ОДАМ БЎЛМАГАН МОЛДЎХТИР

Наср

Ҳеч ким ҳам ҳавасдан пиёниста бўлмайди. Одамни одам ё зўрлаб, ё алдаб алкаш қилар экан. Бунга Улпат молдўхтирнинг ҳаётини бемалол мисол қилса бўлади. У пайтлар молдўхтир деганлари анқонинг уруғи эди. Калласи тўла одамдек бир фикр қилинг. Ҳар бири камида биттадан бузоқли сигирга эга ўн беш минг хонадонли, ола сигирларга тўла қўшфермали колхўзимизга Улпат молдўхтирнинг бир ўзи кифоя бўлармиди? Шунинг учун ҳам яқинда ветиринария техникумини битирган Нурпатни унга шогирд этиб тайинлашди. Икки шоввоз аллада азизу тўрвада майиз бўлдилар. Юмуши тушганлар уларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олишмайди. Ё бузоқларни ваҳима касалидан асрашга бағишланган вилоят семинарига, ё қўзиларни ичкетмага қарши ёппасига эмлагани яйловга чиқиб кетган бўладилар. Аслида, буларнинг бари баҳона. Астойдил излаганлар уларни ё Қамбар чўтирнинг чойхонасидан, ё арчалаб, зираланган чўчқакабобнинг устаси фаранги Баҳри мурдахўрнинг ошхонасидан топадилар. Хуллас, иши тушган муғомбирлар хизмат ҳақини кам бериш ёки умуман бермаслик мақсадида уларни шу арзон емакхоналарда едириб, ичириб алкаш қилишган! Ароқ ичмаса, иккисининг ҳам мойи тугаган трактордан фарқи қолмайди. Салом – қарзи Худо. Бироқ, уларга салом бермоқ– говзамбур уясига чўп суқишдек гап. Бунга ҳатто қишлоқ эшонида ҳам журъат йўқ. Салом берганнинг дарҳол ёқасидан олиб, ароққа пул сўрашади. “Эвазига қачон молинг касал бўлса, текин даволаб бераман” деб насия ваъда беришади. Илгарилари мол эгалари бўрилардан қўрқишарди. Икковлон молдўхтир бўлгандан буён бўриларга иш қолмаган. Ҳарҳолда инсофи борлигиданми, одатига кўра қўйни бўғизлаган бўри еганини еб, жуфтагини ростлайди. Буларга ўхшаб қозонда қовуртириб, ё тандирга осдириб ўтирмайди. Молни ўлдиргани учун хизмат ҳақи ҳам сўраб юрмайди. Қайт қилиб, кўрпа, дастурхонингизни ҳам булғамайди. Қорнидан ортганини “тугиб бер” деб тамшанмайди. Бўриларнинг ўрнини эгаллаган бу мурдахўрларнинг муолажасидан ҳалигача бирор мардумнинг моли омон чиққан эмас.
Молдўхтирларнинг каттаси Улпат отам билан савхўз фермасида бирга ишлайди. Унинг бехайр назари бир-икки марта оғилхонамизга тушган.
Қишли-қировли кунлар… Сатил тўлдириб сут берадиган говмишимизнинг авзойи бузилиб емга қарамай қўйди. Момомнинг айтишича, бу феъл сигиримизга онамерос. Ётган жойинг яйлов бўлгур онаси ҳам бошқа сигирларга қараганда иболи, ҳаёли бўлган. Қочишидан бир-икки кун аввал бўкириш ўрнига иштаҳадан қолиб, худди аразлаган келинлардек охурдан тумшуқ тортиб қоларкан. Аммо отам бу гапни чўпчакка йўйди. Сигиримизнинг кайфиятсизлиги бутун оиламизнинг кўнглини зим-зиё қилди. Отам Улпат молдўхтирни газаги билан бир шиша ароқ ва беш сўм хизмат ҳақи эвазига тракторига миндириб келди. У оғилхонага кириб кетганида отам чўнтагидан пул чиқариб “Валасапитти мин-да, анови сабилдан бир шиша обке!” деди.
Дўкондан қайтсам, Улпат билан отам иккови қишки айвонда хўриллатиб чой ичиб ўтиришган экан. Негадир молдўхтирни ҳиқичоқ тутиб, кўнгли айниса-да, дастурхондан қўл тортгиси келмас, хўра ҳўкиздай пишиллаб кавш қайтарарди. Энди говмишимизнинг тақдири нима бўлади? Юрак ҳовучлаб суҳбатларига қулоқ тутдим.
