ХХI аср боши адабиётини кузатар эканмиз, уларда акс этган муаммолар, поэтик ўзгаришлар, қаҳрамон руҳиятидаги янгиланишлар, ифода ва тасвир йўсинининг ўзига хослиги билан аввалги йиллардаги адабиётдан фарқ қилади. Бугун адабиётимизга тажрибали ижодкорлар билан бирга чет тилларни биладиган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ёшларнинг кириб келиши қувонарли ҳолдир. Бугунги ҳикояларда ўзбек дарди, унинг дунёқараши, жаҳон адабиётида бадиий жиҳатдан рўй бераётган янгиликларга ҳамоҳанглиги, инсониятни безовта қилаётган муаммоларни акс эттираётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ҳикояларни таҳлил қилишда биз асосан уларда кўтарилган муаммо ва масалаларнинг қай тарзда ёритилиши, ифода усулларига кўра: анъанавий, ижтимоий, маиший, тарихий, ҳажвий ҳикоялар деб тасниф қилдик. Ва бу ҳикоялардаги анъана ва янгиликлар, тамойиллар, бадиий жиҳатдан уларда рўй бераётган янги эврилишларни кузатдик.
Ҳикоячилигимиздаги анъанавийлик ҳақида гапирганда Нурали Қобул, Эркин Аъзам, Нормурод Норқобилов, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Ражаббой Раупов, Қўчқор Норқобил асарларини таъкидлаб ўтиш лозим.
Бугун адабиётимизда аёл ижодкорларнинг иштироки анча ўсди. Зулфия Қуролбой қизи, Маъсума Аҳмедова, Муяссар Тиловова, Лола Ўроқова, Жамила Эргашева, Санъат Маҳмудовалар ижодидан намуналар матбуотимиз саҳифаларида тез-тез кўриниб қолди. Улар ижодининг етакчи хусусиятларидан бири – аёл психологик дунёсини, унинг жамиятдаги ўрни, маънавий ахлоқий хусусиятларини очиб беришга қаратилган. Зулфия Қуролбой қизи қаламига мансуб “Аёл” (“Китоб дунёси”) ҳамда “Етим уй” (“Ёшлик”) ҳикоялари юқоридаги фикрларимизнинг далилидир. Ҳар икки ҳикоянинг ҳам асосий марказида аёл образи туради. “Аёл”да муаллиф аёл руҳиятидаги бир-бирига қарши, бир-бирини такрорламайдиган нозик кечинмалар, айни пайтда унинг ҳеч бир куч енга олмайдиган қудрати аёллик ғурури ҳақида ҳикоя қилади. Муаллифнинг иккинчи ҳикояси “Етим уй”да ҳам аёл шаъни ҳақида сўз боради. Биринчи ҳикоядаги Назокат оиласи томонидан ардоқланган, эрининг муҳаббатига сазовор бўлган аёл сифатида тасвирланса, иккинчи ҳикоядаги Раъно гўзаллик ва латофатда Назокатдан қолишмаса-да, аммо муносабатларда бунинг акси кўринади. Раъно аёллик бахти борасида омадсиз. Ўгай она қўлида тарбияланиб, унинг ситамларидан безиб шаҳарга келиб қолган. Аммо шаҳарда ҳам омади келмаган. Ижарама-ижара юриб, оилали одам билан яшайди. Қўни-қўшниларнинг унга нисбатан муносабатлари ҳам дуруст эмас, қўшнилар уни ахлоқсиз деб билишади. Бу эса Раънода инсонларга бўлган ишончни сўндиради. Ҳатто уни чин дилдан севиб турмуш қуришга аҳд қилган Қўчқор акага ҳам ишонмайди. Адиба икки аёл тимсолида икки тақдирни тасвирласа-да, асосий урғуни битта нарса – аёллик шаъни ва ғурурига қаратади. Бахтдан масрур аёл учун ҳам, шаъни топталган аёл учун ҳам қадр муҳим, деган хулоса беради. Ёзувчи бирор ўринда бу ҳақда очиқ гапирмайди, лекин бу нарса қаҳрамонлар руҳий олами таҳлилидан аён кўринади. Назокатда ғоя унинг эрига, ҳамширага, даволовчи врачга бўлган муносабатлари орқали очилади, Раъно образида бу ҳолат шу даражада маҳорат билан очиладики, унинг руҳияти нигоҳлари, ҳаракатлари, ҳатто сукунатида кўринади. Ҳар икки ҳикоянинг ютуғи ўқувчига тайёр ечимнинг берилмаганлиги, ечим ўқувчининг ўзига ҳавола қилинганидадир.
