Мустақиллик даври жадал тараққиёт ва глобаллашув жараёнлари шиддатига ҳамқадам бўлиб келаётган диёримизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, кўзланган олижаноб мақсадлар бадиий ижод аҳлини ёшлар маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада ўстириш, уларни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этишдек машаққатли, айни чоғда хайрли юмушларни бажаришга ундаши табиий. Бинобарин, ўзбек болалар шоирлари, ёзувчи ва таржимонлари, мунаққидлари олдида ҳам ўз ечимини кутаётган улкан вазифалар мавжуд.
Ҳисобот даврида Шарифа Салимованинг “Ҳайвонот оламига саёҳат”, Дилшод Ражабнинг “Бахши бола – яхши бола”, Набижон Эрматнинг “100 топишмоқ ва тез айтишлар”, Набижон Қодировнинг “Дўппи кийган болалар”, Фахриддин Ҳайитнинг “Шоколадли туш”, Нуруллоҳ Остоннинг “Чучмомога хат” каби китоб­лари ёш китобхонлар қўлига тегди.
Халқимизнинг севимли шоираси Шарифа Салимованинг “Ҳайвонот оламига саёҳат” китоби ардоқли адибимиз – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Табиатнинг очиқ қалби” номли сўзбошиси билан очилади.
Болалар адабиётида салкам ярим асрдан бери қалам тебратаётган отахон адиб ушбу китобнинг қуйидаги фазилатларини санайди:
Биринчидан, мазкур шеърий гулдаста ўзбек болалар адабиётида ҳайвонот ва наботот олами ҳақида битилган асарлар нисбатан кам бўлган бир шароитда юзага келган.
Иккинчидан, унда қиёфалари синчковлик билан кузатилган ўттиз бир нафар жонзотнинг фазилат ва қусурлари инсон тарбиясига таъсири нуқтаи назаридан акс этган.
Учинчидан, ҳар бир манзума шаклан ихчам, қофиялар тизими рангин, табиатан қувноқ, ифода жиҳатидан самимийдир.
Шубҳасиз, юқорида саналганларнинг барчаси китобга кирган бадиий асарларнинг ўқишли бўлишини таъминлаган омиллардир.
Аслида, муаллиф олис болалик ва хотирасида муқим ўрнашган, ҳайвонот дунёсининг сирли оламига нисбатан уйғонган ҳамда онгу шуур қатларию кўнгил пучмоқларида бир умр асраб келинган муҳаббат чашмасидан куч ва ижодий илҳом олган. Ҳайвонот олами ҳақида билганлари, кузатганларидан ибратли хулосалар чиқаришга интилган. Муҳими, нафис адабиёт, лирик ҳароратли сўз воситасида болаларни табиатни севиш, уни яқиндан ўрганишга даъват этибгина қолмай, уларнинг тасаввур оламини янада кенгайтириш, нафосат туйғусини юксалтиришни ҳам кўзлаган.
Шоира негадир шеърларни тизимлаштиришда кирилл алифбосига таянган ва шу асосда ҳарфларни анъанавий тартибда ёзув белгиларига кўра тизиб чиққан. Шеър болакайларнинг ҳарфлар жадвалию товуш белгиларини ёд олиши, ёзув тизимини ўзлаштиришини муайян даражада осонлаштиради. Муҳими, ёш китобхон саналган мавжудотларга хос муҳим белги-сифатлар билан яқиндан танишади, келтирилган айрим ишораларданоқ уларни танийди. Қизиғи шундаки, ушбу шеър бутун китобдаги ашъорлар учун ўзига хос очқич вазифасини ҳам ўтайди. Зотан, кейинги саҳифаларда китобхон ҳар бир жонзот билан алоҳида юзлашади. Уларнинг дил сўзларига қулоқ тутади. Тинглайди, мулоҳаза уммонига ғарқ бўлади. Гоҳ кулади, гоҳида ачинади. Шу тарзда маънан улғая боради.
Назаримизда, бу ўринда лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбо тизимига таянилса, манзуманинг бадиий-эстетик таъсир қуввати янада ортган бўларди. Шеърда ҳайвонларни бир манзилга жам қилишни ният қилган муаллиф негадир бу қаторга “райҳон”ни ҳам қўшади. Бироқ синчков ўқувчи бу ўсимлик эканини билгани, хушбўй гул ёхуд ошкўк ва зиравор сифатида танигани учун унинг ҳайвонлар қаторида саналишига бироз ажабланади.
Қизиғи шундаки, ёш ўқувчи китоб билан танишиш асносида бемалол Лайлак билан тиллашиши, уни эркалаши, ҳатто овутиши мумкин. У ўзини ҳимоясиз Мушукча ҳомийси санаши; Ниначига эргашиб боғу бўстонда сайр этиши, унинг “виз-виз деган баёти” ни тинглаши; Олмахонга қўшилиб кумуш ёнғоқлар ўйнаши мумкин. Китобхон поёнсиз ўрмонда оналарга хос меҳр, ям-яшил арчазорда кўз қувнатгувчи сеҳр, қуёш беланчагида ўзига чорлагувчи ҳарорат, баҳор чечагида ажиб малоҳат, райҳонлар атрида нафис ифор, кўк элаган оппоқ қорда беозор майинлик, ҳатто бир қарашда ўта совуқ туюлган музликларда пингвинлар (кенг маънода инсон) сабрини синовдан ўтказувчи жозиба мужассамлигини илғаганида беихтиёр олам гўзаллигидан ҳайрат туяди, унинг ижодкорига олқишлар айтади.
Дилшод Ражаб ўзининг болаларга аталган: “Отамнинг боғи”, “Дарё кўнгил”, “Жилвон ўғлони”, “Алифбо”, “Саноқ”, “Сукут сарҳади”, “Таниш товушлар”, “Ўн ўртоқ, санаб боқ” каби ўнлаб шеърий ва насрий китоблари билан илмий-адабий жамоатчиликка яхши таниш. Унинг “Бахши бола – яхши бола” номли янги китоби шеърлар, эртаклар ва ўрта мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари иштирокида мўъжаз саҳналарда “Конституция куни”, “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” каби тантаналар, байрам тадбирларини ўтказишга мўлжалланган сценарийлардан таркиб топган.
Шоир изланишларида наср ва назм мутаносиблиги яхши таъминланган. Жумладан, “Бахши бола – яхши бола” туркумига кирувчи шеърларида қофияли насрдан фойдаланилган. Масалан: “Алқисса, бахши бола, одоб-хулқли, яхши бола, сўзлари дил нақши бола, қўлга олиб созини, янгратиб овозини, шундай баён этибди, завқию дил розини” Кўринадики, мазкур шеърга қадимий қисса ва достонларимизга хос руҳ сингдирилган. Баъзи ўринларда шоир фольклорда мавжуд:

Қўлга олиб торимни,
Айтай дилда боримни.

каби тайёр жумлалардан ўринли фойдаланади. Табиатни нозик кузатувчи лирик қаҳрамони:

Онам тафтин эслатар
Силаб ўтган саболар…

Ёки бошқа бир ўринда:

Қиқир-қиқир кулади
Дошқозонда сумалак…

тарзида фикрлайди. Бу ҳол ёш китобхон поэтик нигоҳини ингичкалаштириш, эстетик дидини юксалтиришга хизмат қилади.
Дилшод Ражабнинг “Деҳқон даласида”, “Сўз ўйини – зўр ўйин”, “Учқунбекнинг саволлари”, “Фикратжоннинг фикрича”, “Мусаввирнинг шеърлари”, “Шерзоджон билан савол-жавоб”, “Шикоят дафтари”, “Шумтаканинг шеърлари” каби туркум шеърлари; “Энг буюк бойлик”, “Ўғрининг қисмати”, “Куч бирликда” сингари эртаклари алоҳида кузатишга лойиқ бадиий бақувват асарлардир. Ҳозирча, шуни эътироф этиш лозимки, Дилшод Ражаб 2016 йилда шаклий-услубий изланишларга бой кўплаб шеърий, қисман насрий ва жажжи драматик асарлар ҳам битган энг фаол ва сермаҳсул болалар шоиридир.
Набижон Эрмат (Худойберган ўғли)нинг “100 топишмоқ ва тез айтишлар” китобида шу жанрларнинг ҳар бирида 100 тадан (жами 200 та) ихчам шеърлар жамланган. Бу асарларда мингйилликлар синовидан ўтган топишмоқ ва тез айтишлар ёзиш адабий анъанаси давом эттирилган. Улар шоирнинг “Тўқсон тўққиз топишмоқ ва тез айтишлар” китобининг бешта нашридан саралаб олинган. Мазкур жанрлардаги асарлар мустақиллик даври ёшлари тилининг бурролигини таъмилаш, зукколигини ошириш, уларда ҳозиржавоблик фазилатини шакллантириш, дунёқарашини кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди. Зотан, муаллиф таъкидлаганидай: “Топишмоқлар ғаройиб, тез айтишлар ажойиб”лиги билан эътиборга моликдир.
Шоирнинг давлатимиз рамзлари, ўқувчи ва ўқув қуроллари, табиат ҳодисалари, чолғу асбоблари ва спорт турлари ҳақидаги топишмоқлари у қадар мураккаб эмас. Шу боис болалар бадиий матнга яширинган “сир”ни бирпасда топа олишади. Жумладан:

Тўкин-сочин ноз-неъмат,
Қайси фасл, айт, Ҳикмат?

