Қисса жанри узоқ адабий-тарихий жараённи босиб ўтган, бадиий мукаммаллик касб этган жанр ҳисобланади. Қиссада айтилиши лозим бўлган фикр ҳар доим жанрнинг маълум бир “вакили” тилидан ҳикоя қилинади. Бинобарин, қисса баёнида ровий ва муаллиф нутқи қоришиб кетган ўринларда ҳам мана шу тамойил ишлайверади. Яъни, бу жараён жанрнинг ички таркибини ташкил этиб, унинг шакл­ланиш ва такомил йўлини белгилаб берган.
2016 йилда ўзбек адиблари томонидан эълон қилинган қиссаларда тарихий-ижтимоий, рамзий-мажозий, миллий қадриятлар ва ўзбеклар менталитетига хос колоритнинг тобора ёрқинроқ акс этиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир. Биз, асосан, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида чоп этилган қиссаларни кузатдик. Бу қиссалар ҳозирги ўзбек қиссалари, уларнинг мавзу кўлами, бадиий савияси ҳақида умумлашма фикрлар айтишга бемалол имкон беради.
Тўлқин Ҳайитнинг “Ўғизхоннинг сўнгги қурултойи” (“Шарқ юлдузи”, 3-сон) номли қиссасида Улуғ Турк сиймоси гавдалантирилганки, у туркий халқлар руҳи сифатида барча воқеаларни, адолатни, ор-номусни посонгига солиб туради. Улуғ Турк “Сен туфайли эл-улус муштдай бир бўлиб – бирлашиб, оламга гўзаллик ҳадя этди, буюклик тожини кийиб, эл бўлди, халқ бўлди. Умринг узун бўлғай, сенга мустаҳкам ҳокимият насиб этгай! Номинг абадий ўчмагай”, – деган таърифларни айтадики, бу ҳам бутун туркий халқларнинг Ўғизхонга миннатдорлик хайқириғидай туюлади. Асарга Кўк бўри образининг киритилиши эса, туркий халқларнинг қадимги тотемлари билан боғлиқ ҳодисалардир.
Асарда юртни яхлит сақлаш, туркий халқларга хос мардлик, орият, халқ раъйига қараш, инсон шаъни барча нарсалардан устун эканлиги, мусулмон одамга хос комиллик қисса сюжетига сингдириб юборилган.
“Ўғизхон оламни тартибга келтирди, дунё араваси тўрт томонга тортилмайди, ҳамма бирликда яшайди, Ер битта, уни асраш, унда тинч, осойишта яшаш, биргаликда кун кечириш барчанинг вазифасидир”, – деган чақириқлар замирида инсониятнинг асрий ниятлари ўз аксини топган.
Адабиётшунос Насимхон Раҳмонов “Ўғизхоннинг сўнгги қурултойи” қиссаси ҳақида: “Ўғизнома” китобий эпоси ва Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асаридаги Ўғизхон шахси, унинг ҳукмронлиги давридаги маънавий ва ижтимоий-сиёсий муҳит асосига қурилган бўлиб, бу жаҳоншумул ҳукмдор ҳаётидаги битта воқеани – фарзандларига қўл остидаги юртларни бўлиб бериш воқеасини қамраб олади”, – деб ёзади.
Бу фикрларга тўла қўшилган ҳолда, бир воқелик тасвирида Ўғизхоннинг ҳокимиятга келиши, халқнинг ишончини қозониши, юрт тинчлиги ва дахлсизлиги, қўшни давлатлар билан ўзаро тинч ва осуда ҳаёт кечириш, юрт фаровонлигини мустаҳкамлаш, марказлашган давлат барпо этиш борасидаги тинимсиз меҳнат, аёвсиз кураш мотивлари сезилиб туради.
Асарда қурултой сўзига кўп урғу бериладики, аждодларимиз давлат миқёсидаги ҳар бир ишни кенгашиб, кўпчиликнинг фикрини ҳисобга олиб, сиёсат олиб борганликларидан далолат беради. Ўғизхоннинг улуғ ҳукмдор, фарзандларига қаттиққўл ва ғамхўр ота, фарзандларини имтиҳон қилиши, унинг сўнгги васиятлари ҳам қиссани бугунги ўқувчи руҳига яқинлаштириб туради.