Шундай ҳикоялардан яна бири Луқмон Бўрихоннинг “Кўнгил сезиб турибди” ҳикоясидир. Бу ҳикоя қаҳрамонлари ҳам аёллар. Луқмон Бўрихон қаҳрамонлари бугунги замон билан ҳамқадам “тадбиркор” аёллар. Бу асарда ҳам аёлларга хос психологик ҳолатлар тасвирланган, аммо улар Зулфия Қуролбой қизи яратган аёллар характеридан тубдан фарқ қилади. Энди улар заифа, ожиза деб эмас, қўлидан ҳамма иш келадиган, эркакка ҳам, унинг муҳаббатига ҳам муҳтож бўлмаган, бутун рўзғор юкини елкасига олган аёллардир. Ёзувчи бу образлар орқали икки мақсадни кўзлайди. Биринчиси, бугун жамиятда иллат даражасига келган, бутун рўзғор юкини аёлларнинг елкасига ортган эркакларни танқид қилса, иккинчиси, бу юкни ўз ихтиёри билан орқалаб кетаётган пул ва мол-дунё орттириш йўлида ўзлигини йўқотаётган аёлларнинг умумлашма образини яратади. Танланган йўлнинг тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақидаги хулосага келиш қаҳрамоннинг ўзига ҳавола қилинади. Ҳикоя ўқувчини мушоҳада юритишга ундайди.
Маъсума Аҳмедованинг “Ҳамдардлик” ҳикоясида ҳам икки ҳамдард аёл руҳияти манзаралари очиб беришга ҳаракат қилинган. Бунда ҳам аёлнинг туйғулари, поймол этилган қадр учун кураш манзаралари тасвирланади. Афсуски, ҳикояда анъанавий баён устуворлик қилади. “Яшил пальто”да (“Шарқ юлдузи”, 2016 й. №4) ҳам шу манзара такрорланади.
Асарларида она, аёл тимсолига тез-тез мурожаат қилган адибларимиздан бири Исажон Султондир. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган “Мен, онам ва Ўрта Ер денгизи” ҳикоясида унинг она образини алоҳида меҳр билан тасвирлаганини кузатамиз. Ҳикоя чуқур психологизм ва драматизмга бой.
“Онам… ўзгариб қолибди-ку?” деб ўйлайман билдирмасдан разм солиб.
Қаддини тик тутиб, мағрур юришлари ўша-ўша, бироқ аввалги шиддати сезилмайди. Секинроқ, авайлаброқ қадам босади. Мен олдин кўрмаган, пайқамаган кўп хавотирлар бор бу қиёфада”. Асарда муаллиф ўзбек онаси қиёфасини, фазилатларини, ҳеч кимга ўхшамайдиган қирралари, дунёдаги воқеа-ҳодисаларга, оилага, эл-улусга, зурёдига, ота-онага муносабатини бадиий ифода этади. Аммо бирор ўринда унинг миллатига очиқ ишора қилинмайди. Бу ишораларнинг ҳаммаси матн ости маъноларига юклатилади. “Одамлар сувни тўғридан-тўғри идиш оғзидан ичишаверади. Онам эса ўйланиб туриб “Пиёласи йўқмикин” деб атрофига аланглайди.
– Шундоқ ичаверинг, қаранг, ҳамма шунақа қиляпти.
– Э йўқ, қўйсанг-чи, уят бўлади”.
Мана шу биргина “уят бўлади” жумласининг ўзиёқ ўзбек онаси тимсолини кўз олдимизда гавдалантиради. Ҳикоя давомини ўқир экансиз, Онанинг “еганим ичимга тушмади”, “иймандим” каби сўзлар унинг характеридаги бағрикенглик, меҳр-муҳаббатни ифодалайди. Асардаги кучли лиризм унинг енгил ўқилишига кўмак беради.
