ҲИНДИСТОН МАЛИКАСИ

Назм

(“Рамаяна” эпоси мотивлари асосида)

Тўрт парда, ўн бир кўринишли (пролог ва эпилогли)
тарихий драма

Иштирок этувчилар

Дашаратҳа – Ҳиндистондаги Кўшала мамлакати подшоси.
Рама – подшонинг тўнғич ўғли, валиаҳд шаҳзода, паҳлавон йигит.
Сита хоним – соҳибжамол қиз, Ҳиндистон маликаси, подшо келини.
Бҳарат – подшонинг ўртанча ўғли.
Лакшман – подшонинг кенжа ўғилларидан бири.
Ковшаля хоним – улуғ малика, подшо хотини, Раманинг онаси.
Кайкейи хоним – подшонинг ўртанча хотини, Бҳаратнинг онаси.
Сумитра хоним – подшонинг кенжа хотини, Лакшманнинг онаси.
Монтҳра – Кайкейи хонимнинг оқсочи, букур оқсоч хотин, фитначи аёл.
Жонак – Митҳила мамлакати подшоси.
Равана – Ланка мамлакати подшоси. Девдай паҳлавон.
Шурпанокҳа – Равананинг синглиси, бадбашара аёл.
Сугрива – Кишкиндҳа мамлакати подшоси.
Ҳанумон – Кишкиндҳа мамлакатидан, тусини ўзгартира оладиган жасур ва ботир маймун (тимсоли).
Вибхишон – Равананинг укаси, оқил йигит, кейинчалик Раманинг дўсти.
Гуҳа – Нишодлар мамлакати подшоси.

Сарой аъёнлари, браҳманлар, кшатрийлар, мулозимлар, саркардалар, ҳудай­чилар, ҳарам маликалари, раққосалар, машшоқлар, маддоҳлар, жориялар, аскарлар, хизматчилар, оддий халқ вакиллари.

Воқеа милоддан олдинги IV асрда Ҳиндистонда бўлиб ўтади.

Пролог

(Парда олдида)

1-ҳудайчи

(Ўнг томондан кириб келади)

Одамлару одамлар!
Боғда битган бодомлар!
Эшитмадим деманглар!
Сира ҳам кам бўлманглар!
Бугун Митҳилада каттакон байрам!
Митҳила подшоси қудратли Жонак
Овоза солмишдир жумла жаҳонга:
Якка-ёлғиз қизи Сита ҳурлиқо
Балоғат ёшига қадам қўйибди.
Энди ўз тенгини тилар ул пари…
Энди унга лозим ақли расо ёр.
Бошланар куёвлар мусобақаси,
Келмиш Ҳиндистоннинг зўр йигитлари,
Паҳлавонлар келмиш жумла жаҳондан…

2-ҳудайчи
(Чап томондан кириб келади)

Одамлару одамлар!
Боғда битган бодомлар!
Эшитмадим деманглар!
Сира ҳам кам бўлманглар!
Бугун Митҳилада каттакон байрам,
Бир чертса тоғни ҳам учирмоққа шай,
Ўзига ишонган, манаман деган
Йигитлар жонини тикиб майдонда
Сита қўлин сўрар, ёр бўлмоқ истар
Тенги йўқ дилрабо соҳибжамолга!
Таърифин келтирсам малак санамни:
Юзлари ой мисол, кўзлари гавҳар,
Беллари чилвирда тортгандай нозик,
Бодом қобоқли-ю юпқа дудоқли,
Башар боласимас, пари сиёқли,
Кўксида яширган қўш каптари бор,
Каптарни тутмоққа минглар интизор…
Интизорлар бугун бунда келибди.
Ҳар бири ўзини лойиқ билибди,
Билиб, майдон ичра мағрур юрибди.
Келмиш Ҳиндистоннинг зўр йигитлари,
Паҳлавонлар жамдир жумла жаҳондан…

1-ҳудайчи

Кўшала тахтига валиаҳд эрур
Рагҳу авлодидан Рама паҳлавон!
У шундай пурқудрат, қадам ташласа,
Ерлар зириллайди, тоғлар титрайди,
Тоғлар титрайди-ю ер зириллайди…

2-ҳудайчи

Ланка салтанатин соҳибфармони
Равана, девдир ул, душманга офат!
Ўнта боши бордир, йигирма қўли,
Номидан даҳшатга тушади ёвлар,
Ёвларга сичқоннинг ини минг танга!

1-ҳудайчи

Нишодлар подшоси Гуҳа шерюрак,
Қаҳридан девлар ҳам қўрқиб туради!
Ҳали юрак ютиб бирон бир кимса
Ерга теккизганмас унинг курагин!

2-ҳудайчи

Кишкиндҳа подшоси Сугрива ёвқур
Талабгор излаган фил каби қайсар!
Агар палахмондан тош отса, тамом
Мустаҳкам қаср ҳам бўлар чилпарчин!

1-ҳудайчи

Ана баҳодирлар саф тортган мағрур,
Ганга дарёсининг нарги ёғидан…
Дондак ўрмонининг берги ёғидан…

2-ҳудайчи

Тамоса дарёсин у тарафидан,
Амравотий, Алок шаҳридан келган
Шерлар кўкрак кериб юрар мардона!

1-ҳудайчи

Митҳила юртидан, Балх шаҳридан ҳам
Гердайган, пурвиқор паҳлавонлар жам!

2-ҳудайчи

Паҳлавонлар жамдир Ҳимолай тоғдан…
Тарамастха – Термиз, Хоразм ёқдан!

1-ҳудайчи

Барчаси саф тортиб, шимариб билак
Майдонга тушмоққа интиқ, жонсарак!

2-ҳудайчи

Бари гўзал Сита қўлин сўрайди!

1-ҳудайчи

Фақат гўзал Сита қўлин сўрайди!..

Иккиси

Фақат гўзал Сита қўлин сўрайди!

(Икки ёққа чиқиб кетадилар.)

Парда

Биринчи парда

1-кўриниш

Митҳила подшосининг шоҳона саройи олдидаги майдон. Ўртада яздон Шиванинг хушбўй сандал иси анқиган, гулларга чулғанган баҳайбат камалак-ёйи. Ўнг томонда Митҳила маликаси Сита хоним қўлини сўраб талабгор бўлиб турли мамлакатлардан келган шаҳзода ва паҳлавонлар саф тортган. Чап томонда сарой аъён­лари, Браҳманлар, кшатрийлар, мулозимлар, лашкарбошилар, сипоҳлар, машшоқ­лар. Муси­қа янграйди. Саройнинг иккинчи ошёнаси деразаларидан бирида куёвлар белла­шувини томоша қилишга чиққан соҳибжамол Сита хоним ярақлаган либосларда кўринади. Бошқа деразаларни безаниб-ясанган сарой маликалари эгаллаган. Ҳамма ҳаяжонда. Одамлар у ёқдан-бу ёққа ўтиб туради. Ноғоралар садоси эшитилади.
Мулозим

Митҳила подшоси олампаноҳ Жонак подшо ташриф буюради-ла-а-ар!…

Жонак

(Саройдан мағрур чиқиб келади)

Узоқ йиллар юртда подшоҳлик қилдим,
Сурдим давру даврон бир подшога хос.
Бирон нимарсадан камлик жойим йўқ,
Дастим фалакларга етар истасам.
Бир замонлар Шива, қаҳҳори олам
Ўзининг илоҳий камалак-ёйин
Еттинчи бобомга айлабди туҳфа,
Шундоқ ул бобомни азиз кўрибди,
Шундан бери мана ётар майдонда…
Каттаю кичикка, ўтган-кетганга
Маҳодева ёйи даҳшатлар солар
На биров кўтариб ўқ ота олар,
На биров жойидан қўзғата олар…

Тирноққа зор ўтдим, ҳайҳотки, ўзим,
Бефарзандлик мағрур қаддимни букди,
Бошимни хам этди подшолар ичра,
Жаҳон айвонида изо тортдим мен.
Бир кун бола тилаб йиғлаб-ёлбордим,
Худоларга қилдим зори тавалло.
Менга ҳам фарзанд бер, фарзанд ато эт,
Ноламга қулоқ сол, оҳ-додимга ет!
Хизматимни қилсин ўғилми ё қиз,
Одамдай ортимда қолдирайин из…
Шундай деб, дилимдан учди нолалар,
Ва бир кун қурбонлик айладим саҳар,
Муқаддас омоч-ла ер ҳайдадим-да,
Эзгу ният билан олдим эгатлар…
Мўъжиза юз берди шунда ногаҳон:
Эгатдан чиқди бир ҳурилиқо қиз!
Ҳайратдан кўзимга ишонмай қолдим,
Наҳотки, фарзандлик бўлдим мен, наҳот?
Уни сўнг ўзимга қиз қилиб олдим,
“Сита”, яъни “Эгат” дея қўйдим от…

Ўша Сита қизим етди камолга,
Бутун Ҳиндистоннинг гул маликаси,
Дунёга бергисиз қиз бўлди энди
Ҳуснига тикилиб тўймайман сира,
Онаси пўпалаб бўлар парвона…
Энди тўй бошлайман, қизим тўйини,
Дастурхон ёзаман эл-юрт олдига.
Қадимлардан қолган урф-одатлар бор,
Куёв бўлайин деб талпинган мардлар
Беллашурлар ёрга етишмоқ учун,
Ўзим қатнашганман шундай баҳсларда,
Енгиб, маликалар илгин тутганман…
Кимки ботир бўлса, довюрак, жасур,
Унга насиб этган гўзал раънолар!
Эй мард баҳодирлар, қулоқ берингиз!
Кимки адо этса ушбу шартимни,
Қай мардки Шиванинг камалак-ёйин
Ўрнидан қўзғатса, тор боғлай олса,
Шундай жасоратни этса намоён,
Тан бериб эл-юртнинг кўзи олдида
Ўшани тақдирлаб Ситанинг ўзи
Зафар гултожини осар бўйнига!
Ўшаники бўлур Сита – гул қизим!..

