Истеъдодли ёзувчи Алишер Ибодиновнинг “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асарини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Муаллиф тинимсиз изланаётгани, эъти­борга молик тарихий манбаларни синчиклаб ўргангани яққол кўриниб турибди. Қўқон хонлиги тарихига доир илмий тадқиқотлар, хотиралар, Аҳмад Заки Валидий, В.Наливкин, Н.Остроумов, Ибрат домла, тошкентлик қози Сатторхон Абдулғаффоров, Мулла Олим Махдум, Мирзаолим Мушриф ва бошқаларнинг китобларидан келтирилган муҳим иқтибослар ўқувчида жиддий қизиқиш уйғотади. Бу манбаларда Худоёрхоннинг отаси Шералихон 1842 йили мен туғилиб ўсган Сафед Булон қишлоғидаги йиғинда оқ кигизга ўтқазилиб, Қўқоннинг хони деб эълон қилингани, шу табаррук жойдан Косонсой, Тўрақўрғон ва Чуст орқали Қўқонга юриш бошлангани айтилади. Мен учун янгилик бўлгани – рус олими В.Наливкиннинг ХIХ аср охирида рафиқаси билан икки йил Сафед Булоннинг шундоққина ёнгинасида жойлашган сўлим Нанай қишлоғида яшагани, маҳаллий аҳолининг турмуши, урф-одатларини ўргангани бўлди. Иккинчи янги далил шуки, Шералихон Қўқон тахтига ўтиргач, унинг саводи чиқмаган, демакки, ёзув-чизувдан бехабар ўғиллари Худоёр ва Сўфибекка нанайлик машҳур мактабдор домла мулла Тошбой сабоқ берган экан. Абдулла Қодирий ўтган асрнинг 20-йилларида Қўқонга келиб, Худоёрхоннинг ўша пайтда ҳаёт бўлган хотинларидан бири Розия­бегим билан учрашгани илмда бор гап. Ҳабибулла Қодирийнинг отаси ҳақидаги хотираларида хонлар давридаги Қўқоннинг йирик уламоларидан бири, мўътабар диний арбоб Миён Фазл Ваҳҳобнинг фожиали севгиси тилга олинади. Бу табаррук зот Худоёрхонга пир мақомида бўлган экан. Аммо…
Хонликлар тарихига кўз ташласангиз, турли офатлар, эл-улус бошига тушган мислсиз кулфатлар, аёвсиз қатлларнинг сабаблари маълум бўлади. Имон-эътиқоди суст, сотқин, хиёнаткор кишилар ҳукмдорларга яхши кўринмоқ, бирор мансабга илинмоқ, бирор ёғли луқмани оғизларига солмоқ илинжида ҳарамни ёш соҳибжамоллар билан тўлдиришга ҳаракат қилганлар. Бундай кишилар Худоёрхон ўрдасида ҳам бўлгани бағоят таъсирчан қилиб кўрсатилибди. Улар хонни Миён Фазл Ваҳҳобнинг ҳуснда тенгиз хотини борлигидан хабардор қиладилар. Ҳирс-ҳавас жазавасига тушган хоннинг буйруғига биноан, қўшмачи даллоллар эшон хонадонига бориб, сулув аёлни кўриб, оғзилари сув очиб қайтади. Бу аёл ўша – Абдулла Қодирий билан суҳбатлашган Розиябегим эди. Худоёрхон Розиябегимни ўрдага зиёфатга таклиф эттиради ва уни шу ерда тунаб қолишга мажбур қилади. Тунда меҳмон аёл ётган хонага… хон кириб келади. Ҳарамда икки-уч кун қолиб кетган Розиябегимдан нима воқеа содир бўлганини эшитган ориятли эшон хотинини уч талоқ қўяди ва уни ўн тўрт арава сеп билан хон ўрдасига қайтариб юборади. Ҳажр азобида куйиб-ёнган эшон шаҳарда тарқаган гап-сўзларга