Таржима назарияси қай аҳволда?

Адабий жараён

Бугунги кунда ўзбек таржимачилигининг забардаст вакиллари Жуманиёз Шарипов, Ғайбулла Саломов, Нинель Владимирова, Нажмиддин Комиловлар ва бошқа кўплаб забардаст таржимашунослар орамизда йўқ. Бироқ улар бошлаб берган залворли ишлар замон талаби асосида давом этмоғи лозим.
Бир оддий ҳақиқат барчага аёнки, ҳар қандай фан назарияси амалий жараён тажрибасини ўрганиш, натижаларни таҳлил қилиш замирида шаклланади, ривожланади. Ғайбулла Саломов таржима тарихи ва тажрибасида мавжуд асосий таржима антиномиялари сифатида ўнтадан ортиқ бир-бирига зид фикрлар жуфтлиги (бирлиги)ни қайд қилиб ўтганлар. Бу антиномияларнинг ҳар бир жуфтлиги маълум бир аниқ замон ва маконда устуворлик касб этади. Ҳозирги кун таржимачилигимизда асосан учта антиномия эътиборни ўзига тортмоқда, булар:
1. Шеърни таржима қилиб бўлади – Шеърни таржима қилиб бўлмайди.
2. Таржимон асар муаллифи даражасида бўлмоғи керак – Таржимон асар муаллифи даражасида бўлмоғи шарт эмас.
3. Таржима фақат она тилига қилиниши керак – Таржима чет тилига ҳам қили­ниши мумкин.
Иммануэль Кант назария даражасига кўтарган, кейинчалик фалсафанинг уч асосий қонунларининг бирига айланган бу қарама-қаршиликлар, яъни антиномиялар ҳозирги ўзбек таржимачилигида тобора кескинлашаётган фикрлар курашига айланмоқда.
Биз кузатган 2016 йил республика нашрларида 600 дан ортиқ катта-кичик бадиий таржималар эълон қилинган бўлса, назарий кўламда эса бор-йўғи иккита китоб, 3-4 та илмий анжуман материаллари чоп этилган. Газета ва журналларда босилган илмий-танқидий чиқишлар эса 10 тадан нари-бери атрофида. Бироқ бу илмий изланишларда биз юқорида қайд этган янги ёндашишнинг куртаклари, дастлабки умумлашма ва хулосалар кўзга ташлана бошлагандай. Жумладан: таржима назарияси соҳасида 2016 йилда Ғанишер Раҳимовнинг “Таржима назарияси ва амалиёти” номли дарслик-мажмуасидан бўлак бошқа бирорта монографик ўқув-услубий тадқиқот пайдо бўлмади. Бу китобда шу соҳага доир энг охирги илмий ва амалий тажрибалар таҳлил қилинган ва таржима илмининг асосий тушунча ва терминлари, таржима принцип ва тамойиллари талабаларга осон ва тушунарли тилда баён қилинган.
2016 йилда Янглиш Эгамованинг “Муҳаббат фарзанди” номли китоби чоп этилди. Унда муаллифнинг таржимашуносликка оид илмий мақолалари, Гёте, Апитц ва Ремарк асарлари таржималари ҳақида тажрибалар ва кузатишлари, қолаверса ўзининг кичик жанрга оид янги таржималари ҳам берилган. Ушбу китоб маълум маънода бевосита олмон-ўзбек таржималарининг мухтасар тарихи сифатида ҳам талабаларга тавсия этилиши мумкин.