Жўра Фозилнинг “Бойқўнғир лолалари” (“Шарқ юлдузи”, 4-сон) қиссасида “Полвон”, “Қаҳратон”, “Ложувард осмон”, “Жийда гуллаганда”, “Барханлар ичкарисида” каби қатор мустақил сарлавҳаларда кўплаб қаҳрамонлар образи, кўплаб янги воқеалар бадиий талқин этилади. Уларнинг марказида бош образ Жамол тақдири билан боғлиқ кечмишлар туради. Ҳар бир қисм табиат, ҳолат, ижтимоий ҳаёт тасвири билан бошланади. Шу тарзда ёзувчи қисса қаҳрамони ва воқелик руҳиятига чуқурроқ кириб боришга эришади. Мутахассислар қисса жанрида асар воқелиги ва қаҳрамони бир жумла ёки ягона мазмун атрофида уюштирилади, деган фикрни билдирадилар. Жўра Фозилнинг ушбу қиссаси марказида “Бошга тушганни кўз кўради” дейилган халқ ҳикмати туради. Жамол, Шерназар, Самад, Ҳасан, Усмон, Ризо, Миша ёш бўлишига қарамай, кўплаб саргузаштларни бошдан кечиради, турли вазиятларга тушади, аммо иродаси букилмайди, инсонийлигини, имонини, одамларга, эзгуликка ишончини йўқотмайди.
Ёш йигитлар айни кучга тўлган, муҳаббат шаробини симирадиган вақтда инсон яшаши қийин бўлган қум-барханлар ичида, ўзлари тушунмайдиган юмушлар билан банд бўлади. Ичи ифлосланган, фақат нафсини ўйлайдиган разил инсонлардан азият чекади.
Бироқ, “Бойқўнғир лолалари” қиссасидан ҳамма вақт ҳам жўялик ҳисса чиқарилмайди. Айниқса, “Жийда гуллаганда” қисмидаги эски қабристон, қабрлардан келаётган сас, руҳларнинг безовта бўлиши эпизодлари ниҳоясига етмай қолган. Шунингдек, лейтенант Ежовнинг чўкиб кетиши, Миша Мижуевнинг сирли йўқолиши етарлича бадиий асосланмаган.
Адабиётшунос Абдуғафур Расулов “Роман ҳикояга, қисса очеркка қариндош” деган гапни кўп гапирарди. Бу ўринда қиссадаги лиризм назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. Жўра Фозилнинг “Бойқўнғир лолалари” қиссасида публицистик руҳ устунлик қилади, яъни очеркка хос пафос етакчилик қилади.
Сойим Исҳоқнинг “Вафодор” (“Шарқ юлдузи”, 5-6-сонлар) қиссаси натурализм йўналишида ёзилган. Қисса қаҳрамони Ўтаган мерган характерига барча чорвадорларга хос чапанилик, чўрткесарлик, тантилик, соддалик, орият сингдириб юборилган.
“Вафодор” қиссасида ҳайвонот, наботот, жамодотаро алоқалар ўта табиий тасвирланган. Адибнинг ўзига хос ифода услуби билан инсонга хос хислатлар – мардлик, тантилик, яшаш учун кураш, яхшиликка яхшилик, ёмонликдан нафратланиш каби туйғулар Вафодор лақабли ит воситасида тасвирланади.
Қиссадаги ровий табиат қонунларини обдан ўзлаштирган, ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишган. Асар воқеалари худди экран тасвирларида кўринганидек, ўқувчи кўз ўнгида намоён бўлади. Китобхон ҳам Ўтаган мерган, Вафодор лақабли ит билан бирга Қорақуш, Норвонсой, Қавғоли, Қорақушсой, Шоғишмон, Осмонсой, Қайрағочли, Кўкбулоқ, Келитош, Ёзкечув, Қийқим, Қўйтош каби табиатнинг ўзи сифатини келтириб қўйган тоғ маконларида, даштларда юргандек бўлади. Ёзувчи тоғ сўқмоқларини, қоялар ва ирмоқларни эринмай тасвирлайди. Бадиий асарнинг қиммати ҳам, фақат ижодкорнинг тасаввури ёки фантазияси билан эмас, балки воқеликни қанчалик ўзлаштира олганлиги, шу воқеликка ўқувчини қай даражада ишонтира олиши билан ҳам белгиланади.