чидамай, Қўқондан бош олиб чиқиб кетади ва Ўш шаҳрига туташ тоғдаги ғорда садоқатли шогирдларидан бири билан дарвешона ҳаёт кечира бошлайди. Аммо, орадан қирқ кун ўтар-ўтмас шамдай куйиб адо бўлади. Ўлими олдидан шогирдига: “Мулла Абдулбоқи, менга яқинроқ келиб, оғзимни ҳидланг-чи, ниманинг ҳиди келаяпти?” дейди. “Кабоб ҳиди келяпти, устоз, кабоб” дея жавоб беради шогирди. Миён Фазл Ваҳҳобнинг жигари ҳажр оловида қоврилиб кетган экан… Тақдир бундай номусли зотни хўрлаган Худоёрга умри сўнггида бундан-да оғир жазо – ватангадоликни ҳозирлаб қўйганини кўринг…
Бугун ижодкорлар орасида тарихий мавзуда қалам тебратиш урф бўлиб бормоқда. Билган ҳам, билмаган ҳам тарихнавислик қилмоқда. Бир асардаги тўқима образ бошқа бир асарга тарихий шахс бўлиб кираётир, таниқли шахслар тўғрисидаги “қўлбола” талқинларнинг чеки-чегараси йўқ. “Қиз Жибек” бадиий фильми билан боғлиқ “асрга татигулик” янглишув бошқа соҳаларда ҳам такрорланмоқда. Ён-атрофларимизда чоп этилаётган мактаб дарсликларида у ёки бу миллатнинг алоҳидалиги, улуғлиги ва беҳад қадимийлиги даъвоси қучайиб бораётгани ҳам ажабланарлидир.
Аслида, ўтмиш ҳақида қоғоз қоралашнинг ёмон жойи йўқ, бироқ, яқин ва олис тарих воқелигини, аввало тўғри идрок этиш, моҳиятини бугунги ўқувчига бузмай, камитмай, бошқа либосга ўрамай, ортиқча оширмай-тоширмай етказиш ўта масъу­лиятли, ҳам илмий, ҳам ижодий ҳалолликни талаб этадиган иш. Чунки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов сўзлари билан айтганда, “Кечаги тарих – биз учун ҳаёт мактаби, бамисоли тиниқ бир кўзгу, унга қараб сабоқ оламиз, хулоса чиқарамиз, келажак йўлини белгилаймиз”. Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов бу вазифани қуйидагича ифодалайди: “Тарих ўтмиш экан, унга нисбатан тарихчи ўз мақсадлари, қарашлари орқали кириб боради. Яъни, тарихни ўзидан холи тадқиқ қила олмайди… Тарихни билишда тарихий маълумотларнинг аслияти қанчалик ҳаққонийлиги ёки сохталиги масаласи (тарихнависнинг) диққат марказида турмоғи лозим. Кўп ҳолларда муайян вазият тақозоси билан воқеанинг тафсилотлари атайлаб сохталаштирилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда манбалар, агар уларнинг вариантлари бўлса, қиёсий ўрганилиши зарур бўлади”.
Шу қисқа иқтибоснинг ўзида жуда кўп масалалар кундек равшан бўлиб турибди: тарихшунос бу ишга қандай мақсадда ёндашаётгани ва унинг шахсий қарашлари қандайлиги, билими, имон-эътиқоди, қаламдан тўкиладиган сўзга масъулияти жуда муҳим. Воқеа-ҳодисалар тафсилотининг сохталаштирилишига эса Парижнинг Версал саройи залларидан бирини безаб турган “Наполеоннинг тож кийиши” сурати мисол бўла олади. Рассом бу асарни реал воқеа асосида яратган, аммо буюк фотиҳнинг эътирози туфайли, муаллиф унга тузатиш киритиб, сохталикка йўл қўйган.
