Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмасига биноан Хоразмга сафар қилганимда бир кунимни ўз қишлоғим Ижтимоият томошасига бағишладим. Тўртинчи май…
Уйимдан чиқиб, сал юриб темир йўлни кесиб ўтдим. Миям дам олмоқда – бу ерда Тошкентдагидай шовқин йўқ, Тошкентдагидай шошқалоқлик йўқ. Мошинларнинг ва одамларнинг шовқинлари мени чарчатган. Мана, икки ёқда улкан яшил чўмирмадек товланаётган гужумлар орасида маза қилиб нафас олмоқдаман. Оҳ, қишлоғимнинг шамоллари-ей!..
Бозорга йўл олдим. Бугун пайшанба. Шукр бозор қизийдиган кун. Гўшт растаси; мева-чева; полиз маҳсулотлари; темир-терсак; кийим-кечак; дон-дун… Хуллас, одамзод эҳтиёжи учун лозим нарсаларнинг баридан бор. Айланиб-айланиб йўлнинг нариги ёғига ўтишни мўлжаллаб турсам, гужум панасидагилардан бири қўзғалди: “Ҳов, Боҳраммисан? Совмисан?..”.
Бозорқўм Сапарбой оға экан. Бултур кузакда иш юритишларини кўриб кетган эдим. Бозор тўғрисида гурунглашиб ўтирдик.
– Тушуниб бўлмайди. Бир ривожланади; бир мундой…
– Барибир, ўз бозоринг бўлгани яхши. Бола вақтларимизда Тошовузга борар эдик.
– Ҳовва. Нишатсанг ҳам бозоримиз бор. Бир кунмас бир кун ривожланар охир?!
– Сапарбой оға! Шиша заводи ишга тушармиш деб эшитдим. Заводда одам кўринармикан?
Бозорқўм қўлини соябон қилди:
– Бир ерни қазиб ётибдилар. Мошинлар турибди. Тошкентликлар ишга туширармиш. Эшитдингма?
Мошинларни қора тортиб кетавердим. Ўрта яшар, буғдойранг бир одам қазувчиларга иш буюриб турган экан. Салом-аликдан сўнг, тошкентликмисиз, дедим. “Асли андижонликман”, – деди у. “Раҳбармисиз”, десам, “директор ичкарида, кабинетида”, деб жавоб қилди. Ўзимни таништирдим ва қоровул ҳамроҳлигида завод ичкарисига қадам ташладим.
Бошлиқ каминани хушкайфиятда қабул қилди, шошилмасдан сафар йўлланмасига кўз ташлади; каттакон дафтарига исм-насабимни ёзди-да, расмий қоғозга муҳр босиб:
– Ҳали заводимиз ишга тушмади – бу ёғи қандоқ бўларкан, – деб қўйди.
– Завод қачон ишга тушади?
– Шу ой охирларида, кечиксак, июннинг бошларида. Россиядан мутахассислар келишади. Кейин эса Италиядан келиб, печкаларни ёқиб берадилар.
Ўҳ-ҳў, дедим ичимда. Бизнинг кичиккина қишлоққа Пушкин ва Дантенинг миллатдошлари ташриф буюришсалар-а? Поездда қўшкўпирлик совутгич тузатувчи Жуманазар билан суҳбатлашиб, вақт ўтганини билмай қолувдим. Техникага, адабиёт ва санъатга бирдек қизиқувчи Жуманазарнинг айтишича, Хоразмга италиёнлар серқатнов бўп қолган эмишлар. Айниқса, Хоразмнинг узумларини ҳаяжонлана-ҳаяжонлана тановул қилибдилар. “Бир италиён билан тилмоч кўмагида гаплашдим”, дейди Жуманазар. “Ўша италиён Хоразм узумидай узум жаҳонда йўқ, деб айтди”.
Суҳбатдошим – “Хоразм шиша идишлари” МЧЖ қўшма корхонаси директори Ҳикматулло Қодиров Шаҳрисабзда туғилган. Тошкент Политехника институтини битказган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги академия қошидаги Олий бизнес мактабида ўқиган. Бир нечта саноат корхоналарида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Жумладан, Шаҳрисабз пиллакашлик фабрикасида директор ўринбосари, Пилла холдинг компанияси раисининг биринчи ўринбосари…
Савол бердимки, Ҳикматулло ака, одатда қишлоқдан шаҳарга интиладилар. Сиз эса бунинг аксини қилибсиз. Тошкентдай шаҳри азимдан Туркманистон чегарасидаги овлоқ, қуш кам қўнадиган қишлоққа келибсиз. Қишлоғимиз об-ҳавоси оғир, шамолли!.. Ҳатто менгаям таъсир ўтказмоқда. Қийналаётганингиз йўқми?
