Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида адабиётимизга гулдурос овоз билан кириб келган шоир Азим СУЮН ўзининг илк китобини “Менинг осмоним” деб номлаганди. Бу ном ўз вақтида кимларнинг ҳайратига сабаб бўлган: қанақасига “Менинг осмоним?..” Осмон битта бўлса…
Азим Суюннинг ижод қилиш тартиби жуда қизиқ. У кичкинагина ҳужрада яшайди. Қўнғир айиқ териси – пўстак кўрпача устида дам олади. Оқ бўри териси пўстаги устида ўтириб ижод қилади. Хоббиси – ов. Ўрта Осиё тоғларини, ўрмонларини, дашту саҳроларини кўп кезган. Аслида ов баҳона. Шоир овни ўлжа – гўшти учун эмас, гашти учун яхши кўради. Яқин дўстлари айтганидек, Азим Суюн овчи, аммо кўнгил овчиси. Севган қуши – бургут. Азим Суюн Ватан, та­биат ва муҳаббат шоири. У заминни, инсониятни бир бутун ҳолатда кўради. Замин тақдирини ўзининг тақдири деб билади.

Эй дўст!
Ёлғиз турна юлдузларга дўнмоқ истайди,
Афсус, унинг қанотлари ярадор.
Ёлғиз турна Она Ерга қўнмоқ истайди,
Лекин унда яралаган кимса бор…

