Таржимада сўзлар бир тилдан иккинчи тилга кўчаётганда жилоланади. Ҳар бир ҳарф товушлари, тиниш белгилар жаранги эшитилади. Ўзгача олам яралади. Унда ижод аталмиш ҳаёт, йўллар, изтироблар, қувончлар туғилади. Тўлқинли, парқу туйғулар гоҳ кўтарилиб, гоҳ сокинлашади. Юрак тубига шовуллаган чексизлик, кўзларга эса унинг мовий ранглари сингишади. Бу – бепоён само. Таржима жараёнида осмон қадар кўтарилиш юз бермаса, бариси – бекор. Ахир, бошқа тиллик шоир ёки адиб руҳияти, қалби, сўзлари, дунёсини ўзиникидай юқорига кўтармоқ осонмас.
Таржима қилинаётган асарни ўз она тилида сайрата олиш учун, аввало, она тилини севиш, мукаммал даражада ўзлаштириш лозим. Бу таржимондан ижодкорлик, маҳорат ва иқтидорни талаб этади. Кунлар – тунлар, ойлар – йиллар, соатлар – лаҳзаларга уланиб, асар ва муаллифни ҳис этиш, туйғулар, ташбеҳлар, ўхшатишлар, тасвирлар, қочиримлар, мазмун-моҳият оқими, сўзлар оҳангги билан яшаш мароқли кечсагина, машаққатлар гўзал ҳосилга айланади.
2016 йилги шеърий таржималар кўлами ҳам ўзига хос, бой ва салмоқли бўлди. Уни бир сўз билан қамраб олиш қийин. Сўзни ҳамиша устозлардан бошламоқ ўринлидир. ­Хусусан, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Шекспирнинг Ғафур Ғулом таржимасидаги “Отелло”си, Гетёнинг Эркин Воҳидов таржимасидаги “Фауст”и, Пушкиннинг Ойбек таржимасидаги “Евгений Онегин”и, Ҳомернинг Қодир Мирмуҳамедов таржимасидаги “Одиссея”си, “Давр-пресс” нашриёти ҳам ажойиб таржима асарларини чоп этди. Булар Махтумқулининг Музаффар Аҳмад таржимасидаги “Севмишам сени”, Расул Ҳамзатовнинг Асрор Мўмин таржимасида “Аёллар кўп, она ягона” китобларидир. Уларда муҳаббат ва садоқат, Ватан ва онага меҳр, эҳтиром туйғулари баланд руҳда жаранглайди. Шу ва бошқа тўпламлар хусусида қанча гапирсак, шунча кам. Бундан ташқари, менинг кўзим тушмаган, ҳали қўлимга тегмаган қанчадан-қанча китоблар борлиги табиий. Чунки бу – ижод, қолаверса, ишлаб чиқариш ва нашр эттириш масалалари билан ҳам боғлиқ ҳолат.
Дунё таржимачилигининг бошидан келиб, охирига етиш мушкул. Негаки, бу – чексизлик. Унинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам – мутолаа. Қанча кўп китоб ўқилса, шунча кам. Йиллар ўтгани сайин мутолаа сирлари очилиб боради. Бу – энг маъқули, яъни қўлга нима тушса, шуни эмас, саралаб ўқиш зарурлигини ўргатади. Инсон умри коинот, борлиқда заррадай кўринар, билинар экан, унинг ҳар бир онини беҳудага учирмаслик – қобилиятдир. Бу оддий ҳақиқатда энг олий ҳикматни тушунган одамнинг қўлидан китоб тушмайди. Боиси барча фазилатлар китобдандир. Шу ўринда етакчи адабий журналларимиздан бири “Жаҳон адабиёти”нинг ҳар бир сони бир китобга тенг эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Дарҳақиқат, “Жаҳон адабиёти” ўзбек таржима бойлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган журнал саналади. Унинг 2016 йилги ҳар бир сони “Навоий сабоқлари” билан бошланиб, ҳар бир журналхон қалбини мунаввар этди. Бунда ёш адабиётшунос олима Дилнавоз Юсупова шарҳлари, Навоий ғазалларини рус ва инглиз тилларига ўгирган таржимонлар, хусусан, инглиз тили таржимонлари – Носиржон Қамбаров ва ­Аъзам Обид меҳнатлари қадрлидир. “Навоий сабоқлари” нафақат китобхонлар, балки ёш авлод, ўқитувчиларимиз учун ҳам бой ва беминнат қўлланмага айланмоқда.
Журнал ўтган йили ҳам бизни дунё мамлакатлари, адабиёти, шеърияти билан яқиндан таништирди. Хусусан, Куба шеъриятидаги руҳият кўлами (таржимонлар – Муҳаммадали Қўшмоқов, Ҳилола Рўзиева, Хосият Рустамовалар) ва Вьетнам шеъриятидаги нозиклик (таржимонлар – Турсун Али ва Гўзал Бегим) кўзга яққол ташланади.
Вьетнам шеъриятидан бир жуфт намуна келтирмоқчиман.

