Адабиёт – ҳаёт кўзгуси. Кўзгу бўлганда ҳам инсон ва жамият ҳаётини бор мураккаблиги билан акс эттириши жиҳатидан у санъатнинг бошқа турларидан алоҳида ажралиб туради. Тарихий шароит, ижтимоий-сиёсий ҳаёт адабиётда ўз ифодасини топгани каби баъзан унга ўз таъсирини ҳам ўтказган. Адабиёт қизил шиорларнинг маддоҳига айлантирилган шўролар замони бунинг яққол мисолидир. Лекин яна бир ҳақиқатни тан олиш керак: фавқулодда истеъдод соҳиблари ҳар қандай шароитда ҳам ўз халқининг дардларини, орзу-армонларини баралла куйлай олган. Коммунистик якка мафкура сўз эркини бўғиб қўйган, адабиёт социалистик реализм деган тор қолипга солиб қўйилган мураккаб даврда ҳам Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари халқимизнинг улкан ижодкорлари ўз истеъдодлари кучини кўрсата олдилар. Бу улуғ шоирларнинг шеъру достонлари ўзида катта ҳақиқатларни ифода этгани, фавқулодда самимияти, мукаммал бадиияти билан ХХ аср иккинчи ярми – ХХI аср бошлари ўзбек адабиёти ривожида алоҳида ўринга эга.
Эркин Воҳидовнинг биринчи тўплами – “Тонг нафаси” ўзбек шеъриятига чиндан ҳам тонгнинг саррин ҳавосини олиб кирди. Шоирнинг бор-йўғи саккиз мисрадан иборат “Тонг лавҳаси” шеъри бунинг ёрқин исботидир. Шеър ҳажман кичик бўлса-да, ўзида чуқур мазмунни акс эттирган:

Уфқларга қўйиб гулдаста,
Тоғ ортидан кўтарди-да бош,
Пастга боқди чўққидан аста
Олтин қалам тутган бир наққош.
Ҳар нуқтага сайқал бериб у,
Водий узра чизди зар лавҳа.
Сўнг қуёш деб имзо чекди-ю
Тонготар деб қўйди сарлавҳа.

Шоир тонготар чоғидаги манзарани сўз санъати орқали бамисоли рассом каби ўқувчи кўз олдида намоён қилади, табиат тасвирига жон бағишлайди. Тонгга берилган таъриф – “олтин қалам тутган бир наққош” ўқувчига завқ бағишлайди. Унинг олтин қалами – қуёш тоғ ортидан бош кўтариб, чўққидан аста пастга боқади: ҳар нуқтага сайқал беради, водий узра зар лавҳа чизади. Қуёш дея имзо чекади, тонготар деб сарлавҳа қўяди. Табиатнинг бунчалик гўзал тасвирини яратиш, у орқали инсон туйғуларию кечинмаларини ифодалаш ўтган асрнинг 50-йиллари шеъриятида янгилик эди. Чунки ўша кезларда пахта, ўроқ, болға ҳақидаги ҳис-туйғудан маҳрум, одамга заррача ҳам эстетик завқ бермайдиган риторик шеърлар ёзиш анъанага айланган эди.
Эркин Воҳидов қўлига қалам олган биринчи кунлариданоқ ўз олдига катта мақсадларни қўйган, шу йўлда тинимсиз изланган, заҳмат чеккан, ҳавас қиларли натижаларга эришган ноёб истеъдод эгасидир. Шоирнинг 1959 йили ёзилган “Перо” номли шеърида қуйидагиларни ўқиймиз:

У даставвал ойболта бўлди,
Сўнг замбарак бўлиб қуйилди.
Қилич ҳам у,
милтиқ
ва наган,
У бомба ҳам бўлиб портлаган.
Лекин олган жаҳонни фақат
Перо бўлиб қуйилгач пўлат.

