку? Оёғинг…
Онаси “оёғингга бир нарса бўлдими”, демоқчи эди. Лабини тишлаб, қолганини айтмади. Ўғлига хавотир билан қаради.
– Ойи, биринчи марта суратингизни ишлаяпман, – деди Толибжон хижолат бўлиб. – Ўзимни фотоаппаратимда олганман ахир! Ичимга сиғмай кетяпман-да!
– Менга сен хурсанд бўлсанг кифоя.
– Суратчилик жуда қизиқ, ойи.
У оқсоқланиб яна хонасига кириб кетди. Ўзи жиҳозлаган оддийгина фотолабораториясидаги керосинли чироқни ёқди. Хона ёришди. Негативни ёруққа тутиб, яна бир марта кўздан кечирди. Очиргич эритмани фотоқоғозники билан алмаштирди. Иккинчи чироқни ёқиб, қизил шишали қутичага жойлади. Бу сурат ишлаётганда ёқиб қўйиладиган “хавфсиз” ёритқич вазифасини ўтарди. Аввалги чироқни ўзи ясаган қўлбола сурат ишлаш дастгоҳига жойлади. Шиша негативни юқори тирқишга ўрнатди. Аввал бир парча фотоқоғозга намуна олиш керак эди. Бунга Толибжоннинг сабри чидамади. Бир йўла негатив катталигидаги фотоқоғозни қўйиб, бешгача санади. Фотоқоғозни дарҳол очиргич эритмага ташлаб, бироз чайқатиб турди.
Қизил чироқнинг хира ёруғида тасвир пайдо бўла бошлади. Толибжоннинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди! Тасвир меъёрига етганда тоза сувда чайқаб, қотиргич эритмага ботирди.
У онасининг олдига қўлидаги ҳали нам сурат билан чиқди.
– Қаранг, ойи, бу сиз! Жудаям чиройлисиз!
Муслима опа ўғлининг олдига келиб, ўзининг суратига тикилди:
– Сени кўзингга шундай кўринаман-да… Шаҳарда суратчиликни яхши ўрганибсан.
– Билим юртимизда ҳамма шароит бор эди.
Онасининг беихтиёр айтган гапи билим юртини эслатди. Толибжон ўртоқларини соғинганди. Лекин буни тан олгиси келмади: “янги ҳаётимга кўникишим керак”, – дея такрорлади ўзича.
– Ойи, мен яна сурат ишлайман, – деди-да, хонасига кириб кетди.
Муслима опанинг суратидан яна уч нусха тайёрлади. Сурат жонли чиққанди. Шу дамда уни катталаштира олмаганига ачиниб кетди. Ўзи ясаган дастгоҳда фақат негатив юзасига мослаб “9х12” сурат ишлай оларди. Катталаштириш учун фотойириклаштиргичи йўқ. Бўлганда ҳам фойдаланолмайди. Чунки фотойириклаштиргич электр чироғида ишлайди.
Шу куни кечгача қўлбола фотолабораториясида майда-чуйда ишлар билан шуғулланди. Эртасига бутун қишлоқ Толибжоннинг сурат ишлаганини эшитди. “Бир кўрай”, деб келувчилар кўпайди. Ногирон йигитчага ачинаётганлар энди ҳавас билан қарашарди. “Шаҳарда бекор юрмаган экан”, дейишди қўшни аёллар. Улар ҳам суратга тушишни хоҳлаб қолишди.
– Толибжон, мениям худди ойингга ўхшатиб дарё бўйида суратга тушир, – деди Ҳидоят опоқи деган қўшнилари.
– Ойимнинг суратлари ёқдими? – Толибжон ўсмоқчилаб сўради.
– Ёқмай ўлибдими, болам, – кулди Ҳидоят опоқи. – Каттароқ қилоласанми?
– Кейинчалик бунинг ҳам иложини топаман.
– Барака топ! Қўлинг дард кўрмасин.
– Фақат бизда электр йўқ-да.
– Вой, амакинг айтдилар, келаси йили бутун қишлоққа симёғоч тортишармиш.
– Унда ишимиз юришади, опоқи.
Толибжоннинг номи “суратчи” бўлиб қолди. Қишлоқда “Суратга тушир”, дегувчилар кўпайди. Баъзан кун бўйи қўли ишдан бўшамасди. Туман марказидаги ўрис суратчига қатнаб, ҳужжатга сурат туширишниям ўрганиб олди. Кимдир паспорт учун, яна биров оилавий суратга тушишни хоҳлайди. У ҳеч кимга йўқ демасди. Кўпинча ярим тунгача қоронғи хонасида сурат ишлайди. Мижозлари қўярда-қўймай “қўл ҳақи”ни бериб кета бошлашди. “Шаҳарда ўқийман, деб бир оёғидан ажралди, ҳақини бермаслик уят, – дейишарди бир-бирларига. – Ахир у ҳам қоғозини пулга сотиб олади”.
Негатив пластинкалар тугай деб қолганди. Толибжон сурат учун берилган пулларни фанер қутичага йиғиб қўярди. Ҳисоблаб кўрса, харажатларига бемалол етаркан. Бу сафар нафақасини кутмасдан, қутичада йиғилган пул билан шаҳарга жўнади.

5

Толибжон учун аввалига эрмак бўлган суратчилик аста-секин ҳаётининг бир бўлагига айланди. Кунларини фото анжомларисиз тасаввур қилолмасди. Аммо қишлоқларида электр йўқ. Керосинли чироқ билан эса сифатли сурат ишлаш мушкул. “Электрли жойга боришим керак”, деган фикр тинчлик бермай қўйди. Аввалига бу режаси амалга ошмайдигандек туюлганди. Бироқ ўтирса ҳам, турса ҳам яккаш шу ҳақда ўйлайверди. Ниҳоят қатъий қарорга келди: дарё ортидаги шаҳар-қишлоқлар электрлаштирилган, ўша ёққа боради!
Фикрини минг истиҳола билан ойисига айтди. Муслима опа аввалига қўрқиб кетди. Толибжон қайта-қайта тушунтирганидан кейин ўйланиб қолди.
– Қандай бўларкин, болам? – деди иккиланиб. – Кўчишимизга отанг нима дейди?
– Ойи, кўчмаймиз, ўзим боравераман! Шаҳарда яшаганман-ку?
Ёз фаслининг жазирама чилласи эди. Толибжон енги калта оқ кўйлакда, бошида дўппи, буғдойранг чеҳрасига жилмайиб туриши жуда-жуда ярашарди. Муслима опа ўғлининг сахт-сумбатига қараб меҳри товланди. Худодан сўраб олган ёлғизининг ўша фожиада омон қолганига минг бора шукр қилди. “Мана, ўзи уриниб оёққа туряпти, ҳунарли ҳам бўлиб олди. Лекин нима қилсин, бу ногиронлик ўғлини инжиқ қилиб қўйди. Уйини, ота-онасини ташлаб қаёққа боради? Одамлар нима дейишади? Ношукр ўғил, деб унга таъна қилишмайдими? Балки, ёлғиз ўғлини уйга сиғдирмади, ҳам дейишар? Хаҳ, одамлар-а! Ўрнимга ўзларини қўйиб кўришсайди. Толибжоним энди оддий қишлоқ боласимас-да, кўнглидагини қилмаса сиқилади. Ичкиликка ўрганиб кетса-я… Худо сақласин, Худо сақласин! Толибжон ундаймас… Майли, кўнглидагини қилсин. Ёмон ишга қўл урмаяпти-ку ахир!”

* * *

Она-бола икки-уч кун Толибжоннинг вақтинчалик бирор жойга кўчиб боришини муҳокама қилишди. Муслима опа эри тоғу тошларидан қайтган куни масалани ётиғи билан тушунтирди. У дарров рози бўлмади. Ўғлини ёнига чақириб, насиҳат қилди:
– Сенга нима етишмаяпти, болам, – деди босиқлик билан. – Қишлоқда бинойидек тирикчилигимиз ўтяпти-ку. Мен геологлар билан узоқларда юрсам, онанг ёлғиз қолса майлими?
– Дада, бу ерда суратчилик қилолмайман, – бўш келмади Толибжон. – Ҳали ишимни пухта ўрганганим йўқ. Қишлоққа электр келишини кутиб ўтираверсам бўлмайди. Ойимдан тез-тез хабар олиб тураман. Кетмон чопиш қўлимдан келмаса нима қилай?
Табиатан босиқ феълли отаси индамади. Ўғлининг алам билан айтган охирги гапи ўйлантириб қўйди. Тўғри, энди у кетмончиликка ярамайди, нима қилсин?