Бир томондан Сойим Исҳоқ қиссасидаги Вафодор, бўрилар образи, уларнинг инсонга ўхшаган руҳий кечинмалари, ўзига хос “қалби” билан тасвирланиши жаҳон адабиётида яратилган ҳайвонлар образини эсга солади. “Вафодор” қиссасининг табиати ва тасвир кўламининг қамрови айнан табиат билан инсонлараро муносабатларнинг бадиий баёни миллий удумлар, миллий колорит ва ўзбеклар табиатига, миллий менталитетига хос тасвирлар билан параллел равишда олиб борилиши билан фарқланиб туради.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳайвонлар ҳаракатлари тасвирида ровий ақли билан иш кўрилмайди. Агар ҳайвонлар инсонлардек тафаккур юритганларида ёки инсонларга хос ҳаракат қилганларида китобхон бу тасвирга ишонмаган, бу ҳолатга шубҳа билан қараган бўларди. Қиссада ҳам итнинг инсонга ўхшаб фикр юритиши, баъзан онгли инсон қўлидан келмайдиган ҳолатлар жониворга юклатиладики, бу ҳолни оқлаб бўлмайди. Тасвирларга эътибор қаратайлик: “Бурилиб (Вафодор ит – Д.Х.), шу ерданоқ таъқибни бошлагиси келди-ю, бироқ ярадор итга ёрдам бериш истаги ғолиб чиқиб, ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Вафодор тумшуғи билан авайлаб кўтариб, уни ўрнидан турғизмоқчи бўлди” (117-б.), “Бунинг ҳалокатга олиб боришини билгани ҳолда (қутурган итни тишлагандан кейин – Д.Х.) вазифасини охиригача бажарди” (123-б.), “Жуда мажбур бўлиб қолмаса, уни ўлдиришга ҳеч қачон Мерганнинг қўли бормаслигини Вафодор билади” (124-б.), “Лекин мен мардона ўляпман, ҳеч кимга зарарим тегмади, ҳеч кимни мусибатда қолдирмадим” (126-б), ёки қудуққа ўзини ташлаб ўлдириши зўрма-зўракиликдан бошқа нарса эмас.
Бадиий асарда келтирилган воқеалар, жой номлари, образларнинг бадиий вазифаси бўлади. “Вафодор” қиссасида Ўгат руда кони, етти йиллик тўлиқсиз мактаб, клуб, Ўтаган мерганнинг ўғли Шукурбек номлари келтирилади. Аммо буларнинг бирортаси бадиий вазифани бажармайди. Шунингдек, Ўтаган мерганнинг тўрт кунлаб тошнинг устида ўтириши ва қашқирнинг кетмай туриши, саксондан ошган мерганнинг ёш йигитлардай итини ахтариб юриши ҳам ўқувчини унчалик ишонтирмайди.
Бахтиёр Абдуғафурнинг “Кибр минораси” (“Шарқ юлдузи”, 7-сон) номли қиссаси рамзий-мажозий мазмунга эга. Асарда Бобил цивилизацияси ва инқирози ҳақида гап кетса-да, асар тагматнида бир қанча цивилизациялар, уларнинг айнан инсонлар туфайли инқирозга юз тутганлигига ишора қилинади.
Ҳозирги замонда космосни ўзлаштириш мақсадида тўхтовсиз ракеталарнинг фазога учирилиши оқибатида азон қатлами дарз кетди, турли ядровий қуролларнинг кашф қилиниши инсониятни жар ёқасига олиб келиб қўйди, завод-фабрикалардан чиқаётган чиқиндилар, табиатдан янада кўпроқ ҳосил олишга интилиш бир талай муаммолар келтириб чиқарди.
