Атоқли шоир Икром Отамурод бир суҳбатида шундай деган эди: “Шоир шеър ёзишда сўзларни ҳисоб-китоб қилиб ўтирмайди. Шеър ёзиш режали иш эмас. Шеър­нинг мисралари, қофиялари табиий йўсинда қуйилиб келаверади. Уни нари-бери “суриш” мушкул. Мен қўллаган барча сўзлар, жумладан, сал тушунарсиз, ғалатироқ деган сўзларингиз тилимизда, сўзлашув йўсинимизда бор. Шеваларимиздаги ҳар бир сўз – халқимизнинг бойлиги. Уларни адабий тилимизга олиб киришимиз, ундан барчани баҳраманд этишимиз лозим”.
Чиндан ҳам, биз сўзларни қийин, тушунарсиз деб четга сурмай, тушунишга ҳаракат қилмоғимиз даркор. Икром Отамурод бугун шундай йўлдан юриб, ўзбек шеъриятида ўзигагина хослигини белгилаб берди.

Хаёлимни титаман кертиб,
Бар тутдирмай қочади хаёл.
Осуда тун чокини йиртиб,
Қайларгадир йўртади шамол.
Мен шамолга дил очмам зинҳор,
Мен шамолга бермайман ройиш.
Руҳимда титрайди интизор,
Ҳижронга йўғрилган кушойиш.

Юқоридаги шеърда биз кам дуч келган сўзлар “бар”, “кушойиш” сўзларини учратамиз. Бу сўзларнинг турлича маънолари бор. Масалан, “бар” сўзининг Алишер Навоий асарлари луғатида форсчадан олинган “бир чекка, қирғоқ”; олд қўшимча сифатида қўшилиб бирор сифат, белгига эгаликни; юнончадан олинган оғирлик, юк маъноларига; инглизчадан олинган тўсиқ, қумлоқ, саёзлик каби маъноларига ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса чекка, қирғоқ маъноларига дуч келдик. “Кушойиш” сўзини “очилиш, равшанлашиш, хурсандчилик” маъносида; “муваффақият, омад” каби маъноларда учратдик. Энди Икром Отамурод ижодида бу қандай маъноларда ишлатиляпти? Хаёлимни титаман кертиб, бар тутдирмай қочади хаёл… Демак, хаёлни шунча титса ҳам у ижодкорга бир чеккасини бўлса-да ушлатмайди. Шоирнинг сўздан фойдаланишдаги маҳоратини кўринг. Сўз устида ишлаш, сўзни излаш, уни сайқаллаш ижодкорнинг муқаддас вазифаси.
Унинг барча шеърлари ички қатъийлик ва ташқи ўйноқилик руҳида ёзилган. Бир қарашда тушунарсиздек туюлувчи сўзлар шеърий оҳангга йўғрилган ҳолда ўз маъносини беркитаётгандек бўлади. Айрим сўзларнинг луғавий маъносини эса дастлабки мисраларда олға сурилган фикрга қараб, шеърхоннинг ўзи чақиб олаверади. Унинг шеърларини мутолаа қилган одам ўзини ўзбек қишлоқларида, меҳнаткаш, тиниб-тинчимас, бадиий сайқалсиз, чапаниларча гаплашадиган одамлар орасида юргандек, улар билан гаплашаётгандек бўлади. Қишлоқ одамларининг ўша “тирик” сўзларини шеър қилиш замирида шоирнинг катта меҳнати борлигини унутмаслик лозим. Сўз – миллатнинг шаъни, миллий бойлик, миллат ор-номуси. Уни тушунарли ёки тушунарсиз дея саралаш адабиётшуноснинг иши эмас.
Маълумки, адабий асарнинг шаклига фақат унинг тили эмас, характерлар, сюжет, конфликт ва бошқа кўпгина компонентлар ҳам киради. Чунки бадиий асар ана шу компонентларсиз майдонга келмайди. Аммо бадиий асарнинг ҳамма компонентлари фақат тил орқали ифода этилади. Шунинг учун ҳам тилнинг бадиий асардаги роли жуда каттадир.
Бадиий асар тилининг бундай хусусиятлари унда кўпгина тил воситаларининг ишлатилиши натижасида майдонга келади. Бу воситалар баъзан етук, баъзан эса куртак ҳолда халқ тилининг ўзида мавжуддир. Ёзувчи шу воситаларни ўрганади ва уларни мукаммаллаштиради, айрим ҳолларда янги тил воситаларини кашф этиб, халқ тилини бойитади.
Ўқувчилар ва баъзи адабиётшунослар орасида, бадиий адабиётнинг алоҳида тили бор, деган фикр юради. Бу, албатта, нотўғридир. Чунки бадиий адабиётнинг халқ тилидан ажралиб турувчи алоҳида тили бўлиши мумкин эмас. Агар шундай бўлган тақдирда, бадиий адабиёт ҳаммага бирдай манзур бўлмасди, ҳамма уни тушуна олмас эди. Академик Ойбек “Ёзувчи халқ тилининг бой хазинасидан истаганича материал олади. Асарнинг бадиий тўқимасида юзларча мақоллар, махсус ифодалар, турли гаплар, қочирмалар, сўз ўйинлари ярқирайди. Мана булар тилни қонли, жонли образли бир тил қилади”,2 – деб бежиз ёзмаган эди.
Биз биламизки, бадиий тилнинг энг муҳим ўзигагина хос хусусиятлари сифатида образлилик ва эмотсионаллик кўрсатилади. Бадиий асарда тасвирланаётган нарсани жонли тасвирлаш, ҳис-туйғу ва кечинмаларни ёрқин ифодалашга хизмат қилувчи воситаларни умумлаштириб бадиий тасвир ва ифода воситалари деб номланади. Бу воситалар образлилик ва эмотсионалликни кучайтирувчи унсурлардир. Бадиий адабиёт сўз воситасида фикрлайди, сўз воситасида тасвирлайди.
Табиийки, биз айтган оғишларнинг барча турларидан Икром Отамурод ҳам самарали фойдаланади ва муҳими, бу оғишлар ҳис-туйғуни ёрқинроқ ифодалаш, поэтик оламни жонлироқ тасвирлаш мақсадига ҳизмат қилади. Буни юқоридаги мисолларда ҳам учратиш мумкин. Жумладан, фонетик сатҳдаги оғиш намунаси сифатида қуйидаги шеърга тўхталамиз:

Ҳилолини соғинди осмон,
Кў-ў-ў-ўп соғинди.
Соғинчдан чуркади аъзойи тани
Узоқ чўзилди ўн беш кун,
ўн беш кун чўзилди узоқ…
Ўн беш кун… осмон кийди
туннинг қора чопонин.

Ижодкор ўқувчининг бадиий хотирасига мурожаат қилади. Нафақат ижодкор, балки биз кундалик ҳаётда ҳам икки кишининг суҳбатини олайлик. Ота-онасидан йироқда юрган талаба дугонасига “Ота-онамни жуда соғиндим. Уларни кўргим, тўйиб суҳбатлашгим келяпти” деса, табиийки, унинг ҳам кўз ўнгига, хаёлига ота-онаси, яқинлари тушади. Улар билан боғлиқ жараёнларни эсга олади. Худди шу каби бадиий адабиёт ҳам ана шу “бадиий хотира”ни қайта уйғотади. Юқоридаги мисралардан халқимиздаги “Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу” деган нақл ёдимга тушди. Энди эса ҳилолини соғинаётган осмоннинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Бу бевосита ўша халқимизда қўлланиб келаётган нақл билан боғлиқ ҳодисага ўхшайди. Ўн беш кун қора чопонини кийиб, уни қора булут қоплаб олганда ўз “халоскори” ойни соғинишдаги ҳолати. Шундай бўлса-да соғинчдан тўхтамай кў-ў-ў-ўп соғиняпти. Чунки у биладики, ана ўша қора чопондан сўнг ҳарир либос кийган ҳилоли чиқишини ва яна олдингидай ёруғликка тўлишини. Кўп соғинди деганда буни ҳис қилиш, ёрқинроқ тасаввур қилиш мумкинми? Бизнингча, шоир айтган даражада таъсирли бўлмасди. Шунинг учун ҳам шоир мана шу маънони анг­латишда товушларни иккилантиришдан фойдаланяпти. Эътиборимизни чуркади сўзига қаратмоқчимиз. Бу сўз ўзбек тилининг изоҳли луғатида учрамайди. Алишер Навоий асарларида эса “куйдирмоқ” маъносида:

Чўп урди хазон ели совуқ дам,
Япроқни қурутди, чуркади ҳам.

(“Лайли ва Мажнун”)

ва яна бир ўринда“ўрамоқ” маъносида қўлланилган:

Э Навоий, ишқ бизни гарчи расво айлади,
Ул не қилса пардайи китмонга они чуркади.