Толибжон отасининг жим бўлганидан вазият юмшаганини пайқади. Кейинги сафар шаҳарга борганида муаммони кўндалангига ҳал қилишни кўнглига тугиб қўйди. Турли режалар тузишга киришди. Ўйлайвериб, тунлари уйқуси қочиб кетарди. Тушида “Зартопган” бекатини кўрди. Поезддан тушмоқчи бўлиб, отилиб танбурга чиққанмиш. Лекин поезд юриб кетиб, тушишга улгурмабди…
Шу кундан хаёлига қўрғошиндек ўрнашган Зартопган бекатини унутолмади. Кейинги сафар шаҳарга бораётиб Зартопганда поезддан тушиб қолишни ўйлади.
Бу узоққа чўзилмади. Тез орада яна фотоқоғоз, эритмалари тугади. Шу куннинг эртаси тонгги поезд билан шаҳарга жўнади. Бу сафар иккиланмасдан Зартопганда поезддан тушди. “Зартопганни томоша қилиб кўраман, кейин шаҳарга боравераман”, деб ўйлади.
Вагонга ёпирилган издиҳомни ёриб ўтиб, қизил ғиштли бино қаршисидан чиқди. Ҳар ўтганида кўравериб таниш бўлиб қолган бекатга ҳавас билан тикилди. Қуёш бино пештоқидаги “ЗАРТОПГАН” ёзувини нурлантириб турарди. Кириш эшигининг икки тарафидаги ёғоч харракларда уч-тўртта бекорчи йигитлар поезддан тушиб-чиқаётганларни томоша қилиб ўтиришибди. Пастликдаги темирйўлчилар дўконидан қоғозга ўралган харидини кўксига босиб, лўмбиллаган икки аёл чиқди. Улар бир-бирларига навбат бермасдан шанғиллаб гапира-гапира, бекат ортидаги жамоа уйларига кириб кетишди.
Толибжон тик туриб атрофни томоша қила бошлади. Тепловоз бир марта узун пишқириб, аста жойидан жилди. Тез орада бекат майдонида одамлар оқими тинди. У йўловчиларга эргашиб шаҳарчага олиб кирадиган йўлкага тушиб олди. Чапдаги майдонда эски, тумшуғи пачоқ оқ “Запорожец” машинаси кўринди. Озғин, узун бўйли, ингичка мўйлов қўйган йигит машина капотига суяниб турибди. У оқсоқланиб келаётган Толибжонга тикилиб турди-да, “чирт” этиб ёнбошига тупурди.
– О-ов, обориб қўяйми? – деди дағдағага ўхшаган қўпол овозда.
– Йўқ, ака, ўзим!
Толибжон автоҳалокатдан кейин енгил машинага минмай қўйганди. Ўша қаҳратон қишдаги даҳшатли ҳодиса сира-сира хаёлидан кетмади. Баъзан тушида ҳам музламада чирпирак бўлиб айланаётган машинада ўтиргандек бўлар, шундай пайтларда нафаси бўғзига тиқилиб, ўрнидан туриб кетарди.
– Қўшмат, ўтир, кетдик, клиент йўқ, – деган овоз эшитилди машина кабинасидан.
Юриб бораётган Толибжон беихтиёр овоз келган томонга қаради. Машина ойнасидан Қўшматникига ўхшаган ингичка мўйловли, олифтанамо йигит бошини чиқариб турарди.
– Бўпти, кетамиз, – деди Қўшмат яна “чирт” этказиб тупураркан.
“Қўпол”, деб қўйди Толибжон ўзича. Оқ “Запорожец” шундоққина ёнбошидан йўлни чангитиб ўтиб кетди. Бироз нарида тезлигини камайтирди-да, қаттиқ “сигнал” бериб қўйди.
Толибжон қаёққа боришини аниқ билмасди. Таваккал қилиб одамларнинг ортидан кетаверди. Йўлка тор кўчага олиб чиқди. Кўчанинг чап тарафи кичиккина бозор экан. Бир нечта расталардан иборат бу бозорча девор билан ўралмаганди. Расталарнинг томига тунука қопланган. Кўчага қараган пештахталарда олма-узумдан тортиб, бодринг, памилдоригача бор. Бозорни яккам-дуккам харидорлар айланиб юришибди. У ҳам қизиқсиниб ўша томонга юрди.
Асат ойининг тонги тароватли эди. Тоза ҳавони симириб тўймайсан киши. Пештахтадаги уйим-уйим тилларанг-қирмизи олмаларнинг ҳиди димоғни ёради. Беихтиёр олма сотаётган қизга кўзи тушиб, унинг олдига келди. Қизнинг юзи сутга чайилгандек оппоқ, нимтабассум жилва қилиб турган лаблари атиргул ғунчасидек нимочиқ. Ўзига ярашган кулгичлари атиргул япроғини эслатади. Қиз шу туришида жуда-жуда гўзал эди, худди эртакдаги маликаларга ўхшарди. Толибжон тўхтаб, ҳайкалдек қотиб қолди. Қиз ўзига тикилиб турган йигитни пайқаганди.
– Олмалар ширинми? – деди Толибжон.
– Ширин, – жилмайди қиз.
– Майлими? – Толибжон битта олмага қўлини узатди.
– Бемалол, татиб кўринг, – яна жилмайди қиз.
Толибжон хушбўй ҳидли олмани тишлади. Серсув олма ниҳоятда хуштаъм эди. У ҳамон қиздан кўзини узмасди. Шу аснода нигоҳлар учрашди. Қизнинг кўзларида ҳайрат бор эди. У елкасига юкхалта осиб олган ғалати йигитга ажабланиб қараб турарди. Толибжон чўнтагидан пул олиб узатди.
– Керакмас, – деди қиз шошиб.
– Нега?
– Мазасини кўрганингизга пул олмаймиз. Бизда шундай. Бу ерлик эмасмисиз?
– Йўқ. Лекин… шаҳарча ёқса, кўчиб келаман.
– Унда айланиб кўринг, албатта ёқади.
– Шундай деб ўйлайсизми?
– Ҳа-да! Бизнинг одамлар хушфеъл. Боғларимизнинг олмаси ширин.
– Майли, бугун Зартопганни айланаман.
Толибжон бир ерда узоқ туриб қолганди. Оёғига оғирлик тушди. Қизнинг маъноли кўзларига бир қур назар ташлади-да:
– Раҳмат, – деди қўлидаги олмага ишора қилиб. – Ўзича “Бу қиз мени назарига илармиди, – дея ўйлади. – Ногирон бўлсам…”
У бозорчадан катта кўча томонга қараб кетди. Кўчадан машина, автобуслар ғиз-ғиз ўтаётгани кўриниб турарди. Бозордан бошланган тор йўл катта кўчани кесиб ўтиб, чорраҳа ҳосил қилган. Атрофда дўкон, ошхона, яна аллақандай идораларнинг бинолари бор. Толибжон чорраҳа шаҳарча маркази эканлигини тахмин қилди. Бу ерларни яхшилаб кўриб олмоқчи бўлиб ўнгдаги дарахтлар соя ташлаган йўлкага бурилди. Садақайрағоч остидаги харракда жигарранг-қўнғир сочли, думалоқ юзи қизғиш-сариққа мойил, тахминан ўзига тенгдош йигит ўтирибди. У ниманидир эслаб қолмоқчидек кўчадан ўтаётган машиналарга диққат билан тикилади. Йўлнинг нариги бетидаги деворга босма ҳарфларда “Уй сотилади” деб ёзиб қўйилган. Толибжон буларнинг ҳаммасини бир-бир кузатди-да, таваккал қилиб харракда ўтирган йигит томонга юрди.
– Ассалому алайкум, – деди йигитнинг олдига келганида.
– Ваалайкум ассалом, яхшимисиз? – у ўрнидан туриб, сўрашиш учун қўлини узатди. – Келинг, дўстим, меҳмонга ўхшайсиз?
– Қандай билдингиз?
– Бу ерликларни яхши танийман-да.
– Тўғри, Зартопганга биринчи келишим.
– Ўтиринг-ўтиринг! Кимникига келдингиз?
Толибжон ўнғайсизланди. Қаршисидаги янги таниши буни сезди.
– Мен шу ердаги, Зартопгандаги техникумни тугатяпман, – шошиб гапирди у, – қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича.
– Қойил! – Толибжон йигитга ҳавас билан қаради.
– Диплом амалиётини ўташ учун Мирзачўлга жўнашим керак. Манови, “Уй сотилади”, деб ёзилган ҳовли ўқитувчимизники. Калити менда эди, шуни бериб кетай, деб кутяпман.
Толибжон бу йигит билан гапи келишиб қолганига суюнди. Ботиниб, илинж билан кўнглидагини айтди:
– Ижарага қўймайдими?
– Ий-е, ижарада турмоқчимисиз?
– Ҳа.
– Қўяди, ижарага. Нега қўймасин? Ўзи, шу уйни оламан, деган ҳам чиқмаяпти. Одамсиз уй… вайрона бўлиб кетади.
– Унда гаплашиб беринг?
– Мени бир таклифим бор?
– Қандай? – ажабланди Толибжон.
– Ёшингиз нечада?
– Йигирмага чиқяпман.
