«Адабиёт жим тургани йўқ…»

Шарқ юлдузи/ Sentabr 26, 2017/ Адабий жараён

Бугунги романчилик ҳақида сўз кетганда мустақилликкача бўлган талқин, ўлчам, мезонлар билан гапириб бўлмайди. Чунки социалистик реализм ўша вақтнинг ғоявий талаби бўлган, айни вақтда шаклий уриниш ва экспериментлар ҳақида деярли гап бўлмас эди. Биринчи ўзбек романи муаллифи Абдулла Қодирий бундан қарийб юз йил бурун ифода усули ва йўсинлари ҳақида ёзган, буни эгаллаш учун Оврупа адабиёти, хусусан, романчилигини пухта ўрганиш лозимлигини уқтирган эди.
Қодирийдан бошланган романчилик анъанаси мустақилликкача бир хил анъанада давом этган десак бўлади. Шакл изланишлари аввал кичик жанрлар ҳисобланган ҳикоячиликда, сўнгра бошқа жанрларда давом этди. Албатта, эксперимент асар, хусусан, модерн адабиёти ҳеч вақтда қучоқ очиб кутиб олинмаган.
2010 йилда Ёзувчилар уюшмасида бўлган йиғинда бир адабиётшунос истиқлол йилларида уч юздан зиёд роман ёзилгани, бу ўтган юз йилликда яратилган романлардан уч ҳисса ортиқ эканини, афсуски, адабий жамоатчилик мазкур романларга ҳодиса сифатида қарамай қўйганини куйиниб таъкидлаган эди. Табиийки, шундан буён ҳам адабиёт жим тургани йўқ ва албатта қирқ-эллик ёки олтмишдан ортиқ “ҳосил” тўплаган чиқармиз. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ўз эътирофимизни, керагида эътирозимизни ҳам билдириб турганимиз маъқул.
Ўтган йили матбуотда чоп этилган энг йирик асар таниқли ёзувчи Асад Дилмуроднинг “Шарқ юлдузи” журналининг 8-10-сонларида давомли эълон қилинган “Заррадаги олам” романидир. Ёзувчимиз “Маҳмуд Торобий”, “Фано даштидаги қуш”, “Паҳлавон Муҳаммад”, “Ранг ва меҳвар” каби романлар муаллифи, мана, 70 ёш остонасида нав­батдаги романга нуқта қўйибди. Бу билан, албатта, Асад акани қутлаш керак.
“Заррадаги олам” ҳам худди “Фано даштидаги қуш”, “Ранг ва меҳвар” романлари сингари ҳадеганда ўқувчини тортиб кетавермайдиган мураккаб гап қурилиши, жўн бўлмаган психологик ҳолатлар, диалог тузилишидаги ўқувчи кўнглига келган гапни эмас, бутунлай бошқа муддаодан сўзлаши, қайта-қайта назардан кечирган тақдирингда ҳам, гоҳо тасаввурингда бўй кўрсатмайдиган, баъзан очиқдан-очиқ ­зериктириб юборадиган жумлалар занжири билан узлуксиз боғланиб кетадики, дабдурустдан бирор нарса деб қўйишдан чўчиб ҳам турасан.
Асар бош планига чиққан Аваз руҳий, гоҳо зоҳирий устози Ниҳон кўмагида Қурама чўлининг ортидами, ичидами – номаълум бир жойда бўлган Шифо дарёсига етишга интилади. Орада Зилола исмли суйган қизини соғинади, лекин ота-онаси ҳаққоний қаршилик қилиши учун асос-сабаб бор. Зилола Халил пурча дегич бир кимса билан хориж сафарига бориб келган, пурчанинг очиқ ўйнаши. Аммо Аваз шуни билгани ҳолда худди Шифо дарёсига талпингани сингари Зилола дийдорини қўмсайверади. Ажабланасан одам: инсон ўз табиатига кўра, айниқса, ўзбек киши этагига ит теккан аёлни, агар у сулувларнинг сулуви бўлган тақдирда ҳам, севолмайди! Чунки Халил пурчадек жирканч шахсга ўзининг иффатию инон-ихтиёрини топшириб қўйган аёл ўзининг ҳам иззатини билмайди, ўз-ўзидан аёнки, Авазнинг муҳаббату меҳрини топтаб ўтади. Бу эса Аваздек эътиқодли, бош қаҳрамон даражасидаги мўмин инсоннинг нафсониятига тегиши шарт. Акс ҳолда унинг мўмин банда эканига одам ишонмай қолади.