Асар қаҳрамони Ҳаммуда сингари инсонлар ҳамма замонларда бўлган ва ҳамма замонларда бир хилда қатағонга учраган. Чингиз Айтматовнинг Авдий Калистратов, Арсен Саманчук сингари қаҳрамонлари ҳам инсонларни бўлғуси ҳалокатлардан асраб қолишга, огоҳлантиришга интилган ва инсонлар томонидан қурбон қилинган.
Ҳар бир замоннинг ўз танланган одамлари бўлади. Улар инсониятни бўлғуси ҳалокатлардан хабардор қилиб туради. 124 000 пайғамбар ҳам одам болаларини тўғри йўлга солишга, инқирозлардан, ваҳшийликлардан асраб қолишга интилган.
Қиссадаги Ҳаммуданинг бобоси Эҳудр, сирли ёзувлар, сопол парчалари, ўтмиш асотир ва ривоятларларнинг ўз рамзий маънолари сезилиб туради.
Чорасиз қолган Ҳаммуда ҳайкаллар ясайди, ҳайкаллар билан гаплашади, дардлашади. Бу санъат дунёни қутқаради, деган пурмаъно фикрнинг нақадар тўғрилигига ишорадир.
Абдужалол Раҳимовнинг “Жийда гули” (“Шарқ юлдузи”, 8-9-сонлар) қиссасига ёш журналист йигит Ҳасан Алиевнинг ҳаёти, ижодий фаолияти асос қилиб олинган. Асар тили жуда равон, ғализликлардан холи. Аммо ўқувчида “Ёзувчининг ния­ти нима?”, “Ўқувчига нимани айтмоқчи, айтишдан мақсади нима эди?” деган саволлар пайдо бўлади.
Қисса қаҳрамони иқтидорли журналист. Қисқа вақт ичида туман газетасининг қишлоқ хўжалиги бўлимига раҳбарлик қила бошлайди, туман катталарининг назарига тушади. Туман раҳбарининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Бегали Язидович шахсан келиб, уни қутлаб кетади. Бироқ исбот қилинмаган бир хатолик учун ишдан ҳайдалади. Унинг ёнида юрган, унга хайрихоҳлик қилган муҳаррир ўринбосари Абдулла ака, масъул котиб Иззатилла Иброҳимов, меҳрибон Ёдгора опалари жимжит. Улар ҳаммаси тажрибали журналистлар, жамиятнинг зиёли одамлари, оддий ҳайдовчи Зокиржончалик бўлолмайдилар. Савол туғилади: барча замонларда ҳаёт ичида қайнаган, оташқалб журналистлар қани? Ёш, иқтидорли журналист Ҳасан Али нега ўз тақдири учун курашмади? Ҳеч бўлмаса, ўз номини оқлаб қўймади, нега индамай узлатга чекинди? Қиссада бу саволларга жавоб йўқ.
Қисса сюжетига киритилган Бўзсув ҳақидаги афсона ҳеч қандай бадиий концепцияни бажармайди. Ҳасан ва Зуҳра учрашувлари, уларнинг муҳаббатлари ҳам зўраки ва ўта сунъий тасвирлардан иборат.
Услубий жиҳатдан ўзига хослик Қулман Очилнинг “Қасд” (“Шарқ юлдузи”, 10-сон) қиссасининг композицион тузилишида кўзга ташланади. Қисса уч бўлимдан таркиб топган. Лекин уларнинг қамров кўлами баравар эмас. Қиссадаги асосий воқеалар баёни иккинчи бўлимда содир бўлади. Биринчи бўлим қиссадаги асосий воқеалар баёнига кириш-муқаддима вазифасида келади. Охирги бўлимда қиссанависнинг дил дафтари ёпилади.
