Муҳаррирда аламим маним

Адабий жараён

Ўз шоирин танимади шеър.
Анвар ОБИДЖОН

Таҳрир – бу бадиий асарга шакл ва мазмун жиҳатдан сайқал бериш, муаллиф назаридан четда қолган жузъий камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, имловий нуқсонларнинг олдини олиш, хуллас, ижод маҳсулини нашр қилишдан аввал ҳар жиҳатдан маромга етказиш, пардозлаш санъатидир. Хўш, бу масъулиятли вазифани ким амалга оширади? Албатта, муҳаррир-да! Қандай муҳаррир? Ана бу саволга жавоб бериш бироз қийин. Сабаби, муаллиф ўзи тан олган муҳарриргагина ўз асарини, дейлик, шеърий тўпламини топширмоғи лозим. Шундай экан, муҳаррир шеър техникасини муаллифдан-да пухтароқ биладиган зукко мунаққид – таҳрир устасидир. Бошқача айтганда, шоир актёр бўлса, муҳаррир режиссёрдир. Шу маънода эълон қилинган ҳар қандай асарнинг гуноҳ-савоби дастлаб муаллифга, сўнг эса муҳаррирга бориб тақаладики, буни таҳрир ҳайъати доим ёдда тутмоғи лозим.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қаси­даси 1965 йилдан бери даврий матбуот нашрларида ва муаллифлик тўпламларида бир неча марта нашр этилган. У миллий шеъриятда Ҳамид Олимжон ва Ойбекнинг шу номдаги, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси сингари нодир ҳодиса сифатида қайд этилган. Аммо асар шоирнинг 2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган тўрт томлик “Танланган асарлар”ининг биринчи жилдида таҳрирга йўлиққани китобхонлар эътирозига сабаб бўлаётир. Умуман, тўрт жилдлик таркибидаги асарларни аввалги нашрлар билан қиёсланса, мутлақо кутилмаган манзаралар ҳосил бўлади. Рости, бу мақола оддий шеър ихлосмандларидан бирининг “Буни қандай изоҳлайсиз?” деган саволи оқибатида қоғозга тушмоқда.
Академик Бахтиёр Назаров бир пайтлар ушбу қасида ҳақида “Ўзбек поэзиясида Ўзбекистон образи яхлит ва муфассал, бутун салобати ва қиёфаси билан мукаммал яратилган асарлардан биридир”, деб ёзган. Шунга ўхшаш ижобий баҳолар акаде­мик Матёқуб Қўшжонов, профессор Озод Шарафиддинов, тадқиқотчи Менглибой Холёров ва Дониёр Бегимқулов мақолаларида ҳам берилган. Ана шундай бекаму кўст асарни таҳрир қилиш эҳтиёжи қандай пайдо бўлдийкин?! Юқоридаги иқтибос асарнинг танқидчиликда юқори баҳоланганини кўрсатяпти-ку! Қизиқ, кўпчиликка манзур қасидани ким, нега таҳрир қилди? Ахир, унда миллий истиқлол мафкураси тамойилларига зид бирор бир жиҳат бўй кўрсатмайди. Ундаги “совет” ёхуд “коммунизм” сўзлари ҳам таҳрир заруратини туғдирмайди. Негаки, бугунги ёш китобхонлар ҳам бадиий асарга баҳо беришда у яратилган давр билан ҳисоблашиш лозимлигини жуда яхши англайдилар. Таҳрир ўзини оқламаганлигини баъзи мисолларда исботлашга ҳаракат қиламиз.
Аввалги нашрларда:

Ва Ҳамзанинг қатра қонида
Ўзбекистон номин олдинг сен.

Сўнгги нашрда:

Ўғлонларинг қатра қонида
Ўзбекистон номин олдинг сен.