Лашкарбошилар

Шон-шараф муборак Жонак подшога!
Жонак подшо умри бардавом бўлсин!

Сурон кўтарилади. Атрофда “Бардавом бўлсин!”, “Бардавом бўлсин!” деган овозлар.Талабгорлар беихтиёр бир қадам олдинга чиқиб кетганларини билмай қоладилар. Уларнинг ичида Равана, Сугрива, Гуҳа ажралиб туришади. Рама жойидан қимирламайди.

Равана

(Сита хонимга мағрур боқиб)

Гўзал ҳурлиқога биз-да, харидор,
Митҳила малаги бизники бўлур!
Зафар гултожин ҳам, шубҳасиз, бизнинг
Қудратли бўйнимиз кутиб турибди…

(кибру ҳаво билан атрофга кўз ташлаб)

Ҳайронман, ўзгалар не истаюрлар,
Адашиб келмишлар бу ерга аён.
Келмишлар калтак еб, бурнин қонатиб,
Кулгига қолишни ўйламаганлар!
Хо-хо-хо!.. (Кулади.)

Гуҳа

(олдинга чиқиб)

Ҳей, сал ўзингни бос, паҳлавон йигит,
Бемаврид осмони фалакда учма!
Ҳали ким калтак ер, калтак егизар,
Ёлғиз тангриларга аёндир бу сир.

Сугрива

(хотиржам)

Ўҳ-ҳў, зап ботирлар бунда йиғилмиш!
Сизларга кенгашим: курашинг икков,
Муштлашинг, талашинг, тишлашинг роса,
Ким ғолиб чиқса, ул келсин қошимга!

Ганга дарёсининг нариги ёғидан келган паҳлавон

(ўртага чиқиб)

Қани кўрсатингиз менга ўшани,
Кимнинг бурни экан, қонай деб турган?

Тамоса дарёсининг бериги ёғидан келган паҳлавон

(таҳдидли)

Жонидан тўйганлар бор бўлса, айтинг!
Кўпдан ўзи қўлим қичиб юрибди…

Ҳиндистоннинг жанубидан келган паҳлавон

Ким бўлса ҳам чиқсин, тайёрман бунда..

Ҳиндистоннинг шарқидан келган паҳлавон

(кўкрак кериб)

Адашманг, сиз кутган паҳлавон менман!

Бошқа талабгорлар ҳам шовқин кўтарадилар. “Кўрсатиб қўяман!”, “Мени бил­май­диганлар ҳам бор эканми?..”, “Кичкина деманг бизни!..”, “Ким мени сўраётган? Бу ёқдаман!”, “Бундай ўпкаларни кўп кўрдик!..” деган овозлар. Паҳлавонлар кўкрак кериб у ёқдан-бу ёққа юрадилар.

Равана

(талабгорларга калондимоғлик билан боқиб)

Ҳар кимнинг ишимас ёйни кўтармоқ,
Унга тор боғламоқ – ўйин эмас бу!
Ҳай-ҳай, Маҳодева камалаги-я!
Зўрға кўтарарди Шива ўзи ҳам!

(Рамани кўрсатиб)

Бу иш мушкуллигин англади Рама,
Жойидан қилт этмай турибди ана,
Ўз ҳаддини билиб кўкрак кермайди,
Ёйни кўтарай деб уринмайдиям,
Беҳуда бақириб-чақирмайдиям.
Билади-да, кучи етмайди тамом!
Ундан ибрат олинг, чиранманг бекор!

Рама

(жилмайиб)

Иш қилмай мақтанмоқ инсофдан эмас,
Бу йўлдан юрмагай оқил донолар.
Катта баҳо берса кимки ўзига,
Шаксиз нодонлигин айлагай кўз-кўз!
Аввал мард ишин қил, ўзингни кўрсат,
Элу юрт тан берсин шижоатингга!
Кибру ҳавога-чи берилма асло,
Кун келиб, бошингни ерларга эгар.

Сугрива

Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил!
Ҳа, ерга эгилиб қолмасин бошинг?

Равана
(қаҳ-қаҳ отиб)

Хо-хо, маслаҳатинг ўзингга сийлов,
Олиб қўй, бир куни керак бўлади.
Йигирма қўлим бор, ўнта бошим бор,
Биттаси эгилса нима қилипти?..
Э… э… сизлар билан пайчакилашиб,
Ўлтирмоққа ҳечам фурсат йўқ менда!
Кимлигимни энди кўрсатиб қўяй,
Маҳодева ёйин борай ёнига,
Жонимни койитмай-сойитмай сира,
Жимжилоғим билан кўтарай осон,
Тор боғлаб, барчани қолдирай қойил,
Сўнг эса кўзингиз куйдириб, боплаб
Зафар гултожини осай бўйнимга,
Илгидан тутайин Сита хонимнинг!
Бутун Ҳиндистонга довруқ солайин!

(хохолайди)

Гуҳа

(ёй олдига йўналиб)

Мен боғлайман торни Шива ёйига!
Кўрсатиб қўяман сенга кучимни!..

Равана

(писандсизлик билан)

Тўхта, ҳай болакай, шарманда бўлма,
Қўлдан келмайдиган ишга уриниб…
Ёлғиз боласисан отагинангни,
Ёлғиз эркасисан онагинангнинг…
У-бу жойинг лат еб қолмасин тағин?
Ёйга тор боғламоқ – эркаклар иши!
Эркаклар ишига аралашма сен!

Равана ёй томонга қараб юради. “Чатоқ бўлди, Сита хонимни энди у олиб кетади!”, “Оҳ, ёйни кўтара олмасайди!”, “Шарманда бўлсайди!..” деган овозлар. Ноғора садолари, одамларнинг овозлари – бари тинади. Сукунат чўкади. Равана мағрур ва бепарво камалак-ёйга яқинлашади. Камалакни кўтариб олгани қўл чўзади, аммо кучи етмайди. Равана энди икки қўллаб камалакка ёпишади. Ҳамма ҳаяжонда. Дев чираниб қайта-қайта уринса ҳам, сеҳрли камалакни жойидан қўзғатолмайди. Одамлар ҳанг-манг бўлиб қоладилар. Сурон кўтарилади. “Ўл-а, ҳолинг шу экан-ку!..”, “Кўтаролмади! Кўтаролмади!”, “Шарманда бўлди! Шарманда бўлди!” деган овозлар эшитилади. Равана яна бир уриниб кўради, иш чиқмагач, таажжубда ортга чекина бошлайди.

Гуҳа

(масхара қилиб)

Бутун Ҳиндистонга довруғинг кетди!..
У-бу жойинг тағин лат емадими,
Қўлдан келмайдиган ишга уриниб?..
Отангни бирдан-бир арзандасисан,
Соғ-омон етиб ол онангникига!
Ёйга тор боғламоқ – эркаклар иши!..
Эркаклар ишига аралашма сен!

(Қаттиқ кулги кўтарилади).

Равана бошини эгганча ҳеч кимга қарамай ортга тисарилади ва бир четда қолган­ларни кузатади. Майдонга бирма-бир куёвлар туша бошлайдилар. Ҳар бир талаб­гор камалак-ёйга дадил боради, аммо кўтара олмай боши эгик Равананинг ёнига қайтади. Сурон садоси. “Ана, ана, кўтарди… Кўтар! Кўтар!…”, “О, бечора!..”, “Жойи­дан қимирлатолмади!..” сингари овозлар эшитилади. Жонак подшо барига ачи­­­ниб қараб туради, Сита хоним “куёвлар” ҳаракатларини жим кузатади… Лашкар­бошилар хохолаб куладилар.

Жонак

Раҳму шафқат қилинг, тангрилар, ҳайҳот!
Гул қизимга куёв топилмас наҳот?
Ўзим ёлғиз эдим, бефарзанд, бепушт,
Энди гул қизим ҳам ўтарми ёлғиз?
Наҳотки, қизимга бир тенг топилмас,
Юрарманми элда тағин бошим хам?..

(Рамага мурожаат қилиб)

Ахир ярашурми бир четда турмоқ
Сендай Кўшаланинг шаҳзодасига?
Беллашувдан чўчиб ўлтирибсанму?
Манов паҳлавонлар маҳобатидан,
Ортиқча лоф, сўзу сиёсатидан
Юрагингга қўрқув тушдими ёки?
Қўрқма, синаб кўргин, сен ҳам кучингни,
Жаҳд айлаб келдинг-ку, ноумид қайтма!..

Рама

Кўрсинлар, деб имкон бердим барига,
Сабр-қаноат-ла бир четда турдим.
Энди навбат менга етиб келибди.
Шива камалаги менга чўт эмас,
Кўтариб оламан ўйинчоқ мисол,
Тор боғлаб бераман икки учига!

Равана

(мазах қилиб)

Тор боғлаб берармиш икки учига!..
Кўтариб олармиш ўйинчоқ мисол!..
Қўли камалакка тегиши билан,
Шармандаси чиқар Раманинг шаксиз!
Эшаклар ҳанграгай, маймунлар кулгай!..

Бошқа талабгор

(пичингли)

Нодир камалак бу, Шиванинг ёйи,
Синдириб қўймагин, ҳай, эҳтиёт бўл!

 

2-талабгор
(мазахли)

Ерга раҳминг келсин, сал секинроқ юр,
Ҳали ер ҳаммага керак бўлади…

(Кулги овозлари эшитилади).

Рама мазахли гапларга эътибор бермай, виқор билан Шива камалагига яқинлашади. Камалакни даст кўтариб боши узра тутади ва саҳнани айланиб чиқади! Ҳамма ҳайқириб юборади. Жонак подшо қувончдан ўзини қўйгани жой тополмайди. Сита хоним ўрнидан туриб кетади. Равана ва бошқа куёвлар анграйиб қоладилар. Сурон тинмайди. Ниҳоят, Рама саҳна ўртасида тўхтайди, камалакнинг икки учини таранг қилиб тор боғлайди. Шу палла қарсиллаган овоз эшитилади. Камалак эгилганидан Раманинг қўлида синиб кетади. Ҳамма даҳшатга тушади.