Қўқон хони Худоёрнинг шахсиятига турли манбаларда турлича ёндашилади. Л.Троицкаянинг “Қўқон хонлиги тарихи” китобида қизиқ бир далилга дуч келдим: Тошкентдан хон ҳазратларининг оналари ҳузурига меҳмон аёллар келишгани муносабати билан хазинадан бир кулча совун, бир думалоқ кўк чой, бир думалоқ қора чой ажратиш тўғрисида… расмий фатво имзоланган, хазинабон “бердим” деб, олувчи “олдим” деб имзо чекишган экан. Иккинчи далил: Фон Кауфманнинг “тузоқ” маслаҳатига кўра, Петербургга меҳмонга отланган Худоёрхон сафар олдидан яқин таниши бўлмиш мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Алишер Навоий, Мирзо Бедил ва бошқа улуғларимиз қаламига мансуб нодир китобларни омонат сақлаш учун қолдиради. Бундай китоблар хонлик кутубхонасида кўп бўлган экан. Худоёрхон Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сининг жаҳонда ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига совға қилади, вақти келиб, бу китобдан элимиз баҳраманд бўлишидан умидворман, дейди. Хонликда солиқ тизими анча адолатли бўлгани тўғрисида ҳам фатво-ҳужжатлар мавжуд. Бу маълумотларни ўқиганингда пайдо бўлган тасаввурни ўз пирининг шаръий аёлига зўрлик билан уйланиб олиш воқеаси чилпарчин қилиб юборади.
“Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”ни ўқир эканман, устоз Шариф Юсуповнинг Қўқон хонлиги тарихига оид туркум мақолалари ёдимга тушди. Уларда яқин ўтмишимизнинг аччиқ ҳақиқатлари, Амир Насруллонинг Қўқондаги хунрезликлари, Туронзаминнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши сабаблари, Худоёрхоннинг сўнгги кунлари, унинг аянчли тақдири сизнинг талқинингиздан бироз фарқ қилса-да, моҳиятан бир-бирини тўлдиради. Домла Юсупов ўқувчи эътиборини Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларининг ҳукмфармолари ўзаро аҳил бўлмагани, узоқни ўйламай калтабин сиёсат юритганлари, бунинг оқибатида халқ бошига мислсиз кулфатлар келганига қаратади. “Чор Россияси ҳукмрон доиралари, – деб ёзади устоз, – бу хонликларга савдогар, сайёҳ ниқобида кетма-кет жосуслар йўллаб, хонликлардаги ҳақиқий аҳволдан пухта хабардор бўлгач, уларнинг босқинчилик режаларида алдам-қалдам дипломатияси тобора кўпроқ ўрин эгаллай бошлайди. Бунда улар, бир томондан, Қўқон, Бухоро ва Хивадан Россияга юборилган элчилардан ўз ёвуз мақсадларини яшириб, хонликларга яқин ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуриш, дарё портларини келажакдаги ҳужумлари учун мувофиқлаштириш каби номатлуб ишларини гўё хонликлар манфаати йўлида қилинаётган ишлар сифатида кўрсатмоқчи бўладилар. Иккинчи томондан, Туронзаминга босқин онлари яқинлашгани сари бу ердаги хонлар орасидаги низони атайлаб кучайтиришга қаратилган манфур дипломатияни император ва унинг энг яқин аъёнлари иштирокида амалга оширишга эришадилар”.
“Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асарининг муаллифи, устоз Шариф Юсупов, Хива хонлари тарихини ўрганган Эркин Самандаров, Комил Аваз, Оллоқулихон даврини ўрганиб, илм қилган Омонулла Муталов, бошқа кўплаб тадқиқотчилар ҳам шу фикрда. Яқин ўтмишнинг адолатсиз, ақл-идрок билан англаб бўлмайдиган хунрезликлари тўғрисидаги куюнчак мулоҳазалар ўқувчини ўйлантириб қўяди. Сабоқларимда талабаларга Шарқни неча асрлар давомида қонга ботириб келган, юртни вайрон, халқни бенаво қилган уч мудҳиш қусур: кўпхотинлик, бойликка, айш-ишратга берилиш хусусида сўзлаб бераман. Шу уч қусур эмасми, не-не салтанатларни инқироз кўчасига бурган, тагига сув қуйган, шулар эмасми отани болага, болани отага қарши қўйиб, мамлакатни, саройларни қонга ботирган?! Ҳали Соҳибқирон Амир Темурнинг муборак жасади тупроққа қўйилмай туриб, тахт атрофида қонли можаролар бошланиб кетгани ҳақида ёзар экан, Алишер Ибодинов “Агар Темурнинг ворислари, саркардалари унинг васиятига сўзсиз амал қилиб, жон диллари билан Пирмуҳаммадга бўйсунганида, уни батамом қўллаб-қувватлаб, чин садоқат билан хизмат қилишганида қандай тарихий вазият вужудга келарди?” деган фикрни ўртага ташлайди. Шу жойда ич-ичимдан ўкинчли бир изтироб келади: омонат, қон ҳиди анқиб турган тахт учун курашларда миллатнинг қанчадан-қанча бўлғуси сардорлари, донишманд даҳолари, фахр-ғурурларининг ҳам бошлари кесилиб кетган бўлиши мумкин-ку? Бу хунрезлик илм-маърифат бобида олис юлдузлар қадар баландликка кўтарилган бобомиз Мирзо Улуғбек пайтида ҳам давом этганини қандай изоҳлаш мумкин? Асар муаллифининг Амир Темур ва темурий шаҳзодалар, Бобур ва бобурийзодалар саройларида, кейинчалик хонликларда юз берган мудҳиш жиноятлардан чиқарган хулосаси ғоят ўринли: “Ҳақиқий тахт эгасини хиёнат йўли билан ўлдириб, унинг мамлакатини қонунсиз эгаллаб олиш қонуний ҳол, нақ бўлмаса миллий анъанага айлангани, аслида, давлатчилигимиз асосларини емиргани, буюк бир миллатни мустамлака занжиридаги ғариб ва хокисор халққа айлантириб, дунё сиёсати тўридан остонага улоқтиргани ҳақиқат”. Бу хусусда китобда келтирилган факт ва рақамларнинг ўзи ўқувчини ларзага солади. Биргина Қўқон хонлигини олайлик: милодий 1740 йилдан то 1875 йилгача, яъни 135 йил ичида тахтга қонуний тарзда ўтирган хонлардан ўн беш нафардан ортиғи ёлланган қотиллар, фитначи унсурлар, қиличи қонсираган жаллодлар қўлида жон беради. Абдураимбий, Сулаймонбий, Олимхон, Муҳаммадалихон, Султон Маҳмудхон, Шералихон, Султон Муродхон, Маллахон, Султон Саидхон, Шоҳмуродбек ва бошқалар тахтга ўтирганларидан кейин ўлдирилган, сўйилган хонлардир. Ҳатто амир Умархондай маърифатли подшоҳ ҳам ўз акаси Олимхоннинг жасади устидан юриб ҳукмронликка эришган эди. “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”дан аввал хивалик оқсоқол ёзувчи Қўзи Давлатнинг Хива хонлари тарихига оид учта романини ўқиган эдим, бу ерда ҳам шу ҳолат, шу фитна, шу манфур фожиалар.
Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов инсоният тарихидаги қонли одамкушликлар ҳақида ёзар экан, “Урушнинг даҳшати шуки, бу қирғинбаротларни бошлаган фотиҳлар, саркардаларнинг номи тарихда қолади, аммо бегуноҳ қурбон бўлган миллион-миллион кишилардан ном-нишон ҳам қолмайди”, дейди. Мана шуниси алам қилади.
