Ўтган 2016 йилда яратилган романларни услуб ва ёки мавзу бўйича турларга ажратмоқчи эмасман. Боиси, роман анъанавий реализм услубида ёзиладими ёки авангардми, у тарихий мавзуда ёзиладими ёки замонавий, бундан қатъи назар, ўқувчи учун яратилади. Шунинг учун мен одатда романларни иккига ажратаман. Яъни ўқишли ва ўқимаса ҳам бўлаверадиган роман.
Ўтган йилги адабий мавсум Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романи билан очилди. Йилнинг мана шу роман билан бошланиши умумадабий кайфиятни белгилаб берди, назаримда. Демак, йил давомида эълон қилинадиган асарларнинг даражаси, савияси шу романдан паст бўлмаслиги керак.
Сизиф афсонаси билан боғлиқ сюжетлар ясаш дунё адабиётида маълум ҳодиса. Бунга афсонанинг заминидаги маъно сабабчи. Маъбудларнинг иродасига қарши бориш, исёнкорлик шаккоклик билан баробар ва шунинг учун ҳам оғир жазога муносиб. Аслида антик давр афсоналарида исёнкорлик ва унинг оқибатлари ҳақида талайгина сюжетлар бор. Масалан, Икар, Прометей, ва ниҳоят, Сизиф. Бу учала қаҳрамон оғир жазога тортилган. Ҳаммадан ҳам Сизифга берилган жазо антиқа. Маъбудлар уни машаққатли ва бемаъни, бефойда, ҳеч кимга самара бермайдиган меҳнатга ҳукм қилишган.
Айнан шу ҳукм ва унинг ижроси, ҳукмнинг туб моҳияти сюжет ва мушоҳада учун манба вазифасини ўтаган. Масалан, Гомер Сизифни бандаларнинг энг эҳтиёткори ва оқили деб кўрсатади. Овидий эса уни айёр ва доғули одам қилиб тасвирлайди. Альбер Камю ўз эссесида Сизиф афсонасининг фалсафий асосларини излаган, замонавий инсоннинг ҳаёти Сизифнинг қисматига ўхшаш, деган тўхтамга келади.
Демак, ўзбек насрида яратилган Сизиф образи Камюнинг фалсафасидан нарига етиб бориши, Гомернинг қаҳрамонидан ҳам ривожлантирилган бўлиши керак эди. Чунки Сизиф образининг ўзи мана шуни тақозо қилади, сюжетнинг ўзи асарга мана шунақанги юқори бир “планка”ни қўяди. Асарга “Донишманд Сизиф” дея бежиз ном берилмаган. Чунки Сизиф ўзига берилган жазонинг моҳиятини, туб илдизини ва ниҳоят, интиҳосини топиши керак. Маъбудларнинг берган жазоси – оғир харсангни тоабад баланд тоғ тепасига юмалатиб чиқариш бу бир восита, холос.
Асарнинг ҳар бир боби ўзи алоҳида мушоҳада, алоҳида бир фалсафа, ҳатто алоҳида бир ҳикмат. Масалан, Сизифнинг Зевс ва унинг отаси Кронос ҳақидаги фикри (“Уларнинг иккови Худосиз бўлгани учун ўлимни даҳшат деб биларди, зотан ўлим гуноҳкорлар наздидагина даҳшат ва аянч манбаидир!..”), ҳолбуки, Сизифнинг ўзи ҳам ўлишни истамаган, ерости дунёси маъбуди Аидни алдаган, демак, Худосиз бўлгани учун жазоланган, уни жазога маҳкум қилганнинг ўзи эса ундан баттар Худосиз. Тошни тоққа қараб думалатавериш асносида у яна бир ҳикматни топади: “Қуруқ ироданинг ўзи эмас, ҳаракатга айланган ирода бунёдкор, яратувчидир, шундай ирода омон экан, поёнсиз маънисизликнинг адоғи – бамаънилик”. Бу энди Альбер Камюнинг эссеси билан баҳс. Чунки Камю ўз эссесига иккинчи сарлавҳа ўрнида “Абсурд ҳақида эссе” деб ёзган эди.