Овозлар

– Ана куч, ана қудрат!
– Ёй синиб кетди-я! Ёй синиб кетди!
– Ушалади Жонак подшо орзуси!
– Шу бўлади Сита хоним куёви!
– Рама бўлур Сита хонимга куёв!
– Рама! Рама!..
– Рама! Рама!..

Равана

(четга, алам билан)

Омад сенга кулиб боқди бу сафар,
Қўлимдан ҳеч нарса келмади, аттанг.
Ҳа, майли, дунёнинг иши чархпалак,
Ҳар нарса жавоби бордир дунёда…

Жонак

(Рамага қойил қолиб)

Тасанно, Кўшала шаҳзодасига,
Паҳлавон ўғлонга шарафлар бўлсин!

(Одамларга қараб)

Тингланг, эй халойиқ! Ўзингиз гувоҳ,
Барча талабгорлар ичида фақат
Рама адо этди қўйилган шартни,
Маҳодева ёйин кўтарди азод!
Назар-писанд қилмай кўтара олди,
Тор боғлай деганда сирли камалак
Дош бера олмасдан синди қарсиллаб,
Нақ фалакни тутди синган овози!
Бас, Рама Ситанинг қайлиғи бўлгай,
Якка-ю ёлғизим жуфти ҳалоли!
Рама – Сита учун муносиб бир ёр,
Сита – Рама учун суюкли дилдор!
Қизим гар ёр бўлса Буюк Рамага,
Наслим шонга буркар то охир замон!

Сита хоним қўлида гулчамбар билан саройдан чиқиб келади ва суронлар остида Раманинг бўйнига осади. Кейин таъзим қилиб ортига чекинади.

Жонак

(четга)

Хайрият топилди лойиқ бир куёв,
Сита дилбандимга, гулдай қизимга…
Энди мен ҳам бошим кўтариб баланд,
Мағрур юражакман подшолар ичра!

(Мулозимларга)

Бутун мамлакатга билдиринг тамом,
Митҳила юртида бошлансин тўйлар!
Бутун Ҳиндистонга кетсин довруғи!
Ўчоққа осилсин катта қозонлар,
Машшоқлар хуррамлик куйини чалсин,
Уч кун хазинани очиб қўйингиз,
Фақиру мискинлар, етим-есирлар,
Авом халқ, эл, мардум кирсин малолсиз,
Қўлга не илинса олсин барини,
Бари қизим учун бошдан садақа!
Кўшала юртига йўллангиз чопар,
Донгли Дашаратҳа, мустаҳиқ подшо,
Раманинг қудратли валинеъмати,
Оқила мўътабар Ковшаля хоним,
Раманинг табаррук онаизори, –
Тўйга таклиф этинг бари, барини!
Айтинг, Рама ғолиб чиқди курашда,
Лол қолдириб барча талабгорларни,
Шаҳту шижоатин этди намоён.
Ҳиндистоннинг дури якто малаги
Зафар гултожини осди бўйнига!
Мен ўғиллик бўлдим, улар-чи – қизлик!
Шону шарафларга бўлдик муносиб!..

Мусиқа янграйди, ўйин-кулги, рақс бошланади “Муборак бўлсин!”, “Қутлуғ бўлсин!” деган овозлар янграйди.

Парда

2-кўриниш

Айўдҳия шаҳри. Подшо Дашаратҳа саройи. Шодиёна куй янграб туради. Саҳна­да ҳеч ким кўринмайди. Сарой безаб ясатилган, Митҳила юртидан қайтишаётган подшо Дашаратҳа, шаҳзода Рама ва Сита хонимларни кутиб олиш тантаналарига тайёргарлик катта эканлиги сезилади. Аста-секин саҳна одамларга тўла боради. Браҳманлар, кшатрийлар, мулозимлар, сарой аъёнлари, аркони давлат, лашкарбошилар тараддудда у ёқдан-бу ёққа юрадилар. Айланиб юришган ясанган маликалар Ковшаля хоним, Кайкейи хоним, Сумитра хоним, жориялар саҳнанинг олдироғига чиқиб келадилар. Кайкейининг оқсочи Монтҳра ҳам шу ерда.

Кайкейи хоним

(Ковшаля хонимга)

Келин қутлуғ бўлсин, улуғ эгачи!
Пойқадами қутлуғ келсин, илоҳо!

Жориялар

Пойқадами қутлуғ келсин, илоҳо!

Кайкейи хоним

(ўпка қилиб)

Тўйга бормадингиз ўзингиз нечун?
Биз ҳам қолиб кетдик, сизга ишониб…

Сумитра хоним

Гўзал келин қутлуғ бўлсин, маликам!
Пошшоликка қуту барака келсин!

Жориялар

Пошшоликка қуту барака келсин!

Сумитра хоним

Менда ҳам бормоққа бор эди умид,
Рақсларга тушмоқни орзу қилгандим …

(таъзим этади)

Монтҳра

Сита хонадони бой, тегли-тахтли,
Шаҳсувор Рамани айласин бахтли!
Хафа бўлмангизлар, тўйсиз қолдик деб,
Энди бўлади-да, тўйнинг каттаси!
Дабдабали тўйдан ҳайрон қоласиз,
Хўп қўшиқ айтасиз, ўйнаб куласиз…

Ковшаля хоним

(мамнун)

Айтганингиз келсин! Рама ва Сита
Узоқ йиллар сурсин давру давронлар!
Монтҳра рост айтди, бўлар катта тўй,
Олис-яқинлардан келар меҳмонлар,
Бҳарат, Шатругҳна, Лакшманлар ҳам
Ҳурлиқо қизларга уйланадурлар,
Ака-укаларнинг донгли тўйлари
Бор Ҳиндистон аҳлин қойил қилади!

Жориялар

Ака-укаларнинг донгли тўйлари
Ҳиндистон аҳлини қойил қилади!..

Маликалар саҳна айланиб кетадилар. Шошилганча Мулозим киради.

Мулозим

(тантанали)

Кўшала подшоси , олампаноҳ зот,
Буюк Дашаратҳа, порлоқюз рожа,
Шаън-шавкатли ўғлон шаҳзода Рама
Соҳибжамол Сита малика билан
Митҳила юртидан қайтаркан хушнуд,
Яқинлашар сарой дарвозасига-а-а!..

Ҳамма ҳаяжонга тушади. Маликалар: “Вой, кутиб олайлик!”, “Йўлларига чиқайлик!”, “Тезроқ! Тезроқ!” дейишганча ташқарига йўналадилар. Мулозимлар, саркардалар ҳам дарвозага чиқадилар. Саҳна бўш қолади. Ташқаридан Дашаратҳа, Рама ва Сита хонимни кутиб олаётганлари сурони эшитилиб туради. Подшо Дашаратҳа билан малика Ковшаля хоним Рама ва Сита хонимларнинг икки ёнида, изма-из бошқа маликалар саҳнага кириб келадилар. Сита маликаларнинг оёқларига таъзим қилиб бирма-бир кўришиб чиқади. Маликалар, мулозимлар, лашкарбошилар подшо Дашаратҳага яна таъзим бажо айлайдилар.

Браҳманлар

Келин қутлуғ бўлсин, подшойи олам!

Кшатрийлар

Қутлуғ бўлсин! Қутлуғ бўлсин!

Маликалар

Улуғ рожамизга тилаймиз умр!
Гўзал келинимиз муборак бўлсин!

Жориялар

Гўзал келинимиз муборак бўлсин!

Дашаратҳа

(мамнун)

Тангрилар тилагим айлади бажо,
Рамадай ўғилни этди бахшида.
Ортидан Бҳарат ўғлим туғилди,
Лакшман, Шатругҳна – оқил фарзандлар.
Агар мен тан бўлсам, тўрт қўлдай улар,
Агар дарё бўлсам, тўрт ирмоқ улар.
Рама – тўнғич ўғлим суянчим менинг,
У ведани сувдай ичиб юборган,
Ҳар ишга киришар тиниқ идрок-ла,
Бадсўзликдан йироқ, боодоб, ўктам,
Ота-онасига меҳрибон йигит,
Эл унинг ақлига таҳсин ўқийди.
Уч олам ичида маълум-машҳур ул.
Олис Митҳилада ғолиб чиқди-да,
Ота шуҳратига қўшди шуҳратлар.
Не-не донғи кетган ботирлар аро,
Аждарҳо сингари офатлар аро
Уларнинг беаёв чангалларидан
Нозик-ниҳол гулни тортиб ололди,
Шод этди падари бузрукворини!..
Митҳила юртидан тўйнинг довруғи
Учта оламга ҳам ёйилди тамом:
Осмонга – яздонлар оламига ҳам,
Заминга – инсонлар оламига ҳам,
Ер таги – Потала деб аталгувчи
Асурлар, инс-жинс, дев оламига ҳам!
Кўрдим Рама ўғлим жуфти ҳалолин,
Ардоқли келиним гўзал Ситани,
Худди зар узукка кўз қўйган мисол
Рамага муносиб соҳибжамол қиз!

Ковшаля хоним

(мақтаниб)

Ситанинг сепини кўрингиз, бай-бай,
Ҳали бундай сепни кўрмовдим рости,
Тўкиб ташлабди-е Жонак подшо ҳам,
Ёлғиз қизи учун аямабди ҳеч.
Турфа хил тилло-ю кумуш идишлар,
Дуру забаржадлар, олмос гавҳарлар,
Кумуш камарлару зар тақинчоқлар,
Бағдод сурмаси-ю Эрон атири,
Хўтан уфори-ю Яман ақиқи,
Ҳиндистон хиноси, турфа либослар…
Заррин ёпинчиқли филларни айтинг,
Санаб адашиб ҳам кетдим, билсангиз,
Юзтача борми-ей, балки ундан кўп,
Ёнида ўйноқлаб, ер тепиб турган,
Юзтача арабий арғумоқлар денг,
Ёпинчиғи заррин, кўрсангиз агар,
Ярақлайди олтин узангилари,
Ҳар бирин югани тоза кумушдан,
Зар эгар урилган ҳар биттасига!..