Асарда француз адиби Монтеннинг “Францияда ўлимга ҳукм қилинган киши, ўз хос ҳарамида ўнлаб соқчилар муҳофазасида айш қилаётган Эрон шоҳидан ҳам эркинроқдир. Зеро, ўлимга маҳкум французнинг бир жиҳатдан кўнгли тўқ – қонун уни сўнгги дамгача муҳофаза этади. У афв этилиш эҳтимолига умид боғлайди. Бироқ сокин ҳарамда ишрат билан машғул Эрон шоҳи эса кутилмаганда шу ҳарамнинг ўзида қотил ханжари зарбидан жон таслим қилиши мумкин”, деган фикри келтирилган. Муаллиф “Ўлдириш мисоли миллий анъанага айланиб кетгандай эди”, деган хулосага келади. Шундаймикин? Тахт учун кураш, бу йўлдаги тирик “ғов”ларни пичоқ, ойболта тиғи билан даф қилиш бугун дунёга маърифатдан, инсоф-диёнатдан сабоқ бермоқчи бўлаётган Ғарбда бундан икки ярим аср аввал, чиндан ҳам, анъанага айланиб кетган эди. Чунончи, ўлим жазосига ҳукм қилинган Шотландия қироличаси Мария Стюарт, Англия қироли Карл I, Франция қироли Людовик ХVI ва унинг беваси қиролича Мария Антуанетта бошларини жаллод кундасига қўйишдан олдин мириқиб ухлаганлар, ювиниб, энг яхши кийимларини кийишган, сочларини силлиқ қилиб тарашган, қонли қатл содир бўлганида майдонга йиғилган оломон: “Яшасин республика!” дея қичқирган. Тасаввур қилишнинг ўзи мушкул: жаллод ҳукмдорнинг бошини узган пайти, оломон шундай деб турса-я. Улар ҳар қандай гуноҳкор, у қиролми, каззоб ўғрими, давлат сирини душманга сотган хоинми, шундай жазоланиши керак, деб ўйлашган, қатл майдонига ўзларининг фуқаролик бурчларини адо этгани келишган. Камдан-кам киши бу қон тўкиш, аслида, саройдаги фитна-фасод натижаси, тож-тахт, бойлик учун кураш эканини билган, аммо овоз чиқармаган. Қатлнинг миллий анъанага айланиши шу эмасми?! Шарқда эса ҳар гал саройда фитна уюштирилиб, кимнингдир боши кесилганида, яна бир муттаҳамдан, фирибгардан, сотқиндан, бўшанг ландовурдан қутулдик, энди бу ёғига хотиржам яшаймиз, деб ўйлашган. Тожу тахт бор экан, бу биродаркушлик ҳеч қачон барҳам топмаслиги тўғрисида ўйлашган ҳам эмас. Ухлаб ётган Мўмин Мирзони ширакайф бобосининг фатвосига биноан қатл этиш учун қўлига кишан солиб олиб кетишаётганида, у мулозимларга “Мени қаёққа олиб кетаяпсизлар, нима қилмоқчисизлар ўзи?” деб эмас, “Мен шаҳзодаман, бобомнинг суюкли набирасиман, шунга яраша ҳурмат қилишингизни талаб қиламан”, дейди. Жаллодлар унга: “Шаҳзодам, хотиржам бўлинг, қўлингизга авомнинг қўлига солинадиган темир эмас, тоза кумушдан ясалган кишан солдик, бу ҳурмат эмасми?” деб жавоб беришади.
Бу келтирилганлар узоқ давом этган, йиллар, асрларни ортда қолдирган адолатсизлик, қонхўрлик, биродаркушлик, инсоннинг қон-қонига сингиб кетиши мумкинлигидан далолат беради. Тахт бор экан, адолатсизлик ҳам бўлади, деган гап рост. Иброҳим Адҳамга нисбат берилган ривоятдаги туякашни эслайлик. У подшонинг томига чиқиб, кеча чўлда йўқотган туяларини излаб юрган бўлади. Подшонинг: “Чўлда йўқотган туяларингни менинг томимдан ахтаришингда не маъно бор?” деган саволига бамайлихотир: “Сизнинг тахтда ўтириб, Оллоҳни излашингизда не маъно бор?” деб жавоб қайтаради.
