Барчамизга яхши аёнки, мустақиллик йўли – шараф ва машаққатга тўла зафар йўлидир. Бу йўлнинг шонли ибтидоси ва буюк истиқболи бор!
Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, дунёнинг жуда кўп минтақаларида сиёсий низо ва қонли тўқнашувлар, манфаатлар кураши тобора кескин тус олаётган, курраи Заминга терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби жирканч иллатлар жиддий хавф солиб турган мураккаб ва таҳликали бир шароитда серқуёш диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарор эканини катта мамнуният ва шукроналик билан тилга олишимиз табиий­дир. Шунингдек, она Ўзбекистонимиз ўзининг 26 йиллик мустақил тараққиёт йўлида қатъият билан одимлаб, дунёдаги саноқли давлатлар қаторида барқарор ривожланиб бораётгани, халқимизнинг ҳаёт сифати ва турмуш даражасининг яхшиланиши, онгу тафаккурининг юксалиши, халқаро майдонда Ватанимиз обрў-эътиборининг ошиши барчамизни фахрлантиради.
Бинобарин, 2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши, миллий тараққиётимизнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини ўзида акс эттирган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, барча даражадаги раҳбарларнинг шахсан маҳаллаларда бўлиб, одамлар хонадонига кириб, мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилишга интилиши, одамларимизнинг дардига қулоқ тутиши, халқимизнинг руҳини кўтариб, эртанги кунга, давлатга, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатга ишончини мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, биз бу борадаги ишларни изчил давом эттириб, ҳақиқатдан ҳам халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга сидқидилдан хизмат қилишини таъминлаймиз.
Ўрни келганда, шуни ҳам мамнуният билан таъкидлашни истардимки, айни кунларда, вилоятнинг катта-кичик раҳбарлари, фаоллари қаторида бутун Тошкент вилояти аҳли бутунлай кўтаринки кайфият, иштиёқ билан меҳнат қилмоқдамиз. Биз бугун шундай бир тарихий жараёнларни бошдан кечираётганимиз билан ҳар қанча ғурурлансак, ифтихор қилсак арзийди. Не бахтки, муҳтарам Юртбошимиз таклифи ва ташаббуслари билан Тошкент вилояти ҳам ўзининг маъмурий марказига эга бўлди. Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Тўйтепа шаҳри Тошкент вилоятининг маркази сифатида тасдиқланиб, унга янги – НУРАФШОН номи берилгани, жаннатмонанд вилоятимизга Оллоҳнинг нури, баракаси, ҳидояти ёғилганидан даракдир, десак муболаға бўлмайди.
Эндиликда вилоят маркази сифатида янги Нурафшон шаҳрининг замонавий қиёфаси миллий ва жаҳон архитектурасининг энг сўнгги ютуқлари асосида шакллантирилмоқда. Қарийб 2 миллиард АҚШ доллари ҳисобидан бунёд этиладиган янги кент Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг энг гўзал, энг замонавий, энг тараққий этган шаҳарларидан бирига айланишига асло шак-шубҳа йўқ. Мана кўрасиз, уч-тўрт йил ичида вилоятимиз қиёфаси тубдан ўзгаради, янги, замонага мос тураржойлар, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларининг кўп қаватли, салобатли бинолари вилоят марказига ҳақиқий замонавий шаҳар тусини бериб, одамларимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошади, ҳаётимиз янада гўзал бўлади.
Нурафшон бежиз вилоятимиз марказига айлантирилмади. Унинг географик жойлашуви талабга ҳар жиҳатдан мос. Унга вилоятимиз шаҳар ва туманларидан қатнаш қулай ва яқин. Шаҳарнинг ҳар жиҳатдан ривожланиши у билан чегарадош бўлган Пскент, Оққўрғон, Юқори Чирчиқ ва Оҳангарон туманларига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Кўплаб корхоналарнинг ишга туширилиши янги иш ўринлари яратилишига замин бўлади. Асосийси, бу ишларни айнан ўзимиз, ўз қўлимиз билан амалга оширамиз ва бу бизга бениҳоя катта ғайрат ва шижоат бағишлайди.