(“Бадое ул-вақое”)

Энди шоир қўллаган бу мисраларда-чи? Осмоннинг аъзойи тани соғинчдан чуркади. Ҳилолини соғинган осмоннинг тани. Бу ерда “ўраб олмоқ” маъноси унчалик ҳам мос эмас. Негаки “соғинч чуркади” эмас, соғинчдан чуркади аъзойи тани деяпти. Агар биринчи ҳолат бўлганда ўраб олмоқ шунга мос тушар эди. Шундан хулоса қилган ҳолда қора булут қопланган осмон ўзининг қаролиги билан, зулмати билан унинг аъзойи танини куйдирди десак, мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, биринчи айтганимиз маъқулроқ бўлса керак. Ёки шу сўзнинг бошқа бир шеърдаги ҳолатини текшириб кўрайлик:

Ёлғизлик – сен руҳимда йиртилган ёбон,
Руҳимда тўраган тўр сен – ёлғизлик.
Ёлғизлик – сен руҳимда чуркаган тобон,
Руҳимда йўраган нур сен – ёлғизлик.

Ушбу шеърда “тобон” сўзи билан ҳамоҳанг тарзда “руҳимда порлаган қуёш ёки ой” каби маъноларни ифодалаётганга ўхшайди. Нимага биз буни порлаган дея айтяпмиз? Чунки чуркаган сўзидан сўнг “тобон” ой, юлдуз ва қуёшга яқинроқ маъно англатувчи сўз келяпти. Ёки буни кейинги мисраларга ҳамоҳанг тарзда руҳимни, руҳимда ўраб олган порлоқликсан дея таҳлил қилиш ҳам мумкин. Бундан англашиладики, ижодкор ўқувчига сен бу ҳолатда, ёки бундай тасаввур қил деб белгилаб бермайди. Уни ўзига ташлаб қўяверади. Бу шаклда сўзларни қўллаб шоир бир хилликдан қочади. Ёзганлари фақат бир маънонигина англатишини истамайди.
Сўздаги товушнинг чўзиб талаффуз қилиниши маънони кучайтиришга, белгини орттириб ифодалаш, руҳий ҳолат ёки муносабатни аниқроқ ифодалашга хизмат қилади:

Кў-ўп уз-зоқда қолар… Сабуҳ … Сарвигул…
Кў-ўп уз-зоқда қолар… Шафоатсиз кун…
Кў-ўп уз-зоқда қолар… Меҳрсиз дунё…
Кў-ўп уз-зоқда қолар… Кўзи оч, нафси оч одамлар…
Қорни томон югураётган одамлар…

Хўш, шоир бундай товуш иккилантиришлардан, уни чўзиб ифодалашдан нимани кўзлаяпти. Бу “ичкари”нинг риштасига боғланиб, ташқарига чиқариш ҳолати. Яна бу ерда ҳарфнинг ҳам ички моҳияти, руҳий ҳолати ифодаланаяпти. Ва мана шу чўзиш, товуш иккилантириш асносида оқаётган дарёнинг тилсимини-да ҳис қилса бўлади. Буни билиш учун шеърни яна ҳам ичига кириб бориб, лирик қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини, ички кечинмаларини бошимиздан ўтказиб кўрамиз. Кў-ў-ўп уз-зоқда қолар… сабуҳ… сарвигул… Бу мисралардан киши ўйга толади. Қаҳрамоннинг оғир ички ҳасратлари, ўйлари, мушоҳадалари ифодаланяпти. Тонгнинг кў-ў-ўп узоқда қолиши, узоқда қолганда ҳам жуда олисда “уззоқ”да қолиши, оқибатда куннинг шафоатсиз келиши ҳақида, дунёнинг меҳрсиз эканини шоир жуда зўр маҳорат билан куйлаяпти. Агар худди шу мисраларини кўп узоқда қолар сабуҳ, сарвигул дея ўқисак, биз буни шоир айтганидек тушунармидик? Бизнингча, бу ҳолат юқоридаги маънони ифодалаш учун торлик қилса керак. Шоирнинг ўзига хослиги ҳам айнан мана шунда кўринади.
Ҳозирги даврнинг умумбашарий муаммоларидан бири инсонни ўзлигидан, қалбидан бегоналашуви экани ҳақида файласуфлар жуда кўп гапларни айтганлар. Икром Отамуроднинг кўнгил оламида кўнгил даъвати билан яшашга иштиёқини инсонни ўзлигини соғиниш сифатида талқин қилиш мумкин. Бундай ҳолатларни у табиат ҳодисалари билан ҳамоҳанг тарзда берган.

