Қадим юнон солномачиси Истахри Самарқандни шундай таърифлаган: “Мароканд Суғди шундай жойки, у мен кўрган бошқа ҳеч қайси шаҳарларга ўхшамайди. Бирорта тепаликдан туриб атрофга қаралса, кўз фақат яшилликка тушади. Ҳар бир қалъа ва шаҳар ям-яшил дарахтлар қўйнида кўринади. Гўё яшил парчадан тикилган либоснинг ҳар қаерида ярқираб кўринган безаклардек, ариқлар, ҳовузлар ва чиройли қалъалар бор…” Қадим солномада ёзилган таърифлар асрлар ўтгани сайин янги-янги ифодалар билан бойиб бормоқда. Бугунги Самарқанд, бир сўз билан айтганда, илғор ўлкага айланган.
Биламизки, жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда тараққиётнинг шиддатли, янги босқичи бошланганини эътироф этмоқда. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаётий дастур эканлигини кўрсатмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ва саноатда ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмининг ошиши, халқаро шартномаларнинг кўпайиши янги иш ўринлари яратиш баробарида мамлакат қудратини ҳам мустаҳкамламоқда, тизимли ўзгаришлар, янги фармонлар асосида бошқарув тизими такомиллашмоқда, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури асосида аҳоли билан бўлаётган мулоқотлар жамиятга ўзига хос жўшқинлик бағишлаяпти. Одамларнинг ҳаётга муносабати ўзгармоқда.
Бу ўзгаришлар вилоятимиз ҳаётида ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Ўтган йили 19 та қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етди. 2016 йилда вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошди. Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланмоқда. Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 фоиздан юқори. Меҳнат билан банд аҳолининг қарийб 84 фоизи шу соҳада фаолият кўрсатмоқда. Бу ютуқлар билан чекланиб қолмасдан ана шу кўрсаткичларни икки-уч бараварга ошириш ва халқ фаровонлигини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.
Тўғри, йил бошида тасдиқланган вилоятнинг иқтисодий дастурлари ижроси бўйича жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида 263,2 миллиард сўмлик 537 та лойиҳа амалга оширилди ва бунинг натижасида 3869 та янги иш ўринлари яратилди. Бу яхши, албатта. Аммо олдимизда бундан-да жиддийроқ вазифалар турибди. Аввало, Президентимизнинг 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ва шу асосида ишлаб чиқилган дастур бўйича жорий йилнинг ўзида қиймати 1 триллион 882 миллиард сўмлик 2312 та лойиҳа амалга оширилиши ва 22 минг 589 та янги иш ўрни яратилиши лозим.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут, Ғиждувон, Қўқон, Ҳазорасп эркин иқтисодий зоналарини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонига асосан Ургут эркин иқтисодий зонаси фаолият бошламоқда. Бунинг учун Ургут, Пастдарғом, Нуробод туманлари ҳудудидан 816 гектар ер майдони ажратилди. Бу ерда умумий қиймати 250,2 миллион долларга тенг бўлган 83 та лойиҳа амалга оширилади. Иқтисодий зона ишга туширилиши билан 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозир мазкур эркин иқтисодий зонада “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси Ургут илмий ишлаб чиқариш маркази фаолият бошлаган. Марказ эркин иқтисодий ҳудудда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш, сифат менежменти тизимини жорий этиш, юридик ва жисмоний шахсларга метрология хизмати кўрсатиш каби вазифаларни бажаради. Тадбиркорларга тезкор ва замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида марказга зарур штатлар бирлиги ажратилди, лаборатория ускуналари ва техник жиҳозлар берилди. Энди ишбилармонлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини стандартлаштириш, сертификат олиш учун вақт йўқотиб Самарқанд ёки Тошкентга мурожаат қилишларига ҳожат йўқ. Бу борадаги барча хизматлар Ургутдаги марказ томонидан кўрсатилади. Қисқа вақт ичида тумандаги 20 га яқин корхона марказ хизматидан фойдаланди. Бир қатор саноат корхоналари мутахассислари сифат тизимини бошқариш бўйича ўқитилди.
Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият юритаётган “Аҳмад-Исроил текс” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида 30 турдаги пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили фаолият бошлаган корхона йилига бир ярим миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда 50 ишчи меҳнат қилаётган корхонада жорий йилнинг учинчи чорагидан маҳсулотлар турини ошириш режалаштирилган. Маҳсулотнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади.
Аграр соҳада амалга ошираётган ишларимиз ҳам бугунги кун талабларига бериладиган жавоб бўлишига интилмоқдамиз. Бошоқли дон экинларидан бўшаган 102 минг гектар майдонда такрорий экин етиштирилади. Шунда йил охиригача хорижга 48 минг 725 тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари экспорт қилинади. Шунинг ўзидан фермер хўжаликлари 140 миллиард сўмдан зиёд соф фойда олишлари кутилмоқда. Вилоят бўйича 10 минг 300 гектар майдонда интенсив боғ мавжуд. 2017 йилда Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларининг дашт, чўл ва тоғолди ҳудудларида 2 минг 166 гектар майдонда ёнғоқ, 174 гектар ерда писта, 546 гектар ерда унаби, 154 гектар майдонда бодом кўчатлари экилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариб, пиллачилик корхоналари ва пилла етиштирувчилар учун кенг имкониятлар яратди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва ҳудудларда пиллачилик тармоғи корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирадиган бешта минтақавий жамият, туманларда эса “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Ушбу корхоналарга бир қатор солиқ имтиёзлари берилди. Шунингдек, ипак қурти парвариши билан машғул бўладиган касаначилар, фермерлар ва бошқа фуқароларга ҳам кўплаб енгиллик ва имтиёзлар тақдим этилди. Уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган фуқаролар даромад солиғидан озод қилинди. Бир пилла мавсуми пиллачиларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи сифатида ҳисобланадиган бўлди. Айни дамда Самарқанд вилояти пиллакорлари жорий йилда Хитойдан келтирилган ҳамда маҳаллий пилла уруғчилиги корхоналарида тайёрланган 50 минг 700 қути ипак қуртини парваришлаб, юқори пилла ҳосили кўтардилар. Вилоятдаги “Агропилла” жамиятларида жорий йил қишлоқ хўжалик мавсумининг илк ҳосилини қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш учун барча шароитлар яратиб берилди.
Шу ўринда Самарқандда “Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш” мавзусида бўлиб ўтган бизнес форум ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган форумда Афғонистон, Бельгия, Германия, Франция, Исроил, Латвия, Литва, Туркия, Украина ва Марказий Осиё давлатларидан келган тадбиркорлар, халқаро ташкилотлар экспертлари, юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари, фермерлар қатнашдилар.
Бизнес-форум мамлакатимиз қишлоқ хўжалик тармоғида маҳсулот етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда халқаро бозор талабларини ўрганиш, хорижий компаниялар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлар топишга хизмат қилди. Тадбирда эркин иқтисодий зоналар – рақобатни ривожлантиришнинг асосий омили, мева-сабзавотни қайта ишлаш, агро-логистика тармоғида монополияни қисқартириш ва рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишни кенгайтириш ва диверсификациялаш йўналишлари бўйича маърузалар тингланди, тақдимотлар ўтказилди. Бу борада Ўзбекистон амалиёти ва халқаро тажриба таҳлил этилди. Форум доирасида Самарқанд вилоятида тайёрланаётган мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди ҳамда вилоятнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий ва хусусий сармоядорларга яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирнинг иккинчи куни бизнес-форум иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ердаги корхоналарда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий музлаткичларда сақлаш ва хорижга экспорт қилиш жараёнлари билан танишдилар. Ҳудуддаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.
Вилоят туризмини янада ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиш лозим. Чунки бу соҳани тараққий эттириш учун беқиёс имкониятлар мавжуд. Айни кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан ортиқ сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Аммо бу етарли эмас. Шунинг учун вилоят марказида “Samarkand city” эркин сайёҳлик ҳудудини барпо этиш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир. Лойиҳага кўра, ҳудудда тўрт ва беш юлдузли бешта янги меҳмонхона, ресторанлар, истироҳат боғлари, павильонлар, савдо марказлари ва турли кўнгилочар масканлари қурилади, натижада яна 600 та иш ўрни яратилади.