Шу билан бирга бундай кўтаринки кайфият муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга қилган бир эмас, бир неча ташрифлари шукуҳи билан ҳам чамбарчас боғлиқ, десак янглишмаймиз. Давлатимиз раҳбарининг Ангрен, Паркент, Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларига ташрифлари чоғида вилоятимиз ҳаёти, тараққиёти, одамларимиз турмуш фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлган жуда катта одимлар ташланди, бири биридан муҳим қарорлар имзоланди. Ушбу ҳужжатлар, саъй-ҳаракатлар замирида, энг аввало, инсон манфаатлари ётибди. Чунки одамларнинг яхши яшаши учун қулай шароит яратиш, зарур ҳаётий воситаларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, иш билан таъминлаш – демографик ўсиш суръати юқори бўлган мамлакатлар олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда эса, мамлакатимиз аҳолиси нуфуси 32 миллион 345 мингдан ошди.
Мисол учун, Президентимизнинг Чирчиқда давлат педагогика институтини очиш, Жисмоний тарбия олий ўқув юртини шу ерга кўчириш, Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда олий техник таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалини ташкил этиш бўйича қабул қилган қарорлари вилоятимизга, унинг эртанги куни, фарзандларимиз келажагига бўлган жуда катта эътибор ва ғамхўрликдан далолатдир.
Биргина Чирчиқда ташкил этилган ва бу ўқув йилидан талабаларга сабоқ бера бошлаган вилоят давлат педагогика институтини олиб кўрайлик. Айни дамда вилоятимизда жами 1 минг 348 та таълим муассасаси, жумладан, 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи, 31 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 та “Баркамол авлод” маркази, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Табиийки, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларни ҳар томонлама – интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш борасида таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш йўналишларида қатор долзарб масалалар мавжуд.
Президентимиз айнан мана шу масалага эътибор қаратиб, бу бўйича қабул қилган тегишли қарорларида Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига 2017–2018 ўқув йили учун Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтининг талабалари контингентини Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, мазкур таълим муассасаларига белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинмаган мос ва турдош таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан, Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантириш масаласини ўртага ташладилар. Вилоятимиз ёшлари, кўп минг сонли таълим фидойилари, умуман, фарзанди тақдири ва келажаги учун қайғуриб яшайдиган ҳар бир инсон бу тарихий қарорнинг аҳамиятини чуқур англайди ва уни келажак авлод камолоти йўлидаги юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси сифатида қабул қилади.
Ёки Президентимизнинг Олмалиқда бўлиб, иқтисодиётимизнинг қон-томирига айланган кон-металлургия комбинатида мисли кўрилмаган 1,6 млрд. долларлик лойиҳанинг тамал тошини қўйиб берганлари, бу ерда янги очилган конга “Ёшлик” кони, деб ном беришни таклиф қилганлари, умуман, мазкур комбинатнинг 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш дастурини белгилаб берганлари вилоятимиз иқтисоди, одамларимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун нақадар катта имкониятлар яратишини сўз билан таърифлаш мушкул.
Дастур натижасида мис ишлаб чиқариш 1,4 баробар, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш 33 фоизга ошиши, энг муҳими, 10 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланиши лойиҳанинг кўлами ва аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди.
Бекобод шаҳрига қилган ташрифларида эса, энг аввало, оддий одамлар билан мулоқотга киришиб, аҳолининг маиший турмушига доир йиллар давомида ечилмай келаётган муаммоларни бартараф этиш йўллари белгиланиб, бу бўйича жадал ишлар бошлаб юборилди. Тошкент – Бекобод йўналишида электричка қатновининг йўлга қўйилиши эса одамларнинг илгари ҳатто хаёлига ҳам келмаган янгилик бўлди.
Саноат – Тошкент вилоятининг эртанги куни. Вилоятнинг юксак иқтисодий салоҳияти, улкан табиий ва инсоний ресурслари, ривожланган транспорт коммуникациялари мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутади. Бизда кимё саноати, нефть-кимё, қора ва рангли металлургия, электротехника, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш каби замонавий саноат тармоқлари яхши ривожланган. Бу йўналишларнинг барчаси мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади. Демак, биз кўплаб соҳалар сингари юқорида тилга олинган жабҳаларда ҳам самарадорликни оширишимиз даркор. Президентимиз вилоятимизга ҳар гал ташриф буюрганларида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берганлари ҳам бежиз эмас. Энг муҳими, бу ишларни амалга ошириш учун ишчи кучи ҳам, хомашё ва маҳсулотлар ҳам, тажриба ва малака ҳам ўзимизда етарли.