Ҳикматулло ака шундай деди:
– Биз банкротга учраган, ёпилган корхоналарни қайта тиклашга, ривожлантиришга, қисқача айтганда, халқда умид уйғотишга иштиёқмандмиз. Бинобарин, муҳитнинг, об-ҳавонинг ўзгачалиги иккинчи даражали масала. Қишлоқнинг Туркманистон чегарасида жойлашганлигини биламан. Бундай айтганда, мамлакатимизнинг энг чеккаси! Чиндан ҳам ғаройиб. Биз илгари кўрмаган дов-дарахтлар, ўт-ўланлар… Қадимий тамаддунга тақалган, ажойиб халқ… Қашқадарёликларга таққослаганда, шеваси ажабтовур. Шиша заводи масаласида келиб, бу ерда қизиқарли оламни кашф этганимизни айтиб ўтмоқчиман. Албатта, янги дўстлар орттирдик. Шу баробарида шовотликларда ёқимли таассуротлар қолдиришни истаймиз.
– Шовотликлар ҳақида фикрингиз қандай?
– Ўтган йил сентябрдан ҳисобласак, саккиз ойдан бери шу ердамиз. То шу кунга қадар бирор ходимнинг бизга эътироз билдирганини эслай олмайман. Кўнгиллари жуда тоза. Меҳнатсевар халқ. Ҳар бир ишчи ва хизматчи заводнинг чинакамига жонкуярига айланганини таъкидламоқчиман. Бир нақл эшитганман. Донишманддан: “Энг яхши дори нима”, – деб сўрабдилар. “Меҳр ва муҳаббат”, – дебди донишманд. “Таъсир қилмаса-чи?”. “Кўпроқ меҳр, кўпроқ муҳаббат”. Ўша нақлга қиёсан айтганда, ҳар бир ишчи, хизматчи корхонага меҳру муҳаббат туйғулари билан ёндашса, албатта, тараққиётга эришамиз. Яқин кунларда 180-200 нафар ёш йигит-қизлар ишга банд бўладилар. Келажакда эса иш ўрни 500 тага етади!..
Ҳамқишлоқларим бу хабардан қанчалар хушвақт бўлишларини тасаввур қиларканман, бениҳоя дил-дилимдан шодландим. Чунки ишсизлик касофатидан кўп ёшларимиз Россияга, Қозоғистонга кетишарди; қайтишга пул тополмаганлари қанча, жисми ё дили мажруҳ бўлганлари қанча… Бу ёқда эса ота-онаю, рафиқа, бола-чақа кўзлари йўлда. Шуларни хаёлдан кечириб, Ҳикматулло ака ва унинг сафдошларини замонамиз қаҳрамонлари, дегим келди. Албатта-да, улар қишлоқда саноат корхоналарини барпо этиш, равнақ топтириш ва шу аснода аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига нафақат бош қўшишмоқда, ҳатто жон куйдирмоқдалар.
– Мулк шакли қанақа бўлишидан қатъи назар, шиша заводи шовотликларники, – деди корхона раҳбари.
Айтишига қараганда, кунига 100 минг – 120 минг дона шиша идишлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Мен бу жараённи тасаввур қила олмадим. Аммо, шундай қудрат олдида ҳайратларга ғарқ бўлдим.
Кейин, суҳбатни адабиёт ва тарихга бурдим. Буюк устоз Абдулла Орипов ижоди хусусида гаплашдик. Мен эса Шаҳрисабзга саёҳатим, асрий тутларни кўрганим, қадимги қудуқлардан сув ичганим хусусида ҳикоя қилдим. Хуллас, завод баҳонаю боис бўлиб, инсонларнинг тақдири бобида фикрлашдик. Шиша заводини биринчи бор раис бувамиз Қўчқор Қуронбоев барпо этганини айтганимда, суҳбатдошим ҳайрон бўлди, бу тўғрида ҳали эшитмаган экан.