Шоирнинг дунё юзини кўрган йигирмадан ортиқ шеърий китоблари, публицис­тик асарларида бир руҳ устувор бўлиб қолди. Ва бу руҳ асрлар дарёсида пишиб етилган, халқона донишмандликнинг гўзал намуналари бўлган, илдиздан япроққача миллий мағизга тўқ шеърий асарлар бўлиб, китобхонлар қалбига кўчди. Бугун ҳам шиддат билан ижод қилаётган устоз шоиримизга адабиёт, ижод, шахс, жамият, табиат хусусида саволлар билан мурожаат қилдик.
Башорат ОТАЖОНОВА: – Устоз, шеърларингиз билан яқиндан таниш бўлган мухлисларингиз болалигингиз ҳақида ёруғ хотираларга эга бўлади. Тоғ табиатига хос бўлган чизгилар кишини энтиктиради. Суҳбатимиз аввалида болалигингиз, болалигингиз ўтган жойлар, хотираларингизда қолган воқеалар тўғрисида гаплашсак.
Азим СУЮН: – Ёшим ўтган сайин болалигим менга яқинлашиб келмоқда. Кўпинча унинг хаёллари билан яшайман. Сийратимни-да, суратимни-да ёлқинлантириб юборади хотиралар.
Жанубдан Зарафшон водийси билан, шарқдан Сангзор дарёси водийси ва шимолдан Қизилқум чўллари билан чегаралаган Нурота тизма тоғлари икки силсиладан иборат: Оқтоғ тизмалари ва Қоратоғ тизмалари. Қоратоғ тизмаларининг энг баланд нуқтаси Заргар чўққиси. У Ҳаётбоши ҳам дейилади. Унга ёндош Паррандоз ва Бешбармоқ қояларининг Самарқанд тарафидаги сув оқими бўйлаб жойлашган Накурт қишлоғида – биринчи ва ягона овлоқ Тошқўрғонда – Мирзақўрғонда ўсиб улғайганман. Ота қишлоғим ҳам, она қишлоғим ҳам – Накурт!
Киндик қоним эса Накуртнинг шундоқ тугашидаги Кўлтўсиннинг биқинида жойлашган Қудуқча қишлоғида тўкилган. Ота-онам кенг адирларда кўкламги буғдой экиш ишларига тайёргарлик кўриш учун Накуртдан у ерга бир-икки ойга кўчиб энишган ва мен вақтинчалик маконимиз ертўла-уйимизда дунёга келгач –қирқ кунлик чақалоқлигимда тағин Накуртга қайтишган.
Исмимни бобом Суюннинг қудуқчалик тожик ошнаси Мирзаҳамдамнинг қизи Маърифат “катта бой” бўлсин деб, Азимбой қўйган экан.
Бешбармоқ ва Паррондоз булоқлари Қарисой ва Қоранғулсойни ҳосила қилиб, Қўшилиш деган ерда қўшилишиб, Накуртсойни ташкил қилади. Накуртсой эса йўл-йўла­кай бир қанча катта-кичик дара-камарлар ҳамда Гарашасой суви ила кўпайиб, Тўсинсойга қуйилади. Кўлтўсиндан “Тошкент – Маржонбулоқ – Самарқанд – Челак – Пайариқ – ­Зармитан – Қўшработ – Нурота” йўли ўтади. Ана шу йўл Накуртни дунё билан боғлайди.
Накурт қишлоғи тарихига оид бир ҳужжат билан танишганман. 1888 йил бухоролик шоир Жоний Накурт орқали Ухум қишлоғига (Бешбармоқ ва Паррандоз қоялари ўртасида уловйўл бор) ўтади. У йўл харитасини чизиб қолдирган. Накуртни Наҳрруд, Наҳгруд шаклларида ёзган ҳамда қишлоқ ҳокимини (у пайтлари қишлоқ оқсоқолини ҳоким деб аташган, шекилли) тилга олган. Шоир Жоний Накуртга келган йили отам Олимнинг отаси Суюнбой, яъни менинг бобом туғилган.
Мирзақўрғонда боболарим Суюн, Ирзоқул, Юсуф, Қозоқбой, Мустафо, Расул, Қодир, Деҳқонбой, Жумабойлар ҳаёт кечирган. Битта тоғ камарида – дарасида – битта қўрғонда – битта оила бўлиб яшаш… ҳозир буни тасаввур қилиш қийин. Бу катта оилага отам Олим Суюн ўғли ҳам уйланиб, алоҳида оила бўлиб қўшилган. Мен боболаримнинг фарзандлари билан бўй талашиб ўсдим. Кун кечириш оғир эди. Аммо шундай катта оилани менинг ота тоғларим неъматлари асраб қолган бўлса не ажаб?!
Суюн бобом 1959 йилнинг олча пишиғида дунёдан ўтди. У отамга аждодлари ­шажарасини ёзиб қолдирди. Отам ўз навбатида менга ва тўрт укамга узатди. Мен ким, Азимбой (Азим Суюн), Азимбойнинг отаси мулла Олим (1907-1983, 15 январь), Олимнинг отаси мулла Суюн (1888-1959), Суюннинг отаси Мирзабой, Мирзабойнинг отаси Норбой, Норбойнинг отаси Қўйгелди, Қўйгелдининг отаси Оллоёр, Оллоёрнинг ота­си Ақад, Ақаднинг отаси Аширмат, Аширматнинг отаси Суюшхўжа, Суюшхўжанинг ­ота­си Чурагаймирза, Чурагаймирзанинг отаси Шомонмирза, Шомонмирзанинг ота­си ­Бегихийро, Бегихийронинг отаси Холмат, Холматнинг отаси Чўянкалтак, Чўян­калтакнинг отаси Қирошар! Туб бобомизни Ўзғон деган туркий авлиё дейишаркан.
Асли боболаримиз Туркистон томонлардан бўлиб, улар Қашқадарё томонларга ҳижрат қилишади. Қашқадарёдан Хатирчининг Олтинсойига кўчишади. Олтинсойдан Мойбулоқнинг Ёнбош қишлоғига, ундан Қўшработнинг этагидаги Оқтепа деган жойга ўтишади. Оқтепадан Накуртга биринчи бўлиб Оллоёр бобомиз кўчиб чиққан. У момомиз Турсун бойбича билан бу жойларни макон тутишганда чангалзорларни ўроқ ва қиличлар ила зўрға очиб йўл топиб юришган экан.
Хуллас, отамнинг қирқ ёшида тилаб олинган фарзанди камина беш-олти ёшимданоқ унинг инжиқ ҳамроҳига айланганман. Гап шундаки, отам катта саводхон бўлишига қарамай “қулоқнинг ўғли” бўлганлиги учун мажбурий равишда унга чўпонлик таёғи судратилган эди. У пода боқарди. Кечаю кундуз мол орқасидан юрарди, мен эса ундан ажралмасдим. Бирга тоғу тош, дала-дашт, қир-адир кезардим. Ана энди, ўша беш-олти ёшимданоқ бахшиларнинг, сўзонларнинг, чўпон-чўлиқларнинг, йилқичиларнинг, овчиларнинг, гўяндаларнинг, мўлтониларнинг, йўловчиларнинг, тоғ ишқибозларининг афсунлар тўла ғаройиб турли-туман ҳикояларидан, суҳбатларидан, гурунгларидан баҳраманд бўлганман.
Менга бора-бора отам билан пода – қорамол орқасидан юравериш малол келиб, Суюн бобомнинг паноҳига ўтиб кетдим. Унинг ҳикояларини эшитиш мароқли кечарди. Бобом Бухорода Мирараб мадрасасини битирган, “қулоқ, диндор унсур” бўлиб, гоҳ қочиб, гоҳ тутилиб сургунда юрган ва не-не савдоларни бошидан кечириб, Накуртга қайтиб келганди.
Мулла Суюн ўрта бўйли, елкалари кенг, бармоқлари йўғон-йўғон, кўкиш соқолдор, бақувват киши бўлиб, қалин қошлари остидан ўткир кўзлари одамга тикка боқарди. Отамнинг онаси – энам аллақачон вафот этган, бобом ундан кейин ҳам уйланган, аммо у ҳам бир ўғил, яъни отамга ука қолдириб дунёдан ўтганди. Бобом ана шу Тиловқобил билан бирга турарди.
Бобомнинг овунчоғи турли-туман арабий, форсий ва туркий китоблар, ов ва мен эдим. Унинг ўн иккинчи қўшоғиз ов милтиғи бўларди. Унга Кондрат деган ўрис мен билмаган олис юртлардан ўқ-дори, замча, патрон ва бошқа керакли нарсаларни ойда, йилда олиб келиб берарди. Кондрат, чамамда, овчи эди. Аниқ эсимда, бобом унинг олиб келган нарсаларидан фойдаланарди-ю, аммо у билан на чой-пой ичарди, на бирга овга чиқарди.
Ў, у йиллар… Шом тушиши билан бобомнинг қорайиб кетган уйига (уйнинг ўртасида тош ўчоқ бор эди) суҳбатталаб кексаю ёш йиғиларди. Лампачироқ липиллар, қиш кечалари ўчоқда тараша чўғи ловулларди. У Аҳмад Яссавий “Ҳикмат”ини ўқиганда бутун олам унутиларди. Китобхонликлар, суҳбатлар, гурунглар гоҳида тонггача давом этарди. Эҳ-ҳе… бу кечаларда нималар сўзланмасди, нималар эсланмасди.
Бобом вафот этганда худойисини ўтказмоқчи бўлдик. Сўйиш учун бир чоғроқ серкани топдик. Одам тумонат. Мен тенгдош амаким, жўрам Олтибой билан уч-тўрт эчкимизни қайтариб келмоқчи бўлиб, Жайловча деган камарга кетдик. Не кўз билан кўрайликки, бир алқор чивин қўриб ётган экан, узоқдан кўрдик. Иккаламиз ҳам Деҳқонбой бобомни – мулла Суюннинг укасини – қирағай мерганни чақириб келиш учун югурдик. Деҳқонбой бобом тезда милтиқни ўқлаб чиқди. Бордик. Алқор бизни кўриб югуришга тушди… Ўқ еган, оқсоқ экан. Уни Олтибой билан уй-қўрғон тарафга қувдик. Хуллас, оқсоқ алқорни чорбоғ тарафга ҳайдаб келдик. Алқор отилди. Худойини ўтказдик. Одамлар “Бу алқорни ҳам катта илм эгаси, ҳам имонли овчи Суюннинг худойисига Худонинг ўзи буюрган”, дейишди. Ким билади, балки бу гапларда жон бордир…
Хуллас, менинг болалигим, ўсмирлигим, ёшлигимнинг кўп қисми Нурота тизма тоғларини гоҳ пиёда, гоҳ уловда, гоҳ милтиқ кўтариб, гоҳ салтанг ишқибозлик ила кезишда ўтди.
Шуни айтишим керакки, Нурота тизма тоғларининг, айниқса Қоратоғ ҳайвонот олами ғоят турфа, ўсимликлар дунёсига бой, жонзотлари, парранда-даррандалари, газандаларию чаррандалари мўл-кўл. Бу тоғларда мўъжиза аталмиш кўзойнакли илонларгача оёғинг остидан ё бир дарада дафъатан ёнингда пайдо бўлиши мумкин.
Бундай кезишлар, ишқибозликлар мени ҳануз тарк этган эмас. Кўриб-кўриб кўзчил бўласан. Ўйлаб қарасам, жуда кўп ғаройиб воқеаларни, саргузаштларни бошдан кечирган эканман. Кўзларим кўриб, қулоқларим эшитган экан. Кейинчалик булар жуда-жуда асқотди.
…Тўққиз ёшимгача қайлардадир мактаб борлигини, уларда болалар ўқишларини билмаганман. Тўғри, китобни билганман, кўрганман, лекин китоб фақат мулла Суюннинг уйидагина бўлади, уни фақат катта отам ва отамгина ўқий олади, деб ўйлаганман. Бу китоблар Қуръони Карим, Яссавийнинг “Ҳикмати”, “Чор китоб”, Навоий, Бедил, Ҳувайдо, Машраб, Сўфи Оллоёр, қандайдир “Муаммо”, пайғамбарлар, жангномалар ҳақидаги китоблар эканлигини кейинроқ билганман.