Асарда этаги булғанган аёллардан яна бири Шафоат пари образидир. У Теша овчига номусини топшириб қўйиб, сўнгра ўзини умр бўйи севиб, бўйдоқ ўтган Заранг дарозни эслаб, туғилмаган болаларига аза очиб, ўзининг тақдирини қарғаб ўтади.
Мусабек ва гўзал Лобар ҳаётларига ҳам хиёнат аралашган. Бойвачча Мусабек эшигида хизмат қилган Тоғай чиройда тенги йўқ Лобарни Мусабекнинг тулпорига ўнгариб қочиб кетади. Оқибат, қарғиш тегиб Қарчиғай тулпор эгаридан Айригум жарига қулаб, на ўлиб, на тирилиб оҳ чекиб ётади.
Романни ўқиш анчайин оғир. Анчайин эмас, жуда оғир. Каминага йиллик роман ҳисоботига тайёрланиш илтимоси бўлмаганида, эҳтимол бу ишни уддалашим яна оғирроқ кечарди.
Таъкидлайман, аввало ўзимни оддий ўқувчи, адабиёт ихлосманди ўрнига қўйиб кўрдим. Баъзан қаҳрамонлар тақдирларини қидириб тополмадим, ҳеч бўлмаганда бош қаҳрамон Аваздан ажралмай деб қунт ила изладим, айтмоқчи, Зилола қайда қолди, ҳалиям ўша пурча билан ишратини қилиб юрибдимикан, деб қидирдим, аҳён-аҳён бўй кўрсатадию, яна йўқолади. Охирида Аваз унинг висолига етдими – бу ҳам номаълум. Зилола сароб каби йитиб кетади. Ниҳон-чи?
Хўп, у фаришта экан, хоҳ ҳашарот, хоҳ нур ва бошқа шаклларда намоён бўлар, Авазга устоз саналар экан, аслида бу йигитча ундан қайси ҳаёт сабоғини ўрганди: Зилолага эришдими, Шифо дарёсининг манзили ёхуд унга етишмоқ йўллариними?
Жумлалар, гап қурилиши ўқувчини эзиб юборади. Роман бошларидаги бир жумла мени ўйлантирди: “Фақат теганалик китобхўр чўпон – илиги суягини ёриб чиққан Авазбой Норимқул ўғли барисини эслайди ва Лутфилла домлани башоратчи зотлар сафига қўшади”. Аслида домланинг башоратчи экани ҳам мавҳум – у Қурама чўлининг тарихи одамзод тарихи билан баравар деган гапни исботлашга урингану, ҳамқишлоқлари масхарасига қолган, сўнг тамомила “ҳаловатидан айрилиб, тўй-ҳашамга боролмай ва кўча-кўйда юролмай қолади” (Ш.Ю. №8, 13-бет).
Кўча-кўйда эркин юролмай қолиш… эриш туюлади, ортиқча бўрттириш эмасмикан?
Илиги суягини ёриб чиқиш, бу – тамом бошқа нарса. Менимча, у халқимизнинг диний удумга айланган урф-одатлари негизида бориб тақалувчи марҳумнинг “қирқи” маросими билан боғлиқ ҳодиса. Ўзбеклар қирқ кун ичида жасад суяги ёрилиб, илиги тўкилади деган ақидага ҳамон ишонишади. “Илиги суяк ёрди”, “товони ёрилди” деган гаплар айни шу ақидани ифодалайди.
Роман 19 та сайрдан ташкил топган. Хоҳ синчиклаб ўқинг, хоҳ синчикламай, бу сайрлар бир-биридан алоҳида жиҳат билан ажралиб турмайди. Асар динамикаси ҳам шу зайл давом этиб кетаверади.
Ўқувчи дастлабки сайрдаёқ қоқина бошлайди. Буни ўқинг: “Ошиқ ва маъшуқлар йўлдоши бўлган тун наргис мисоли сулув тонг малагини туққан ҳамоно қуйига энар ва бирон дўнгликда нафас ростлар эди…” (17-бет). Қуйи ва дўнглик бир-бирига ёпишармикан?
“Хирмон қоровули қоплон билан битим тузган чумолилар…” (17-бет).