Ушбу шеърни мутолаа қилар эканмиз, икки нарсани англаймиз. Биринчиси, шоир инсониятга тинчликни раво кўради. Тарихнинг турли даврларида қўлига ойболтаю замбарак, қилич ва милтиқ олиб, жанг қилган, ўзаро биродаркушликдан кўп азият чеккан одамзот бахтга эриша олмади. Бахт йўли эса тинчлик, ўзаро бирдамлик манзиллари орқали ўтилиши мумкин. Иккинчиси, инсонни саодатга элтувчи йўл битта – илм ва ижод йўли. Перо бўлиб қуйилган пўлат – илм ва ижод тимсоли. Шоир одамларни ана шу йўлда ғайрат кўрсатишга ундайди.
Ижодкорнинг гўзаллик ҳақидаги қарашларига эътибор беринг. Борлиқ мулки аро бир маҳал кўрксизгина бўлиб яралган олам, дунёга сайқал бериш учун яралган одам ҳақида сўз юритар экан, шоир муҳим бир хулосага келади:

Шундан бери инсон тинмайин
Шу ер узра тер тўкар ҳамон.
Ерни гўзал қилгани сайин
Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон.

Эркин Воҳидовнинг истеъдоди шеърдан шеърга, китобдан китобга ўса борди, ўқувчилар кўнглини тобора кўпроқ забт этди. Ўз олдига янгидан-янги режаларни қўйган ижодкор мумтоз жанр – арузга қўл урди, ажойиб ғазаллар ёзди. Буюк сафдоши Абдулла Орипов шоирнинг арузга доир ижодий изланишларига ўз вақтида қуйидагича баҳо берган эди: “Ўлмас аруз вазнига беписанд қараш ҳали ҳукмрон бир шароитда Собир Абдулла, Ҳабибий, Чархий сингари мўътабар сиймолардан кейин ғазалиётимизнинг олтин эшиклари абадий бекилади, дея каромат қилишаётганда ёш авлод орасидан биринчилардан бўлиб Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди. Тўғри, ҳозиргача ҳам арузда ижод қилувчилар озмунча эмас. Бироқ соғлом кишининг нафас олишидек мунтазам ва равон, асл аруз мавжудки, бу санъатга “булҳавас”ларнинг аралашувлари ҳеч қандай самара келтирмайди. Аксинча, содда муаллифни куппа-кундуз куни беобрў қилиб қўйиши мумкин. Шу маънода, ғазалга таважжуҳ билдирган ёшларимизга ҳозирги замон шоирларидан Эркин Воҳидов ижоди мактаб бўла олади, деймиз”.
Ҳақиқатан, “Ёшлик девони” орқали кўҳна ғазални замонавий шеъриятимизга ўзига хос мумтоз мазмун ва оҳангларда олиб кирган шоир бу борада катта ютуқларга эришди. Унинг ғазаллари элнинг тилига тушди, дилидан жой олди. Одамлар орасида – тўйларда, гап-гаштакларда, ижодий учрашувларда ҳозиргача айтилиб келади. Жумладан, шоирнинг қуйидаги сатрларини ёд билмаган одамни топиш қийин:

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадур кошона ҳам…

Халқона ҳикматларни эслатадиган бундай чуқур мазмуннинг аруз оҳангига солиниши сўзнинг таъсир кучини бир неча баробар ошириб юборади. Шунинг учун ҳам турли касб эгалари – деҳқондан ҳунармандгача, тадбиркордан саноат ходимларигача, муаллимдан ўқувчию талаба ёшларгача – барчаси бу мисраларни такрорлашдан завқ туяди.
Эркин Воҳидовнинг ғазаллари кўнгилларга оқиб киради, ўқувчининг туйғуларини забт этади, унинг қалбини эзгуликка ошно қилади. Шоир ғазаллари, бир қарашда, содда сўзлар асосида яратилгандай, бу йўлда ижод қилиш анчайин осондай тасаввур уйғотади. Лекин улардаги самимият, ана шу содда сўзлар ифодалаган мазмуннинг чуқурлиги, ҳаётийлиги ўқувчини ҳайратга солади.
Шоирнинг фикрича, ишқ ва шеър – эгизак тушунчалар. Сабаби шундаки, ишқ дардидан айри шеър ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмагани сингари ишқнинг моҳиятини бошқа бирор ҳодиса шеър каби тўлақонли акс эттира олмайди. Буни шоир “оғунинг шифоси оғу билан” тарзида ифода этади. Умуман, ана шундай таъсирчан, халқона иборалардан моҳирона фойдаланиш – Эркин Воҳидов ғазалларининг етакчи хусусиятидир:

Заҳмати ишқ дард эрурса,
Заҳмати шеърдур даво.
Чунки оғунинг шифоси,
Дейдилар, оғу билан.