ТОШКУЛБА ТОКЧАСИДАГИ
КИТОБЛАР

Бобом тошкулбасининг
токчасида доимо
китоблар бўлар эди:
“Ҳикмат”, Машраб, Ҳувайдо.
Навоийу “Чор китоб”,
Бедил, Сўфи Оллоёр,
“Қуръон”нинг елкасини
силаб турарди девор.
Ўқимасдим уларни,
чунки ўқий олмасдим.
Лекин бобом, отамни
ўқитмасдан қолмасдим.
Бобом “эски” эди-да,
Отам ҳам эди “эски”.
Қалбимга қўр берарди
аммо шу “эски-туски”.
О, қишки кечалар…
Чўғ –
бозиллар тошўчоқда.
Қориннинг қайғуси ҳам
унутилар бу чоғда.
Қулоғим қирқта бўлиб
тинглар эдим, тинглардим.
Тоғдан ҳам олисларда
бир дунё бор – англардим.
Оҳанглар тараларди
қандайдир осмонлардан,
ўзига чорлар эди
қайси бир маконлардан.
Инига дуд қўйилган
тулкидай ҳолда эдим,
инидан қандай бўлса
чиққудайин юрагим…
Онамнинг китоби ҳам
бўлар эди уч-тўртта,
уларни сақлар эди
бўғчасида – бир четда.
“Алпомиш”, “Гўрўғли”ни
онамга ўқитардим,
гоҳида қаҳ-қаҳ уриб,
гоҳида йиғлар эдим…
кейин кетдим мактабга,
Кейин кетдим бош олиб…
Бугун ўзимни баъзан
ургудайман тош олиб.
Ўтди-кетди ҳаммаси,
ўтди-кетди “ялт” этиб.
Уларнинг хизматини
қилолмадим ялчитиб.
Юрагим тўла армон,
ўзим ёзаман китоб.
Чин – ёлғонин билолмай
қалб ипи ташлаган тоб.
Уйқу элитар тез-тез,
хаёл тез-тез опқочар,
Ғиркўклар қайда экан,
Қайда экан Бойчибор?..
Тилим-тилим тоғ бағри,
бир четида тошкулба,
Тошкулба ҳам деб бўлмас,
шундоқ ётган хароба.
Бунда йўқ тошўчоқ ҳам,
бозилламас бодомчўғ.
Бари бўларди, аммо,
Азимбой… ҳў… бола йўқ.

МАКТАБГА БОРИШИМ ҚИЗИҚ БЎЛГАН. Бизнинг Мирзақўрғондан ўн беш километр чоғли этакда етти йиллик мактаб бўлган. Ўқитувчилар орасида шундай суҳбат кечган: “…мулла Олимнинг бир ўғли бор, катта отаси мулла Суюн билан тоғма-тоғ юради, деб эшитганмиз. Ёши нечада экан?.. Катта йигитча бўлиб қолган дейишади…”
Бир куни бир киши уйимизга келди. Бир тўп бола қағати (ғалвир) ёнғоқ дарахти устида ўйнаб юрардик. У киши бизга яқинлаб келди, салом бердик. Қайсингнинг отинг Азимбой, деди. Мен ёнғоқдан тушиб, унга яқинлаб бордим. Ёшинг нечада, деди. Тўққизда, дедим. Мактабга бормайсанми, сенинг тенгдошларинг ўқишяпти, ўқишинг керак. Истасанг ҳозироқ олиб бораман, деди.
Хуллас мен мактабга бордим. Янги ҳаёт бошланди…
Ўша киши – биринчи ўқитувчим Қирқйигит Абдулҳакимов эди. Ундан бир умр миннатдорман. Овлоқ тоғларда юраверганимда нима бўлар эди?..
ҲАЁТ ЙЎЛИМ ОСОН, РАВОН КЕЧГАН ЭМАС. Тўртинчи синфда мактабдан ҳайдалганман. Бу пайтга келиб отам мактабга унча узоқ бўлмаган жойда икки хонали кулба қуриб, оиламизни Мирзақўрғондан олиб чиқиб кетган ва Ислом охун бобом билан қўшни яшар эдик. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфти Усмонхон Алимов ҳазратларининг отаси машҳур Темурхон эшон ҳам Ислом охунникига тез-тез келиб меҳмон бўларди, тонготар суҳбатлар қуришарди. Мен уларнинг қўлбола дастёри эдим.
Ислом охун ва отам Рамазон ойи келиши билан рўза тутишар, таробеҳ намози ўқишарди. Мен ва менга тенгдош икки-уч яқинларим билан биргаликда биз ҳам рўза тутардик, намоз ўқиб, таробеҳга ҳам қўшилар эдик. Бу ҳолат ўқитувчиларимиз қулоғига етибди ва “Совет ўқувчиси рўза тутиши, намоз ўқиши мумкин эмас”, дея каминани мактабдан ҳайдашди. Бир ҳафта отам мактаб директорию ўқитувчиларга ёлворди… Йўқ, бўлмади! Лекин ўқишим керак! Мактабни севаман! Район (туман) газетасида шеърларим чиқиб туради. Нима қилмоқ керак? Маслаҳатчилар ҳам топила қолди: Рўзани ёмонлаб чиқиш керак. Уни район газетасида босиб чиқарсанг олам гулистон!..” Шу билан қутуламанми?.. қутула қолай… Мана шеър ҳам тайёр:

РЎЗА

О, рўза, тутдим сени, аммо мени хор айладинг,
Кечалар уйқум бузиб, тунимни бедор айладинг.
Баъзи гапларга учиб, куни билан юрдим оч,
Чуриллатиб ичакларим мисли дутор айладинг…

Ва ҳоказо.
Шеър район газетасида дарҳол чоп этилди. Чунки ҳали Рамазон ойи тугамаган эди… Шов-шув бўлиб кетди. Мулла Олимнинг ўғли, мулла Суюндек, Ислом охундек… кишиларнинг невараси Азимбой рўзани ёмонлабди. Нима қилай? Юзим шувит бўлди. Аммо ўқишим шарт эди. Мени кечирдилар, мактабга қайтдим. Аълочи эдим, синфком (сардор) эдим.
БУНДАЙ ВОҚЕАЛАР ҲАЛИ ТУГАМАГАН ЭКАН. Олтинчи синф ўқувчисиман. Мактабда обрўйим баланд. Бетиним шеърлар, мақолалар ёзаман, улардан намуналар ҳатто вилоят газеталаридан ташқари, “Гулхан”, “Ғунча” журналларида ҳам босилиб турарди. Шундай кунларнинг бирида бир синфдошим – кичик жуссали, кўзлари доим ўйнаб турадиган бола қишлоқнинг яккаю ягона чоғроққина магазинидан ручка, қалам, дафтар, ўчирғич ва яна қандайдир майда-чуйдаларни деразадан кириб ўғирлабди. Ўғрининг бола эканлигини билган магазинчи тўғри мактабга келибди. Ўша бола ўғирлаган нарсаларни аллақачон ҳаммага кўрсатиб улгурган, отам олиб берди, дея мақтанган. Магазинчи ва ўқитувчилар уни билиб, тутиб олган… сен бир ўзинг ўғирламагансан, шеригинг бўлган, айт, дея қийнаб-қистаган… У синфкомни – каминани “шеригим” деган. “Шоир”лигимни қалқон қилмоқчи бўлган… Мени дарсдан чақириб, директорнинг хонасига олиб борди. Хонага киришим билан кучли зарбдан ағанаб тушдим… тепкилаб кетишди. Аммо ким бундай қилаётганини англамадим. Турғизишди. Қарасам, ўқитувчиларнинг бари томошабин, кўзларини менга қадаган. Бир бурчакда ҳалиги бола. Билагимни маҳкам сиқиб турган одамни ҳам танидим – Турсунқул деган магазинчи. Сўроқ бошланди. Кимга нимани исботлайсан… Дунёнинг адолатсиз ўйинларини мен ўша пайтлардаёқ кўрганман.