Аввало мисранинг “ва” билан бошланиши ифодаланаётган ғоянинг юқоридаги мисралар билан шакл ва маъно жиҳатдан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. Қолаверса, Ҳамза ХХ аср биринчи чорагининг ноёб сиймосидир. У хотин-қизлар озодлиги, илм-маърифат, санъат ва маданият ривожи учун тинимсиз кураш олиб борган. Унинг инқилоб мавзусидаги шеърлари ўша давр мафкурасининг таъсири ўлароқ яратилган бўлиб, улар янгилик тарафдорининг Миллат ва Ватан тараққиё­тига қўшган ўзига хос ҳиссасига зиён сололмайди. Боз устига шўро сиёсатига мадҳия ўқиш ўша давр адабий муҳитининг ягона шиори бўлиб, ўтган асрнинг дастлабки чорагида ижод қилган барча шоирлар рус инқилобини буюк тарихий ҳодиса сифатида улуғлашлари шарт эди. Машъум ҳодисанинг байроқдори бўлиш Ҳамзанинг хатоси бўлиши мумкин, зинҳор айби эмас. Эҳтимол, бу мажбурият унинг чекига тушгани ҳам Ҳамзанинг қисматини белгилагандир. Собиқ Шўро ҳукумати амалдорлари томонидан хуфиёна ўлдирилгани бу сиймонинг шўролар мафкураси таърифлаб бергандек, “оташнафас большевик шоир” бўлмаганлигини кўрсатиб турибди. Унинг “Девони Ниҳоний”дан ўрин олган қатор ғазал, рубоий, қитъа ва мухаммаслари миллий уйғониш даври адабиётини ўтмиш мумтоз шеърияти анъаналари билан узвий боғловчи ришталар сирасига киради. Унинг ўз даврида хурофот ва жаҳолатга қарши маърифат билан майдонга чиққани эътирофга лойиқ ва чинакам ибрат намунаси бўла олади. Шеъриятда муайян шахс номини бадиий ғояга йўналтириш талмеҳ санъати дейиладики, юқоридаги таҳрир мисрани ана шундай бадиият сеҳридан ҳам маҳрум этган.
Абдулла Ориповнинг “Ва Ҳамзанинг қатра қонида / Ўзбекистон номин олдинг сен” дегани тарихий шахснинг ижтимоий-сиёсий фаолиятидан ташқари, унинг “Ҳамза монологи”, “Ҳамза нидоси” шеърларини ва умуман, ўзбек адабиётида Ҳамза ҳақида яратилган асарларни ўқувчи кўз ўнгида бирма-бир пайдо қилиш қудратига эга. Шу ўринда бир савол туғилади: “Ҳамза”ни “ўғлонлар” деб ўзгартирган “зукко” муҳаррир у ҳақдаги мустақил икки асар – “Ҳамза монологи” ва “Ҳамза нидоси”ни “Танланган асарлар” мундарижасидан нега тушириб қолдирмади?! Ё эътиборсизлик рўй бердимикан?!
Таҳрирга йўлиққан сўздан сўнг “қатра қон” бежиз ишлатилмаган. Афтидан, муаллиф миллат фидойисининг халқ озодлиги йўлида шаҳид кетганини назарда тутган. Аммо мақсад жадидлар ҳаракати намояндасининг қандай ўлдирилгани ҳақида эмас. Қатра қон – бир кишига нисбатан айтилади. “Ўғлонлар”ники бир неча қатра бўлса, мумкин. Қатранинг ўзи бўлмас-ов! Қатра қон – қаҳрамон танасидаги суюқликни билдираётгани йўқ. Шоир поэтик ифода воситасида 1930-йилларда шаҳид кетган миллат фидойиларининг умумлашма образини тасвирлашга эришган. Ҳамза шахсиятига бўлаётган баъзи бирёқлама муносабат халқимизни нодир шахс ва унинг маърифатидан маҳрум этиш демакдир. Бу ҳодисага севимли шоиримиз “Ҳамза нидоси” шеърида шу иллат бошланган йилларнинг ўзидаёқ муносабат билдирган эди:

Ҳамзадирман боқмагайсиз
Сиз маломатлар билан.
Байтларим айтдим элу юртга
Мен ибодатлар билан.

Махфий қолмасинки, тадқиқотчи Менглибой Холёров шоирнинг сўз қўллаш маҳорати ҳақидаги мақоласида юқоридаги сатрни “Абдулланинг қатра қонида” деб ўқийди. Унингча, “Абдулла” ҳам Абдулла Набиевнинг инқилобий кураш йўлидаги тарихий фаолиятини, ҳам мазкур шеър муаллифи номини, “Ўзбекистон” эса ҳам юрт, ҳам ушбу шеър номини бирваракайига ифодалай олади. “Қатра қон” эса Абдулла Набиевнинг миллий озодлик ҳаракати йўлида шаҳид кетганига ишора қилиш билан бирга, Абдулла Ориповнинг ўша қасидани битаётган пайтдаги руҳий тўлғоғи – изтиробларини намоён этар экан. Яхши гап. Жуда яхши. Таҳлил бизни қониқтиради. Тадқиқотчи мулоҳазаларида илмий ҳақиқат мужассам. Аммо мунозарага сабаб бошқа жойда. Негаки мисрадаги ўша сўз “Абдулла” эмас. Афтидан, тадқиқотчи ёд олган қасидаси сеҳридан бироз чалғиган кўринади. Чунки биздаги мавжуд нашрларнинг бирортасида ҳам “Абдулла” учрамайди. Энди бошқа байтни ўқиймиз:

Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди оқсоқ жаҳонгир.