Ўтган йилда турли матбуот саҳифаларида ва республикамизда ўтказилаётган илмий-амалий анжуманлар материалларида янги илмий мақолалар чоп этилди. Хусусан, таржимашунос олим Иброҳим Ғофуров газета ва журналларда, илмий тўпламларда босилган “Таржима эстетикаси”, “Сўздан мурод маънодир” каби мақолаларида бадиий таржима машаққатлари, сўз устида ишлаш масъулияти, бевосита таржима замони имкониятлари ҳақида куйиниб фикрлар билдиради, жумладан: “Тарихий, ижтимоий шароит тақозоси билан ярим асрдан кўпроқ вақт жаҳон адабиёти намуналари билан рус тилидаги таржималар асосида танишиб бордик. Бу ўз вақтида ўзини оқлади, “сув йўғида таяммум” деганларидай. Энди эса бадиий таржималар аслиятдан қилингандагина ўзини оқлайди. Асл таржима қимматига эга бўлади. Аммо яхши билиб олмоқ жоиздирким, бадиий таржима нусха кўчириш эмас”. Бу фикрга қўшилмай иложимиз йўқ, бироқ аслиятдан асл таржима қилишга даъвогар таржимонлар жуда кўп бўлса-да, бундай асл таржимани уддаловчи асл таржимонлар айни пайтда бармоқ билан санарли.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йил 5-сонида Муҳаммадали Қўшмоқовнинг “Таржимоннинг мавқеи ва масъулияти” мақоласи босилган бўлиб, унда мустақиллик даврида таржимонларнинг асар танлашда ташаббус ва эркинлик имкониятлари ижобий омил сифатида баҳоланиб, шу эркинликка нисбатан масъулият билан ёндашиш лозимлига эътибор қаратилган бўлиб, бунга далил тариқасида Иброҳим Ғофуров ва Муҳаммад Алининг оралиқ тил орқали бажарган таржималаридан мисоллар келтирилган, таниқли ҳуқуқшунос олим Акмал Саидовнинг ноширлик ва таржимачилик соҳасидаги саъй-ҳаракатлари эсга олинган.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йил 9-сонида Адҳамбек Алимбековнинг “Машаққатли ва олийжаноб иш”, Олим Олтинбекнинг “Хоккунинг илк таржимони” мақоласи босилган. Адҳамбек Алимбеков “Машаққатли ва олийжаноб иш” мақоласида муҳим муаммолар қаторида қуйидаги уч масалага эътиборни қаратади: ёш таржимонлар тайёрлаш, таржимага асар танлаш, ўзбек адабиётидан жаҳон тилларига таржима қилиш. Бу учала масала бўйича мунаққид мавжуд янги таржималарни кузатиб, улардаги ютуқ ва камчиликларга мисоллар келтиради. Амалий таржималар ривожидан мамнуният билдириш билан бирга, Адҳамбек Алимбеков таржима назарияси ва танқиди бўйича жуда кам ишлар қилинаётгани, таржима бўйича янги дарсликлар яратиш керак­лигини, таржима танқиди эса умуман қониқарсиз аҳволда эканлигини уқтиради.
Олим Олтинбекнинг мақоласида япон мумтоз шеъриятининг қатор жанрларини, айниқса, хокку жанрини рус тилидан таржималар орқали ўзбек адабиётига олиб кирган Рауф Парфи таржимачилик санъатидан мисоллар келтирилади. Хоккудан олдин Ғарбнинг сонет жанри ҳам ўзбек шеъриятига айнан таржима орқали кириб келган эди. Дарҳақиқат, таржима орқали ҳар қандай миллий адабиёт мазмунан ва шаклан бойиб боради. Мен Навоий ғазалларини олмон тилига таржимаси устида ишлаш жараёнида шарқона шеърий шакл ва анъана бўлган ғазал жанрининг XVII-XVIII асрлардаёқ Европа адабиётига кириб боргани, хусусан, Шарқ шоирлари Ҳофиз, Саъдий, Румий, Хайёмларнинг Ҳаммер-Пургштал қилган олмонча таржималари таъсирида олмон адабиётида Август Платен, Фридрих Рюккерт, Готфрид Келлер, Теодор Шторм каби ғазалнавис шоирлар авлоди пайдо бўлганига гувоҳ бўлдим ва уларнинг ғазал таржимаси тажрибаларидан фойдаланишга ҳаракат қилиб Навоийнинг юзта ғазалини олмон тилига ўгирдим.
“Ёшлик” журналида эълон қилинган “Тўғри таржима – яхши таржима дегани эмас” сарлавҳали суҳбатда Низом Комиловнинг “Тўрт сатр шеърни таржима қилишдан кўра ўн саҳифали ҳикояни ўзбекчага ўгириш енгилроқ… Роман таржимаси жараёнида дуч келганим шеърий парчаларни бир гал Эркин Воҳидов, бир гал Муҳаммад Юсуф ўзбекчалаштириб берган”, деган ўта муҳим хулосасини эслатмоқчиман. Агар бу хулосада чет тилдан она тилига таржима ҳақида сўз бораётганига эътибор қилсак, она тилимиздан чет тилларга шеър, айниқса, ғазал таржима қилиш нафақат журъат ва машаққат, айни бир пайтда миллатпарварлик масъулияти ва мажбурияти эканини ҳам тасаввур қилмоқ лозим.
“Ёшлик” журналининг деярли ҳар бир сонида “Жаҳон ҳикояси” рукнида чет эл адибларининг кичик ҳажмли асарларидан бевосита ва билвосита таржималар эълон қилинган. Айниқса Саиджалол Саидмуродов, Шаҳноза Раҳмонова, Қандилат Юсуповаларнинг таржималари худди ўзбекчада ёзилгандай ўқилишини таъкидламоқчиман.