Қўй, ифлос сўзларга солмагил қулоқ,
Ҳар хил иғволарга бермагил қулоқ.
Мабодо туҳматга йўлиқсанг агар,
Ўз жойида қарор топқусидир ҳақ, –

деб ёзганман ўшанда.
Хуллас “ўғри” ҳам бўлдим. Мактабни йиғиштирдим. Номусга чидай олмай, одамови ҳолатига тушдим. Отам мендан хавотирланиб, тағин директору ўқитувчиларга ялиниб-ёлворишга тушди…
КЕЙИН ҲАМ… омадсизлик исканжасидан қутулишим осон кечмади. Ўқийман деб Тошкентга йўл олдим.
ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига 1967 йили ҳужжат топширдим. Ўша пайтлар қандайдир қарор бўлган: бошқа факультетларни билмадиму, журналистика факультетига Самарқанд вилояти­дан битта талаба қабул қилинарди. Иккита беш ва иккита тўрт баҳо олганимга қарамасдан мандатдан ўтолмадим. Қишлоққа қайтиб кетдим. Совхозда матлубот жамияти деган ташкилот бўларди. Ўша ерга тоғам Эсонбек Мамадалиев орқали бош ҳисобчининг кичик ёрдамчиси деган ишга қабул қилиндим.
Қаранг, энди бу ерда ҳам… раисимиз бу ерга қўл қўй, у ерга қўл қўй, деб қандайдир қоғозларга имзо чектирар эди. Сенга ҳеч нарса бўлмайди, шоирсан-ку, деб қўярди. Имзо чекаверибман. Бир куни раисимиз ишдан кетди. Текширув бошланди. Қарасам, катта сумма бўйнимда. Охири яна тоғам жонимга оро кирди мени бир бало қилиб асраб қолди.
1968 ЙИЛ ТАҒИН ТОШКЕНТГА КЕЛДИМ. Университетга ҳужжат топширдим. Фақат журналист бўламан дейман. Журналистика факультети шоирлар тайёрлайди, деб ўйлаганман. Чунки Абдулла Орипов ҳам журналистикани битирган-да. Тағин бултурги ҳол. Мандатдан ўтолмадим. Ноилож, энди уят кучидан қишлоққа бормай, Пайариқ райони марказига йўл олдим. Бу ерда накуртлик Омонхон эшон бобомиз – отамнинг қадрдони яшар эди. Бундан ташқари Накуртда у кишининг ўғли Бахтиёрхон билан тўртинчи синфгача бирга ўқиган эдик (ҳозир Бахтиёрхон Тўраев фалсафа фанлари доктори, профессор).
Омонхон бобом мени ўз ўғиллари сафига қўшди. Ўғиллари нима еб-ичса, мен ҳам шуни еб-ичдим. У киши шеърлар ҳам ёзар эди. Бир сўз билан айтганда, кўнгилдош эдик. Кейинчалик район газетаси “Коммунизм байроғи” масъул ходими Омон Қувватов деган журналист ёрдами билан район маданият уйига безакчи-рассом вазифасига ишга ўтдим.
1969 ЙИЛ. ҚИШ ҚАТТИҚ КЕЛДИ. Мартнинг бошлари эди. Паспорт олиш учун Наримон посёлкасидан паспорт столи идораси жойлашган Челак посёлкасига келдим. Пас­порт­ни олиб қайтаётсам… Челак билан Наримон оралиғида жойлашган Қорасув бутун бир дарёга айланибди. Эшитдим. Тожикистонда зилзила бўлган, улкан бир қоя қулаб тушган ва Зарафшон дарёси йўлини тўсиб қўйган, шунда дарё Қорасув ўзанига йўл солган.
Ҳамма тарафда ваҳима, миш-миш. Бундай дамда қўрқмай бўладими, ахир. Сойдай оқиб ётган бир ирмоқ ваҳимали, кемалар ўтиши мумкин бўлган дарёга айланса. Устига-устак, қора ёмғир ҳам шаппат уряпти…
Ўша куни бир танишимникида қолдим. Иккинчи куни дарё қирғоғига чиқдим. Наримон посёлкаси томонга ўтмоқчи бўлган тумонат одам.
Кўп ўтмай битта танксимон техника, машиналар, моторли икки пором-кема, аскарлар пайдо бўлишди. Йўлнинг, айни пайтдаги дарёнинг юқорироқ тарафига моторли қайиқ шатакка олган пором-кемани олиб боришиб, қирғоқдан туширишди. Йўловчиларнинг бир қисмини унга чиқармоқчи бўлишди. Одамлар ўлар-тириларига қарамай, ўзларини унга уришди. Пором-кема тўлди. Камина – чаққон тоғ боласи аллақачон уларнинг орасида. Икки аскар моторни тариллатди. Сузиб кетдик. Тошқин – дарё ўртасига етиб келганда қўққисдан мотор ўчиб қолди. Пишқирган дарё паром-кемани лопиллатиб оқизиб кетди. Тезлиги қўрқинчли даражада ошди. Эркагу хотин-халажни ҳаммани бирдек ваҳима, даҳшат босди. Барча талвасада, бир-бирига ёпишади. Қий-чув бошланди. Пальтолар сувга отила бошланди. Менга ҳам кимдир… пальтонгни ечиб от, деб бақирди. Камбағаллик қурсин, мен пальтомни ечмадим. Уни икки йил танга йиғиб сотиб олган эдим. Ўлгим ҳам келмасди…
Ақлимни йиғиб олдим. Бу вазиятда бировга ёпишгандан ортиқ хатар йўқ. Ўзингни ҳам, уни ҳам ҳалок этасан. Биламан, йўлда кўприк бор. Кема тўғри ўша ёққа – катта қувур тарафга лопиллаб кетяпти. Аммо кўприкнинг устидан ҳам дарё тошиб оқяпти. Кема ўша кўприкка бориб урилиши тайин. Шу асно кўприк устига сакрайман деб ўйладим. Шундай қилдим ҳам. Одамлар фарёд қилиб, бир-бирига ёпишиб кеманинг бир четига тўпланиб қолди. Ва бу фожиага олиб келди. Кема бир ёнга оға бошлади. Кўприкка эллик метрлар чамаси қолди… Мана, зарб… кема урилди! Кема тўнкарила бошлади. Кеманинг баландлаётган жойига чиқдиму ўзимни отдим. Кўприк устига тушдим. Кўприк четидаги темир панжарага ёпишдим. Ва тағин ўн бешга яқин киши менинг орқамдан ўзларини отиб улгурган экан, бир-биримизга қўл бердик. Бу пайтда кема батамом тўнкарилиб бўлган эди. Қувурнинг иккинчи тарафидан ўликлар, чала жонлар қалқиб-қалқиб чиқа бошлади. Улар томон қирғоқдаги аскарлар ечинишиб, ўзларини сувга отаётган эди. Кейин… кейин вертолётлар келди. Бир ҳафта оқиб кетганларни излашди. Йигирмадан ортиқ жасад топилди.
1969 ЙИЛНИНГ МАЙ ОЙИДА АРМИЯ САФИГА КЕТДИМ.
Кетмасдим. “Отсрочкам” бор эди. Ёзишди. “Азимбой ўқишга кираман, деб Совет армиясидан қочиб юрибди. Тоғаси военком, военний билет тўғрилаб берган” деб ёзишибди. Бу гаплар тўғри. Лекин нима қилай, тезроқ ўқишга кириб, шоир бўлмоқчи эдим. Ёзишганидан хафа бўлмадим. Аммо қалин синфдош дўстим ота­си билан бирга ёзганидан хафа бўлдим. Тағин денг, жаннатмонанд бир тоғда ўсган қарчиғайдай йигитча, Раббим лаънатлаган бийдай чўл – саҳродаги қурувчи қўшинлари сафига тушиб ўтирса-я…
ҚИСҚАСИ, ЯНА ИККИ ЙИЛ ЎТДИ. Мактабга 7 ёшда борадиган бола 9 ёшда мактабга бордими? Ҳа! 2 йил ютқаздими? Ҳа! 2 йил ўқишга кира олмадими? Ҳа! Тағин 2 йил ютқаздими? Ҳа! Армияда 2 йил бўлдими? Ҳа! Тағин 2 йил ютқаздими? Ҳа! Бу 6 йил дегани! 6 йил ютқазиқ… дегани!
Армиядан қайтиб… тағин бир қизиқ ҳолат.
Солдатликдан қайтдим. Икки чамадон икки қўлимда. Оғир-оғир. Онам бечора шошган. Қўни-қўшнилар келган. Қариндош-уруғлар шу ерда. Мен юз ойдинликдаман. Жамулжам бўлганлар онамга Азимбойнинг чамадонларини очинг-чи, биз ҳам кўрайлик, нималар олиб келибди… Содда онам бечора икки чамадонни очган – иккаласи ҳам лиқ тўла ўрисча китоб!