Кайкейи хоним

Жуда гўзал экан келинчагимиз,
Ўзига яраша сепи ҳам тўкис!

Сумитра хоним

Чеҳрасига боқинг Сита хонимни,
Ой унинг олдида бўлур хижолат!..

Ковшаля хоним

(Дашаратҳага)

Нега жим турибсиз, подшойи олам,
Худди қилар иши йўқ одам мисол?
Ёки ўғлингизни бахти, шукуҳи
Турфа ҳайратларга солмасми сизни?
Тездан буюрингиз, тўйлар бошлансин,
Эртагаёқ чопар минсин отига,
Яқин-йироқларга елсин, барчани
Тўйга айтиб келсин!

Дашаратҳа

Жуда соз дединг!
Берилиб кетибман андак хаёлга…
Узоқ йиллар юртга подшолик қилдим,
Кўшала юртида сурдим давронлар.
Юртни бошқаришда тўнғичим Рама
Доим менга кўмак бериб келади.

(ўйга чўмиб)

Ёшим ўтган сари, шиддатим ҳам суст,
Тобора дармондан қолиб бораман.
Подшолар омадли юрт сўрар экан,
Доим ўйлайдилар валиаҳдини.
Мен ҳам тахт ворисин ўйлаётирман,
Кўшала эртаси қотирар бошим…
Эрта кун, келажак қандай бўлади,
Кетмагайми юртдан қуту барака,
Элни тарк этмасми дориломонлик,
Содиқ қолажакми бизларга дўстлар,
Ёмонлар йитарми ўз оёғидан,
Душманларга инсоф берарми тангри,
Ғанимлар қошида тополмай чора,
Қисиниб қолмасми Рагҳу авлоди?
Бу оч кўз тупроққа тўлгунича то,
Ҳавасни ҳеч қачон сўндириб бўлмас!
Аммо чин инсон ул: ҳаддингни бил, деб
Юзин терс ўгирган ҳой-ҳавасларга!
Рамага термилиб ўйлайман, ажаб,
Ки, шундай паҳлавон ўғлим турганда,
Оромим йўқотиб нечун тахтни деб,
Ўзни ўтга-чўққа уриб юрай мен?
Етук эр қилиқларин айлар экан намоён,
Кўпни кўрган отасин ҳайратга солар ўғлон.
Доим мулойим, хушнуд табассуми зиёда,
Дилозор дилини ҳам авайлайди шаҳзода.
Маҳмадона эмасу гапга чечан, сўзи шўх!
“Мардман!” деб керилмайди, кибру ҳаво ўзи йўқ.
Фуқарога раҳмдил, етим-есирдан огоҳ,
Ҳақгўй, ҳатто яширин қонуну сирдан огоҳ.
Тўнгмўйинлик, бадсўзлик, ҳасаддан йироқ жуда,
Бир нарсага қилса аҳд, қайтиб юрмас беҳуда.
Мендан ҳаттоки хўброқ биларкан ёй ҳикматин,
Идрок этар ведани, илму фунун фикратин.
Уч олам ҳам ундан мот, Раманинг бор хислати –
Бриҳаспати ақли-ю Индранинг шавкати!
Пошшоликда қартайдим, токай кўз тутай бахтга?
Кўзим очиқлигида Рама минса-чи тахтга!
Оҳ, ўғлинг юрт сўрашин қариганда кўрмоқлик,
Муродга етмоқ, кўкка баайни бош урмоқлик!
Ана шу ўғлимга тахтни берсам-чи,
Давронлар сурганин мағрур кўрсам-чи,
Бахтли ота бўлиб мен ҳам оқибат
Бундоқ оёғимни узатиб ахир,
Хотиржам яшасам масъуд, бемалол,
Бироз ором олсам қартайганимда…
Сездимки, келибди энг қулай фурсат,
Шундай зўр фурсатни қўлдан бергим йўқ.
Ситага уйланди ўғлоним, мана,
Балоғат ёшига етди у тугал!
Тингланг, эй фуқаро, рожангиз сўзин,
Тингланг, аҳли сарой, аркони давлат,
Подшо фармонига қулоқ солингиз:
Рама суюк ўғлим, суянган тоғим,
Кўнглимни безаган фахр ила ғурур,
Довруғи оламни тутиб турибди!
Энди юрт бошқарсин, рожа бўлсин ул,
Кўзим тиригида тахтга чиқсин ул,
Элга хизмат қилсин адолат билан.
Кўшала тахтини айласин обод!
Давру даврон сурсин элнинг рожаси!
Тегли-тахтли бўлсин юртнинг хожаси!
Эртага Рамага кийдирилсун тож!..
Эртага тўйларга тўйлар улансун!

Дашаратҳа Рамани қучоқлаб, табрик этади. Ҳамма хурсанд.

(Рамага)

Юрт бошқаргин, ўғлим, бошингга тож кий,
Қартайган отангни кўнглини шод эт!

Рама

(таъзим қилиб)

Ота буюрганин айламак адо –
Ҳар бир фарзанд учун ҳам қарзу ҳам фарз!

Браҳманлар

Эртага Рамага кийдирилсун тож!

Кшатрийлар

Эртага Рамага кийдирилур тож!

Маликалар

Эртага Рамага кийдирилур тож!..

Ҳамма

…кийдирилур тож!!!

Мусиқа янграйди. Ўйин бошаниб кетади. Барча ўйинни томоша қилади.

Парда

3-кўриниш

Подшо Дашаратҳа саройи. Оқшом пайти. Ташқаридан хурсандчилик, мусиқа овозлари эшитилиб туради. Кайкейи хоним мамнун шамлар ёруғида эртага байрамга ясангани ўзининг янги либосларини саралаб, қимматбаҳо тақинчоқларини тақиб кўрмоқда. Ичкарироқда машшоқлар мусиқа чалиб туришади. Ёмон кайфиятда Монтҳра кириб келади.

Монтҳра

Неча йиллар бўлди, келдим Кашмирдан,
Кекайа авлодин палагидайман.
Униб-ўсдим ахир ота уйингда,
Ҳали бешикдайдинг мен оқсоч бўлиб
Холис хизматимни бошлаган чоғлар.
Оҳ, сени қанчалар ардоқлайман-а!
Сенга садоқатим таърифи юксак,
Барчасин билурсан, гўзал маликам.
Сенга совуқ сувни кўрмасман раво,
Оёғингга тикан кирмасин дейман…

Кайкейи хоним

(эркалаб)

Сенга нима бўлди, ҳой букургинам,
Бугун чап ёнингдан турибсан чоғи,
Кимдир ё дилингга бердими озор?
Оқсочимни хафа қилган ким экан?
Ким экан чўримни ранжитган ўша?..
Тортгизиб қўяман ўзим танобин!
Майли, бугунгидай шодлик айёмда,
Бундай хафа юрмоқ ярашмас асло!
Эрта Рама ўғлим тож кияр ахир!
Ўғлим Бҳаратдай азиз у менга!
Боргил, қимматбаҳо либосларинг кий,
Унутма зар кумуш тақинчоқларинг!
Ясаниб ол, байрам, байрам-ку ахир,
Одамларга кулги бўлмайлик тағин!

Монтҳра

Хурсанд эканингдан жуда ҳайронман,
Ҳатто мириқиб ҳам ухлаб олибсан,
Сенга уйқу бўлса, атрофда не гап –
Назар ҳам қилмайсан, парвойинг фалак.
Дунёни сув олса – олсин, сув ҳатто
Тўпиғингга чиқмас, беғам ойимча!
Жоним халқумимга келиб, мен бўлсам,
Ўзимни қўйгани жой тополмайман…
Ташқарида одамлар келмоқда гуррас-гуррас,
Барча баданларига сандал мойин суриб маст.
Не-не байтулсавобдан мусиқа саси учар,
Кўчалардан беқайғу элнинг сурони кўчар.
Ведалар қироатин кўмиб кетмиш санолар,
Гоҳ эса мол маъраши, гоҳ филга хос садолар…

Кайкейи хоним

(ҳайрон)

Нима бўлди ўзи, нега хафасан?
Намунча куясан, куйиб-ёнасан?..
Айтяпман-ку сенга, байрам эрта деб,
Байрамда одамлар юради гур-гур…

Монтҳра

(четга)

Агар Кайкейини кўндира олсам,
Кўнглига сололсам шубҳа-гумонлар,
Норизо бўлса-ю кўтарса жанжал,
Омадини бериб Рама ўрнига
Бҳаратнинг ўзи тож кийса, оҳ-оҳ,
Ортиқ, оқсоч бўлиб юрмасдим мен ҳам,
Рожа онасининг чўриси эрсам,
Жаъми оқсочларга бўлардим бекач,
Кўчага чиқсам гар, дердилар: “Ана,
Келар муҳтарама Монтҳра ойим!”
Биронтаси мени букур десами,
Ўша кун ўзини кўрар гулханда!..
Мен ҳам одамдирман, букур бўлсам-да,
Ҳаққим бор яшашга маликалардай!

(Кайкейи хонимга)

Сенга юрагимни очай, маликам,
Ичимни кемирган дардимни айтай:
Тождор малика, билким, толеинг тархи синди,
Ковшаля жиловида юрмоғинг қолди энди!
Бҳаратни бўлса-ку, тоғасига жўнатиб,
Рамага тахт бермоқда, юрту халқни унатиб!
Ҳақ қаерда? Эринг ёв ишин қилмоқда зоҳир,
Иситдинг-а бағрингда шундай илонни охир!
Анқовлигингга қойил, бўшанг экансан асли,
Айўдҳияда битар энди кекайя насли!
Агар салтанатнинг нурафшон тожи
Ковшалянинг ўғли Рамага эмас…
Бҳаратга раво кўрилса эди,
Осмонларга етган бўларди бошим!
Энди сабабини тушунгандирсан,
Не учун бунчалар куйиб-ёнганим?..

