Хоразм аҳли азалдан ўз қадрини ва сўз қадрини юксак тутиб келади. Бетакрор шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳам “Билмаган сўз қадрини, не билгуси ўз қадрини”, деган сатрини бежиз битмаган. Назаримда, бу сатрни “берилган сўз – ваъдани қадрламаган ўз қадрини билмайди”, деб талқин қилиш ҳам мумкин. Бугун вилоя­тимизда амалга оширилаётган ишлар, режалаштирилаётган дастурлар мамлакатимизда амалга ошаётган хайрли тадбирларнинг, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг бир қанотидир. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизнинг ўз ўйи, ўз режаси бор. Уларнинг ҳар бири бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан четда қолмай, юртимиз равнақига ўз улушини қўшмоқда. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу оммавийлик янги Ўзбекистон тарихидаги алоҳида аҳамиятга молик ҳодисадир.
“Қарс икки қўлдан”, – дейди доно халқимиз. Юртимизни юксак ривожланган мамлакатга айлантириш йўлида меҳнат қилаётган эканмиз, аввало халқимиз, жумладан, деҳқонлар, зиёлилар ва тадбиркорларнинг сўзини тинглашимиз зарур. Уларни қандай муаммолар безовта қилаяпти, олдинга юришга нималар тўсиқ бўлаяпти, ҳаётимизни янада фаровонлаштириш учун яна нималар қилишимиз лозим, деган масалалар айни пайтда изчиллик билан ўрганилиб, жойларнинг ўзида, тез ва соз ҳал этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида ташкил этилган халқ қабулхоналарини бориб кўрди, деҳқонлар ва тадбиркорлар, зиёлилар, вилоят фаоллари билан учрашди, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида Хоразм вилоятида амалга оширилиши мўлжалланган қатор лойиҳалар билан танишди.
Ушбу муҳим ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтган қисқа вақтда вилоятнинг саноат соҳасига 300 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция маблағлари жалб қилинди. Янгидан тўрт юз ўттиздан ортиқ энг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди. Бу лойиҳалар шу пайтгача ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиб воҳада етиштирилаётган маҳсулотларни замонавий асосларда қайта ишлаш, экспортга йўналтириш учун зарур инфратузилмаларни яратиши бўйича маҳаллий тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қуватлаш, туризмни, маҳаллий саноатни, маиший хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш натижасида кўплаб янги ишчи ўринлари очилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси, Урганч-Хива йўналишидаги темир йўл қурилиши, туризмни ривожлантириш бўйича Хива шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар шуларнинг энг йирикларидандир.
Бугун Хоразмда енгил автомашиналар, замонавий экскаваторлар, йўл қурилиши бульдозерлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, мотоцикл ва мопедлар, саноат совутгичлари, маиший музлаткичлар каби вилоятимиз учун янги бўлган ўнлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди.
Булардан ташқари Ҳазорасп туманида 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган енгил саноат мажмуаси, Қўшкўпир, Хива, Урганч туманларидаги фармацевтика, Янгиариқ ва Шовот туманларида терини қайта ишлаш корхоналарини бунёд этиш жадаллик билан олиб борилмоқда.
“Mеm gilan” хорижий корхонасида инфузион қоришмалар, ампулалар, таблетка ва капсулалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллиард сўмни ташкил қилади. Ҳудудда бундай фармацевтика корхонаси йўқлиги боис янги қувват дори воситалари нархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, йилига 3,8 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, Урганч шаҳрида фаолият олиб бораётган “Darital shоes” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхонада ишлаб чиқарилаётган пойабзаллар дизайни ва сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Ўтган йили эркаклар, ўсмирлар ва болалар учун 28 минг жуфт оёқ кийим ишлаб чиқарилди. Олтмишдан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари гигиеник ва мувофиқлик сертификатига эга.
“Хива Карпет” қўшма корхонаси негизида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки молиявий кўмагида ташкил этилган “Хоразм гиламлари” масъулияти чекланган жамияти эса йилига бир миллион квадрат метр гилам тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда гиламчилик бўйича жаҳоннинг етакчи давлатлари иш тажрибалари чуқур ўрганиляпти. Ташқи бозорда гилам маҳсулотларига бўлган талаб таҳлил этиб борилади. Бу юқори сифатли, бежирим маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва экспортбоп­лигини оширишга хизмат қилмоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 200 ишчининг маълум қисми касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
Қурилиш ва ободонлаштириш борасида ҳам диққатга сазовор ишлар бажарилмоқда. Урганч шаҳар Бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор доирасида 1 трлн. 300 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Янги кўпқаватли турар жой бинолари, коттежлар, юзлаб ишлаб чиқариш, маданий ва маиший объектлар, боғлар, ўқув муассасалари қад ростлади, кўча ва маҳаллалар гулзорларга айлантирилди.