АРМИЯДАН ҚАЙТИБ… ҳужжат топширишга улгурдим. Тағин ТошДУ. Журналистика! Тағин мандатдан ўтолмадим. Иншо ёзишимдан тўрт-беш кун олдин ўнг қўлимдан даҳшатли оғриқ берувчи кўм-кўк яра чиқди. Бош бармоғим остидан. Тирноғим ярим очилиб, осилиб қолди. Оғриқдан куну тун инграб йиғлардим.
Аммо имтиҳонга киришим шарт. Тағин денг, биринчи имтиҳон – иншога. Бу йил ўқишга кирмасам…
Қўлим оғриғини унутган эканман, у яна бошланди. Не азобда иншо ёздим. Натижа – “уч”. Шунга ҳам шукр қилдим. Оғзаки – “тўрт”. Домла “беш” қўяр эдим-у лекин иншонгиз “уч” экан-да, деди. Бу домла Мухтор Худойқулов экан. Тарихни “беш”га топширдим. Зуҳра опа исмли аёл эди. Немис тилидан табиий “уч”. Хуллас, яна мандатдан ўта олмадим. Кимдир биров маслаҳат берди: солдатларни сиртқи бўлимга қабул қилиши мумкин. Ниҳоят, сиртқи бўлимга илиндим.
Биринчи курсдаги дарслардан бири. Серрайиб охирги партада ўтирибман. Дарс-парс билан ишим йўқ. Чунки домла Яссавийдан гапираётган эди. Ҳолбуки, мен Яссавий “Ҳикмат”ининг кўп жойларини болалигимдаёқ ёд билар эдим. Отам ва бобом мулла Суюн уни қайта-қайта овоз чиқариб ўқийверганидан… ёд олиб қўйган эдим.
Хуллас, олдимда бир даста шеър. Қўлёзма. Шу билан бандман. Сезмай қолибман, бир пайт дарс ўтаётган домла тепамда турибди. Бир оғиз ҳам сўз айтмай, қўлёзмаларимни олиб қўйди. Тамом, дедим, ўзимга-ўзим. Лаънати шеърлар… ғалва…
Дарс тугади. Ҳаммамиз чиқа бошладик. Домла менга, сиз қолинг, деди. Қолдим.
“Нега менинг дарсимга қулоқ солмадингиз? Ахир мен Яссавийдек таъқиқланган улуғ шоир ҳақида тушунча бераётган эдим-ку”, – деди домла бир пайт. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Нимаси таъқиқланган? Менинг ота-боболарим фақат Яссавийни ўқишган-ку, ўқиганда ҳам йиғлаб…
Мен “Ҳикмат”дан ўқий бошладим: “Муҳаббатнинг бўстонига булбул каби саҳар чоғлар нола қилиб қўнгим келур…” Домла тек қотиб қолди. Кўзлари ёшланди. “Сиз ўқийсиз!” – деди қатъий. Мен сизни Миртемир домлага олиб бораман. Мен ҳам тоғдан келганман…
Мени тақдир рўбарў қилган бу домла хокисор инсон Ботирхон Акромов эди.
МЕН “МИТТИ ЮЛДУЗ”ДАН ЧИҚҚАНМАН… Айтганимдек, аскарлик сафига кеч кетдим. 1969 йил. Май ойи. Ўшанда 21 ёшда эдим. Қозоғистон чўлларининг бир нуқтасига тушдим. Чўл, саҳро, чўл, саҳро. Бўй кўрсатиб турган на бир дов-дарахт, на кўзга ташлангучи йирикроқ бирор нарса… Бепоён саҳронинг ҳар жой – ҳар жойида қатор-қатор бараклар, ертўлалар… Яъни, аскарлар ётоғи.
Айтсам, тоғлар бағрида ўсган озод бир тоғ алқори саҳрога тушиб қолса, ҳоли не кечарди? Ёки эркин бир тоғ бургутининг саҳрони ошён тутишга, ер бағирлаб учишга мажбур қилиниши тасаввурингизга сиғадими? Кунларнинг бирида, ниҳоят, Ўзбекистондан менга хат, аниқроғи, дўстим Лутфулла Мамасолиевдан (Лутфулла оқибатли дўст-қариндош, яхши журналист эди. 2010 йил вафот этди. Охирати обод бўлсин!) қувончли мактуб ва бандерол келди. Хатдан олдин бандеролни очдим. Кўзларимга ишонмадим. Бу Абдулла Ориповнинг “Онажон” китоби эди. Хатни очишни унутдим – китобни ўқишга тушдим. Бу китоб менинг қўлимдан чиқиб кетди. Уни менинг ёнимдаги сафдошларим (уларнинг кўпчилиги ўзбек, қозоқ, турк­ман ва тожик ўғлонлар эди) қўлма-қўл ўқидилар. Бу китоб оқ қоғозларга кўчди – тортилиб, йиртилиб, сочилиб кетди, аммо бир шеър юзлаб қоғозларга кўчди. Ён дафтарларга тушди, тилларга кўчди, дилларга кўчди… Ҳатто зобитларга бориб етди, аммо улар тил билмасдилар. Мендан сўрашди:
– Бу қандай китоб? Бу нима китоб?
Мен уларга дедим:
– Абдулла Ориповнинг китоби. Биздан чиққан шоир Абдулла Ориповнинг китоби!
– Ўзбекларда ҳам шоир борми?
– Ҳа. Шоир бор!
АВВАЛРОҚ. 1965 йил эди. Камина саккизинчи синфда ўқир эдим. Ўқиш учун китоб излаб, Пайариқ туманининг маркази – Наримонга (ҳозир Пайариқ шаҳри) тушдим. Туман марказида каттагина китоб дўкони бўлғучи эди. Хуллас, чўнтагимдаги пулим “Гул ва кўнгил” деб ёзилган, ичида ўнта шоирнинг китоби жойлашган коробка – тўпламга етди. Ва бошим кўкка етди. Мана шу жилд ичида “Митти юлдуз” деган китобча ҳам бор эди.
Мен шеърлар машқ қилар эдим. Аммо улар шеър эдими ёки йўқ, бу – бошқа масала. Мен шу ёшимгача тоғ қишлоғида қандай китоб бўлмасин, қандай рисола бўлмасин, қандай газет-журнал етиб бормасин, қисқаси, қўлимга нима тушган бўлса, ўқиб чиққан эдим. Мен китоб излардим. Ўқиш учун нималардир излардим.
Китоб дўконидан чиқар эканман, автобус бекатигача китобни гоҳ тўхтаб, гоҳ суриниб варақлаб улгурдим. Ҳаяжон чўғи вужудимни куйдирарди. Бу китоб варақларида илоҳий бир тўлқин борлигини юрагимга жо қилдим. Ҳафтадан сўнг “Митти юлдуз” менга ёд бўлди.
…КЕЙИН НИМА БЎЛДИ, ДЕЯРСИЗ? Тошкент, 1972 йил. Бир кун не-не истиҳолалар билан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига кириб бордим. Энди мен 2-босқич талабаси эдим. Бетиним шеърлар машқ қилардим. Кўнглимда бир алағдалик сезардим. Кимдир менга бир манзилни кўрсатиши керак эди. Ким у?
Ниҳоят, Абдулла Орипов ўтирадиган хона эшигини очдим. Унинг ўриндиғи чап тарафда экан. Бир шоирона нигоҳ менга боқди. Жуда озғин, жуда хипча… Лекин кўзлари чақноқ…
– Келинг, – деди.
– Абдулла ака, мен сизга шеър олиб келдим. Кўп эмас, биттагина.
Мен унга шеърни узатдим. Абдулла Ориповга қараганда мен анчагина йирикроқ эдим, шекилли. Лекин унинг нигоҳида кишини титроққа солгувчи бир ўт бор эди. У ҳеч нарсани билдирмасдан, гўёки оҳиста, енгил ҳаракат билан қаддини ростлаб, шеъримни ўқишга тушди. Бу “Қуёш афсонаси” деган шеърим эди. Ўқиб бўлди. Кўзларимга тикилди.
– Зинғитди, деган сўз сизларда ҳам борми? – деди.
– Ҳа, бор, – дедим.
– Яхши шеър экан. Ёзинг. Ёзаверинг.
– Устоз! Ёш авлодга сўзлаб бергудек, ибрат бўлгудек ҳаёт йўлингиз бор экан. Шу ерда уларга тилакларингиз, маслаҳатларингиз бўлса… дариғ тутмасангиз…
– Ёшларга тилакларим ҳам, маслаҳатларим ҳам бор. Улар, энг аввало ВАҚТнинг, ЁШЛИКнинг қадрига етсинлар! Қолаверса…