Шафтоли гуллари

Шафтоли ҳар баҳор бурканар гулга,
Гўзаллигин сезиб уйғонадир Шарқ.
Хуш ифорин илғаб чорлайди йўлга,
Шамол, шамол бизни айлаб ёзга ғарқ.

Ёз бўйи кетмасдир ўша хуш ифор,
Барига “гуноҳкор” кўклам бир куни.
Айғоқчилик айлар қушлар-да такрор,
Яратган-да кўкда баҳор мафтуни!

(Турсун Али таржимаси)

Осмон ва ер

Самога узатар ер қўлларини,
Осмон жуда олис
Баландлай олмас.
Жудолик қайғусига шўнғийди осмон
Ер эса тебранмас –
Олис йўллари.
Юз йилларки ер билан осмон
Бир-бирига ета олмайди.
Сен билан яқинмиз: бу сенсан, бу мен –
Қўлларингни бер.

(Гўзал Бегим таржимаси)

Бундан ташқари, Покистон шеърияти (Азиз Саид), жаҳон шоирлари ижодидан (Дилором Абдураҳмон), Сенегал шеърияти (Зулфия Мўминова, Сафар Оллоёр), Сербия шеърияти (Вафо Файзуллоҳ, Мухтасар Тожимаматова), жаҳон болалар шеърияти (Турсунбой Адашбоев, Кавсар Турдиева, Нуруллоҳ Остон), Венесуэла шеърияти (Рустам Мусурмон), корейс шеърияти (Даврон Жаббор ўғли, Шермурод Субҳон), арман шеърияти (Абдуҳамид Пардаев, Муҳиддин Омон, Нодира Абдуллаева), панама шеърияти (Яҳё Тоға, Ҳилола Рўзиева), Непал шеърияти (Сафар Оллоёр, Равшан Исоқов ва менинг таржималарим) ўқувчига ҳар бир таржимон даражасида етиб борди. Бу ерда ҳар таржимон номини келтириш шоирларимизнинг ижоди ва меҳнатига ҳурмат ифодаси, деб тушунишингизни истардим. Шу ўринда журналдаги устоз Абдулла Шернинг Михаил Светлов ижодидан, Тоҳир Қаҳҳорнинг татар шеъриятини аслиятдан ўгирган таржималари ва Турсунбой Адашбоев таржимасидаги олмон халқ балладалари ўзининг енгиллиги, кўтаринки руҳ бағишлаши, маҳорат, сўз ва руҳ уйғунлиги билан ажиб таассурот уйғотади.
Михаил Светловнинг “Шеъриятим” шеъридан тўрт мисра:

Йўқ! Ҳаётим занглардан халос,
Куним ўтмас қашшоқлик аро…
Мамлакатим – шеърият, холос,
Мен – абадий унга фуқаро.