Йиллик романлар муҳокамасига тайёрланиш жараёнида камина даставвал ушбу “Заррадаги олам” романини меҳр билан қўлга олганимни яширмайман. Ҳануз унинг маърифий бир асар бўлганини астойдил эътироф этаман.
Адабиётда, жумладан, романда тимсол, нисбийлик, рамзлар билан кўрсатиш усуллари мавжуд. Бироқ муаллифнинг кайфияти билан қоришиб кетган зерикарли, ланж, ғализ ифода усули ўқувчини обдан қийнаб юборар экан. 31-бетдаги мана бу жумлани қандай тушуниш мумкин: “Теран сукунат қоплаган тиканзор қоқ ўртасини эгаллаган анчайин йирик қабр аёвсиз топталган ва бундан кейин қадду қоматини тиклаши амри маҳол ишонч ҳамда ихлос тимсолига ўхшарди”. Ёки (44-бет): “Хомушлик билан кесиб-кесиб айтилган илмоқли иборалар бот-бот Зилолани эслаётган ва ишқ баъзан ўзини ишқдан маҳрум айлаши тўғри шекилли тарзида мулоҳаза юритаётган Аваз кўксини тиғдай ачитиб тимдалади”.
Мажоз деймиз, ҳайвонлар, нарсалар, қушлар тилидан гапириш бор, лекин уларни ўқувчи онгига етказиб берувчи ёзувчи сўзи қандай бўлиши зарур? Шундай тушунарсиз ифодалар, зўраки жумлалар, ғализ бирикмаларни шу ҳолича китобхонга ҳавола этсак, сўнг у тушунмаса, маъносини чақолмаяпти деб айблашимиз керакми?
Қурама чўли, Чегирма тўқайи, Айригум жари, Шифо дарёси, томирларида Мажид гушна ва у бошлиқ ўғрилар қони оқаётган етти қийғир (қирғий бўлса керак), Олача карвони, Ниҳон, Мусабекнинг таркидунёчилиги, Лобар, Тоғайнинг хиёнати, Шафоат пари – буларнинг барида албатта, рамзийлик яширин. Ёзувчи уларни не ҳасратда топган, қаҳрамонларини шу маконларда жойлаштирган ва табиийки, ўз мақсадларини ифода этмоқчи бўлган. Илон, қуш, най, шамол каби иккинчи даражали “қаҳрамонлар” ҳам маълум бир функцияларга эга. Илон душман кўксини ёрса, най армонлар ифодачиси, шамол тезроқ хабар етказишга хизмат қилади, етти қирғий эса қароқчиларнинг ёвуз хатти-ҳаракатларига чек қўйиш учун қушга айлантирилган.
Халил пурчанинг бир жойда Аваз билан тўқнаш келиши, Тоғайнинг тулпор кўмагида жарга қулаши инобатга олинмаса, асарда душман душманлигича, дўст дўстлигича, яъни бирор-бир драматик ҳолатларсиз, ўз ҳолича қолади.
Ўткир нигоҳли адабиётшуносларимиз наздида, балки бу роман зўр асар деб баҳоланиши мумкиндир, аммо бугунги тезкор замонда ўқувчи бундай жумлалари мураккаб асарни қабул қилиши қийин, деб ҳисоблайман.
Машҳур арман ёзувчиси Грант Матевосяннинг “Месроп” деган ҳикояси бор. Мурод Муҳаммад Дўст уни ўзбек тилига “Музроб” деб ўгирган. Ҳикоя қаҳрамони Музробга дўсти ҳовлиқиб келиб:
– Биласанми, арманлар ер юзида неча йилдан бери яшайди? – деб сўрайди.
– Неча йил бўпти? – дейди Музроб.
– Тўрт минг йил!
– Тўрт минг йил-а, ўҳў, арманлар шунча йиллардан бери зерикиб кетишмадимикин-а? – дея ҳайрон бўлади Музроб.
Ҳар бир арман тўрт минг йилдан яшаётгандай туюлади унга.
Соддалар, албатта, бир-бирларига ўхшаб кетади.
Исажон Султоннинг “Генетик” романидаги соддалар ҳам бундан кам эмас. Уларнинг ҳаётида ўзига хос интизом ва мунтазамлик мавжуд.
Умрини кишилар кўз ўнгида жоҳилона кечирган Убай ака кампири дунёдан ўтганда роман қаҳрамонига ҳасрат қилиб қолади.