Истиқлол мевалари таъмини энди-энди сезмоқдамиз. Тўғри, тузум ўзгаргандан сўнг аввалига мослашиш қийин кечди. Кўпчилик шаҳарга интила бошлади; газ босими пастлиги боис қиш қаҳратонида дов-дарахтларни болталаб, ўтин қила бошладилар… Қишлоқ қарийб шип-шийдам бўлди. Лекин бугунги кунда аҳвол ўзгараётир. Шиша заводи ишга тушса, халқ саноат корхоналари моҳиятини тасаввур қила олади. Минг эшитгандан кўра бир кўрган афзал, деганларидай. Бошлиқ билан хайрлашар эканман, кўнглимда хуш туйғулар пайдо бўлди. Ота уйим сари юраётиб, яқин ўтмишдаги воқеаларни эсладим.

РАИС НЕГА ЙИҒЛАГАН?

Раҳим Тоҳиров қаламига мансуб “Дўст ҳақида сўз” номли китобнинг бир бўлими шиша заводига бағишланган. Бўлим сарлавҳаси: “Шиша заводи”. Оддийгина. Бироқ шу оддийлик остида келажак учун керакли тарих мужассам. Тасаввур қилинг: респуб­ликанинг энг чекка жамоа хўжалиги раиси қишлоқда саноат корхоналари мажмуасини барпо этишга киришса-я?! Қаҳрамонлик эмасми бу? Аммо “Савит” тузумининг бунақа қаҳрамонликдан “тиши қамашган”. Муаллиф ёзади: “…1985 йилнинг охири, ноябрь ойида мен Қўшкўпир туманига райкомнинг биринчи котиби бўлиб, Шовотда 12 йил ишлагандан кейин кетдим. Бир куни Шовотдаги уйимизга болаларни кўргани келганимда, дўстим билан учрашиб қолдик. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтириб, у бехосдан: “Раҳимберган Тоҳирович, сизга бир янгилик тўғрисида гапирмоқчиман. Қишлоқда, биласиз, консерва заводини шиша ва бошқа идишлар билан таъминлашда қийинчиликлар келиб чиқмоқда. Шунинг учун қишлоқда шиша заводи қурилиши ишларини бошлашга киришдим”, – деб қолди.
Мен эса: “Қўчқор Қуронбоевич, э-ҳе, сиз жуда катта ва оғир ишга қўл урмоқдасиз. Эҳтиёт бўлинг, ўйлаб кўринг, биласиз республикада бир жойда – Қувасой шаҳрида бундай завод бор. У заводни республика миқёсида тўла қувват билан ишлатишда ҳам айрим қийинчиликлар бўлиб турганидан хабарим бор, сизга бу иш оғирлик қилмасмикан?” – дедим. У эса кулимсираб: “Раҳимберган Тоҳирович, мени бундан хабарим бўлса-да, бизлар бу ишни бошлашга қарор қилдик. Мени биласиз-ку!” – дедилар”.
Бу иш ғояси 1985 йилдан эътиборан куртак ёза бошлаган. Орадан сал вақт ўтмасдан жамият ҳаёти бошқача тус олади. Бир тарафда ошкоралик сиёсати, бир тарафда гдлянчилар тажовузи… Бу алғов-далғовларни писанд қилмаган раис бобо 1987-1990 йилларда Тошкентга кўп бора қатнайди. Министрлар Кенгашидаги раҳбарлар билан учрашиб, таклифларини айтади. Бу тўғрида китобда шундай ёзилган: “…Охир-оқибат Республика Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов номига хат тайёрлаб, унинг ёнига киришга қарор қилади.
Файзулла Муллажонов билан узоқ давом қилган суҳбатида тортишувлар бўлиб ўтади. Раис завод қурилишига кредит берган тақдирда, кредитни қайтариш учун кафолат йўқлигини важ қилиб кўрсатади. Қ. Қуронбоев эса: “Консерва заводи, ғишт заводлари ишлаётгани ҳамда пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан 35 фоиз рентабелликка эришилаётгани кредитнинг кафолати эмасми?”, деб ўз фикрини ҳимоя қилади. Бу суҳбатда унинг терга ботиб, жон-жаҳди билан ўз фикрини ҳимоя этгани таъсир қиладими ё бошқа сабабми, Ф. Муллажонов: “Яхши, кўрамиз, эртага кечқурун олдимга келинг, шунгача тегишли ходимларга топшириқ бераман”, деб суҳбатни тўхтатади.
