Юрт боғида ниҳолдай ўсдим

Назм

Табиат қўшиқи

Тоғлар кўкка керадир қучоқ,
Қуёшга интилар чўққилар.
Ёш тўккан булутлар шум, қочқоқ,
Бўронлар қувалаб йўқ қилар.

Дарёлар ҳайқирар, ҳовлиқар,
Биларму қайларга борарин?
Денгизлар тўлғанар, ер сиқар,
Тўлқинлар бузади қарорин.

Тошлар қотиб қолар шу асно,
Харсанглар қулайди чилпарчин.
Юлдузга лим тўлса кенг само,
Титраб ғазал ўқир Ойбарчин.

Тун сокин, тун ўйчан, хаёлкаш,
Дафтарга тушади мисралар.
Илҳом йиғи бошлар бир – яккаш,
Майса қулоғида сирғалар.

Тонг ёриб, кулади зар қуёш,
Капалак қанотин ёзади.
Ғунча деб, қушлар ҳам бебардош
Суратин самога чизади.

Буғдойзор шовуллаб солланур,
Хирмонга тўлади зумрад дон.
Ўн тошли тегирмон айланур,
Дастурхон устида ширмой нон.
Ёмғир қуйилади беаёв,
Қорлар эриб битар бечидам.
Баҳор кулиб ўйнар бежилов,
Ёз ўтиб, куз келур дам-бадам.

Ҳар дарахт, ҳар майса, ҳар бир ўт
Айтадир шукрона бир оят.
Оламда нима бор тўкис, бут,
Шу эрур сўнгги йўқ, ҳикоят…

Элбек туғилган
қишлоқ

Кўм-кўк осмон остида,
Кўм-кўк тоғлар устида,
Ям-яшил дарахтлар-ла,
Ям-яшил тош тахтлар-ла
Ястаниб ётган тупроқ –
Элбек туғилган қишлоқ.

Тунда ойи сузилган,
Нур ипаги узилган,
Кўнгил тинчи бузилган,
Армон қилган, чўзилган,
Кучли момақалдироқ –
Элбек туғилган қишлоқ.

Эгалари ким экан,
Ёнғоқларни ким эккан?
Шамолга солган жуган –
Бўронларга жон тиккан,
Пешонаси ярқироқ –
Элбек туғилган қишлоқ.

Бунда Чўлпон изи бор,
Усмон Носир сўзи бор,
Илҳомнинг ғиз-ғизи бор,
Мен тотиган тузи бор,
Майсалари ҳилпироқ –
Элбек туғилган қишлоқ.

Тарқаганди шум “миш-миш”,
Битикларини, эмиш,
Тоғларга яширганмиш,
Юксакка оширганмиш…
Уни сўйлар беадоқ –
Элбек туғилган қишлоқ.
Деразамда чујурлаган єуш

Тушунмадим сўзингга саҳар,
Кўп сайрадинг тинмай сарбасар,
Тилинг мунча шакардан-шакар,
Айт, нимадан келтирдинг хабар,
Кўрган эдим бир ғаройиб туш,
Деразамда чуғурлаган қуш?

…Тирик эмиш севгилим, боғда,
Оқ гулларни қучиб қучоқда –
Унга томон юрдим, шу чоғда
Ғойиб бўлди мендан узоқда…
Эр бошимдан учди ақлу ҳуш,
Деразамда чуғурлаган қуш.

Бу дунёда айрилиқ ёмон,
Торлик қилур ер билан осмон.
Ўғирласа севгисин ҳижрон,
Қандай чидар йигит деган жон…
Жисми қолса қуп-қуруқ, бўм-бўш,
Деразамда чуғурлаган қуш.

Йиллар кечди сочга ташлаб оқ,
Лек сўнмади ёрга иштиёқ.
Вафо бўлди бир қайнар булоқ,
Қатрасида армон ва фироқ…
Сўнг туғилди достонлар қўш-қўш,
Деразамда чуғурлаган қуш.

Сен нимадан бердинг нишона,
Ташрифингга нима баҳона?
Тўхта, сенга бўлай парвона,
Мана, сенга ушбу кошона…
Қанотларинг тилломи, кумуш,
Деразамда чуғурлаган қуш?

Илтимосим, яна сайраб бер,
Созингни чал яйраб-яйраб бер,
Фолингни оч, эртам қараб бер,
Ҳеч бўлмасин шоир фаромуш,
Деразамда чуғурлаган қуш.

Тонг

Шамол гулни уйғотди,
Гул кўнгилни уйғотди.
Кўнгил ёрни уйғотди,
Ёр булбулни уйғотди,
Булбул йиғлаб сўз қотди:
“Бўлди, энди тонг отди,
Ой қуёшни уйғотди”.
Эртага

Вақтинг кетди дея, ўкситма ҳаргиз,
Қайноқ юрагимда тошар ўтли ҳис.
Удир отилмаган сирли бир вулқон,
Сен уни билмайсан, билмайсан, эсиз.
Уларнинг ҳеч бири кетмайди беиз,
Албатта, эртага бўлар намоён.

Боғ кезаман
олам кезгандай

Дўстим эккан хил-хил кўчатлар
Шундоққина адир бағрида.
Кўз олади яшил кўкатлар,
Кўл ястанган боғнинг ғарбида.

Тўхтаб қолдим учратиб, алҳол,
Бир туп олма зеҳнимни тортиб.
Одам бўйи келар у ниҳол,
Турар ғужум ҳосилин ортиб.

Шохчалари ерга эгилиб,
Мевасини қиларди эҳсон.
Ер қадрини отадай билиб,
Сахий эди оналарсимон.

Қирмизланар, товланар, ёнар,
Олмаларда қуёшнинг нури.
Мева бериб дарахт қувонар,
Шундай ўтса инсоннинг умри.

Дейман, бунда бўрон бўлмасин,
Жала қуйиб, турмасин довул.
Бу оламда боғбон ўлмасин,
Мангуликка ҳакам бўлсин ул.

Йўқ, қўнмасин баргларига чанг,
Илдизлари бўлсин мустаҳкам.
Мевалари ҳамиша таранг
Ва эгаси ҳеч кўрмасин ғам.

Боғ кезайин дунё кезгандай,
Юрт боғида ниҳолдай ўсдим.
Билганидай, мени сезгандай,
Ёнгинамда одимлар дўстим.

Тўлан НИЗОМ