Шу ўринда вилоятимизда аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор ишлар назарда тутилганини айтиш даркор. 2017 йил 3 апрелда Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида паррандачиликни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорда Хоразм вилоятида паррандачиликни замонавий технологиялар асосида янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, паррандачилик ташкилотлари ҳамда наслчилик хўжаликларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ўз ифодасини топди, жумладан, “Xorazm naslli parranda” паррандачилик мажмуини ташкил этиш режалаштирилди. Паррандачилик мажмуининг асосий вазифалари вилоятда инкубацияларда жўжа етиштириш (йилига камида 1 миллион бош) ва тухум олиш учун боқиладиган камида 200 минг бош товуқни парваришлайдиган паррандачилик мажмуасини ташкил этишдан иборат бўлиб, бошланғич босқичда – 2017 йилда Хива туманида деҳқон хўжаликлари ва аҳолини ёш паррандалар (ўртача 100 бошдан), қафас ва омухта ем билан таъминлаш механизмини жорий этиш, кейинчалик – 2018-2019 йилларда ушбу тажрибани вилоятнинг бошқа туманларида ҳам йўлга қўйишни назарда тутади.
Қадимий Хоразм деҳқончилик мактабини илмий асосда ўрганиш, қовунчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Яқин йиллар ичида вилоятдаги олти ярим минг гектар, самара бермаётган эски боғлар ўрнида бир ярим минг гектар токзор ва тўрт ярим минг гектар интенсив боғлар ташкил этилади. Урганч ва Янгибозор туманларида икки минг гектардан, жами тўрт минг гектар пахта майдонлари қисқартирилиб, уларнинг ўрнида қовунчилик ва сабзавотчилик фермер хўжаликлари ташкил этилади.
Янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларининг ички бозордан ортган маҳсулотларини қайта ишлаш, экспортга йўналтириш учун Боғот туманида йилига икки минг тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга “Хоразм узум савдо”, Хива туманида йилига минг тонна мева ва сабзавот қуритиш қувватига эга “Жамол юлдуз савдо сервис” каби бир неча корхоналар ташкил этилади.
Ҳозирда Урганч туманидаги “Хоразм қовунлари” масъулияти чекланган жамиятида қовуннинг бир неча нави етиштирилиб, маҳсулотни Жанубий Корея давлатига экспорт қилиш йўлга қўйилган. Замонавий музлатиш жиҳозлари қовуннинг кўриниши ва мазасига зарар етказмаган ҳолда узоқ муддат сақлаш имкониятини беради.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳада ҳам бир талай ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз вилоятимизга келганда Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали фаолияти билан ҳам танишди. Филиал фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикр ва тавсияларини билдириб, шифохона негизида Россиянинг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган. Марказ чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш имконига эга бўлади. Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилмоқда. Унда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимлари очилади. Санкт-Петербург олим ва шифокорлари бу ерда дарс берадилар, диагнос­тика ишларини олиб борадилар ва даволайдилар. Талабалар клиникада замонавий даволаш усулларини чуқурроқ ўрганадилар.
Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали ва Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида ташкил этиладиган бу икки муассаса Оролбўйи аҳолиси орасида кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг билим ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутиши аниқ.
Ижтимоий соҳа объектларини бунёд этиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари ҳам диққатимиз марказида.
Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий изланишларнинг мавзу доираси ва самарадорлигини, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни янада кучайтириш устидаги ишларни давом эттирамиз.
2017 йилда 3 та мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилади. 103 та мактабгача таълим муассасалари реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.
Ижодкорларнинг кўп йиллик орзулари бўлган вилоят телерадиокомпанияси ва вилоят матбуот ва ахборот бошқармасининг янги биноларини қуриш ишларини бошлаймиз.
Шулар қаторида азалий қадриятларимиздан бўлган китоб ва китобхонликка, маънавият ва маърифат соҳасига қаратилаётган давлат сиёсатида даражасидаги эътибор юртдошларимизнинг кўп йиллардан бери юрагининг туб-тубида асраб келаётган орзуси эканлигини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Чунки халқнинг сўзга, ўз тилига бераётган эътибори унинг маънавий даражасини, ўзини қанчалик қадрлаши ва эртанги кунга қанчалик масъулият билан қарашидан дарак беради. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон айтганидай, “Тили омон бўлса, ўлмайди миллат”.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 12 январида қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши катта аҳамият касб этади. Бу муҳим ҳужжат жамиятимизда ижодкорларнинг нуфузини янада юксалтириш, китоб ва китобхонликка меҳр уйғотиш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш ишида ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Китобхонлик даражасини оширишнинг энг зарур шарти – китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизими такомиллаштирилади.
Биз бугун ижодкорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, китобхонлик тарғиботи ва китоб савдосини тараққий эттиришга тизимли равишда ёндашмоқдамиз.