Романда Қуръони Карим сураларига уйғун ўринлар учрайди. Бу, менинг назаримда, дунёдаги ҳар бир ҳодисотга илоҳиятда жавоб борлиги билан изоҳланади.
Романни ўқий бошлаган пайт ўқувчи у нима билан ниҳоя топиши керак, деб ўйлай бошлайди. Чунки Сизиф тоабад тош думалатишга ҳукм этилган. Сизифнинг донишмандлиги ҳам шунда кўринади. Агар думалоқ тош тоғ тепасига чиқолмаса, демак, у емирилиб тугайди. Ниҳоят, оғир уринишлардан кейин тош емирилиб, бўлакларга парчаланиб кетади. Сизиф ҳар бир парчани тоғ тепасига ташиб тугатади. Маъбудларнинг жазоси ўтаб бўлинди. Энди бу ёғига нима бўлиши керак? Сизиф ўзининг ҳукми билан аллақачон бирлашиб кетган, ўзи думалатган тош билан қадрдон бўлиб кетган эди, ҳаракатларининг бутун мазмуни шу тошни думалатишдан иборат эди. Яъни тош унинг тавбаси эди. Ёзувчи асарни бош қаҳрамон “харсангни бир ҳамлада пастга қараб думалатиб юборадиган важоҳатда тош бўлаклари уюми устига ўзини ташлади”, деб тугатади. Аслида романнинг охири ёзувчининг каттакон саволи. Жавобини ўқувчининг ўзи топиши керак.
Хулоса ўрнида шуни айтишим лозимки, биз насрда дунё миқёсидаги сюжетларни ҳам қўрқмасдан талқин қилаверишимиз керак. Жаҳон миқёсидаги ҳар қандай сюжетни ҳам миллий асарга айлантира оламиз. Ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда.
Ўтган йили китоб ҳолида эълон қилинган романлардан бири Эркин Самандарнинг “Қирон ғилдираги” асари бўлиб, ўзининг кўлами, ғояси ва бадиий савияси жиҳатидан эътиборга молик. Қирон араваси ва унинг ғилдираклари аслида рамз. Қирон бу – зулмнинг қуроли, халқнинг оқил ва зиёли кишиларини йўқ қиладиган ва шу билан одамларни қўрқув остида ушлаб туришга ёрдам берувчи бир восита. Ғилдираклар эса ақлсиз бир нарса, ғилдиратиб юборилса бас, ўз йўлида кўринганни янчиб кетаверади. Қирон машинасининг эгалари унинг ғилдирагини учта манзилга – Қўқон, Бухоро ва Хоразмга жўнатишган. Ёзувчи қирон ғилдирагининг биргина Хоразм ва Тошкентда келтирган қирғинларинигина олиб тасвирлаган. Лекин бутун мамлакат бошига тушган кулфатни тасаввур қилиш учун шунинг ўзи етарли.