– Деярли тенгдош эканмиз. Сенсираб гаплашаверайлик?
– Майли, исмим Толибжон, суратчиман.
Толибжон “суратчиман”, деди-ю, ғалати бўлиб қолди. Лекин гапдон йигит буни сезмади. Суюниб кетди:
– Суратчимисиз?! Йўғ-е… Суратчимисан, дўстим? Зўр-ку! Бизда суратчи йўқ. Тошкентдан келиб тушириб кетишади. Бўлди! Муаллим билан уйни гаплашиб бераман.
– Раҳмат, оғайни.
– Мен Серверман, – у қўлини узатди. – Асли, биз ҳам бу ерлик эмасмиз. Урушнинг охирроғида, қирқ тўртинчи йилнинг баҳорида келганмиз. Мен қрим татарларданман. Зартопганда кўпчиликмиз… Ана, муаллим келиб қолдилар! Кейин сенга ҳаммасини айтиб бераман.
Толибжон Сервер кўрсатган томонга қаради. Куннинг тиғида баланд бўйли, гавдаси йўғон, очиқ чеҳра, тепакал одам кўринди. Енги калта, қизил катак кўйлак кийган. У қўлини пешонасига қўйиб тез-тез юриб келарди.
– Сервер, кутиб қолдингми? – деди етиб келганда самимий жилмайиб. Бу одам ҳар битта сўзни чертиб-чертиб, дона-дона қилиб гапирарди.
– Ҳечқиси йўқ, Николай Семёнович, – Сервер ўрнидан турди. – Шундай ҳам бугун бекорман, шаҳарчамизни томоша қилиб ўтирибман. Мирзачўлга борсам соғинаман.
– Тўғри айтасан, Украинага кўчсак, мен ҳам қўмсайман. Сезиб турибман, аниқ шундай бўлади! Зартопганнинг одамларига жудаям ўрганиб қолганманда. Ёнингдаги дўстимиз ким?
– Бу Толибжон, – деди Сервер. – Суратчи экан. Ижарага уй излаяпти. Балки, уйингиз сотилгунча қўйиб турарсиз? Ҳар ҳолда, одамсиз бўлмайди… Мен ҳам кетяпман?
Сервер Николай Семёнович билан бемалол рус тилида сўзлашарди. Толибжон уларнинг бир-бирларига яқин, ишончли одам эканликларини дарҳол тушунди. Айни дамда шу инсонларга дуч келганини Оллоҳнинг инояти деб билди.
– Суратчимисиз, йигитча? – Николай Семёнович Толибжонга соф ўзбек тилида мурожаат қилди.
– Ҳа.
– Мен ҳам фотографияга қизиқаман. Фотойириклаштиргич, яна бошқа асбоб-анжомларим бор… Майли, уйимда турақолинг… сотилгунча.
Толибжон Зартопганга биринчи келишидаёқ ишининг бу қадар ўнгидан келишини сира кутмаганди. Шунинг учун худди хазина топиб олгандек суюниб кетди. Қишлоқда тузган режалари баъзан ўзига ҳам хомхаёлдек туюлганди. Ажаб, поезддан тушибоқ зартопганлик бўлиб қолай деяпти.
– Сервер, дарвозани оч, бу йигитга уйни кўрсатамиз, – деди Николай Семёнович.
– Мен ҳозир қололмайман, – Толибжон шошиб гапирди, – қишлоққа бориб келаман.
– Майли, истаган пайтингда кўчиб келасан, – Сервер гапга аралашди. – Калитни Қобилжон амакида қолдирамиз. – У Николай Семёновичга “шундай қилсам розимисиз?”, деган маънода қаради.
– Майли, имкон бўлганда, Қобилжон амаки билан ҳам таништир, дўстинг яхши йигитга ўхшайди.
Улар кўчани кесиб ўтиб, мовий дарвоза қаршисига келишди. Сервер калитлар шодасидан кераклисини топиб, қулфни очди. Тахта соябонли, мовий дарвоза ғийқиллаб очилди. Сервер ўзини четга олди. Аввал Николай Семёнович, унинг ортидан Толибжон билан Сервер дарвозадан ҳовлига киришди.
Чамаси тўрт сотихлик томорқада бир неча туп олма, кираверишда гилос дарахти, нарироқда сим тортиб кўтарилган узумзор кўзга ташланди. Ҳовли тўрида оппоқ қилиб оқланган, қутичадек уй. Учовлон девор четидаги йўлакдан ўша томонга юришди.
– Сервер, оч, – деди Николай Семёнович уйнинг эшигига ишора қилиб.
Ўзи ҳовлига суқланиб қараб турарди. Сервер қўлидаги калитлар шодасидан кераклисини топиб, эшикни оча бошлади. Толибжон Николай Семёновичнинг ҳавас билан термилишидан бу ҳовли унга жуда-жуда қадрли эканини сезди. “Кетиб нима қилади, – дея ўйлади, – электр ўтказилган, тоза водопровод суви бор экан. Маза қилиб яшамайдими?”.
– Кўчиб кетмасидим, хотиним Анна Григорьевнанинг юраги хаста, – деди Николай Семёнович Толибжоннинг фикрини уққандек. – Украинага, ўзининг юртига боришни хоҳлаяпти. Ҳозирча Тошкентда, синглисиникида турибмиз, даволаняпти. Йўл ҳозирлигини кўриб қўйганмиз.
Сервер эшикни очди. Улар ичкарига киришди. Уй икки хонали экан. Кираверишдаги, дераза пардаси ёпилган хона нимқоронғи эди. Николай Семёнович электр чироғини ёқди. Шифтда порлаб турган лампочкага қараб Толибжоннинг кўнгли ёришди: демак, фотойириклаштиргичда сурат ишлаши мумкин!
– Бу хонада овқатланамиз, меҳмонхонамиз ҳам шу, – тушунтирди Николай Семёнович. – Ётоқхона ичкарида.
У чап тарафдаги ихчам эшикни очди. Ҳаммалари ичкарига киришди. Бу хонанинг катталиги ҳам тахминан биринчи кирган хоналаридек эди. Толибжон бурчакда турган кичик столдаги фотойириклаштиргични кўриб қолди. Бошқа жиҳозларга эътибор бермасдан, ўша томонга юрди. Фотойириклаштиргичнинг тим қора рангли, ёруғлик ўтказмайдиган тунука қобиғига кафтини қўйди-да, уй эгасига қаради. Николай Семёнович оқкўнгиллик билан жилмайди:
– Айтдим-ку, мен ҳам фотографияга қизиққанман, деб. Бемалол ишлатавер.
– Яхши бўларди! – деди Толибжон қувончини ичига сиғдиролмай. – Мен суратчиликни энди бошладим. Қишлоғимизда электр йўқ. Шунинг учун бу ёққа кўчиб келмоқчиман.
Толибжон бехосдан кулиб боққан омаддан масрур эди. Лекин бу бахтга ҳали эришгани йўқ. Кўнглида, айниб қолишмасайди, деган ҳадик ҳам йўқ эмасди. Шунинг учун ичидагини тўкиб солди. Эллик ёшлардаги зукко муаллим кўзлари чақнаб турган бу ёш йигитга аллақачон баҳо бериб қўйганди.
– Оёғингга нима бўлган? – деди оталарча меҳрибонлик билан.
– Автомобилда фалокат юз берган.
– Ҳозирча менинг уйимда турақол. Кейин бир гап бўлар. Хоҳласанг, ишга киритиб қўяман. Фото тўгараги ташкил қиласан. Суратга тушириш, ишлашни биласан-ку, шундайми?
– Ҳа, билим юртида ўрганганман.
– Энди шуларни ўқувчиларга ўргатсанг бўладими?
– Албатта, бўлади! – Толибжон сидқидилдан маъқуллади. – Менга ишонсангиз, ҳаммасини эплайман!
– Демак, келишдик. Сервер, калитни истаган пайтида Толибжонга берасан. Ёш техниклар марказининг директори билан гаплашиб қўяман, фото тўгараги очиб беради.
– Уйга бориб келишим керак.
– Яхши, бориб келақол.
– Ижара ҳақи?..
– Бу ҳақда ўйлама. Барибир ҳозирча уйга харидор йўқ. У ёқ-бу ёқни тозалаб ўтира оларсан?
– Мен томорқани юмшатиб, экин ҳам эка оламан! – Толибжон гапини исботламоқчидек қаддини ростлади.
– Ер чопиш шарт эмас… Сервер, сен қачон Мирзачўлга жўнайсан?
– Ҳали уч-тўрт кун шу ерда бўламан.
– Унда масала ҳал, десак ҳам бўлади. Аслида мен калитни олиб кетгани келгандим. Уни Толибжонга бериб қўяқол.
– Мен…
– Икки-уч кунда кўчиб кела оларсан?
– Эртагаёқ кўчиб келаман!