“– Холис яхши хотин эди, – деди кейин, ўйланиб. – Индамайгина яшаб, индамайгина ўлди-қолди. Бошқа хотин олсаммикан?
Кўзларига қараб бу ғалати саволни менга эмас, ўзига бераётганини сездим.
– Йўқ, энди бўлмайди, – деди кейин.
– Сизга бир гап айтайми? – деди катта бошини қуйи солинтириб, пиёлада чойни айлантириб.
– Эскиларнинг бир гапи бор: хотинга зуғум ўтказсангиз, қариганингизда ўчини олади. Шунинг-чун бир қаттиқ, бир ширин гапиришингиз керак. Ҳадеб яхши гапираверсангиз, ўзидан кетади, эрим нима десам кўнади деб ҳаволанади. Ҳадеб зуғум қилаверсангиз, тош остидаги майсадай эзилиб кетади, ҳаётдан кўнгли совийди. Мана шу иккаласининг ўртасида бўласиз.
– Укам, мен Холисга кўп зуғум қилдим. Нетайки, тушуниб етганимда у йўқ. Энди яна ўйланиб, шу тутумни тутай десам, барибир Холис бўлармиди?
– Яхшиси, мен ҳам кетаман, – деди бирдан кулимсираб. – Холис ҳозир жаннатда бўлса керак.
Жаннатдаги хотинлар қанақа яшашар экан, билмайман-у… аммо Холисим менга кўзи тўрт бўлиб ўтирганига ақлим етади”.
Камина бу романни танқидий кўз билан ўқишга мажбур эдим. Шу туфайли ҳар бири мустақил ҳикоялардан иборат бўлимлар бир-бирига боғланмаётганига эътибор қаратиб, йўл-йўлакай Дашти қипчоқдан келган сепкилли қиз эсланиб тургани учун бора-бора булар ўртасида севги пайдо бўлиб, хўп саргузаштларга дучор бўлсак керак, деб кутдим. Йўқ, гап бошқа ёқда экан.
Аслида “Убай ака”, “София хола”, “Тешикдошдаги бола”, “Уч чаноқли муҳаббат” сингари ўзлари алоҳида, мустақил ҳикояларни ўқиб, бу ўзи роман бўлгач, ёзувчи охирида уларни улаб чиқишга қурби етмаса керак деб ҳам ўйладим. Охир оқибат роман ҳикоячиси – мен, яъни генетик олим, генетика соҳасида оламшумул кашфиёт қилаётган инсон одам генларни бошқариш механизмини ўйлаб топади ҳамда Тешиктошда топилган саккиз ёшли боланинг суяк ва гавдаси ҳам аслида менинг укам, чунки ҳар хил қиёфада яратилган менинг элим камида миллион йиллик тарихга эга, бу халқдан афзал бошқа тарих йўқ, унинг куч-қудрати ҳар нарсага қодир, деган хулосага келади.
Чиндан ҳам ўзбекона одамохунлиги, бир-бирига қўл-қанот, мусибатда суянч, шодлигида шодланиб юрувчи бебаҳо миллат экани қаҳрамонни суюнтиради.
Бир ёруғ хаёллар, жўн айтганда ширин турмуш қучоғига чорлайди.
Бу романни Исажон Султоннинг навбатдаги ютуғи деб бемалол айтса бўлади. Сабаби, у мағзи тўқ романлари қатори яна бир ўқишли, ўқиганда зерикмайдиган, фикрни чулғовчи, нозик тасвирларга бой, табиий, энг муҳими, нурли истиқболга қониқиш ила етакловчи ажиб бир руҳ билан суғорилган.
Романда ўзига хос баъзи адабий усуллар қўлланилганки, буни эътироф этмаса бўлмайди. Исажоннинг ҳар бир асарида манзаралар, ҳолатлар, гап-сўзлар табиий бир йўсинда, айниқса меъёрида, қуюшқондан чиқилмай тугатилади. Чумоли, асалари, қушлар, отқулоқ, терак, шамолни таърифлай кетса, уларнинг икир-чикирлари ичига кириб боради ва сизни ҳам етаклаб кетади. Ғўза, деҳқон, кундалик юмуш ҳақида ҳам эринмай, бир-бир, худди одамнинг иш куни жадвалини уқтираётгандай кетаверади ва бирдан… шўх болаларнинг бир-бирига кесатиши, илмоқ ташлаши қизиқ баён этилади. Жуда жонли, беихтиёр куласиз. Мисол учун йигитнинг ўз жўрасига қиз боланинг номига мурожаати қилиб савол ташлаши, қизнинг эса йигитга аталган мурожаати қиз болага зарда билан сўзлаши, жавоблар, киноялар, мот қилишлар… ёки қиз бола билан дугонаси ёнидагилар тушуниб қолмаслиги учун шифрлар орқали, яъни унли ҳарфлардан сўнг ундош ҳарф киритиб сўзлайдики, тамом бошқа тилга айлантиради.