Роман қаҳрамонлари орасида бир қанча тарихий шахслар бор. Булар – Муҳаммад ҳожи, Худойберган Девонов. Романда бу икки сиймонинг образи тўлақонли яратилмаган. Боиси ёзувчи ўз олдига бундай мақсадни қўймайди. Мақсад ўша давр руҳини, муҳитни бор разолати билан кўрсатиш. Муҳаммад ҳожи ҳам, Худойберган Девонов ҳам ўша давр “ўпқон”ига тушган одамлар. Романда жабрдийдаларнинг оила аъзолари, яқинлари, дўстларининг изтироблари, уларнинг бошидан кечган воқеалар алоҳида бир сюжет йўли бўлиб ўтган. Ёзувчи бир маҳкумлар, бир уларнинг яқинлари, бир уларнинг жаллодлари кечмишига ўтади-да, шу билан ўша даврнинг яхлит бир манзарасини чизади. Маълум бўладики, бу муҳитда ҳар бир одамнинг, ҳатто жаллодларнинг ҳам ўз фожиаси бор. Бу муҳит, ҳатто ўзига хизмат қилаётганларга ҳам шафқат қилмайди. Бунга Матниёз, Ҳанифа, Берди ва Шарофиддин қисматини мисол қилиб келтириш мумкин. Масалан, Шарофиддин ўз жонини асраш учун исмини Мэлс қилиб ўзгартиришга рози бўлиб, хуфиялик қила бошлайди. Қамоққа тушган яқинларини излаб келган одамларга ёрдам бериш баҳонасида уларни тутиб беради. Орада уларни шилишни ҳам унутмайди. Пулларнинг бир қисмини Ўқилон, бир қисмини Шақилдоқ илон олади (бу иккиси қамоқхонадаги номдор чекистлар). Охири ўзи ўлиб кетади. Лекин НКВД унинг оиласига шафқат қилмайди. Чунки орада Мэлс олган пуллар бор.
Асарда чиройли топилмалар бор. Масалан, Муҳаммад ҳожининг оти Саман билан боғлиқ эпизодлар жуда таъсирли чиққан. Яна бир топилма: Мэлс ўлгач, унинг хотинини қамоққа ташлашади. Аёлнинг исми Омонгул. Ёзувчи бу аёлнинг кейинги қисматини биргина жумла билан ифодалайди: “Энди унинг на омонлиги қолди, на гуллиги”.
Асар, назаримда, эллик учинчи йил воқеалари билан ўз мантиқий якунига етган. Воқеаларнинг бугунги кунгача олиб келиниши, менимча, асардаги ортиқча тафсилотларни кўпайтириб юборган.
Романнинг ўзбек насри учун аҳамияти ҳақида эса шундай дейиш мумкин. Халқимизнинг яқин тарихи, хусусан, қатағон даври ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Бироқ бу асарлар бундан йигирма йил кейин ҳам ўқиладими, йўқми, гап шунда. “Қирон ғилдираги” романини анча йиллардан кейин ҳам ўқишади, деб ишонаман. Боиси асар шунчаки хроника ёки компаниябозлик йўлида ёзилган эмас.
Ўтган йили эълон қилинган романлардан яна бири Алишер Мирзонинг “Мусаввир” романи бўлиб, бу китоб “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилди. Бу роман бундан уч йил аввал эълон қилинган “Каллахоналик йигитча”нинг мантиқий давоми. Лекин шу билан бирга мустақил бир асар. Роман ҳажман катта, бош қаҳрамоннинг 18-19 ёшли ўспиринлик давридан бошлаб то рассом сифатида халқ эътирофини олган пайтигача бўлган бир даврни ўз ичига олади, аммо бош кўтармай ўқилади. “Каллахоналик йигитча” эълон қилинган йили энг яхши насрий асарлардан бири сифатида эътироф этилган эди. Демак, муаллифнинг олдида шундай бир вазифа бўлганки, “Мусаввир” романи мана шу даражадан паст бўлмаслиги керак. Аввалдан айтиш керакки, муаллиф буни уддалаган ҳам.
Бош қаҳрамоннинг исми Бахтиёр Алимов, дўстиники – Ҳикмат. Иккови рассом бўлиш орзусида Москвага, Суриков номидаги Бадиий институтга ўқишга кириш учун келишган. Энди бош қаҳрамон каллахоналик оддийгина, бирозгина шум, аммо софдил ўспирин эмас, у катта мақсад йўлига чиққан йигит. Шу мақсадига етиш йўлида у турфа феълли одамларни кўради, уларга нисбатан ўз муносабатини билдиради.