Кайкейи хоним

(ғазабда)

Ҳай-ҳай, юм оғзингни! Жодугар бало!
Қандай тилинг борди бундай демакка?
Ўз ўғлимдай бўлиб қолган-ку Рама?
Мени онасидай яхши кўради!..
Рама билан Бҳарат – иккиси ҳам жон қўзим,
Иккисин аяб-асраб гўё туққанман ўзим!
Рама катта ўғил, тахт – унинг ҳаққи,
Тож кийсин, мардона бошқарсин юртни!
Бҳарат-чи – ука, хизматин қилсин,
Акага садоқат кўргизмоғи шарт!
Навбат билан келар тож-тахт унга ҳам,
У ҳам даврон сурар бир кун албатта!
Кимки яна сендай сўзларни деса,
Тилин нақ суғуриб олдираман, ҳа!

 

Монтҳра

(ўпка қилиб)

Мана, мени шундай қилдира қолгин!
Тилимни суғуриб олақол, майли!
Шунда ҳам, қиларкан имо-ишора,
Дардимни англата олардим бешак!..
Ҳа, бахтсиз кун қочар одамнинг ақли…
Ҳаммани ўзингга ўхшатаверма!
Эринг, сени жондан суяр эринг-чи,
Тўшагингдан тилар жонига роҳат,
Хушомадлар қилар иши тушганда,
Аммо лақиллатиб келади фақат!
Подшо Дашаратҳа, шуни билиб қўй,
Сенинг ўғлингнимас, Рамани суяр!
“Рама – ўғлим!” дейсан, сен-чи содда, гўл,
“Ўғлим” деб оғзингни суви қочади.
Рама тахт олганда мағрур пурвиқор,
Бҳарат бир четда қолиб кетади…
Исини чиқармай Ковшаля бўлса,
Гўрингга ғишт қалаб ётибди, билсанг,
Эртага рожанинг онаси бўлсин,
Ўшанда кўрасан найрангларини!
Рожа онасининг оқсочи мисол
Югур-етимларда елиб-чопасан,
Ўзингга ҳам кун йўқ, ўғлингга ҳам йўқ,
Хору зор юрасан, мен сенга айтсам.
Сени, Бҳаратни, Ковшаля бешак
Бир кун, қараб тургин, гумдон қилади!
Кейинги пушаймон – ўзингга душман,
“Монтҳрага балли!”, дейсан ўшанда!
Дейсан, тўғри, дейсан… Кеч бўлар бироқ!
Мен-ку бир чўриман, ким бўлса бўлсин,
Рама ё Бҳарат – менга бари бир.
Чўри эканлигим эсимдан чиқиб
Оғзимни оғритиб юрибман бекор…
Зорим бор, зўрим йўқ, айтдим қўйдим-да,
Нима, хоним ойим бўлармидим мен,
Ўша-ўшаман-да, Монтҳра оқсочман…
Аммо ўз бурчимни бажарай дедим,
Нон-тузим ҳалоллаб еган аёлман,
Пойи патак бўлдим шунча йил, энди
Жодугарга чиқиб ўлтирибман мен!..
Рост дерлар донолар, тўғрисин айтиб,
Ёқмайсан ҳаттоки туққанингга ҳам…

(ўгирилиб кетади)

Кайкейи хоним

(четга, кўнглида шубҳалар уйғониб, у ёқдан-бу ёққа юриб )

Нималар дейди бу Монтҳра жодугар?
Рама тахт эгаси бўлар чиндан, рост,
“Маҳарожа” деган улуғ ном олар…
Ўшанда… ўшанда Рама ўзгариб,
Ғурурга берилиб шону шавкатдан
Ким билсин, кеккайиб кетмасмикин-а?
Рожанинг онаси Ковшаля мени
Кўрсатмасмикин-а оёқ учида?..
Ширин муомала, ёқимли сўзлар,
Меҳрибончиликлар, хушомад гаплар,
Ёлғон мулозамат, сохта табассум –
Рост, бари, бешубҳа ҳийла-найрангдир,
Мен лақма барига ишонаман-да,
Бари мен соддага қўйилган тузоқ …

(Монтҳрага)

Тўхта, сўзларингда жон бор шекилли…
Нима қилишни ҳам билмайман, рости…
Рама юрт тахтига ўлтирган замон,
Бҳаратни сўзсиз айлар саргардон!
Бадарға этгуси мени ҳам шаксиз!
Оҳ, билмам, не қилай, узоқмас, эрта
Шаҳзода Рамага тож кийдиришар,
Олис Кашмирдадир Бҳарат, афсус…
Нима ҳам қилардим, қўлларим қисқа…
Осмон узоқ бўлса, ер эса қаттиқ…

Монтҳра

Шошилма, ўзингни қўлга ол, хоним,
Самовий руҳингни ерга туширма!
Энди сен ҳам жиндай ҳийла ишлатгин,
Макру фирибингни бир кўрсатиб қўй.
Ҳа, тағин, Рамага тож кийдиришни
Айни Бҳаратнинг йўқлик пайтига
Тўғрилашиб қўйган, бу найрангга боқ!
Кеч ўтса не бўлар ўн кун, ўн беш кун?
Ерга тушармиди осмон узилиб?
Бҳарат келиши лозим-ку ахир,
Ёки у рожага фарзанд эмасми?..
Ёки ҳаққи йўқми унинг тож-тахтга?..
Йўқ, йўқ, ниятлари бўлганида пок,
Бунчалар шошилиб қолмасдилар, ҳа!
Гап тагида гап бор, лақмажон, билсанг,
Халал беради-да, келса Бҳарат,
Кўшала тахтининг асл вориси!..

Кайкейи хоним

Шуни сезибсан-а, ақлингга балли!
Вой ўлай, шўргинам қуриб қопти-ку!
Бошимга фалокат соя солипти!
Нима қилишни ҳам билмайман сира…
Ё тавба! Айт менга, қандай йўл тутай?
Зиғирча ҳам ақлим ишламай қолди…

Монтҳра

Бағоят гўзалсан, ҳуснинг беқиёс,
Сендай гўзал йўқдир Айўдҳияда.
Бир нарсани ёддан чиқарма асло:
Рожанинг энг суйган малагисан сен!
Сарвдай нозик адо қадди-қоматинг
Ҳамиша ўйнатар рожа кўзини.
Бугун кўрдим қараб, Ковшаля хоним
Юзларига қат-қат ажин тушибди.
Нозу назокатда кўрку ҳуснда
Сенга тенг келолмас Сумитра бўлса…
Қулоқ сол, мен ҳозир чиқиб кетаман,
Малика бетоб, деб тарқатаман гап.
Сен эса кўкрагинг зах ерга бериб
Кўрпа-тўшак қилиб ётиб ол, тамом!
Эсингдами, қирғин жанглар маҳали,
Дашаратҳа оғир ярадор бўлди,
Беҳуш ётганида, асқотиб қолдинг,
Соғ-омон опчиқдинг майдондан уни…
Шунда рожа деди: “Кўргиздинг ҳиммат,
Ҳимматингга қандай жавоб берайин?”
Сен дединг: “Ҳеч нарса керакмас… кейин
Икки тилагимни адо этсанг бас,
Шунга ваъда берсанг, менга кифоя!”
Мамнун Дашаратҳа шартингга кўнди,
Маликам, у ҳануз сендан миннатдор.
Подшо айтган сўзин қайтиб олурми?
Мана энди келди, тентагим, ўша
Икки тилагингни сўраш фурсати!
Подшо ҳузурингга кирганда шартта
Ўша ваъдасини солгин эсига!
Тилла тақинчоқларинг жаҳд ила бир-бир ечгин,
Бўйнингдан дур шодаси узилиб ҳар ён учсин!
Ҳар томонга сочилсин гавҳари жавоҳирот,
Ёввойи махлуқлардай ўкириб, айла фарёд!
Бундай юргандан кўра яхшироқ деб ўлганим,
Ерларга бос яланғоч ёниб турган гул танинг!
Совғаларга учиб юрмагин яна,
Лаълу дур забаржад керак эмас, де!
Фақат ваъдасига айласин вафо,
Фақат истагингни этсин жо-бажо!
Ўзингни қўлга ол, сўзинг ўтади,
Лапашанг бўлмагин, бўш-баёв, латта…
Тик боқиб талаб эт икки нарсани,
Сўра: ўн тўрт йилга қувсин Рамани,
Бҳарат ўғлингга тож-тахтни берсин!..

Кайкейи хоним, тушундим, дегандай бош тебратиб туради. Монтҳра маликани ўринга ётқизиб қўяди.

Монтҳра

Аммо қаттиқ тургин, бўш келма, дўндиқ,
Ортиқ учрамагай бундай зўр имкон:
Лалайиб бой бериб ўлтирма яна!
Рама ўн тўрт йилга бадарға бўлсин,
Кўшала тахтига чиқсин Бҳарат!..
Уқдингму?..

Кайкейи хоним

Ҳа, уқдим, англадим энди,
Чизган чизиғингдан чиқмайман четга.
Оёғимни тираб туриб оламан,
То подшо ваъдасин бажармагунча!..
Гарчи пойтахт Раманинг қадамига нигорон,
Ул эмас, тахтга чиқсин Бҳаратим, зўр ўғлон!
Рама эса ўн тўрт йил кийиб пўстлоқдан жанда,
Ёмон жой қайда бўлса, қувғинди бўлсин анда!..
Бир сўзда турмоқ ахир эркаклик шони, дейман,
Паймонингда тур энди, эй юрт султони, дейман!

Монтҳра

Ҳи-ҳи-ҳи.. Энди бўлар томоша!

(ташқарига йўналаркан, ваҳима қилиб)

Войдод, жориялар, қайдасиз, қайда,
Вой шўрим қуриди, маликам касал…
Бетоб ётиб қолди Кайкейи хоним!
Ҳой, шамни ўчиринг! Соз чалманг бунда,
Чалманг, ўзи созим чиқиб турибди!..
Вой, қандоқ қиламан энди мен шўрлик?..