каби ўқилиши, ёд олиниши осон ва бир зумда жавобини топиш мумкин бўлган топишмоқлар болаларнинг ёшига мослиги билан эътиборга лойиқ. Қолаверса, шоирнинг мавзу танлаши, ёшлар маънавиятини шакллантириш, уларни давлат рамзлари, ўқув қуроллари, атроф-муҳит билан таништириши, шуғулланиши лозим бўлган машғулотларга эътиборини жалб этиши ҳам муҳим тарбиявий, ахлоқий-таълимий аҳамият касб этади. Набижон Эрмат шеърларида дарахтлар “олтин чойшаб ёп”ади, “япроқлар олтин” либос кияди. Қуёш уфқдан “бош кўтар”ади. Янги чиққан ой “бир тилим қовун” ёхуд “бир карч ҳандалак”ка, дафтар бетига ёзилган хат “оқ саҳнга солинган нақш”га; булутлар “туянинг ўркачи” ёхуд “оппоқ пахта”га, чақмоқ “илон изи”га, қиров “кумуш қор”га, шудринг “майсанинг туғи”га, баъзан япроқнинг “холи”га, уфқ “Қуёш ётоғи”га ўхшатилади. Масалан, Ой ҳақида битилган топишмоқда:

Ҳандалакдан бир карчча,
Тилиб, осмонга отдим.
Тунда унинг зиёсин,
Мазасин қониб тотдим.

сингари муваффақиятга эришилган ўринлар анчагина. Фаол қўлланилган метафора, ўхшатиш, муболаға, сифатлаш, такрор сингари кўплаб бадиий-ифодавий воситаларга мурожаат қилиниши топишмоқларнинг поэтик сержилолигини таъминлаган. Бундай топишмоқлар болаларнинг сўз бойлигини ошириш, уларнинг ҳаёт ҳодисалари ҳақидаги тушунча ва тасаввурлари, идроки ҳамда мулоҳаза қобилиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, муҳим тарбия воситаси сифатида намоён бўлади.
Фахриддин Ҳайитнинг “Шоколадли туш” китоби ҳам шеър ва топишмоқлардан таркиб топган. Филология фанлари номзоди, доцент Кавсар Турдиеванинг “Ёрқин рангли шеърлар” номли сўзбошисида шоирнинг битиклари: “Энг кичик китобхонларга мўлжалланган жажжи шеърлар” экани, улар “осон ёдланадиган, болаларга ёрқин тасаввур, эсда қоларли образларни намоён этувчи, мусаввирларга ҳар бир сатр учун расм чизишга имкон берувчи” асарлар экани эътироф этилган.
Фахриддин Ҳайит китоб сарлавҳасига чиқарган “Шоколадли туш” номли шеър Мирвоҳид исмли болакай ва унинг меҳрибон онаси диалоги асосига қурилган. Онанинг эркалаб айтган:

– Ширин тушлар кўр,
Шод тур эрталаб!

деган тилагига жавобан Мирвоҳид:

– Ойи, шоколад
Бермасангиз хўш-ш,
Қандай қилиб мен
Кўрай ширин туш!?

деган сўзлари:
Биринчидан, жажжи болакайнинг туш кўриш ҳақидаги нотугал тасаввуридан дарак беради.
Иккинчидан, персонаж ширинликка ўчлигидан келиб чиқувчи “шум”ликни намоён этади.
Умуман, болакай фикридан ибтидоланиб унинг тилга кўчган эътироз ва талаб мазкур шеърга ўзига хос табиий жозиба бахш этган.
Шоирнинг “Юртимга келди Наврўз” шеърида қуёш ёғдуси “пайса”лаб ўлчанади. Ёмғир булутнинг “кўз ёши”га, варраклар бепоён “денгизда кезаётган елкан”га қиёсланади. Ҳар бир шонада “кўз оч”ган наврўз шукуҳи дил қулоқларимизга қушлар чуғурига вобаста бахтиёр болаларнинг қувноқ товушларини олиб киради:

Турналар овозига
Жўр болалар бахтиёр.
Тўлди қушлар созига
Гул диёр, гулзор диёр.
Ҳар шонада очиб кўз,
Юртимга келди Наврўз!