“Ёшлик девони”да “Дилдорга нома ёздим” сарлавҳали ғазал бор. Ушбу ғазал Эркин Воҳидовнинг ғазалнависликда мумтоз шеъриятимиз анъаналарини муносиб давом эттиргани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ғазал матласи бу фикримизга далил бўла олади:

Гул бўйларини боғдан
Келтирган, эй шаббода,
Дилдорга нома ёздим,
Еткур уни ҳавода.

Дилдорга ҳаводан нома йўллаш – бу мумтоз ғазалчилигимизда мавжуд анъана. Маҳбубасига арзини етказишда боди сабо – тонгги шаббодага мурожаат мумтоз шоирларимизнинг ижодида кўп учрайди. Негаки, шамол, биринчидан, поклик тимсоли. Иккинчидан, у беғараз элчи. Шоир ана шу анъанани давом эттириши баробарида уни янги бадиий деталлар билан бойитади:

Еткур уни ва лекин
Кўнглига қайғу солма.
Шарҳи дилим этарда
Бўлсин тилинг навода…
Эркин Воҳидовнинг аруздаги шеърлари ичида энг кўп эътироф қозонгани ва шоирга катта шуҳрат келтиргани бу – “Ўзбегим” қасидасидир. Тан олиш керак, ўтган асрнинг 60-йилларида бундай асарни ёзиш учун ижодкордан катта жасорат талаб қилинарди. Собиқ Иттифоқдаги барча миллатлар учун мавҳум “советлар ўлкаси” ватан дея тақдим этилган, ҳамма миллатлар қўшилиб ягона “совет миллати”га айланиши ҳақидаги сохта ғоялар авж олган бир даврда “Ўзбегим” деб қасида ёзиш шоирнинг бошига кўп маломатларни олиб келиши тайин эди. Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – ватаним маним” қасидаси ҳам айни ўша кезлари ёзилганини эътиборга олсак, бу икки буюк ижодкорнинг Ватанимиз, халқимиз тарихидаги, адабиётимиз юксалишидаги ўрнини чуқурроқ англашимиз, ҳис этишимиз мумкин бўлади. Демак, ана шу икки ижодкор тимсолида халқимизнинг ўлмас руҳи шеъриятимизга кириб келган эди ўша замонда.
Қасидада Эркин Воҳидов миллатнинг кўҳна тарихидан сўз очади. Унинг ўтмиши минг асрларга бориб уланиши, демак, дунёнинг энг қадимий миллатларидан экани ҳақида ифтихор билан ёзади:

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим.
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Афросиёб ҳақидаги тарихий манбалар, Ўрхун хати – бу халқнинг дунё тарихида тутган ўрни нечоғлиқ баланд, инсониятнинг ёзув маданияти шаклланишидаги хизматлари қанчалар катта эканлигидан дарак беради. Ал-Беруний, ал-Хоразмий, ал-Форобий сингари фарзандларининг башарият тараққиётига қўшган ҳиссаси бу юртнинг шаъну шавкати қанчалик улуғ эканлигига далолатдир. Лекин тақдир тақозоси билан унинг бошидан кўп оғир кунлар ўтган, шамширларини ўйнатган неча қоон, неча султон, неча минг хон жабру зулмини тортишига ҳам тўғри келган. Ўша оғир дамлар халқимиз тарихида қандай машъум излар қолдирганини шоир қуйидагича образли тасвирлайди:

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё – икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Ижодкор аниқ тарихий далилларга мурожаат этади: Рум Қайсари найзасидан бағрида доғ узра доғ, кўкси Чингизу Боту тиғига қалқон, тўрт ёндан асрлар бўйи бошига тийри камон ёғишидан кўп азият чеккан, умри қурбон, мулки торож, юрти вайрон бўлган миллати учун куйинади, изтироб чекади. Шунинг баробарида, бошига шунчалик оғир синовлар, урушлар, қирғинбаротлар тушишига қарамай, бу миллат ҳеч бир замонда зулмга бош эгмаганидан, гоҳ Муқанна, гоҳ Сарбадорлар тимсолида ўзининг эрксеварлигини намоён этиб келганидан ифтихор ҳиссини туяди. Одамийлик дини билан тоза имон – бу миллатнинг чин эътиқоди бўлганидан фахр қилади.
Мирзо Улуғбек тимсолида сирли осмон тоқига илк нарвонни қўйган ким – ўзбек! Мир Алишер тимсолида наърасига жаҳон акс-садо берган, шеърият мулкида шоҳу султон мавқеига эришган ким – ўзбек! Қасиданинг ана шу сатрларида чуқур мазмун ва баланд пафос уйғунлашиб кетганини сезиш қийин эмас.
Қасидада кўтаринки руҳ ва изтироб туйғуси алмашиниб келади. Шоир илму шеърда шоҳу султон бўлишига қарамай, тақдирига қул бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур қисмати ҳақида ёзар экан, фиғони оламга ўт солган халқига дарддош. Шоҳ Машраб, Нодира, Фурқат, Муқимий каби улуғларни ёдга олар экан, уларнинг кўз ёшу армонлари, изтиробу фиғонларини гўё ўз вужудида ҳам ҳис этади. Она халқининг тарихини битишга мингта Фирдавсий кераклигини, унинг бир бор чеккан оҳи минг достонга мавзу бера олишини таъсирчан ифода этади.
Шоир таърифича, Ватанни боғ деб айтса, бу боғнинг гули – ўзбек! Агар она заминни кўзга ташбеҳ этса, мужгони – ўзбек! Бу халқ билан кўкракни тоғ қилиб фахр этса арзийди, негаки, кўкрагида тоғ кўтарган танти деҳқон – ўзбек! Шунинг учун ҳам шоир бу халқнинг фарзанди бўлиш нақадар катта бахт эканини қуйидагича ифодалайди:

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Эркин Воҳидов адабий, ўлмас мавзуларда шеърлар, достонлар ёзди. Она халқининг маърифати юксак, Ватанининг шаъну шарафи баланд бўлишини истади. Бутун ижодини, истеъдодини ана шу улуғ мақсад сари йўналтирди. Асарларида айни орзу-ўйларини бадиий сўз воситасида бетакрор талқин этди. Шоир шеърларидан бирида “Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса” деган саволни қўяди. Алишер Навоийдай даҳога эга бўлиш, табиийки, ҳар қандай халқнинг орзуси. Бироқ бундай улуғларнинг асарларини мутолаа қилиш, улардаги эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш зарур. Акс ҳолда нима бўлади? Шеър ана шу ҳақда. Жумладан, шоир қуйидагича ёзади:

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.

Шоир халқ тилини чуқур билади, юракдан ҳис қилади. “Аза чоғи ялла бўлиши” – ўзбекнинг табиатига мутлақо тўғри келмайдиган ҳол, ўзликнинг бой берилгани аломати. Ана шу ибора айни бандда ифодаланган фикрнинг таъсир кучини таъминлаган. Бундай фожиали ҳолга тушмасликнинг ягона шарти – маърифатли бўлиш. Бунинг учун эса, Навоийни ўқиш керак.
Эркин Воҳидов – ҳазрат Алишер Навоий асарларининг билимдон тадқиқотчиси. Шоирнинг “Сўз латофати” асари ҳам бу фикрни тасдиқлайди. У Навоий асарларини жуда нозик тушунади, чуқур таҳлил қилади. Бунинг натижасида олган хулосаси: миллат – миллат, халқ – халқ бўлиши учун бу улуғ мутафаккир асарларидан баҳра олиши шарт. Акс ҳолда, шоир таъбири билан айтганда, “юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлгани шудир”. Бу эса, шеърнинг хулосасида айтилганидек, пайтаванинг салла бўлишидек аянчли ҳолга олиб келиши мумкин.
Ижодкорнинг асл ижодкорлиги фақат яратган асарлари билан эмас, балки ватанпарварлик туйғулари нечоғлиқ баландлиги билан ҳам белгиланади. Зеро, чин ижодкор ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўради. Эркин Воҳидов Ватан озодлиги, юрт мустақиллиги ғоясини ўз асарларида баралла куйлаган шоир сифатида ҳам адабиётимиз тарихидан муҳим ўрин олган. Қуйидаги сатрларда шоир учун Ватан озодлиги, эркинлиги нақадар олий неъмат эканлиги ўз ифодасини топган:

Чекибдур Бобуру Фурқат Ватан ҳажрида афғонлар,
Мен эрсам, ваҳ, не ғурбатким, Ватанда беватан бўлдим.