Шамлар ўчади. Ғира-шира ёруғлик тушиб туради. Мусиқа овозлари тинади. Чиқиб кетаётганда кириб келаётган подшо Дашаратҳага дуч келади.

Дашаратҳа

(Монтҳрага)

Нега бақирасан телбага ўхшаб?
Нима учун бунда чироқ йўқ, зулмат?
Мусиқа саслари эшитилмайди?
Суюкли хонимнинг тоби қочдими?
Ранжитиб қўйган ул кимдир, қай ножинс?
Не бўлди, сўйлагил!

Монтҳра
(йиғламсираб)

Подшойи олам,
Беҳуш бўлиб қолди шайтонлаб бирдан,
Қўрқитиб юборди, суюк маликам,
Билмайман нимага.. сўровимга ҳам
Ҳеч жавоб бермайди… Сас чиқармайди…
Ерга ётиб олган кўкрагин бериб,
“Ҳа-па…” дегангаям солмайди қулоқ…

(четга)

Нега бақирганим кейин биласан…

(чиқа бошлайди).

Дашаратҳа ҳайратда малика томон юради ва аста-аста қоронғиликка сингиб кетади…

Парда

Иккинчи парда

4-кўриниш

Подшо саройи. Эрталаб. Ташқарида “Рожа чиқяптиларму?”, “Тож кийдириш вақти бўлди!..”, “Рама!” “Рама!”, “Рожанинг умрлари узоқ бўлсин!” деган овозлар. Олдинги кўринишдаги манзара. Саройда нохуш кайфият сезилади. Подшо Дашаратҳа ерда беҳуш бўлиб ётибди. Унинг ёнида Кайкейи хоним ўтирибди. Тож кийишга тайёрланиб заррин либос кийган Рама кириб келади.

Рама

(Кайкейи хонимга таъзим бажо келтириб)

Ҳали турмабдилар отам уйқудан…
Менга дедиларки: “Шитоб борурсан,
Бузрукворинг сенга сўз айтмоқ истар,
Сени интиқ бўлиб кутиб турибди…”
Отамни кутдириб чарчатибман, эҳ!..

(Кайкейи хонимга)

Оҳ, онажон, боқсангиз, Айўдҳия сарбасар,
Шоҳона байрам кутиб безалмиш гавжум шаҳар!
Шоҳ кўчадан келдим мен ҳаприқиб учқур отда,
Тутатқи идишларда тутайди хушбўй модда.
Сўл-соғимда – гул чаман байроқларнинг балқиши,
Димоғимда – сабур ҳам сандал бўйин қалқиши!
Катон кўйлаклар ажиб, ипак либослар аъло,
Гултожу гулдасталар қўшар жилога жило!
Мис идишлар, буюмлар чет-четда балқиб қолар,
Бари тўла ноз-неъмат, қурбонлиққа ғизолар!
Гурунчли узма ошу қовурилган донларга
Тўлиб кетмиш йўл бўйи, қўйгандай меҳмонларга.
Мутафаккир донолар, веда мағзин чаққанлар,
Браҳману кшатрий – балога тик боққанлар,
Санолар айтишмакда бахт-саодат ҳаққига,
Дилларга нур индирган хайр-саховат ҳаққига!..

(Подшога)

Сўзингиз тинглашга келдим, отажон!

Подшо ўрнидан қўзғалмайди, ўзини ухлаганга солиб ётади.

(Кайкейи хонимга)

Уйғотиб қўймайлик майли отамни…
Қаттиқ ҳорибдилар, ором олсинлар.

(ўйга чўмиб)

 

Ул зотда йўқ эди бундайин одат,
Тонгсаҳардан туриб юртни кезарди,
Етим-есирлардан, фақир-мискиндан,
Бева-бечорадан оларди хабар…
Ва ё… ёшлик қилиб, билмасдан ногоҳ,
Ранжитиб қўйдимми отамни дейман,
Нозик кўнгиллари оғриб қолдими,
Ёки тутумимдан норизомилар?..
Кўргилари йўқми суюк ўғлини?..

Кайкейи хоним

Йўқ, ўғлим, ундоғмас, сендан розилар,
Нима, ранжийдиган иш қилармидинг…
Кенгашмоқчи холос сен билан бироз,
Фақат ўртада бор битта андиша…

Рама

Қандай андиша ул, айта берингиз!..
Андиша отанинг қўлин тутолмас…

Кайкейи хоним

Тожу тахт, фарзандлар, юрт ғамини еб,
Отанг кўп гапларни ўйлаб қўйибди,
Чамалаб қўйибди юрт валламати…
Жудаям кўп эмас, икки оғиз гап,
Лекин чўчиб турар сенга айтмоққа.
Борди-ю гапини тушунсанг ғалат,
Ёки рад айласанг элнинг олдида
Шарманда бўлмай деб қўрқиб турибди…

Рама

(ҳайрон)

Бу гапни эшитмоқ мен учун гуноҳ,
Қани ер ёрилса, кириб кетсам мен!
Асло қўрқмасунлар, мен фарзанд учун
Отилган ўқ эрур отанинг сўзи!

Кайкейи хоним

Хўп, отанг гапини сенга етказай.
Бир замонлар, ўғлим, порлоқюз рожа
Икки тилагингни бажараман деб,
Сўз бериб қўйганди менга, эсимда.
Ўша ваъдасида турмоқчи энди,
Икки тилагимни адо этмоқчи.
Айтай, агар сенга малол келмаса,
Бу икки тилакни бажарай десанг.
Истамасанг, оғиз очмайман асло,
Сени хафа қилиб қўймай, дейман-да.

Рама

Отам буйруғини бажармоқ – бурчим,
Билингким, ҳеч нарса йўлим тўсолмас!
Айтингиз, онажон, не истар ул зот,
Қўлимдан не келса, шунга тайёрман!

Кайкейи хоним

Жуда қатъий экан азму қароринг.
Балли, содиқ ўғил шундай бўлади…
Подшойим номидан сўзлайман сенга,
Хўп энди, эшитгин: порлоқюз рожа,
Қудратли ҳукмдор, олампаноҳ зот,
Кечаги фикримни ўзгартдим, деди,
Гуноҳкор қулоғим эшитди аниқ:
Бҳарат ўғлимга кийдиргайман тож,
Рама ўн тўрт йилга ўрмон қаърига
Бадарға қилинсин, деди… Бор гап шу.
Бҳаратга чопар кетди Кашмирга…
Шундай бўлди отанг хоҳиши, ўғлим.
У-бу гапларга ҳам қулоқ солмади,
Қайсар туриб олди айтган сўзида,
Энди бажармасдан ҳеч иложинг йўқ!
Йўқса, отанг сўзи ерда қолади,
Маликага берган ваъдасини ҳам
Адо этмади деб эл-халқ кулади…
Текин томошани шунда кўрасан,
Қандай бош кўтариб юрамиз унда?
Бари виждонингга ҳавола, ўғлим…

Рама

(у ёқдан-бу ёққа юраркан, четга)

Тақдир ўйинлари шундай беқарор,
Тўхтами йўқ шамол афзалдир ундан!
Замон ўзгарувчан, дунё бевафо,
Ҳалигина эди, кўча-кўйларда
Эл-юрт, Айўдҳия уни олқишлаб:
“Эртага Рамага кийдирилар тож!..
Рама тахтга минар! Тож кияр Рама!” –
Деб кўкни тўлдириб қичқирганлари!..
Кичиклардан тортиб катталаргача
Шодликдан сакрашиб югурганлари!..
Агарда: “Тож-тахтни бермасман асло,
Тож асли меники, тўнғич ўғилман,
Отам тожни менга берганлар!” – десам,
Бутун Айўдҳия қўллайди мени!..
Аммо… йўқ… мен ундай қилмасман асло!
Бундоқ ўргатмаган бизга отамиз!..
Ҳайратда қолдим мен… Не қилай энди…
Йўқ, тўхта! Бу нима деганинг, Рама!
Ота буюрдими – худо буюрди,
Ўйлаб ўлтиришга ҳаққинг йўқ зинҳор,
Адо этмоғинг шарт бешак, бегумон!

(Кайкейи хонимга)

Онажон, жуда ҳам ғамда қолибсиз,
Хотиржам бўлингиз, қатъийдир аҳдим.
Менга отам сўзи – худо сўзидир,
Ҳеч қачон сўзини икки қилмасман!

Кайкейи хоним

(ясама)

Аттанг, кўргилик-да кўргилик, ўғлим,
Бошимизга бало ёғилиб қолди…

Рама

(ўйланиб)

Отам шундай қарор этган бўлсалар,
Ўша қарорга бош эгганим бўлсин.
Укам Бҳаратга Кашмирга ростдан
Чопар юбортириб яхши қилибсиз.
Тожу тахт эгаси бўлсин Бҳарат,
Отамиз шаънини кўтарсин кўкка,
Рожа мақомида, юрт маснадида
Рагҳу авлодининг шону шавкатин
Дунёларга ёйсин! Фақат бир шарт бор:
Босган ҳар қадами, эзгу амали,
Ҳар бир айтган сўзи бўлсин муносиб
Донғи достон подшо Дашаратҳага,
Токи унга боқиб рожа кўнглида
Шукроналик ҳисси жўш урсин тамом,
Ғурур туйсин, ўзин сезсин бахтиёр!
Бҳаратни асло ғаш кўрмайман мен,
Ҳасадим ҳам йўқдир инижонимга.
Жонимни ҳам бергум укаларни деб,
Биларсиз, тахт учун елиб-чопмадим,
Адо этай дедим фарзандлик бурчим,
Отам сўзин икки қилмайин, дедим,
Қарзимни узайин дедим мен холос.
Отам хоҳишини этмагайман рад,
Чизган чизиғидан чиқмагайман ҳеч!
Кетаман, ўрмонлар қаърига танҳо,
Ўн тўрт йил қорамни кўрмагай биров…

Кайкейи хоним

Ҳа, ҳа, ота ўғли шундай бўлади,
Барча таҳсин айтар аҳду шахтингга!

