Замонавий ўзбек ҳикоячилиги бугунгача бир нечта хронологик ҳамда поэтик босқичларни босиб ўтган бўлса, буларнинг орасида ўзининг бадиий тасвир усули ва қаҳрамонлар табиати нуқтаи назаридан алоҳида ажралиб тарадиган босқич мустақиллик даври ҳикоячилигидир. Мустақиллик даври ўзбек ҳикоячилиги бадиий сюжет, композиция, услуб янгиланишлари билан бир қаторда психологик тасвир борасида ҳам салмоқли ютуқларга эришди. Бу борада Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Шойим Бўтаев, Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Луқмон Бўрихон, айниқса, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Хуршид Дўстмуҳаммад яқинда нашр этилган бир илмий мақоласида ҳикоя жанри ҳақидаги анъанавий қарашларга нисбатан шундай муносабат билдиради: “Ихчамлик ҳикоянинг хос белгиси эканлиги тўғри, лекин унда қаҳрамон ҳаётидан фақат битта воқеанинг бўлиши, бу етмагандай сюжети содда бўлиши, ҳатто ихчам воқеа лўндагина ифодаланмоғи даркорлигини ҳазм қилиш қийин. Нима учун фақат битта воқеа? Нега энди сюжет содда бўлмоғи? Ва лўндагина ифодаланмоғи?.. Ҳар учала шартни тамомила инкор ва рад этган ҳикоялар оз эмас жаҳон адабиётида”.
Ёзувчининг бундай кескин фикрларидан биз қандай хулоса чиқаришимиз керак? Демак, мустақиллик даври ўзбек ҳикоячилиги ўз бадиий мезонларини яратиш йўлида изланмоқда. Ҳикоянинг анъанавий шаклларини, у ҳақдаги илмий қарашларни инкор этмоқда. Бу ҳолат фақатгина илмий ёки публицистик мақолаларда эмас (бу жойда Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, хусусан, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг айрим мақолаларини назарда тутяпмиз – С.Е.), балки бевосита ҳикоя жанри бўйича кўзга ташланаётган бадиий экспериментларда ҳам яққол кўринади. Аҳмад Аъзам, Шойим Бўтаев, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Назар Эшонқул каби ўзбек ҳикоячиларининг кейинги даврларда ёзган ушбу жанрга мансуб асарларида фикримиз исботига хизмат қиладиган жиҳатлар талайгина.
Ўзбек ҳикоясидаги бунингдек мазмун ва шакл ўзгаришларининг, бир турк адабиётшуноси мустақил кузатувларига кўра, учта муҳим сабаби бор. Биринчи сабаб, мустақиллик даврига келиб, ўзбек адабиётида ёзувчи шахсияти, дунёқарашининг тубдан янгиланганлиги; иккинчи сабаб, ҳикоя прототиплари бўлган ўзбек кишилари ҳамда XXI аср ўзбек халқи турмуш тарзи, жамиятдаги маънавий, психологик ҳолат-вазиятнинг ўзгариши; учинчи сабаб, адабий таъсир натижасида ҳикоя жанри спецификасининг янгилана бориши. Биз бу жиҳатларни юқорида саналган нисбатан янги фикрли ёзувчи шахсиятларининг барчасида кузатамиз. Профессор Умарали Норматовнинг қуйидаги фикрлари фикримизни янада кенгайтиради ва тўлдиради: “Уч йилдирки, “Жаҳон адабиёти” журналида “Жаҳонга бўйлашиб” адабий минбари орқали бир қатор ўзбек адибларининг шеърий, насрий асарлари эълон этилди, жумладан, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре” ҳикояси кенг адабий жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мунтазам тарзда жаҳон адабиёти дурдоналари янгиликларини ёритиб бораётир. “Китоб дунёси” газетаси эса миллий адабиётимиз янгиликлари билан ёнма-ён жаҳон адабиёти машҳур намояндалари бисотидан намуналар бериб боришни одат тусига айлантирган. Айниқса, жаҳонга машҳур ҳикояларнинг авваллари бўлгани каби асосан русчадан эмас, бевосита аслиятдан – инглиз, испан, немис, француз каби етакчи тиллардан таржима қилинаётганлиги диққатга сазовор”.
Ўзбек ҳикоячилигидаги шакл-мазмун янгиланишлари, жаҳон ҳикоячилигига яқинлашуви, айниқса, бугун кўзга ташланаётган поэтик экспериментлар ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, Хуршид Дўстмуҳаммад ижоди олдинги планга чиқади. “Ўтган чорак аср давомида, – деб ёзади адабиётшунос Баҳодир Карим. – Ўнлаб, юзлаб ҳикоялар матбуотда ва китоб ҳолида чиқди. Эсда қоладиганлари, бугунги ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, одамлар руҳиятидаги зиддиятларни тасвирлаганлари ҳам етарли. Эркин Аъзамнинг “Ступка” номли “ўйин”ли, “Ёзувчи” деган жиддий ҳикоялари босилди. Аҳмад Аъзамнинг “Кўп ишни қилиб кўрдим, турли юмушга қўл урдим. Лекин ҳеч бири ёзишга, ёзиш берадиган машаққатли завққа тенг келолмайди”, деган бир гапини ўқидим. Ижод завқига монанд фаоллашган адиб “Тиқин”, “Нима қилиб қўйган эканман”, “Қулф тили” каби яхши ҳикоялар ёзди. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Шабада”, “Қичқириқ” каби ҳикоялари адабий жамоатчилик эътиборини тортди”.
