Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби бугунги кунда Андижон вилояти ҳам улкан бун­ёдкорлик майдонига айланган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва юксалишлар жараёнида меҳнаткаш халқимиз ҳамда тадбиркор юртдошларимизнинг хизмати беқиёс, албатта. Ҳар бир эзгу иш замирида халқ манфаати, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаровон яшашларига имкон яратиш каби олий мақсадларимиз мужассамдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил июнь ойида вилоятимизга ташрифи давомида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказиб, унда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дас­турида белгиланган вазифалар ижросини муҳокама этган эди. Ушбу вазифалар асосида вилоятимизда 2017–2018 йиллар давомида тўққиз йўналишда қарийб 375 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбарига вилоят иқтисодиёти ва ижтимоий инфратузилмаларини ривожлантиришга доир қатор лойиҳалар тақдим этилди. Жумладан, Булоқбоши туманида Хитой технологияси асосида йилига 21 минг тонна кимёвий чўктирилган бўр маҳсулоти ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашё – оҳактошдан олинади. Корхона ишга тушгач, чет элдан сотиб олинаётган шу турдаги маҳсулотга бўлган талаб қондирилади, уни экспорт қилиш йўлга қўйилади. “Ўзфармсаноат” компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017–2018 йилларга мўлжалланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастури асосида Андижон туманида “Zamin Bio Health” жамиятида йиллик қуввати 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа амалга оширилади. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси Андижон вилоятида амалга оширишни режалаштирган лойиҳалар ҳам эътиборга молик бўлиб, давлатимиз раҳбарига янги автомобиль русуми – “Chevrolet tracker” ишлаб чиқариш бўйича маълумот берилди. “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017–2018 йилларда вилоятда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар, эски “Андижонмаш” акциядорлик жамиятида ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зонаси лойиҳаси ҳам диққатга сазовор. Бўш турган ер майдони 19,16 гектар бўлган “Андижонмаш” ҳудудида ташкил қилинадиган саноат зонасида енгил саноат, электрокабель, чарм-пойафзал маҳсулотлари, эшик-ром, мебель, дори-дармон, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари қайта ишланади, натижада 2 минг янги иш ўрни очилади. Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан 127 миллиард сўмлик 15 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Истиқлол байрами арафасида Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электричка қатновини йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Ўтган қисқа муддатда Қўқондан Андижон шаҳригача электропоезд қатновини йўлга қўйиш бўйича дастур тузилди. Бу жараёнда йўллар мустаҳкамланди, электр таъминоти масаласи ҳал қилинди.
Андижон шаҳридаги ўн бир ҳудудда маҳалла гузарлари ва универсал спорт мажмуа­си қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Андижоннинг эски шаҳар ҳудуди бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Деҳқон бозори замонавий талаблар асосида янгидан қурилди. Йўллар кенгайтирилиб, транспорт қатнови учун қулай шароит яратилди, янги муҳташам савдо дўконлари қад ростлади, кўчалар замонавий кўринишга эга бўлди. Эски шаҳардаги тарихий ёдгорлик – Жомеъ масжид-мадрасаси таъмири учун 6,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!” анъанавий кўрик-танлови ўтказилди. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш борасидаги илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, оммалаштириш, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг иштирокини фаоллаштириш, қишлоқ, маҳалла, ташкилот ва муас­сасаларда тозалик-орасталик, кўкаламзорлаштириш ишларини кенг йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган кўрик-танлов тадбирларида барча ўз хоҳиши билан иштирок этди. Танловда хонадонлар, кўп қаватли турар-жой бинолари атрофининг озодалиги, саранжом-саришталиги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчиликни кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқимизга хос юксак фазилатлар ҳақида гап кетганда меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси халқимизнинг кундалик ҳаёт тарзи, орзу-мақсадлари, саъй-ҳаракатлари билан ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат замирида ҳам аҳоли турмуши фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, кам таъминланган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишдек олийжаноб мақсадлар ётади. Андижон вилоятида эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларни топшириш ҳам ана шундай инсоний фазилатлар қадрли эканлигини кўрсатди.