Булар, албатта, болаликнинг шўхликлари. Киши улғайганда уларни батафсил эслаши қийин. Исажон эса уни нафақат эслайди, таъсирчан бир ифодага айлантирган.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йил, 6-7-сонларида истеъдодли ёзувчи Нодир Норматовнинг “Зулайҳо дарахти” романи эълон қилинган. Роман одамийлик, лафз ва севги ҳақида.
Афғон урушининг дастлабки йилларида тақдир тақозоси билан бир қишлоқлик Зулфиқор ва Янгибой, гарчи йигитлик вақтлари ўтган бўлса-да, мажбуран ҳайдовчи сифатида урушга жалб этилади. Кунларнинг бирида, тоғ қишлоғи атрофида мужоҳидлар ортидан юрган бу одамлар обдан чанқаб қолиб сув қидиришади. Тўсатдан Зулфиқор олма ҳидини пайқаб қолади. Осмонда бир каптар пайдо бўлиб, қўниб ерда юриб, гўё буларни ортидан эргаштиради. Шу асно яқин орада сувнинг жилдираши эшитилади. Бироқ Зулфиқорга бу эмас, олманинг ҳиди кўпроқ сезилади. Оқибат каптар уларни яраланиб ётган кўҳлик афғон аёли томон бошлаб боради.
Икки йигитнинг ўзбек эканини билиб, аёл уларни ёнига чорлайди. Шўролар унинг ота-онаси, эри ва қизини осмондан бомбардимон қилишгани, энди дунёда яшашнинг қизиғи қолмагани, шу боис уларга васият қилмоқчи эканини айтади.
Аёлнинг исми Зулайҳо. Унинг уйи портлатилганда уйи ёнидаги жоноқи, тарам-тарам бўлиб пишувчи олма дарахти ҳам таг илдизи билан қўпорилиб тушади. Энди аёлнинг илинжи – ҳеч бўлмаганда бир вақтлар бобоси Самарқанддан уруғини олиб келиб эккан олма уруғини тағин ота юртига обориб экиш, кўкартириш, ҳосилга кирганда эгаси уруғ эгаларини ёд этиб, Қуръон тиловати билан уларни дуо қилиш экан. Унинг илтимосига кўра Зулфиқор беш дона олма узиб олади. Кейин аёлнинг шартига кўра нарига кетишади. Дунёда бирон илинжи қолмаган Зулайҳо қўлидаги граната залпини суғуриб ўзини портлатиб тилка-пора қилади. Мана шу портлашда Зулфиқор оёғидан яраланади. Госпиталдан уйига қайтади. Хандаққа кўмилган олма эсига тушган вақтда у тўсатдан восвос касалига чалинган эди. Ҳатто маст бўлиб, ҳовлисидаги дарахтга чилвир боғлаб ўзини осмоқчи бўлганида, кимдир чилвирни кесади ёки чилвир узилиб тушади.
Лекин не тонгки, ўша олма, ўша Зулайҳони эслаб олма уруғларини кўкартиришга тушганида восвос касаллигидан фориғ бўлади. Зулайҳо олмалари ҳосилга киради, ундан кўплар баҳраманд бўлади. Орада суюкли хотини Интизор дунёдан ўтади. Шундан сўнг Зулфиқор олмаларга кўпроқ боғланиб қолади. Бир гал ҳосил бермаганида ўғли Нурсоат уни санаторийга жўнатиб, қайтиб келгунича олмаларни таг-туги билан суғуриб, бизнес қилиш, яъни Россияга нос жўнатиш мақсадида ўрнига тамаки экиб юборади… Хуллас, бош қаҳрамон олма дарахтини кўкартириш билан боғлиқ талайгина мушкулликларни енгиб ўтади.