– Яхши. Мен бу ерда ишларимни битириб, шаҳарга қайтай. Йўл-йўлакай мактабга кираман. Ёш техниклар маркази мактабимиз ҳовлисида жойлашган. Сен директорга учраш. Унга ўзим ҳаммасини тушунтириб қўяман.
– Хўп.
Николай Семёнович кетиш учун ўрнидан қўзғалди. Уни Сервер билан Толибжон кўчагача кузатиб чиқишди…

Толибжон шу куни фото анжомлар учун Тошкентга бормади. Зартопганга келган биринчи куниёқ ҳаёт дарёси бошқа ўзанда оқа бошлади. Сервер билан эски қадрдонлардек бўлиб олишди. Чорраҳага чиқиб, тандир сомса олиб келишди, бирга ўтириб чой ичишди. Тушликдан кейин Сервер уни поездга кузатиб қўйди. Толибжон шаҳарга боришни бошқа кунга қолдириб, қишлоғига қайтиб кетди.
…Муслима опа ўғлини хавотирланиб кутиб ўтирарди. Дарвоза очилганда шошиб ҳовлига чиқди.
– Мунча кечикдинг, ўғлим!? – деди Толибжоннинг истиқболига юраркан.
– Келдим, ойи.
– Юкинг қани?
– Шаҳарга бормадим.
– Унда қаерда эдинг?
– Зартопганда тушиб қолдим. Шаҳарга яқин жой, мен сизга айтгандим.
– У ерда нима қилдинг? – Муслима опа ўғлига ажабланиб қаради.
– Уй топдим… Ойи, эртага кўчиб бораман. Шаҳарчада электр, водопровод бор. Иш ҳам топилай деб қолди.
– Ўғлим! – Муслима опанинг овози титраб чиқди. – Ахир, бир ўзинг қандай яшайсан? Мен-чи? Сенсиз нима қиламан!?
Толибжон ойисининг шундай дейишини аввалдан билганди. Йўл бўйи айтадиган гапларини ўйлаб келди. Аммо ҳозир у гапларнинг бирортасиям эсига тушмади.
– Ойи, узоққа кетмаяпман-ку, – деди ютиниб. – Ишламасам бўлмайди! Унда яшашнинг қизиғи йўқ!
Бу гапни эшитиб, ўпкаси тўлиб турган онаси жим бўлди. Толибжон қизишиб кетганини сезди. “Асабий бўлиб қолибман, – деб ўйлади, ўзини босиб олишга ҳаракат қилди, – жуда қўполман”.
Муслима опа қовоқ-тумшуғи осилиб кетган ўғлини қучоқлаб олди:
– Майли-майли! Розиман. Фақат хафа бўлма! Ўзингни авайла!
– Хўп, ойи.
Толибжон Муслима опа билан яна бир-икки оғиз гаплашиб, ўзининг хонасига кирди. Деворга ойисининг дарё бўйида тушган сурати рамкага солиб илиб қўйилганди. Суратга тикилиб хаёлга чўмди: “Ойиси уни доим тушунади. Нима деса сўзсиз бажаришга тайёр. Толибжон учун энг азиз, ягона инсон – ойиси! Ногиронлиги, ўртоқларидан бошқачароқлигини ҳеч ким ойисичалик тушунолмайди! Толибжон буларнинг барини енгишга онасининг булоқ сувидек беадоғ меҳридан қувват олмаяптими, ахир! Отаси геологлар билан тоғу тошларда юради. Ойиси ёлғиз ўғлига қаттиқ суяниб қолган. Энди унга қийин бўлади. Лекин Толибжоннинг ҳам бошқа иложи йўқ-да…”
Кечқурун она-бола Толибжоннинг Зартопганга олиб кетадиган юкларини йиғиш­тиришди. У бир неча жуфт кийим-кечак, “Фотокор” аппарати, қолган фотоплас­тинкалар, кимёвий эритмаларни ўзи билан олди. Муслима опа унга бир даста пул тутди.
– Керакмас, ойи, ишлаган суратларимдан, нафақамдан йиғилган пулим бор, – деди Толибжон. – Ижара уйимда ҳамма нарса етарли.
– Ўғлим, мен бирга борай? Хавотир олаяпман-да, болажоним, улар қандай одамлар, кўзим билан кўрай?
– Ойи, Зартопганда яхши одамлар билан танишдим. Билим юртида ўқиганимда ўзим яшаганман-ку? Ҳалиям ишонмайсиз-а?
– Сен ёлғиз боламсан-да.
– Ўзимни эплашим керак, ойи, энди мен ишлайман.
– Майли…

Толибжон ўринга эрта ётди. Янги режалар тузиб, уйқуга кетди…
Саҳарда ҳовлига чиққанида Муслима опа тандирдан патир узаётганди. “Ойим ухлолмабдилар, – дея ўйлади истиҳола билан. – Роса ташвиш орттирдим-да”.
– Турдингми, болам, юзингни ювиб келақол, – онасининг майин овози эшитилди, – иссиқ патир билан чой ичасан.
– Хўп, ҳозир.
Толибжон ҳовли ўртасидаги атрофга эшилиб-буралиб ўсган ўрик остига келди. Қумғондан муздек сув қуйиб, ювинди. Айвонга чиққанида димоғига тандирдан янги узилган патирнинг ёқимли бўйи келди. Хонтахтага қизариб пишган иссиқ патирлар териб қўйилганди.
– Ўтир, ўғлим, – деди чойнак-пиёла кўтариб келаётган Муслима опа, – чойингни ичиб ол. – Патирнинг ҳовури кўтарилсин, кейин халтангга жойлаб бераман.
– Зартопгандаги ижара уйим бозорга яқин, нонсиз қолмасдим, қийналибсиз-да.
– Мен нега қийналай, ўзимизнинг уйимиздаман. Бозорда мени патиримга ўхшагани йўқ, ўғлим.
– Тўғри, ойи, патирингиз ҳамманикидан ширин!
Толибжон онаси синдирган иссиқ патирдан бир бурда олиб, “уф-уф”лаб ея бошлади.
– Ҳалиям шу одатинг қолмабди-да, – онаси жилмайди. – Болалигингда шунақа қилиб, “уф-уф”лаб ердинг.
– Ойи, сиз ёпган патрни соғиниб қоламан.
– Тандир бўлса, бориб ёпиб беравераман.
– Балки уй ҳам оларман. Ўшанда тандир қурамиз.
Муслима опа ўғлига тикилиб қолди. Толибжон бу гапига онасининг ажабланганини сезмади.
– Ойи, дуо қилинг, вақт бўлди, – деди шошилиб.
– Илоё йўлинг бехатар бўлсин, болам, – Муслима опа дуога қўлини очди. – Яхшиларга яқин юр, ёмонлардан адаштирсин. Омин, Оллоҳу акбар!
Толибжон қўлини юзига тортиб, ўрнидан турди. Юкхалтасини елкасига осиб, дарвоза томонга юрди. Муслима опа кўчагача кузатиб чиқди. Толибжон онасининг кўзёш қилишини кутганди, ундай бўлмади.
– Қийналсанг қайтиб келақол, – деди фақат.
– Хўп, ойи, – Толибжон онасини хотиржам қилиш учун розилик билдирди.
У шаҳар атрофига қатнайдиган поездга ўтирганида ҳам ойисининг мунис чеҳраси кўз олдидан кетмади. Кеча ойиси ҳақида ўйлаганлари яна ёдига тушди. Ҳаётда нимага эришган бўлса, бари онаси туфайли эканини ўша автофалокатдан кейин яхши тушунди. Ўйлаб қараса, ойиси унинг истакларига ҳеч қачон қаршилик қилмаган экан. На ўқиши, на бирор буюм сотиб олишига эътироз билдирмади. Суратчилик билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаган ҳам онаси. Мана, Зартопганга кўчиб боришигаям тўсқинлик қилаётгани йўқ. Фақат ёлғиз қолаётгани ёмон. Лекин у тез-тез хабар олади… Толибжон хаёл билан бўлиб поезд Зартопганга етганини сезмай қолди.
Темир йўл бекатида вагондан бир нечта йўловчилар тушишди. Улар асосан ёш-яланг йигит-қизлар эди. Толибжонга юкхалтаси оғирлик қилди. Эшик тутқичини ушлаб, бир муддат тушишга чоғланиб туриб қолди. Шу пайт пастдан кимдир қўлини узатди:
– Дўстим, халтангни бер, – деган таниш овоз эшитилди.
Толибжон пастга қараб, кўзларига ишонолмади. Перронда қўлини чўзганича жилмайиб Сервер турарди.
– Ий-е, қандай топдинг?! – деди-ю, суюниб, юкхалтасини узатди.
– Ёрдамлашайми? – Сервер юкхалтани ерга қўйиб, яна қўлини чўзди.
– Раҳмат, ўзим тушаман.
