Ўзбек халқи қадимдан меҳрибон, ўз дарди қолиб, ўзгалар дарди учун куйиниб яшайдиган жонсарак халқ. Бу менталитетга хос хусусиятлар халқнинг оғзаки ижодидан тортиб, бадиий ижод маҳсулигача ўз аксини топган. Ўктамой Холдорованинг яқинда нашрдан чиққан (“Камалак” нашриёти, Тошкент, 2016 йил) “Меҳр гули” номли қисса ва ҳикоялари жамланган тўпламини ўқиган киши ўзининг олис болалигига, меҳрибон қадрдонлари, момоси ва жигаргўшалари бағрига қайтгандай ҳис қилади.
Тўпламдан жой олган қиссаларни ўқир экансиз, замон ва макон фаразий эмас, аксинча воқеалар ўзингиз борган ёки билган, эшитган жойларда ривож топаётганини биласиз.
“Энам сабоқлари” қиссасида муаллиф бувиси билан кечган кунларни “беадоқ соғинч” билан қўмсайди, фурсат ўтиши билан ўзгариб, олдинги файзу тароватидан асар ҳам қолмаган ҳовлида энасини эслатиб тургувчи букчайган, афтодаҳол бир туп тут дарахти қошида сўнгсиз хаёлларга берилиб, “қадрдон бир туйғуни ҳис этмоқ илинжида” таскин ахтаради…
Қиссани ўқир эканмиз, беихтиёр кўз ўнгимизда ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган, сабру қаноат билан тақдирнинг ногаҳоний зарбаларига мардонавор дош берган, ҳаётининг ҳар бир дақиқасидан тириклик изини топа олган нуроний, заҳматкаш бир кампир қиёфаси намоён бўлади.
Муаллиф хотираларидан жонлантирган энаси Робия кампирнинг қалтис замонларда кечган ёшлигини, раҳмдиллиги баробарида ҳар юмушни “ҳафсала билан, санъат даражасида” бажаришга одатланганини (“Заҳматкашим энам”), қаҳатчилик йилларида бошидан кечирган азоб-уқубатларини (“Энамнинг ҳикоялари”), ҳар қандай шароитда ҳам Яратганга шукрона айтиб, ғанимат лаҳзалар қадрини анг­лашга бўлган иштиёқини (“Пилла қурти”), “ёлғизқўл аҳволи билан катта қилган” фарзандининг орзу-ҳавасини кўришдаги умидворлигини (“Тўй”), тадбиркорлиги боис, қийин, мураккаб вазиятларни енгиб ўтиш палласидаги жонбозликларини (“Лойсувоқдаги тушлик”, “Чумчуқ кабоб”), ўтаётган вақт қадрига етиш учун огоҳликка даъватларини (“Дилбузар”), сўзга эътибори ҳамда ўлан айтишдаги туғма маҳоратини (“Энамнинг ўланлари”), ҳар ишда бош-қош бўлган ҳолда, ҳаётий тажрибаларига таяниб, хасталар дардига малҳам бўла олиш қобилиятини (“Табобат”), инсон зотига хос бўлган барча хислатларни ушоқдек вужуди ҳамда бепоён қалбига сингдириб, сиғдиролган ғамхўр, меҳрибон, мушфиқ, муштипар бир кўнгил манзарасини ҳаётий, жонли воқеалар тимсолида ёрқин гавдалантирган.
Тўпламдаги биргина “Эртаклар дунёси” бобида баён этилган воқеаларда қирғинбарот йилларининг маънавий фожиаси акс этган: “…Энамнинг қўлларида бирор марта китоб кўрмаганмиз. Шунинг учунми, ўзимизча “Энамнинг саводлари йўқ”, деб ишонардик.
Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Тандиримиз эскириб, ярми тушиб кетган эди. Шунинг ўрнига яна тандир қурмоқчи бўлдик. Тандир тепасини энам укаларимга олдирдилар, пастига келганда энам нима учундир пайсалга солиб:
– Бўлди, кеч бўлиб қолди, қолганини эртага қилармиз, – деб ишни тўхтатиб қўйди.
Ҳайрон бўлдик, нима учундир энамни биринчи маротаба жуда тушкун, кайфиятсиз ҳолатда кўриб, ажабландим.
Кечга яқин укаларим ухлаган паллада энам катта ўғил укам ва мени етаклаб, ҳовлимиз ёнбошидаги тандир бошига етаклаб бордилар. Энамнинг бир қўлида теша ва бир қўлида пилтачироқ бор эди…”
Сўнг тандирнинг пастки томони эҳтиёткорлик билан кўчириб ташланади. Қалин матоларга ўралган тугунларда кўмиб қўйилган китоблар бор эди: “У эскириб увадаси чиқиб кетган латталарни очаркан, пешонаси тиришиб, афт-ангорини ҳазинлик эгаллай бошлади. Ниҳоят, латталар ичидан увадаси чиқиб кетган аллақандай китоб­ларни қўлига авайлаб олиб, ичини очмоқчи бўлди.
– Эна, булар нима? Китобларми? – дедим юрак ютиб.
– Ҳа, китоблар, ноёб китоблар! Эсиз, эсиз!!! – энамнинг кўзларида ёш йилтиллади.