Кўп ўтмай, Маркс Жуманиёзов Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тайинланади. Ҳоким шиша заводи қурилишини кўздан кечиради. Кўнгли тўлмайди. Р.Тоҳиров ёзадики: “…Раис қурилиш ишларининг юришмаётганига маблағ етишмаслиги сабаб эканини айтади. Шунда М.Жуманиёзов: “Қўчқор, айт-чи, сенга пулни қаердан олиб берай?” – деганида ҳокимнинг қўли чўнтагида эди. Қ.Қуронбоев ҳам топқирлик билан ҳамишагидек ҳазиллашиб, ҳокимнинг чўнтагидаги қўлига қараб: “Ёшулли, ана менга бир нарса бермоқчисиз-ку”, – деб кулган бўлади. Аммо, ҳоким жиддий эди: “Қўчқор, сен бугун эски ҳазилларингни қўй, заводнинг ишини тугат”, дейди.
Хуллас, шиша заводи қурилиши чўзилаверади. Қўчқор раис нафақага чиқади. Унинг ишини тўнғич ўғли Ўктамбой, кейинчалик Муҳиддин ўғли давом эттиради. Шу зайлда ният туғилганидан ўн олти йил ўтиб, 2001 йилнинг апрелида завод ишга туширилиш санаси белгиланади. Раҳим Тоҳиров ёзади: “Эрталабдан завод олдидаги майдонга меҳмонлар, қишлоқ аҳли йиғилган бўлиб, барчамиз ўн йиллардан бери орзиқиб кутган, ҳеч кимнинг ўйи ва хаёлида йўқ шишани қумдан ясашдек ўта қийин ва мураккаб технологик жараённи кўздан кечиришга ошиқардик. Қ.Қуронбоев эса бундай вазиятда катта ҳаяжонда, ўзида йўқ шод эди ва баъзан чўнтагидан рўмолчасини олиб қувонч ёшларини артарди. Мен дўстимнинг саодатли онларида унга шерик эдим”.
Ҳақиқатан ҳам Ижтимоият қишлоғида – мамлакатимизнинг овлоқ бир чеккасида катта воқеа рўй берган – консерва заводи билан шиша заводи уйғунлашиб, саноат корхоналари мажмуаси яралиши режалаштирилган эди. Аммо, шиша заводи қурилиши анча кечикди. Қўчқор раиснинг орзуси армонга эврилаётганида… мўъжиза воқеликка кўчган. Ана ўша сабаб раис йиғлаган…
Қўчқор Қуронбоевдан аввал ҳам, кейин ҳам колхоз раиси лавозимини кўп кишилар эгаллади. Бироқ, “Раис” исми фақат Қўчқор акага насиб этганини биламиз. “Эшитдингми, Тоҳиров раис ҳақида китоб ёзибди”, – деган эди опам. Ўша китобни кўз қорачиғидай асраяпман. Чунки қишлоғимиз тарихи бор унда!
Жамиятдаги ўзгаришларда раҳбарларнинг ўрни беқиёс, деб биламан. Шахсан мен ўзим Ҳазорасп тумани ҳокимидан кўп нарса кутмоқдаман. Чунки Ўктамбой – раисимизнинг тўнғич ўғли. Раис амалга ошира олмаган ишлар фарзанд тимсолида воқеликка кўчса керак, деб ўйлайман.
Афсуски, Қўчқор акага шиша заводининг иккинчи умрини кўриш насиб этгани йўқ. Ҳаётлигида ўзи қурдирган консерва заводи ҳам тўхтади, шиша заводи ҳам. Чунки, тузум ўзгараётган пайтлар эди; колхоз тарқаган эди. Агар раисимиз бу кунларни кўрганида шаҳрисабзлик мутахассис Ҳикматулло Қодировни самимий йўсинда табриклаган, ишларига ривож тилаган бўлур эди. Ҳаёт эса давом этаётир. Умид ила ўтқазилган ниҳоллар кўкка бўй чўзмоқда. Бизнинг овлоқ қишлоқ – Ижтимоиятни бугунги кунда кўпчилик билади – сабаби, қишлоқда саноат гуллаб-яшнамоқда.

БАРАКАТ ТОПҒАЙСИЗ,ҲИКМАТУЛЛО АКА!

Мақола тайёр бўлганидан сўнг анча вақт “тинитиб қўйдим”. Негаки, шиша заводи ҳали ишга тушмаган эди-да… Май ойининг охирида ёки июннинг бошларига расман иш бошлаймиз, деганди Ҳикматулло ака. Куни-кеча ҳамқишлоғим, фахрий муаллима Гавҳар Матқурбоновага сим қоқдим. Илтимосимга биноан опа шиша заводини бориб кўрди. “Иш авжида! Ишчиларга халал беришга кўзинг қиймас экан!”, деди Гавҳар опа ҳаяжонланиб.