Таржиманинг узун йўли ҳамиша китобдан бошланган, китоблар билан чароғон. Дунёда қанча халқ, миллат, элат, мамлакат, шаҳар, қишлоқлар бўлса, ҳар бирининг саноғи туганмас кўҳна ва замонавий, улуғвор ва мафтункор, беқиёс ва азиз китоблари, бетакрор кутубхоналари мавжуд. Қани энди барисини кўрсанг, ўқисанг, уқсанг, бунинг учун умринг етса, қандай мўъжизаларга дуч келардинг!..
Денгизлар, уммонлар қаърида, қумликлар, барханлар, саҳролар бағрида, тоғлар, қуюқ ўрмонлар, чакалакзорларда сеҳрли, ё кўмилган, ё чўккан, ё ёниб кетган, ё яшириб қўйилган, бугунги кунда кимдир биладиган, кимдир билмай ўтиб кетадиган не-не жавоҳир кутубхоналар, ажойиб-ғаройиб китоблар борлигига шубҳа йўқ. Улар бугунги кунгача дунёга машҳур ва маълум кутубхоналар, китоблардан-да зиёдроқдир, эҳтимол…
Ҳар қандай шароит ва ҳолатда инсон нур – китобга талпинган, ўқиган. Дунёни таниб борган. Шу жараённинг ўзи катта гап. Шу ердан чинакам ижод қад ростлайди, сўз, оҳанг, туйғу, фикрлар уйғунлашади, юракдан эниб, қалам учидан тўкилади. Азим китоблар адл дарахтлар монанд илдиз отади. Китоблар қайси тилда яратилмасин, тупроқдай майин, кўкдай адоқсиз, ҳаводай тоза, сувдай ҳаётбахш, қуёшдай оташин, ойдай нурли, юлдузлардай сирли…
Дунё тилларининг энг жозибали, бой, кўҳна ва ҳамиша ёшариб боргувчи тилларидан бири – ўзбек тили. Ўзбек адабиётида таржиманинг беқиёс даражада асрлар бўйи юксалиб бориши, ҳозирги кунда ҳам бойлигига бойлик қўшилиб, ўзига хос жаранг сочаётганининг асоси шундан. Азиз она тилимизда яратилган дурдона асрлар нафақат халқимиз ва юртимиз, жаҳон халқлари, мамлакатларини-да ардоқли маданий мероси саналиши кўксимизни ғурурга тўлдиради. Ижодда сўз бойлиги муҳим ўрин тутади. Хусусан, таржимачилик биз билгандан, ўқиб-ўргангандан-да қадимийроқлиги сир эмас.
Чунончи, севимли ва ардоқли “Шарқ юлдузи” саҳифаларидаги жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиб бориш доимо завқли. Журнал 2016 йилда ҳам ўз саҳифаларини қатор янги таржималар билан бойитди. Улар ичида Поль Элюар, Афанасий Фет, Пабло Неруда, Иван Бунин, Пушкин, Уильям Йейтс, Мацуо Басё, Жон Китс каби бетакрор шоирларнинг янги қирралари очилган. Бу таржималарда ўзига хослик, руҳият кенглиги, нозиклик, аслиятга яқинлик сезилади. Айниқса, устоз Рауф Парфи таржимасидаги япон хоккуларида майинлик, ифода гўзаллиги, сўзни ҳис этиш, Ғулом Мирзо таржимасидаги Иван Бунин шеъриятига хос табиийлик ва яхлитлик ўқувчига самимий туйғулар улашади. Рауф Субҳон таржимасидаги Афанасий Фет шеърида эса мусиқийлик аслиятдаги каби сақланиб қолган:

Ухламагин, кун чиқар, қара,
Келдим бир жуфт атиргул бирла.
Шабнам – кумуш кўзёшлар аро
Порлаб, ором беради нурлар.

Кўклам чоғи чақин – чақмоқлар,
Соф ҳаво, илк япроқ, тугунлар.
Жимгина кўзёши тўкмоқда
Ёқимли бўй таратган гуллар.