Туризм соҳаси унга ёндош бошқа тармоқларнинг ривожланишига ҳам туртки беради. Бунга Самарқанд шаҳридаги “Net Product Lux” масъулияти чекланган жамияти фаолиятидаги ўзгаришларни мисол қилиб келтириш мумкин. Замонавий технологиялар асосида кир ювиш кукуни, совун, идиш ва ойна тозалаш воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ҳамда кимёвий тозалаш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилган мазкур корхонада жорий йилнинг иккинчи чорагидан меҳмонхоналарда фойдаланиладиган пойафзал ва халатлар ишлаб чиқариш цехи ҳам иш бошлади. Юртимизда туризм соҳаси ривожланиб бораётган бугунги кунда меҳмонхоналарда санитария-гигиена талабларидан келиб чиққан ҳолда бир марта фойдаланиладиган нарса-буюмларга талаб ортмоқда. Бундай маҳсулотлар асосан хориждан келтирилар эди. Корхонада янги йўналиш ташкил этишдан мақсад импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни буюртмачиларга етказишдир. “Net Product Lux” масъулияти чекланган жамиятида келгусида меҳмонхоналар учун чойшаб ва сочиқ ҳам ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Мазкур корхона фаолияти юртимиз тадбиркорларининг бугунги кун талабларига қанчалик ҳозиржавоб эканликларини тасдиқлайди.
Яқинда вилоят ёшлари билан учрашдим. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, уларнинг бу борадаги фикрларини эшитиш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбир туман ва шаҳар студиялари билан видеомулоқот тарзида ўтказилди. Учрашувда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида вилоятда амалга оширилаётган лойиҳалар, ёшларнинг интилиши ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга, галдаги вазифаларга эътибор қаратилди, барча туман ва шаҳарлардан ёшлар турли масалалар юзасидан бевосита менга ва бошқа мутасадди раҳбарларга мурожаат қилишди. Ҳар бир савол, масалага аниқ ва атрофлича жавоб берилиши билан бирга, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Айниқса, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ёш оилалар ва ёш тадбиркорларга қадларини тиклаб олишларига кўмаклашиш масалалари атрофида кўплаб мулоҳазалар айтилди, фикрлар алмашилди. Ёшларимиз жуда фаол, ўзларининг кўп ижобий ишларга қодир эканликларини кўрсатишга интиладилар. Биз мана шу интилишларни қўллаб-қувватласак, келажагимиз учун пишиқ пойдевор қўйган бўламиз.
Вилоят ижодкорлари Самарқандда амалга оширилаётган ана шу ишлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, тарғиб-ташвиқ қилишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни содда тилда аҳолига тушунтирмоқдалар. Бу янгиланишларни ўз асарлари ва оммавий ахборот воситалари орқали тараннум этмоқдалар. Шундай мақсадларда тузилган тарғибот гуруҳларининг жойлардаги учрашувлари чинакам ижодий фестивалга айланиб кетмоқда.
Самарқанд азалдан дунёга маърифат таратган юрт. Устод Абулайс Самарқандий ҳузурида икки йил таҳсил олган Алишер Навоий Самарқандда гўзал асарлар ёзган, Бобур Мирзо ҳам ана шу кўҳна заминда ўзининг оташин мисраларини яратган. Ўтган аср бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Саид Ризо Ализода миллий матбуот тамал тошини айнан шу кўҳна кентда қўйган эдилар. Бугун воҳа аҳли шу заминда яшаб ижод қилган Мирий, Шавқий, Вола, Мамарасул Бобоев, Душан Файзий, Ҳайдар Яҳёев, Машраб Бобоев, Барот Бойқобилов каби адиблар меросига ҳурмат билан ёндашади. “Самарқанд ижодкорлари” библиографик альманахининг “Чўлпон” нашриётида чоп этилиши Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Самарқанд адабий муҳити бугун ҳам фаоллиги билан ажралиб турибди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова ўтган йили “Ватан мадҳи” кўрик-танловининг республика босқичида совриндор бўлди. Кейинги йилларда “Юртни севмоқ саодати” номли икки жилдли альманах, “Зарафшон мавжлари”, “Ижод – кўнгил таскини”, “Ифтихоримсан, Ватан!” тўпламларининг босилиши вилоят адабий муҳити самарадорлигидан далолатдир. Шу кунларда эса Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими “Самарқанд журналистлари” библиографик рисоласини нашрга тайёрламоқда. Кейинги икки йилда Уюшма аъзолари Фармон Тошев, Худойберди Комилов, Хуршид Нуруллаев, Зуҳра Бегим, Хўроз Абдусаломов, Ёрмуҳаммад Рустамовларнинг янги китоблари, меҳнат фахрийлари Нафас Дўсанов ва Ғайрат Бобоқуловларнинг тўпламлари, Ислом Шоир тўғрисидаги хотира китоби чоп этилди.