Ёмғирдан сўнг… ойнинг сочини
эркалаб силайди насимлар.
Суманбардай кетар очилиб,
ёмғирдан сўнг осмон тарсиллаб.
Ёмғирдан сўнг… тарқар хилма-хил
ташвишлар, сиралар, тангликлар.
Ёмғирдан сўнг… мовий, ям-яшил
руҳимда уйғонар кенгликлар.
Ёмғирдан сўнг…
Ём-ғирр-дан сў-ў-ўнг…

Шоир талқинида ёмғир ёғиб бўлгандан сўнг манзаралар ажиб бир тус олади. Манзаралар гоҳ, “насим” , “мусаффо осмон” шаклида кўринса, гоҳ бошқа бир бетак­рор ҳолатларда намоён бўлади. Аммо, бизнингча, шеърдаги руҳий муддао бу эмас. Чунки бу манзарадаги шоир назарда тутган асосий муддаолардан бири худди ана шу табиат манзаралари-ю ҳодисаларига урғу бериш асносида инсон руҳининг тозариш ҳолатини тасвирлашдир. Ёмғир ёғишини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ҳаво мусаффо ва ўша мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олганингизда руҳиятингизда қандайдир бир енгиллик бўлади. Чунки табиатдаги чанг-ғуборларни ёмғир ювиб, тозалаб юборади. Бадиий адабиётда ёмғир покланиш, поклик белгисидир. Худди шу маънода, айниқса, шоирнинг ушбу шеърдаги “Ёмғирдан сўнг мовий ям-яшил, руҳимда уйғонар кенгликлар” сатрлари шеъриятимизда руҳият шоири сифатида эътироф этилган Рауф Парфининг “Ёмғир эмас, марварид ёғар” каби руҳий манзараларига ҳамоҳанг тарзда янграйди. Ёмғирдан сўнг, Ём-ғирр-дан сў-ў-ўнг… каби мисраларда эса юқоридаги кўнгил манзараларини чизишнинг энг олий нуқтаси деб биламан.Чунки инсоннинг дилидан “чанг, ғуборлар” кетса, ташвишлардан фориғ яшаса, унинг ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Буни шоир яна-да аниқроқ тасаввур қилишимиз учун товушларни иккилантириб, чўзиб тасвирлаяпти. Ва бу билан у ўз мақсадига-да эриша олган.
Ижодкор яна сўзларни қофияга мос ҳолда ёки сўзга маъно юклаш учун мослаштиришга уринади.

Тилларда раҳмон-у дилларда шайтон,
Покликдан ривоят келтирар найранг.
Диёнат – томири кесилган пайкон,
Имон – шўр ютиб, шўр туфлаган қайранг.
Алпомиш йиғлайди – қўллари банди,
Ёсуманнинг макри тиғлаб парчади.
Вақт – руҳим изоси тахланган сандиқ,
Юрагимда меҳр йиғлаб чарчади.

Келтирилган шеърдаги парчади сўз шаклига эътиборни қаратмоқчимиз. Аввало, бу сўзнинг қисқартирилган шакли эканлигини сезиб олиш қийин эмаслигини таъкидлаш керак. Бироқ эътиборлироқ бўлмаган шеърхон бунинг қайси сўз шаклининг қисқартирилгани эканлиги масаласида янглишиб қолиши мумкин. Чунки буни “парчадир” сўз шаклининг ҳам, “парчаланди” сўз шаклининг ҳам қисқартмаси деб ўйлаш мумкин. Тўғри хулосани эса сўзнинг ўрами (контексти) кўрсатиб беради: Ёсуманнинг макри тиғлаб парчади дегани “парчаламоқ” маъноси устунлигини кўрсатади. Табиий савол туғилади: тайёр сўз шаклини бу тарзда қисқартиришга зарурат бормиди? Яъни бу ўринда кузатилаётган морфологик сатҳдаги оғиш ўзини оқлайдими? Ҳа, оқлайди ва буни қуйидагича изоҳлаймиз. Агар буни ўз ҳолича қўлласа, вазнда бўғин ортиши ва қофияга мос тушмаслигини биламиз. У шунинг учун ҳам уни чарчади сўзига қофия тарзида ишлатяпти. Унинг ижодида бундай ҳолатлар жуда кўп учрайди:

Юрагимнинг кўзлари яра,
Умидимнинг муроди сабил.
Ёнаётган осмонга қараб,
Қашқадайронинг қақрайди лаби…

Бу мисралар бевосита шоирнинг шахсий ҳаётига етаклайди. Албатта бунда у ўзини акс эттирган. Биринчи мисра ҳаммага тушунарли. Тўғри, бунда фикр кўчма маънода қўлланилган. Кейинги мисрадаги Умидимнинг муроди “сабил” сўзи йўл, имконият, восита яна унинг эгасиз, қаровсиз, хароб бўлган, аянчли, ачинарли аҳволга тушган каби маъноларда ишлатилади. Туғилиб ўсган жойидан йироқда юриб, уни соғинганидан шоир тушкунликка тушганки, ҳатто унинг умид қилишга-да имкони йўқ. Умиди-да сўнган, аянчли, ачинарли аҳволга тушган. Ёнаётган осмонга қараб, Қашқадайронинг қақрайди лаби… ёнаётган, яъни осмон юлдузлар билан тўла бўлса ҳам осмонга қараб, ўз ўғлининг бағрида эмаслигидан Қашқадайро ҳам ўксиняпти. Икром Отамурод соғинч мисраларини ўз шевасида, Қашқадарёнинг Касби туманига хос шеваларда ифодалайди. Сўзларни эса ўзи истагандай, тасвир талабига мос равишда жойлаштиради.

Канглум, ким ҳам сенинг ҳаддинг сиғдирар,
канглум, ким ҳам сенинг кўтарар ройинг
Биргина ўзингсан ўзингга ярар,
Биргина ўзингсан ўзингга сойим…

Энди мана шу мисраларни кўнгил деб ўқиб кўрайлик. Албатта, “кангул” ифодалаётган маънони бермайди. Шоира Қутлибека Раҳимбоева: “Унинг шеъриятини “кангул”сиз тасаввур қилиб бўлмайди… Мен ҳар гал шоирнинг “кангул” манзараларини ўқир эканман, “кўнгил” сўзидаги кўн, муроса қил деган ундов Икром Отамуроднинг кўнглига ўтирмаги учун “кангул” тарзида ишлатса керак деб ўйлайман. Чунки, жисм – кўнувчан, журъатсиз, у жисмоний оғриқни тез ҳис этади. Қаршилиги тез синади. Аммо кангулда кўникмаслик, қаршилик, яшовчанлик мужассам”, – дейди. Худди шу маънода шоир: “Мен кўнгил сўзининг маъно кўламини тор деб ўйлайман. Менга бу сўз торлик қилади, мен излаган маънони бермайди, бу сўздан қониқмайман. Агар “кангул” деб айтсам, таскин топаман. Излаганимни топгандай севиниб кетаман”, – дейди. Кўнгил – бу мақаддас макон. Унда раҳмат ҳам, меҳнат, миннат, қўйингки, дунёдаги жамики яхшилик ва ёмонликларларнинг бари мужассам бўлиши мумкин. Энди ўзингиз ўйланг, ижодкор қандай қилиб шунча маънони “кўнгил” сўзига жойлай олади?

Боринг ҳам канглунгда,
Зоринг ҳам канглунгда.
Етганинг ҳам канглунгда,
Кетганинг ҳам канглунгда.
Раҳматинг ҳам канглунгда,
Лаънатинг ҳам канглунгда.
Кариминг ҳам канглунгда,
Яриминг ҳам канглунгда…