Аждодларимиз ҳамиша илм, ижод билан нафас олишган, билим даргоҳларини бунёд этишган, дунё билимлари, тилларини пухта эгаллаб, таржимачиликнинг тамал тошини қўйишган. Таржима қилинган асарлар ҳар икки тил, икки халқ, икки мамлакатнинг бебаҳо гавҳарлари саналган. Бу йўлда билимдон олимларимиз, ҳассос шоир ва ёзувчиларимизнинг санъати беқиёс. Улар нафақат тил, балки таржима қилинаётган асар муаллифи, эли, юрти, маданияти, ҳаёти, руҳиятидан хабардор бўлишган, кези келса, кўплаб ўлкаларни кезиб чиқишган. Бу жиҳат таржима асарини беҳад гўзаллаштиради, ўқувчини мафтун этади. Китобхонга шу ҳайрат ва ҳаяжон керак.
Она тилимиз шундай қудратли, жарангдор, бойки, адабиётимиз, ўзбек таржимончилиги бардавом ривожланишда, янгиланишда. Таржимада қаламини синаб кўрмаган ижодкорнинг ўзи йўқдек. Янги овозлар, янги қадамлар, янги замон тафти, янги дунёлар юз очмоқда. Улар билан нафақат китоблар, тўпламлар, севимли адабий нашрларимизда ҳам юзланмоқ нақадар қувончли!
“Китоб дунёси” 2016 йилги сонларини варақлаб, ўқиб, газета шеърий таржималарга насрдагига нисбатан кам эътибор бераётганини айтиб ўтиш жоиз. Шундай бўлса-да, шеърий таржималарда кўпроқ аслиятдан ўгиришга урғу бериш ва интилиш ўқувчини қувонтиради ва яқинлаштиради. Чунки бугунги кунда нашр этилаётган аксарият таржималарда ҳали ҳам дунё шеъриятини аслиятдан эмас, рус тилидан ўгиришнинг тоши оғир, босиб турибди. Ушбу газетада чоп этилган Иван Буниннинг Ғулом Мирзо таржимасидаги Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган туркумдан кичик манзара парчаси, назаримда, муваффаққиятли чиққан, айнан самимият ўқувчига хушкайфият бағишлайди:

…Тонг тип-тиниқ, дашт кузатиб қолар сокин,
Қизаради шафақ, ҳаво қизиб борар…
Ва самода арғимчоқлар аста-секин
Бир маромда йироқларга сузиб борар.

Қандай олис, қанча юксак бу манзара!
Боқсанг – тубсиз зангорликдан кўзинг тингай.
Кузнинг теран осмонига тийран қара –
Худди эриб тушаётир нақ устингга.