2016 йилда республикамизда таржимашуносликка бағишланган учта илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Самарқанд чет тиллар институтида 2016 йил 16-17 ноябрда ўтказилган “Тил, маданият, таржима ва мулоқот” номли республика илмий-амалий конференциясида иштирок этган олимлар қаторида профессор Ибодулла Мирзаев кўтарган масалалардан бири, чет тиллардаги атоқли номлар – антропонимларни ўзбекча таржималарда тилимиз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тўғри ёзиш масаласидир. Жумладан, у шундай деб ёзади: “Бизга рус тили орқали кириб келган Ги де Мопассан, Оноре де Бальзак каби фамилияларни тўғри талаффуз килиш ва ёзиш вақти етди. Руслар бу фамилияларни шундай ўқиш ва ёзишни хоҳлаганлари учун эмас, балки тилларида “ў” товуш-ҳарфининг йўқлиги учун шу тахлит ёзиб келадилар. Бизнинг тилимизда эса бундай товуш, ҳарф бор. Бу имкониятдан фойдаланмай келинаётганини тушуниш қийин. Ги де Мопассан эмас, Ги дў Мопассан, де Бальзак эмас, дў Бальзак тарзида ёзиш ва ўқиш аслият руҳи ва моҳиятига мос. Бу бизнинг истагимиз эмас, балки она тилимизнинг бутун салоҳиятини намоён этиш ва шу билан бирга чет эл олим, адиб ва бошқаларнинг исм-фамилияларини ўзларида қандай бўлса, шундай ёзиш, ўқишга даъватдир, холос”.
Ўша тўпламда профессор Муҳаммаджон Холбеков ўзининг “Мустақиллик йилларида ўзбек таржима амалиёти” мақоласида шундай деб ёзади: “Китобхонлар бевосита аслиятдан қилинган таржималарни ўқиб, Вийон, Байрон, Эдгар По аслида шундай ёзган экан-да деган тушунча ҳосил қилишади. Бироқ, бу таржималарни асл нусха ва русча таржима матнлари билан солиштирганимизда, шоир-таржимонларимизнинг нечоғлиқ эркин ҳаракат қилганликларини, натижада асл нусхадан нақадар узоқлашиб кетганликларини кузатамиз”, деганда айни ҳақиқатни айтган, чунки амалий таржималар қанчалар кўп қилинмасин, уларнинг сифати деярли ўрганилмаяпти, бирор-бир асар таржимаси бошидан-охиригача танқидий таҳлил қилингани йўқ.
Шарқшунослик институтида ўтказилган “Шарқ таржимашунослиги тарихи, ҳозирги куни ва келажаги” номли республика илмий-амалий конференцияси материалларида ҳам таржимашуносликнинг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб илмий мақолалар жой олган.
2016 йилнинг 11-12 ноябрида Умумий филологияга бағишланган “Ўзбекистонда филология илми ва таълими: натижа ва истиқбол” номли Республика филолог олимлари анжуманида ҳам таржима назарияси ва амалиётининг турли масалалари ҳақида чиқишлар бўлди.
2016 йилнинг 26 майида Ўзбекистон Миллий университетида “Илмий мунозара: муаммо, ечим ва ютуқ” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда умуммиллий масалалар билан бирга таржима назарияси ва амалиётига бағишланган чиқишлар ҳам бўлган. Айниқса, Иброҳим Ғофуровнинг “Таржима эстетикаси” мақоласи, Одилжон Сафаровнинг софистика тарихи ва намояндалари таълимотига бағишланган “Софистика ва таржима” номли маърузаси, Гулноза Одилованинг “Бадиий таржимада глюттоник дискурс тадқиқи” эътиборга лойиқ.