Толибжоннинг оёғи перронга тегар-тегмас тепловоз сакрашга шайланган тойчоқдек узун бир пишқириб, поезд жойидан жилди. Ипга тизилган яшил маржон доналаридек вагонлар шовқин билан ўтиб кетгунича гаплашмай туришди. Бекат бирдан сув сепгандек жимжит бўлиб қолди. Фуражка кийган навбатчи жезл таёғини ўйнатиб, қизил ғиштли бино томонга юрди.
– Кетдик, – деди Сервер юкхалтани елкасига олиб.
– Ўзим кўтарман, – Толибжон ўнғайсизланди.
– Бугунча меҳмонсан, иззатингни жойига қўяйлик, кейин ўзинг кўтараверасан.
Улар кечагина танишган тенгдошлар эмас, эски қадрдонлардек гаплаша бошлашганди. Бундан Толибжоннинг кўнгли кўтарилди. Уйдан чиққанидаги маҳзун кайфият бир зумда тарқаб кетди. Бозор қаршисидан ўтаётганларида мева расталарига қаради. Олма сотувчи қиз кўринмади…
Чорраҳадан ўнгга юриб, кўчани кесиб ўтишди. Бир тавақали таниш дарвозага етганларида Толибжоннинг юраги орзиқди: у мана шу уйда яшайди!
Сервер калит билан дарвозани очди.
– Энди бу уйда сен турасан, марҳамат! – деди.
Толибжон дарвозадан кирди. Кимсасиз ҳовли сокин ва қаровсиз эди. Тонг шабадаси гилос япроқларини шитирлатди. Шапалоқдек-шапалоқдек тўқ яшил ток барг­ларини чанг қоплабди. Барглар орасида кечки “каттақўрғон” гужумлари кўринди. Ҳовли тўридаги уйнинг эшиги очиқ эди, Толибжон ажабланиб Серверга қаради.
– Сени кутиб олгани чиқаётганимда очиб қўйдим, – тушунтирди Сервер. – Уйга тоза ҳаво кириб турсин, дедим-да.
– Раҳмат.
– Ҳозир чой қўяман.
Улар олдинма-кейин ичкарига киришди. Дераза пардалари очилган, хона тозалаб, тартибга келтириб қўйилганди. Столга чойнак-пиёлалар терилган. Сервер электр плитани ёқди, алюмин човгунда сув қўйди. Толибжон юкхалтасидан иккита патир олди.
– Менга қара, дўстим, бу патир-ку! – Сервер суюниб кетди. – Патир нонни яхши кўраман. Зартопганга келганимизда, болалигимда, поезддан тушган қримлар уч кун темир йўл ёнбошидаги кўчада қолиб кетишган. Бошига сават қўйиб бозорга кетаётган бир хола менга патир кулча берди. Шундай ютоқиб едимки, ҳалиги патир кулчани! Ахир, бир неча кун нон емагандик-да. Мазаси ҳалиям эсимда! Болаликдаги воқеалар хотирага қўрғошиндек қуйилиб қоларкан.
Сервер ўрнидан туриб, чой дамлай бошлади.
– Толибжон, хафа бўлмасанг бир нарсани сўрамоқчиман, – деди дастурхонга келиб ўтираётиб.
– Бемалол, сўрайвер.
– Оёғингга нима қилган? Кеча Николай Семёновичга “автофалокатда бўлган”, дегандинг?
– Ҳа, Сервер, автофалокатда ўнг оёғимдан ажралдим. Ўшанда шаҳардаги билим юртида ўқирдим. Қишлоқдан кеч йўлга чиқдим. Қаҳратон қиш, йўл музлама эди. Чорраҳада тўсатдан юк машинаси чиқиб қолди. Биз минган “Москвич” симёғочга урилган. Оёғимни асраб қолишнинг иложи бўлмабди.
– Кечир, эслаш оғирдир?
– Кўникиб кетганман.
– Сени бир кўришдаёқ билганман, ақлли йигитсан. Ҳали катта ишлар қиласан. Бизга ҳам осон бўлмаган. Оғир кунларимизда яхши одамлар ёрдам беришди. Хоҳласанг, ўша воқеаларни айтиб бераман?
– Майли.
Сервер пиёладаги чойдан бир ҳўплаб, изтиробли ҳикоясини бошлади:
– Асли, Қора денгиз бўйидаги Қримданмиз, – Сервер ўйга чўмиб бироз жим қолди. – Зартопганга уруш пайти, қирқ тўртинчи йилда, май ойининг охирларида олиб келишган. Ўшанда мен олти-етти ёшлардаги бола эдим. Эсимда, эшиги сурилиб очиладиган, ичига сомон тўшалган катта қизил вагонда келганмиз. Вагондан ачимсиқ, бадбўй ҳид келарди. Болалар йиғлаган, хасталар оҳ-воҳ қилиб ётишарди. Тўққиз-ўн кунлик йўл азоби, очлик ҳаммани ҳолдан тойдирган. Бизни темир йўл ёнбошидаги тор кўчага туширишди. Одамлар бир томондан йўл азобидан қутулганларига суюнишса, иккинчи томондан бундан кейинги тақдирларини ўйлаб даҳшатга тушишарди. Уч кун ўша ерда оч-наҳор ётдик. Аниқ билмайману, лекин жуда кўпчилик эдик… Ҳозирги Зартопган бозорининг орқасида совхоз уйлари бўларди. Тўртинчи куни бизни ўша уйларнинг ҳар бирига ўн-ўн беш кишидан қилиб бир амаллаб жойлаштиришди. Биз – онам, синглим ва мен эдик. Отам урушда эди. Узоқ йўлдан кейин ҳеч вақомиз қолмаган, очмиз… Шундай қилиб, Зартопганда яшаб қолдик.
– Мактабга шу ерда борибсан-да?
– Ҳа, Толибжон, мактабга урушдан кейин, қирқ олтинчи йилда бордим. Унгача мактабимиз биносида ҳарбий госпиталь ишлаган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида оғир яраланган ҳарбийларни шу госпиталга олиб келишарди. Ҳатто польшалик учувчилар ҳам даволанишган. Жароҳати оғир бўлиб ўлганларни шу ердаги қабристонга дафн қилишган. Ҳозир ҳам Польшадан зиёратчилар келиб туришади. У пайтларда бола эдик, тўдалашиб кун бўйи шаҳарчада югурганимиз югурган эди. – Сервер ширин хотиралардан энтикиб жилмайди. Сўнгра нимадир ёдига тушгандек бирдан жиддийлашди. – Госпиталь олдидан ўтаётганимизда дориларнинг ўткир ҳиди анқиб турарди. Айниқса, ўликхонасидан…
1946 йилда госпитални кўчириб кетишди. Мактаб очилиб, болалар қатнай бошлашди. Кузда мен ҳам биринчи синфга бордим. Ўрис тилида ўқитишарди. Синфдаги ўқувчиларнинг кўпчилиги уруш бўлган жойлардан олиб келинган болалар. Синфга ўттиз беш нафар ўқувчи йиғилди. Турли ёшдаги, катта-кичик болалар битта синф бўлди-да. Улар асосан уруш туфайли ўқиёлмай қолганлар экан. Энг кичигимиз етти ёшда, каттамиз – айтсам ишонмайсан – ўн тўққизга кирган йигит! Нимагадир уни ҳам бизнинг синфга олиб киришди. Ҳали юқори синфлар очилмагани учундир… Ана шу ўн тўққиз яшар ўрис йигити мен билан бир партада ўтирди. У ғалатироқ эди. Қоғоз топса, сурат чизаверарди.
– Нималарни чизарди?
– Шуниси қизиқ-да! У индамас бола эди. Чизган расмлари ҳозиргача эсимда: жарроҳлик хонаси, қўлида арра ушлаган доктор столда ётган одамнинг оёғини кесяпти… Даҳшат-а? Баъзан одам танасидан снаряд парчасини олиб ташлаётган жарроҳни ҳам чизарди… Эсимда, унинг ўнг юзида катта чандиғи бор эди. Аввалги ҳаёти ҳақида сира гапирмасди.
Ҳаммамиз бир синфда ўқиш-ёзишни ўргандик. Сиёҳ йўқ, қозоннинг қора қурумини сувда эритиб, сиёҳ тайёрлаб беришарди. Ручка, қалам ҳам анқонинг уруғи. Ўқитувчимиз ҳар биримизга перо тарқатди. Перони тол новдасига боғлаб, қора қурумли сиёҳга ботириб ёзганмиз.
Билсанг, ўша даҳшатли уруш йилларида онамнинг уддабуронлиги туфайли синг­лим иккаламиз омон қолганмиз. Бизни Қримдан бир кечада кўчириб юборишган. Онам қопчиқда ёнғоқ олишга улгурган эканлар. Ёнғоқларнинг остига “Зингер” тикув мошинасининг қулоқ-механизмини жойлабдилар. Бу ерда бир уста қути ясаб, мошинкани ўрнатиб берди. Ойим ана шу “Зингер”да одамларга кийим-кечак тикиб, бизни боқдилар.