Яқинда Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотихи тарихи” асарини Назарбек Раҳим таржимасида ўқиб чиқдим. Бу асар Марказий Осиё ва Эрон, Мўғулистон ва Хитойнинг ХIII асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихини акс эттирган эътиборга молик манбалардан бири ҳисобланар экан. Муаллиф бу даврни “ҳур кишилар озиқсиз, йигитлар сургунда, ҳисоблилар ҳисобидан адашган, ақллилар фалокат ҳудудига тушиб қолган, тадқиқотчилар ўз мавзуларининг асири бўлиб қолган, билимдонлар жоҳилнинг хизматига кирган, етук баркамол кишилар разиллик касалига дучор бўлган, мақом соҳиблари ғафлатда қолиб, залолат йўлига кирган, яхшини ёмондан фарқлай оладиган кишилар виждонсиз, разиллар қўлига асир бўлиб тушган давр эди”, дея таърифлайди. Китобда ҳикоя қилинган баъзи воқеаларни ўз кўзи билан кўрганини, баъзиларини гап-сўзлари ишончли бўлган кишилардан эшитганини, яна бир қисмини эса эътиборга молик манбалардан олганини айтади. Мирзо Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Қазвиний 1916 йили ўзи нашр эттирган “Тарихи Жаҳонгушо” асарининг иккинчи жилдига ёзган махсус муқаддимасида Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг боболари, отаси Баҳоуддин ва акаси вазир Шамсиддин обрўли, илмли давлат кишилари бўлганини, Алоуддин ўн беш йил муддат мўғуллар томонидан Эрон волийлигига тайинланган амир Арғун ёнида бўлиб, котиблик, дафтардорлик ва элчилик вазифаларида ишлаганини уқдиради, Қазвиний яна “Ҳеч бир тарих китобида “Жаҳонгушо” қадар воқеа-ҳодисаларнинг ичига кириб борилган ва гўзал натижага эришилганини учратмаймиз”, дейди. Жувайнийнинг ўзи бу китоб мўғул ҳукмдорларининг талаби (буйруғи) билан уларнинг ишларини тарих саҳифаларига муҳрлаш учун ёзилганини ўқувчига аста шипшитиб қўядики, бу эслатма муаллифнинг имон-эътиқодли, инсоф-диёнатли кишилигидан далолат беради. Ҳукмдор буюртма бердими, уни бажариш керак, воқеа-ҳодисалар тафсилотини буюртмачига маъқул келадиган қилиб ёзмоқ зарур. Бошқа йўл йўқ. Жувайний асосан шу йўлдан боради. Буни китобда келтирилган, тўғрилиги, аниқлиги хусусида бир тўхтамга келиш анча мушкул бўлган кўплаб ривоятлар, ҳамду саноларда кўриш мумкин. Мана, улардан бири: “Чингизхоннинг халққа ер бўлиб бериб, деҳқончиликни тарғиб қилиши туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайди, ичимликлари Жайҳун ирмоғи мисоли оқа бошлади… Бозорлари ва савдо расталарида жавоҳир ва газламалар шу даражада арзонлашдики… Мўғуллар торлик ва қашшоқликдан мўл-кўлчилик ва роҳат-фароғатга эришдилар”, яна бири: “Ўқтой хоқон даврида унинг даргоҳи олимлар учун бошпана ва ҳузур-ҳаловатли жойга айланди, тўғрилик тонгининг нури оқшом қоронғилигини тарқатиб юборди, мамлакат ҳудудлари Чин ва Мочиндан Сурияга қадар узайиб, неъматлар одамларнинг устига ёғди. Улуғ хоқоннинг сахийлиги боис, машҳур Ҳотами Тойнинг номи унутилди, Ўқтойнинг бошқаруви пайтида дунё ҳузур-ҳаловатга тўлди, ҳатто фалак яратган машаққатлар (азоб-уқубатлар) ҳам йўқ бўлиб кетди” (215-бет).
Жувайний шундай йўл тутишга мажбур бўлгандир, аммо у бошқа кўплаб тарих ёзарларга ўхшаб, ўзи эътироф этганидай, “буюртма асирига айланмай”, бу давр ҳукмдорлари томонидан амалга оширилган мислсиз қатлиомлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғинбарот жанглар, талончилик, вайронкорлик ва бошқа адолатсизлик­ларни четлаб ўтмайди, уларга рамзий, шеърий ва нақлий ишоралар орқали муносабат билдирадики, бу ҳол асарнинг тарихий манба сифатидаги қимматини оширади. Қуйидаги икки иқтибосга эътибор беринг: “Чингизхон аскарлари Самарқандда қалъа атрофини ҳалқа тарзида ўраб, тош ва ўқлар ёрдамида ички қалъанинг девор ва минораларидан тешиклар очадилар, икки намоз орасида дарвозаларни синдириб, ичкарига кирадилар. Жасур йигитлардан ташкил топган минг кишилик гуруҳ (маҳаллий халқ) катта масжид ичига кириб, ташқарига ўтли шишалар отиб, ўзларини ҳимоя қиладилар. Босқинчилар масжидни ёқиб юборишади. Масжид ва масжид ичидаги одамлар дунё оловида ёниб, охират сувида ювинадилар… 1221 йилнинг апрель ойида юз берган тўқнашувлар пайтида Самарқанд шаҳри батамом йўқ бўлиш нуқтасига келади (162-163-бетлар). Бу икки баҳо орасида ер ва осмон оралиғича фарқ бор.