Кўринадики, мазкур шеърда болаликнинг тонгдай мусаффо, офтобдай ҳароратли, беҳад қувноқ ва шодон нафаси уфуриб турибди.
“Уч кичик дунё” ва “Антиқа ихтиро” китоблари, шунингдек республикамиз театрларида муваффақиятли саҳналаштирилган “Анқонинг уруғи” номли саҳна асари, “Армонли дунё” бадиий фильми билан китобхонларга яхши таниш – Республика Бадиий академияси аъзоси, Ўзбекистон халқ устаси Набижон Қодировнинг нав­батдаги “Дўппи кийган болалар” китоби даставвал чиройли безатилиши, шеърлар кирилл ва лотин имлосида ёнма-ён берилиши билан эътиборимизни тортади.
Нафақат бадиий кулолчилик, балки шеърий машқлари билан ҳам ёш китобхонлар кўнглига йўл излаётган Набижон Қодиров ижоди элимизнинг суюкли шоири Турсунбой Адашбоев тўғри таъкидлаганидай, ўзининг “равон ўқилиши”, фикр қарашларининг “қувноқ ҳазил-мутойибага тўйинган тагдор ифода”си билан кўнгилга яқин.
Шоир “Дўппи кийган болалар” номли панд-насиҳат руҳидаги шеърида катталар дилбанди, аждодлар насли пайванди бўлмиш миллатсевар, ширин-шакар, гўзал ва қувноқ ўғил-қизларни ардоқлайди:

Бошга қўндириб ойни,
Очиб кўрку чиройни,
Ўқишар Барчинойни
Дўппи кийган болалар.

Шоир “Хотира” шеърида ёш-ялангларга боқаркан, беихтиёр олис болалик хотираларига шўнғийди.

Чорлар мудом бобо уй,
Ҳар бир тўсин, вассаси.
Мунғайиб салом берар
Бобожоним ҳассаси.

Англашиладики, меҳрибон бобосининг эркалатишлари, қайтмас ўтмиш армонлари лирик қаҳрамон қалбида ғамгин ўйлар уйғотишига қарамай, вақтни қадрлаш ва кексаларни эъзозлашга даъват этади. Умуман, Набижон Қодиров шеърларида бир жиҳатдан, бобоси ўгитларини дилига жо қилган ва Саттор бобо сингари фариштамисол чолларни қўмсаётган набиранинг сўнгсиз соғинч ва армон ҳислари силқиб туради. Иккинчидан, бу шеърларга шўх-қувноқ, андак ўйинқароқ болалар жонли ва завқли ҳаёти бутун жозибаси билан кўчиб киради. Фикр тасдиғи учун “Олмазор” шеърини тўлиқ келтирамиз:

Боққа кириб олма едик
Карсиллатиб.
Шохларини синдирдик гоҳ
Қарсиллатиб.

Ётиб олдик қоринларни
Ларсиллатиб.
Ҳазиллашиб олма отдик
Чарсиллатиб.

Боғбон келиб қувиб қолди
Ҳарсиллатиб.
Тутиб олиб, урмаса бас
Тарсиллатиб.

Таъкидлаш ўринлики, шоир битикларида фикр такрорлари, шунингдек шеърий ихчамликка эриша олмаслик каби кичкинтойлар диққатини етарлича эътиборга олмаслик ҳоллари ҳам учрайди. Айни пайтда, севимли шоиримиз Набижон Қодировга Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таъсиридан буткул қутулиб, ўз услубини янада равнақ топтириш йўлида изланишлар олиб боришда муваффақиятлар тилаймиз.
Нуриллоҳ Остоннинг “Чучмомога хат” китоби номланишида поэтик жозиба мужассам. Зотан, истироҳат боғлари ёхуд хонадонларда ўстирилувчи чучмомо болаларга яхши таниш. Улар чучмомонинг гуллаши, гўзал манзара ҳосил қилишини билишади. Қолаверса, унга битилган нома детали ҳам болалар руҳиятига анча яқин. Шу боис, гарчи шеърда гулнинг сиёҳранг эканидан бўлак бирор сифати акс этмаган бўлса-да, у билан:
Менга жиндек бериб тур,
Сиёҳингдан Чучмомо!