У пайтларда қорнимиз тўйиб маза қилганимизни сира эслолмайман. Зартопганда биттагина тегирмон бўлган. Маккажўхорини шу тегирмонда тортиб, унидан зоғора нон ёпиларди. Зоғора нон ширин, лекин, буғдой нон бўлолмайди, кўнгилга уриб қолади. Онам олмақоқини зоғора хамир ўртасига териб, “пирог-нон” ҳам пиширганлар.
Дарсдан бўш пайтларимизда шаҳарчани айланиб юрардик. Темир йўл бекатида иккита сув тортиш минораси бор. Пишқириб тўхтаган паровозларга шу миноралардан сув қуйишади. Биз томоша қилгани келардик. Темир йўлда яна битта вазифам бор эди: уйга вагонлардан тўкилган кўмирдан бир пақир териб боришим керак. Кўмир топилмаса, вагон ғилдиракларида қотиб қолган қорамойни қиртишлаб олишга тўғри келарди.
Шаҳарчада бизга ҳеч ким жиддий эътибор бермасди. Фақат бозор ёнбошидидаги чойхона “хавфли ҳудуд” ҳисобланарди. Чойхоначи Қувабек болаларни ёмон кўрарди. “Чўлоқ Қува” дердик уни. Қувабекни бир оёғи калталиги учун урушга олишмаган. Чеҳрасида аллақандай иштибоҳ қотиб қолган, бадбин йигит эди. Чойхонада дастёрлик қилиб, ҳар хил одамларни кўриб катта бўлган-да…
Қувабекларнинг уйи темир йўл ортидаги маҳаллада эди. Уруш тугаган йилнинг ёзида отаси темир йўлдан ўтган-у, йиқилиб қолган. Унга нима бўлганини ҳеч ким билмади. Суриштирувчиси ҳам йўқдир-да. Ҳушсиз чойхоначини уйига кўтариб боришади. Уч-тўрт кун шу аҳволда ётиб, ўзига келмай жони узилади…
– Кўп гапириб юбордим. Сени зериктириб қўймадимми? – Сервер ҳикоясини бўлиб, Толибжоннинг чойдан бўшаган пиёласига чой қуйди. – Мен буларни ҳеч кимга айтмаганман. Бугун эшилиб кетдим.
– Гапинг энг қизиқ жойига келди. Энди охиригача айтмасанг бўлмайди.
Толибжон унга тикилиб ўтириб олди. Сервер гапида давом этди:
– Отасининг сирли ўлимидан кейин чойхона Қувабекка қолди. Бу озғин, чўлоқ йигитнинг ёши йигирма бешларда эди. Қишин-ёзин ранги униқиб, доғланаётган ёғнинг тутунидан ялтираб кетган марғилон нусха дўппи кийиб юрарди. Боши икки томондан сиқиб қўйилгандек чўзинчоқ. Катта-катта, ўқрайган кўзлари одамга еб қўйгудек тикилади. Калта мўйловини дам-бадам қашиб қўядиган одати бор эди. Биз уни кўрганда бир-биримизга қараб бурнимиз остини қашлаб кулаверардик.
Хуллас, биз унга, у бизга ёқмасди. Қувабекнинг болаларни ёқтирмаслигига яна бир сабаб бор. Чўлоқ чойхоначи уйланган бўлсаям хотинбоз эди. Темир йўл бекатида қолиб кетган хотинларни чойхонага бошлаб келаверарди. Болалар уни эрмакка пойлашар, у ҳам қувлик қилиб, билдирмай ташқарига чиқарди-да, пойлоқчиларни хивич ё кесак билан тушириб қоларди.
Ўша йиллари Қувабек бир қўқонлик хотинга эргашиб аллақаёқларга кетиб қолди. Шу-шу уни бошқа кўрмадик.
Отам фронтда эди, уруш тугаган йили бизни топиб, Зартопганга келди. Отам қайтганидан кейин аҳволимиз анча яхшиланди. Синглим билан мен мактабда ўқирдик. Уруш бўлган ерлардан Зартопганга келиб қолган болалар бирин-кетин юртларига қайта бошлашди. Ҳалиги, мен айтган ўн тўққиз ёшли ғалати йигитни ҳам қариндошлари олиб кетишди. Хайрлашаётганида чизган суратларини менга қолдирди. Уларни ойимга бердим. Ойим суратларни бир-бир кўриб, бошларини чайқадилар, кўзларидан ёш қуйилди. Расмлар уқубатли кунларимизни эслатди, чамаси. Уларни ташлаб юбордиларми, олиб қўйдиларми, билмайман.
Уруш ҳақида гап кетса, ойим туғилиб-ўсган қишлоғимизни эслайверадилар. Биз Қримнинг Ялта яқинидаги Месхор қишлоғиданмиз. Қишлоқда Орзиқиз билан қароқчи Алибобо афсонасига ҳайкал ҳам қўйишган. Ойим фавворани, кўзадан сув ичаётган сув парисини кўп гапирадилар. Орзиқиз афсонасини қайта-қайта айтиб ҳам чарчамайдилар.
– Қизиқ афсона бўлса керак? – деди Сервернинг ҳикоясини берилиб тинглаётган Толибжон.
– Қизиқ, жуда қизиқ, Толибжон. Айтиб берайми?
– Майли.
– Афсонада айтилишича, денгиз бўйидаги жаннатмакон қишлоғимизнинг қизлари парилардек жуда-жуда гўзал бўлишган. Орзиқиз ана шу гўзалларнинг ҳам гўзали эди! Чеҳраси Қрим тоғларида сузиб юрган булутлардек оппоқ. Лабларини боғларимиздаги қирмизи олчага ўхшатишади. Кўзлари денгиз сувидек яшил-мовий. Юзидаги кулгичлари йигитларнинг жонини олади! Қирғоққа сузиб келган денгизчилар Месхор қизларининг таърифини узоқ-узоқларга олиб кетишар экан. Ўша даврларда денгизда қароқчилар ҳам кўп бўлган дейишади. Кунлардан бирида чўмилаётган қишлоқ қизларини Алибобо деган қароқчи ўғирлаб, кемасида номаълум томонга олиб кетади. Улар орасида гўзал Орзиқиз ҳам бор эди.
Қишлоқ йигитлари ғазаб ўтида ёнишади! Бор кемалари, катта қайиқларини уммонга чиқаришади. Бироқ қанча қидиришса ҳам қизлар кетган кемани топишолмайди.
Қароқчи Алибобо Месхор гўзалларини Туркияга олиб боради. Улар турк хонининг харамида тутқун бўлиб қолишади.
Орадан кунлар, ойлар ўтади. Қизлар йиғлаб-йиғлаб, охири ноиложликдан тақдирга тан беришади. Туғилиб-ўсган қишлоқлари ҳақидаги хотираларини бир-бирларига сўзлаб овунадилар. Фақат бир қиз – гўзал Орзиқиз ўзининг шум тақдири билан келишолмайди. У ҳар куни денгизга узоқ-узоқ термилиб, туғилиб-ўсган қишлоғини ёш бола ўз онасини қўмсагандек зор-зор бўлиб соғинади. Худодан Ватанига қайтиш йўлини ялиниб-ёлвориб сўрайди. Гўзал Орзиқизнинг илтижолари Яратганга етиб боради.
Кунлардан бирида хон харамидаги канизакларни денгизга чўмилгани олиб боришади. Улар орасида гўзал Орзиқиз ҳам бор эди.
Орзиқиз “бу кунимдан ўлганим яхши”, дейди-ю, ўзини аждаҳодек тўлқинлари кўпириб турган уммонга ташлайди. Денгиз остига шўнғиб, сув парисига айланади ва туғилган юртига томон сузиб кетади.
Афсонада айтилишича, сув парисига айланган Орзиқиз ҳамон денгизда, Месхор қирғоқларида сузиб юрар эмиш. Ҳамқишлоқлари Орзиқизнинг Ватанига бўлган чексиз муҳаббатига таҳсинлар айтиб, унга ҳайкал ўрнатадилар…

Сервер Орзиқиз ҳақидаги афсонани айтиб бўлди-ю, хаёлга чўмиб қолди:
– Ватан соғинчи шунчалар кучли бўларкан, Толибжон! – деди ниҳоят.
– Туғилган юртингни қўмсайсанми?
Сервер нима дейишини билмасдан иккиланиб, Толибжонга қаради:
– Бу ерга келганимизда мен бола эдим, ўрганиб кетдим. Қишлоғимиз, денгиз бўйларини оз бўлсаям эслайман. Лекин онам, отам юртимизни жуда-жуда соғинишади. Бу соғинчни сўз билан ифодалаш мушкул, дўстим! Юракни тегирмон тошидек эзади Ватан соғинчи!
Толибжон нима ҳам дерди. Ҳар кимнинг кўнглида бир музтарлик бор. Буни ўзи ҳам билади…
Сервер яна бироз ўтирди-да, хайрлашиб чиқиб кетди.