– Ҳиқ-ққ-иқ. Ошнабой, биласиз, мен ўз ишимдинг ҳиқ-ққ-қ… пропессириман. Инагингизди заҳарли кана ҳиқ-ққ… чаққан. Одам бўп кетиши… ҳиқ-ққ… қийин… – дея ваҳима қиларди Улпат молдўхтир винога лиммо-лим тўла пиёлага мўйловини ивитиб “нўш” этаркан.
– Кана чаққандан ҳам мол ўладими? Ундай бўлса, ер юзида биронта ҳам ҳайвон қолмайди-ку? Сағалгина нафасингизди иссиқ қилинг, ошнажон! – дерди отам бўридан шафқат кутган қўйники каби нигоҳлар билан молдўхтирга умидли термилиб.
– Эй ошнабой, бу сиз ўйлаған прастой каналардан эмас, ҳиқ-ққ-ққ…яқинда пайдо бўлган. Хитойдан ё Америкадан ошиб келган. Биласиз, эковиям ҳукуматимизга дўст эмас…
Улпат молдўхтир қип-қизил кўзларини чирт юмганча пиёлани симириб бўшатди-да, газагига кўкпиёзни ғарчиллатиб тишлади. Бироқ, аллақаёқдан бало-қазодай келиб қолган ҳиқичоқ мириқиб кайф қилишига қўймасди.
– Ҳиққ-ққ… Ҳиқ-ққ! Ошна, бу гўштти қаердан олаяпсиз-а, танғлайимдинг бир қават терисини шилиб олгани камдай, энди томоққа тиқилиб нуқул ҳиққиллатяпти? Тошбеҳининг ғўрасидай қаттиқ… ҳиқ-ққ-қ! Буям заҳарли канадан ўлган молдинг гўштими-ё? Ҳиқ-ққ…
– Йўғ-а, ошна! Икки ой аввал ўзингиз даволаган ола ҳўкизники-ку! Берган дорингиздан кўзининг оқигача кўкариб кетди. Кекирдагига пичоқ тортишга аранг улгурдик. Гўшти ҳам анча-мунча кўкариб кетган экан. Бозорда ҳеч ким олмагач, увол бўлмасин деб кўпроқ тузлаб, синга қип қовурдик-да. Бўзчи белбоққа ёлчимас деганларидай, ўзимиз чорвада ишласак ҳам рўзғоримизда гўшт ҳеч қачон бундай мўл бўлган эмас. Ўзингдан мол сўйилмаса, ё молдўхтирдан ошнанг бўлмаса бекор экан. Мана, бола-чақам билан сизди алқаб-алқаб эллик кундан бери кунига уч маҳал қовурдоқ еб ётиппиз. Борингизга шукр!
– Ихх-х-хим! Ҳиқ-ққ-қиқ…хихх! Туфф… Эна-ар капиталислардинг ноинсоплигини қаранг… ҳи-иққ…бизга паразит юборишга юборибди-ю ном қўймапти. Ҳе, қўтирдан қирилиб ўлгурлар!.. Бутуниттифоқ ветиринарлар жамияти келишиб, янги канага бир овоздан “Оқпаразит” деб исм қўйдиқ. Бу “Оқпаразит” деганлари ё Афғон шамоли билан Покистондан ошиб келган бўлишиям мумкин. – Улпат молдўхтир гапни атайин “асосий мавзу”га буриб юборди. – Хуллас, аниқ адреси жўғ-ув лекин, душман кана эканлиги аниқ! Ҳи-ққ…ҳиқ-ққ! Ҳозир шу масалада бутун ўблист карантин қилинган.
– Лоф ҳам эви билан-да, ошна! – Отам астойдил ранжиб эътирозланди. – Ҳовлим қишлоқнинг қоқ белида бўлса, ишпиён кана келиб-келиб менинг инагимди чақадими? Амударёдан учиб ўтса ҳам орада қанотлари толиб Термизда, Ангор ё Бешқўтонда бирор буқанинг қўйруғига қўниб дам олмайдими? Кеча думининг остидан уч-тўрттасини юлиб ташладим. Ҳечам сиз айтган нияти бузуқ, ишпиён каналарга ўхшамайди. Ўзимизнинг юввош-қобил каналар-ку? Бошқатдан енгилроқ диагноз қўйсангиз бўмайдими?
– Ҳиқ! “Оқпаразит” советски каналардай дангаса, хомсемиз эмас. Индейслардай чаққон. Кундузлари деволдинг жориғида пайт пойлаб жотади. Ҳи-ққ-қ! Эгаси кетиши билан жориқдан чиқиб, бир сакраганча сийирдинг жовринига миниб олади. Сўғин тўйгунича қонини сўради. Ҳи-ққ! Қорнини тўйдириб, яна чиққан жойига қайтиб кириб кетади. Гап битта: ҳи-ққ-қ… молдўхтирдинг пропессирини обкесангизам, биздинг диагнўзди ўзгартолмайди! – “Қизил мускат”дан қони қизиб, гап халтаси очилган Улпат молдўхтир бироз бўлса-да ён берай демасди. – Яна битта чораси шуки, сийирингиздинг қонини пўлний алмаштириш керак.