Вилоятнинг барча туманларида янги намунавий лойиҳалар асосида мингта қўшимча арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. Бу борада уй-жойга муҳтож фуқароларнинг талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, спорт объектларида ҳам ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Хонобод шаҳри, Пахтаобод ва Жалақудуқ туманларида аҳолининг мактабгача таълим муассасаларига бўлган реал талаби ўрганиб чиқилиб, мавжуд ўттиз еттита болалар боғчалари таъмирлашга киришилди, янги болалар боғчаларини қуриш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди.
Йўл, транспорт коммуникация тармоқларини қуриш, таъмирлаш соҳасига эътибор натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 291,3 км ички хўжалик йўллари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Хонобод шаҳридан ўтган “Душанбе – Бишкек – Термиз” автомобиль йўлининг 583-километрида Қорадарё устидан ўтувчи кўприк қурилиши давом этмоқда. Бунинг учун 7 млрд. сўм маблағ сарфланади. Вазирлар Маҳкамасининг “2017–2019 йилларда Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 432,6 млрд. сўм маблағ ажратилиб, Хонобод шаҳрининг адирлик қисмидаги 150 гектар ер майдонидан самарали фойдаланиш мақсадида вилоятдаги бошқа шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда йирик ташкилотлар томонидан дам олиш масканлари қуриш бўйича иш олиб борилмоқда. Ушбу ерларда интенсив томчилаб суғориш усулида ёнғоқ, писта, бодом, унаби, узум боғлари яратилмоқда. “Хонобод” санаторийси энг замонавий дам олиш масканига айлантирилиб, юртдошларимиз ихтиёрига топширилади. Андижон – Хонобод йўналиши бўйича электрлаштирилган поезд қатнови йўлга қўйилиши бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ичимлик суви ва оқова тармоқлари, электр ҳамда газ таъминоти тизимларини яхшилаш бўйича ҳам тегишли ишлар бажарилмоқда. Жорий йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2557 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Хўжаобод туманидаги “Навигул” қўшма корхонасида йилига 50 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 1 минг 200 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланди. Ушбу логистика марказида 6 гектар майдонга замонавий технологиялар билан ишлайдиган иссиқхона, 255 гектар майдонда эса интенсив усулда янги мевали боғлар ташкил қилиниб, яна 589 гектар майдонда сабзавот экинларини экиш имконияти яратилди.
Булоқбоши туманида умумий қиймати 203,9 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи йиллик қуввати 1,2 млн. тонна бўлган цемент заводини қуриш ишлари белгиланди, бу эса 700 дан ортиқ иш ўринлари яратилишида асосий омил бўлади.
Мулкдорлар томонидан енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари негизида тузилган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида жами 19,1 млрд. сўм ҳамда 390 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Вилоятда ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтининг Андижон филиали ташкил этилди.
Вилоятдаги адир ерларидан унумли фойдаланиш, ноёб манзарали ва мевали, доривор ўсимликлар етиштирилишини ташкил этиш мақсадида вилоят ўрмон хўжалиги учун Асака, Марҳамат ва Қўрғонтепа туманларидан жами 4 минг 329 гектар ер майдони ажратиб берилди. Умуман, вилоятда қишлоқ хўжалигининг деярли барча йўналишларида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани, давлатимиз раҳбарининг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида адабиёт, санъат, маданият соҳасидаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари ҳақидаги сўзлари адабиёт аҳлини руҳлантириб юборди. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, буюк ўтмишимиз, буюк аждодларимиз, беқиёс бойликларимиз бўлгани каби адабиётимиз, санъатимиз ҳам ­тобора равнақ топиб бориши шубҳасиздир.
Биламизки, Андижонда адабий муҳитнинг шаклланиши узоқ ўтмишга бориб тақалади. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида Андижон ижодий муҳитига доир аниқ маълумотлар берилган. Дунё маданияти ривожига катта ҳисса қўшган шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ана шу муҳит таъсирида етишиб чиққан. Шарқ мумтоз шеъриятининг ёрқин сиймоларидан бири Нодира ҳам Андижон қизидир.