Қиссада инсон руҳиятида доимий макон тутган, бир-бири билан азалий ғолиб-мағлуб бўлиб яшовчи шайтоний ва фариштавий туйғуларнинг кураши тасвирланади. Қисса ёшлик йилларида қасд олишни юрагига муҳрлаган ва унга эришган, ҳаёт поёнида қилган ишидан пушаймон еб, тавба-тазарруга юзланган ровий тилидан ҳикоя қилинади. “Мен тўрт одамни асфаласофилинга жўнатган жиноятчиман”, – дея иқрор бўлади ровий.
Қиссадаги ровийга исм қўйилмаган. Бу ҳозирги кўп қиссаларга хос хусусият. У бир вақтлар педагогика олий ўқув юртини битирган, зиёли одам. Бироқ, ҳаётнинг азалий қонуни, яъни қазойи муаллақ – ажал қачон, қаердан, қандай келишини бандаси билмаслигини тушуниб етмаган. Укасини машинада уриб ўлдирган одамдан, унинг оиласидан қасд олишни кўнглига тугади ва унга эришади. Бу катта гуноҳ эканлигини англаб етганида эса ҳамма нарса бой берилган эди.
Ровийнинг онда-сонда профессор Панжи Намозов билан мулоқотга киришиши, дилидаги фикрларини ўртоқлашиши асарнинг жонли чиқишига сабаб бўлган. Ровий: “Энди-энди иқрор бўлмоқдаманки, ёлғон ва фитнанинг ҳадди-ҳудуди йўқ, кўлами бора-бора ортса ортар эканки, камаймайди”, “Инсоннинг фожиаси шундаки, у амал қилишдан кўра, талаб қилишга кўпроқ мойил бўлади”, “Одамзодни ғийбат, ерни шўр бузади”, “Соч толасининг ҳам сояси бўлади”, “Бу дунёдаги жамики мусибатларнинг илдизи таъмагирликка бориб тақалади” каби мантиқли, жўяли гапларни айтиб турадики, ёмонлик фақат оми одамлардагина эмас, балки ҳаётий тажрибага, мантиқий тушунчага эга бўлган одамлар кўнглида ҳам зуҳур бўлиши мумкинлигига ишорадир.
Қисса якунида ровийнинг муаллиф сифатида намоён (яъни – “Маҳмадона”) бўлиши маъқул усул эмас. Қиссада авария бўлган мотоцикл ва машина двигателларининг ўчмасдан туриши, Жонгулнинг гап-сўзлари ўқувчини ишонтирмайди.
Анвар Обиджоннинг “Мўттивоймисан, Миттивоймисан?” қиссаси “Ёшлик” журналининг 2016 йил 1-2-сонларида чоп этилган. Қисса: “Э, ошнажонлар-а, жа ғалати иш бўлди-да. Икки оёқда унчалик лапангламасдан юра олишимга қаралса, ҳарқалай, одам деса дегулик бўз бола эдим, кўзни бир очиб юмгунча тўрт оёқли кучукчага айланиб ўтирибман-ку”, – деган сўзлар билан бошланади. Сюжетнинг бу тартибда берилиши адабиётшуносликда ретроспектив сюжет дейилади. Яъни воқеалар кульминациядан бошланиб кетади.
Қисса тагматнида ҳалоллик, тўғрисўзлик, меҳнатсеварлик, бошқаларнинг ташвишини ўзиникидай ҳис қилиш, одамларга кор келиш, атроф-муҳит, жонзотларга меҳр кўрсатиш инсонийликнинг энг улуғ сифати эканлигини кўрсатиш, бу сифатларга амал қилмаган инсоннинг ҳоли вой бўлиши муқаррарлиги тасвирланади.
Асар болаларбоп тилда ёзилган бўлиб, сўз ўйинлари, аския усулидан ҳам маҳорат билан фойдаланилган.
Бола тарбиясида катталар орасида бўлиш, уларнинг тирикчилик тарзи билан яқиндан танишиш яхшилик ва ёмонликнинг фарқига боришда катта аҳамият касб этиши Мўттивой мисолида тасвирланади. Қуш уясида кўрганини қилади. Бола шўх, ўйинқароқ бўлса-да, унинг лексиконида бувисининг, умуман, катталарнинг тарбиявий таъсири сезилиб туради.