Абдуқаюм Йўлдошнинг “Қотил” ҳикояси ижтимоий муаммолар, қишлоқ ҳаёти мисолида қаламга олинади. Ҳикояга туҳмат сабаб қотилга “айланган” шахс ҳаёти асос қилиб олинган. Ушбу қаҳрамон халқ тили билан айтганда “емаган сомсага пул тўлаган” одам образидир. Қаҳрамоннинг аслида ким эканлиги асар сўнггигача сир тутилади. Ҳикояда дунё аҳамиятига молик кашфиётлар яратган зиёли қисмати тасвирланади. Қаҳрамондаги иродасизлик, қатъиятсизлик уни ўз қадрини йўқотишга, қилмаган иши учун айбдор бўлишга олиб келиш баробарида, ўз мақсад ва умидлари, келажагининг қотилига айланган. Ёзувчининг “Даҳшат”, “Йўл қўймайман” ҳикояларида ҳам шу каби унутилаётган инсонний муносабатлар, қадр-қиммат ҳақида сўз боради.
Шойим Бўтаевнинг “Кўчада қолган овоз” ҳикояси мавзу муштараклиги билан юқоридаги асарларга яқин туради. Бутун умр жамият учун хизмат қилган, аммо ундан кутганидек эътибор кўрмаган зиёли қисмати Шукур образи орқали ёритилади. Шукурга доимо унинг номини айтиб чақирилгандек овознинг эшитилиб туриши умидворликка ишора бўлса, иккинчидан ёзувчи ҳар бир киши қилган ишларининг мукофотини олиши керак дейди.
Бу йил яратилган ҳикоялар орасида Улуғбек Ҳамдамнинг “Яхшиям сен борсан” ҳикоясини фалсафий-рамзий ҳикоянинг энг яхши намуналаридан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Ҳикояга Қуръони Каримнинг “Ҳаж” сурасидаги “…ва албатта, Оллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур…” ояти эпиграф қилиб олиниши ҳам чуқур мушоҳадага ундайди.
Асар сюжети бошдан охиригача рамзлар асосига қурилган. Юсуф, Зулайҳо, мўйсафид, бозор, бошқарма, қабристон каби рамзлар инсонни фалсафий мушоҳадакорликка чорлайди.
“Бозор эмасми, одам ғуж-ғуж, биров у томонга, биров бу томонга ошиқади, дам елкалар туртишиб кетар, дам юзлар денг, дам оёқлар чалишар, дам эса фикрлар… Устига-устак, турфа хил дўкон, уларнинг минглаб сотувчилари, сотувчиларнинг оғзидан чиқаётган миллионлаб таклифларни айтмайсизми. Юсуф Зулайҳонинг қўлидан маҳкам тутиб олганча, ҳеч нимага қарамай, “Чиқиш”нинг хаёли билан йўл босар, бас, қиз ҳам шуни истарди”. Ёки: “Қаҳвахонадан чиқиб ўнгга, кунчиқишга қараб юринглар, чалғиманглар. Узоқдан дарвоза кўринади. У на “Кириш”нинг ва на “Чиқиш”нинг дарвозаси. У кўҳна қабристон дарвозаси” каби жумлаларни ўқиган ўқувчи ўзини асар қаҳрамони деб тасаввур қилади. Беихтиёр бозордаги Чиқиш эшиги ҳақида ўйлай бошлайди. Ҳикояда нафсни жиловлаш, ўзликни англаш фалсафаси етакчилик қилади.
Нормурод Норқобилов ўзбек адабиётида миллий қадриятлар масаласини акс эттирувчи асарлари билан ўзига хос ўрин эгаллаган ёзувчилардан саналади. Адиб “Янги эртак” ҳикоясини ўзбек халқ эртакларининг энг яхши намунаси “Зумрад ва Қиммат” эртаги стилизацияси асосига қурган. “Бир бор экан, бир йўқ экан” деб бошланади ҳикоя. Ҳикоя давомида воқеалар эртак воқеалари билан мувофиқликда бериб борилади. “Қизча ушбу эртак туфайли чеккан руҳий изтироблари – Зумраднинг тақдири энди ўз бошига тушишини ўйларди”.