Яна бир муҳим омил – қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни изчил ҳаётга татбиқ этиш ҳам вилоятимизнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган улушини сезиларли даражада ошишига замин яратади. Хусусан, туманларнинг иқлими ва табиий шароитидан келиб чиқиб, уларни боғдорчилик, узумчилик, чорвачилик, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш майдонларига айлантириш масаласи, айниқса, долзарбдир. Паркент туманида Паркентсой ва Қизилсой сув омборларининг қурилиши вилоят иқтисодиёти, аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади. Ушбу сув омборлари қурилиши натижасида 5 минг 800 гектар ер мунтазам сув билан таъминланади. Яъни 3 минг 900 гектар лалми ерга сув чиқарилади, 1 минг 900 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланади.
Яна бир катта бойлигимиз – туризмни ривожлантириш бўйича имкониятларимизнинг кенглигидир. Айниқса, вилоятимиз иқлими ва табиатининг ўзига хослиги нафақат ҳамютларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини торта олади. Замонавий сайёҳлик тизимида экотуризм жадал ривожланаётган ва тобора талаб ортиб бораётган йўналишлардан. Ҳозир сайёҳлар кўпроқ табиат қўйнига, табиий манзарага ошиқмоқда. Бизда эса Чимён оромгоҳи, Чорвоқ сув омбори, Ихнож, Урунгач, Шовур, Бодак кўллари бор. Тоғ туризмини ривожлантириш имконияти ҳам етарли. 45 меҳмонхона, 4 туроператор, 71 санаторий, 1 қўриқхона, 5 ўрмон хўжалиги мавжуд. Мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиш режасига асосан, Чимён оромгоҳида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун 500 ўринли замонавий меҳмонхона мажмуаси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур ҳудудда замонавий осма йўл қуриш лойиҳасига ҳам эътибор қаратилди. Узунлиги 2 километр бўлган, 26 кабинадан иборат осма йўлни 10 ой муддатда қуриб битказиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, “Амирсой” тоғ-чанғи дам олиш маскани бош режаси лойиҳаси замонавий ечимлари ва кўлами билан ажралиб туради. Бунда йилнинг турли фаслларида сайёҳларга хизмат кўрсатадиган тизим яратилади. Бир сўз билан айтганда, вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятидан унумли фойдаланишимиз зарур.
Ҳозирги замонда ҳар бир давлат келажаги, унинг равнақи ва тараққиёти шубҳасиз ёшларнинг қўлидадир. Албатта, биз ҳам келажаги порлоқ, мустақиллиги мустаҳкам буюк давлат бунёдкорлиги ёшлар билан боғлиқ эканини чуқур ҳис қилмоғимиз керак. Мустақилликнинг илк кунларидан ёшларга оид давлат сиёсатига энг долзарб масалалар сирасида изчил эътибор қаратилаётгани, уни амалга оширишда бор куч ва имкониятлар сафарбар этилаётгани бежиз эмас, албатта. Ана шу мақсадда Юртбошимиз ташаббуси билан янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бугунги кунда ёшлар ҳаётига чуқур кириб боришга ҳаракат қилмоқда.
Бугун келажагимиз эгалари бўлган ёшлар олдидаги масъулиятимиз, улар учун жавобгарлигимиз бир неча карра кучайганини алоҳида қайд этиш лозим. Бутунжаҳон глобаллашув жараёнлари жадаллашиб бораётган бугунги даврда ёшларнинг онгини, тафаккурини соф сақлаб қолиш энг муҳим вазифа. Миллий мафкура йўқ жойни дарров турли ёт ғоялар, бузғунчи мақсад-муддаолар эгаллаши ҳеч кимга сир эмас.
Ҳаммамизга аёнки, биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, аввало, огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, ўз фарзандларимизнинг келажагини асраш учун жаҳолатга қарши маърифат билан тинимсиз курашишимизни талаб қилмоқда.
Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, айни вақтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўстлашишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Юртбошимиз томонидан эълон қилинган Фармон ва қабул қилинган қарорлар фикримизнинг ёрқин исботидир.
Дарҳақиқат, китоб қатида ҳарорат бор. Бу ўтли сўз ҳарорати. Яна китоб қатида яхшиларга ҳавас, ёмонлардан нафрат бор. Китоб ўқиган одам ўз қалбига ўз кўзгусини тутади. Ватаннинг улуғлигини, халқининг буюклигини ҳис қилиш китоб қатидаги маърифатдан бошланади.