Ҳақиқатан ҳам, Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг илк ижодий фаолиятидан бошлаб, қатор бадиий экспериментларни муваффақиятли тарзда амалга ошириб келмоқда. “Жажман” ҳикоясидаги жаҳоний мифологик руҳ, “Ибн Муғанний” ҳикоясидаги нозик психоаналитик таҳлил, “Қичқириқ” ҳикоясидаги миллият билан тўйинган бадиий рамзлаштириш усули ёзувчи ижодининг бадиий жиҳатдан ўзга ҳикоячиларга ўхшамаслигидан далолат беради. “Жимжитхонага йўл”, менимча, ўзбек адабиёти тарихида биринчи насрий назира ҳисобланади. Италиялик ёзувчи Дино Буццатининг “Етти қават” ҳикояси Хуршид Дўстмуҳаммад бадиий тафаккуридаги шарқона қамров, ўзбекона маънавият, фалсафа талқини поэтик жиҳатдан юксак поғонага кўтарилган. “Ёшлик” журналининг 2017 йил 2-сонида эълон қилинган “Эрта баҳор” ҳикояси ҳам ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад насрий ижодидаги ўзига хос бир чўққи, ютуқ дейишга асос беради.
Ҳикоянинг янгилиги ва ўзига хослиги шундаки, унда тасвирланган воқеа-сюжет ҳар йили, ҳар қандай миллатга мансуб, ҳар қандай киши ҳаётида рўй бериб турибди ёки рўй бериши мумкин. Худди шу жиҳати билан “Эрта баҳор” ҳикояси жаҳоний, умумбашарий аҳамиятга эга. “Эрта баҳор”, бир сўз билан айтганда, қиш бўйи диққинафас уйда зериккан ва ниҳоят, баҳор ташрифи туфайли “озодлик”ка чиққан, ўз озодлигидан бироз хавотир, бироз қўрқув, бироз шубҳа, бироз завқ туяётган инсон кўнгли ҳақида. Асар қаҳрамонига қўйилган исм ҳам, ҳикоянинг асосий сюжети каби, қуюқ рамзга йўғрилган. Қаҳрамоннинг исми оддий исмлардан эмас. Мукаммал, нозик ва, ўз навбатида рамзий исм – “Ромиз шоир”. Ромиз шоирнинг воқеликни идроклаш, ўзи идроклаган дунёни тассаввур ва баён қилиш усули ҳам ўзига хос, бошқа биронта қаҳрамонга ўхшамайди. Ромиз шоир диққинафас қиш бўғувидан қутулиб, ниҳоят боққа етиб келади. Ҳикоя шу билан бошланади: “Ромиз шоир жуда-жуда соғинганди боғни. Соғиниш ҳам гапми, боғни унутиб юборгандек эди, назарида. Унутиш ҳам гапми, батамом оқибатсизлик йўлига ўтган-у, мана, кўз-кўзга тушганда хижолат ўтида ёнаётгандек, изза бўлаётгандек, истиҳола ўтида қоврилаётгандек эди”. Туркийларнинг классик адабиётидаги ружуъ санъати руҳида тузилган ушбу муҳташам жумлалардан аён бўладики, Ромиз шоир эрта баҳорда талпиниб, судралиб, ичикиб, ошиқиб етиб келган боғ, аслида, кўнгил озодлигининг рамзий ифодасидир. Қаҳрамон бу туйғуни анча муддат унутган, унутиш асносида яшашга ўрганмоқни тану жони учун хавфсиз, хотиржам турмуш тарзининг гарови деган фикрга кўникаёзган. Аммо шундай маҳбусона туйғулар қатида пинҳон озодлик ҳақидаги хотиралар қаҳрамонни яна ўз аслига қайтарган: “Уй-жойи, бола-чақаси бағрида, хизматига бориб-келиб турди. Лекин юраги сиқилди, фақат нега, нимадан сиқилди, не ҳасратларда бу қадар қисинди – ўзи ҳам билмади, тагига етолмади, тайинли жавоб топмади. Худди барча тушуниксиз дилхунликлари фақат ва фақат дала ҳовли васлига, дийдорига етсагина тарқайдигандек туюлаверди. Боғ ҳовлиси тушларига кирди, ташида ҳам, уйғонгач, ўнгида ҳам ҳадемай баҳор келақолса, дея сабрсизланаверди…” (таъкид бизники – С.Е.).