Рама

Таҳсинлар керакмас менга, билсангиз,
Фақат рози қилай онажонимни,
Хаёлан фарзандин тахт узра кўриб,
Дунёга сиғмаган улуғ малика –
Ковшаля хонимни юпатай, бориб…
Аста тушунтирай, дунё бехабар,
Ўзини малика тасаввур этган
Митҳила малаги, ул соҳибжамол –
Ситага англатай ётиғи билан,
Йўқса, ич-этини еб қўяр шўрлик…

Дашаратҳа Раманинг сўзларини эшитиб ётади. У Рама кетмоқчи бўлганини сезади. Аммо гапиришга ҳам, туришга ҳам мажоли йўқлигидан қимирлай олмайди.

Дашаратҳа

(четга)

Бормикин дунёда мендай бешафқат,
Мендай бахти қаро, расвойи жаҳон?
Оҳ, бадбахт Кайкейи сўзлаган замон
Қувватим бўлсайди, ўрнимдан туриб
Нақ бўғиб ташлардим! Ҳеч дармоним йўқ.
Ич-этим еб бўлдим кечаси билан…
Иложсиз сўз бердим Кайкейига мен,
Мутлоқ ўзгачадир қалб амри эса,
Мақсад олий эди, ниятим бошқа…
Оҳ!.. Ўғлим, суянчим, Рама, ортга қайт,
Қулоқ солма мендай отанг сўзига,
Кайкейидай душман онанг сўзига,
Ўрмонга кет десам, кетмагин зинҳор,
Қалбим пора-пора этмагин зинҳор!..

Шошилганча Ковшаля хоним ва Сумитра хонимлар кириб келадилар. Рама уларга салом беради.

Ковшаля хоним

Кайкейи хонимга не бўлди, сўйла!
Бетоб деб ҳар қайда дув-дув гап юрар.
Эшитдиму чопдим, синглим каби у,
Унга тикон кирса – менга киргани!
Менга кундош эмас, сингил, дугона!

Сумитра хоним

Опамга не бўлди, кундошмас, опам!
Қутлуғ эгачимдай кўраман уни!

Рама

Онажон! Онажон!

Ковшаля хоним

(эътибор бермай, Кайкейи хонимга талпиниб боради)

Сингилжон, синглим!
Эсон-омонмисиз, кўрдим, хайрият,
Соппа-соғ экансиз, шукр худога!

Сумитра хоним

Сизни бетоб дея, учди эс-ҳушим,
Сиҳатингиз яхши, жоним опам-ей!

Кайкейи хоним

(сездирмай)

Бекорга овора бўлибсизлар-да…
Яхши бўлиб қолдим, тузукман энди.

Ковшаля хоним

(Дашаратҳага кўзи тушади)

Вой, шўрим, рожами? Тоблари йўқми?..
Ётиб қолибдилар улуғ рожамиз!
Соҳиби давлатга не бўлди, ажаб,
Кечагина Рама тахтга чиқар деб,
Хурсанд, шод, жар солиб олам-жаҳонга
Чорлаб юргандилар байрамга элни!
Оҳ, бугун Рама тож киядиган кун,
Шундай кунда рожа бетоб бўлса-я!..
Энди нима қилдик, хонимлар, энди?..

Сумитра хоним

Кеча туш кўргандим, подшойи жаҳон
Жангларга отланар эди тушимда…

Кайкейи хоним

Йўқ, йўқ, соғломдурлар ҳукмдоримиз…
Андак ҳорибдилар, бор гап шу, фақат…

Маликалар икки томондан Дашаратҳага эгиладилар. Аммо Дашаратҳа ўзини ухлаганга солиб ётади, қимирламайди.

Ковшаля хоним

Ростдан чарчабдилар… Ҳордиқ олсинлар,
Рожамиз жонлари бўлсин саломат!
Вой, Рама ўғлимга тахт бераман, деб,
Кийдираман тож, деб, азиз бошига,
Тиним билмадилар, елиб-чопдилар,
Тахтга чиққанида бундоқ бўлади,
Тожни кийганида ундоқ бўлади… –
Барини ўйлади тунлар ухламай!..
Уриниб кетдилар роса-ям, во-ей!
Олдинда турибди катта маърака,
Рама шаҳсуворим тахтга минади…

Сумитра хоним

Ташқарини кўринг – улкан издаҳом,
Эл-юрт оқиб келди сарой олдига,
Шавкатли Рамага кийдирилар тож…

Кайкейи хоним

(четга)

Ким тож кийишини худо билади…

(хонимларга)

Айтгандай… сизларга очай бир сирни…
Фарзандлар, тожу тахт, юрт ғамини деб,
Подшо кўп гапларни ўйлаб қўйганмиш,
Ўйлайди-да ахир юртнинг отаси…
Рама билан фақат кенгашмоқчилар,
Ўртада бор эмиш битта андиша…

Рама

Онажон! Онажон!.. Қулоқ берингиз!..

Ковшаля хоним

(Рамага қарамай, Кайкейи хонимга ҳаяжонда)

Андиша?.. Қанақа андиша экан?
Рожа нималарни ўйлаб қўйибди?..
Кенгашиб бўлди-ку Рама билан у?…
Сизни тушунолмай турибман, синглим…
Рожа бўлса турмас, уйқу ичра ғарқ…
Етти ухлаб тушга кирмаган гаплар…

Сумитра хоним

Менинг ҳам ҳайратдан қўлим ёқамда,
Кўриб кўзларимга ишонмайман ҳеч.

Сита хоним билан Лакшман кириб, эшик тагида тўхтаб гапга қулоқ соладилар. Уларни ҳеч ким сезмайди.

Кайкейи хоним

(бепарво у ёқдан-бу ёққа юриб)

Ташвиш чекадиган жойи йўқ асло,
Бундай ўзингизни босинг, хонимлар!
Отанинг ўғлига гапи бор холос…
Рамага етказдим подшо гапини,
Сўйладим ипидан игнасигача,
Барча-барчасидан Рама хабардор…

Ковшаля хоним

(Рамага, безовталаниб)

Нима сўйладилар сенга, маликам?
Хабардор эмишсан подшо гапидан?
Тезроқ сўйлай қолгин, сўйлай қол, ўғлим,
Юрагим тарс этиб ёрилай, дейди,
Подшо хўп ақлли, зукко, ҳарқалай,
Ақлли одамдан ёмон гап чиқмас…

Рама

Онажон.. онажон… Айтолсам, кошки…
Кошки, айта олсам сизга барини.
Фақат сиз… фақат сиз… оғирроқ бўлинг,
Ўзингизни қўлга олинг, онажон!..

Ковшаля хоним

(қўрқиб кетади)

Нима-нима дединг? “Айтолсам, кошки?”
Нега энди менга айтмас экансан?
Шунчалар даҳшатми подшонинг гапи?
Эвоҳ, сабр бергин, тўзим бер, худо!

Сумитра хоним

Кўнглим ниманидир сезиб турибди,
Айт, очиқ айтиб бер, барин бизларга!

Рама

(қийналиб)

Онажон… ўзгарди рожа қарори…
Мен эмас… Бҳарат минади тахтга,
Тож кияр бошига подшо мисоли.
Мен эсам, кетаман бадарға бўлиб,
Ўн тўрт йил ўрмонда яшарман ёлғиз!..
Лакшман

(шиддат билан)

Бҳарат ҳеч қачон тож киймайди, ҳа!
Лакшман бор экан, бунга йўл қўймас!

Кайкейи хоним

(хезланиб)

Нимага Бҳарат тож киймас экан?
Сенга ким қўйибди баҳо беришни!
Бҳарат ё подшо ўғли эмасми?
Пушти камаридан бўлмаганми ё?
Пушти камаридан бўлмаган бўлса,
Исботлаб берасан шундайлигини!

Лакшман

(Рамага)

Оға, сиз – кшатрий табақасидан!
Соҳиби майдондир кшатрий аҳли!
Кшатрий ҳеч қачон қараб ўлтирмас,
Оғзидан бировга ошин олдириб!

(Кайкейи хонимга)

Тахтга Бҳаратнинг ҳадди йўқ, тамом!
Тахт удум бўйича оғам ҳаққидир!
Билсунлар, тоймасман қон тўкишдан ҳам,
Фақат адолатни қилгум ҳимоя!

Кайкейи хоним

Тўхта, сен исботлаб берасан, подшо
Пушти камаридан бўлганми ўғлим?..

Сита хоним

(шоҳона кийимда ясанган, Рама олдига келиб)

Билмайман… билмайман… тушунмайман ҳеч,
Нималар бўляпти ўзи оламда?..

Сумитра хоним

(Кайкейига)

Уят бўлади-я , ундоғ демангиз,
Пуштни аниқлай деб уринманг, опа!

Лакшман

(Кайкейи хоним томон қадам ташлаб)

Ҳа, билдим… Бу фитна сиздан чиққандир,
Бунда отамизнинг сира айби йўқ!
Сиз… сиз…
Рама

(Лакшманга)

Сен йигитсан, шайтонга ҳай бер!
Онамиз бўладир Кайкейи хоним!
Онамиз ҳақида ёмон ўйламоқ
Зинҳор ярашмагай чин ўғилларга!

Кайкейи хоним

Балли, Рама ўғлим… ҳамма сендайми…

(Лакшманга)

Қўлингни шоп қилма, ҳали тап тортмай
Урасан шекилли, уялмай-нетмай!
Урсанг, ур! Урақол, одобсиз бола!

(Йиғлайди)

Бу ҳолга тушмасдим Бҳарат бўлса!..
Қайларда юрибсан онангни ташлаб!

Монтҳра
(кириб келади)

Ҳай-ҳай, қўл теккизма! Бҳарат келса,
Боплаб таъзирингни бериб қўяди!

(маликага)

Йиғламанг, маликам!