Ўзгаларнинг дилини оғритиш, қарғиш олиш, жониворларни, умуман, табиатга озор бериш нималарга олиб келиши ёш Мўттивой мисолида очила боради.
Анвар Обиджоннинг “Мўттивоймисан, Миттивоймисан?” қиссаси қаҳрамони Мўттивой “Шум бола” қиссасидаги Қоравой, “Сариқ девни миниб” асаридаги Ҳошимжон, “Мешполвон” асаридаги Мешполвон образлари каби болаларнинг севимли қаҳрамонига айланиб қолиши аниқ.
Абдужалол Раҳимовнинг “Тоғ гўзали” (“Ёшлик”, 12-сон) қиссаси мавзуси ҳам “Бойқўнғир лолалари” қиссасидаги эпизодларга ўхшаб кетади. “Тоғ гўзали” қиссасидаги қаҳрамон бошидан ўтган воқеалар Мустақиллик даврида хизмат қилган Бердиёр, унинг Ойдин қишлоғилик покиза қалб эгаси Санамой билан кечган пок муҳаббат кечинмалари, дўсти Ғайратнинг ғаразли мақсадлари таъсирида пайдо бўлган туғёнларини жиловлай олмай, бир умрлик афсус-надоматда қолишидан ҳикоя қилинади.
Қиссадаги воқеалар ҳаётда жуда кам учрайди, яъни, типиклик касб этмайди. Бироқ ҳозирги адабиётда биргина инсон кечмиши билан боғлиқ воқеаларнинг тасвирланиши кўплаб учрамоқда. Бу ҳол адабиётнинг эскича қолиплардан воз кечиб, янгича тамойиллар сари интилаётганлигидан дарак беради.
“Тоғ гўзали” қиссаси қаҳрамони Бердиёрнинг кўнглидан кечаётган туйғулар, ёш йигитнинг беғубор илк муҳаббати ва бир оғиз сўз билан завол топишини ўқиган ҳар қандай китобхон қалби ларзага тушади.
Қисса тилининг равонлиги, сўзларнинг қаҳрамон руҳиятига мос тушиши қиссадаги лиризмни янада оширади. Асар қаҳрамонларидан бири Ғайрат характеридаги худбинлик, ўзганинг бахтини кўролмаслик иллати ҳам ўз ажрини кўрсатди. Ёшлигининг айни ўйнаб куладиган даври ота-она, қариндош-уруғ, ошна-оғайнисидан йироқда, бир тирноққа зор бўлиб ўтди. Ўз яқинларидан ажралиб, ёлғизликка маҳкум бўлди.
Қиссадан чиқариладиган ҳисса шуки, вақт олий ҳакам, у одамларга бўйсунмайди, ўтган йиллар, бой берилган умидлар, ўйланмай қилинган ёки ташланган қадам кўнглимизда армон бўлиб қолаверади. Эҳтирослар орқасидан қувиб, юрак амрига, ақлга суянмаган ёшларга – ўйламай босилган ҳар қадамнинг саслари, умр поёнигача инсонни таъқиб этиши ҳақида огоҳлантириб туради.
2016 йилда “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида чоп этилган қиссаларни ўқиб, хулоса қилиш мумкинки, ҳозирги қиссаларда қаҳрамон ҳамда воқелик, сюжет ва композиция структур-семантик жиҳатдан ўзгаришларга учрамади, ўзбек насрида тарихий, натурализм, рамзий-мажозий ва реалистик мавзуларда қиссалар яратилаётир, айрим қиссаларда публицистик руҳ, баёнчилик етакчилик қилади, яъни қисса жанри билан очерк унсурлари қоришиб кетган. Бу йилда болаларбоп асар сифатида Анвар Обиджоннинг “Мўттивоймисан, Миттивоймисан?” қиссасини кўрсатиш мумкин, Бахтиёр Абдуғафурнинг “Кибр минораси” қиссасини эса рамзий-мажозий маънодаги мукаммал қисса дея эътироф этиш лозим.

Дилмурод
ХОЛДОРОВ

 

Саҳифа 42 марта ўқилган.