Ёш ижодкорларга 12 маслаҳат:
1. Қалбингизни ёзинг.
2. Севинг, севиласиз, севиб ёзинг, севиб ўқиласиз.
3. Табиатни донишманд устоз деб билинг.
4. Тилингизни шифокорга эмас, миллатингизга кўрсатинг.
5. Иштиёқсиз (илҳомсиз) ижодга ўтирманг. Ҳатто булбул ҳам иштиёқсиз, истар-истамас томоқ булкиллатса эшитган қулоқни ланжлик қумига тўлдиради.
6. Тақлиддан қўрқманг, тақлидгўй бўлиб қолишдан қўрқинг.
7. Адабий ўғирликдан қочинг. Адабий ўғирлик мол ўғирлигидан ёмон: молни беркитса бўлади, аммо кўчирмани ҳам, кўчирмакашни ҳам беркитиб бўлмайди.
8. Гулларни яхши кўрасиз, ҳаммасини ўз номи билан атанг.
9. Сафарларга чиқинг, юртлар, эллар кезинг. Китобларингиз ҳам сафарларга чиқади, юртлар, эллар кезади.
10. Адабиётга ҳукмдорлик даъвосини қилманг.
11. Чин адабиётни омма яратмайди, соврин-сарполар яратмайди. Адабиётни ШАХСлар яратади. ШАХСлар туғма истеъдодлардан қора меҳнатлари, заҳматлари ўлароқ юзага чиқади. Давр эса уларни гоҳ муносиб, гоҳ номуносиб намоён этади. Меҳнатни шарафга айлантиринг.
12. Дил ва Тил бирлиги, Истеъдод ва Эътиқод бирлиги, Виждон ва Амал бирлиги Инсон комиллигининг олий мақомларидир. Унутманг!

– Суҳбатни давом эттирсак…

МЕН АДАБИЁТ УММОНИДА СУЗАР ЭДИМ.
Адабиёт қайнарди.
Шеърият қайнарди.
Бу миқёс Ўзбекистон сарҳадида эмасди.
Евгений Евтушенко чегарани бузарди.
Вознесенский шеърият меъморчилигига янги ғиштлар қўярди.
Ўлжас Сулаймонов бепоён қозоқ даштларидан чиқиб кетган эди.
Юксак тоғларда улғайган Расул Ҳамзатов ўзга юксак тоғларни ҳам кезарди.
Қайсин Қулиев тиниқ-тиниқ чашмалар сувини ичиб, шаршара елларини сачратарди.
Давид Қуғилтинов дашту ўрмонлар ёлқинида ёнарди.
Кўп ўқирдим… Тинмай ўқирдим.
Чингиз Айтматов олис элу элатлар, халқу миллатлар тимсолида бетимсол бўй кўрсатарди. Ва ўзликни намоён қиларди. Мен уни прозанинг шоири, деб билардим.
Ўқирдим… Пушкин, Лермонтов, Байрон, Некрасов, Есенин, Рудакий, И Ли Бо, Умар Хайём, Шота Руставели, Саъдий Шерозий, Ҳофиз, Низомий Ганжавий, Роберт Бёрнс, Шиллер, Адам Мицкевич, Генри Лангфелло, Эдгар По, Тютчев, Шевченко, Бунин, Брюсов, Блок, Маяковский, Анна Ахматова, Пабло Неруда, Твардовский, Белла Ахмадулина, Ҳенрих Ҳейне, Данте, Шекспир, Петрарка, Лорка, Абдулла Тўқай, Абай, Шандор Петефи, Тҳокур, Нозим Ҳикмат, Маҳтумқули, Чўлпон, “Рамаяна”, турк шеърияти, гуржи, украин, арман, эстон, непал, латиш, литва, француз, инглиз, форс, македон, булғор, ўрис, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ, қорақалпоқ, албан, озор, белорус, америка шеърияти… ўқирдим. Эҳ-ҳе, нималарни ўқимадим?!
Насрни жон-жон деб ўқирдим. Кундуз ўқирдим, тунлари ўқирдим, юриб ўқирдим, туриб ўқирдим, йиғлаб ўқирдим, кулиб ўқирдим, ўқирдим, ўқирдим… Толстой, Шолохов, Горький, Тургенов, Достоевский, Чехов, Гюго, Мопассан, Флобер, Эрнест Хемингуэй, Жек Лондон, Стендаль… нималарни ўқимас эдим! Сайлаб-сайлаб, сайлаб-сайламай, севиб-севиб, севиб-севмай ўқирдим!
Ўқирдим. Белинский, Чернишевский, Добролюбов… Ўқирдим. Ўзимизники­ларнинг ҳам… ҳаммасини… Айниқса назмни… Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, тенгдошларим… ўқирдим…
– Бевосита шеърга қайтсак… Ижод аҳли шоирга, шеърга турлича таъриф беради. Сизнингча, шоиру шеър аслида киму нима?
– Илҳом билан меҳнат ялакатмағиз, бирга яратилган. Илҳом бўлса-ю, меҳнат бўлмаса, тағин денг, қора меҳнат бўлмаса, натижаси ёмон, палағда. Шеърият фидо­йилик талаб қилади. Албатта, аввал истеъдод. Истеъдодсиз шоир минг фидойилик қилсин – илк зинада депсиниб қолиб кетаверади. Истеъдод илҳоми ва меҳнати билан яратилган асарнинг қаноти бўлади.
Кейинги йилларда мен бир нарсанинг гувоҳи бўлдим. Аёнки, мустақиллик ҳур фикр берди. Аммо бу ҳур фикр қайси бир шоирга насиб этди. Ўз тенгдошларим мисолида айтяпман бу гапни. Жуда озчиликка…
1976 йил Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида “Ёшлик баёзи” деган тўплам нашр этилган. Унда адабиётга энди кириб келаётган қирқ саккиз шоир­нинг ижоди берилган. Ҳозир бу қирқ саккиз “катта” шоир қаерда?..
Клеанф деган юнон файласуфи ўтган. Унинг бир машҳур гапи бор: “Юришни хоҳлаганни тақдир етаклайди, хоҳламаганни судрайди”.
Ижод аҳли шоирга, шеърга турлича таъриф беради.
Ҳақиқатан ҳам шоир киму шеър нима?
Азалий ва абадий савол.
Энг аввало, Қуръони Карим шеърий оҳангларда нозил бўлганлигини унутмаслик керак.
1988 йилнинг 31 майида Тошкентга қозоқнинг машҳур шоири Ўлжас Сулаймонов келди. Мен Ёзувчилар уюшмасида ишлар эдим. Бодомзор чойхонасида ош қиладиган бўлдик. Етти-саккиз кишимиз. Ош зўр бўлди. Майи ноблар, булоқ суви… Суҳбат қизигандан қизиди. Шеърлар ўқилди. Деярли ҳамманинг кайфи тарақ…
Ғира-шира қоронғи туша бошлади. Турдик. Кўчага йўналдик. Мен орқароқда қолдим – чойхоначи билан ҳисоб-китоб қилиш керак. Уюшманинг масъул ходимиман, ахир. Оёқостида бир бўш шиша ётган экан. Унга суриниб кетдим, кейин жаҳл устида тепиб юбордим. Қарангки, бир четда сўрида қарта ўйнаб, ошхўрлик қилиб ўтирган тўданинг дастурхонига бориб тушди. Бари ёш-яланг. Сакраб туришди. Менга етиб келган биринчи йигит келасолиб қўлларимни орқага қайирди. Қолган саккиз йигит ҳам етиб келди. “Кечирасизлар, атайлаб қилганим йўқ, тасодиф…” – дедим шоша-пиша. Биттаси, тўхта, деди, қўлларимни қайириб турган йигитга, бу Азим Суюн-ку, Ўзбек, қачон халқ бўласан, деб ёзган шоирларимиздан. Қўлларимни бўшатди. Ҳамма жимиб қолди. Ҳалиги йигит шеъримни ўқий бошлади:

Ўзбекнинг ўти бор, дерлар
Ва лекин “чўп”и бор дерлар.
Ҳайҳот, бундай эл кўрмадим,
Бир-бирин ковлашиб ерлар.
Ўҳ, ботирим, қайдасан?

Бири чиқса баланд тоққа,
Бири тушар қулатмоққа…

Тўғрими, деди, у менга юзланиб. Ҳа, дедим. Қучоқлаб кетди. Дастурхонга тортишди. Пиёлаларга қуйилди. Менинг шаънимга кўтаришди… Чойхоначи билан ҳисоб-китоб қилаётганимда, у: “Худо сақлади, улар безорилар, нашавандлар… пичоқдан омон қолдингиз, қандай сақлади. Худо барҳақ”, деб шивирлади…
Ҳа, бу ерда, қаранг, шеър жодули кучга айланди, шеър халоскор қудратга айланди. Менинг ҳаётимни сақлаб қолди.
Энди шеърнинг сеҳрига қаранг. Пушкин шеъриятига ошуфта бўлиб юрган кезларим, “Боқчасарой фонтани” шеъри хотирамга ўрнашиб қолди. Кўнгил безов­талиги бошланди. Пул йиғаман… кўриб келаман. 1985 йил “Қайдасан, Қрим? Қайдасан, Боқчасарой?.. дедиму кетдим. Бордим. Кўрдим. Ўша, Пушкин қандай тасвирлаган бўлса, ўшандай. Боқчасарой фаввораси. Оппоқ мармар фаввора, қизил гул, кўзёшлар…
Мана, бир шеър сеҳри. Демак, шеър бу ерда сеҳр. Бу сеҳр мени йигирма кун бутун Қримни кезишга чорлади. Пушкин юрган йўллар бўйлаб юрдим. Гўёки Пушкинга айланиб. Қора денгиз соҳилларида денгизга қараб шеър ўқидим, шеър тўқидим.
Кейинроқ Лермонтов юрган йўллар бўйлаб ҳам шундай саёҳат қилганман.
“Шеър ёзаман зерикканимдан…” – дейди “Дон Жуан” асарида инглиз шоири лорд Байрон. Бу нима? Олифта гапми? Йўқ. Истеъдод қалбининг заруриятини, эҳтиёжини айтяпти у. Шеър ёзмасдан туролмаслигини, шеър ҳаёт эканини, дилини тўкмай яшай олмаслигини айтяпти.
Шарқда эса, “Шеър ёзади шоирларнинг фақири…” – дея бўзлайди бахши Фозил Йўлдош ўғли.
Шеър заҳматига чидаган кимсагина шоир бўлиши мумкин, демоқда у. Шеър бойлик келтирмайди, моддий бойлик келтирмайди, маънавий бойлик манбаи, демоқда Фозил ота. Шоирлик номини олиб юришни чидаганга чиқарган, демоқда Фозил ота.
Шоир, шоир қалби олисдан кўринадиган тоққа ўхшайди. Тоғдан олисда туриб, унинг бағрида нима борлигини билиб бўлмайди. Унинг бағрида нима борлигини билиш учун тоғнинг бағрига бормоқ, у билан сирлашмоқ керак. Худди шунингдек, шоирнинг китобини бағрига босиб ўқиш керак. Унда қалб хазинасию меҳр-муҳаббатини, сеҳру сирларини, ўзининг айтолмаётган, лекин айтмоқчи бўлган барча синоатларини топади инсон.
Бир дафтаримда шундай қайд бор экан:
“Жамият тараққиётининг ҳар бир босқичида, рўй берадиган ҳар бир ҳодисага халқ адабиётдан жавоб излайди. Ўзи суйган, эътиқод қўйган шоирнинг фикрини билгиси келади. Айни чоғда, ижодкор ҳам фақат бадиий асарлари ёрдамида эмас, балки ўз ўқувчиси билан бевосита мулоқот орқали ҳам кўнглидаги гапларни ўртоқлашишга эҳтиёж сезади”.
Шоир: бу менинг Ўзим! Шеър – бу менинг ЎЗ СЎЗим!
Буюк Навоий ёзади:

Аълоларидир нединки дерсен аъло,
Аднолари ҳам барча аднодин адно.
Авсатлариким, ҳеч нимага ярамас,
Билким, нафас урмамак аладин авло.