Фитрат “Шарқ сиёсати” асарида шундай ёзади: “Маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидаларидан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук… Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмак учун халқни бир-бири билан уруштирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар… Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсулликнинг энг теран чуқуриға тушди”.
Тарихий далил ва исботларга қатъий асосланган бундай фикрни Алихонтўра Соғуний асарларида ҳам кўриш мумкин: “Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби – динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар… Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиши бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.
Рад этиб бўлмайдиган бу муҳим хулосани маърифатпарвар олим Исмоилбек Ғаспирали қаламига мансуб “Дорур-роҳат мусулмонлари” асари мисолида янада кучайтириш мумкин. Унда Исломнинг Ғарб маданияти ва, умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси кўрсатиб берилади. Муаллифнинг ёзишича, Андалузияда мусулмонлар томонидан олиб борилган оқилона ва одилона сиёсат натижасида ушбу ўлка Оврупо ва Осиё давлатларига анча йиллар намуна бўлиб турган, илм-фан, қурилиш беқиёс тараққий топган, саккиз юздан ортиқ мад­расаларда олим ва донишмандларнинг анжуманлари муттасил ўтказиб турилган. Биргина шаҳар ҳокимининг шахсий кутубхонасида олти юз мингдан ортиқ китоблар бўлган. Мамлакатдаги етмишдан ортиқ кутубхоналарда сақланаётган китоблардан аҳоли, талабалар абонемент орқали фойдаланишган. “Оврупо мамлакатларидан фаранглар Андалузга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва ҳунар ўрганганлар, – деб ёзади Исмоилбек. – Шу сабабли, Андалуз мусулмонлари Оврупонинг маданияти ва жадидаси (янги маданияти) юксалишига асосий сабабчи бўлганлар. Улар Оврупонинг муаллим ва устозлари ҳисоб этилсалар жоиз”.
Америкалик олим Драбер ўзининг “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобида: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шам ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, деб ёзган экан. Ғаспирали бу фикрни давом эттириб, “Юнон маданияти Овруподан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини камайтириб, Оврупога топширдилар”, дейди. Жуда адолатли гап.
“Дорур-роҳат мусулмонлари”дан баъзи маълумотлар: Абу Жаъфар Юнон ҳукмдори билан иноқ бўлиб, Афинадан беадоқ китоблар олдиради. Маъмун даврида Яҳё ибн Холид Бармакий Птоломейнинг “Мажистий” асарини таржима қилади. Санад бин Али ва Холид бин Абдумалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритадилар. Ер куррасининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилади. Аббос бин Саййид Жўшарий каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга оид асарларидаги кўплаб хатоликларни аниқлайдилар, қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думли юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қиладилар. Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий бешинчи аср бошида тузган “Аз-зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди… Афсуски, ХI асрдан бошлаб замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан ғазнавий, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан Чингизхон истилоси, учинчи томондан Қуддуси шариф учун бошланиб кетган “салб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполилар эса юз йиллик салб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, бу ерларда илм-фан бениҳоя ривож топди. Муаллиф ушбу маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғлиқ эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди, “илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир” дейди.
Мулоҳаза қиламиз: миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осойишталик, раиятнинг адолатли бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш ва яна изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, ҳамжиҳатлик зарур. Борди-ю бу “занжир”нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади.
