Ҳиндистон сеҳру жозибаси билан қадим-қадимдан бутун дунё аҳлини оҳанрабодай ўзига тортиб келган мамлакат. Қадимги ҳинд эпослари, эртак-афсоналари эллараро кезиб юради. Буни ўқиган, эшитган, кўрган ҳар қандай одам ҳинд заминига бир бор бўлса ҳам боришни орзу қилади.
Бундан йигирма йилча аввал, 1998 йили хизмат сафари боис афсонавий Ҳиндистон диёрига бориш бахти менга насиб этди. Мустақиллик шарофати билан хорижий давлатларга чиқиш бошланган ўша вақтларда биз бораётган ҳамма жойлар ҳам ҳайратга солар эди. Айниқса, Ҳиндистон! Деҳлида ўтган бир ой ҳозиргидай ёдимда. Янги ва эски шаҳар, турли табақа вакиллари яшайдиган мавзелар, йўл ўртаси ёки четида ётган ва ҳеч кимга малол келмайдиган сигирлар, турли даврларда қурилган турфа иморатлар ва ҳар хил эътиқодли одамлар, митти маймунчалар…
Ҳали мен Ҳиндистонда Бобурийлар бунёд этган бинолар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдим. Албатта, ҳамма қатори дунёга машҳур, мўъжизавий Тожмаҳални билардим. Яна, ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” мемуари ва бошқа асарлари, Пиримқул Қодировнинг романлари маълум тасаввур берар эди. Аммо кўз билан кўрган бошқа экан. Амалиёт ўташ жойимиз Деҳлида бўлиб, бу шаҳардан Аграга қадар икки юз чақирим атрофида машинада борилар экан… Ҳиндистонда бўлиб, Тожмаҳални кўрмай қайтиш эса – бу мамлакатда бўлмади деган гап!
Бир кунга белгиланган сайёҳлик йўналиши бўйлаб айланадиган автобусда Агра сари йўл олдим. Менинг кўнглимда фақат Тожмаҳални кўриш истаги бор эди ва бу саёҳатдан бошқа мўъжиза кутмаган эдим.
Аграга борадиган автомобиль йўли жуда ҳам тор ва ердан юқори кўтариб қурилгани учун икки чети очиқлигидан хавфли кўринарди. Йўл-йўлакай қишлоқ ва ўрмонларни томоша қилиб борар эканман, ҳинд халқининг оддий турмуш тарзи, қишлоқлари, табиатининг мўъжизалари менга ғоят қизиқарли туюлди.
Саёҳатимнинг биринчи манзили Деҳли шаҳридаги Ҳумоюншоҳ мақбараси бўлди. Мен учун кутилмаган янгилик, қалбимга ҳайратлар бағишлаган манзил… Қизил мармардан Тожмаҳалга монанд лойиҳада бунёд этилган муҳташам мақбаранинг атрофи боғ, ям-яшил майсазор. Келаётган зиёратчи ва сайёҳларнинг ҳисоби йўқ. Мақбара ҳудудига киришда инглиз тилида мармар лавҳга Ҳумоюншоҳ исми ва мақбара қурилган сана битилган. Муҳташам мақбарани зиёрат қилар эканман, ўзимни Самарқандда юргандай ҳис этдим. Шу лаҳзаларда боболаримизнинг Ҳинд заминида бунёд этган муҳташам иморатлари билан фахрландим. Ахир менинг бу мақбара ҳақида умуман тасаввурим ҳам йўқ эди-да!
Ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарбиясини олган Ҳумоюншоҳ ҳам адолатли шоҳ ва шоир сифатида тарихда қолган. Унинг қандай дилбар инсон бўлганини Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”сини ўқиб, кўз олдингизга келтиришингиз мумкин. Биринчи мақбарани кўрибоқ, менда бу бино Андижонда ёки Самарқандда қурилиши мумкин эди-ку, деган фикр уйғонган бўлса, Тожмаҳални кўрганда изтироб қалбимни ўртади.
Саёҳатимиз давом этди. Йўл-йўлакай турли динларга оид ибодатхоналар билан танишиб, ниҳоят Тожмаҳалга етиб бордик. Муҳаббат қасри дунё мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилганича бор экан. Шоҳжаҳон ва Мумтозмаҳал қабрини зиёрат қилиб, ҳовуч-ҳовуч чиннигул сочар эканмиз, бу лаҳзалар ғоят қадрли ва унутилмаслигини ҳозир ҳам ўша вақтдагидай ҳис этаман. Ҳа, дунёни ҳайратга солган бу иморатларни Андижонда таваллуд топган Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг авлодлари қурган эди-да!
Жамна дарёси пойини ўпиб оқаётган оппоқ, шаффоф мармардан қурилган Тожмаҳал деворларига араб имлосида муқаддас Қуръон оятлари битилган. Бошловчи шу ердан туриб кўз илғар даражада жойлашган яна бир қаср – Акбаршоҳ дафн этилган Қизил қалъани кўрсатди ва кейин ўша томонга йўл олдик. Бу энди менинг ҳайратимни янада оширди. Қалъага кириш дарвозаси ва атрофи баланд мармар девор билан ўралган. Бухоро Арки ёки Хоразмдаги Ичан қалъага ўхшаб кетади. Фақат Қизил қалъа девори бўйлаб ташқарида чуқур ҳандақ қазилган, сувга тўлатилган ва қалъага кўтарма кўприк орқали катта дарвозадан кирилади.
Оламга машҳур Тожмаҳал, Ҳумоюн мақбараси, буюк Акбаршоҳ дафн этилган Қизил қалъа таассуротлари тарихга, дунёга қарашимни ўзгартириб юборди. Ахир бу ерда Андижонда қурилиши мумкин бўлган саройлар бунёд этилган эди-да! Тарихнинг ғаройиб саҳифалари. Бобурийлар бунёд этган бири биридан гўзал бинолар Ҳиндистондаги бошқа иморатлардан ўзгача салобати, кўркамлиги, озодалиги билан ажралиб туради, уларнинг деворларидаги эски ёзувимиздаги битиклар кўнгилда ажиб бир орзиқиш уйғотади. Уч юз ўттиз йилдан ортиқ ҳукм сурган Бобурийлар салтанатининг шукуҳли йўлини чин дилдан ҳис этдим.
Биринчи марта Ватандан олисда кўп вақт юриш, юрт соғинчи, турмуш тарзидаги тафовутлар уйга қайтиш истагимни кучайтирган эди, боболаримиз тиклаган мангу обидалар бу соғинч изтиробини босгандай бўлди.
Бу сафарда мен Ҳиндистонни эмас, балки ўзимизни, боболаримизнинг улуғлигини, уларнинг дунё тамаддунига қўшган бебаҳо ҳиссасини, башариятга қолдирган бебаҳо меросини кашф этдим.
Саёҳатимиз якунланиб Деҳлига қайтгач, “Ашока палас” меҳмонхонасида “Андижонда қурилмаган миноралар” номли шеър бир лаҳзада қоғозга тушди, чунки бу шеър йўлда, автобусда келаётганимиздаёқ хаёлимда яралган эди:

Бобур Мирзо, олий ҳазрат, сиздай зотга
Беркитдилар ота юртнинг дарвозасин.
Бир тахт кетди, бир бахт кетди шунда ётга,
Бахтсиз, тахтсиз Ватан қолди, овозасиз.

Мирзосини тан олмаган бечоралар,
Андижонда қуролмади миноралар.

Ҳинд юртининг осмонига соғинч тўлган,
Қушлар бўлиб кўрингайдир боққан маҳал.
Жамна мармар пойларини ўпганда ҳам,
Андижондан хабар кутар Мумтозмаҳал.

Соғинчлари юрагимни минг поралар –
Андижонда қурилмаган миноралар.

Бири Агра, бири Деҳли, бири Лоҳур
Самолари узра боқар олисларга.
Бобурийлар руҳи ила обод турур,
Хабарлашиб, йўл кўрсатур юлдузларга.

Бобурийлар кимлигини сўзлаб турар,
Андижонда қурилмаган миноралар.

Кимдир мўғил, кимдир ўзбек, ким турк атар,
Ўз юртига сиғмаган ул мирзоларни.
Тарих мисли дарё оқар, ўтар, кетар,
Тузатарми энди ўшал хатоларни?!

Боғишамол сари, мана, юрт оралар,
Андижонга қайтаётган миноралар…

Аммо, орадан йигирма йил ўтгач, ҳозир бу борадаги фикрларим ўзгачароқ. Боболаримиз бунёд этган бинолар нафақат Ҳиндистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қад ростлаб, бизнинг ким эканимизни сўзлаб турибди.
Таъбир жоиз бўлса, бу саройлар, мадраса, мақбаралар муҳташам, бетакрор бинолигидан кўра ҳам каттароқ мўъжизадир. Буни таърифлаш қийин. Маънавият, адабиёт, тарих мўъжизасига монанд буюк ҳодиса! Мен дунёнинг барча ҳудудларида биз билган ва билмаган шундай мўъжизаларимиз борлиги билан фахрланаман…

 

Саҳифа 93 марта ўқилган.