Чўлпоннинг замондошлари – Алиохун Оразий, Муҳаммадхон Маҳжурий, Мулла Ҳошим Ҳайратий, Зокиржон Ҳабибий, Абдуваҳоб Сайфий, Абдулаҳад Анисий, Имомиддин Улфатлар яратган адабий муҳит тобора ривожланиб, Комил Яшин, Тўхтасин Жалолов, Карим Аҳмадий, Султон Жўра, Омонуллохон Боқир, Восит Саъдулла, Ҳошимжон Раззоқов, Ҳайитбой Азимий, Саида Зуннунова каби бетакрор ижодкорларни етиштириб берди. Рустам Раҳмон, Олимжон Холдор, Холдоржон Қуронбоев, Тўхташ Ашуров, Муқимжон Ниёзов, Заҳириддин Муҳитдинов, Турсуной Содиқова, Муҳаммад Юсуф, Исмоил Тўлак, Усмонжон Шукуров, Фозил Эмин, Убайдулла Содиқов, Қобил Мирзо, Одилжон Олимов, Мукаррама Муродова, Замира Эгамбердиева каби марҳум ижодкорларимизнинг адабиёт ривожи йўлидаги хизматларини ҳам алоҳида ­эътироф этиш лозим.
Бугунги кунда устозларимизнинг фидойилик билан адабиёт ривожи йўлида хизмат қилиб келаётганлари бизга ифтихор бағишлайди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, адабиёт, санъат ва маданиятимизнинг ёрқин вакиллари Зокиржон Машрабов, Сайфиддин Жалилов, Эътибор Охунова, Қамчибек Кенжа, Одил Абдураҳмон, Фарид Усмон, Ҳанифа Солиҳова, Хабибулло Турсунматов каби пойтахтда ва вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган устозларимиз, шунингдек, Наби Жалолиддин, Хуршида, Замира Рўзиева, Омина Тожибоева, Мунаввара, Ҳумоюн, Улуғбек Ҳамдам, Хабиб Сиддиқ, Икромжон Аслий каби ижодкорларнинг адабиёт йўлидаги хизматлари эътиборлидир.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил вилоятимиз аҳли учун Бобур йили деб эълон қилинди. Йил бошидан буён ҳар бир ташкилот, муассаса, корхоналарда шоирнинг асарларини ўқиб-ўрганиш соатлари, бобурхонлик кечалари ўтказилмоқда. Шоир ҳаёти ва ижодини ёритувчи бурчакларга шоир бюстлари қўйилди. Маънавият хоналари, ахборот-ресурс марказлари, янги кутубхоналар Бобур Мирзонинг адабий-илмий мероси билан бойитилмоқда. Андижон шаҳрининг Боғишамол ҳудудидаги “Боғи Бобур” дам олиш масканида махсус лойиҳа асосида зиёратгоҳ ва истироҳат боғини қайтадан яратиш бўйича бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда.
Бу йил Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги 150 ўринли ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган мактабга биринчи ўқувчилар қабул қилинди. Шоир номидаги хиёбонга унинг ҳайкалини ўрнатиш, шоир ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи музей ташкил этиш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда.
Вилоятда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Чўлпоннинг 120 йиллигини кенг нишонлаш борасида алоҳида чора-тадбирлар белгиланган. Жойларда чўлпонхонлик тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Шоирнинг муҳташам ҳайкали Андижон шаҳридаги Чўлпон номи билан аталувчи боғ ичкарисидан Чўлпон кўчасида янгидан барпо қилинган кўркам хиёбонга кўчириб ўрнатилди. Ушбу кўча замонавий талаблар асосида таъмирланди, боғни ободонлаштириш, шоир уй-музейини бойитиш ишлари давом этмоқда.
Барча соҳалардаги ишларимиз замирида мамлакатимиз аҳолисининг жойлашуви жиҳатидан энг зич, ҳудуди жиҳатидан эса ихчам ҳисобланган Андижон аҳолисининг турмуш фавровонлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ишига муносиб ҳисса қўшиш, келажагимиз бўлган ёш авлодга ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, уларга обод ва озод юртни мерос қилиб қолдиришдек ниятларимиз ётади. Ёшларни Ватан, халқ ишига камарбаста бўладиган фарзандлар қилиб ўстиришда адабиётнинг ўрни беқиёс эканини теран англаган ҳолда уларни ҳалол меҳнатга ўргатиш, касб-ҳунарли ва илмли қилиш орқали биз юртимиз келажагини ­таъминлаймиз ва бу йўлда куч-имкониятимизни аямаймиз.

Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ

Саҳифа 46 марта ўқилган.