Бахтиёрнинг руҳида, феълида исёнкорлик бор. У талабалик йиллари ўқув тизимидаги мавжуд стереотипларга қарши норозилигини ўзига хос тарзда билдиради. Масалан, уларга сабоқ бераётган ўқитувчилардан бири Козел тасвирлашга топширган композицияда кул ранги кўплигидан норози бўлиб, уни рангдор қилишга киришади. Натижада ажабтовур бир композиция яралади. У эски рангли журналлардаги расмларни қирқиб олиб, бир-бирига улаб қўлбола гилам ясайди-да, натурачини шунинг олдига ўтқазади. Бу унинг группадошларига маъқул тушади. Лекин деканга ёқмайди. Ҳар ҳолда Бахтиёрга ҳеч нарса қилишмайди-ю, лекин ўқитувчи Козелни ишдан кетказишади. Нусха кўчиришдан сабоқ ўтилаётганда эса вазифа сифатида ўзи учун Верешчагиннинг суратларини танлайди. Лекин кўп ўтмай, бу рассомнинг Ўрта Осиёни забт этган чор Россияси қўшинлари сафида туриб қилган қилмишларидан хабар топгач, ундан ҳафсаласи пир бўлади.
Москва ҳаёти Бахтиёрнинг эътиқод ва эътимодларига ҳам баъзи ўзгаришларни киритади. Масалан, ўқишга кирганида онаси унга телпак оласан, деб ўттиз сўм пул беради. Онаизор бу пулни осонликча топмаган, албатта. Бахтиёр эса бу пулга китоб, бўёқ сотиб олади. Қишни амаллаб ўтказарман, деб ўйлайди. Лекин Москванинг қишини амаллаб ўтказиб бўлмайди. Кунлардан бир кун йўл устида ётган тузуккина телпакни кўриб қолади. Бир вақтлар Каллахонада ўн сўм пул топиб олганида онаси унинг қулоғидан чўзиб бориб, пулни ётган жойига қўйдириб келган. Ўша-ўша Бахтиёр бировнинг йўқотган нарсасини олмайдиган бўлган. Аммо ҳозир бошқача шароит. Бурилиб кетаверса, ўзи қийналиб қолади. Олаверса, болалигидан онгига қуйилган тарбия бор. Бахтиёр эгаси келармикин деб бироз кутади. Ҳеч ким келмайди. Демак, телпакни биронта ширакайф тушириб қўйган. Бахтиёр телпакни олиб қўлтиғига қистиради-ю, юраги қалтираб, зўрға ётоқхонага етиб келади. Шу телпак уч йилгача унга хизмат қилиб беради. Демак, телпак сотиб олиш учун уч йилгача бошқа имконият тополмаган-да.
Асарни ўзбек зиёлиларининг шаклланиш тарихидан ҳикоя деб аташ тўғрироқ бўлади. Романда Москвада таълим олаётган қатор ўзбек ёшлари образи бор. Уларнинг ҳаётидаги бир кулгили, бир таъсирли воқеаларда у ёки бу кўринишда, Бахтиёр, албатта, қатнашади. Унинг иштироки аксарият ҳолларда юмор билан тасвир этилади.
Бахтиёр улғайиш асносида онасининг ўлими, Каллахонанинг бузиб юборилиши каби оғир айрилиқларни бошидан кечиради. Дўстлар орттиради, рафиқа топади, хуллас, ҳаёт қозонида обдан қайнайди, вақт ўтиши билан чархланиб боради. Унинг исёнкорлиги ва топқирлиги энди бошқача шаклда кўринади.
Бугун бизнинг адабиётимизда ҳақиқатан ҳам курашчан ва кучли, тўсиқларни енгиб ўтадиган қаҳрамонлар образи керак, деймиз. Лекин бу курашчанлик, масалан, Жек Лондоннинг Мартин Иденидек бўлиши шарт эмас, менимча. Курашчан, интилувчан бўлса ҳам, Бахтиёр Мартин Иденга умуман ўхшамайди. Унинг болалигидан қолган сеҳрли сўзлари бор. “Шошма, ўйла, – дейди у ўзига ўзи. – Яхшилаб ўйла”. Бу бежиз эмас. Дейлик, ёпиқ эшикни очиш керак бўлсин-у, уни итариб очишнинг иложи топилмаса, бу эшикни тепиб очиш ёки бузиб очиш шарт эмас. Балки эшик у ёққамас, бу ёққа очилар? Балки эшик Бахтиёргамас, бошқа одамга очилар-у, ўша одам баҳонасида Бахтиёр ҳам шу эшикка кириб олар?