Толибжон кун бўйи уйни, ҳовлини тозалаб, тартибга келтирди. Кечга бориб ўзини бу уйда аввалдан яшаётгандек ҳис қила бошлади.

6

У кун ёйилганда тиниқиб уйғонди. Кечаги чарчоғи тарқаган, бардам, кайфияти яхши эди. Ёғоч оёғини “кийиб”, қайишларини тортиб маҳкамлади. Авваллари шундай пайт ногиронлигини ўйлаб юраги сиқиларди. Секин-аста бунга кўникди. Кесилган оёғидаги чандиқлар қадоқлашиб, энди юрганида санчиқлар сезилмасди. Муздек сувда ювиниб, бироз ҳовлини айланди. Унга бу ердаги ҳамма нарса қизиқ туюларди. Янги уйи ўзига ёқди. Томорқани ўт босган, ўтоқ қилиб қўйиш керак. Этакроқда сочилиб ётган шох-шаббаларни йиғиштирса бинойидек ҳовли бўлади. Шуларни режалаштириб, уйга қайтиб кирди. Электр плитага човгумда сув қўйиб, қайнатди. Онаси бериб юборган патир билан нонушта қилди.
Кийиниб, дарвозадан чиққанида кўча гавжумлашиб қолганди. Ғизиллаб у ёқдан бу ёққа машиналар ўтади, одамлар ишга, бозорга шошилади. Йўлка билан кўча ўртасидаги қуюқ баргли садақайрағочларни, рўпарадаги ошхона, уйларни қизиқиб томоша қила бошлади. Зартопгандаги ўзи учун янгилик бўлган манзаралар энтиктирар, айни пайтда буларнинг бари нимаси биландир юрагига яқин эди.
Кўчани кесиб ўтиб, чап томонга юз қадамча юрди. Темир панжарали дарвоза рўпарасида тўхтади. Бу Николай Семёнович айтган мактаб эди. Кеча Сервер узоқдан кўрсатиб, эртага ўзинг бемалол киравер, деб тайинлаган.
Толибжон мактаб ҳовлисига кирганида кимдир кузатаётгандек туюлди. Тўхтаб, атрофни кузатди. Бир-бирига туташган кўҳна бинолар ғалати тарзда катта-катта деразали долон билан бириктирилган. Сервернинг гаплари ёдига тушди: “Уруш йиллари ҳарбий госпиталь бўлгани кўриниб турибди”, дея ўйлади.
Катта ҳовлининг чап тарафида алоҳида яна бир бино кўринди. Қўш тавақали эшиги, идораларга хос кенг деразалари ичкарини шамоллатиш учун очиб қўйилган. Остонадаги ёғоч курсида дўппи кийган, оқарган мўйлови икки томонга тақадек осилган қария ўтирибди. Толибжон ўша томонга юрди. Кириш эшигининг пешонасига қизил бўёқда “Ёш техниклар маркази” деб ёзилган катта лавҳ илинганди. Толибжон лавҳга бир қараб қўйдида, қўлини кўксига қўйиб, остонада ўтирган қарияга салом берди.
– Ваалайкум ассалом! Ке, болам? Иш билан келдингми? Ўқитувчига ўхшамайсан? – қария мўйловини силади.
– Суратчиман, амаки.
– Исминг нима?
– Толибжон.
– Мени Қобилжон амаки, деявер.
– Хўп, Қобилжон амаки.
– Ўқувчиларни суратга туширмоқчимисан?
– Фото тўгарагида ишламоқчиман, амаки.
– Унда мактабгамас, бу ёққа, – қоровул очиқ эшикка ишора қилди. – Шокир Исмоиловга учрайсан. Ана, ўзиям келяпти.
Йўлакдан ўрта бўйли, озғин, тепакал одам тез-тез юриб келарди.
– Қобилжон ака, ҳаммаёқ тинчми? – деди у қоровул билан саломлашаётиб.
– Тинч, Шокир. Сен билан биз гитлерниям тинчитиб келганмиз-ку, оғайни. Ўзинг қалайсан?
– Яхшиман, ака, зерикмадингизми?
– Сени даврингда шу ерни қўриқлаб ўтирибман-да. – У Толибжонга қаради. – Бу йигит суратчиман, деяпти. Ишга кирмоқчи. Яхши йигитга ўхшайди, гаплашиб кўрасанми?
Шокир Исмоилов Толибжон билан қўл бериб сўрашди:
– Албатта гаплашамиз-да, – деди жиддий қилиб. – Қани, юринг-чи, мен билан.
Улар олдинма-кейин очиқ эшикдан ичкарига киришди. Даҳлиз-йўлакдан арраланган ёғоч билан ўткир бўёқ ҳиди келди. Деворлар ганчкорлик, наққошлик буюмлари билан безатилган. Фанер қоқилган шифт мовий рангга бўялган. Ҳар жой-ҳар жойига оқ булутлар тасвири туширилибди. Бу “мовий осмон”га қўлда ясалган, худди ҳақиқийсига ўхшаш катта-кичик самолёт моделлари илинган. Шифтга қарасангиз самолётлар булутли осмонда учаётгандек таассурот қолдиради. Толибжон ўзи биринчи марта кўраётган бу ажойиб манзарага тикилиб туриб қолди.
– Келаверинг, – деди Шокир Исмоилов йўлак тўридаги “Директор” деб ёзилган эшикни очиб.
Толибжон атрофга аланглаб, йўлак тўригача борди-да, унинг ортидан кичик хонага кирди.
– Суратчимисиз? – деди Шокир Исмоилов стол ортидаги ўрнига ўтираркан.
– Билим юртида ўрганганман.
– Кейин-чи? – Шокир Исмоилов синчков-синчков тикилди. – Ука, суриштираётганим оғир ботмасин. Биз болалар билан ишлаймиз. Бунинг учун инсоннинг мана бу ери, – у юрагининг устига қўлини қўйди, – тоза бўлиши керак. Бу сизга тегишли гапмас, лекин нопок кимсалар кам дейсизми? Улар яхшилик, эзгулик нималигини тушунишмайди. Ана шундайлар бола тарбиясига аралашиб қолишига тиш-тирноғим билан қаршиман. Шунинг учун ишга олаётган одамимнинг, биринчи галда, виждони бўлсин дейман.
– Тушунаман, – деди Толибжон.
Шокир Исмоилов девор бўйлаб қатор терилган ўриндиқларга ишора қилди:
– Ўтиринг.
Толибжон ўнг оёғини авайлаб узатиб, четдаги ўриндиққа чўкди. Шу онда ўзи интилган ҳаётга илк қадам қўя бошлаганини англаганди. Бўлаётган ишларнинг бари анчадан буён ўйлаб юрган режалари билан муштарак. Шунинг учун Шокир Исмоиловга кўнглидаги гапларни тўкиб солгиси келди.
Жиддий қиёфали бу одамни отасидек кўриб, бошидан ўтган воқеаларни бирма-бир айта бошлади. Мухтасар ҳикоясини билим юртида ўқигани, автоҳалокат, Зар­топганга қандай келиб қолгани, Серверни учратгани, Николай Семёнович шу ишни тавсия қилгани билан якунлади.
– Кеча Николай Семёнович олдимга кирганди, – деди Шокир Исмоилов уни диққат билан тинглаб. – Сизни ишга олишимни илтимос қилди. Муаллим-да, ҳамма ёшларни ўзининг ўқувчисидек кўради.
Толибжон, раҳбар фикридан қайтиб қоладигандек, дарҳол паспорти, билим юртидан берилган маълумотномани столга қўйди. Шокир Исмоилов ҳужжатларни бир четга сурди:
– Юринг, аввал устахоналаримизни кўрсатай, кейин бир фикрга келармиз.
Улар йўлакка чиқишди. Толибжон кираётганида эътибор бермаган экан, ўнг томондаги эшикка “Авиамоделчилик тўгараги” деб ёзилганди. Шокир Исмоилов ёзлик енгил пинжагининг чўнтагидан бир шода калит чиқариб, эшикни очди.
Олдинма-кейин ичкарига киришди. Устахона анчагина катта эди. Тўғридаги деразаларнинг рўпарасига турли яшил рангга бўялган дастгоҳлар ўрнатилган. Деворга маҳкамланган қулбола ёғоч токчаларга чилангарлик, дурадгорлик асбоблари териб қўйилибди. Столларда ҳали битмаган самолёт моделлари сочилиб ётибди.
– Бу хона авиамоделчилик тўгарагиники, – деди Шокир Исмоилов. – Илҳом деган йигит билан бирга ишлаймиз. Мен уруш йиллари ҳарбий авиацияда механик бўлганман. Кейинчалик самолёт моделларини ясашга қизиқдим. Аввал эрмак, ке­йин, мана, кўриб турганингиздек, буям касб бўлиб қолди. Бизга қатнаган болалар тайёр уста бўлиб чиқишади.