Тошкент вилояти ҳақида гапирганда шуни ифтихор билан айтамизки, Яратганнинг меҳри, назари тушган бу заминдан Шайх Умар Боғистоний, Хўжа Аҳрори Валий, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий каби азиз-авлиё ва алломалар етишиб чиққан. Айниқса, буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир.
Қадимий Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу ўлкада савдо-сотиқ, ҳунармандлик, меъморлик билан бирга, маданият, адабиёт ва санъат ҳам кенг ривожланган. Айниқса, Тошкент адабий муҳитида камолга етган Бадриддин Чочий, Зайниддин Восифий, Дилкаш, Гулшан, Армаий, Камий, Хислат, Мискин, Сидқий Хондайлиқий, Элбек каби шоир ва олимларнинг тарихий ва бадиий асарлари халқимизга яхши маълум.
Бугунги адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган Асад Асилов, Барот Исроил, Абдулла Шер, Абдусаттор Ҳотамов, Маҳмуд Тоир, Шарифа Салимова, Яҳё Тоға, Темур Убайдулло, Ашурали Боймуродов, Зарифа Эралиева каби шоир ва ёзувчиларнинг номларини нафақат Тошкент вилояти, балки бутун юртимиз китобхонлари яхши билади.
Яна шуни мамнуният ила қайд этамизки, юқорида номлари зикр этилган атоқли ижодкорлар эзгу ишларининг муносиб давомчилари бўлиб камолга етаётган истеъдодли ёшлар вилоятимизда кўплаб топилади. Бир қанча иқтидорли ёш ижодкорларимизнинг илк тўпламлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида кўп минг нусхада чоп этилганидан ниҳоятда мамнунмиз ва айни пайтда чексиз миннатдорчилигимизни ҳам изҳор қилмоқчимиз. Чунки ана шу китоблар боис бугун Кумуш Абдусаломова, Беҳзод Бийболаев, Висола Пардабоева, Наима Абдураҳмонова, Аслиддин Сабриддинов каби ёрқин истеъдод соҳиблари бўлган ёшларимизни нафақат вилоятимиз аҳли, балки бутун республикамиздаги адабиёт мухлислари эътироф этмоқда.
Шунингдек, вилоятимиз ижодкорларининг замонамиз қаҳрамонлари, фидойи, заҳматкаш ҳамюртларимиз ҳақида ёзилган “Қутлуғ йиллар саодати” жамоа тўплами ҳам китобхонлар олқишига сазовор бўлди.
Жорий йилда вилоятимизнинг Бекобод туманида туғилиб камолга етган таниқли шоир Ашурали Боймуродов, Қуйи Чирчиқ тумани фарзанди истеъдодли шоир Яҳё Тоғанинг қутлуғ 60 ёшларига бағишланган ижодий кечаларида республикамиздан кўплаб қалам соҳиблари иштирок этишди. Бу кечалар вилоятимиз миқёсида адабиёт кунларига айланди десак муболаға бўлмайди. Бундан ташқари Зулфиячи қизларимизнинг ҳар бири эришаётган муваффақиятлар ҳақида бир олам завқу шавқ билан гапирса арзийди. Ҳозирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида вилоят миқёсида ҳамда барча шаҳар, туманларда бошловчи ёш қаламкашларнинг тўгараклари фаолият олиб бормоқда. Кашф этилган истеъдодли ёшлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилаётган ҳудудий ва Зомин семинарларида фаол иштирок этмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Тошкент вилоятининг Паркент туманида, тоғолди ҳудудда 50 ўринли ижод уйи қурилиши режалаштирилгани нафақат вилоятимиз ижодкорлари, балки респуб­ликамиз қалам аҳлининг чексиз қувончига сабаб бўлди, бемисл илҳом бахш этди.
Мухтасар қилиб айтганда, истиқлолни ўзининг бахти ва тақдири деб билган Тошкент вилоятининг меҳнаткаш аҳолиси Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қиладилар.
Айни пайтда ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган, инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга ғамхўрлик қилишни, доимий эътибор кўрсатишни ўз бурчимиз деб биламиз.

 

Саҳифа 27 марта ўқилган.