Роман муаллифнинг рассом сифатида чиндан эътироф этилиши билан тугайди, дедик. Ёзувчи эса бу бобни “Каллахонага қайтиш” деб номлаган. Сабаби, Бахтиёр катта кўргазма намойиш қиляпти. Унинг олдида дўстлари, яқинлари бор, ҳатто бир вақтлар ўзини хафа қилган одамларни ҳам ёнига чорлаган. У “Ўзбекистон халқ рассоми” унвонини олди, жаҳон кезди, лекин барибир Тошкентнинг Эски шаҳар фарзанди бўлиб қолди. Чунки унинг танглайи айнан Эски шаҳарда кўтарилган, Каллахона унинг учун Ватаннинг бошланиш нуқтаси…
Ёзувчи Асқад Мухторнинг бир сўзи бор. “Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак”. Мен бу сўзларни бежиз эсламадим. Ўтган йили Нурали Қобулнинг “Жаҳон мулкининг султони ёхуд фотиҳ Темур ва Йилдирим Боязид” номли романи босмадан чиқди. Бу Амир Темур ва темурийлар даврига бағишланган эпопеянинг бешинчи китоби. Билишимча, эпопеянинг ўзи ўнта китобдан иборат бўларкан.
Соҳибқирон ва Боязид ўртасида бўлиб ўтган жанг ва унинг оқибатлари ҳақида тарихий манбаларда кўп ёзилган, лекин турлича талқин этилган. Дейлик, Ғарбда бошқача талқин бор, Шарқда бошқача. Ғарб Амир Темурнинг ғалабаси боис Европа мўғуллар истибдодидан қутулганини эътироф этади-ю, лекин Соҳибқиронни кўпинча камситиб тилга олади. Шарқда, масалан, бизда бобомиз Европани қутқарди, деб ғурурланамиз-у, лекин бу жангнинг оқибати жаҳоннинг, қолаверса, Туроннинг кейинги тақдирига қандай таъсир кўрсатгани тўғрисида кўп ҳам бош қотирмаймиз.
Нурали Қобулнинг романи мана шу урушнинг арафаси, яъни элчилар воситасида бориб-келаётган мактуб жангидан бошланади. Ва дастлабки саҳифалариданоқ Йилдирим Боязиднинг хато қилаётганига урғу берилади. Бу таъкид романнинг охиригача ҳали у, ҳали бу қаҳрамоннинг тилидан таъкидланиб келинаверади. Хатолик ўтгани барҳақ рост. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Қарангки, Боязиднинг бутун амирлари, ўғиллари, ҳатто Темур ҳузурига жўнатилган элчиси бу урушнинг оқибатларини тушуняпти, фақат Боязид тушунмайди. Ҳатто Боязидга раҳми келади одамнинг. Бунчаям ёлғизланиб қолган экан, деб ўйлайсиз. Атрофида биронта ҳамфикр йўлдоши йўқ. Шу ўринда муаллиф муболағага бормаганмикин?
Темур образида эса бир қадар ясамалик, плакатнамолик бор. Нима иш қилмасин, ҳаммаси ўта чиройли чиқаверади. Дарҳақиқат, Соҳибқирон улуғ инсон. Бу каби сиймолар тарих саҳнасига кам чиқади. Соҳибқирон тўғрисида фахр билан қанча ёзсак, шунча кам. Лекин Амир Темурни улуғлаш учун унинг рақибини бир-икки поғона пастга тушириш шартми? Йилдирим Боязид ҳам Туркия тарихида катта ўрин тутган салоҳиятли шахс. Унинг образини бу қадар жўнлаштирмаслик керак эди. Соҳибқирон образини сунъий равишда улуғлаш асарни табиийликдан маҳрум этиб қўяди. Роман айнан мана шу жиҳатдан оқсаган.