Мақсадига эришган, дала ҳовли дийдорига етган қаҳрамон ҳам сўзлаш услубида, ҳам ҳикоя сюжетининг умумий қурилишида ружуъ – ортга қайтиш усулидан унумли тарзда фойдаланади: “Қандайдир кўринмас-мавҳум куч унинг бу ният-маслагига етишмоқликка тўсқинлик қилиши муқаррардек бот-бот кўр хавотирга тушди…” (таъкид бизники – С.Е.). Бу билан бир тарафдан ҳикоя услуби билан классик туркий ғазалиёт услубини синтезлайди, иккинчидан, ҳикоялаш манерасида янгилик ясайди, учинчидан, ҳикоянинг кутилмаган, ўзига хос сюжет қурилишининг оригинал ташкилланишини таъминлайди. Энг муҳими, қаҳрамон психологиясини барча мураккабликлари билан психоаналитик тасвирлашга эришади. Бундай ютуқ, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг юқорида келтирилган тадқиқотида қайд этилганидек, ҳикоя жан­рига хос эмас, деган анъанавий тушунчалар бор эди. Экспериментлардан ҳеч ­қа­чон чўчимаган Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоя жанри ҳақидаги мана шундай догматик қарашларни синдиришга муваффақ бўлди. Ҳикоя услуби, қаҳрамонлари тасвири, психологик талқин нуқтаи назаридан худди шундай ўзгариш ва янгиланишлар ХХ аср турк ҳикоячилигида, айниқса, С.Илери ҳикояларида яққол кўзга ташланади. Бу жиҳат икки туркий тилли адабиёт вакили бадиий дунёқараши, воқеликни бадиий идрок этиши ва тасвирлашидаги муштаракликдан далолат беради.
Дарҳақиқат, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад мутахассислар билан бўлган суҳбатларидан бирида адабий образлар яратишда руҳий таҳлилнинг аҳамияти ҳақида шундай ёзади: “Фёдор Достоевскийда шундай гап бор: “Факт тугаб, мушоҳада-мулоҳаза бошланган жойда, бадиий адабиёт бошланади”. Биздаги кўпгина асарлар мушоҳада бошланган жойда тугайди. Мен нима демоқчиман? Инсонни ўрганиш – психология. Психология – таҳлил. Таҳлил кучайгани сайин адабиёт кўпроқ тош босади. Образларни мураккаб ҳолатларга солиб тадқиқ қилиш керак. Ёзувчи инсонни истаганча тадқиқ қилиши мумкин. Инсон психологияси тугамайдиган конга ўхшайди. Кимдир тадқиққа мойил бўлади, кимдир воқеага. Масалан, кўп детектив асарларда жараён кучли. Мени кўпроқ асар воқеаларининг тафсилоти эмас, ўша воқеаларнинг қаҳрамон қалби, шууридаги инъикоси қизиқтиради”.
Хуллас, “Эрта баҳор” ҳикояси қаҳрамони дала ҳовли (рамзан озод кўнгил) оғушида турфа хаёллар суради, хилма-хил ғайриоддий ҳолатларни бошдан кечиради. Бу кўнгил дунёсига бошқа номлар, янги ва бир қадар бегона ҳолатлар, кечинма ва хулосалар кириб келади. Ромиз шоир – Ромиз Жўрага айлангунга қадар дала ҳовлига кириб келган Омад, Фарида, Зиёда образлари, менинг тушунишимча, худди Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонидаги қушлар образидек, қаҳрамон кўнглидаги ҳислар ранг-баранглигини ифодалаб келади. Ҳикоянинг сўнгги саҳнасида кириб келадиган: “…жингала сочлари сутдек оппоқ бетларига, тим қора кўзларига бирам ярашган, оқ, сариқ, қизил гулли яп-янги ҳарир кўйлакча”ли қизалоқ кўнгил ва руҳ озодлигига рамзий ишора вазифасини бажаради. Матлаъ-жумлаларда ифодаланган вазият-ҳолат тасвири гўё қаҳрамонга оид озод кўнгил қўшиғидек жаранглайди. Ромиз Жўранинг кўнгил ҳаловати ва руҳий озодликка етишганидан мужда беради:
“– Ман-чи, сизга ширин овқат опкелдим, амаки…
Қизалоқ жарангдор овозда шундай деди-да, қўлидаги тугунчани Ромиз Жўрага узатди. Ромиз шоир журъатсизланиб тугунчани олишини ҳам, олмаслигини ҳам билолмай, ҳамон ҳайратлардан ҳушини йиғолмай аланглади.
Кўча кимсасиз, жимжит эди…”
Кўринадики, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Эрта баҳор” ҳикояси инсон кўнгли озодлиги ҳақидаги муҳташам асардир.

Саваш Елўқ

Саҳифа 26 марта ўқилган.