Таржималарга муносабат билдириш масаласида мен юқорида қайд этган антиномия­лар яна кўзга ташланмоқда. Таржима танқиди талабига кўра ҳар қандай таржимани асли билан қиёслаб, уни асосий таржима принциплари ва мезонлари асосида таҳлил қилиш керак. Бадиий таржима танқидида катта-кичик лисоний қусурларга эмас, асосан бадиий образ ва муаллиф индивидуал услубининг қайта яратилишига эътибор қаратиш лозим. Танқид маданияти эса аввало таржима фазилатларини, сўнгра унинг айрим нуқсонларини мисоллар билан кўрсатишни тақозо этади. Бугун муқобил таржималар билан бир қаторда аслият номи ифода этилган, турли коннотация-қўшимча маънолардан иборат семантик маънони ўзгартирган ва натижада сарлавҳанинг ўзидаёқ китобхонни аслиятдан чалкаштирувчи таржималар кўпайиб бормоқда.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йил 5-сонида профессор Муҳаммаджон Холбековнинг “Назария ва танқид” мақоласи босилиб, унда мунаққид 2015 йил таржималарга бой йил бўлганини таъкидлаш билан бирга шу таржималар назарий ва танқидий планда ўрганилмаётганини айтиб, шундай мунозарали фикрни илгари суради: “…назария бўлмаган жойда амалиёт ривожланмайди, улар бир-бири билан чамбарчас боғланган, бир-бирини тўлдириб боради. Таъбир жоиз бўлса, назария билан қуролланмаган таржимон мукаммал таржима ярата олмайди. Буни биз Иброҳим Ғофуров, Амир Файзулла, Абдулла Шер, Мирзаали Акбаров, Янглиш Эгамова каби моҳир таржимонларимиз ижоди мисолида кузатишимиз мумкин”. (170-б.) Бу кескин фикрга қўшилиш қийин, чунки ўзбек таржимачилик мактабининг туғма бадиий истеъдодга эга бўлган, бироқ таржима назарияси билан махсус шуғулланмаган жуда кўп забардаст таржимонларнинг (Ваҳоб Рўзиматов, Миркарим Осим, Қодир Мирмуҳамедов, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий ва б.) маҳоратли таржималари чоп этилган 1940-1970-йилларда Ўзбекистонда таржима назарияси деган фан ҳали шаклланмаган ва университетларда ўқитилмас ҳам эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2016 йил сонларида таржима назарияси оид бир қанча мақолалар эълон қилинди. Айниқса Муҳаммад Алининг “Германияда навоийхонлик” мақоласи, Иброҳим Ғофуровнинг “Сўздан мурод – маъно” суҳбати, Адҳамбек Алимбековнинг янги таржима нашрларига тақризлари, Зулхумор Мирзаеванинг “Оламшумул Навоий” ва “Жаҳонга улкан қадам” мақолалари, Дилбархон Аҳмедованинг “Алишер Навоий Америкада” каби мақолаларида адабий алоқалар ва таржима назариясига оид қатор муҳим назарий, амалий ва танқидий фикрлар баён қилинган.
Мен 2016 йил таржима назарияси ва амалиётига бағишланган материалларни кузатиб шундай хулосага келдимки, деярли ҳаммамиз чет эл адабиётини ўзбекчалаштириш билан машғул эканмиз. Аммо биз қачон ўзбек адабиётини тизимли равишда жаҳон адабиётига айлантириш билан шуғулланамиз? Шу маънода аввалги Москванинг “Радуга”, “Прогресс” каби махсус нашриётларига ўхшаш махсус таржима нашриётини ташкил қилиш вақти келди деб ўйлайман. Ҳозир қайси нашриётга хорижий тилга таржима қилинган асарни олиб борсангиз, “Чет тилдаги бу китобни ким сотиб олади?” деган савол қўйилади. Олувчи жуда кўп, энг аввал чет эллик сайёҳлар олади, аммо маҳсулотни хорижий элларда тарғиб қилиш ва сотишни йўлга қўйиш керак. Шу соҳа ҳозир жуда оқсаяпти.
Умумий ҳисоб-китобда барча катта-кичик янги таржималарнинг сони олти юздан ошади. Демак миллий адабиётимиз шунча асарга бойиди, улар халқимизнинг маданият ва маънавият уфқларини албатта кенгайтирмай қолмайди, чет тилларга ўгирилган асарларимиз ва уларнинг муаллифлари эса айнан таржима туфайли жаҳон адабиётига айланиб бормоқда.
Таржималар орқали адабий таъсир жараёни содир бўлади ва ижодкорларимиз янги бадиий образлар билан танишади ва уларнинг таъсирида янги ўзбекча асарлар пайдо бўлиши аниқ. Бунга мисол сифатида Гётенинг “Фаусти” таржимасидан сўнг “Руҳлар исёни”ни ёзган, Дантенинг “Илоҳий комедия”сини таржима қилиб, “Жаннатга йўл” дос­тонини ёзган Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар ижодини эсга олсак, манзара янада ойдинлашади. Булар таржиманинг мўъжизакорлик кучини кўрсатувчи мисоллардандир.

Хуррам РАҲИМОВ