Чин шоир ҳамма кўриб, билиб турган ҳолатни тамомила ўзгача тасаввур қила билади дейдилар. Яъники, уларнинг учинчи кўзи – қалб кўзи очиқ бўлади. Улар оламни, ундаги барча нарсаларни ўша қалб кўзи билан кўради. Айтишларича, инсон бу ёруғ оламга келганида унга учта кўз берилар экан. Кейинчалик учинчи кўз, қалб кўзи йўқолиб борар экан. Фақат шоирлардагина, ижодкорлардагина сақланиб қоларкан. Кўнгилга разм солиш, кўнгилнинг туб-тубига кириб бориш, унинг барча кўчаларига кириш чин шоирларгагина насиб қиларкан. Икром Отамурод ҳам ўз номи билан “КАНГУЛ” шоиридир. Бунинг ёрқин исботи сифатида юқоридаги мисраларни кўришимиз мумкин. Ҳақиқатан ҳам, шоир қўллаган “кангул” сўзида ҳеч кимнинг мисраларида учрамайдиган, ҳеч бир ижодкорнинг мисраларидаги сўзга ўхшамаган янгроқлик, алоҳидалик бор.
Маълумки, адабий тилда кам қўлланилувчи диалектизмлар, архаик ва тарихий сўзлар бадиий асарда давр колоритини, жой колоритини (руҳини) бериш учун қўл ­келади. Ёзувчи ёки шоирнинг кам қўлланилувчи тарихий, архаик, шевага хос бўлган сўзларни қўллашидан мақсади давр, жой, ҳудудга тааллуқлиликни кўрсатиш билан бирга ўқувчининг воқеликдагига, ҳаётий ҳақиқатга мос тасаввур қилишига ёрдам беришдир. “Икром Отамурод сўзни товлантиришни ёқтирадиган ва бу ишни уддасидан чиқадиган шоир. Баъзан бу ҳолат айримларга сўзни зўрлаш, унга зуғум қилишдай туюлиши мумкин. Лекин шоир сўзни жуда нозик ҳис қилибгина қолмай, унинг маъно қатламларидаги айирмалар ва тадрижий ўзгаришларни ҳам яхши билади. Икром шеърий сўзга дахлсиз хилқат деб қарайди. Уни иш қуроли санайди. Сўзларни ўзига хос тарзда, тасвир талабига кўра истагандай ишлатади”, – дейди Қозоқбой Йўлдошев.

Армон, сенга ўтин бўлдим,
ўтингда куйдим –
азобингга тутдим дилимни.
Армон, сувратингни дилимга ўйдим –
рангларнинг юраги тилинди.
Мен – томирингда қувраган увала,
қароғингдан узилган итоб.
Ёмғирлар – кўкдан нураган гувала –
руҳимга ёй тортади шитоб…

Қувраган увала бу сўз авваллари кўп истеъмолда бўлган. Унинг маъноси “қуриган, қуруқшаган” дегани. Ҳозирда эса жуда кам қўлланилади. Асосан, Қашқадарё шевасида, Қашқадарё сўзлашув услубида кўп ишлатилади. Икром Ота­мурод эса мана шу кам қўлланилаётган сўзларни адабиётга олиб кириб, унга яна қайтадан “жон” ато этяпти. Ахир шоирнинг нияти ҳам айнан мана шу истеъмолдан чиқиб, аста-секин йўқолиб бораётган сўзларни тирилтиришдир. Буни у жуда кўп марта таъкидлайди. Итоб сўзи эса мумтоз адабиётимизда кўп учрайди, “таъна, маломат” деган маъноларни англатади. Балки унинг бундан бошқа, шоир етказмоқчи бўлган маънолари ҳам бордир.

Шоҳи золим айлабон мулкин хароб,
Тушди-ю қилди халойиққа итоб.

(“Лисон ут-тайр”)

Золим шоҳнинг халойиққа қаҳр, ғазаб қилди деган маънони англаб олиш қийин эмас. Лекин Икром Отамурод итоб сўзининг Навоий ишлатган маъноларда эмас, балки улардан ташқари ҳам бошқа маъносини қидираётганга ўхшайди. Чунки, лирик қаҳрамон қандай қилиб армоннинг қароғ, кўз қорачиғидан узилган қаҳр-ғазаби, маломати бўлиши мумкин? Шунинг учун агар сўзнинг фақат ўз маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, ижодкор уқтирмоқчи бўлган маъноларни англамай қоламиз. Юқоридагиларни умумлаштириб қуйидагича хулосага келишимиз мумкин: сўзларни ўзи хоҳлаган тарзда қўллаб, лекин маънога салбий таъсир этмайдиган ҳолатда ишлатиш; сўз ва сўз шаклларини қофияга, вазнга мослаштириб, оҳангдорликни ошириш; тарихий ва эскирган сўзларни қайта жонлантириб, сўзлашув тилимизга, бадиий адабиётимизга олиб кириш; шевага хос сўзларда, истеъмолда кам қўлланилувчи сўзларни асарлари орқали маъносини очиб бериш унинг ўзига хослигини кўрсатади. Биз мана шундай ижодий мувоффақиятларга эришаётган шоир ижодига омадлар тилаймиз.

Мунира ЙЎЛЧИБОЕВА

Саҳифа 145 марта ўқилган.