Шокир Исмоилов тўгаракнинг аҳамияти ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Толибжон самолёт моделларини биринчи кўриши эди. Қизиққанидан ҳар бирини ушлаб, айлантириб томоша қилди.
Кейин яна йўлакка чиқиб, бошқа хонага киришди. Буниси аввалги устахонадан кичикроқ бўлсаям, токчаларда иш асбоблари аввалги хонадагидан ҳам кўп эди. Толибжон столдаги ғаройиб макетга яқин бориб, томоша қила бошлади. Унда бир томони тошлоқ, иккинчи ярми қумли саҳро, баланд-пастликлардан иборат, ердагига ўхшамаган манзара тасвирланганди.
– Бу ой юзасининг кичрайтирилган нусхаси – макети, – тушунтирди Шокир Исмоилов. – Қаранг, ойдаги тошлоқларда “одамлар” юришибди. Тўғри, бу ҳозирча хаёл. Аммо яқин келажакда амалга ошиши аниқ! Буни Достон…
Эшик очилиб, гапи оғзида қолди. Хонага чеҳраси кулиб турган, дўппили, ихчам йигит кирди. Аввал Шокир Исмоилов, сўнгра Толибжон билан қуюқ сўрашди.
– Танишинглар, бу йигит Достон Ортиқович, – гапини улаб кетди Шокир Исмоилов. – “Коинот” тўгарагимизнинг раҳбари. Мана шу ой юзасини шогирдлари билан ясашган.
Достон хуштавозелик билан жилмайиб, директорнинг гапини тасдиқлади.
– Толибжон фото тўгарагида ишламоқчи, – Шокир Исмоилов фикрини билмоқчидек Достонга қаради.
– Яхши бўпти-да, Шокир ака, – деди у очиқ чеҳра билан. – Ўқувчилар, “фото тўгараги қачон очилади?”, деб ҳар куни сўрашади.
Улар энди уч киши бўлиб яна йўлакка чиқишди. Илиқ қарши олинганидан Толибжоннинг кўнгли кўтарилганди. Шу одамлар билан ишлашни жудаям хоҳларди. “Фото тўгараги” деб ёзилган эшикдан ҳаммалари бирга киришди. Хона анча ғариб экан. Иккита стол, фотойириклаштиргич, кўҳна жавон хонанинг каттагина қисмини эгаллаган. Жиҳозларга чанг ўтириб қолган.
– Бу тўгаракда анчадан буён ҳеч ким ишламайди, – деди Шокир Исмоилов. – Хонани тартибга келтириб оларсиз. Жавонда ишга керакли асбоб-анжомлар бор.
– Мен ёрдам бераман, – деди Достон. – Энди бирга ишлаймиз.
– Ишга оласизми?! – Толибжон ҳаяжонланиб кетди.
– Шу бугундан ишга қабул қилиндим, деб ҳисоблайверинг, – жилмайди Шокир Исмоилов. – Ариза ёзиб берарсиз, буйруқ чиқариб қўяман.
– Шокир ака, Толибжон ҳам ўзимиздан экан, – деди Достон.
Шокир Исмоилов бир гапни айтайми, айтмайми, дея иккиланарди.
– Бизда маош мактабдагидек эмас, камроқ, – деди ниҳоят.
– Менга бўлади, – шошилиб гапирди Толибжон. – Нафақам ҳам бор. – Фақат…
Директор билан Достон ялт этиб унга қарашди.
– Мен… жуда зўр суратчи эмасман. Эплармиканман?..
Улар бараварига кулиб юборишди. Толибжон нима гаплигига тушунолмай ғалати бўлиб қолди.
– Ишга кираётганимда мен ҳам шундай деганман, – тушунтирди Достон. – Макет, модель нималигини умуман билмасдим. Шокир ака ёрдам бердилар, ўрганиб кетдим.
– Ёш техниклар марказига буюк конструкторлар ишга келишмайди, – деди жиддийлашиб директор. – Янгилик яратишга, ижод қилишга қизиққан одам ишлайверади. Шогирдларимиз шундай моделларни ясашадики, буни ўзингиз ҳам кўрдингиз!
– Қачондан иш бошласам бўлади?
– Хоҳласангиз, ҳозирдан. Суратчиликка қизиқадиган ўқувчилар кўп. Яқин қишлоқлардаги мактаблардан ҳам келишади.
Шокир Исмоилов суратчилик хонасининг калитини Толибжонга узатди:
– Хонани тартибга келтиринг. Ёрдам керак бўлса, биз шу ердамиз.
Шокир Исмоилов билан Достон чиқиб кетишди. Толибжон хонада ёлғиз қолди. Столдаги фотойириклаштиргичнинг қопқоғини кўтариб, шиша заррабиндаги чангни артди, чироғини ёқиб-ўчирди. Жавонни очганида кўзлари яшнаб кетди, токчалар суратчилик анжомларига тўла эди. Иккита “ФЭД” русумли фотоаппарат ҳам бор экан. Улардан биттасини олиб, ишлатиб кўрди.
“Бу жавон хазина-ку!”, деб қўйди ўзича. Жавонни ёпди-да, хонани тозалашга киришди. Узун супурги билан шифтдаги исларни олди. Фаррош келишини кутиб ўтирмай, полни ҳам ювиб чиқди. Шундан кейин бирров уйига бориб, ўзининг “Фотокор”ини олиб келди. Уни штативга ўрнатиб, бурчакка қўйди. Хонага файз киргандек бўлди. Толибжон бунга қараб завқланди, яна ишга киришди. Анча пайтгача кимёвий эритмалар тайёрлади.
Шу куни тушликни ишхонадаги йигитлар билан бирга қилишди. Тушдан кейин ўқувчилар келиб қолишди. Улар ўн бир-ўн икки ёшли ўғил болалар эди. Устозларига тикила-тикила хонадаги стулларга қалдирғочлардек терилиб ўтириб олишди. Толибжон гапни нимадан бошлашни билолмай бироз каловланди. Кўзлари катта-катта, ёқимтой бола саволга тутиб қолди:
– Ака, сурат олишни ўргатасизми?
– Ўргатаман.
– Шу биланми? – у штативга ўрнатилган “Фотокор”га ишора қилди.
– Шу билан ҳам.
– Суратга тушайли-ик?
“Ишни болаларни суратга туширишдан бошлаш керак, – дея ўйлади Толибжон. – Нимани билсам, шуни ўргатаман. Қолганини Шокир акадан сўраб оларман”.
– Майли, юринглар, ҳовлида сурат оламиз, – деди ўрнидан тураётиб.
Болалар бирдан қий-чув кўтариб, ўзларини очиқ эшикка уришди. Толибжон уларнинг ортларидан бироз қараб турди-да, фотокамерасини олиб, ҳовлига чиқди.
– Ака, қаерда суратга тушамиз? – бояги бола югуриб олдига келди. Толибжон унинг бошини силади:
– Нечанчида ўқийсан?
– Тўртинчида.
– Исминг нима?
– Иброҳим.
– Иброҳим, болаларни ҳу-ув анави узум ишкомига бошлаб бор.
– Болала-ар, ке-етдик, акамиз кўрсатган жойга-а! – ирғишлаб қийқирди Иброҳим.
Болалар бир-бирларини турта-турта югуриб, узум гужумлари остига туриб олишди. Бироз жанжаллашиб, жой ҳам талашишди.
– Ака, бўладими? – деди Иброҳим шериклари сафга тизилиб олишганда.
– Бўлади. Энди қимирламай туринглар!
Толибжон штативни қулай жойга ўрнатди. Фотокамеранинг очиш тугмасини босганида унинг ҳаракатларини жимгина кузатаётган болалар яна қийқириб юборишди.
– Зўр эка-ан! – деди Иброҳим ҳайрат билан кўзларини катта-катта очиб. – Ака, бизгаям ўргатасизми?!
– Ўргатаман. Фақат ҳозир жим туринглар. Иброҳим, бошингни қимирлатма!
– Хўп бўлади, акажон! – Иброҳим бошини силкитиб, ғоз туриб олди.
Толибжон қора мовут остига шўнғиб, объективни равшанликка созлаётганида болалар яна жонланиб, типирчилай бошлашди.
– Диққат! Бу ёққа қараймиз! – Толибжон чап қўлининг кўрсатгич бармоғини кўтарди. – Ҳозир қушча учиб чиқади!
У тепки тасмасини босди. Иброҳим лабларини қаттиқ қимтиб, объективга тикилиб қолганди…

Толибжон кейинчалик ҳам бу суратни қайта-қайта қўлига олиб, ўйчан тикилиб қоларди. Ўзининг биринчи машғулотини эслаб, энтиккан пайтлари кўп бўлди…
Ўша куни фотопластинкани очирганларидан кейин болалар ўзлари учун биттадан сурат ишлашди. Эритмада тасвир пайдо бўлаётганида завқланиб, ҳаммалари бараварига чувуллаб юборишди.

Давоми бор

Абдужалол РАҲИМОВ

Саҳифа 38 марта ўқилган.