Асарда драматик ўринлар талайгина. Интизор ва Зулфиқорнинг тинч ҳаёти, Интизорнинг ўта вафодорлиги, эрининг чапани қилиқларига тишини босиб чидаши, барибир уни яхши кўриши, тоғда неварасига мумиё келтираман деб чўққига чиққанида эрининг йиқилиб жароҳат олиши, сўнг ўзи қишлоққа келиб дўхтир олиб бориб уни қутқариши, ўзи зотилжамга чалиниши, эрини Гулқоров деган каттакон урушга жўнатиб юборгани, охири ўзи соғайдим деганда барибир ўша дарддан фориғ бўлолмай дунёдан кўз юмиши…
Асар юз йиллик ришталар, бирор жон, бирор эзгу ният, улуғ лафз бу дунёда изсиз кетмаслиги ҳақида. Ўйлайманки, роман мароқ билан ўқилади.
Иқтидорли адиб Сойим Исҳоқнинг Ғафур Ғулом нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан чоп этилган “Қиёматга қолмаган қасос” романи адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлди деб айтиш мумкин.
Ўзининг “Кўклам адоғида куз”, “Осмон устуни”, “Юлдузлар кўкда сўнади” каби қатор йирик асарлари билан адабий жамоатчилик эътиборига тушган бу ёзувчимиз мазкур романида ҳам адабиётнинг анъанавий тамойилларига содиқ қолган. “Қиёматга қолмаган қасос” тарихий-детектив жанрда битилган. Унда XVIII асрда Бухоро амирлигида рўй берган воқеалар қаламга олинади. Роман бош қаҳрамони – Шунқорбек. Камтарин, меҳнаткаш, илмга ташна йигит. У мадрасани аъло баҳолар билан битиради. Ўзидаги юксак хислатлар билан шаҳзоданинг назарига тушади. Шунқорбекнинг болаликдан бирга ўсган, мадрасада ҳамсабоқ бўлган дўсти Абдулборига унинг ютуқлари ёқмайди. Кўнглида ҳасад ўти аланга олади. Абдулбори ўз отаси билан тил бириктириб Шунқорбекни заҳарлайди. Сойим Исҳоқнинг “Қиёматга қолмаган қасос” романи худди шундай драматик воқеалар билан бошланади ва у асарнинг сўнгги саҳифаларигача давом этади. Роман тили ширали, тасвирлар тиниқ ва жонли, ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир персонаж ўз характери, ўз хусусияти билан яққол кўринади. Мазкур роман гарчанд детектив жанрда битилган бўлса-да, Сойим Исҳоқ, биз шу тоифадаги асарларда кўриниб қолгандек, воқеалар кетидан қувмайди. Аксинча, ўша давр, ўша муҳит манзараларини кенг кўламда, таъсирчан бадиий бўёқларда кўрсатади. Шунинг баробарида, биз мутолаа жараёнида Сойим Исҳоқнинг етук тарихчи, элшунос, географ сифатида ҳам кашф этамиз. Ёзувчи ушбу асарида ўша пайтлар Бухоро амирлиги ҳудудида истиқомат қилган турли эл-элат, уруғлар ҳаёти, улар ўртасидаги низолар, келишувлар ҳақида ҳам мароқли ҳикоя қилади. “Қиёматга қолмаган қасос”да тарихий тил, тафаккур ҳам маромида ифодаланган. Сойим Исҳоқнинг “Қиёматга қолмаган қасос” романи муҳтарам китобсеварлар учун муносиб туҳфа бўлганига шубҳа йўқ.
Йиллик роман муҳокамалари ҳар йили ўтказилади. Эътироф, тавсиф, талқин, мунозаралар билдирилади. Лекин йилда бир марта атиги икки-уч соатлик наср муҳокамасида тўлақонли фикрлар изҳор этилиши, муҳокама тортишувларга айланиб кетиши қийин. Агар зарурат бўлса, мисол учун оғизга тушгулик бирор асар яратилса, кечиктирмай унинг тақдимоти ўтказилса, жамоатчилик назарига қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Аксарият оқсоқол адибларимиз отахон журнал ҳисобланмиш “Шарқ юлдузи”да йирик эпик асарларини чоп этишни исташади. Вақти келганда ўшандай асарларни ҳам журнал таҳририяти томонидан тақдимоти бўлиб турса, адабий муҳит жонланишига хизмат қилса керак, деб ўйлайман.

Собир ЎНАР