Бобур ва Фурқат Ватандан айрилиқда фиғон чеккан бўлсалар, шоир бундан ҳам оғирроқ фожиага учраган. У – Ватанда беватан. Яъни Ватанда истиқомат қилаётган бўлса ҳам, унга эгалик ҳуқуқи олиб қўйилган, эркинлик деган улуғ неъматдан бебаҳра.
Табиийки, шоир Ватанининг равнақ топишини, миллатини дунёдаги тараққий этган халқлар даражасига юксалишини орзу қилади. Лекин бунга эришиш осон эмаслигини юракдан ҳис этади. Сабаби, ёвлар она Ватанининг тараққиёт йўлларини беркитиб қўйган, бирлигига барҳам берган. Бу ҳол ҳар бир ватанпарвар каби шоирни ҳам изтиробга солади. “Туркистон бир – Ватан бир” бўлиши унинг қалбида силқиб турган буюк армон эканлигининг сабаби шунда. Шоирнинг бу армони қуйидаги дардли сатрларида ўта таъсирчан ифодаланган:

Ёвлар пора қилган тан, хомталаш бўлган ватан,
Оҳ бўлурми қайтадан, Туркистон бир – Ватан бир.

“Ёвлар пора қилган тан, хомталаш бўлган ватан” – шоир она заминнинг истибдод замонидаги аҳволининг айни шу тарзда эканидан таассуфини яширмайди. Изтироб шундаки, ўша кезлари миллатларнинг тенг ҳуқуқлилигини, халқларнинг саодатини ваъда қилган тузум, аксинча, бошқа кўплаб халқлар қатори ўзбекни ҳам эрксизлик, ҳақсизлик гирдобига ташлади. Берган ваъдалари ёлғон бўлиб чиқди. Шоир эса, “ёлғон саодат, ёлғон эрк, ёлғон ватан”га рози бўла олмайди. Қуйидаги сатрларда ана шу дард, ана шу изтироб талқинини кузатиш мумкин:

Бас, етар ёлғон саодат,
Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.
Қутлуғ истиқлол кунида,
Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.

Истиқлол орзусини Эркин Воҳидов ана шундай мисралар орқали ифода этди. Чинакам ҳурриятга муяссар бўлмоқ, унинг завқини сурмоқ истади. Ватанимиз мустақилликка эришгач, шоир нафақат қалами, тафаккури, истеъдоди, балки бор салоҳиятини унинг равнақи йўлига бағишлади. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати аъзоси, қўмита раиси сифатида мустақилликни мустаҳкамлайдиган қонунлар яратиш борасида изчил фаолият олиб борди.
Ўтган 2016 йилда “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларию достонларини ўзида тўлиқ жамлаган қарийб эллик олти босма табоқ ҳажмидаги “Танланган асарлари”ни чоп этди. Китоб шоирнинг “Бағишлов” сарлавҳали ғазали билан очилади.

Эй сен, латиф дўст, бу сенга
Умрим китобидир,
Умрим китоби не, олис
Йўл сарҳисобидир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг умр китоби ҳикмат­ларга, ибратларга тўлиқ эканлиги билан азиз ва қимматлидир. Шоирнинг умр китоби – бамисоли кўзгу. Бу кўзгуда миллатнинг ўзлиги, тарихи, орзу-армонлари, ҳис-туйғулари акс этган. Эркин Воҳидов ижодининг умрбоқийлиги эса она халқига ана шундай мусаффо кўзгуни тута билганида бўлса, ажаб эмас.

Абдуғани СУЛАЙМОН

Саҳифа 252 марта ўқилган.