тарзида мулоқотга киришиш мумкинлиги болаларга хушкайфият улашади. “Сархил юрт” шеъридаги уззу-кун “булутларни соғиб” ёққан ёмғир ва ёғиш тингач, еру осмонда турфа “ранглар ёниши” билан боғлиқ тасвирлар ёш китобхонни табиатни кузатиш, уни бадиий идрок этишга ўргатади. Шу азиз Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини камол топтиради. “Қирқим тут” ширасига ёпирилган “шилқим қуш”лар галасидан ғазабини яширмаган болакай, мевасига маза инган узумни ҳам очкўз чумчуқлар тумшуғидан асрайди. Айни пайтда, у ғоят самимият ва бағрикенглик билан “чумчуқ-тумшуқ”ларни узум пишиғига чорлайди. Шоир кунгабоқарлар гала-гала бўлиб, қуёш томон “сафланиши”ни жонлантиради. Яна бир ўринда келтирилган совутгичнинг “хуррак отиши” лавҳаси ҳам ёш китобхон мийиғида ширин бир жилмайиш ҳосил қилади. “Олапар” шеърида ҳамдамона ачиниш ҳислари ифода этилади. Кирпи “жадал юриши”га хос кесатиқ эса, унинг “ёмғирпўшни унутиш”и билан боғлиқ ҳаётий лавҳа орқали киноя билан алмашинади.

Тўхта, ошна Кирпижон,
Бунча шошма Кирпижон.
Тугамасдан иш маҳал,
Қайга кетурсан жадал?
Кирпижон қовоқ уяр:
– Кўчада ёмғир қуяр.
Ёддан чиқипти…
– Хўш-хўш?
– Олмабман-ку ёмғирпўш!

Нуриллоҳ Остоннинг “Одил тақсим”, “Олма”, “Дангалчи”, “Чой ичганда” шеърларида очкўзлик, “Изқувар”, “Тадбиркор уста”, “Мақтанчоқ бурга”, “Сабзи полвон” шеърларида мақтанчоқлик иллатлари фош этилади. “Туянинг бўталоғи” шеърида ёлғончилик, “Чироқ ёнсин”да ялқовлик “Бетоқат” ва “Хўрак” асарларида лоқайдлик, “Дазмол” шеърида уқувсизлик, “Шахмат”да жанжалкашлик, “Чўпон суруви”да эркатойлик, “Қовоғарининг қовоғи”да таъмагирлик сингари болалар табиатида учровчи айрим иллатлар устидан гоҳ киноявий-мажозий, гоҳ комик, гоҳида эса, нимкулги асосида поэтик ҳукм чиқарилади.
Шоир битиклари айрим нуқсонлардан холи эмас. Жумладан, “Қўзичоқ” шеърида “қизғалдоқранг” далалар “ям-яшил” тарзида таърифланадики, қизғалдоқларни қип-қизил ранги билан таниган ёш китобхон ўз тасаввурига зид бундай ҳолга ишонмайди. Нуриллоҳ Остон “Тиш докторига”, “Ўгит”, “Эҳтиёт бўл” сингари бир қатор битикларида ошкора дидактикага берилиб кетади.
Маълумки, болалар шеъриятида лирик субъект бирқадар ўзгачароқ тарзда намоён бўлади. Шу боис, болалар шоирлари табиий тарзда персонажлар нутқига кўпроқ эътибор беришган. Улар қалбини хатти-ҳаракат ва ҳолатлари, ички ва ташқи нутқи воситасида очишга интилишган. Воқеликнинг бундай қисқа ва ихчам тасвири болалар шеъриятида ҳам муаллиф ички олами бош мавзу, ҳис-туйғу ва кечинма эса унинг тасвир предмети эканини инкор этмайди. Зотан, болалар шоирларининг мақсади ҳам воқеани тасвирлаш эмас, воқеа орқали лирик кечинмани ифодалашдир. Ҳисобот даврида шоирларимиз воқеликнинг кечинмани тасвирлаш учун энг муҳим бўлган “детал”лари, қизғин, кульминацион нуқталари (манзара тасвири, персонаж тавсифи)ни жонлантириб, туйғуни ўша тасвир ва тавсиф замирига жо қилишаётгани қувонарли ҳолдир.

Севинчой ЁҚУБОВА

Саҳифа 24 марта ўқилган.