Ўгай она ҳақидаги тасаввурлари, изтироблари халқ эртагидаги Зумрад билан тақдирдош қизчага тинчлик бермайди. Муаллиф унинг руҳиятидаги эврилишларни Ўгай она қиёфасини фариштасифат аёл қиёфаси билан алмаштирилишига қадар чизиб боради. Асарда муаллиф мурғак қалбларга қандай туйғуларни сингдирсак, умр бўйи шу туйғулар асири бўлиб қолишини таъкидлайди. Қизчанинг тасвир ва таассуротлари натижаси шуки, она сўзига ҳеч қандай салбий иборани қўшиб бўлмайди.
Собир Ўнар асарларидаги ўзига хослик характер хусусиятларини очишда қаҳрамон нутқининг жозибадорлиги эътиборлидир. “Чўл ўртасидаги шийпон” ҳикояси қаҳрамонларидан бирининг тили билан айтганда “тил-забон битиб, чунон иборалар қўллайдики, ўқувчи бу чечанлик қайдан экан, деб қолади”. Адибнинг бу ҳикоясида содда қишлоқ одамларининг ҳаёти қаламга олинади. “Вақт эса улуғ китобда таъкидланганидек, шамширнинг дамидан ҳам ўткирдир. Зотан, одамнинг ғурурланиб, кибрланиб юришига ҳеч бир асос йўқ. Шабада ҳам, гарчи инсонни эркалаган каби бўлса-да, вақтни эслатгани учун тиғ кабидир. Тоға буни билиб, ҳис қилиб яшайди”, деб ёзади муаллиф асарда. Қаҳрамонлар исмига қўшиб айтиладиган ажабтовур лақаблар улар тилининг халқоналигини янада оширади. Жамиятдаги маиший муаммоларга ўралашиб қолган, ҳаётнинг мазмуни пул ва мол-дунёдан иборат деб биладиган, бировга қилган яхшилигию, савобини мисқоллаб ҳисоблаб юрадиган кимсалар билан бирга атрофимиздаги на инсонийлик, на ахлоқ нормаларига тўғри келадиган иллатлар тасвирланган “Сариштали одамлар” ҳикоясида ҳам Муртоз “честний” образи орқали шундай ҳолатларни кузатиш мумкин.
Қўчқор Норқобилнинг “Қорбобо”, Жўра Фозилнинг “Совға”, Ғози Раҳмоннинг “Қорхат” ҳикоялари мавзу жиҳатдан янги йил ҳангомаларига ўхшайди. Бироқ, Қўчқор Норқобилнинг бу ҳикояси шунчаки янги йил совғаси ёки Қорбобонинг оддий ташрифи ҳақида эмас, балки номсиз урушнинг асоратлари, оғриқлари ҳақидаги ҳикоядир. “Тош йиғлади, юзининг иссиғи ерни куйдираётган ошнам Азизнинг қуюшқони қирмоч қовураётган қилиғидан ўзимни қўярга жой тополмадим”, деб бошланади ҳикоя. Асарнинг номи ва унинг бошланмасидаги номутаносиблик ўқувчи диққатини тортади. Ҳикоя қаҳрамони Қорбобо – афғон уруши иштирокчиси. Уруш тугаганига анча йиллар ўтса ҳам ундан қолган асоратлар ­дунёнинг ҳар бурчида бор ва улар инсониятга ҳар қадамда ўзини билдириб келяпти. Қорбобонинг кўнглида ҳам бу асорат тинчлик бермай яшайди.
Ёшлар ижоди ҳақида гапирганда мақтаниб гапиришга арзигулик асарларнинг камлиги бизни ўйлантиради. Улар ижодига баҳо беришда ҳушёрроқ бўлиш керак, деб ўйлайман. Мен бу борада “Ёшлик” журнали тажрибасини таъкидлаб ўтиш жоиз деб ўйлайман. Журнал саҳифаларида ёшлар ижодидан берилган намуналар тақризлар билан берилаяпти. Тақризлар тажрибали ижодкор, адабиётшунос ва тенгқур ижодкор томонидан берилади. Улар ижодига холис баҳо бериш жуда масъулиятли масаладир. Чунки биринчи асаридан мақтов эшитиш ижодкорга қанот бағишлаши ёки аксинча бўлиши мумкин.