Тарихий мавзуда ёзилган роман, аввало, бадиий асар бўлиши керак. Афсуски, бу романда ҳар бир воқеа-ҳодиса оддийгина қилиб чайнаб, ўқувчининг оғзига солиб қўйилган, қаҳрамонларнинг қилган ишлари яхши ёки ёмонлиги ҳам олдиндан маълум. Романдаги жанголди эпизодлар, ҳатто жанг манзарасининг ўзи жуда сиқиқ, аммо жангдан кейинги энг кичик воқеаларгача бутун тафсилоти билан тасвирлаб чиқилади. Шундай таассурот қоладики, айтиладиган бошқа гап қолмади-ю, эпопея­нинг тартиби бузилмаслиги учун атайлаб тафсилотлар узайтирилди.
Романнинг тили борасида ҳам таассуфли фикрлар айтиш мумкин. Мен фақат бир-иккита мисолни келтираман. Соҳибқирон Мусобекка дейди: “Ҳадя қилинган отнинг тишига боқмайдилар, муҳтарам авлодим Мусобек!” (111-бет); шаҳзода Сулаймон (у Боязиднинг ўғли) шайх Рамазон билан суҳбатлашиб ўтириб, дейди: “Рим императори Юлий Цезарь айтганидек, урушни уруш билан таъминла, деган ақидага амал қилар экан-да” (265-бет) ва ҳоказо.
Хулоса ўрнида айтмоқчи эдимки, бу романни чоп этишга шошилмай турилгани маъқул эди. Чунки материал кўламдор. Ифода ҳам шунга яраша бўлиши керак эди.
Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” роман-дилогияси қорақалпоқ тилида 2013 йилда босмадан чиққан, биз унинг ўзбекча таржимасини ўқидик. Роман қорақалпоқ халқи тарихи, унинг менталитети, шу орқали Ўзбекистон тарихидаги биз кўп-да билмайдиган саҳифаларни бадиий ёритгани жиҳатидан ҳам долзарб, ўйлайманки, бу асар бир неча йиллардан кейин ҳам ўқилади.
Асар воқеалари XIX асрда кечади. Бош қаҳрамонлардан бири – Эрежеб Оғабий тарихий шахс. Эълон қилинган биринчи китобнинг номи “Кўч”, боиси қорақалпоқларнинг Бухоро амири фармонига мувофиқ Қизилқум саҳросини кесиб ўтиб, ўзларининг ота маконларига – Чимбойга қайтиб кетишлари тасвирланяпти. Аслида улар етмиш йил бурун, Оғабий ҳали бола пайтида ота макондан жўнаб кетишган эди. Романда қорақалпоқларнинг бир нечта катта кўчишлари ҳақида маълумотлар бор. Кўч бу йўлга чиқиш дегани. Қадимда одамлар кўчганда битта карвон бўлиб жўнашган. Лекин кўч карвондан кўра катта. Карвон – йўловчилар ёки савдогарларнинг бир юртдан бошқасига йўл олган, юк ортилган туялар, отлар, аравалар сафи. Кўч эса бир элнинг мол-дунёси, аҳолисидир. Воқеалар худди шу кўч кўтариш, кўчиш атрофида кечади. Романнинг биринчи китобида асосан Эрежебнинг болаликдаги ҳаёти ифодаланади. Қулчи бий ўғил кўрганида ражаб ойи эди. Шунинг учун ҳам ўғлининг исмини Эрежеб қўяди. Айни шу паллада бийнинг зотдор Тўриқ бияси ҳам қулунлайди. Энди Эрежеб ва Тўриққашқанинг умри биргаликда кечади. Қарангки, Тўласин исмли бошқа бир ўғлоннинг ҳам ишқи Тўриққашқага тушади. Худди шу нуқтада асарда қатор воқеалар бошланадики, қорақалпоқ ҳаёти, умуман, Шарқ менталитетини билмаган одам ҳайрон бўлиши турган гап. Битта отга ҳам шунчаликми? Ваҳоланки, от бу – йигитнинг ори. Ўз орини олдириб қўйган одамнинг ҳоли қандай бўлади? Кўп ўринларда от ҳатто севикли ёрдан ҳам юксакроқ даражага кўтарилади. Ўз ёрини бегонага олдирган йигитнинг ҳоли қандай бўлади?