Қадимги мисрликларнинг ҳикмати бор: “Ким ҳаддан ташқари узоқни кўрса, қалбан нотинчдир”.
Чин шоир қалби нотинч кишидир!
“Ким барча мавжудотларда ўзини ва ўзида барча мавжудотларни кўрса…” (ҳинд ҳикмати) асл шоирдир. Тағин бир ҳинд хикмати бор: “Агар сен доно бўлсанг, бойга, ҳукмдорга, ёш болага, кекса кишига, дарвешга, донишмандга, аёлга, тентакка ва устозга эътироз билдирма”. Аммо… уларга лозим бўлса, биргина эътироз билдиргувчи тоифа бор, бу шоир.
Хуллас, Сулаймон пайғамбар айтмоқчи, “Бу – Қуёш остида ҳеч қандай янги нарсанинг ўзи йўқ”.
Хуллас, “Одамнинг кимлигини ҳокимият кўрсатади…” (юнон донишманди Питтак), шоирнинг кимлигини шеъри, китоби кўрсатади.
Хуллас, “Латифа. Бир куни соф кўнгилли Амир фасоҳат ва зарофат бобида замон шоирларининг пешқадами хожа Осафийга насиҳат қилиш учун муборак тилини баёнга келтириб деди:
– Сенга ҳайронманки, ўткир зеҳнинг ва баланд таъбинг бўлатуриб, шеър айтиш билан кам шуғулланасан, бор вақтингни бефойда ишларга сарфлайсан.
– Шу кунларда кўпроқ шеър айтишга машғул бўлаётирман. Масалан, ўтган кеча икки пуллик шам ёниб битгунча икки юз байт айтдим.
Шунда олий ҳазрат дедилар:
– Демак, ёзган шеърларингнинг юз байти бир пул экан-да” (Хондамир, “Макорим ул-ахлоқ”дан).
Хуллас, дўстим, уйғур шоири Азизий ёзгани каби: “Мен ҳеч ким эмасман ўзимдан бўлак!”
Хуллас, мен шеър дарахтининг шохларини эмас, илдиз-томирларини қўллари қонаб-қонаб, тирноқлари кўчиб-кўчиб излаётган шоирман!
– Шеърларингизда Ватан кенгликлари, гўзалликлари, муҳаббат ҳайратлари устуворлик қилади…
– Мен Ватаним – Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси – Ҳисор чўққиларига, Ҳазрати Султон зирваларига чиққанман, энг ботиқ нуқтаси – Борса-келмас кенглик­ларида кезганман. Сўхнинг марварид чашмалари сувини кўкрагимни ерга бериб, қониб-қониб ичганман. Зарафшон дарёсининг бошланиш нуқталарида “пешонамни Ойга уриб” олганман, Амударё ва Сирдарё қирғоқлари бўйлаб ов баҳона гашт-сайрларда бўлганман. Қизилдарё қаердан бошланар экан, деб арчазорлар оралаб, қорли чўққилар сари интилганман. Хўжаипок олтингугуртли Ғорбулоқларига кирганман. Сангардак шаршараси қошидаги бир ойгина қояларни қоқ ёриб отилиб чиқадиган “Жавзо суви”да чўмилганман. Кўли Қуббондан юқориласангиз, Ойдинкўл бор. Шу Ойдинкўлдан ҳам ўтиб Олой тоғларига чиқиб борганман. Шундай Тошкент устидаги Ғарбий Тиёншон тоғлари, кенгликларини кезишларимни айтмай қўяқолай.
Албатта, юракка босилган бу излар ижодда ўз акс-садосини бериши табиий. Муҳаббат ҳайратлари табиат гўзалликлари билан уйғунлашиб кетади. Мен гўзаллик олдидаги тилсиз қулман… Аммо ҳайратлардан кейин тили чиқиб кетадиган қулман!
– Устоз, сиз бир қанча мамлакатларда ижодий сафарларда бўлгансиз. Улардаги адабиёт билан бизнинг адабиёт ўртасидаги тафовутни нимада кўрасиз?
– Қайбир йили гўзал Бурса шаҳрида йигирма етти давлат вакиллари тўпландик. Ўзбекистонга қайтгандан сўнг Хуршид Даврон ёзяпти: “Мен дўстим билан Туркия сафарида бирга бўлдим. Биз Эркин Воҳидов, Рауф Парфи билан баробар илк марта ўтказилган туркий халқлар шоирларининг анжуманларида қатнашдик. Жуда кўп давраларда шеър ўқидик, нутқ айтдик. Ана ўша кунлари Азим Суюн давралар гули бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Унинг Турон-Туркистон, туркий тарихларга оид шеърларини тинглаганлар, нутқларини эшитганлар нафақат шоирнинг салоҳиятига, шу билан баробар, ўзбек шеъриятининг улуғворлигига тан бердилар. Турк шеъриятининг оқсоқолларидан бири, “Ўзбек шеърияти туркий шеърият ичида энг улуғи эканлигига яна бир бор ишондим”, деди.
Албатта, бундан мен фахрланаман. Менинг ўрнимда бошқа биров бўлса ҳам бу сўзлардан фахрланган бўларди. Хуршид Даврон – чин шоир. У, биринчидан, жуда нозиктаъб инсон, яхши дўст! Ҳамма давралар учун латиф шеърлари бирдек. Хуршиднинг “Тунги боғ” китобини севиб ўқийман.
Аввал ҳам, кейинчалик ҳам бир қанча давлатларда адабий анжуманларда, йиғилишларда қатнашдим. Айтаверсанг гап кўп. Яна мавриди бўлар.
– Таржимачилик соҳасидаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдим…
– Хўп. Қисқагина айтаман. Навоий ўз асарларидан бутун туркий эллар, бутун мусулмон улуси, бутун жаҳон аҳли сабоқ олишини орзулаган бўлса, ажабланарли жойи йўқ!
Навоий қалб мулкининг бутун маърифий куч-қудратини билар эди. У адабиётни, хусусан, асл шеъриятни, том маънода, “тарбиячи” мақомида кўрган. Қолаверса, Ватанни танитиш, халқнинг бўй-бастини дунёга кўрсатиш… фақат қилич кўтарган жаҳонгирлар зиммасида эмас-ку?!
Демак, албатта, таржима керак. Фақат… манба арзиса! Манба ҳақида эса инглиз ёзувчиси Жон Драйден яхши ёзган экан: “Яхши ифодаланган фикр барча тилларда оқилона жаранглайди”.
– Сўнгги савол. Кексалик гаштини қандай сураяпсиз?
– Бугуннинг қадри баланд. Буюк донишмандлар ҳам бугуни билан яшаб, “Эртага Худо пошшо!” дер экан. Ҳазрати деҳқон эса: “Кетмоним қимирласа, жоним қимирлайди” демиш. Эл айтади: “Ёзнинг ювиндиси ҳам қишга ош-қатиқ”, “Энанг дўст, тананг дўст” демишлар. Бировдан олдин, бировдан кейин дегандек, ижод билан бандман. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида етти жилдлик “Танланган асарлар”им нашр этилмоқда. Уч жилди – “Эй дўст!”, “Ўзбекюрт”, “Мен сизни севаман” – китобларим китобхон қўлига бориб етди. Тўртинчи жилди – “Туғдона” китобим нашр этилиш арафасида. “Невараларим учун ҳикоялар” китобим устида бир неча йиллардан буён ишламоқдаман. Шеърлар ёзаяпман. Менинг “гаштим” мана шу.

Эй дўст!

Йўлдан адашмадим – йўлсиз юрсам ҳам,
Йўлдан адашмадим – дўстсиз қолсам ҳам.
Оллоҳ ёзиқ қилган йўлим бор маним,
Ёзиқдан тонмадим – ёрдан тонсам ҳам!

Азим СУЮН

Башорат ОТАЖОНОВА суҳбатлашди.

Саҳифа 125 марта ўқилган.