У яна бир янгилик айтди. Чойхона очибди! Бу гап анчадан бери сўроқ остида эди. Гап шундаки, опанинг падари бузруквори Ражаббой Шерматов кўп йиллар мобайнида колхозимизда бош муҳандислик қилган. Лақаби – “Инженер”. Инженер десангиз бас, ҳамқишлоқларимизнинг барчаси танирди. Қоп-қора тусли ГАЗ-24 машинасини ғириллатиб юрарди. Мукофотга беришган. Ана ўша инженер темир йўлдан сал пастроқда техника устахонасини қурдирган. Анча йиллар устахона ҳам қаровсиз ётди. Гавҳар опа умр йўлдоши Эгамберган ака (Инженернинг жияни) билан маслаҳатлашиб, ўша устахонани сотиб олишибди. Бултур кузакда бориб кўрдим: гужумлари гуркираб турибди: ўн иккими-ўн учми хонаси таъмирталаб; гужумлар орасида тип-тиниқ ҳовуз… Болалар боқчаси ташкил қилсакмикан, деганди опа. Чойхона очибдилар. Қишлоқ тарихида чойхона бўлган эмас. Ёдимда, 1976 йилнинг февралида машҳур шоир Ҳусниддин Шарипов колхозимиз клубида шеър ўқиган эди. Икки сатри идрокимга муҳрланган:

Чойхонаси бўлмаса ҳам,
Хоразмга боргим келар.

Телефонда куни-кеча гаплашганимизда, чойхонамизга шиша заводи раҳбари ёрдамчилари билан келди. Узоқдан кўрдим. Аммо, ёнларига бориб, суҳбатлашишга истиҳола қилдим, деди Гавҳар опа.
Барчаси занжир каби бир-бирига тақалади: йўл бўйидаги ҳашаматли санъат саройи (Буниям раис бува қурдирган), “Дўстлик” бозори, ундан нарёғида шиша заводи… Сарой ва бозор оралиғида дўконлар… Бекат ночор алпозда эди. Соябонли қилиб, яшил тусли ўтирғичларни ўрнатишибди. “Намунали маҳалла қилмоқчилар”, – деди Ҳавожон синглим фахрланиб. “Ай, энди қишлоқ дим ривожланади. Шиша заводида тошкентликлар иш бошлабди. Қўни-қўшниларнинг болалари шу ерга ишга кирганлар. Ҳамма хурсанд”, – дейди опам. Камина эса заводга илк қадам босган журналист эканлигимдан ғурурланаман. Яна денг, пойтахтдан бориб!
“Шовотлик ёшларнинг зеҳни ниҳоятда ўткир экан. Бир ўргатсангиз – идрокка сингдиришади. Аммо Европа дастгоҳлари билан тиллашиш осонмас. Шогирдларимни Тошкентга юбориб, малака ошириш курсларида ўқитмоқчиман. Уларга астойдил ишонаман”, – деган эди директор суҳбатимиз чоғида жиддий оҳангда. Ўша завод лойиҳаси раис бувамизнинг миясида пайдо бўлганида ёшларнинг аксарияти ҳали бу ёруғ оламга келмаган эдилар. Табиийки, мустабид тузум уқубатлари улар учун, буюк адибимиз Абдулла Қаҳҳор таъбири ила айтганда, ўтмишдан эртаклар янглиғ. Истиқлолдан сўнгги йилларда, айниқса, кейинги ўн йилликда Ижтимоият қишлоғи қиёфаси кескин ўзгарди. Европача русумда қурилган уйлар, ҳар уй олдида машина, баъзиларида иккитадан…
Юксалишларда шаҳрисабзлик мутахассис Ҳикматулло Қодировнинг ҳиссаси кўп бўлишига камина чин дилдан ишонаман. Келажакдаги билимдон тадбиркорлар албатта ундан намуна оладилар. Шовотликлар ғайрат-шижоат соҳиби ҳимматли инсонни кўришса, “Баракат топғайсиз!” дейдилар. Ҳамқишлоқларимга тақлидан сўйлайманки, дим яхши иш қилибсиз, баракат топғайсиз, Ҳикматулло ака! Энг аввало, раис бувамизнинг руҳини шод айладингиз. Яна қишлоғимизнинг пок ниятли, чақноқ кўзли ёш йигит-қизларига дарғалик қилаётирсиз. Корхона маҳсулотлари шаффофлигига ҳеч қачон кўз тегмасин!

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД

Саҳифа 192 марта ўқилган.