Вилоятимизда юздан ортиқ китоб дўконлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг етмишдан ортиғи чекка қишлоқ ва маҳаллаларда жойлашган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими “Хоразм зарқалами” мукофотини таъсис этган. Бу мукофот ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кун арафасида йил давомида энг сара асарлар яратган вилоят ижодкорларига тақдим этилади.
Вилоятимизда адабиёт тарғиботи ўрта умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Мангулик жамоли” кўрик-танлови муҳим омил бўлмоқда. Танловда қатнашадиган ёшларимиз “Мумтоз адабиёт билимдони”, “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти билимдони”, “Мен севган адиб” каби ўндан ортиқ номинациялар бўйича беллашадилар. Бу тадбир ёшларимиз орасида қадим маданиятимиз, мумтоз ва ҳозирги замон адабиётимиз борасида билимларини кенгайтириш, бой меросимизга муҳаббат ва мутолаа маданиятини тарғиб қилишда ўзига хос тажриба мактаби бўлиб қолди. Танловни тайёрлаш ва ўтказишда “Мангулик жамоли” жамоат бирлашмасининг фаол иштирок этаётгани бу масалада вилоятда йўлга қўйилган ижтимоий шерикликнинг яхши намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ушбу кўрик-танлов бу йил адабиёт фестивалига айлантирилди ва у шу йилнинг 17 июнь куни Ҳазорасп туманида ўтказилди. Анжуман доирасида вилоят ижодкорлари томонидан кейинги даврда яратилган салмоқли асарлар тақдимотлари ўтказилди. Қўзи Давлатнинг “Мозийдан садо” трилогияси, Жуманазар Юсуповнинг “Нажот маъбуди”, Ширин Собурованинг “Сабр дарахти” китоблари шулар жумласидандир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун вилоятда Ошиқ Эркин, Қурбон Муҳаммадризо, Сотим Аваз каби отахон адиблар билан бир қаторда Шокир Бек, Йўлдош Эшмурод, Шуҳрат Маткарим, Маҳмуд Ражаб, Содиқжон Иноятов, Болтабой Бекматов, Гавҳар Ибодуллаева, Муҳаббат Сафоева, Сайёра Самандарова, Эрпўлат Бахт, Исмоил Оллоберганов, Шоира Шамс, Маъруф Менгли каби шоиру ёзувчилар самарали ижод қилмоқдалар. Адабиёт аҳлининг “Эзгу сўз” газетаси чоп этилмоқда.
Бу йил таваллудига 100 йил тўлган Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов­нинг хотира юбилейини санъат байрами сифатида бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонладик. “Комилжон Отаниёзов ўз шеърларидан бирида: “Ўйласанг ўз бахтингни, эл бахти бирлан ёр эт, Эй, Комил, номингни сен яхшилар ичра бор эт”, деб ёзган ва бу ҳикматни ўзининг ҳаётий эътиқодига айлантирган шахс эди”, – дея таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев Комилжон Отаниё­зов­ таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига йўллаган табрик хатида. Дарҳақиқат, 2000 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг фармонига кўра “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлангани эл севган хонанданинг номи яхшилар орасида яшаб қолганини билдиради. Устоз санъаткор туғилиб вояга етган заминда унинг уй-музейи ташкил этилди. Шовот туманида Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб, ҳар томонлама обод қилинди, Урганч туманида ҳофиз хотирасига аталган боғ ва ижод маркази барпо этилиб, у зотнинг табаррук сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилди. Огаҳий номидаги Вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган хотира кечасида бадиий жамоалар, хонандалар Комилжон Отаниёзов ижодий меросидан намуналар ижро этишди, шу куни “Уч бўстон булбули” номли спектакль, ҳофиз ҳаёти ва ижодига бағишланган видео­фильм намойиш этилди.
Санъаткорнинг 100 йиллиги тантаналарини ўтказиш асносида Бобохон Муҳаммад Шариф, Комил Аваз, Қурбон Муҳаммадризо, Абдулла Сафаев, Ботир Раҳимов, Дилшод Ғойипов, Самандар Худойберганов, Комил Нуржон, Раҳматжон Қурбонов каби ижодкорлар Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёти ва ижодини атрофлича тадқиқ қилишга қаратилган ўндан ортиқ илмий, бадиий, ўқув қўлланма ва хотира китобларини яратдилар.
Хуллас, бугун биз Хоразмни Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир одими билан ҳамқадам вилоятга айлантиришга интилмоқдамиз. Бу йўлда бажарадиган ишларимиз талайгина, режаларимиз анча, биз уларни амалга оширишга бел боғлаганмиз. Берилган сўзни эса хоразмликлар ҳамиша қадрлайдилар ва чин дилдан адо этадилар.

Пўлат БОБОЖОНОВ

Саҳифа 119 марта ўқилган.