Кенг китобхонлар эътибори ва адабий жамоатчилик эътирофини қозонган, таржима оламини яратган устозлар ижодига эҳтиром, ҳавас қилмоқ эзгуликка олиб боради. Уларнинг ҳар бир таржима китоби ўзбек адабиёти, хусусан, шеъриятига қўшилган катта ҳиссадир. Биз бу ўзига хос мактаблар яратаётган устозлардан ҳамиша ўрганишимиз даркор. Бу муҳим аҳамиятга эга. Ижодкор учун тил ўрганиш касб эмас, маънавий эҳтиёж, улкан бойлигига айлансагина, бу бойлик ҳеч қачон тугамайди, аксинча, тўлиб, қўшилиб, кенгайиб, таржимонни ойдин кенгликларга олиб чиқади.
Таржима – ижод чўққиси. Бу бошқа тилдан она тилимизга таржима қилинаётган­дагина эмас, ўзбек тилидан дунё тилларига ўгирилиш жараёнида янада ярқирайди, товланади. Бу мураккаб ва масъулиятли жараён. Она тилимиздаги ҳар бир сўз, тиниш белгилари, моҳият, ҳаяжон, ҳайрат, туғёнлар, теран кечинмалар ифодасини иккинчи тилга кўчириш – нозик ижод. Бунинг учун фақат тилни билиш кифоя қилмайди. Таржимон асар ва тилни ҳис этиши асносида янгидан туғилиши тақозо этилади. Сатрма-сатр илҳом қуйилади, сўзлар кўкдан тушаётгандек туюлади. Бу ҳолат шундай синоатки, уни тасвирлаб бўлмайди. Чунки бу ҳар кимда ўзига хос кечади. Ҳа, илҳом – ижод қуввати, унга таъриф топиш қийин. Айнан илҳомгина таржимонни осмонга кўтаради, қаламига сайқал беради. Шеърий таржима ҳамиша нозик санъат саналган. Бу, айниқса, ўзбек шеъриятини дунё тилларига ўгириш ва дунёга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Бу масала бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Негаки, бугунги кун таржимачилигида кўзга ташланадиган энг муҳим зарурат ва жиҳат – она тилимиздан бевосита таржима. Бу тилни мукаммал биладиганларнигина эмас, том маънодаги таржимонлар сафини кенгайтириш, эътибор ва рағбатни янада кучайтириш деганидир. Шунинг баробарида таржимон иштиёқи баландлиги, ижодий муҳити, қобилияти ва салоҳиятини сақлаб қолиши, ўстириши муҳим омилдир. Негаки, ҳаёт доимий ҳаракатда янада қайноқ ва порлоқдир. Она тилимиздан дунё тилларига таржима қилинган асарлар адабиётимиз, маданиятимиз, халқимиз, юртимиз номини дунёга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Адабиётимизда олис йўлдан то бугунги мустақиллик йилларигача кўз илғамас уфқлар, кенгликлар товланиб турибди. Таржима – эллар, тиллар, мамлакатлараро жилвагар зумрад кўприкдир. Бу кўприкдан не-не шонли асрлар гулдурос солиб ўтишган, не-не янги асрлар мағрур одимламоқда. Устозлар каломидан жилоланиб, ўз оламини яратаётган ижодкор борки, асарлари бошқа тилларда ҳам янграшини орзулайди. Таржимон таржима қилинаётган асарнинг бирон-бир сўзи, тиниш белгилари, жаранги ва оҳангига ҳам хиёнат қилолмайди. Сўз ёки жумлани олиб ташлолмайди, қолдириб кетолмайди. Ўзидан бошқа мазмундаги сўз ва жумлаларни қўшиб, асар маъносини ўзгартириб юборолмайди. Бунга ҳаққи йўқ. Асар ёки шеърни софлигича она тилимизда жаранглатолса, она тилимиздаги асарларни бошқа тилларда сайратолса, ўқувчи бу китобдан бир умр айрилмайди, адабиётимизда эса ажойиб ҳодиса рўй беради.
Шу маънода ёш таржимонлар сафини кенгайтириш, фаоллигини ошириш, иштиёқ ва масъулият ҳиссини сингдириш зарур. Улар устозлардан ҳозир ўрганиб, уларни ҳозир кўриб олишлари ўта қимматли заруратдир. Негаки, бу ёшлар ижодидаги бойликка бойлик қўшади. Айни пайтда эса кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, ёш таржимонлар, айниқса, шеърий таржималарда суст ҳаракат қилишмоқда. Уларни фаоллик сари олиб борадиган йўл эса самимийлик, табиийлик, ҳалоллик, изланувчанлик ва китобсеварликда. Бунда таржимон биринчи ўринда ўзбек адабиётини теран ва чуқур билиб бориши, тилни мукаммал ўзлаштириши, сара асарларни танлаб олиши муҳимдир. Юртимизнинг турли олий юртларида дунё тилларини ўрганаётган ёш ижодкор, таржимонларга буни ҳамиша уқтириш ва сингдириш мақсадга мувофиқдир. Таржима – Сўз ичида сўз, шоирда – шоир, дунёда – дунё яшашидир. Ҳар бир ижодкор қалбида яшаётган шеъриятга чексиз меҳр- муҳаббат туфайлигина чинакам таржима асарлари ва таржимонлар туғилади.
Таржима йўли – олис ва ёруғ, муқаддас. Унинг охири кўринмайди. Ўзликни англаш – тилни билишдир. Бу – изланиш, ҳаракат, интилиш ва зиё. Зеро, таржимон ўз она тили, эли, ватани, маданияти, адабиётига садоқатли, меҳрли, уни бойитувчи ва асрагувчидир.

Ойгул СУЮНДИҚОВА

Саҳифа 126 марта ўқилган.