Иқтибосдаги “оқсоқ” сўнгги нашрларда “буюк” деб ўзгартирилади. Хўш, айтинг-чи, муҳаррир “оқсоқ” сўзида қандай айб кўряпти? Ахир шоир буюк сулола асосчисининг жисмоний заифлигига таъна қилмаяпти-ку! Ғарб олимлари Соҳибқиронни Тамерлан, яъни Темур ланг деб айтадилар. Шоир уни оқсоқ бўла туриб дунёнинг ярмини ларзага солганини ифтихор билан айтяпти. Боз устига таҳрир бадиий мантиққа жиддий путур етказган. Амир Темур дунёнинг ярмини буюклиги учун зир қақшатмаган, аксинча зир қақшатгани учун буюклик маснадига эришган. Худди шу бандда “демам”ни “айтгум” деб ифоданинг мутлақ аксини қўллаш ҳам бизга хато туюлади. Шоир бу ҳодисага нисбатан “биринчи нашрда юз берган жиндай таҳрир оқибати, аслида “дейман” эди” деган изоҳни берган. Ўша таҳрирни йирик шоира Зулфия амалга оширган ва у банд ғоясига жуда мос тушган. Мантиқ “демам”ни тақозо қилаётир. Сабаби, бу ўринда шу сўз замирида тамом инкор эмас, балки тамом эътироф мужассам. Яъни, мисрада “Амир Темурнинг кенг Осиёни забтга олганини айтишга эҳтиёж йўқ, чунки буни ҳамма билади” деган ғурур туйғуси ифодаланган. Бу ифода миллий ифтихор даражасига кўтарилганки, айнан “демам” сўзи буюк шахснинг тарихий-сиёсий фаолиятига нисбатан ифтихордир. Бундан ташқари, банднинг учинчи мисрасида “Мақтамасман мозийни бироқ” деб таъкидланадики, ана шу мақтамаслик ҳам “айтгум”ни инкор этади. “Бироқ” боғловчиси мақташга йўл очади, бинобарин, бадиий ғоя “айтгум”ни тақозо қилади, дерсиз. Йўқ. Шоир “бироқ”дан кейинги даъвони аниқ айтган: “Ўтмишингни ўйлайман бир зум”.
Хуллас, банд мисралари аввалги нашрларда жуда мустаҳкам боғланган, унинг “чоки”ни алмаштиришга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. Шунга ўхшаш мулоҳазаларни таҳрирга йўлиққан бошқа сўзларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Назаримда, шеър таҳрири муаллиф юрагини турли жойларидан чимчиб қўйгандек бўлган.
Ижод аҳли бадиий асарни фарзандга қиёслайдилар. Қирқ ёшли навқиронни пластик жарроҳга топширишга қандай зарурат туғилди экан?! Шеърда, фикри ожизимча, бирор-бир таҳрир ўзини оқламаган. Ундаги номақбул сўзлар шеър яратилган пайтдаги машъум мафкуранинг садоси сифатида жаранглайди. Уни қандай қабул қилиш энди ўқувчи салоҳиятига боғлиқ. Таҳрир ҳайъатида ижод табиатини яхши англайдиган етти муҳаррирнинг фамилияси бўлгани ҳолда улардан бирортаси “Абдулла Орипов мисралари таҳрирга муҳтож эмас”, деган фикрни ўртага қўймагани жуда ажабланарли. Шоир ижодида, бизнингча, таҳрирга муҳтож бирор-бир мисра йўқ. Абдулла Орипов ижодининг бошқа жонкуяр тадқиқотчиси, зукко мунаққид Сувон Мели айтганидек, бадиий асарда ҳам “айтилган сўз – отилган ўқ. Ўқ тепки босилгунча овчининг ихтиёрида, сўнг ўқнинг ихтиёри ўзида. Шеър ҳам худди шундай…”
“Ўзбекистон” қасидасидаги “совет” ёки “коммунизм” сўзлари матн остида изоҳни тақозо этади. Таъби баланд шеърхон учун изоҳ ҳам шарт эмас. Зукко мухлислар муаллиф ҳуқуқи жиҳатдан шеърни Абдулла Ориповнинг ўзи таҳрир қилган бўлса-чи, деган ўйга борган бўлишлари ҳам мумкин. Бунга эътироз йўқ. Аммо ҳозир гап қасидани ким таҳрир қилгани ҳақида эмас, қандай таҳрир қилгани ҳақида кетмоқда. Камина шоир ижодига болаликдан меҳр қўйганим боисидан уни турфа шаклларда ўқиш истагидан жуда узоқдаман.
Бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон Ўзбекистонни “Чиройлидир гўё ёш келин” дея эъзозлаган эди. Абдулла Орипов қасидасининг таҳрири, таъбир жоиз топилса, ўша келин қулоғидаги тилла ҳалқани олиб, ўрнига бироз эски, андак занг босган ҳалқани тақиб қўйгандек хунук таассурот пайдо қилади. Алқисса, таҳрир пардоз демакдир, аксинча эмас.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