Майсаларга алла айтади сабо

Назм

* * *

Миртемир домлага

– Киприкларим! – дейди, кўз ҳар дам,
– Киприкларим! – дейди, у такрор.
Асрар мени деб балолардан:
– Киприкларим! – дея, миннатдор.

Ундан меҳр эмиб, нур эмиб,
Киприклари ростлар қадрини.
Унинг ёшларида чўмилиб,
Кўз-кўз қилар малоҳатини.

Осмонда юлдузлар тўладир,
Сочилгандир бодроқдай қийғоч.
Уларнинг ҳоли не бўладир,
Ёғдирмаса нурини қуёш.

Қуёшдай буюк ва беминнат
Кўз бўлмаса киприклар қайда?
У ёғар ҳаёт ва ҳарорат
Киприкларга олқишлар айта.

…Киприкларнинг бахти зиёда –
Умри боқий бўлса унинг, бас!
Бу сирларга тўла дунёда
Киприксиз кўзлар ҳам оз эмас.

* * *

Ҳаёт турли жойда турлича кечар,
Турли шаклларда бўлар намоён.
Ҳаёт – қишни ёриб чиққан бойчечак,
Ҳаёт – ушалмаган, ушалган армон.

У қайдадир меҳр-муҳаббат, ихлос,
Қайдадир ёзилмай қолган бир варақ.
У қайдадир руҳан ва жисман парвоз,
Қайдадир руҳан ва жисман жасорат.

Ҳаёт – чол юзида ажин ва қайғу,
Зулумот бағрини тилка қилган нур.
Бола чеҳрасида мусаффо кулгу,
Ватан тақдирига жойланган умр.

* * *

Бу оқшом кўзларинг сингари теран,
Сочларинг сингари мулойим.
Бу оқшом ўзингдай эрка ва беғам,
Ҳам ўзингдай оромга мойил.

Бу оқшом нафасинг сингари илиқ,
Бўсангдай оловли, табаррук.
Бу оқшом ўзингдай суйгулик,
Симириб қўйгулик, тасаддуқ!

Бу оқшом васлингдай ҳаётбахш, қисқа,
Ҳажрингдай беадоқ, беадад.
Бу оқшом ўзингдай оромижон ва
Ўзингдай беаёв, бешафқат.

Бу оқшом – кўчангда илк бор тентираб
Юрган кунимданоқ муқаррар.
Бу оқшом – ҳар оқшом каби сен билан,
Сенинг ёдинг билан мунаввар.

* * *

Гулзорларда сайрайди булбул тун бўйи,
Тун бўйи оқади бир дардли хониш.
Мудроқ туйғуларни уйғотар куйи,
Оҳанги танишу тили нотаниш.

Бошларни ирғаймиз, бир тасвир излаб:
– Мунчалар ёқимли бу наво? – деймиз.
Кейин катталарнинг гапини эслаб:
– Гулдан-гулга қўнган бевафо! – деймиз.
Гулдан-гулга қўниб, бардош тилайди,
Туннинг йироқлигин сўйлайди булбул.
Она бўлиб гуллар бошин силайди,
Буюк тонг қўшиғин куйлайди булбул.

Тун борки, бечора сайрайди тинмай,
Тонг дея, нолада ўтказар тунни.
Биз эса тилини таржима қилмай –
Нелар деб, гуноҳкор қилмаймиз уни.

* * *

Ором оғушида дилрабо бу тун:
Ойдин зулумотда жилмаяр баҳор.
Гул бўлиб очилар баргдаги тутун,
Анҳорда салқин бир эҳтирос оқар.

Ором оғушида дилрабо бу тун:
Юксакда юлдузлар ваъда қилар бахт.
Бировга қоқилиб кетмаслик учун
Авайлаб эгасин излар муҳаббат.

Ором оғушида дилрабо бу тун:
Майсаларга алла айтади сабо.
Соҳилда мажнунтол, қомати дуркун,
Бир боққил дегандай қилар илтижо.

Ором оғушида дилрабо бу тун:
Ўзи ҳам билмайди, бу не ажиб сир?
Уни эҳтиётсиз шарпадан ўқтин
Чўчитиб қўймаса бўлгани кимдир.

* * *

Кўнглим чорбоғига куз ҳоким бугун,
Умид япроқларин ерга тўшаган.
Шодлигим қайдадир тентирар юпун,
Шодлигимни излаб йўлга тушаман.

Ўйлардай эшилиб ётади йўллар,
Йўллар қамраб олган бутун дунёни.
Мени қайларгадир элтмоқчи улар,
Мен-чи, шодлигимни излайман ёниб.

Бугун анҳорда ҳам ҳасрат тошқини,
Куйлайди соҳилда бир қиз паришон.
У балки… У балки ўйлайди мени,
Мен-чи, шодлигимни излайман ҳамон.
Қайдадир кулгуга самовот тангдир,
Қайдадир соғинчдан ингранади най?
Қайдадир тўлиқиб йиғлайди танбур,
Мен-чи, шодлигимни излайман тинмай.

Юксакдан юлдузлар мўлтирар унсиз,
Пастроқда томчи ёш турар муаллақ.
Ой нурида музлаб қолибди, эссиз,
Мен эса, шодликни қидириб ҳалак.

Кипригин кўтарар мудраган уфқ,
Менинг киприкларим юмилар секин.
Япроқлар тўкилиб тугагани йўқ,
Шодлигимни излаб тинганим йўқ мен.

* * *

Тушларимга кирар бир чаман,
Яшнар унда фасли муҳаббат.
Шу чаманда мен ҳам етаман
Суйганимнинг васлига, албат.

Тушларимга кирар бир гўша –
Бахтга тўла сирли бир олам.
Бахтим менга тутади бўса,
Дудоғидан ўпаман мен ҳам.

Тушларимга кирар бир гулхан,
Унда кулга айланар риё.
Унинг заҳри ва тутунидан
Қора чодир кияди само.

Тушларимга кирар бир уфқ,
Орзум бўлиб имлайди мени.
Инъомини қўлимга тутиб,
Пойим узра қўяр бошини.

Тушларимга кирар бир баҳор,
Минг бир рангда товланиб, ёниб.
Шу баҳорга чулғаниб ётар
Менинг она Ўзбекистоним.

Машраб БОБОЕВ