Тарих саҳифаларида гўзал хотира бўлиб қолиб кетган Андалузияга қайтамиз. Бу ерда юз берган таназзулнинг сабаби нимада эди? Исмоилбек бу саволга ғоят аниқ жавоб беради: “Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талофатимизга сабаб бўлган оғу ва заҳар ҳам, жони саодатимизга сабаб бўладиган қувваи маънавия ҳам вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик – барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қайбири ғолиб келса, жамияти башария ана шунга мувофиқ тартиби­ ­маишат қилади… Инсонлар ҳусн ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб, тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек, бир-бир тўкилиб, инқирозга юз тутади… Уч юз йил камоли шуҳрат ва ном ила салтанат қилиб, Андалуз давлати охир оқибат бошқа йўлга юз тутди. Афкорлар, одатлар ва ҳиссиётлар ўзгара бошлади. Туғён, танбаллик, қайғусизлик, кибр, тафриқа (бўлиниш, парчаланиш) илон оғуси каби, вужуди давлат ва миллатни чирита бошлади. “Ҳолсизланмиш дарахтда соғ мева бўлмас” деганларидай, адолатсиз қозилар, порахўр волийлар, ақли ноқис ва ғайратсиз ҳукмдорлар келиб, фитнабозлар – уламога, ширин ёлғон сўйловчилар – содиқ бандаларга, нафсоният ва манфаати шахсия – фавоиди умидияга, риёбозлик ва намо­йиш учун ўқилган намозлар амали хайрияга ва миллатпарварликка ғолиб келди. Бу заҳар икки юз йил Андалузнинг вужудини кемириб хароб қилди. Бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, бир-бирларига иддао билан уруш йўлига ўтдилар… Мусулмонлар орасида пайдо бўлган иттифоқсизлик ва фасоддан фойдаланиб, ўша пайтга қадар мағлуб ва ночор бўлиб келган Кастилия насронийларининг ҳукмдори Фердинанд Андалузиянинг ички ишларига аралашиб, ўлка инқирозини тезлаштириб юборди”.
Бу ва бошқа кўплаб тарихий воқеалар замирида аччиқ бир ҳақиқат бор: илмсизлик, тарқоқлик, ички низо, фитна, огоҳлик кўзларининг юмилиши барча офатларнинг доясидир. Хонликларнинг осонгина босиб олинишида ҳам, Чингизхон қўшинларнинг маҳаллий ҳимоячилар устидан ғолиб келишида ва ҳатто олис Андалузия фожиасида ҳам озодликнинг қўлдан кетишига сотқинлик, хоинлик, мунофиқлик сабаб бўлган. Бу иллат тарихда қолиб кетган эмас, АҚШ аскарлари Ироққа бостириб қирганларида юз берган сотқинлик мамлакатни улкан вайронага айлантирди. Ислом Каримов “Ичимиздан хоин, сотқин чиқмаса бўлди, муаммоларни ўзимиз ҳал қиламиз”, деган сўзлари бежиз айтилмаган.
Алишер Ибодиновнинг янги асарини мутолаа қилар эканман, ижодкор зиёли сифатида тарихнинг мана шу аччиқ ҳақиқати хусусида жиддий ўйлашимиз зарурлигини ҳис этаман. Фарғоналик дўстимиз бугун, мен ва кўпчилик мухлисларининг фикрича, ижод умрининг баланд чўққисида турибди. Ўтмиш тарихимизнинг чигал, рост-ёлғон, ҳақиқат ва уйдирма аралашиб кетган мураккаб саҳифаларини варақлаб, унинг шафқатсиз тоғларидан ошиб ўтиб, ҳаёт адолатининг ўзи кун тартибига қўяётган бош МАВЗУга етиб келди. Бошқа фаол ёзувчиларимиз ҳам шу нуқтада турибдилар. Орқага қайтишнинг, шу маррада тўхташнинг, майда сўқмоқларга, чалғитувчи латофат дўконларига бурилишнинг иложи йўқ энди. Вақт шиддат билан ўтиб бормоқда. Истеъдод имкониятларини Қаҳҳор домла айтганларидек, ўтин ёришга сарфламайлик. Биз Алишер Ибодиновдан ушбу асарнинг давомини интизорлик билан кутиб қоламиз.

Аҳмаджон
МЕЛИБОЕВ

Саҳифа 62 марта ўқилган.