Кайкейи хоним

Қайларда қолдинг,
Ҳаммага қўйдинг-ку мени талатиб!..

Рама

Кайкейи хонимнинг айби йўқ асло,
У отам бўйруғин етказди холос…

Ковшаля хоним

(эс-ҳуши нари-бери)

Қандай инсофсизлик! Юзи қаролик!
Бир нима дейишга тилим лол, тилим!..

(беҳолликдан Сумитра билан Ситаларга суяниб қолади)

Сита хоним

(Ковшаля хонимга)

Онажон, кўнглингиз чўкмасин сира!..

Сумитра хоним

Ноумид бўлмангиз ҳечам, маликам!

Дашаратҳа

(дарғазаб ўрнидан туришга уринади ва туради: ҳамма ҳайратда)

Тўхтангиз! Ҳамма айб подшойингизда.
Рост… мен Кайкейига ваъда бергандим…
Подшолар сўзидан қайтмайди сира!
Ёта бериб чидай олмадим асло…
Туни билан азоб чекиб чиқдим мен,
Бир нима дейишга ҳолим йўқ асло…
Нафъи давлат ўйлабон подшо иш кўрар ахир,
Ворисни танламоқ ҳам унга ошкору зоҳир!
Билмам, Кайкейига нима жин урди,
Юзини ёвузлик томонга бурди.
Нега Рама ўғлимга ёмонлик тилаб қолди,
Билмам, Рама бошига аламми, қайғу солди?
Кайкейи хоним, нечук тиларсан зиён-заҳмат,
Рамага – зилу завол, насабга – тавқи ланъат?
Шундай қилмоғи мумкин заҳри бад, беомон мор,
Сен подшо қизисан-ку, сен авлоди шаҳриёр?
Бошимга бало қилиб сени олибман, эй вой,
Менга-ку – бало, юртга офат солибман, эй вой!
Қайси бир ёзуғига Рамадан ўгирай юз?
Суюк ўғлоним бағрин уватиб дей ёмон сўз?
Эзгу амалларини ҳар тарафда билур халқ,
Бундоқ танангга ўйла, оқ-қарони қилгин фарқ!
Аммо яхши бил: Рама ўғлим ҳайдалган замон
Жисмимни ҳам тарк этар ҳориган руҳи равон!
Бҳаратинг икковлон юрт сўра, эй заҳролуд,
Мамлакатни поймол эт, зот-зурёдга қўйгил ўт!..
Эл бузай деб боғлабсан сен дилинг шум ниятга,
Шак йўқдир, мустаҳиқсан нафрат ила ланъатга!

Ковшаля хоним

(нолаю фиғон билан)

Бҳарат ўғлингиз ўйладингиз сиз,
Кайкейи хонимни кўрдингиз ортиқ.
Бизни заррача ҳам кўзга илмасдан
Фалокат солдингиз Рама бошига!
Қаерларда қолди адолатингиз?..
Подшонинг шаънига муносибми шу?..

Дашаратҳа

(босиқ)

Айтай, Рама ўғлим – борлиғим менинг,
Номимни дунёга ёйгувчи шулдир.
Туғилмишки фарзандим олижанобу олий,
Барча билан мулойим, кундай ёруғ жамоли.
Оқкўнгил ҳам одобли, мурувватли, хушкалом,
Бад сўз демакка эса уқув йўқ унда тамом!..
Инъомларга сахий хўп, юмшатур кўп жазони,
Чапдастдир, доим ғолиб пойгага кирган они.
Ҳақорат сўз айтмас ҳеч, ёмон нияти бўлмас,
Айб иш қилса, мардона тан олар, қараб турмас.
Куч-қудратда шоҳлар ҳам ета олмас ҳеч замон,
Отасидан – мендан ҳам ўтиб кетди мард ўғлон!

(гандираклаб кетади)

Рама билан Лакшман отасининг қўлтиғига кирадилар.

Рама

Отажон, отажон, валинеъматим!
Ортиқ ўзингизни уринтирмангиз!..
Маҳкам қўрғонимсиз, соябонимсиз,
Мен ерман, сиз баланд осмонимсиз!

Дашаратҳа

(Рамага)

Рама ўғлим, сенга айтар сўзим бор,
Сўз эмас, ёлвориш, балки илтижо:
Кайкейига берган ваъдамга боқма!
Менинг қўл-оёғим боғлагин-да сен,
Шу заҳот ташлагин зиндон қаърига,
Сўнг тахтга мингину бошқаргин юртни,
Юрт сеники, тож ҳам, тахт ҳам сеники!..
Шундагина кўнглим таскин топгувси!

Кайкейи хоним

(подшога)

Бир сўзда тургай мардон, бу ҳам эркаклик шони,
Паймонингда тур энди, Айўдҳия султони!
Гарча ҳамма Раманинг қадамига нигорон,
Ул эмас, тахтга чиқсин Бҳаратим, зўр ўғлон!
Рама эса ўн тўрт йил кийиб пўстлоқдан жанда,
Ёмон жой қайда бўлса, қувғинди бўлсин анда!..

(Монтҳрага ишора қилади, оқсоч чиқиб кетади)

Рама

(қатъий)

Отажон! Бҳарат тахтга минар деб,
Рамани ўн тўрт йил қувғин бўлар деб,
Кайкейи хонимга бердингиз ваъда…
Айтилган ваъдага бўлмаса вафо,
Эр киши шаънига ярашмас асло.
Ёғилиб турса ҳам бошимга бало,
Азму қарорингиз бажармоқ – бурчим.
Ҳеч ерда қолмасин сизнинг сўзингиз!
Сўзингиз мен учун – худо сўзидир,
Уни адо этмоқ – шоним, шарафим!
Бҳарат юрт сўраб, тахтга ўлтирсин,
Тахту тож бойликдан юз ўгириб, юз,
Ерда қолмасин деб отамнинг сўзи
Мен эсам кетарман ўрмонлар томон,
Ўн тўрт йил қорамни кўрмагай биров…

Дашаратҳа

(ўйланиб)

Хатога йўл қўйдим ёшлигимда мен,
Ножўя бир ишга қўл урдим билмай.
Шикорга жўнадим кунлардан бир кун,
Ов пойлаб ётардим дарё бўйида,
Саройю лабида чакалакзорда…
Бориб турган мерган эдим-да ўзим,
Овни овозидан ура олардим.
Чамаси, қирғоқда бир чанқаган фил,
Хартум-ла “қул-қул” сув ича бошлади…
Овозни нишонга олдиму шартта,
Ўқ отдим! О… Отиб қўйибман, афсус,
Художўй зоҳиднинг ёлғиз ўғлини!
Не кўз билан кўрай: фил эмас, йигит,
Қулқиллаган нарса – кўзадаги сув!
Йигитнинг қартайган отаси шунда
Дуоибад қилди мени, қарғади:
“Ўғлимиз доғида адо бўлдик биз,
Сен ҳам фарзандингни доғини кўргин,
Суюкли ўғлингдан айрилиб бир кун
Биздек азоб тортгин қон-қора қақшаб!..”
Ҳайҳот, ўша тушди мени бошимга,
Дуоибад бўлдим, қарғишга қолдим….

Дашаратҳа ҳўнграб юборади, Ковшаля хоним йиғлайди.

Рама

(Сита хонимга)

Қувғинлик йилларим ўтказиб келай,
Сен бунда онамнинг ёнида бўлгил!
Иссиқ-совуғидан хабар ол, хабар,
Бунда қол, ўзингни қийнама асло!

Сита хоним

(пиқ-пиқ йиғлаб)

Йўқ, йўқ!.. Қололмайман, қололмайман ҳеч!
Қандай юборайин ўзингиз ёлғиз?
Бизларга сочилган гуллар, чечаклар
Тиконга айланар кетган онингиз.
Ташлаб кетманг мени, ёри жаҳоним,
Сиздан айрилганим ўлганим шулдир!
Сизсиз боғ айланар чакалакзорга.
Сиз билан ўрмон ҳам менга боғ бўлур…
Қолмайман!..

Лакшман

(қатъий)

Оғажон! Мен ҳам кетаман,
Сизсиз бир лаҳза ҳам турмасман бунда!
Сизсиз гўристондир менга Кўшала,
Хизматингиз қилай ёнингизда мен…
Бало-қазоларда бирга бўлайин!

(Сумитра хонимга)

Онажон, ижозат беринг: борайин!

Сумитра хоним

(йиғлаб)

Мен сендан розиман, борақол, ўғлим,
Қора кун тушганда одам бошига,
Кўмак беради-да ука оғага!
Борақол! Мард ўғил насибаси бу…

Лакшман оёғига эгилиб таъзим қилади. Монтҳра иккита чўри билан қўлларида қайинпўстлоқдан қилинган жанда-кулоҳ олиб кирадилар Рама, Лакшман ва Ситалар жанда-кулоҳ кийиб оладилар.

Рама

(отаси ва онасига таъзим қилиб)

Раҳмат, отажоним! Раҳмат, онажон!
Берган тузингизга рози бўлингиз!

Дашаратҳа

(мунгсираб)

Кетмагин! Тахтга мин, олтин тожни кий!..
Ташлаб кетсанг бизни, ўлганимиз шу!

Ковшаля хоним

(йиғлаганча)

Ташлаб кетма бизни, ўғилгинам-ей!
Ҳой, шартимиз кетиб, партимиз қолган…

Рама

Отамга тик боқмасман, йўқ, ундай ўғилмасман!
Йўқ, онажон, отамнинг сўзин икки қилмасман.
Отам сўзин қайтармоқ менга зилдай гуноҳдир,
Йўқ, Рамангиз ушмундоқ гуноҳлардан йироқдир!
Ўғил – отанинг сири, шу сир сирликча қолсин,
Рама сассиз ўрмонлар қаъри ичра йўқолсин…

Рама, Сита ва Лакшман оҳиста юриб чиқиб кетадилар. Ҳамма уларнинг ортидан йиғлаб қолади.

Муҳаммад АЛИ

Давоми бор