– Инсоп қилинг-да, ошнажон! Бунча қонди қаердан оламан? Манг, етти қултум сув ичинг, мен санаб тураман. Ҳиқичоғингиз ўтиб кетади. Газак ўрнига кўнглингиз жойига тушгунча сабзидан чайнанг. Жон ошна, хўп денг, бошқа диагноз қўйинг, менам қараб турмайман. “Оқ”ининг бўйни узунидан, ҳақиқий рассийскисидан яна бир шиша опкелдираман…
Отам санаб турди. Улпат молдўхтир етти қултум сув ичди. Ҳиқичоқдан халос бўлганига кўнгли тўлиб-тўлмай, манглайи тириштириб бир муддат хаёлга чўмди. Отам мени яна қишлоқ дўконига сафарбар қилди. “Бўйни узун оқ шайтон”ни газетга ўраб олиб келдим. Отамнинг муолажаси иш бериб, Улпат молдўхтир анчагина ўзига келиб қолган, қуёнларнинг ҳаваси келар даражада қарсиллатиб сабзи ғажирди. Мени имлаб чақирди-да, ўша даврнинг беш тийинлик тангасидай келадиган ўн дона сариқ хапдорини қоғозга ўраб қўлимга тутқазди.
– Ма, бунинг биттасини бир коса чалобга солиб, сийирингдинг бошини осмонга қайириб ичирасан-да, ҳовлини айлантириб тиндирмай қуваверасан. Икки соатдан сўнг қусади. Оз-оздан жем бериб, устидан ароқ ҳам ичириб жуварасан. Эртан пешинга бориб тузалиши керак… Агар шу минанам одам бўмаса, сўғин давоси ўткир пичоқ-да. Бошқа илож жўқ!
Улпат амакининг сўнгги гапи шундай совуқ жарангладики, уни эшитган говмишимиз ҳам “имм-бўў” дея зорланиб, бўкириб юборди. Молдўхтир эса умрида илк бор оламшумул кашфиёт қилгандек мамнун бўлди. Ғўдайган семиз ғоздай чайқала-чайқала, боғичсиз, пойма-пой ботинкасини судраб дарвоза томон илонизи одимлади. Отам уни кузатгани эргашди.
– Ҳаҳ, сен алкашгинанинг “пичоқ” деган тилингдан терсканлар чиқсин! Илоё, сенгина ҳам қўлингда ҳаром ўлган молларнинг шилтасига чўкиб ўлгин! – қарғанди момом.
– Эна, қарғаманг! – момомга дакки берди молдўхтирни кузатиб қайтган отам. – Муллаям билганини ўқийди. Уям қўлидан келганини қилди-да.
– Илоё, ўқимай ўлсин, манғнайи қора бўмасак, кунимиз шу чаламулла алкашга қолармиди?..
Аммо мўъжизани кўрингки, оғилидан баднафас молдўхтир даф бўлиши билан ола говмишимизнинг чеҳраси ёришиб кетди. Бир лаҳзада аввалги истараси иссиқ, шаҳлокўз говмишга айланди-қўйди. Унга хапдорини зўрлаб ичиргач, оёқ чигилини ёздирмоқчи бўлдим. Ҳаром қотмагур тагли-тугли, тарбияли зотлардан эмасми, бўкиришга ҳаё қилиб турган экан. Молдўхтирнинг бадбўй оғзидан “ўткир пичоқ” деган совуқ сўзни эшитгач, қўрқиб дардини ошкор қилиб юборди. Ҳар доимгидай арқонини билагимга шунчаки ўраб етаклагандим. Говмишим кутилмаганда мени жаҳд билан ҳўкизхона томон судраб кетди. Арқонни бўшатишга улгуролмадим. Етти қават теримни шилиб, билагимнинг қип-қизил гўштини чиқариб ташлади. Бошқа пайт бўлганида-ку, аниқ бошига гаврон еярди. Аммо сигирим жонланганидан суюниб, ҳатто жоним оғриганига ҳам парво қилмадим.
Ана шу ҳангомадан сўнг молдўхтирдан бутунлай кўнглим қолди. “Одам бўлмаса сўйиб юборинг”, деб қанча молнинг бошига етди-ю, бироқ ўзи одам бўлмади.

Бахтиёр ОЛЛОМУРОД