Ўтган йили бу журналда ана шундай ёшларимиздан Санжар Турсуновнинг “Қулай” ҳикояси берилди. Ҳикоя ҳақида Абдулла Улуғов, Исажон Султон ҳамда ёш ёзувчи Абдулла Чимирзаевларнинг мулоҳазалари билдирилган.
Ҳикоя қаҳрамони Қулай биз билан бир муҳитда яшаётган ўсмирлар образининг умумлашмаси. Ҳикоя Абдулла Улуғов таъкидлаганидек, “Жўшқин эҳтирослар” билан ёзилган. Шу эҳтирослар билан давом этади. Ижодкор қаламга олган мавзу ҳам долзарб. Аммо воқеалар тафсилоти, хулосаларда бироз тажрибасизлик кўринади. Бу айниқса, онанинг вафоти олдидан ўғли билан қилган суҳбатларида кўринади. Ҳикоя жуда узун жумлалар асосига қурилган, бу эса баъзи ўринларда тил меъёрларининг бузилишига олиб келган.
Ёш ижодкорлардан Асрор Аллаёровнинг “Қарор” ҳикояси ҳажман кичик, реал воқеа ва руҳий тасаввур асосига қурилган. Ҳикоя қаҳрамонининг ўз ҳайкалини ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал ясатишга уриниши инсоннинг мангуликка интилишини таъкидласа, эллик йилдан буён турган ҳайкални бехосдан фаррош хотин синдириб қўйилиши ва бу кимники эканлигини ҳеч ким билмаслиги қаҳрамонни ўзига ҳайкал ясаттириш қароридан қайтаради. Инсон номининг мангуга қолиши учун ҳайкал эмас, қилган ишлари муҳим, деган хулосага олиб келади. Рамзлар асосига қурилган бу ҳикояда мафкуралар қурбонига айланган доҳийларнинг фожиасига киноявий ишора бор.
Ёшларимиз ҳикояларида кўнгилни тўлдирмайдиган умумий жиҳатлардан бири улар психологизм ва драматизмнинг етарли эмаслигидир. Кўнгилга яқин образлар, бадиий конфликт кам. Ёшларимиз асарларидаги макон ва замон мавзуси алоҳида диққатга лойиқ. Негадир ёш ижодкорларимиз ўз ҳикояларида шаҳарни соғиниш мумкин эмасдек, меҳр-оқибат, қадриятларни қадрлаш фақатгина қишлоқда қолгандек тасвирлашади. “Зарчопон”, “Уччаноқ”, “Ёнғоқ излаб” каби кўплаб ҳикояларда шундай ёндашувларни кузатиш мумкинки, гўё шаҳар меҳрсизлик, қадрсизлик макони. Баъзиларида ёзувчининг бадиий нияти очилмай қолади. Сарвар Тўраевнинг “Зарчопон”, “Кеч бўлганда”, Жасур Кенгбоевнинг “Мунг”, “Нотаниш аёл”, Бахтиёр Нуриддиннинг “Эски удум”, “Онаизор”, Акмал Муроднинг “Уччаноқ” ҳикояларида қаламга олинган мавзулар ҳам маиший мавзулар бўлиб, муаллифлар уларни тасвирлашда оддий баёнчилик йўлидан борадилар.
Хулоса қилиб айтганда, 2016 йил ҳикоячилигимизда қаҳрамонларнинг фикр тарзи, фалсафий мушоҳадакорлик, психологик дунёси эстетик таҳлил қилингани, ижтимоий-фалсафий, эстетик, маънавий-ахлоқий муаммолар тасвири етакчилик қилгани, имон-эътиқод бутунлиги масаласига умуминсоний қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашилгани, айрим ёзувчилар ижодида анъанавийлик қолипларидан холи, замон ва макондаги қаҳрамонлар ва муаммоларга эркин ёндашув пайдо бўлгани, жаҳон адабиётида рўй бераётган ўзгаришларга ҳамоҳанг, инсониятни ўйлантираётган долзарб муаммолар қаламга олинган асарлар яратила бошлангани қувонарлидир.

Гулноз
САТТОРОВА

 

Саҳифа 58 марта ўқилган.