У ичидан тўлиқиб йиғларди. Биз “саводсиз” деб тусмоллаган энам китобларни очиб бутун қолган жойларини ўқиб, уларнинг қандай китоблар эканини айтиб берар эди.
– Бу “Қиссаи Машраб”, мана буниси “Ибн Сино табобатлари”, бу эса “Сўфи Оллоҳёр”, буниси “Аҳмад Яссавий ҳикматлари” экан…”
Бу воқеани ўқирканмиз, беихтиёр қатағон йилларида халқимиз, маънавиятимиз бошига ёғилган фожиаларни алам билан эслаймиз, “зулму адолатсизликларни кўравериб, зада бўлган юраги” ўртанган “саводсиз” алломаларимиз, ноҳақ жабр кўрган бегуноҳ жонлар, жонҳолатда тандирнинг тагига, чуқур ўраларга, пахса деворлар орасига беркитилган, қабристонларга кўмилган ёхуд ёқиб юборилган қанчадан-қанча ноёб битиклар, маънавий бойликларимиз хаёлимизда жонланади…
Китобдан ўрин олган қиссалардан бири “Энам сабоқлари” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, мактаблар, дорилфунунлардан ташқари яна бир илм даргоҳи борки, у, шубҳасиз, Ибрат сабоғидир. Китоблардан ўқиганимиз, оташин нутқлардан эшитганимиз – умумбашарий хислатлар, фазилатларни токи етук инсонлар тимсолида кўрмас ва улардан ибрат олмас эканмиз, биз ўрганган назарий билимлар муаллақлигича қолаверади. Яхши кишилар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг ўрнак бўлишга арзигулик эзгу амаллари, одамий тамойилларининг ўзи – ўқиб-ўрганишимиз зарур бўлган жонли Сабоқ бўлиб, бу эзгу ҳодиса қамрови ва таъсири ҳеч қайси илму ирфондан қолишмайди… Муаллиф ана шу воқеалар тафсилотини жонли ва ишонарли тарзда очиб берган.
Тўпламдаги “Ўлим – охирги йўлмас” қиссасида ўлим билан юзма-юз келган беморнинг ҳолати ишонарли баён этилган. Муаллиф ушбу қисса орқали бу дунёда эзгулик истаб яшаган жонлар учун у дунё қўрқинчли ёхуд охирги манзил эмаслиги ҳамда руҳларнинг абадийлигига ишора қилади. Бу ишоранинг илдизи беҳад чуқур бўлиб, у бевосита қадимий ва умрбоқий ҳикматлар шажарасига бориб тақалгани билан ҳам қадрли, эътиборга лойиқдир.
Тўпламдан ўрин олган “Тақдири азал” қиссаси ҳам кутилмаган воқеалар, ҳолатларга бой. Қиссада тақдирдан қочиб қутулиш маҳол эканлиги, барча амалларимиз ниятларимизга яраша ҳодисалар билан уйқашлиги ҳақида батафсил сўз юритилиб, ҳар қаричи муқаддас саналган еримиз ичра янада муқаддасроқ манзилу маъволар борлиги алоҳида таъкидланган. Ҳаётимиз турфа ҳодисалар қамровида ўтади. Барчамиз пешонамизга битилган азалий битиклар сўқмоғи орқали умр деб аталмиш гоҳ қисқа, гоҳ узун, гоҳ беҳуда, гоҳ мазмунли йўлни босиб ўтарканмиз, қанчалик оғир бўлмасин, бу йўлнинг қақшатқич зарба ва синовларига бардош берган ҳолда, ҳар нечук тўсиқларни, ғамларни енгиб ўтиш, умримиз бўшлиқларини сабру таскинлар билан тўлдириш, бир сўз билан айтганда, тақдирга тан бериш – бурчимиз… Қиссадаги шиддатли воқеа ва ҳолатлар китобхонни ҳушёрликка, огоҳликка чорлайди.
Тўпламдаги “Шол аёлнинг шодлиги”, “Ёнғоқ ўғриси”, “Буюрилмаган неъмат”, “Қимматга тушган кино”, “Ота насиҳати”, “Кушноч”, “Яшил дил орзулари” номли ҳикояларда ҳам жисмоний ногиронликдан маънавий мажруҳлик хатарли эканлиги, шодлик манзилига элтувчи жидду жаҳдлар халоскорлиги, шубҳа, ўринсиз гумонларнинг эзгу туйғуларимиз кушандасига дўниб, шахсимизни нечоғлиқ емириши, Оллоҳ ато этган неъматга ношукурликнинг аянчли оқибатлари, меҳр, муҳаббат, диёнат, ихлос сингари эзгу туйғулар, хислатлар ҳар қандай моддийликдан баланд, кушойишлар калити эканлиги самимий, холисона, ихчам тарзда баён этилган.
Ҳикоялардаги сюжет воқеаларининг кутилмаган тус олиши, тасодифий кечмишларга бойлиги, персонажлар қисматидаги ранг-баранг жараёнлар, мураккаб ҳолатлар ўқувчи эътиборини асар якунига қадар ушлаб тура олади.
“Меҳр гули” китобининг тарбиявий аҳамияти ҳам катта эканлигига, ўқувчининг маънавий ҳаётида эзгу из қолдиришига ишонамиз.

Маматқул ЖЎРАЕВ

Саҳифа 25 марта ўқилган.