Романнинг тили, бадиияти ҳақидаги гапларим аниқ бўлиши қийин. Сабаби, биз романнинг таржимасини ўқиб турибмиз. Қорақалпоқ тилида балки жуда чиройли бўлгандир. Менинг баъзи мулоҳазаларим кўпроқ таржимонга тегишли бўлади. Тўғри, асар яхши бўлса, таржима унинг нари борса, тилини бузади, унинг композициясини, концептини бузолмайди. Образли қилиб айтганда асални чинни идишга солсангиз ҳам, уни сопол косага ағдарсангиз ҳам асаллигича қолаверади. Асарда жумлалар ўта мураккаб, кўп ўринларда газета тили услубида тузилган. Масалан: “Кўп ўтмай Эрали бийнинг тўйида аввал қувонган, сўнг Тўриққашқадан айрилиб қайғурган Қулчи бий ҳамюртлари билан элга қараб йўлга тушди”, “Қулчи бийга ўхшаб унинг ҳам онгу шуурида “Тўласин” деган биргина сўз айланар, Тўласиннинг телбанамо келбати кўз ўнгида пайдо бўлар, сўнг унинг ўрнини тош охурнинг олдида тўрт оёғи чўзилиб, баданлари учиб, хириллаб ётган от эгаллар, от гоҳ қалдирғоч қанотидек қўш кулоғи юлдузни кўзлаб депсинар, ипакдек юмшоқ тумшуғи билан Тоғаберган сайиснинг елкасига нуқиб-нуқиб қўяр, гоҳ жиловидан ушлаб ёнма-ён югуриб бораётган сайисга жавдираган кўзларининг қирини ташлаб: “Мен билан баҳслашмоқчимисан” деган каби ўқрайиб қўяр, гоҳ юмшоқ бўз ернинг чангини осмонга кўтариб, узун арқоннинг учидан ушлаб турган сайисни айланиб ўйноқлар, икки орқа оёғида тик туриб, қаттиқ кишнар эди” ва ҳоказо.
Ўтган йили эълон қилинган романларни таҳлил этганда кўнглимдан биз дунёвий миқёсидаги сюжетларни талқин қилишга қодирмиз, илғор жаҳоний анъаналар даражасида ҳам асар ярата оламиз, деган ўйлар ўтди. “Донишманд Сизиф” йил бошида белгилаб берган умумадабий кайфиятга кейинги романлар, масалан, “Қирон ғилдираги”, “Заррадаги олам”, “Генетик” у ёки бу маънода уйғун келолди. Лекин, барибир, кўнгил негадир кўп-да тўлмайди. Биз шу чоққача шунақа ёзилиши керак, деб тушунган, ўқиб-ўрганиб қолган романлар доирасидан юқорига чиқиш вақти аллақачон етганини англаб турибмиз, бу даражага чиқа оламиз, деган ишончимиз ҳам бор, аммо маълум бир доирадан кўтарила олганлар кўп бўлмаяпти. Ҳолбуки, бизда ўқишли романлар ўқимаса ҳам бўлаверадиган романлардан кўп.

Рисолат ҲАЙДАРОВА

Саҳифа 143 марта ўқилган.