Самарқанд адабий муҳити ўзининг тарихий илдизларига эга. Абдураззоқ Самарқандийнинг ўз даврида яшаган уч юзга яқин ижодкор ҳақида ёзган “Тазкират ул-шуаро” китоби ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти тарихининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. Академиклар Воҳид Абдуллаев Алишер Навоийнинг, Ботурхон Валихўжаев эса Бедил ва Хўжа Аҳрор Валийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этишда эътиборга молик ишлар қилдилар. Профессорлар Нуриддин Шукуров, Саъдулла Мирзаев, Исроил Мирзаев, Ҳотам Умуров ўзбек адабиётшунослигига муносиб ҳисса қўшдилар.
Бир пайтлар Пошали Усмон Гётенинг “Фауст” асарини немисчадан ўзбек тилига таржима қилгани адабиётда катта воқеа бўлганди. Эндиликда кўплаб хорижий адабиётлар Самарқанд давлат чет тиллар институтида шаклланган таржима мактабида беш тилда таржима қилинмоқда. Ўзбек адиблари асарлари ҳам рус, инглиз, хитой, корейс ва бошқа тилларга ўгирилмоқда.
Адабиёт ҳақида гап кетар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши адабий муҳитни янги поғонага олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётганини айтиш жоиз. Ўтган йили “Самарқанд китоб олами” мажмуасининг очилиши кўҳна шаҳарда янги маърифат ўчоғига асос бўлди. Бу ерда ҳар ҳафтада китобхонлар ва кенг жамоатчилик иштирокида китоблар тақдимоти ўтказилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳар йили икки марта туманларда ёш ижодкорлар билан амалий семинарлар уюштирмоқда. Куни-кеча мазкур мажмуада “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида китоб байрами бўлиб ўтди. Тадбир доирасида юртимиз нашриётларида чоп этилган адабий, илмий, ижтимоий-сиёсий ва энциклопедик йўналишдаги китоблар тақдимоти, ноширлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, мушоиралар ўтказилди.
Тошкентда очилган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзуидаги халқаро илмий-маданий конгресснинг Самарқандда давом этгани ҳам рамзий маънога эга деб биламан. Анжуманда хорижий ва маҳаллий олимлар, халқаро экспертлар ўзбек халқ амалий санъати анъаналари, Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий алоқаларни йўлга қўйишда Буюк ипак йўлининг ўрни, Мовароуннаҳр китобат санъати бўйича маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этишди. “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоб-альбомларни нашрга тайёрлаш жараёни ҳақида сўз юритишди. “Конигил мерос” корхонасида Самарқанд ипак қоғозини қадимий анъаналар асосида тайёрлаш жараёни билан танишишди, хаттот ва миниатюрачи рассомлар кўргазмасини томоша қилишди. “Боғишамол”да ташкил этилган миллий мусиқа кечаси, “Ўзбекистон мусиқий мероси” китоб-альбоми тақдимоти ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Халқаро анжуман Самарқанд оқшомида Регистон майдонида намойиш этилган “Ўзбекистон маданий мероси – умумбашарият хазинаси” номли мусиқий томоша билан якунланди.
Булар – Самарқанднинг бугунги куни. Вилоятнинг эртанги куни эса айни дамда амалга оширилаётган ишлардан кутилаётган ижобий натижаларда кўринади. Зеро, вилоятимиз меҳнаткашларининг интилишлари ҳам ижобий натижаларга қаратилган.

Туробжон ЖЎРАЕВ

Саҳифа 175 марта ўқилган.